muslim.uz

muslim.uz

Республикамизда имом-хатиблар фаолиятини янада такомиллаштириш, бугунги глобаллашув даврида Ватан равнақи йўлида хизматлари ҳамда ёшларимизнинг турли ёт бузғунчи тоифаларнинг таъсиридан ҳимояланишида тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳар йили “Йил имоми” кўрик танлови ўтказилади.

Танловни ўтказишдан қандай мақсад кўзланган? – танловнинг мақсади бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, юқори касбий маҳорат соҳиби бўлган, илғор фикрли, тадбиркор, ишбилармон, замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдалана оладиган, диний-маърифий соҳа тарғиботчиси бўлган фаол имомларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдан иборат.

Танловнинг вазифалари нималардан иборат? Танловнинг бир қанча вазифалари мавжуд. Улардан айримлари: туман, шаҳар, вилоятларнинг чекка ва олис ҳудудларида фаол меҳнат қилаётган, ўз ишига садоқат билан ёндошиб, жонбозлик кўрсатаётган имомларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, аҳолининг турли қатламлари орасига кириб бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этишда алоҳида жонбозлик кўрсатаётган имомларни аниқлаш ҳамда имом-хатиблар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, тажриба алмашинишни йўлга қўйиш ва бошқалар.

Танлов неча босқичда ўтказилади? Танлов уч босқичда бўлиб ўтади:

туман (шаҳар) босқичи;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи;

республика босқичи.

Республика босқичида қандай шартлар бўлади?

Республика босқичи 7 турдан иборат бўлиб, 1-турда тафсир,
2-турда ақоид, 3-турда фиқҳ, 4-турда ислом тарихи, 5-турда ҳадис илмлари, 6-турда Мовароуннаҳр алломалари ҳаёти ва ижоди оид саволлар ҳамда 7-турда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлари асосида баҳоланади.

Танловда энг юқори балл тўплаган иштирокчи "Йил имоми" кўрик танловининг мутлақ ғолиби сифатида эътироф этилади.

Ғолиблар учун қандай мукофотлар берилади?

1-ўрин соҳиби I даражали диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 55 баравари миқдорида пул маблағи;

2-ўрин соҳиби II даражали диплом ва базавий ҳисоблаш микдорининг 45 баравари микдорида пул маблағи;

3-ўрин соҳиби Ill даражали диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 баравари микдорида пул маблағи мукофоти билан тақдираланади.

Шунингдек, танлов ғолиблари ва иштирокчиларига ҳомийлик маблағлари ҳисобидан эсдалик совғалари тақдим этилади.

 

«Йил имоми – 2021» ИШТИРОКЧИЛАР

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 

Четверг, 04 Ноябрь 2021 00:00

Онлайн: «Йил имоми – 2021» бошланди

Бугун, 4 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар ўртасида ўтказилаётган “Йил имоми – 2021” кўрик танловининг республика босқичи бошланди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган имом-хатиблар республика босқичида беллашадилар.
Кўрик танлов жараёни ва якунлари ҳақидаги хабарларни сайтимиз ва ижтимоий тармоқларда кузатинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 3 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Тошкент вилоятига ташрифлари давомида Зангиота қадамжосини зиёрат қилдилар.
Мўътабар зотларнинг руҳларини шод этиш мақсадида, Қуръони карим оятлари тиловат қилинди. Зеро, ўтган улуғ инсонларни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод этиш савобли амаллардан. Ҳақларига дуолар қилиш, яхшилик ила эслаш, мағфират сўраш эса – чин мўминлик белгисидир.
Шундан сўнг, муфтий ҳазратлари “Зангиота” жоме масжидида пешин намозини жамоат билан адо этдилар. Масжид аҳли билан суҳбатда, ўтганларнинг ҳоки поклари қўним топган масканларни зиёрат қилиш ибратли иш экани, Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага келганларидан кейин сўзлаган “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади” (Имом Термизий), деган ҳадиси шарифларини намозхонларга шарҳлаб бердилар.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналари қабрини зиёрат қилиш учун Ҳақ таолодан ижозат олганлари ҳақидаги таъсирли воқеани гапириб берганлари намозхонлар қалбини жунбушга келтирди. Ҳадиси шарифда баён этилганидек, бундай масканларни зиёрат қилиш, инсонга охиратни эслатиши, дунё вақтинча эканини ёдга солиши каби ҳикматларни муфтий ҳазратлари баён қилиб бердилар.
Мазкур жоме масжид намозхонларига марҳум Усмонхон Темирхон ўғли раҳимаҳуллоҳ томонларидан таълиф этилган “Тафсири Ирфон” китобининг мухтасар шаклда ифода қилинган – “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” китоби ҳадя қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Бугун, 3 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ҳудудлардаги диний-маърифий ишлар билан яқиндан танишиш, имом-хатиблар ва аҳоли вакиллари билан суҳбатлашиш мақсадида, Тошкент вилоятига ташриф қилдилар.
Сўнгги беш йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишларнинг натижаларини ҳар қадамда учратиш мумкин. Муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг муфтий вазифасига сайланганларидан илк ташрифларини Тошкент вилоятидан бошлашларида ҳам рамзий маъно бор. Чунки бу ҳудуд пойтахтга яқинлиги, обод масжидлар ва табаррук қадамжолар кўплиги билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Имом-хатиблар билан мулоқот Қуръон тиловати ва эзгу дуолар ила бошланди. Мажлисни олиб борувчи Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов муфтий ҳазратларини масъулиятли вазифага сайланганлари муносабати билан самимий табриклади.
Муфтий ҳазрат чиқишларида имом-хатиблик юки, ажру савоби, имом ҳар бир ишида Аллоҳ таолога тақво қилиши, масжид – маънавият ва маърифат маскани бўлиши, қавм ибодатига масъуллиги, Мотуридия таълимоти, Ҳанафий мазҳаби ҳукмларини оммага чиройли етказиши, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшишда имом-домлалар пешқадам бўлишлари зарурлигига алоҳида тўхталдилар.
Ҳозирги мураккаб даврда имом-хатибларимиз ҳар қачонгидан ҳам кўп меҳнат қилиши, янада огоҳ бўлиши, четдан кириб келадиган бузғунчи ғояларга қарши кураш ишларида жонбозлик кўрсатишларига муфтий ҳазратлари катта урғу қаратдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов йиғилишда ОАВ, Интернет ва ижтимоий тармоқларда имом-домлалар янада фаол бўлиши, тарғибот ишларида замонавий усуллардан кенг фойдаланиши лозимлиги бўйича бир қатор тавсияларни берди.
Сўзга чиққан нотиқлар масжидлардаги қурилиш-таъмирлаш ишларини тартибга солиш, имом-хатиблар илму маърифатларини мунтазам ошириши, жума ва бошқа суҳбатларга пухта тайёргарлик кўриш, халқчил чиқишларни кўпайтириш, вакант ўринларни тўлдириш, имом-хатибларни рағбатлантириш чораларини кўриш ва ҳудудий вакилликлар билан ҳамжиҳатликда меҳнат қилишга катта эътибор қаратдилар.
“Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетаси тарғиботида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ имом-хатиблар “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёти томонидан совғалар билан тақдирланди.
Йиғилишда сўнггида Муфтий ҳазратлари томонларидан Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, ёшларни илм-маърифатга чорлаш ва меҳнат мигрантлари билан учрашувларда фидойилик кўрсатган Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов мақтов ёрлиғи билан тақдирланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта маҳсус ислом билим юртида «Оламларга раҳматсиз, Ё Расулуллоҳ!» деб номланган сийрат тадбири бўлиб ўтди. Унда Пайғамбаримиз алайҳиссалом сийратлари бўйича билим юрти талабалари жамоавий бахс юритишди. Тадбирда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти вакиллари, Нукус шаҳридаги масжидлар имом-хатиблари, билим юрти устоз-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар қатнашди.

Тадбир Қуръони Карим тиловати ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, билим юрти мудири Шамсуддин Баҳоуддиновнинг хайрли дуоси билан бошланди.

Қатнашувчилар қуйидаги бешта шарт бўйича билимлари ва қобилятини синовдан ўтказишди:

  1. Пайғамбар соллаллаҳу алайҳи ва саллам сийратларига бағишланган савол-жавоб;
  2. Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи ва саллам шаклу шамоилларига бағишланган тезкор савол-жавоб;
  3. Саловат айтиш;
  4. Сардорлар беллашуви;
  5. Саҳна кўриниши (ижодий иш).

Мусобақа билим юрти ўқитувчилари томонидан тузилган ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Қизиқарли савол-жавоб ва маъноли саҳна кўринишларига бой бўлган мусобақада биринчи ўринни 2-курс, иккинчи ўринни 3-курс ва учинчи ўринни 1-курс талабалари қўлга киритди.

Ғолиб жамоалар билим юртининг эсдалик совға, қимматбаҳо китоб ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Билим юрти талабалари ижро этилган ажойиб шеър, нашида ва салавотлар тадбир файзини зиёда қилди.

Шунингдек, тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар ўртасида қисқа-блиц савол-жавоб ўтказилиб, энг кўп тўғри жавоб эгалари эсдалик совға ва китоблар билан тақдирланди.

– Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи ва саллам суннатларини тирилтишга ҳисса қўшадиган, Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларини тарғиб қиладиган, талабаларимизни илм олишга янада ундовчи бу каби тадбирларни тез-тез уюштириш зарур, – дея таъкидлади Билим юрти мудири Шамсуддин Баҳоуддинов.

Тадбирдан сўнг қатнашувчилар байрам дастурхонига таклиф этилди.

Аллоҳ таоло юртимизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, хонадонимизга, файзу барока ато қилсин!

Аллоҳ ва Унинг Расули Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббати қалбингизни доимо тарк этмасин!

 

Адилбай ЕРЕЖЕПОВ,

Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний

 ўрта маҳсус ислом билим юрти

мудир ўринбосари

 

Страница 6 из 1745

Мақолалар

Top