muslim.uz

muslim.uz

بسم الله الرحمن الرحيم

 

Муҳтарам жамоат! Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий диндир. Зеро, инсоннинг дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олиши ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ва Пайғамбаримиз ﷺ нинг қатор ҳадисларида ушбу маънолар баён этилган. Илм –руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ  (سورة المجادلة/11).

яъни: ... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

Пайғамбаримиз ﷺ ҳам илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканлигини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар:

"فَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِي عَلَى أَدْنَاكُمْ" (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: “Олимнинг обиддан устунлиги худди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан устунлигим кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак. Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит رضي الله عنه нинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб, кибрланса жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли". 

Муҳтарам азизлар! Кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта, бунинг учун устоз зарур. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш,  яъни, устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир. Қуръони каримда баён қилинишича, инсониятнинг аввали Одам Ато ҳам ўз замонаси учун зарур бўлган илмларга муҳтож бўлганидан Аллоҳ таолонинг ўзи у зотга таълим берди.

وَعَلَّمَ آَدَمَ الْأَسْمَاءَ كُلَّهَا  (سورة البقرة/31).

яъни: (Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди” (Бақара сураси, 31-оят). 

Ҳар бир замонда Аллоҳ таоло инсониятга илму ҳикмат ўргатиш учун пайғамбарларини юбориб турди. Жумладан, охирзамон пайғамбари Муҳаммад ﷺ ни шундай шарафли вазифа билан юборди.

لَقَدْ مَنَّ اللَّهُ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولًا مِنْ أَنْفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ (سورة آل عمران/31).

яъни: “Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар” (Оли Имрон сураси, 164-оят).

 Бу ҳақда Пайғамбар ﷺ нинг ўзлари:

"... وَإِنَّمَا بُعِثْتُ مُعَلِّمًا" (رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ مَاجَه).

яъни: Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти). Мана шунинг ўзи ҳам устозлик қай даражада юксак мартаба эканлигини кўрсатади.

Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савоб иш. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ ﷺ бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

"إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتُ فِي الْبَحْرِ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ" (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли,  ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчига саловот айтадилар (Имом Термизий ривояти).

Муҳтарам жамоат! Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь куни “Устозлар ва мураббийлар куни” деб белгиланиб, шу кунда халқимиз байрам қилиб, устозларга кўпроқ хурмат-иззат кўрсатадилар, дилларига хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қиладилар.

Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда, беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

Ҳақиқатан ҳам, “устоз отангдек улуғ” деб, аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни  отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: “Отам мени ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб, кўкка етишимга сабаб бўлди”, – деган экан.

Динимиз таълимотига кўра, ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса, арзийди.

Муҳтарам жамоат! Устоз ва талабалар амал қилишлари зарур бўлган одоблар мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини баён қиламиз. Ўқитувчига тегишли одоблар:

  • Ниятни холис қилиш. Яъни, ўқитувчи илм бериши орқали савоб олишни умид қилиши ва ўқувчиларга манфаат етказишни ният қилиш.
  • Кўп кулгу ва ҳазил-мутойибадан сақланиш. Албатта, муаллим очиқ чеҳралик, мулойим, ширинсўз, дардкаш ҳамда меҳрибон бўлиш билан бирга, ўзига ярашмайдиган, ноўрин кулгудан тийилиши, ҳазил қилса ҳам, енгил, оғир келмайдиган тарзда қилиши мақсадга мувофиқ. Ўқитувчининг ўта жиддий бўлиши талабани билмаган нарсасини сўрашдан, унга яқин бўлишдан ва дардини бемалол айтишдан тўсади.
  • Ўқувчиларни билим олишга қизиқтириш. Демак, ўқитувчи билимли кишиларнинг аввало ўзларига, қолаверса, жамиятга фойдалари тегиши, уларга ваъда қилинган савоб ҳақида ўқувчиларига тез-тез эслатиб туриши жуда муҳим.
  • Дарс давомида талабанинг илмий салоҳияти ва иқтидорига мос ўртача йўлни танлаш. Ҳар бир инсоннинг маълумот олиш қобилияти ва ёдда сақлаш кўникмаси турфа бўлгани сабабли, талабанинг шахсий хусусиятларига жиддий эътибор бериш ҳамда кўнглига йўл топа олиш ўта муҳим.
  • Ўқувчиларни бир-биридан ортиқ кўрмаслик. Ўқитувчи ҳам ота кабидир, шунинг учун ҳар бир ўқувчисини ўз фарзандидек кўриши, биридан бошқасини ажратмаслиги керак.
  • Талабаларга дунёвий ва диний билимларни баробар олиб боришни, замонавий билимларда орқада қолмасликни ўргатиш.
  • Чиройли хулқлар ва яхши хислатлардан сабоқ бериш. Бу соҳада ўқитувчи кўп йиллик тажрибаларидан фойдаланиш.
  • Ўқувчи хато қилса, тўғри йўлга йўллаш. Бунда қўполлик ва дилозорликдан сақланиб, улуғ аждодларимиз ҳаёти, ибратли воқеалар билан талабани яна тўғри йўлга йўллаб қўйилади.
  • Ёш ва мансаб жиҳатдан ўзидан паст инсондан бўлса-да билмаганларини ўрганишни ор қилмаслик. Чунки ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсаси бўлиб, қаерда топса олаверади. Алишер Навоий бобомиз айтадилар: “Сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим”.
  • Қайси ҳунар ва фан ўқитувчиси бўлишидан қатъи назар, ўз соҳасини пухта билиш. Муаллим ўз устида кўп ишлаши, керак бўлса, талабадан кўпроқ дарс қилиши керак.
  • Ўзига раво кўрганини ўқувчиларига ҳам илиниб, ёмон кўрганларини уларга ҳам раво кўрмаслик.
  • Ўқувчилари ҳаққига яхши дуолар қилиб, уларга яхшиликни соғиниш. Чунки устознинг дуоси худди ота-онанинг фарзандига қилган дуоси кабидир.

Баркамол авлод ва соғлом жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва икки дунё саодатига мушарраф этишини сўраб, дуолар қилиб қоламиз!

Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида намоз вақтлари ҳақида суҳбатлашамиз.

  1. Бомдод намози: Бомдод намозининг вақти субҳи содиқдан (уфқда кенг ёйилган ёруғликдан) қуёш чиққунигачадир. Бомдод вақти киргандан бошлаб қуёш тўлиқ чиқгунигача Бомдоднинг икки ракат суннатидан бошқа нафл намоз ўқиш макруҳ саналади. Аммо қазо намоз ўқиса бўлади. Бомдод намозини ўқиш пайтида қуёш чиқиб қолса, Бомдод намози тўхтатилади ва қуёш тўлиқ чиққандан кейин қазоси ўқилади. Бугунги Бомдоднинг қазосини заволгача ўқиса, суннати билан бирга қазоси ўқилади. Заволгача ўқилмаса, фарзини ўзи қазо қилинади. Бомдодни суннатига улгурмай, фарзини жамоат билан ўқиган киши фарздан кейин суннатни ўқимайди.
  2. Пешин намози: Пешиннинг вақти қуёш заволга оғганидан ҳар бир нарсанинг сояси заволдаги соядан ташқари ўзининг бўйига икки баробар бўлгунигачадир. Қуёш қиёмдан заволга қараб оғгандан бошлаб Пешин намозининг вақти кирган бўлади. Заволдаги соядан ташқари ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг бўйига икки баробар келгунича Пешин вақти ҳисобланади. Бу Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фатволаридир.
  3. Аср намози: Асрнинг вақти ҳар бир нарсанинг сояси заволдаги соядан ташқари ўзининг бўйига икки баробар бўлганидан бошлаб қуёш ботгунигачадир. Аср намози адо қилинганидан кейин Шом намози ўқилгунигача нафл намоз ўқиш макруҳ ҳисобланади. Аммо қазо намоз ўқиса бўлади. Асрга айтилган азондан кейин такбир айтилгунигача, бемалол нафл намоз ўқиса бўлади. Аср намозини қуёшни нури кўзни қамаштирмайдиган даражада кечиктириб ўқиш макруҳдир. Киши бугунги Аср намозини ўқиш пайтида қуёш ботиб қолса, охиригача давом эттираверади.
  4. Шом намози: Шомнинг вақти қуёш ботганидан шафақ йўқолгунигача. У (шафақ) уфқдаги қизилликдир ва шунга фатво берилган. Шом намозини доимо (йилнинг барча фаслларида) вақти кириши билан ўқиш мустаҳабдир. Демак, Шом намозининг вақти қуёш уфқга ботиши билан бошланиб уфуқдаги қизиллик йўқолгунигача давом этади.
  5. Хуфтон намози: Хуфтоннинг вақти Шомнинг вақти тугагандан бошлаб тонггачадир. Витрнинг вақти хуфтон ўқилгандан бошлаб тонггачадир. Хуфтон намозини кечасини ярмидан кейин ўқиш макруҳ бўлади. Хуфтон ва Бомдодни жамоат билан ўқишни фазилати ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, гўё кечанинг ярмини ибодат билан ўтказгандек бўлади. Ким Бомдод намозини ҳам жамоат билан ўқиса, гўё кечанинг барчасини ибодат билан ўтказгандек бўлади” (Имом Бухорий  ва Имом Муслим ривояти).

Қазо бўлган намозларни куннинг барча вақтида ўқиса бўлади,  фақат қуёш чиқиш, қиёмга келиш ва ботиш вақтлари бундан мустасно. Бу уч вақтда ҳеч қандай намоз ўқиб бўлмайди.

Устозлик мартабасига етиш ва унинг омонатларига риоя этиш ҳар биримизга насиб этсин! Омин!

Шу йилнинг октябрь ойида Мадина шаҳридаги Масжидун Набавийда Қуръон ҳифзи, тиловати ва тафсири йўналишларида халқаро мусобақа бўлиб ўтади. Унда 82 давлатдан 115 киши иштирок этади.

Azon.uz манбаси берган маълумотларга кўра, ушбу мусобақада юртимиз шарафини “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”нинг “Олий мукофот” соҳиби, Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Йўлдошбек қори Нуриддинов ҳимоя қилади. Қори юртдошимизнинг илмига Аллоҳдан барака сўраб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақа Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида 40 йилдан бери илк бор ўтказилмоқда.

Саудия расмий ОАВ берган маълумотга кўра, Қуръон ҳифзи, тиловати ва тафсири йўналишлари бўйича қирол Абдул Азиз танлови 26 муҳаррамда (6 октябрь) бошланиб, сафар ойининг биринчи кунигача (11 октябрь) давом этади.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги

ЎМИ Матбуот хизмати

манба

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги саккиз нафар имомлар Россия Федерациясининг Свердловск минтақасида диний-маърифий суҳбатлар ўтказиш учун жўнаб кетдилар. Улар Тошкент шаҳридаги "Тўра бува" жоме масжиди имом-хатиби Ҳамдамов Шавкат, "Дўстжонбой" жоме масжиди имом-хатиби Атажонов Баҳром, "Али ибн Абу Толиб" жоме масжиди имом-ноиби Мирсадиқов Нурулла, "Қатортол" жоме масжиди имом-хатиби Алимов Аброр, "Шайх Зайниддин" жоме масжиди имом-хатиби Абдукаримов Ҳусниддин, "Катта Қозиробод" жоме масжиди имом-хатиби Юнусов Абдуқаҳҳор, "Новза" жоме масжиди имом ноиби Убайдуллаев Ислом ва "Хўтан" жоме масжиди имом-хатиби Мамадалиев Абдумалик Россияга хизмат сафарига юборилди. Диний-маърифий суҳбатлар Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқаролари билан ташкил этилади. Ушбу тадбирлар Свердловск мусулмонлари диний идораси томонидан ташкил этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Инсон ҳаётда яхши-ёмон, хурсандчилик ва хафачилик кунларни бошидан кечиради. Бундай вазиятларда қандай ҳаракат қилишига қараб, жамиятда ўз ўрнини топиб боради. Агар тақдирнинг зарбаларидан руҳан синмай, тушкунликка тушмай, сабр, тоқат билан фақат олдинга ҳаракат қилса, имкон изласа, Аллоҳ таолонинг марҳамати сабаб ютуққа эришади ва муваффақият қозонади.

Аслида, инсоннинг бахтли кунлари синовли кунларидан, неъматлар эса бало-офатлардан кўра кўпдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Наҳл сураси, 18-оят).

Инсонга берилган энг катта ва қадрли инъомлардан бири ҳаёт, тириклик ва яшаш неъматидир. Қуръони каримнинг икки юздан ортиқ оятида “яратиш” маъносидаги ўзакдан ясалган сўзлар келади. Уларда бевосита инсоннинг ва унга фойдали бўлган нарсаларнинг яратилиши ҳақида сўз кетади. Бу эса инсон бўлиб яралиш Аллоҳ таолонинг катта неъмати эканини билдиради. “Эй одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз!..” (Нисо сураси, 1-оят).

Бошқа бир оятда эса бундай марҳамат қилинади: Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик (Исро сураси, 70-оят).

Шундай экан, энг улуғ неъмат бўлган яшаш ҳуқуқидан одам ўзини-ўзи маҳрум қилиши ўта ношукрлик ва катта гуноҳдир. Чунки инсон ҳаёти унинг мулки эмас, Аллоҳ таоло берган омонатдир.

Аллоҳ таоло жонни берган Зот, уни Ўзи олади. Банда ўз жонига қасд қилса, Аллоҳ таолонинг тақдирига қарши борган бўлади ва Унинг ғазабига учрайди. Динимиз бу гуноҳ ишни қилишга олиб борадиган йўлларни ҳам беркитган. Масалан, мусулмон киши ўзига ўлим тилаши мумкин эмас. Ўзига ўлим тилаган саҳобалардан бири Аббос ибн Абдулмуталлиб (розияллоҳу анҳу)га Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй амаки, ўзингга ўлим тилама, агар сен яхши бўлсанг, ўлиминг орқага сурилиб, яхшилигинг ортгани сен учун яхшидир. Агар ёмон бўлсанг, ўлиминг орқага сурилиб, ёмонлигингдан қайтишинг  сен учун яхшироқдир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Ўз жонига қасд қилиш билан муаммо ҳал бўлмайди, мақсадга ҳам етилмайди. Умрнинг узун бўлиши банда учун катта мукофот ва қулай имкониятдир. Набий (алайҳиссалом): “Сизларнинг яхшиларингиз умри узун, амали чиройли бўлганингиздир”, деганлар  (Имом Аҳмад, Имом Ибн Ҳиббон, Имом Байҳақий ривояти).

Ўз жонига қасд қилиш жиноятининг ечими нимада? Жамиятда юзага келган бу каби муаммолар бир кунда пайдо бўлмайди. Йиллар давомида аста-секин ривожланиб, кейин юзага чиқади. Ўз жонига қасд қилишнинг ҳам турли сабаблари бор: руҳий изтироб, жаҳолат, камбағаллик, адолатсизлик, ҳою ҳавасга берилиш, имонга суянадиган ироданинг йўқлиги ва ҳоказо.

Бу муаммонинг ягона ечими Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидворлик, қалб хотиржамлиги ва сабр-тоқатдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур”. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир» (Зумар сураси, 53-оят).

Бошқа бир оятда бундай дейилади: “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)(Раъд сураси, 28-оят).

Банда ғофил қолса, шайтон уни васваса қила бошлайди. Аллоҳ зикр этилганида эса ортга чекинади. Қалб зикри тафаккур билан бўлади. Яъни, банда Аллоҳ таолонинг неъматларини тафаккур этса, оғир аҳволдаги минглаб ночор одамлар борлиги ва улар ҳам қаноат билан яшаётганини тушуниб етса, шукр қилади, ношукрлигига истиғфор айтади.

Аллоҳ таоло бизга бу дунё қийинчиликларини қандай енгиб ўтиш йўлини кўрсатган: (Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас” (Бақара сураси, 45-оят).

Қийинчиликларга дуч келинганда Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда келган дуоларни ўқиш керак. Дуо ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади: «Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматлар ичра: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг!). Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз» (Анбиё сураси, 87–88-оятлар).

Уламоларимиз мана шу оятга мувофиқ кимнинг бошига мушкул иш тушса, “Лаа илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназ золимийн” дуосини кўп айтсин, дейишади. Шунингдек, истиғфор (астағфируллоҳ)ни кўп айтиш камбағаллик, бефарзандлик ва қурғоқчилик каби муаммоларни ҳам даф қилиши Қуръони каримда зикр қилинган.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мусибат етганда: “Улуғ ва Ҳалим, буюк Аршнинг Рабби, осмонлару ернинг Рабби – Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ”, деб дуо қилардилар (Имом Насоий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга инсоф-тавфиқ берсин, тўғри йўли – ҳидоятидан айирмасин. Халқимиз, динимиз учун фойдали ишларга йўлласин.

 

Ҳикматуллоҳ ТОШТЕМИРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси

Пятница, 21 Сентябрь 2018 00:00

Тиббиёт илмининг аҳамияти

Марказий Осиёда тиббиёт фани кўҳна ва бой тарихга эга. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида қадимдан кенг кўламда олиб борилган илмий ва амалий ишлар кўпгина хасталикларни тўғри ажрата олиш ва уларни асосан халқ табобати ёрдамида даволаш имконини берган. Қадимда, айниқса, IХ-ХII асрларда тиббиёт Шарқда, хусусан, Марказий Осиёда равнақ топди. Ўша даврда юнон тилидан санскрит ва қадимий шарқ тилларига ўгирилган кўпгина тиббий асарлар пайдо бўлди. Жумладан, Аристотель, Диоскорид ва Галеннинг доришуносликка оид асарлари сурёний ва араб тилига таржима қилинди.

Ислом ҳаётнинг бошқа соҳалари қатори тиб соҳасини ҳам тартибга солди, тўғри йўналишга йўллади. Қуйида ўрганадиган ҳадиси шарифлар ана ўша улуғ ишнинг баъзи намуналари ҳисобланади. Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида инсон соғлиғига катта эътибор берилган. Агар бу икки масдарда соғликни сақлаш бўйича келган маълумотларни ўрганадиган бўлсак, улкан хазина топган бўламиз. Исломда сиҳат-саломатлик, тани соғлик Аллоҳ таоло бандаларига берган энг улкан неъматлардан бири ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки неъмат борки, кўп одамлар уларда алданиб қолурлар. Улар соғлик ва  фароғат”, деганлар. Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам очиқ-ойдин қилиб соғликнинг бандага берилган неъмат эканини айтмоқдалар.

Имом Бухорий, Имом  Термизий ва Имом ибн Можалар Абдуллоҳ ибн Мехон ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагини айтганлар: “Кимнинг жасади офиятда бўлса, ўз гуруҳида тинч-омон бўлса ва ҳузурида егани ризқи бўлса гўёки дунёни қўлга киритибди”.

Инсон учун дунёни қўлга киритиш йўлида зарур бўладиган шартлардан энг аввалгиси саломатлик деб эълон қилинишининг ўзи исломда тиббиётга қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан  ривоят қилган ҳадиси шарифда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни бандадан энг аввал сўраладиган неъмат унга, сенинг жисмингни сиҳатлик қилган эмасмидик, сени совуқ сув ила сероб қилган эмасмидик дейилишидир» деганлар. Аллоҳ таоло ўз бандасига берган неъматлар ичида энг аҳамиятлиларидан бўлгани учун ҳам соғлик неъмати ҳақида охиратда биринчи бўлиб сўралади. Шундай экан, банда бу нарсаларнинг қадрига етмоғи керак. Неъматни берган зотга шукр қилмоқ керак. Неъматнинг шукри эса уни берувчи зотга мақтов сўзлари айтиш ва неъматни неъмат бурувчини рози қиладиган йўлда сарфлаш билан бўлади.

Соғлик-саломатлик неъмати муҳим бўлгани учун ҳам пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз умматларига ўша улуғ неъматни доимо Аллоҳ таолонинг ўзидан сўраб туришини амр этганлар. Имом Аҳмад Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилган: “Аллоҳдан яқийнни ва мустаҳкам соғликни сўранглар. Ҳеч бир кимсага яқийндан кейин офиятчалик яхши нарса берилмаган”.

Яқийнн мустаҳкам имондир. Демак, Аллоҳ таоло бандаларига берган неъматлар ичида  энг биринчи ўринда мустаҳкам имон турса, ундан кейинги иккинчи ўринда соғлик турар экан. Ислом соғликни Аллоҳ таоло бандага берган улуғ неъмат эканини, унинг учун банда шукр қилиши лозимлигини таъкидлаш билангина кифояланиб қолмайди. Ислом соғликни сақлашнинг йўлларини ҳам баён қилиб беради. Масалан, улар: тозаликка риоя қилиш, соғликка зарар етказувчи ва атрофни ифлос қилувчи нарсалардан қайтариш, бадан тарбия, соғликка зарарли нарсаларни ҳаром қилиш ва бошқалардир.

 

Манбалар асосида Хўжаобод туман

“Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби

Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.

Мақолалар

Top