muslim.uz

muslim.uz

Среда, 01 Июль 2020 00:00

Асло шумланманг! (Аудио)

 

ЎМИ матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 

Агар Аллоҳ Сизни яхши кўришини билмоқчи бўлсангиз, Аллоҳ таоло яхши кўрган бандаларининг ахлоқлари ҳақидаги оятларни ўқинг!

Аллоҳ таоло тақво қилувчи бандаларини яхши кўради: “Аслида эса, ким (Аллоҳ) аҳдига вафо қилса ва тақволи бўлса, албатта, Аллоҳ (бу каби) тақводорларни севади” (Оли Имрон сураси, 76-оят).

Сиз тақво қиляпсизми? Тиканзорда яланг оёқ ўзингизни тикандан сақлаб юрганингиздек гуноҳ ва маъсиятлардан ҳам эҳтиёт, узоқ бўлишга уриняпсизм?

 

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчи бандаларини яхши кўради: Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашяпсизми?

 

Аллоҳ таоло яхшилик қилувчи бандаларини яхши кўради: “Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида сураси, 13-оят).

Сиз яхшилик қиляпсизми?

 

Аллоҳ таоло адолатли бандаларини яхши кўради: “Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг! Албатта, Аллоҳ одилларни севади” (Моида сураси, 42-оят).

Сиз барчага бирдек адолатли бўляпсизми?

 

Аллоҳ таоло ҳар бир ишни гўзал бажарувчи бандаларини яхши кўради: (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон сураси, 195-оят).

Сиз ҳар бир ишингизни пухта адо этяпсизми?

 

Аллоҳ таоло сабрли бандаларини яхши кўради: “Аллоҳ (эса) сабрлиларни севар” (Оли Имрон сураси, 146-оят).

Сиз тоат-ибодатларни адо этишда, гуноҳлардан тийилишда ҳамда мусибату синовларга сабр этяпсизми?

 

Аллоҳ таоло таваккул қилувчи бандаларини яхши кўради: (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Сиз ҳар бир ишингизда Аллоҳга таваккул қиляпсизми?

 

Агар юқорида зикр этилган Аллоҳ таоло яхши кўрган бандаларининг сифатларидан бирортаси сизда йўқ бўлса, ноумид бўлманг! Унутманг! Аллоҳ чин тавба қилувчи бандаларини ҳам яхши кўради: “Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).

Демак, Аллоҳ таоло Ўзининг севган бандаларидан бўлишмизга имкон берган экан, ғафлатда қолмайлик, фурсатни ғанимат билиб, гуноҳларимизга тавба қилайлик! Шоядки, Аллоҳ таоло бизни ҳам Ўзининг яхши кўрган бандалари қаторига қўшса.

Аллоҳим гуноҳларимизни мағфират эт! Сен гуноҳларни кечирувчи, меҳрибон ва раҳмли Зотсан. Сендан бошқа гуноҳларни авф этувчи Зот йўқ!

Астағфируллоҳ ва атубу илайҳ, Астағфируллоҳ ва атубу илайҳ, Астағфируллоҳ ва атубу илайҳ.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бирлашган Араб Амирликларида турли хил конфессия вакиллари 2020 йилнинг 1 июли дан узоқ карантиндан кейин ибодат қилиш жойларига ташриф буюришни давом эттиришлари мумкин. Қайд этилишича, 2020 йилнинг 16 мартидан ёпилган масжид ва ибодатхоналар ҳудудида COVID-19 коронавирусининг олдини олиш чоралари қўлланилади.
Бирлашган Араб Амирликларининг миллий фавқулодда вазият, инқироз ва фалокатларни бошқариш бўйича расмий вакили доктор Сейф Ал Даҳери таъкидлаганидек, масжидлар ҳар куни очиқ бўлади, аммо жума намози таъқиқланган. Унга кўра, масжидларнинг умумий қуввати 30% га ибодат қилувчилар билан тўлдирилишига рухсат берилади ва мусулмонлар намозга масжидга боришдан олдин уйда таҳорат қилишлари керак.
Доктор Ал Даҳери 12 ёшгача бўлган болалар, шунингдек, сурункали касалликларга чалинган одамлар масжидларга ташриф буюрмаслиги кераклигига аниқлик киритди. Islam.ru хабарига кўра, бу қоида коронавирус билан касалланганлар билан яшаётган ёки алоқада бўлганларга ҳам тегишли – улар қўшнилари ёки қариндошлари тўлиқ даволанмагунча масжидларга ташриф буюрмасликлари керак.
Бошқарма вакилининг сўзларига кўра, агар инфекция аниқланса, масжид ва ибодатхоналар қайта ёпилиши мумкин. Унинг айтишича, йўл ёқасидаги масжидлар, шунингдек, саноат зоналаридаги масжидлар ва савдо мажмуаларидаги намозхонлар ёпиқ қолади, дея хабар бермоқда The National нашри.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Оилаларимиздаги тартиб-қоидалар долзарб аҳамиятга эга. Умуман, оилаларимизда ўрнатилган ўзига хос қоидалар оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим бўлиб келган. Масалан, Марказий Осиё ҳудудига Ислом дини ёйилгач, оилага доир қонун-қоидалар ушбу дин таълимоти асосида шаклланди. Яъни, оилада эрнинг мавқеи баландлиги, шу билан бир қаторда, хотин ҳам ҳақ-ҳуқуқларга эга экани, фарзандлар ота-оналари билан ўртада чегара борлигини ҳис қилиб, ҳурмат билан мулоқотда бўлиши кабилар.
Кузатувлар натижасида кўп йиллар давомида ота-боболаримиз қалбига сингиб кетган ушбу қадриятлар бугун юртдошларимиз орасида аҳамиятини бирмунча йўқотаётгандек кўринди. Хориж матбуотига кўра, бугунги кунда ғарб ўсмирлари орасида бошқа мамлакатлар ёшларига қараганда уюшган жиноятчилик ва зўравонликка берилиш ҳолати юқори. Бунга сабаб – болаларга керагидан ортиқ эркинлик берилгани экан. Уларни ҳозирдан айш-ишратга берилиб, турли ахлоқсиз хатти-ҳаракатларга ружу қўйишдан ҳеч ким қайтармайди. Оқибатда Британияда ўсмир қизлар орасида ҳомиладорлик даражаси Оврўпа мамлакатлари бўйича энг юқори кўрсаткичга етган. Яқинда хориж телеканалларидан бирида фарзандларнинг беҳаё суратлар ва фильмларни томоша қилишига ота-оналар муносабати тўғрисида дастур намойиш этилди.
Унда интервью берган бир аёл ўз қизининг шундай лавҳаларни кўришига қарши эмаслигини айтиб, қизим келгусида бошига тушадиган ҳолатлардан хабардор бўлиши керак, деб ғалати фикр билдирди. Маълумки, тижоратчилар ўз маҳсулотлари харидини оммалаштириш учун турли воситаларни ишга солишади. Бугунги кунда матбуот дўкончалари олд томонига осиб қўйилиб, бирор нашрни ёки маҳсулотни реклама қилаётган “соҳибжамол”лар кўпайгани ушбу фикрларимиз тасдиғидир. Инсон ҳаёти давомида бирор шахсни ўзига ўрнак деб билади, у каби ҳаёт кечиришни, у эришган ютуқлар каби муваффақиятларга эришишни, юксак чўққиларга чиқишни кўзлайди. Бугун жамиятнинг ёш аъзолари ўз ҳаётлари учун бошқа маданият вакилларининг фикрлаш ва ҳаёт тарзини ўрнак қилиб олишлари кўп муаммоларни келтириб чиқармоқда.
“Маърифат” газетасида келтирилган маътумотга кўра, ғарб ёшлари фарзанд дунёга келтириш ҳақида ўйламай қўйишган, йигитларга уйланмаслик, қизларга қирққа тўлса-да, турмушга чиқмаслик урф бўлган. Улар наздида, оила – барча ташвиш ва бахтсизликнинг асоси ва эркинликни бўғувчи ихтиёрий қуллик эмиш. Бундай қарашлар бизнинг жамиятимизга зиддир, бу каби салбий одатлар ёйилишининг олдини олишимиз керак. Ғарб турмуш тарзида ор-номус, эркаклик шаъни, аёллик иффати деган нозик тушунчалар емирила бошлаётгани, бундай ҳолатлар “эркин ҳаёт тарзи” сифатида ахборот воситаларидан тарғиб қилинаётгани боис, халқимиз орасида ушбу турмуш тарзидан таъсирланиш ҳолатлари учраши, бу эса инсон ҳаёти, оила мустаҳкамлиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солиши мумкинлиги барчамизни огоҳ этиб, ёшларимизни бундай маънавий хатарлардан сақлаш учун жидду жаҳд қилишимиз зарур.

Ғарбда инсоннинг эътиқоди, Яратганга муносабати унинг ўзигагина тегишли шахсий масалага айланди ва айнан шунинг негизида шахспарастлик асослари шаклланиб, гўё ғарб кишисининг фаоллиги ва эркинлиги учун кенг имкониятлар яратилди. Эндиликда кўплаб одамлар ҳаётнинг маъно-мазмунини эътиқод билан боғламайди, улар бошқа ҳаётий мақсадлар, эҳтиёж ва манфаатларни устун қўядиган бўлишади. Бу эса ғарб кишисида ҳаётдан мақсад – руҳий юксаклиш, тикланиш эмас, балки моддий фаровонликдан лаззатланиш ақидаси шаклланишига олиб келди. Кишилар онги мана шундай хато фикрлар билан йўғрилган ўтган асрда инсониятнинг маънавий ҳаётига қаттиқ таъсир қилган ҳаракатлар, айниқса, коммунизм ва фашизм мафкураси юзага келди. Бу эса инсониятнинг, хусусан, шундоқ ҳам диний-ахлоқий турмуш тарзидан бирмунча узоқлашган ғарб кишисининг руҳий- маънавий ҳаётида бўшлиқни вужудга келтирди. Шундай қилиб, ғарб жамиятида диннинг мавқеи пасайиши эътиқоднинг сусайишига жиддий таъсир қилганини инкор этмаган ҳолда, диний қадриятлар емирилишининг асл илдизларини барча тамаддунлар, айниқса, ғарб давлатлари ва халқлари тарихида ғоят муҳим ўрин тутган, юқорида зикр этилган сабаблардан изланса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Бугунги кунда ғарб маданиятининг салбий жиҳатлари таъсирини халқимизнинг маънавий камолотини таъминлашга хизмат қилиб келган воситалар: санъат, адабиёт ва кийиниш одобида кўриш мумкин. Мисол учун, одобни энг кўп тарғиб қилувчи ҳисобланган адабиётларда ҳозирги кунда ахлоқсизлик белгиларининг учраши халқимизга хос шарм-ҳаё, ибо, номус, иффат, садоқат ва вафо каби тушунчаларга дарз солмоқда. Тинимсиз ахборот оқими вужудга келтираётган муҳитда миллий қадриятлар, ўзига хосликни ифодаловчи анъаналар завол топишининг олдини олиш мақсадида ахборот хавфсизлигини жорий қилиш; бунда, интернет тармоғи ҳамда сунъий йўлдош каналлари орқали намойиш этилаётган, юртдошларимизнинг дунёқараши бойишига хизмат қиладиган дастурларни бериб бориш билан бирга, кишиларда жаҳон ахборот тармоғидан нимани олиш керак, нимани олиш яхши эмас, деган кўникмаларни шакллантириш, телевидение, радио ва турли кўнгилочар тадбирларда миллий қадриятларимизга тўғри келмайдиган либосларда чиқишларнинг олдини олиш; матбуот ва бадиий асарларда ёшларимизни енгил-елпи ҳаёт кечиришга ва саёз дунёқарашга чақирувчи қисса ва ҳикоялар чоп этилишига йўл қўймаслик керак.
Ғарб турмуш тарзининг жамиятимизга таъсири сезиларли даражада экани ҳақида ўйлаганимизда, табиийки, ҳар биримиз ташвишга тушамиз. Шунда ёшлар таълим-тарбияси борасидаги ишларимизнинг самарадорлиги қанчалар муҳим аҳамиятга эга эканини тушуниб етамиз. Шу билан бирга, шукр қиламизки, халқимиз орасида соғлом эътиқодли, юксак одобли кишилар кўпчиликни ташкил қилиб келмоқда. Ҳақиқатан, юксак ахлоқ, аввало, ҳар бир инсоннинг одобини, халқнинг орзу-умидлари, ният-интилишларини намоён қилади. Шунинг учун эзгуликни қадрлаб, рағбатлантириб, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб, ривожлантириб, адашганларни тўғри йўлга солиб бориш барчамизнинг асосий вазифамиздир

 

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

«Аллоҳ дуосида талабчан (бардавом) бўлган кимсаларни яхши кўради».

Мўмин банда Аллоҳнинг ҳабиби. У қанчалик кўп сўраган сари Аллоҳ таолога ёқади, унинг овози Аллоҳга суюмлидир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

«Аллоҳ таоло Жаброил (алайҳиссалом)га айтади: “Эй Жаброил, мен фалончининг ҳожатини раво қилдим, дуосини ижобат этдим, лекин уни бундан ушлаб тураман (яъни, унга бермай тураман). Чунки унинг
овозини яхши кўраман”».

Ваҳб (розияллоҳу анҳу) дедилар: «Аллоҳ таоло дейди: “Бандамга бало юбориб, ундан дуо-илтижо оламан”». Дуосида мунтазам (бардавом) одам дуоси ижобатини кўрмаса ҳам, умидини узмайди, умидсизликка ҳам тушмайди, дуо қилаверади. Шунинг учун Аллоҳнинг ҳабибига айланади. Чунки у Аллоҳни таниган, қалби пок (яъни дилида Аллоҳ ҳақида ёмон фикрларга бормайди), ибодатида ихлосли. Кимки Аллоҳга ибодатини сидқидилдан қиладиган бўлса, у дуони тилда қилади, дили эса Аллоҳнинг амрини кутиб интизор бўлади, сиқилмайди, тушкунликка тушмайди. Чунки қалби унинг амрига мунтазир, унга тикилиб туради. Унинг амрига мунтазир бўлиш банда Аллоҳга бериши мумкин бўлган энг афзал нарсадир. Бу энг соф ибодатдир. Тили билан дуо қилиши бу ибодат (яъни бандалик қилиш), чунки сўраганда, бу илтижоларнинг барчаси Унга эканлигини эътироф этишдир. Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиш ҳам ибодатдир. Энг афзал дуо кишининг бардавом дуо қилишидир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

«Ҳеч бирингиз дуо қилиб, кейин эса “мен сўраган эдим, лекин ижобат бўлмади”, деманглар».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

«Мўмин банданинг дуоси мустажобдир. Агар банда: “Ё Рабб!” деса, Аллоҳ таоло: “Лаббайка” дейди. Агар банда ҳожатини сўраса, Аллоҳ унга ёки тезда ижобат қилади, ёки ҳожатига яраша ундан бир балони даф этади ёки уни банданинг охиратига сўраганидан ҳам афзал қилиб сақлаб қўяди. Нима бўлганда ҳам, унинг дуоси ерда қолмайди».

Имон эгалари дуо қиладилар, қайта-қайта илтижо қиладилар, агар мустажоб бўлса, қабул қиладилар, агар кейинроқ берилса, сабр қиладилар, агар берилмаса,
рози бўладилар, Аллоҳ ҳақида ёмон фикрга бормайдилар. Улар хотиржам ҳолда Унинг амрига мунтазир бўлиб яшайдилар. Саховатпешалар инъом этмоқни олмоқдан яхши кўрадилар. Улар қилган саховат ва инъомлари билан
роҳатланадилар. Олган инъомидан севинган сўровчидан кўра, улар ўз саховатидан кўпроқ лаззатланадилар. Чунки олмоқлик фақирларнинг иши. Бермоқлик бойларнинг хулқи, жаннат аҳлларининг хулқи, у Аллоҳнинг хулқи. Суфён Саврий (розияллоҳу анҳу)нинг дуолари бундай эди: «Эй сўралишни яхши кўрадиган ва сўрамайдигандан ғазабланадиган зот, эй сўраган ва кўп сўрайдиган бандаларини суйган Зот, Сен каби бундай Зот бошқа йўқ, эй Карим. Эй сўрамаган ва талаб қилмаган бандаларини ёмон кўрадиган Зот, Сен каби бундай Зот бошқа йўқ, эй Карим. Эй улкан нарсаларни сўраган бандаларини суйган Зот, Сенга у нарсалар улкан эмас, қудратинг улкан, эй Азим».

Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)га деди: «Мендан қўйингга хашак бўлса ҳам сўра, кичик нарсани сўрашга ҳаё қилма, бахиллик қилиб Мендан сўрашга қўрқма».
Аллоҳ билгувчироқдир.

“Маърифат манзиллари”

(Ҳаким Термизий асарларидан сайланма)дан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган

Мақолалар

Top