muslim.uz

muslim.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 1 апрель куни аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, 2020 йил 12 ноябрда давлатимиз раҳбарининг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш тўғрисида фармони, тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлаш бўйича қарори қабул қилинган эди. Уларга мувофиқ, касалликларни эрта аниқлаш, тўғри ташхислаш ва даволаш услубларини ўзгартириб, бу борада янгича тизим ташкил этила бошланганди.

Йиғилишда ушбу вазифалар ижроси ҳақида сўз борар экан, Президент учта саволни ўртага қўйди:

биринчи – жорий этилган янги тизим бўйича тиббий харита шакллантирилгани, аҳолининг хавф гуруҳларига бўлингани нимани кўрсатди?

иккинчи – маҳаллалар кесимида тиббиёт бригадалари шакллантирилиб, аҳоли билан манзилли ишлай бошлаганидан қанча одам рози бўлди?

учинчи – тиббиёт муассасаларида қайси хизматлар бепул бўлди?

Ҳозирги аҳвол талабга жавоб бермаётгани, соҳадаги ўзгаришларни аҳоли тезроқ сезиши кераклиги таъкидланди. Ислоҳотларни жадаллаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга Бош вазир ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири ва унинг ўринбосарларидан масъуллар бириктирилди.

Президентнинг 12 ноябрдаги яна бир қарорига кўра, Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тажриба-синов ўтказилди. Йиғилишда Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи мазкур янги тизим натижалари ҳақида ҳисобот берди.

Айтиб ўтилганидек, Сирдарё вилоятининг 236 та маҳалласини тўлиқ қамраб олиш учун 421 та тиббиёт бригадаси ташкил этилган. Аҳолининг саломатлик ҳолати хатловдан ўтказилиб, улар 4 та хавф гуруҳига ажратилган ва вилоятнинг “электрон тиббий харитаси” яратилган.

Мисол учун, Боёвут туманида 31 минг аҳоли ўзини соғлом деб билса-да, ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш, зарарли одатлар туфайли уларда юрак-қон томир, диабет, ўпка касалликларига чалиниш эҳтимоли юқори экани аниқланган. Шунингдек, илгари шифокорга мурожаат қилмаган 257 нафар фуқарода касалликлар оғир босқичда экани маълум бўлган.

Давлатимиз раҳбари бу тажрибани тизимли давом эттириб, барча ҳудудларда жорий этиш бўйича кўрсатма берди. Бунинг учун қишлоқ ва маҳаллаларда тиббиёт бригадалари ташкил этилиб, аҳолини манзилли кўрикдан ўтказиш ва даволаш ишлари олиб борилади, ҳудудларнинг “тиббий хариталари” шакллантирилади.

Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг вертикал иш тизимини такомиллаштириб, уларни оилавий шифокор пунктлари билан боғлаш зарурлиги таъкидланди. Яъни, беморларни овора қилиб пойтахтга юбормасдан, уларга яшаш жойида малакали тиббий ёрдам олиш имкониятини яратиш керак.

Ўтган йили ихтисослаштирилган марказларда даволанишга муҳтож 84 минг нафар бемордан атиги 51 минг нафари бепул ордер билан таъминланган.

Президент ордерлар учун маблағни деярли 1,5 бараварга кўпайтириб, қўшимча 80 миллиард сўм ажратиш бўйича Молия вазирлигига кўрсатма берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга, йил якунига қадар ҳар бир беморни соғломлаштириш манзили ва муддатларини белгилаб, даволашни ташкил этиш бўйича вазифа қўйилди. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ўз йўналиши бўйича ҳудудлардаги 3 мингдан зиёд оилавий шифокорни қисқа муддатли курсларда ўқитадиган бўлди.

Яна бир масала – бугунги кунда донор беморнинг яқин қариндоши бўлмаса, трансплантацияга рухсат берилмаган. Оқибатда, кўпчилик фуқароларимиз бундай амалиётни чет элда ўтказишга мажбур бўлмоқда. Шу боис инсон аъзолари трансплантациясининг қонуний асосларини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш мақсадида мамлакатимизда хусусий тиббиёт ташкилотлари учун барча ҳуқуқий асослар, имкониятлар яратилган. Лекин ҳудудларда касалликларнинг турига қараб, хусусий шифо масканларини ташкил этиш ишлари етарли даражада эмаслиги қайд этилди.

Мисол учун, аҳоли орасида эҳтиёж юқори бўлган гемодиализ, тиббий диагностика ва реабилитация хизматлари бўйича хусусий клиникалар етишмайди.

Мутасаддиларга давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни кўпайтириш, 170 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларини компьютер томографлари билан таъминлаш, улардан фойдаланиш бўйича ходимлар малакасини ошириш юзасидан топшириқлар берилди.

Соҳадаги коррупция иллатига ҳам тўхталиб ўтилди. Ўтган йили тизимда 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилингани айтилди. Шунинг учун, таъсирчан назорат тизимини ўрнатиб, ажратилаётган маблағлар жойига етиб бориши, дори-дармон ва тиббиёт ускуналарининг очиқ-ошкора сотиб олиниши, пуллик хизматлардан тушумлар мақсадли ишлатилишини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Йиғилишда кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Маълумки, бу борада чекка ҳудудларда эҳтиёж юқорилигини инобатга олиб, “Қишлоқ шифокори” дастури қабул қилинган эди. Бундай жойларда ишламоқчи бўлган шифокорларга 30 миллион сўм пул берилиши белгиланиб, бу мақсадлар учун бюджетдан 20 миллиард сўм ажратилган. Лекин, орадан 4 ой вақт ўтган бўлса-да, бирорта талабгор билан шартнома имзоланмаган. Ваҳоланки, бугунги кунда олис ва чекка ҳудудлар учун 220 нафар шифокор зарур. Бундан ташқари, ҳудудларда 10 минг нафар тор мутахассис етишмайди.

Шу боис келгуси ўқув йилидан клиник ординатуранинг қабул квотаси икки бараварга оширилиши белгиланди. Ушбу янги тизимда ординаторлар ўқув жараёнининг ярмини олийгоҳ ва ихтисослашган марказларда, қолган ярмини эса иш жойида давом эттиради. Вилоят ҳокимлари ўз ҳудуди учун зарур бўлган тор мутахассисликдаги шифокорларни тайёрлаш учун маҳаллий бюджетдан грант ажратади.

Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга алоҳида тўхталди.

– Жорий йил бошида кунига ўртача 30-40 нафар бемор аниқланган бўлса, март ойи ўрталаридан бу кўрсаткич 160-180 нафарни ташкил этмоқда. Касалликнинг ўта оғир кечиши, ҳаттоки ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. Бунинг сабаби – кўпчилик фуқаролар хотиржамликка берилиб, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин талабларига бефарқ бўлиб қолди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бош вазирга коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳудудий штаблар фаолиятини кучайтириш, туну кун ишлайдиган “колл-марказ”лар ва мобил бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди. Дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг камида 3 ойлик захирасини шакллантириш, ҳудудларда 60 та кислород станциясини ишга тушириб, реанимация ва интенсив даволаш бўлимларини кислород билан узлуксиз таъминлаш вазифаси қўйилди.

– Афсуски, бу балонинг охири кўринмаяпти. Европа давлатлари яна локдаунга киряпти. Қўшниларимизда ҳам аҳвол яхши эмас. Хавф ёнимизда юрибди. Шунинг учун огоҳ бўлишимиз керак. Олдин қандай ишлаган бўлсак, шу тартибни тиклаймиз. Худо кўрсатмасин, шунча қилган ҳаракатимиз бекорга кетиши мумкин. Иқтисодиёт нуқтаи назаридан жуда катта марралар қўйганмиз. Агар ёпилиб қолсак, бу натижаларга эришолмаймиз. Ҳеч қаерни ёпмаймиз, лекин тартиб-интизомни кучайтирамиз. Касалланганларни ҳам тез-тез даволаш чораларини кўриш керак, – деди Президент.

Апрель-июнь ойларида хавф гуруҳига мансуб 4 миллиондан ортиқ аҳолини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилган. Ҳозирда 660 минг доза вакцина олиб келинган. Ҳукумат комиссиясига Хитойдан яна 3,5 миллион доза ва Россиядан 1 миллион доза вакцина сотиб олиш бўйича кўрсатма берилди.

Фуқароларни яшаш манзили бўйича эмлаш куни ва жойи ҳақида хабардор қилиб бориш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича вазирлар, ҳокимлар ва тиббиёт муассасалари раҳбарлари ахборот берди.

ЎзА

Қуръон ота-боболарга, бошлиқларга ва йўл-бошчиларга кўр-кўрона тақлид килишдан қайтариш билан бирга, фақат бир тарафлама фикрлашдан ҳам қайтаради ва бирор нарса қилмоқчи бўлса, ўша нарсанинг яхшисини танлаб олишга чақиради. Чунки, кўпгина кишилар бирор нарсани бир марта эшитса ёки ўқиса, шунга ишониб кетаверадилар. Лекин ўша нарсани чуқурроқ ўйлаб, яхши тарафини танлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ҳақиқатга Қуръон бундан 15 аср аввал чақирган:

“Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашадиганлардир. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир” (Зумар сураси, 18-оят).

Мана шу оятда Аллоҳ таоло мусулмонларни барча гапларни эшитиб, тушуниб, сўнгра яхшиларига эргашишга буюради. Аллоҳ шундай қилган инсонни  «ҳидоятга эришганлар» ва «ўткир ақл эгалари» деб атайди.

Шу билан бирга, Ислом яхшиликни таърифлаб ҳам беради ва унга амал қилишга чақиради. Одатда, одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Ислом динида яхшилик – Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима эканини Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 177-оятида ояти каримасида тўлиқ таърифлаб берган:

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтириш ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мис кинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга бериш, намозни қоим қилиш ва закот беришдир. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчилар, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир».

Ояти каримада кўриниб турибдики, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламокда

Имон келтириш яхшиликнинг боши ва асосидир. Бусиз, яъни имонсиз ҳеч қандай яхшилик бўлиши мумкин эмас. Асл имони бор инсон бузғунчилик, террорчилик, фитнакорликга ружу қилмайди.  Чунки, кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга имони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди.

Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини эхтиёжмандларига молиявий ибодат сифатида берадилар. Бу амал мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарз-ни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.

Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, имоннинг кўзга кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлган бўлади.

Сабрлилик ҳам имонли, мусулмон кишиларнинг алоҳида олий ва зарурий сифатларидан ҳисобланади. У ҳакда аввалги оятлар тафсирида батафсил сўз юритилди. Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар экан.

Баҳодир БОТИРОВ,
Чуст тумани “Охун бобо” жоме
масжиди имом-хатиби

Ушбу тадбир Махачқалъада "Россия-менинг тарихим" тарихий музейида бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг бир неча сайёҳлик компаниялари меҳмонларга ўз хизматларини тақдим этди. Сайёҳлик агентликлари вакиллари шаҳарларнинг диққатга сазовор жойлари ҳақида сўзлаб берилди. Бундан ташқари, тадбирда доғистонлик компаниялар вакиллари иштирок этиб, улар билан ўзбекистонлик ҳамкасблар ўзаро муносабатларини муҳокама қилишди.

Тақдим этилган турлар мамлакат бўйлаб стандарт турлар ҳам, Ўзбекистоннинг муқаддас жойларига зиёрат сафарлари ҳам киритилган. Масалан, "Сўфий Ўзбекистон" турларидан бирига дунё аҳамиятига молик ёдгорликлар ва зиёратгоҳларга ташрифлар киритилган. Тур доирасида машҳур олимлар туғилиб ўсган ва диний мажмуалар жойлашган Самарқанд ва Ғиждувон шаҳарларига меҳмонлар таклиф этилади. Ушбу турда Тошкент ва Бухоро шаҳарлари ҳам машҳур муқаддас жойларга эга.

Бундан ташқари, тақдим этилган йўналишлар маданий мерос билан танишиши, фаол дам олиш, ёввойи табиат қўйнидаги саргузаштлар ва машҳур маҳаллий ошхонани ўз ичига олган.

Ўзбекистон Республикаси Бош консули Рустам Қўрғонбоев: "Тадбирнинг мақсади қардош республикаларимиз ўртасидаги ўзаро алоқадир. Бизда тарихий алоқалар ривожланган, афсуски, СССР парчаланганидан кейин улар йўқолиб қолган. Энди уларни давом эттириш учун ҳар икки томонда истак-хоҳиш бор. Шунинг учун барча доғичтонликларни Ўзбекистонга таклиф қиламиз!", деди.

Шунингдек, у Махачқалъа ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри алоқа учун чартер рейс ташкил этиш масаласи ишлаб чиқилаётганини ҳам қўшимча қилди.

Расмий тадбирлардан сўнг ўзбекистонлик делегация меҳмонларга анъанавий миллий таом – палов шаклида кўргазма ташкил этилди. Айниқса, шу мақсадда Тошкентдан ошпазлар келгани, Ўзбекистондан сабзавот ва зираворлар ҳам келтирилгани қайд этилди.

Маълумот учун, айни пайтда Доғистон унда Ўзбекистоннинг туристик маршрутлари тақдимоти ташкил этилган Россиянинг биринчи минтақаси бўлди. 2 апрель куни Грознийда, кейин Санкт-Петербург, Татаристон ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам худди шундай тадбир ўтказилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Тожиддинов Абдусамад

 

Президент Шавкат Мирзиёев Туркий кенгашнинг видеоанжуман шаклида ўтказилган норасмий саммитида қатнашиб, жумладан, зиёрат туризмига оид дастур қабул қилишни таклиф қилди.

“Бу борада мамлакатларимиз ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжойлар бўйлаб “Табаррук зиёрат” лойиҳасини амалга оширишни таклиф этамиз. Бунинг учун Кенгаш доирасида Зиёрат туризмини ривожлантириш дастурини қабул қилиш мақсадга мувофиқдир”, – деди Юртбошимиз.

Давлатимиз раҳбари анжуман улуғ шоир ва мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавий яшаб ўтган қадимий ва навқирон Туркистон шаҳри билан боғлангани бежиз эмаслигини таъкидлаб, жумладан бундай деди: “Ушбу шаҳри азим “Турк дунёсининг руҳоният пойтахтларидан бири” сифатида эълон қилинишида чуқур рамзий маъно бор. Маълумки, Мир Алишер Навоий ҳазрат Яссавийга “Туркистон мулкининг шайхул машойихи” деб юксак баҳо берганлар. Аҳмад Яссавийнинг ўлмас мероси буюк аждодларимиз – Жалолиддин Румий ва Юнус Эмро, Юсуф Хос Ҳожиб, Низомий Ганжавий, Махтумқули Фироғий ва Бобораҳим Машраб каби шоирлар қаторида туркий халқларнинг умумий маънавий бойлиги сифатида ардоқлаб келинади.
Аҳмад Яссавий ўз даврида бутун мусулмон оламида “Ислом динининг қуввати” деб шуҳрат қозонган Бухорои шарифда Юсуф Ҳамадоний, Абдухолиқ Ғиждувоний каби машҳур уламолардан таҳсил олгани ота-боболаримизнинг доимо сафдош ва ҳамфикр бўлиб келганини кўрсатади. Ўзининг диний-ахлоқий қарашлари билан минтақамизда улкан обрў-эътибор қозонган ҳазрат Яссавийга буюк Амир Темур чин дилдан ихлос қўйгани, унинг хотирасига атаб муҳташам мақбара бунёд этганини барчамиз яхши биламиз.
Шунингдек, Соҳибқирон бобомиз ушбу мажмуанинг моддий таъминоти учун вақф ташкил қилгани ва бу жамғарма асрлар давомида фаолият кўрсатгани эл-юртларимизнинг тарихий бирлигидан далолат беради. Бугунги кунда Аҳмад Яссавий зиёратгоҳини барча қардош халқларимиз табаррук қадамжой сифатида чексиз қадрлайди. Кўпмиллатли Туркистон шаҳри сўнгги йилларда тобора гўзал ва обод бўлиб бораётгани, улкан бунёдкорлик майдонига айланаётганига барчамиз ҳозир видеолавҳалар орқали гувоҳ бўлдик”.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top