www.muslimuz

www.muslimuz

Саудия Арабистонида фаолият олиб бораётган тадқиқотчилар қуёш электрстанциясини барпо этдилар. Ушбу станциянинг ишлаши учун сув талаб этилмайди, бироқ станция ичимлик сувини ишлаб чиқаради.

Business Insider нашрининг маълум қилишича, иссиқлик электр станциялари кунига миллард литр ичимлик сувидан фойдаланади, бироқ миллионлаб литр сув буғланиб кетади. Қуёш электр станциялари эса сув сарфини минимал даражага туширади.

Ҳозирча ушбу лойиҳа синов шаклида иш олиб бормоқда. Ичимлик суви муаммо бўлган ҳудудларда ушбу лойиҳа ҳам электр энергияси, ҳам ичимлик суви ишлаб чиқаришда фойдали бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Пятница, 06 Сентябрь 2019 00:00

КЎНГЛИ УЧУН ОИЛАСИН ТАРК ЭТГАНЛАР...

         “Эримдан талоғимни беришини сўрасам бўладими?” Нари борса ёши 26-28  борган бу  аёл  дид билан кийинган, 3 та фарзанднинг онаси бўлиб, турмушга чиққанига  8 йил бўлган эди.

         Эридан жавобини беришга нима мажбур қилаётганини суриштирганимда, эри билан бошқа  яшай олмаслигини айтди. Эри ҳақида гапирганида кўзларида кибр аломатлари сезилганидан  оиласини бузишга бошқа нарсалар ҳам сабаб бўлаётганини сезиш қийин эмасди.

“Ишлайсизми?”. Аёл ишлаётганига 2 йил бўлганини айтди. Эридан  кўнглини совуганига қанча бўлганини сўраганимда эса, аёл бир йилдан бери  эримдан бутунлай совуб кетганман, дея жавоб берди.  Шунда,  ҳаётида бошқа эркак  бор-йўқлигини суриштирганимда, аёлда саросималик пайдо бўлди.

Аслида эри хасталанганига  икки йил бўлиб, ҳеч қандай муолажа қилинмаган. Эри хижолатдан ўзини шифокорга кўрсатмаган, аёлини олдида боши эгик. Бу тушкунлик бора-бора хизматига ҳам таъсири бўлиб, ишсиз қолган. Уйда ишсиз, тушкун кайфиятда юриш энг оғир ҳолатдир, айниқса эркаклар учун.

Оилада учрайдиган турли ҳолатларни бамаслаҳат, соғлом фикр билан ҳал қилса бўлади. Афсуски, баъзи ёшларимиз  муаммонинг ечиш йўлларини ахтаришга харакат қилмасдан, осон бўлиб кўринган йўлини қилишади. Аммо, ҳар қандай вазиятда  никоҳ ақдини бузиш  тўғри йўл ҳисобланмайди.

Аёлга  турмуш ўртоғининг, учта фарзандининг, қолаверса ўзининг   келажаги ҳам  қарорига боғликлигини, инсон бир тўхтамга келишидан олдин, фақат ўзини эмас, бошқа атрофдагиларнинг ҳам тақдирини ўйлаб кўриши кераклигини тушунтирилди. Аёлнинг қарори қатъийлигини кўриб, эрини бирорта шифокорга кўрсатишганми, йўқми, сўраганимда,  умуман шифокорга бормаганлиги маълум бўлди.

Бу не ҳолки, 3 та фарзандни дунёга келтиришида оталик вазифасини адо этган инсон, хасталангани боис, бир кераксиз буюм каби четга улоқтирилса. Бир вақтлар оиласини, аёлини, фарзандларини ҳам маънавий, ҳам моддий томондан таъминлаган йигит,  вақтинча ишсиз бўлиб қолганида, фарзандларига ота,  аёлига эр сифатида керак бўлмай қолса.

Аксари аёллар уйидан безиганида, юраги сиқилганида, ўзлигини овутиш учун бошқаларнинг кўнгил олишини истаб қолишади.  Аслида эса атрофдагиларнинг ширин муомаласи вақтинча эканлиги,  хушомадларини сароб эканлигини тушунишмайди.  Бундай хушомадларга ўргангандан кейин, бора-бора эридан, оиласидан, ҳатто болаларидан воз кечишга тайёр турадиганларни ким деб аташ мумкин?

Аёлдан хасталанган эрини аввало шифокорга кўрсатиш лозимлигини,  шифокор кўрсатмасидан кейин илмли инсонлардан  маънавий қувват бўлиши учун Қуръондан дам солдириши кераклигини таъкидлаб ўтилди. Талоқ сўраш учун эридан зулм кўраётганини сўралганида, зулм кўрмаганини, аслида кўнгли йўқлиги сабаб эканлигини айтди...

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қай бир аёл ҳеч бир сабабсиз эридан талоқ сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳаромдир», деганлар (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Аҳмад).

Аёл киши учун оналик энг улуғ бахт, фарзандлар эса Яратганнинг неъматидир. Кўнгил ишини деб, оиласидан воз кечишлик ҳеч бир одамийликка тўғри келмайдиган ишдир.

Узрсиз талоқни сўраса аёл

Кўнгил ишларида бўлса хомхаёл

Хорликни ўзига касб қилган куйи

Унга ҳаром бўлар Жаннатнинг бўйи

             Ҳаётимиз давомида учрайдиган  турли синовлар вақти келиб гўзал ажрлар билан ўз ифодасини топади. Яратганнинг бундай марҳаматига етишишда эса шукроналик, қаноат ва албатта сабрнинг ўрни беқиёсдир.

 

Мунира АБУБАКИРОВА

                                               Ўзбекистон муслмонлари идораси мутахассиси

Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлют Човушўғлу Норвегиянинг Барум шаҳридаги шу йилнинг 10 августида теракт содир этилган “Ал-Нур” масжидига ташриф буюрди.
Човушўғлу Ослога норвегиялик ҳамкасби Ине Эриксен Сёрейде таклифи билан ташриф буюрган.

Масжидга боришда туркиялик вазирига Покистоннинг Ослодаги элчиси Зоир Перваих Хон ва Норвегия ҳукумати мулозимлари ҳамроҳлик қилишди. Туркия ТИВ раҳбари масжидни кўздан кечирди ва унга бу ерда 10 август куни бўлиб ўтган ҳодиса тафсилотлари маълум қилинди.

«Биз террорчилик ҳужуми содир этилган «Ал-Нур» масжидига ташриб буюрдик. Норвегия ҳукуматига исломофобияга қарши соғлом фикр-мулоҳазалари учун миннатдорчилик билдираман. Исламофобия билан биргаликда курашиш зарур», - деб ёзмоқда Twitter'даги ўз саҳифасида Човушўғлу масжидга ташрифидан сўнг.
10 август куни 21 ёшли Филипп Манхаус масжидга бостириб кирган ва бир кишини яралаган эди. Полиция келгунга қадар уни 65 ёшли Муҳаммад Рафиқ ва 70 ёшли Муҳаммад Иқбол Рафиқ Явелар қуролсизлантиришди ва ушлаб туришган. Полиция ушбу ҳодисани терактга уриниш сифатида баҳоламоқда. Терговда Манхаус айбига иқрор бўлди. Қўлга олиш чоғида унинг ёнидан бир нечта ўқотар қурол топилган.

Маълум бўлишича, у масжидга ҳужум қилишидан икки соат олдин 17 ёшли ўгай синглисини ўлдирган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2020 йилда Бухоро шаҳри ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан режалаштирилаётган кенг миқёсдаги тадбирларга ҳар томонлама кўрилаётган қаттиқ тайёргарлик юқори баҳога сазовордир.

Бу ҳақда Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси, Россия Муфтийлар кенгаши раиси, муфтий шайх Равил Ғайнутдиннинг Ўзбекистон мустақиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига йўлланган табрик хати матнида билдирилган.

«Бу муборак кунда Ўзбекистон Республикаси бундан буён ҳам ривожланишнинг барча соҳалари – сиёсатда, иқтисодиётда, инсон капитали, маданият ва фан ривожи йўлида ишонч билан олдинга юришини Аллоҳдан сўраб қоламан. Шахсан Сизга ва Сизнинг тимсолингизда Ўзбекистон халқига фаровонлик, тараққиёт ва гуллаб-яшнаш йўлидаги мақсадларга қатъият билан эрилишини тилаб қоламан», - дейилади табрик хати матнида.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Ҳаж-2019” мавсуми якунларига бағишланган брифинг ташкил этилди.
Бу йил қарийб етти минг нафар киши ҳаж сафарида бўлиб, ислом динининг бешинчи арконини адо этиб қайтдилар. Уларга ишчи гуруҳининг 200 дан зиёд аъзолари ҳамроҳлик қилиб, муқаддас ибодат рукнларини тўла-тўкис бажаришлари учун яқиндан кўмак бердилар.
— Бу йилги ҳаж мавсуми Президентимизнинг тавсиялари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида юқори савияда ташкил этилди, — дейди Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов. — Аввало, улуғ зиёратга борувчилар адолат мезони асосида сараланди. Бунда номзодларнинг ислом дини арконларини билиши, маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан бирга, маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши, жамоатчилик ишларида фаоллигига алоҳида эътибор қаратилди. Улар билан суҳбатлар ўтказилиб, жамоатчилик фикри ўрганилди. Натижада республика бўйича 6970 нафар фуқаро ҳаж сафарига бориш учун тавсия қилинди.
Қувонарлиси, зиёратга отланган юртдошларимиз томонидан жами 14326 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган фуқаролар оталиққа олиниб, муборак сафар олдидан 9,3 млрд. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Анжуманда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ ўтган йилдагига нисбатан 5 миллион сўмга арзонлаштирилгани, Мадина ва Макка шаҳарларида зиёратгоҳларга яқин, энг муҳими, юқори даражада сервис хизматлари кўрсатиладиган меҳмонхоналардан фойдаланилгани, пировардида Ўзбекистон ҳожиларга яратилган шарт-шароитлар бўйича биринчи бешталик давлатлар қаторидан жой олгани эътироф этилди.
Таъкидлаш керакки, бу йилги зиёратчиларимизнинг аксариятини ёши улуғлар ташкил этган бўлса-да, шифокор ва ошпазлар, ишчи гуруҳи томонидан ташкил этилган режали ва тартибли тадбирлар ҳамда олиб борилган маънавий-маърифий, диний, ҳуқуқий ва тиббий мавзулардаги суҳбатлар натижасида мавсум ижобий натижа билан якунланди. Ўз навбатида, юртимиз ҳожилари давлатимиз томонидан зиёратчиларга қаратилаётган юксак эътибор, яратиб берилган қулай шарт-шароитлар, кўрсатилган хизматлар учун шукроналик билдириб, Президентимиз ва юртимиз ҳаққига дуолар қилгани айтиб ўтилди.
Брифингда жорий йил умра мавсуми 20 сентябрдан бошланиши, 1 октябрдан эътиборан эса кунига 2 та махсус авиарейс йўлга қўйилиши маълум қилинди.

Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати

Мақолалар

Top