muslim.uz
Ҳаж сафарлари бошқаруви: тарих ва шариат ҳукмлари
Мусулмонларнинг тартибли равишда, ҳузур ва ҳаловатда муқаддас шаҳарларни зиёрат қилиб келишлари, у ердаги вазифларни шариъат қоидаларига мувофиқ, тўла-тўкис адо этишларини таъминлаш ҳар доим муҳим масала бўлиб келган. Ислом динининг беш устунларидан бири бўлган ҳаж борасида, Қуръони каримда 25 оят ва алоҳида бир сура ҳам нозил қилинган.
Ислом инсондаги эътиқодсизликни қанчалик қоралаган бўлса, жамиятдаги бўлиниш ва гуруҳбозлик оқибатида келиб чиқувчи фитналарни ҳам худди шундай мусулмонлар учун катта хавф, дея қарайди. Бирлик ва бирдамлик дини бўлмиш ислом дини тартибсизлик, интизомсизлик ва бўлинишдан қайтаради.
Ислом динига кўра, тартиб-интизом кичик бир жамоадан тортиб, бутун жамият учун муҳим саналиб келган. Шунинг учун Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар уч киши сафарга чиқса, улардан бирини бош қилиб олишсин” (Имом Абу Довуд ривояти), дея таъкидлаганлар. Ҳатто уч кишилик кичик бир жамоада ҳам мутлақо бир масъул шахснинг бўлиши динимизда буюрилган амаллардандир.
Милодий 630 йилда Макка шаҳри мусулмонлар томонидан фатҳ этилгач, ҳаж карвонининг хавфсизлиги ва эҳром ҳамда ҳарамдаги қоидаларга риоя қилинишини назорат қилиш, ўргатиш учун “амир ул-ҳаж” яъни ҳаж амири вазифаси жорий этилди. Маккада ушбу вазифага илк бор Аттоб ибн Асид (р.а.) тайинланган бўлса, 631 йилдаги ҳаж мавсумида 300 кишилик ҳаж карвони билан Мадинадан йўлга чиққан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ушбу вазифа юклатилган эди[1]. 632 йилга келиб, ҳаж амири вазифасини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бажарганлар ва ушбу йилги ҳаж тарихда “Видолашув ҳажи” сифатида қолгани маълум[2].
Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида, ҳаж амири вазифасини маълум бир вақт ўзлари, сўнгра ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу юритган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврида халифанинг ўзи билан бир муддат Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳаж амири бўлган. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик йилларида ҳам бир муддат Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу вазифани ўз зиммасига олган[3]. Ҳазрати Алининг халифалик даврида 657 йилда Убайдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳаж амири этиб тайинланган ва шу билан бир қаторда, Шом волийси Муовия ибн Абу Суфён ҳам Язид ибн Шажара Руҳовийни ҳаж амири ўлароқ Маккага жўнатади. Икки амир Маккада учрашишгач, ўртада бироз келишмовчилик юзага келади ва охири Шайба ибн Усмон розияллоҳу анҳу ҳаж амири вазифасини юритишига келишиб олинган[4]. Шунингдек, 658 йилда Макка волийси Қусам ибн Аббос ва 660 йилда Шайба ибн Усмон ҳаж амири бўлган[5].
Турли ҳудудлардан келган зиёратчиларни Маккага олиб бориб, ибодатларини шариат қонун-қоидаларига мувофиқ адо этишларини таъминлашга масъул бўлган ҳаж амири вазифаси Умавийлар ва Аббосийлар даврида ҳам давом эттирилган. Жумладан, халифалар Муовия, Марвон ибн Ҳакам, Абдулмалик ибн Марвон, Валид, Сулаймон, Ҳишом ва бошқа умавий хонадони вакиллари ушбу вазифани ўз зиммаларига олган. Аббосийлардан Абу Жаъфар Мансур етти марта, ал-Маҳдий бир марта, Ҳорун ар-Рашид эса тўққиз марта ҳаж амири бўлган. Умавийлар ва Аббосийларнинг даврида ҳожилар тўпланадиган марказлар Шом ва Бағдод бўлган ва ҳаж амирлари ҳам ушбу шаҳарлардан Макка сари йўлга чиқишган. Мўғуллар босқинидан кейин Мамлук султони Бойбарс Аббосий халифа Зоҳир Биллаҳнинг ўғли Аҳмадни Қоҳирага келтириб, Мустансир Биллаҳ номи билан “халифа” деб эълон қилган[6]. Шу тариқа, Макка ва Мадина идораси Мамлук сулолалари қўлига ўтгач, ҳаж амирининг ҳаракат Маркази Қоҳирага ўтган. Мамлуклар даврида ҳаж амирининг вазифаси турли минтақалардан келадиган ҳаж карвонларини хавфсиз бир шаклда олиб келиш билан чекланган[7].
1517 йилда Миср ва Ҳижознинг Усмонийлар бошқаруви остига ўтиши натижасида ҳаж амирлари ҳам усмоний султонлар томонидан тайинлана бошлаган. Усмонийлар даврида бир вақтнинг ўзида икки киши ҳаж амири этиб тайинланган. Ҳаж амирларидан бири Шомда бўлса, иккинчиси Қоҳирада ўтирган. Шомдаги ҳаж амири Онадўли, Эрон, Марказий Осиё, Шом ва Ироқдаги ҳожиларни тўплаб, Маккага олиб борган ва Қоҳирадаги амир Шимоли Африка ва Миср атрофидаги зиёратчиларнинг ҳаж қилишларини таъминлашга масъул бўлган[8].
Фиқҳий манбаларда ҳам ушбу ҳаж амири ва унинг вазифалари ҳақида батафсил тўхталиб ўтилган. Жумладан, олим Абул Ҳасан Мовардийнинг асрлар давомида мусулмон олами давлат ҳуқуқий тизими учун асосий манба бўлиб келган “Ал-аҳкам ас-Султонийя” асарининг “Ал-Вилояту ‘ала-ҳажж” (“Ҳаж бошқаруви”) бобида ҳаж амирининг вазифаларини икки қисмга бўлган:
Биринчиси, ҳаж сафарини ташкил этиш, бошқариш ва йўллардаги хавфсизликни таъминлашдаги амирлик. Ҳаж сафарини ташкил этиш, зиёратчиларни бошқариш ва йўлларда тартибни сақлаган ҳолда хавфсизликни таъминлаш вазифаси бу ўзига хос раҳбарликни талаб қилувчи вазифа саналади. Бу борада олим Абул Ҳасан Мовардий ҳаж амири қуйидаги хислатларга эга бўлиши кераклигини таъкидлаган:
а) Шижоатли, виқорли ва жиддий киши бўлиши;
б) Сезгир, фавқулодда ҳолатларда тез қарор қабул қила оладиган, тартибли сафар ташкил эта олувчи;
в) Ўзига ишонган, жасур киши бўлиши[9].
Шунингдек, Мовардий ҳаж сафарларини ташкил этиш ва бошқаришда ҳаж амири қуйидагиларга эътибор беришини таъкидлаган:
- Ҳаж карвонининг тарқалмаслиги ва турли муаммоларга дуч келмаслиги учун жамоа бўлган ҳолда ҳаракат қилишлари, тўхташ жойларида барчанинг тўпланиши;
- Ҳар бир кичик гуруҳларда биттадан йўл кўрсатувчининг бўлиши ва йўл кўрсатувчилар бир-бирлари билан боғланган ҳолда ҳаракат қилишлари керак ҳамда барча зиёратчилар ушбу йўл кўрсатувчиларга эргашишлари лозимлиги;
- Карвон учун энг хавфсиз йўлни аниқлаш, уловларнинг озиқ-овқати тугаган пайтда тезда сув ва озиқалар топиш имкониятига эга йўллардан юриши;
- Сафар давомида йўловчиларга юмшоқ муносабатда бўлиши, касалланиб қолганларни қийнаб қўймаслиги керак ёки ярим йўлда қолдириб кетмаслиги кераклиги;
- Сафар асносида ва тўхташ жойларида турли фитначилар зиёратчиларнинг орасига кириб, турли фитна ва фасодларнинг тарқалишига йўл қўймаслиги;
- Ўғри ва киссавурлардан ҳожилар мол-мулкларини ҳимоя қилиши лозим. Керак бўлса, куч билан бўса-да, бунга йўл қўймаслик ва имкон бўлса, бу борада ҳожилардан ҳам ёрдам олиш, аммо ҳаж амирининг бу борада ҳожиларни мажбурлашга ҳаққи йўқлиги;
- Ҳожилар орасида келишмовчилик ёки ихтилоф юзага келган тақдирда, уларни муросага келиштириш.
- Итоат қилмаган ёки хиёнат қилган йўловчиларни огоҳлантириб, керак бўлса, жазолаш. Лекин жазолашда чегарадан чиқилмайди. Ҳаж амири йўлларда турли ихтилофли вазиятларни бартараф қилиш учун фатво бера оладиган даражадаги киши бўлиши кераклиги;
- Ҳаж сафари учун қулай вақтни танлаш, ноқулай вақтда йўлга чиқариб, ҳожиларни овора қилмаслик лозимлиги;
- Ҳаж сафарини бошқарувчи киши шундай вақтни танлаши керакки, ҳожилар Мийқотга етиб борганларида эҳромга кириб, суннатларни хотиржам адо эта олиши, Арафотга бемалол чиқиш имкониятига эга бўлишлари лозим. Ҳаж тугагач, ҳаж амирлари ҳожиларни қайтишга шошилтирмаслик ва уларга бир неча кун фурсат беришлари керак.
Шунингдек, Абул Ҳасан Мовардий ҳаж амири ҳожиларни Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг равзаларини зиёрат қилишлари учун Мадинага ҳам олиб бориши даркорлигини ҳамда Мадинада бир неча кун қолиб, ҳожиларга Масжиди набавийда намоз ўқишлари учун имконият берилиши кераклигини ҳам қайд этиб ўтган[10].
Иккинчиси, ҳаж ибодатини адо этиш жараёнидаги амирлик. Ҳаж ибодати маълум бир вақтда, шариатда белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ амалга ошириладиган амаллардан иборат. Ҳажни тўла-тўкис адо этилишини назорат қилиб бориш учун ҳаж амирининг фиқҳий қоидалардан хабардор, билимли киши бўлиши талаб этилади. Ҳаж асносида ҳаж амири ҳожиларга имом ўтиши керак бўлган вақтлар ҳам бўлади, ушбу жиҳатдан унинг шариатда имомларга қўйилган маълум талабларга ҳам жавоб бериши керак. Ҳаж амирининг ҳаж пайтида қуйидагиларга амал қилиши лозим:
- Ҳаж амири ҳожиларнинг қачон ва қаерда эҳромга киришларини, ҳажни адо этиладиган жойларда жамоа бўлиб ҳаракат қилишни таъминлаши, амалларда бошқарувчига итоат қилишни буюриши;
- Шариатда буюрилган ҳаж амалларининг кетма-кетлик тартибига эътибор бериш. Зеро аввал қилиниши керак бўлган амални кейин қилиб бўлмайди. Ҳатто мустаҳаб ибодатларнинг ҳам тартибини назорат қилиши;
- Ҳажда туриладиган жойлар (Арафот ва Муздалифа) ва вақтини билиши даркор;
- Динда кўрсатилган амалларда ва дуо қилганда жамоатнинг “Амин” деб ҳаж амирига итоат қилиши;
- Ҳожиларни хутба намозларда бир жойга жамлаш ва ҳаж хутбалари ўқиладиган вақтларда жамоатга имомлик қилишикерак[11].
Умуман олганда, ҳаж амирларидан ҳажнинг қоидалари ва ҳукмларини амалий ҳамда назарий жиҳатдан тўлиқ билиши талаб этилган.
ХVI асрдан бошлаб, ҳаж йўлларининг асосий қисми усмонийлар давлати назорати остига ўтиши натижасида ҳаж амирлари ҳам улар томонидан тайинланиб борилган. ХVIII асрнинг охирларига қадар ҳаж амирлари ҳаж сафарларини ташкил этишда фаол бўлишган, аммо кейинчалик қуруқликдаги ҳаж йўлларининг назоратсиз қолиши оқибатида ушбу вазифа амалий жиҳатдан ўз аҳамиятини йўқотган. Шу жумладан, ушбу ҳолат ўтган асрларда Ўзбекистон ҳудудидан борган ҳожиларнинг сафарларига ҳам таъсир этмасдан қолмаган.
ХIХ аср охири – ХХ аср бошларига келиб, денгиз йўлларининг ривожланиши, қатновларнинг қулайлашиб бориши натижасида мазкур ҳаж амири вазифаси билан боғлиқ тариб-қоидалар издан чиқа бошлаган. Ҳожилар ўз юртларидан маълум гуруҳларга бўлиниб, порт шаҳарлар бўлмиш Бомбей, Одесса, Истанбул, Яффа шаҳарлари қуруқликдан эса, Бағдодда тўпланган ҳолда сафар қилишган. Ҳаж йўллари мустамлакачи давлатлар назоратига ўтиши, дeнгиз йўлларининг очилиши ва пароходлар қатновининг йўлга қўйилиши натижасида ҳожилар турли йўлларда кичик гуруҳларга бўлиниб ёки ёлғиз ҳолда ҳаж сафарига чиқа бошлаган. Бу эса, ўз навбатида, назоратнинг йўқлиги, тарқоқлик натижасида турли юқумли касалликлар кeнг миқёсда авж олишига сабаб бўлган. Жумладан, Ҳижозда тарқалган вабо натижасида, биргина 1890 йилнинг 22 июль ва 22 август ойларига тўғри келган ҳаж мавсумида 2535 киши вабодан вафот этган. Шундан, 82 нафарини туркистонлик зиёратчилар ташкил қилган[12].
Ҳаж йўлларида ҳожиларга йўл кўрсатиш, таржимонлик хизматларини ташкил этиш учун Маккада мутаввифлар (тавоф қилдирувчилар) ҳам фаолият юритишган. Улар ҳожиларга йўл кўрсатиш билан бир қаторда ҳаж ибодатини адо этишлари учун ҳам ёрдам бериш. Кейинчалик мутаввифлар “далил” ёки “даллол” деб ҳам атала бошланган. Дастлаб даллоллар Макка волийсининг махсус фармони билан тайинланиб, улар асосан Маккада истиқомат қилган. Жидда, Истанбул ва Бомбей порт шаҳарларида эса, уларнинг вакиллари фаолият юритган[13]. Вақт ўитиши билан уларнинг фаолият доираси кенгайиб зиёратчиларга параход ва поездлар учун билетлар олиш, таржимонлик, мусофирхона, меҳмонхона ва такяларга жойлаштириш каби хизматларни кўрсатишган ҳамда йўлбошчилик ишларини ҳам улар бажаришган. ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида ҳаж йўлларидаги шаҳарларда “Бухоролик даллоллар”, “Доғистон даллоллари”, “Қирим даллоллари”, “Қозон даллоллари”дан иборат бир неча гуруҳ даллоллар фаолият юритган. Хусусан, булардан, “Қозон даллоллари” ва “Бухоролик даллоллар” Ўрта Осиёдан борган зиёратчиларга хизмат кўрсатган[14]. Лекин, мазкур асрларда ёзилган ҳажнома ва ҳаж зиёрати эсдаликларида даллоллар фаолияти қаттиқ танқид остига олинганини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Жумладан, 1891 ҳажга борган Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Фурқат ўзининг ҳаж сафари эсдаликларида асли туркистонлик бўлган Сулаймонхўжа исмли бир фирибгар даллолнинг зиёратчиларга билет олиб бериш баҳонасида уларни пулларини алдов йўли билан олиб қўяётгани ва унга нисбатан Туркистон ҳукумати томонидан чора кўриш кераклиги ҳақида ҳам ёзади[15].
Шунингдек, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам ўзининг “Саёҳат эсдлаликлари”да ҳаж йўлларидаги даллоллар ҳақида ёзар экан, қуйидагиларни қайд этади: “Шоми шариф муҳаттасиға индим. Бир неча туркистоний, эроний ва араб даллол хизматчилар атрофимни олдилар. Ҳар бири тумшуқинг остиға суқулиб, ўз манзилига сени таклиф этиб, бошқасини манзилини ёмонлайдур. Чарчаган кишини яна кулфат бериб, номулойим ҳаракатлар билан асабинга тегадур… Дедим: Сиз мамлакатдан келиб, шу қадарми одамгарчиликдан чиқдингиз”[16].
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, ҳаж йўлларидаги расмий даллол ва вакиллардан ташқари норасмийларининг фаолияти ҳам авж олган. Тил, йўл ва давлатлардаги қонун-қоидалардан бехабар содда ҳожилар ва зиёратчиларнинг мол-мулк, пуллари мазкур сохта даллоллар томонидан талон-тарож қилинган. Ҳатто, уларнинг домига тушган ҳожилар йиллаб, балки бир умр ўз ватанларидан олисларда ҳеч вақосиз қолиб кетишган.
Музаффархон Жониев,
Ўзбекистон халқаро Ислом академияси таянч докторанти.
[1] Ибн Асир. Ал-Камил фий ат-тарих. Қоҳира. 1348. Ж. 2. – Б. 291
[2] Абул Ҳасан Масъудий. Муруж уз-Заҳаб. Матбаъат ут-Тижорийя. – Қоҳира. 1965. Ж.9 – Б. 55
[3] Ибн Асир. Ал-Камил фий ат-тарих. Қоҳира. 1348. Ж. 3. – Б. 20, 38
[4] Абул Ҳасан Масъудий. Муруж уз-Заҳаб. Матбаъат ут-Тижорийя. – Қоҳира. 1965. Ж.9 – Б. 55
[5] Ибн Асир. Ал-Камил фий ат-тарих. Қоҳира. 1348. Ж. 3. – Б. 111, 575
[6] Ибн Асир. Ал-Камил фий ат-тарих. Қоҳира. 1348. Ж. 4. – Б. 296
[7] Münir Atalar. Emîr-i hac. www.islamansiklopedisi.org.tr
[8] Ўша манба. www.islamansiklopedisi.org.tr
[9] Абул Ҳасан Мовардий. Ал-Аҳком ас-Султонийя ва-л-валаят ад-динийя. Дор ул-ҳадис. – Қоҳира. 2006. – Б. 172.
[10] Абул Ҳасан Мовардий. Ал-Аҳком ас-Султонийя ва-л-валаят ад-динийя. Дор ул-ҳадис. – Қоҳира. 2006. – Б. 172-173.
[11] Абул Ҳасан Мовардий. Ал-Аҳком ас-Султонийя ва-л-валаят ад-динийя. Дор ул-ҳадис. – Қоҳира. 2006. – Б. 173.
[12] Қосим Иззиддин Пошо. Маккаи Мукаррамада Колера ва ҳифзусиҳҳа. Истанбул: Маҳмуд Бек Матбаъаси. 1327/1910. – Б. 55
[13] Яровой-Равский В.И. Паломничество (хадж) в Мекку и Медину // Сб. материалов по мусульманству. – 1899. – Т. 1. – С. 140-141.
[14] Sibgatullina, Elfine, “19. ve 20. Yüzyıl Başında Rusya Müslümanlarının Hacca Gidiş Yolları”, Uluslararası Türk-İslam Dünyasının İslamiete Katkıları Sempozyumu, Isparta 2007, S. 521-524.
[15] Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат. Саёҳат хотиралари. Туркистон вилояти газети. Тошкент. 1892. №10. – Б. 4
[16] Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар / Нашрга тайёрловчи ва тўпловчи: проф. Б.Қосимов. – Т.: Маънавият. 2006. – Б. 105
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидан лавҳалар: Аллоҳнинг изни билан (Аудио)
Бухорийлар қандай тарбия қилинади?
Она меҳри, заковати, фидойилиги… Бу фазилатлар ҳақида китоблар ёзилган, ашъорлар битилган… Бола парвариши, тарбияси, унинг билимли, интизомли, ҳунарли қилиш чоралари босқичма-босқич ўргатилган. Бугунги ахборот асрида бу мавзуда истаганча маълумот топиш мумкин: боланинг ривожланиш босқичи, кунма-кун, қадамма-қадам қандай парвариш қилинади, неча ёшида нима ўргатилади… Бола психологияси қандай? Унга нима дейиш мумкин-у, нимани айтмаслик лозим…
Бироқ, шунга қарамай, бир пайтлар – ўша қадим замонлардагидек зукко, одоби гўзал болаларни етиштириш ҳеч кимнинг қўлидан келмаяпти. Бухорийлар, Термизийлар, Ибн Синолар, Замахшарийлар… Нега ўзи эгаллаган соҳада карвоннинг энг бошида туриш билан бирга, комил мўминлик ҳаётини яшай оладиган, Аллоҳга чин бандалик қиладиган мукаммал шахсларни тарбия қилолмаяпмиз?! Бугун тарбия борасида кўплаб манбаларда болалар ҳамма пайт яхши кўрилиши, уларга ҳеч қачон жаҳл қилинмаслиги кераклиги, уларга кўпроқ диққат-эътибор қаратилиши даркорлиги айтилмоқда. Замонавий педагогика эса фарзандни шаҳзода ёхуд маликадек ардоқлашни, шароитлар яратилишини тарғиб этмоқда. Тан олиб айтиш керакки, бу тарбия услублари ўзини оқламади. Уларга амал қилинганда, ўзидан бошқани ўйламайдиган, худбин, манфаатлар ортидан чопадиган, жонини койитмай кун кўриш пайида бўладиган бир авлод етишиб чиқмоқда. Афсуски, исломий эътиқоддаги оилалар ҳам бу каби фикрлардан таъсирланмоқдалар ва мусулмонларнинг фарзандлари ҳам гўзал аҳлоқдан йироқлашмоқда.
Бироқ мазкур замонавий фикрлар, психологлик қарашлар ва педагогик тадқиқотлар ўзини оқлай олмади. Шундай экан, аждодларимизнинг тажрибадан ўтган, ўзини оқлаган тарбия усулларига, яъни болаларимизни Қуръони Карим ва ҳадиси шарифга кўра тарбиялашга қайтишимиз лозим.
Болаларни яхши кўриш, уларга шафқат кўрсатиш керак. Шу билан бирга бир имтиҳон воситаси эканликлари учун уларни назорат ҳам қилиш керак. Яъни, Аллоҳ Таоло бола тарбияси борасида ҳам биз учун бир мезон бўладиган ишоратларни кўрсатган. Қуръон билимларига суянган ҳолда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бола тарбиясига қандай ёндашганларини ўргансак, инсон фитратини камол топтиришда хатога йўл қўймаймиз, инша Аллоҳ.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 7-сонидан
Исломда соғлиқни сақлашнинг йўллари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ислом соғликнинг Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат эканини, унинг учун банда шукр килиши лозимлигини таъкидлаш билангина кифояланиб қолмайди. Ислом соғлиқни сақлашнинг йўлларини ҳам ўргатади. Келинг, ўша нарсалардан баъзиларини жуда ҳам қисқа равишда ўрганиб чикайлик.
1. Тозаликка риоя қилиш.
Ислом соғлиқни сақлаш борасида катта аҳамият берган нарсалардан бири тозаликка риоя қилишдир. Дунё тарихида ҳеч ким, ҳеч кандай тузум ва дин тозаликка риоя қилишга Ислом диничалик аҳамият бермагани маълум ва машҳурдир.
2. Соғликка зарар етказувчи ва атрофни ифлос қилувчи нарсалардан қайтариш.
Ислом маданиятида мусулмонларга покиза бўлиш билан бирга, юксак дидли бўлиш ва атроф-муҳитни ифлос қилмаслик ҳамда кишилар соғлиғига зарар етказувчи тасарруфлар қилмаслик уқтирилади. Чунки бундай ишлар турли хасталиклар тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.
3. Бадантарбия.
Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканлигини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича бадантарбияга эътибор беришга ҳаракат қилади. Бу нарсага айниқса ривожланган давлатларда одамлар ниҳоятда берилган. Ҳамманинг кучли, қувватли, эпчил, соғ-саломат бўлгиси келади ва хасталикларга чалинмасликка ҳаракат қилади. Бунинг учун эса бадантарбия билан шуғулланишни одат қилиш лозим.
Исломда бу ишга алоҳида эътибор берилган. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоху алайҳи васалламнинг баъзи ҳадиси шарифлари ҳам бор.
4. Соғлик учун зарарли нарсаларнинг ҳаром қилиниши.
Исломда соғлиқни сақлаш йўлида кўрилган чораларнинг энг муҳими инсон соғлиғи учун зарарли бўлган нарсаларнинг ҳаром қилинишидир. Ҳозирги кунга келиб, соғликни сақлаш бўйича анча муваффақиятларга эришилган бўлса ҳам, ушбу соҳада, яъни инсон соғлиғи учун зарарли бўлган нарсаларнинг ҳаром қилинишида бошқа бирорта дин Ислом диничалик деярли ҳеч нарса қила олгани йўк. Исломда эса бу масала бир минг беш юз йил илгари ҳал этилган.
5. Исроф ва қизғанчиқликнинг ҳаром қилиниши.
Исломда инсон соғлиғини сақлаш мақсадида ўзига керакли нарсаларни ҳам меъёридан оз еб, ўзини-ўзи хасталикка мубтало қилмаслик учун қизғанчиқ бўлиш ҳаром қилинган.
Шу билан бирга, Исломда соғликка зарарлиги эътиборидан ҳаддан ташқари кўп тановул қилиш ҳам ҳаром қилинган.
6. Жисмни толиқтиришдан қайтариш.
Исломда инсоннинг ўзини-ўзи толиқтириши ман қилинган. Агар бу толиқтириш ибодат орқали бўлса ҳам мумкин эмас. Мисол учун, кишиларнинг нафл намозни ҳаддан ташқари кўп ўқиб, ўзини толиқтиришига шариат қарши туради. Чунки бу нарса соғликка зарар келтириши мумкин. ІШунингдек, ҳаддан ташқари кўп нафл рўза тутиб, ўзини чарчатиш ҳам мумкин эмас.
7. Соғлиқни сақлаш мақсадида енгиллик ва рухсатлар берилган.
Исломда айнан соғлиқни сақлаш мақсадида Аллоҳ таоло фарз қилган баъзи ибодатларни енгиллаштириш, кейинга суриш ёки бутунлай кечириб юбориш йўлга қўйилган.
Мусулмонларнинг тиббиёт бўйича эришган ютуқларини, яна бу соҳага тегишли бошқа нарсаларни ҳам ўрганган мутахассислар жуда ҳам кўп. Ғарблик, европалик тарихчилар, шарқшунослар, тибшунослардан ҳам бу соҳага ўзини бағишлаганлар талайгина.
Ана ўшаларнинг тўплаган маълумотлари, ёзган китоб ва илмий мақолалари, қилган хулосалари билан танишган ҳар бир инсон, Ислом тиб соҳасида мўъжиза яратган экан, деган хулосага келиши турган гап. Аслида ҳам шундай.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ,
«Олам ва одам, дин ва илм» китобидан.
Ялтираган ҳар бир нарса олтин эмас ёҳуд Имоми Аъзамнинг жавоби
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ одатдагидек талабаларга дарс берардилар. Бир киши талаба ва шогирдлари олдида у зотни уялтириш мақсадида саволлар билан мурожаат қилди:
“Бир одамни биламан, уни ҳамма мусулмон дейди, лекин сўзларида куфрнинг аломати учрайди. Мен унинг ҳукмини билмоқчи эдим”.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Хўш, у нималар дейди”? деб сўрадилар.
У бундай дейди, деб унинг айтганларини бирин-кетин санай бошлади:
- жаннатдан умид қилмайман,
- Аллоҳдан ва дўзахдан қўрқмайман,
- ҳеч иккиланмасдан ўлимтик гўштни истеъмол қиламан,
- намозни руку ва саждасиз адо этаман,
- ҳақиқатни ёмон кўраман, фитнани яхши кўраман,
- кўрмай туриб, гувоҳлик бераман.
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ шогирдларига юзланиб, сизлар бу одам ҳақида қандай фикрдасиз? деб сўради.
Шогирдлари унинг бу сўзлари Худога шаккоклик қилишдир, деб жавоб бердилар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шогирдларининг жавобидан қониқмай, ўзи ушбу сўзларнинг ҳикматини изоҳлашга киришди.
Бу одам ҳақиқий, иймони мустаҳкам мўминдир. Унинг жаннатдан умид қилмайман, дегани жаннатнинг яратувчиси Аллоҳдан умид қиламан деганидир.
Дўзаҳдан қўрқмайман, дегани унинг эгасидан қўрқаман деганидир.
Аллоҳдан қўрқмайман дегани – Аллоҳнинг ҳукми адолатсиз бўлмай, бандага ҳеч қандай зулм қилинмаслиги ва адолатли ҳукмдан умидвор бўлишини англатади.
Ўлимтик гўштни ейман, дегани балиқни ейман деганидир.
Руку ва саждасиз намозни адо этаман, деганда жаноза намозини назарда тутган.
Ҳақиқатни ёмон кўраман деганда ўлимни ёмон кўраман деган. Ўлим ҳақлигини билсак-да, уни ҳаммамиз ҳам яхши кўрмаймиз. Мўмин-мусулмон кўпроқ савобли амалларни қилиш мақсадида узоқ умр кўришни истайди.
Фитналарни яхши кўраман, дегани бойлик ҳамда бола-чақани яхши кўраман, деганидир. Чунки Қуръони каримда мол-дунё ҳамда фарзандлар фитна сифатида зикр этилган.
Кўрмай туриб гувоҳлик бераман, дегани Аллоҳ ва қиёматнинг ҳақ эканига гувоҳлик бераман деганидир.
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг жавобларини тинглаган одам ўзига-ўзи мен шундай олимни ўзимга душман билиб юрибман-ми, нақадар ўткир зеҳнли ва фаросатли инсон экан дея Абу Ҳанифанинг қўлидан тутиб, кечирим сўради.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади