muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 17 Март 2018 00:00

Эгнингиздаги нима?

Бисмиллаҳҳир роҳманир роҳим

 يَا بَنِي آدَمَ قَدْ أَنْزَلْنَا عَلَيْكُمْ لِبَاسًا يُوَارِي سَوْآتِكُمْ وَرِيشًا ۖ وَلِبَاسُ التَّقْوَىٰ ذَٰلِكَ خَيْرٌ ۚ ذَٰلِكَ مِنْ آيَاتِ اللَّهِ لَعَلَّهُمْ يَذَّكَّرُون

“Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратларингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидир. Шоядки, эсласалар” (Аъроф сураси, 26-оят), деб марҳамат қилган Раббимизга;

Мўминнинг либоси Аллоҳ ва Расули хоҳлагандек чиройли, ўзига мос ва лойиқ бўлмоғи лозимлигини ўргатган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин.

Яратганга шукрки, фасли навбаҳор келиб, атроф чароғон бўлди, дарахтлар гулга бурканди, майсалар бўй чўза бошлади. Ана энди эгнимиздаги кийимларимиз ҳам ўзгаради. Айниқса, ёшларимиз баҳорий либослар кийиб гулга монанд бўлади. Ушбу ҳодиса муносабати билан кийиниш одоби ҳақида икки оғиз сўз юритишни ният қилдик.

Кийим инсон танасини бегона назардан, совуқдан, иссиқдан тўсиш учун кийилади. Ҳарҳолда, оломон маданияти кийиниш маданиятини чилпарчин қилиб ташлагунга қадар шу тушунча асосида кийинилар эди.  Инсонларнинг қайси динга мансуб экани ибодатида кўрингани каби қайси миллатга мансублиги кийимида ўз ифодасини топарди. Масалан, ҳеч қайси миллатнинг бош кийими ўзбекнинг дўпписига ўхшамайди. Шунинг учун бошига дўппи кийган одамни дунёнинг қайси томонида учратсангиз ҳам “бу ўзбек” дейсиз. Марҳум шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек, “Қайга борсанг бошда дўппи ғоз юрарсан, гердайиб,/ Бошида тоғлар кўтарган кўкси осмон ўзбегим”.

Миллатларнинг кийимларидаги ўзига хосликлардан яна бири, миллатлар яшаётган маконлар иқлимига ҳам боғлиқ. Иссиқ ўлкалар халқлари юпқа ва кенг-мўл кийимлар кийса, совуқ ўлкалар аҳолиси қалин ва қават-қават кийинади. Кийимнинг узун-калталиги масаласига келсак, мусулмонлар ва славян халқлари одми ва узун кийинган, аёллар бошига рўмол ўраб юрган.

Аммо дунё мамлакатларининг интеграциялашуви кучайиб, маданиятлар тўқнашуви бошлангач, одамларнинг кийимлари ҳам ўзгара бошлади. Катта ва ёш авлод ўртасидаги фикрлаш доирасининг фарқи ушбу жараёнда ҳам кўзга ташланади. Катта авлодга, хусусан, собиқ шўро давридаги ёшларнинг кийиниши ёқмаган. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Ҳозирги ёшлар” деган шеърида бу ҳол қуйидагича тасвирланган:

Кийимлар-чи…

Қизиқ буларнинг диди.

Ола-чипор кўйлак…

Нимаси кўркам?

Рост айтсам, унчалик ёқмаган эди

Оталарга бизнинг чарм камзул ҳам…

Халқимиз ҳар доим чиройли ва орасита кийинишни одат қилган. Кийими янги бўлмаса ҳам озода ва дазмолланган бўлган. Кийими доғ-дуғ ёки кир-чир бўлган кишини учратса унга: “Анди бўлсанг ҳам ганди бўлма”, дея дакки берган. Кейинги вақтларга келиб одамларнинг турмуш шароити фаровонлашиб бориши, маданиятлар қоришуви натижасида миллий кийимлар деярли миллий байрамларда тўйу тантаналарда кийиладиган бўлиб қолди. Инсонлар янги-янги модалар яратиб, ўша модалар бўйича кийинадиган бўлди.  Бу борада моддий жиҳатдан тараққий этган давлатларда яратилган модаларга, таниқли шахслар, “юлдуз”ларга, фильм қаҳрамонларига тақлидан кийиниш урф бўлди.

Замондошларимиз қимматбаҳо брендлар, чет элда ишлаб чиқарилган кийимларни кийишга ружу қўйди. Бошқалардан ажралиб туриш учун кийим танлаш, айниқса, ёшлар ва аёллар орасида шу даражага келдики, улар танасини бегона кўзлардан яшириш учун эмас, бегона кўзларга бўрттириб кўрсатиш учун кийим танлай бошладилар...

Нафсиламри, кийим одамнинг аввало танасини ёпиш, қолаверса, иссиқдан, совуқдан асраш учун кийилиши лозимлигига кейинги йилларда айрим ёшлар жуда енгил қараяпти. Чунки қизларнинг енг ўрнига боғичли, елкалари очиқ кўйлак, эркакларнинг ҳам енгсиз футболка, тиззасидан юқори "шортик”лар кийиб юрганига кўзимиз тушади.

Тўғрисини айтганда, ўшалар ўзлари бу ишларини қулайлик, гўзаллик ва нималар деб ўйласа, ўйлаб юришар-у, аммо униси ҳам, буниси ҳам бошқа одамларнинг кўзига тасқарадек кўринади, Айниқса, эркак ёки аёл кишининг энгашган чоғида бели очилиб кетганига кўзи тушиб қолса, одамнинг кўнгли беҳузур бўлиб қайт қилиб  юборишига бир баҳя қолади. Бундай ҳолатлар кўпчиликнинг назаридан четда қолмаслиги, ёқимсиз одатларга чек қўйишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Ҳозир, ўзи бировга ундай кийин, бундай кийин, дейишга журъат ҳам қилмайди одам. Бир дўстимиз айтади. “Автобусда кетаётсам қаршимда бир ёши олтмишлардан ошган киши ўтириб қолди. Қарасам, кепкасини тескари кийиб олган экан. Мен намоз-памоз ўқиганда орқасига ўгириб олиб кейин эсидан чиқиб қолган бўлса керак деб ўйлаб, “Ака, кепкангиз тескари бўлиб қолибди”, деган эдим. Менга чақчайиб, бутун нафратини башарасига йиғиб туриб: “Сенинг нима ишинг бор, қандай хоҳласам, шундай кияман, тушундингми?”  деди. Бундай муомалани кутмаганим учун нима дейишимни билмай мулзам бўлиб қолдим”.

Бироқ, индамай турсангиз ҳам ярашмайди. Ёшларга ярим яланғоч кийиниш, ўта тор кийимлар аввало инсон соғлиғига зарарлигини, қолаверса, миллийлигимизга зид эканини тушунтириш, тўғри йўл кўрсатишнинг таъсирчан усулини топиш керак, жилла қурса, шунга уринсак ҳам ёмон бўлмайди. Гапларимиз улардан бирортасига таъсир қилиб қолса, шунинг ўзи ҳам катта гап.

Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган, миллий қадриятлар даражасига кўтарилган кийиниш одобига доир урфлари борки, бугунги авлод вакиллари уларни ҳар қанча ўрганса, ибрат олса, арзийди. Хусусан, кийимлар баданни ёт нигоҳлардан асраши учун кийилади ва уйга, тўй-маъракага, ишга кийишга мўлжалланиб сотиб олинади. Шунингдек, кийимни тоза, яхши сақлашга ҳам эътибор қаратилади. Бош кийим ҳеч қачон ерга қўйилмайди, кийимни босиб ўтиш одобсизлик саналади.

Бизнинг кийимларимиз тури бошқа кўплаб миллат вакиллариникидан кўп. Масалан, доимий иссиқ ўлкаларда яшовчилар биз кийган қишки либосларимизни киймайди; доимий совуқ бўладиган ўлкалар аҳолисида эса бизнинг ёзги кийимларимиз бўлмайди. Биз эса йилнинг тўрт фаслига мўлжаллаб кийим киямиз. Шунинг ўзи кифоя эмасми!

Одатда кийимларимиз иқлимга мос, ярашиқли ва табиий матолардан тикилса, ҳар ким ўз гавда тузилишига қараб бичим танласа, қандай яхши. Қисқа қилиб айтганда, ҳар бир шахснинг кийиниш маданиятига қай тарзда амал қилиши – унинг маънавиятини кўрсатиб турувчи кўзгудир. Ҳар ҳолда остона ҳатлаб кўчага чиқаётган одам ўзи ҳақида одамларда ёмон таассуротлар қолдирмасликка, кийиниш одобига риоя этишга ҳаракат қилгани маъқул.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Китоб мутолааси кишини комиллик сари етаклайдиган, унинг тафаккур хазинасини бойитадиган, зеҳнини ўткир, мушоҳадасини теран қиладиган муҳим ҳодисадир. Инсоният кашф қилган энг буюк ихтиро, ҳеч шубҳасиз, китобдир. Башарият асрлар оша қандай ютуқ ва марраларга эришган бўлса, албатта, бунинг замирида китобга меҳр, мутолаага иштиёқ мужассам.

Ислом дини жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга буюради. Бежизга Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти “ўқи” амри билан бошланмаган. “Илм” сўзи Қуръони каримда 811 марта турли маъноларда зикр этилган.

Динимиз биринчи оятидаёқ ўқишга, мутолаа қилишга, ёзишга чорлаган. Қуръон сўзининг бир маъноси “ўқиш” демакдир. Шу буйруққа амал қилган аждодларимиз — Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Беруний, Хоразмий, Фарғоний, Навоийлар жаҳон илм-фанига беқиёс ҳисса қўшиб, бизга бебаҳо маънавий мерос қолдириб кетишди.

Истиқлол йилларида аждодларимизнинг ана шу меросини ўрганишга, тадқиқ қилишга барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир чиқишларида ёшларимизни китобхонликка ўргатиш, бу ишга ижодкорларни жалб этиш ҳақида бот-бот таъкидлайдилар. Зеро, навқирон авлодни бой маънавий меросимиз билан таништириш, улар қалбида тарихимизга муҳаббат уйғотишда китоб беқиёс аҳамиятга эга.

Бугуннинг болалари барча давр фарзандлари каби беғубор, самимий. Аслида уларнинг китоб билан дўст тутиниши учун биз катталарнинг қуруқ даъвати кифоя эмас. Аввало, шароит яратиш, рағбатлантириш ва ёш авлоднинг қизиқишини инобатга олиш зарур.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Биладиганлар билан билмайдиганлар (ҳеч замонда) тенг бўлурми?!” (Зумар сураси, 9-оят), дея билим нақадар катта аҳамиятга эга эканига ишора қилади.

Китобнинг фойдаси ҳақида сўзлаётиб, кўпинча дунёқарашни ўстиради, тафаккурни кенгайтиради ёки ақлни чархлайди каби умумий хулосалар айтамиз. Бироқ бу қандай рўй беради? Мутолаа қилибоқ тезда билимдон бўлиб қоласан, деган енгил қараш — нотўғри.

Тан олайлик, кўп такрорланганда таъсирчан гап ёки иборанинг ҳам бора-бора оҳори тўкилади. Худди “китоб ўқи, одам бўласан”, “кўпроқ ўқи, ақлинг чархланади”, “китоб — билим манбаи” каби сўзлар қулоққа чалинавериб қимматини йўқотгандек. Албатта, уларни яхшилик учун ишлатамиз, бироқ тарғиботда сўзнинг қадрини билган афзал эмасми?

Бу борада, аввало, китоб тарғиботини мактабгача таълим муассасаларидан бошлаган маъқул. Негаки, бола онгида боғчадан китоб мутолаасига иштиёқ уйғотилса, у шунга кўникиб, умр бўйи бўйи мутолаа қилиб яшайди. Умрининг мазмунини мутолаадан топади.

Китоб – хазина. Маънавий оламимизни бу хазина инжулари билан безаш ўз қўлимизда. Мутолаага ҳамроҳ инсонни эса қўлида машъала кўтарган шахсдек тасаввур қилиш мумкин. У нафақат ўзининг, балки яқинларининг ҳам йўлини ёритади.

Шу боис Каломуллоҳда олимларнинг даражаси жуда юқори экани таъкидланади: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).

Соатлаб телефонда гаплашиш, уззукун телевизор олдидан жилмаслик, ҳафталаб компьютер ўйинлари билан машғул бўлиш интеллектуал салоҳиятни емиришини бугун вақтнинг ўзи исботлаб турибди. Чунки булар бир лаҳзалик қувонч, аниқроғи, шунчаки овунчоқ. Аммо бир ойда биттагина китоб ўқисангиз, олган таассуротларингиз йилларга татийди. Энг муҳими, меҳр-оқибат, олижаноблик, инсонийлик каби туйғуларни қалб кўзи билан кўра оласиз. Адолатсизлик, мунофиқлик, иккиюзламачилик каби иллатлардан нафратланишни ўрганасиз.

Қандай қилиб ёшларни китобга ошно қилиб тарбиялаш мумкин? Бунда, аввало, муҳит муҳим роль ўйнайди. Яъни ота-оналаримиз, дўстларимиз, бизга сабоқ берган устозларнинг илм эгаллашга ва китобга қизиқиши унга меҳр уйғотишга туртки бўлади.

Баъзан бир оғиз яхши гап инсоннинг келажагига пойдевор бўлиши мумкин экан. Мисол учун, лампочкани ихтиро қилган Томас Эдисон болалик чоғида мактабдан уйига келгач, онасига конвертга солинган хатни беради ва: “Буни ўқитувчимиз сизга бериб юборди”, дейди.

Она хатни ўқир экан кўзларида ёш ҳалқаланади. Бундан хижолат бўлган ёш Томас хавотирга тушиб йиғининг сабабини сўрайди. Онаси анча хотиржамлик ила жавоб беради: “Сенинг кучли қобилиятинг бор экан. Мана эшит: “Ўғлингиз ўта иқтидорли, мактаб унга ва унинг қобилиятига торлик қилади. Шунинг учун ўғлингиз уйда таълим ола қолсин!”

Эдисон ўз уйида онасидан тарбия ола бошлайди. Орадан бир қанча йиллар ўтиб у лампочкани ихтиро қилади.

Вақти-соати етиб унинг онаси вафот этади. Шундан сўнг олим шкафдан бир конвертни топиб олади. Анча йил ўтган бўлса-да, хатни танийди: бу – ўша болалигида мактабдан келган хат эди. Бир зум тарих оғушига шўнғиган Эдисон хатни ўқий бошлади. Унда шундай сўзлар бор эди: “Ўғлингиз ўта беақл ва қобилиятсиз бола. Эртадан мактабга келмасин!”

Эдисон анча вақтгача йиғисини тўхтата олмайди. Сўнг хотиралар дафтарига қуйидаги сўзларни битиб қўяди: “Эдисон, ҳақиқатан ҳам, ўта калтафаҳм бола эди. Бироқ онасининг гўзал тарбияси сабабли истеъдод соҳибига айланди”.

Мухтасар айтганда, донишмандлар таъкидлаганидек, қанчалик кўп ўқисак китоблар бизни ҳаётга шунчалик яқинлаштиради, турмушимиз янада мунаввар, маънолироқ бўлиб боради.

 

Толиб НИЗОМ

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

Суббота, 17 Март 2018 00:00

Хавотирга асос борми?

“Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул Маҳфуз)да (ёзилган)дир”.

(Ҳуд сураси, 6-оят)

Дунё аҳолиси сони 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра, 7,4 миллиарддан ошиб кетди. Нуфус жиҳатидан ҳамон Хитой (1,399 млрд.) етакчилик қилиб келмоқда. Иккинчи ўринни Ҳиндистон (1,35 млрд.га яқин) банд этган. Уни АҚШ (326,6 млн.) таъқиб қилиб келмоқда.

Ҳиндистон ҳадемай нуфус жиҳатидан дунё етакчиси – Хитойни қувиб ўтиб кетиши кутиляпти.

Ўтган давр мобайнида социолог олимларнинг: “Туғилишни чеклаш лозим”, деган ташвишли фикр-мулоҳазалари жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмоқда.

Ҳатто яқин-яқингача аҳолиси сони ҳижатидан дунёда етакчи давлат — Хитойда бир оила фақат битта фарзанд кўриши мумкин, деган ғайритабиий чеклов бор эди. Чинликларнинг кўплаб эътирозлари ҳамда бошқа объектив ва субъектив сабаблар туфайли бу чекловга барҳам берилди.

Аслида мутахассисларнинг ташвишли мулоҳазалари кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу муаммо бир неча асрдан бери нафақат олимларни, балки ишлаб чиқариш манбаларининг камлиги ва Ер куррасида табиий захираларнинг тугаб бораётганидан хабардор ҳар бир кишини ўйлантиради.

Олимлар: «Агар аҳоли сонининг мунтазам кўпайиб бориши олди олинмаса Ер юзи башариятга торлик қилиб қолади, кундалик эҳтиёжларни қоплаш имкони бўлмайди» дейишади.

Мутахассислар аҳоли сонининг ортиши уй-жой, озиқ-овқат муаммоси билан бир қаторда, энергия танқислиги ва атроф-муҳитнинг ифлосланишидан ҳам хавотирдалар. Шу боис туғилишни чеклаш керакми-йўқми, деган масала йирик халқаро анжуманларда тез-тез кун тартибига қўйилмоқда.

Туғилишни назорат қилиш илк бор XVIII аср охирларида Европада бошланган. Инглиз иқтисодчиси Малтус, кейинчалик франциялик олим Франц Плэс  туғилишга чегара қўйиш таклифи билан чиққанлар. 1833 йили америкалик табиб Чарлз Нортон ҳам буни қўллаб-қувватлаган.

Бу олимлар аҳоли кўпайишини геометрик тарзда (2,4,8,16,32...), озиқ-овқат маҳсулотлари кўпайиб боришини эса арифметик тарзда (1,2,3,4,5...) кўрсатишган. Улар аҳоли сони тўсиқларга учрамай ортиб борса, йигирма беш йилдан кейин икки марта, бир асрдан кейин икки юз эллик олти марта кўпаяди, нуфус билан озиқ-овқат манбалари орасидаги номутаносиблик кескин ортади, деб ўйлашган.

Тарихий ҳақиқат шуки, инсон насли ҳеч қачон Малтус ва Франц Плэс айтганидек, геометрик тартибда кўпаймаган. Аниқ рақамларга мурожаат қилсак, милодий тақвим бошида 200 миллион кишини ташкил этган дунё аҳолиси 1300 йилларга келиб 500 миллион, 1804 йилда бир миллиард, 1927 йили икки миллиард, 1959 йили уч миллиард, 1974 йили тўрт миллиард, 1987 йили беш миллиард, 1999 йили олти миллиард ва 2011 йил 31 октябрь куни етти миллиардга етгани расман эълон қилинди ва кўпчилик етти миллиардинчи бола Россияда туғилгани ва уни БМТ мутасаддилари «тилла бола», деб эълон қилганини шодиёналик билан кутиб олган бўлса-да, аммо «етти ўлчаб бир кесадиган» иқтисодчи ва социолог олимлар бу воқеани унча хушлашмай қарши олишди. Сабаби, аҳвол шу зайлда давом этадиган бўлса, 2100 йилга бориб сайёрамизда 15 миллиард одам ўзиро муросаю мадора қилишга мажбур бўлади.

Бизнингча, аҳоли нуфусининг бу тариқа ортиб боришидан фожиа ясаш шарт эмас. Чунки инсоният туғилишга эътибор қаратгани билан ўлимни камайтиришнинг уддасидан чиқа олмаяпти.

Озиқ-овқат воситалари ҳам арифметик тартибда ошмайди.

Қадимда кишиларнинг озиқ-овқати, асосан, сув, ўсимликлар ва ҳайвонлардан иборат эди. Ҳозир бошқа жуда кўп манбалар бор. Инсон насли кўпайгани сайин ҳаётини муҳофаза қилиш учун янги-янги ризқ манбаларини излаяпти, эҳтиёжларини қондириш учун турли усуллардан фойдаланяпти.

Шунингдек, аҳоли сони ортиши билан бирга, ишчи кучининг кўпайишини ҳам назардан қочирмаслик керак.

Иқтисод илмига кўра, ишлаб чиқаришнинг уч асосий унсури бор: табиат, сармоя ва инсон. Инсон бу унсурларнинг энг улуғи ва муҳим аҳамиятга молигидир. Аҳоли сони ортишидан хавотирга тушаётганларнинг ишлаб чиқаришдаги ўрнини эътиборга олмай, унга фақат истеъмолчи сифатида қарашади. Ҳолбуки, инсоннинг Ер юзидаги тараққиёт ва яшаш шароитини яхшилашга қўшган ҳиссасини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Нуфуснинг ортиши аслида инсонларнинг яхшироқ ишлашни тақозо этадиган омиллардан биридир. Эҳтиёжлар инсонни тараққиёт учун янги-янги ихтиролар қилишга ундайди. Бугун инсон денгиз тубларидан ва фазодан ризқини ахтармоқда.

Умуман, дунё аҳолиси кўпайишига мувофиқ тарзда ер юзида ризқ воситалари ҳам ортаётир.

Ер юзи ва коинотдаги мавжуд мувозанатни ҳеч ким инкор этолмайди. Ер куррасида яшайдиган барча махлуқот сонида чегара ва мувозанат мавжуд. Масалан, «Sismibrium Sophia» деган дарахт йилига етти юз эллик мингта уруғ сочишига қарамай, Ер юзини босиб кетаётгани йўқ. «Денгиз юлдузи» балиғи бир мартада икки юз миллионгача уруғ қўяди. Лекин денгизларни айни шу балиқлар эгаллаб олмаган, яъни мувозанат бузилмаган. Башарият ҳам ушбу илоҳий низомдан четда эмас.

Яна бир муҳим жиҳатни асло унутмаслигимиз керак. У ҳам бўлса банданинг ризқи Аллоҳнинг зиммасида эканидир.

Мақолага эпиграф сифатида келтирилган ояти каримадаги “ўрмалаган нарса” ибораси фақат тўрт оёқли жониворларни эмас, балки барча жонли мавжудот, хусусан, инсонларни ҳам ифода этади.

Буюк аждодимиз Ҳаким Термизийнинг “Наводир ул-усул” асарида келтирилган воқеа ҳам ризқ Аллоҳдан эканига далолат қилади. Ораларида Абу Мусо, Абу Молик ва Абу Омир каби саҳобалар бўлган ашъарийлар карвони Мадинага ҳижрат қилишди. Манзилга очликдан силласи қуриб, бир алфозда етиб келдилар. Бир кишини Расулуллоҳ (с.а.в.)дан егулик сўраб келишга юборишди. Жўнатилган одам эшиклари олдига келганда ичкаридан Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур...” оятини тиловат қилаётганларини эшитди. Ўзига ўзи: “Аллоҳга ашъарийлардан ҳам кўра ризқлантириш осонроқ бирор жонзот йўқ”, дея Расулуллоҳ (с.а.в.)га учрамай қайтиб кетди.

Бориб: “Хушхабар, сизларга ёрдам келмоқда!” деганида, шериклари бу гапни Расулуллоҳ (с.а.в.) кўмак ваъда қилибдилар, дея тушунишди. Шу пайт уларнинг олдига нон ва гўшт тўла идиш кўтариб олган икки киши келди. Ашъарийлар ундан тўйгунларича егач, таомдан ортиб қолганини Расулуллоҳ (с.а.в.)га қайтарайлик, у зот буни бошқа муҳтожларга берсинлар, деб келишишди. Сўнг барчалари Пайғамбаримиз (а.с.)нинг олдиларига бориб, таом учун миннатдорлик билдиришди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мен сизларга ҳеч қандай егулик юборганим йўқ”, дедилар. Бир шерикларини ул зотнинг ҳузурларига юборганларини айтишганида, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўша одамдан нима гаплигини сўрадилар. У нима қилгани ва шерикларига нима деганини айтганида у зот (с.а.в.): “Мана шу Аллоҳнинг сизларни ризқлантирганидир”, дея марҳамат қилдилар.

 

Толиб НИЗОМ

ЎМИ Матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

Азиз Қуръон мухлислари бугун, 17 март куни Тошкент вилоятидаги “Занги Ота” жоме масжидида Қуръон мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтади. Ҳозирда пойтахт вилоятида Қуръон мусобақасини катта байрам қилиб ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

 

Ушбу вилоятда мусобақа ўзгача шукуҳда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Боиси, Қуръоний зиёфат Сулаймон Боқирғонийнинг шогирди ва издоши Занги ота Ҳимматий ҳазратлари мангу қўним топган мақбаранинг шундоққина ёнида ўтказилади. Маълумки, Занги ота Ҳимматий камтарона ҳаёт кечирган бўлса-да, кўп одамларнинг ҳидоят топишида, маънан юксалишида ва ахлоқий камолга етишида буюк хизматлар қилиб ўтган зотдирлар.

 


Тошкент вилояти яна кўп машҳур алломаларга бешик бўлган замин ҳисобланади. Бўстонлиқ тумани, Боғистон қишлоғидаги Шайх Умар Боғистоний ҳам мўътабар шахслардан бўлган. Ушбу улуғ зотни Баҳоуддин Нақшбанд ҳам ҳурмат қилгани тарихий манбаларда қайд этилган. Булардан ташқари “Шомилқори авлиё”, “Заркент ота”, “Шоабдумалик бобо”, “Хожакорсоз ота”, “Адҳам саҳоба”, “Саид ота“ ва “Бобо Мочин” каби ўнлаб авлиё зотлар ушбу табаррук заминда яшаб ўтганлар.
Муҳтарам дўстлар, бугун 17 март куни Тошкент вилояти бўлиб ўтадиган Қуръон мусобақасига марҳабо!
Ҳа, айтганча, бизни muslim.uz порталимиз ва унинг Фейсбукдаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри кузатишингиз ҳам мумкин.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top