muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 20 Сентябрь 2018 00:00

Саҳардан шомгача раҳмат бўлади

Ердан самогача савоб бўлади,

Мункар-Накирларга жавоб бўлади,

Бошдан оёққача нурга тўлади,

Имкон борми, ёддан чиқарманг буни,

Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.

 

Иблиснинг қомати етти букилгай,

Тоғдек гуноҳлар ҳам дув-дув тўкилгай,

Малаклар тарафдан салом ўқилгай,

Имкон борми, ёддан чиқарманг буни,

Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.

 

Эзилган қалбларга дармон бўлади,

Маҳшарда дўзахга қалқон бўлади,

Фирдавс жаннатига сарбон бўлади,

Имкон борми, ёддан чиқарманг буни,

Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.

 

Рўза руҳиятни сайқал этади,

Ҳар битта яхшилик Ҳаққа етади,

Кўз очиб-юмгунча ўтиб-кетади,

Имкон борми, ёддан чиқарманг буни,

Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.

 

Саҳардан шомгача раҳмат бўлади,

Ҳурларнинг қўлида шарбат бўлади,

Энг олий мукофот – жаннат бўлади,

Имкон борми, ёддан чиқарманг буни,

Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.

 

Рўза – руҳ шифоси, тиғсиз даводир,

Савобдан мосуво шаксиз, гадодир,

«Очлик – иллат» демоқ, айни хатодир,

Имкон борми, ёддан чиқарманг буни,

Рўза тутинг, муборак – Ашуро куни.

 

Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Четверг, 20 Сентябрь 2018 00:00

Устозга беандишалик

Улуғ мутафаккир шоиримиз Алишер Навоийнинг “Насойимул муҳаббат” асари азиз-авлиё ва улуғ шайхлар ҳаёти, шогирдлар тарбияси, уларнинг кароматлари ва беназир ҳаётларида рўй берган ибратли воқеаларга бағишлаб ёзилган. Бир ўринда шайх Маждиддин Бағдодийнинг таржимаи ҳоли, ўз шогирдлари тарбиясида ниҳоятда қаттиққўл устоз бўлгани ҳақида маълумот берилган: “Куняти Абу Саиддур ва оти Маждуддин Шараф Ибнулмуайяд ибн Абулфатҳ ал-Бағдодий раҳимаҳуллоҳу. Асли Бағдоддиндур. Хоразмшоҳ Бағдод халифасидин табиби тилади, анинг отасин юборди. Ва баъзи дебдурларки, Бағдоддандурки, Хоразм кентларидиндур. Ва ул султоннинг муқаррибларидин эрди. Шайх Рукниддин Алоуддавла қуддиса сирруҳу буюрубтурки: “Улки дерлар, ул амрад (ёш йигит) эрмишки, Ҳазрат Шайх хидматиға етибдур, хилоф воқиъдур. Ёшқа еткан улуқ йигит эрди, аммо латиф сурати ва ҳайъати бор эрди. Ҳазрат Шайх ани аввал мутаваззо хидматиға амр қилди. Волидаси эшитти ва ул табиба эрди ва Ҳазрат Шайх ҳам табиб эрдилар, айтиб юбордиким: “Фарзанд Маждуддунға хидмат буюрғон эрмишсиз ва ул нозук кишидур, агар мурод ул хидматдур, мен ўн  турк қул юборайин, то ул хидматни бажо келтургайлар ва анга ўзга хидмат буюрунг”. Шайх дедиларки: “Анга айтингки, мен эшитибменки, тиб илмин билурсен, сендин бу сўз ажабдур. Агар сенинг ўғлунгға сафровий иситма ташвиш берса, мен дору ул қулларға берсам, ул сиҳҳат топарму?”. Ул жавоб топмади. Ва бу навъ тарбиятким, Ҳазрат Шайх қуддиса сирруҳу Шайх Маждуддинға бунёд қилдилар. Бир неча вақтдин сўнграким, риёзатлар тортиб сулуклар қилди, олий маротиб ҳосил қилиб, бийик мақомларға қадам қўйди. Дерларки, Шайх Маждуддин бир кун дарвишлар била ўлтуруб эрди. Анга сукри ғолиб бўлди. Деди: “Биз ўрдак байзаси (тухуми) эрдук дарё қийроғида ва Шайх қуши эрдики, қаноти остида бизни парвариш бериб тарбият қилди, то ул байзадин чиқтуқ. Чун ўрдак боласи эрдук, дарёға кирдук ва Шайх қийрақта қолди. Ва Ҳазрат Шайх каромат нури била ул сўзга воқиф бўлдилар ва муборак тилларига келдики: “Дарёда ўлгай”. Шайх Маждуддин бу сўзни эшитиб қўрқти ва Шайх Саъдуддин Ҳуммуйи қошиға келиб, кўп тазарруъ қилдиким: “Бир кунки, Ҳазрат Шайхнинг вақтларин хуш топсанг, манга хабар қил. То ҳазратлариға келиб узри қулай”.

 Бир кунки, Шайх ҳазратлари самоъда хушҳол бўлуб эрдилар, Шайх Саъдуддин Шайх Маждуддинға хабар қилди. Ул оёғ яланг келди ва бир таштда ўт тўлдуруб, бошиға кўтариб, кашфгоҳда турди. Чун Шайх Ҳазратларининг муборак назари анга тушти. Дедиларки: “Чун дарвишлар тариқи била паришон сўзунг узрин қуласен, имон ва дин саломат элттинг, аммо бошинг борғай ва дарёда ўлгайсен ва биз ҳам сенинг бошингға борғайбиз ва сардорлар боши ва Хоразм мулки ҳам сенинг бошингда борғай ва олам хароб бўлғай”. Шайх Маждуддин Шайх ҳазратларининг муборак оёғлариға тушти. Ва оз фурсатда Ҳазрат Шайхнинг муборак нафаси зоҳир бўлди. Шайх Маждуддин Хоразмда ваъз айтур эрди ва Хоразмшоҳнинг онаси анинг ваъзиға борур эрди. Ва жамила заифа эрди. Душманлар фурсат асрадилар ва Хоразмшоҳ маст эканда, анга айттиларки: “Онанг Имом Абу Ҳанифа мазҳаби била Шайх Маждуддиннинг никоҳиға кирибдур”. Султон бағоят мутағаййир бўлди ва буюрдиким, Шайх Маждуддинни Жайҳун суйиға солдилар. Ҳар не Хоразмшоҳ ва Хоразм аҳли ва ўзи бобида ва оламнинг хароб бўлури сабабида Ҳазрат Шайх деб эрди, барча вужуд тутти. Чун Шайх Маждуддинни олти юз еттида ё олтида шаҳид қилдилар, хотуни Нишобурдин эрди, ани Нишобурға нақл қилди. Андин секиз юз учта Исфаройинға нақл қилдилар”.

 

“Насойимул муҳаббат” китобидан

Бобомурод Эрали тайёрлади.

 

Четверг, 20 Сентябрь 2018 00:00

Ҳар ким ўзининг меросини олади

Олимларни ҳурмат қилиш ояти карима ила собит бўлган шариат ҳукми. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сурасининг 11-ояти), деб бандаларига олимларнинг мартабасини Ўзи кўтариб қўйганининг хабарини берган.

Шундай экан, Буюк Яратувчининг Ўзи мартабали қилиб қўйган зотларга ҳасад қилиш, уларни қасдан камситишга уриниш учун одамнинг жоҳиллиги тенгсиз даражада бўлиши керак.  Негаки, фаҳму фаросати бор ҳар бир киши Аллоҳнинг амрига итоатсизлик қилиш – ўз бошини балолар жодуси остига қўйиш эканини дарров фаҳмлайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳадиси шарифларида олимларнинг мартабаси қанчалик баланд эканини жуда ҳам аниқ ифода этиб:

أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «اَلْعُلَمَاءُ وَرَثَةُ الْاَنْبِيَاءِ فَاِنَّ الْاَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا فَاِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ «

Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар”деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Парвардигоримизнинг шу мавзудаги амрлари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу мазмундаги ҳадиси шарифларига амал қилган азизларимиз, айнан ана шу сабабли юксак марраларни қўлга киритганлар.

“Гулистон”да ажойиб бир ҳикоят бор: “Икки навжувон қишлоқдан Мисрга келди. бири – илм ўрганиб олим бўлди, иккинчиси – мол жамлади ва Миср амири бўлди. Кунларнинг бирида улар учрашиб қолди ва Миср амири уни мазах қилимоқчи бўлиб: “Буни қара, иккаламиз шаҳарга келган вақтимизда ҳар жиҳатдан бирдек эдик. Энди эса мен Мисрга соҳиб бўлдим, сен келган вақтимизда қандай бўлсанг, ўша ҳолингча турибсан”, деди. Олим унга жавобан: “Сен Қоруннинг меросини қўлга киритдинг, Мен Мусо алайҳиссаломнинг меросини”, деб жавоб берди”. 

Соҳибқирон бобомиз салтанатни бошқаришда ўзи қатъиян амал қилган ва фарзандларига ҳам тавсия қилган ўн икки тамойилнинг еттинчиси уламою машойих, оқилу доноларга ҳурмат кўрсатиш масаласи эканини айтган.

Яна ўзининг қандай қилиб элу юртнинг ҳурматини қозонгани, бепоён ерларни қўлга киритгани ҳақида сўз юритганида «Мен доим саййидларга эҳтиром билан қарардим, уламо ва шайхларни эъзозлардим. Бу кишиларни доимо мажлисларимга чакирардим. Уларни дин масаласи юзасидан айтганларини диққат билан тинглаб олардим ва унга амал қилардим. Шунинг учун менга нисбатан халқнинг меҳри баланд эди ва ҳамма мендан миннатдор эди».

Олимни нега ҳурмат қилиш керак? Чунки олимлик дарров пайдо бўладиган ҳодиса эмас, у игна билан қудуқ қазишдек гап. Жалолиддин Румий ҳазратлари айтганидек,

                        Қанча-қанча  йиллар керак,

Бир марди ҳақ олим бўлиш учун.

Қанча-қанча асрлар керак,

Бир марди ҳақ валий бўлиш учун.

Бинобарин, йиллар давомида машаққатли меҳнатлар, уйқусиз тунлар, тўкилган кўз нурлари, эгилган қадду қоматлар, ўқилган ояти карималар, ҳадиси шарифлар... эвазига олим бўлган кишига Аллоҳ таоло валийлик фазилатини ҳам юқтириб қўядики, бунинг исботини кўришни ният қилиб, олимга тош отиб кўриш – кишининг ўзини кўра-била туриб фалокат гирдобига отишдир. Ақли салим одам бундай номақбулчиликдан ўзини сақлайди ва олиму уламога гўзал муомалада бўлади деб умид қиламиз.

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази “Ўзбекистон Республикасида 2018 йилда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтаришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури” 39-банди ижросини таъминлаш мақсадида буюк аждодимиз, мотуридия таълимотининг йирик вакили Абу-л-Муин Насафий меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этишга қаратилган “Илми зиёси кўзларга тўтиё бўлган аллома” мавзусида республика илмий-амалий конференциясини ташкил этади.

Конференция калом илми ва мутакаллим алломалар, ақидавий мазҳаблар, шунингдек, турли даврларда фаолият кўрсатган оқимлар, фирқалар, тўдалар, мотурудия таълимоти, Абу-л-Муин Насафийнинг ҳаёти ва фаолияти, унинг ижодий мероси маъно-моҳияти; тарихий мерос ва диний қадриятлар аҳамияти; жамият маънавий-маърифий тафаккурини юксалтириш, ёшларда Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш, миллий, диний урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама очиб бериш, комил инсон, мукаммал жамият масалалари муҳокамасига бағишланади.

Анжуманда манбашунослар, матншунослар, соҳа мутахассислари, олий ва ўрта махсус таълим тизими профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар, докторантлар, мустақил тадқиқотчилар ва талабалар қатнашиши мумкин. Конференция учун материаллар 2018 йил 1 октябрь кунига қадар Республика Маънавият ва маърифат маркази (Тошкент шаҳри, Бобур кўчаси 9-уй)да қабул қилинади.

Тақдим этиладиган материалларга қўйиладиган талаблар:

-      илмий мақолалар конференция мавзусига оид долзарб мавзуларда, илмий таҳлилларга суяниб, тугалланган фикрлар асосида тегишли таклиф ва тавсиялар тақдим этилган ҳолда бўлиши лозим;

-      илмий мақолалар матнлари таҳрир қилинган ҳолда А4 ҳажмдаги қоғозга, юқоридан ва пастдан 2 см, чапдан 3 см, ўнгдан 1,5 см жой қолдириб, бир нусхада расмийлаштирилган бўлиши лозим. Мақоланинг номи бош ҳарфлар билан ёзилади, 1,5 интервалдан сўнг муаллифнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилади,

1 интервалдан кейин ташкилот (иш ёки ўқиш жойи) ва шаҳар номи кўрсатилади. Сўнгра 1,5 интервал қолдирилиб, матннинг мазмуни 1,5 интервалли қаторларда ёзилади, ҳавола ҳар бир бетнинг пастки қисмига жойлаштирилади. Адабиётлар рўйхати талаб қилинмайди.

Матн МС Wорд дастурида, Тimes Неw Роман шрифтида, 14 кегелл катталигида, 3-4 бет ҳажмда тайёрланади ва бир нусхаси юқорида кўрсатилган манзилга – Миллий ғоя ва мафкура тадқиқотларини ташкил қилиш бўлимига тақдим қилинади.

Мақоланинг электрон нусхаси Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра. электрон манзилига юборилади.

Таҳрирдан ўтмаган мақолалар муаллифга қайтарилмайди ва қабул қилинмагани бўйича изоҳ берилмайди.

Боғланиш учун телефон: (99) 797 68 05.

 

Ташкилий қўмита

Четверг, 20 Сентябрь 2018 00:00

Кўп кулиш қалбни ўлдиради!

Ушбу мақолада кўп кулиш чиндан ҳам қалбни ўлдириши ҳақида сўз юритамиз.

Оксфорд университетининг сайтида бир илмий тадқиқотнинг янги хулосаси эълон қилинди. Унда айтилишича, кўп кулиш ва қаттиқ, меъёридан ортиқ хурсанд бўлиш қалбга (арабчада юракни “қалб” дейилади) салбий таъсир қилиб, унга кучли босим ўтказар экан. Кулгунинг кетма-кет ва кўп бўлиши, хурсандчиликнинг меъёридан ортиб кетиши юракни кучсизлантириб, ҳолдан тойдирар экан. Бориб-бориб юрак бирданига тўхтаб қолиши ва ўлимга олиб келиши мумкин экан.

Илмий тадқиқотнинг таъкидлашича, қаттиқ берилиб кулиш, қўлга киритилган ютуқдан қаттиқ таъсирланиш ва меъёридан ортиқ хурсандчилик аста-секин юракка хатарли таъсир ўтказиб, уни ишдан чиқаради. Инсон атрофни унутар даражада қаттиқ кулган пайтда юрагига кучли босим тушади. Ушбу босимнинг кўп такрорланиши охири бориб юрак хуружига олиб келар экан.

Демак, илмий ҳақиқат шу – кўп ва қаттиқ кулиш юракни тадрижий равишда кучсизлантириб, уни уришдан тўхтатишига, яъни ўлимга олиб келади.  

Бундан ўн тўрт аср олдин, кардиология, юрак муолажаси бўйича бирорта инсонда тасаввур бўлмаган бир пайтда севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эдилар: “Кулгуни кўпайтирма! Чунки, кўп кулиш қалбни ўлдиради”. Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисда айтилаётган “қалб” сўзини ўз маъносида ҳам, юрак маъносида ҳам тушунишимиз мумкин.

Чиндан ҳам кўп, тез-тез ва қаттиқ кулган одамнинг қалби қотиб, охири ўлади. Унга Қуръон тиловати, мавъизалар таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Охиратни унуттиради.

Тиббиёт томонидан эса юракнинг хуружи (аввалига тахикардия, кейин стенокардия ва охирида миокард инфаркти)га олиб келади.

Қаттиқ хурсанд бўлиш ҳақида тўхталадиган бўлсак, Қуръони Каримда Мусо алайҳиссалом даврларида яшаган Қорун исмли кимсанинг қиссаси келтирилган. У ниҳоятда бой бўлиб, бойлиги сақланадиган хазиналарнинг калитларини бир неча бақувват қуллар кўтариб юрган. Унинг бойлиги шу даражада бўлган. Қачонки, унга бойлигидан камбағалларга закот, садақа бериш кераклиги айтилганда, у кибрланиб, молу давлатини ўз иқтидори билан топганини, уни ҳеч кимга бермаслигини айтади. Кўчаларда жуда шоду хуррам бўлиб, кеккайиб юради. Натижада, Аллоҳ таоло уни ва унинг барча бойликларини ерга юттириб юборади. Унинг хурсанд бўлиб, кеккайиб юриши ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:

 

 إِنَّ قَارُونَ كَانَ مِن قَوْمِ مُوسَى فَبَغَى عَلَيْهِمْ وَآتَيْنَاهُ مِنَ الْكُنُوزِ مَا إِنَّ مَفَاتِحَهُ لَتَنُوءُ بِالْعُصْبَةِ أُولِي الْقُوَّةِ إِذْ قَالَ لَهُ قَوْمُهُ لَا تَفْرَحْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْفَرِحِينَ

“Албатта, Қорун Мусо қавмидан бўлиб, уларга такаббурлик қилди. Биз унга калитлари бир гуруҳ қувватлиларга ҳам оғирлик қиладиган хазиналарни берган эдик. Ўшанда қавми унга деди: “Ҳовлиқма, албатта, Аллоҳ ҳовлиққанларни суймас”. (Демак, Қорун Мусо алайҳиссаломнинг, яъни, Бани Исроил қавмидан бўлиб, қавмига такаббурлик қилган. Қорун катта бойликка учиб, қавмига такаббурлик қилди. Молу мулки шу даражада кўп эдики, хазиналарининг калитларини кўтариш бир тўда кучли одамларга ҳам оғирлик қилар эди. Ўша вақтда шунчалик молга эгалик уни ҳовлиқтириб юборади. Шу сабабли, ўз қавмига такаббурлик қилади.) (Қасас сураси, 76-оят).

Демак, хурсандчилик, шоду хуррамлик фақат Аллоҳнинг раҳмати билан бўлиши керак.

Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган:

 

قُلْ بِفَضْلِ اللّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُواْ هُوَ خَيْرٌ مِّمَّا يَجْمَعُونَ

“Сен: “Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир”, деб айт”. (Бир умматга икки дунё бахтига эриштирувчи илоҳий китоб берилиши ўша миллатга Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидир. Бу миллат ушбу оятга амал қилиб, қанча хурсанд бўлса, арзийди. Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати бўлмиш Қуръони Каримга иймон келтириб, уни ўзига дастур қилиб олган зотлар ўша энг улуғ фазл ва раҳматга эришган кишилар сифатида қанчалик хурсанд бўлсалар, шунчалик оз. Қуръонга эришиш дунёдаги бошқа ҳамма нарсаларни жамлаб, ўшаларга эга бўлишдан кўра яхшироқдир.) (Юнус сураси, 58-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон қаттиқ кулмаганлар. Ўзини йўқотиб қўядиган даражада хурсанд бўлмаганлар. У зот алайҳиссаломнинг кулгулари нари борса табассум эди. Биз ҳам у зотга эргашиб, кулиш ва хурсандчилик борасида у зотдан ибрат олишимиз керак.

 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржима қилди

 

Мақолалар

Top