muslim.uz
Онага итоатда ибрат зотлар
Абу Мусо Ашаърий (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) онасини елкасига миндириб Каъбани тавоф қилаётган яманлик кишини кўрдилар. У Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан: “Эй Ибн Умар нима деб ўйлайсиз онамнинг хаққини адо эта олдим-ми”? деб сўради. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо): “Йўқ сени дунёга келтириш вақтидаги тўлғоқ азобларида чеккан қийинчиликларидан биттасини ҳам адо эта олмадинг”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Тобеинлар саййиди Абул Хасан Али ибн Хусайн Зайнул Обидин (розияллоҳу анҳу) онасига кўп яхшилик қиларди. Одамлар: “Сиз инсонлар ичида онасига энг кўп яхшилик қилувчи зотсиз, бироқ, онангиз билан бир идишдан таом еганингизни кўрмаймиз, бунинг сабаби нима?” деб сўрадилар. Шунда у зот: “Қўлимни онамнинг кўзлари тушган таомга биринчи бўлиб узатишдан қўрқаман”, деб жавоб берди.
Зуръа ибн Иброҳимдан ривоят қилинади. Умар (розияллоҳу анҳу)нинг олдиларига бир киши келиб: “Жуда кекса ёшга етган онам бор. Елкамда опичиб хизматларини адо этаман. Доимо онамни ювиб, тараб, таҳорат қилдираман. Шу хизматларим билан онамни хаққини адо этдимми?” деб сўради. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) унга: “Йўқ”, деб жавоб бердилар. У: “Ахир мен онам учун ўзимни бағишладимку”, деди. “Онанг сенинг хизматингни, ўсиб улғайишинг, ҳаётда яшаб кетишинг умидида қилди. Сен эса ундан ажралиш умидида қиляпсан”, дедилар ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу).
Муҳаммад ибн Бишр Асламий айтадилар: “Куфада бирор киши Мансур ибн Мўътамир ва Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)дан кўра онасига яхшилик қила олмади. Ҳатто Мансур ибн Мўътамир онасига озор бермасин деб майда ҳашоратларни ҳам онасига яқин келтирмас эди”.
Ҳажар ибн Адбар онасининг роҳатини истаб, юмшоқлигига ишонч ҳосил қилиш учун тўшагини қўллари билан пайпаслаб, сўнгра унга онасини ётқизар эди.
Суфён ибн Уяйна айтадилар: “Бир киши сафардан қайтди. Уйда онаси тик турган ҳолда намоз ўқир эди. Онаси тик туриб, ўзи ўтиришни истамади. Онаси ўғлини фикрини фаҳмлади ва ўғли кўпроқ савобга эга бўлиши учун намозини узун қилди.
Авазхўжа БАҲРОМОВ,
Тошкент вилояти “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби
Малайзия ҳалол сертификатлаштиришда Ўзбекистонга кўмак беради
Ўзбекистонда Ҳалол сертификатлаштириш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Шундай тадбирлардан бири сифатида Ўзстандарт агентлиги вакилларининг тажрибани ўрганиш мақсадида Малайзияга ташриф буюрганликларини келтириб ўтиш мумкин.
Ташриф доирасида Ўзстандарт агенлиги ва JAKIM-Ислом тараққиёт департаменти ўртасида музокаралар олиб борилди. Музокаралар якунида ҳалол сертификатлаштириш тизимини амалда қўллаш бўйича ҳамкорлик ҳужжати имзоланган.
Маълумот учун, Малайзиянинг JAKIM ташкилоти Halol сертификатини берувчи ягона давлат органи ҳисобланади. Ушбу идора ўзининг Latihan Islam деб номланувчи тадқиқот институтига эга бўлиб, бу ерда назорат лаборатория ходимларининг малакаси оширилади. Ташкилот дунёнинг 42 мамлакатнинг миллий сертификатлаштириш идоралари билан ҳамкорлик қилади.
Бундан ташқари, Ўзстандарт агентлиги ходимлари Global Haltech компаниясига ҳам ташриф буюрдилар.
Агентлик раҳбари фикрига кўра, Малайзияда имзоланган келишувлар Ўзбекистон маҳсулотларига Жануби-шарқий Осиё бозорига чиқиш имконини беради.
ЎМИ Матбуот хизмати
Икки юз мингга яқин индонезиялик Ўзбекистон орқали Умрага бориши кутилмоқда
Макка шаҳридаги “Аброжул Ҳидоя” меҳмонхонасида Ўзбекистон “Ҳаж-2018” ишчи гуруҳи раҳбари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан бошчилигида, Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ва Индонезиядаги “Бурҳонул Ҳидоя” ширкати раҳбарлари ўртасида мулоқот ташкил этилди.
Учрашувда индонезиялик зиёратчиларни Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ҳисобланган Самарқанд ва Бухоро орқали Умра зиёратига боришини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашувда таъкидланишича, ҳар йили 150-200 минг индонезиялик зиёратчи қадимий шаҳарларимиз – Самарқанд ва Бухоронинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиб, сўнгра Умра сафарига шу ернинг ўзидан жўнаб кетишади.
Ушбу жараённи самарали ташкил этиш мақсадида, ҳамкор ширкат раҳбари шайх Солиҳ Салим Баҳвиний яқинда Ўзбекистонга келади. Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида амалга ошириладиган ушбу ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон ҳаво йўллари мутасаддилари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Малумот учун, жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб индонезияликларнинг юртимиз орқали Умра сафарига жўнаб кетиши белгиланган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Миннатдорлик ва табрик: оддий халқ ва давлат раҳбари ўртасидаги самимий мулоқот
20 август, арафа куни Маккаи мукаррамада ҳаж амалини бажараётган 7200 юртдошимиз номидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик мактуби етиб келганидан хабарингиз бор.
Муқаддас маконда муборак амални сидқи ихлос билан, калбда қувонч, кўзда ёш билан бажараётган инсонлар дилининг тубидан чиққан ушбу мактуб оммавий ахборот воситаларидан ҳам эълон қилинди.
Мактубини Давлатимиз раҳбари ва юртдошларимизни улуғ айём – Қурбон ҳайити муносабати билан самимий муборакбод этган ҳожиларимиз она диёримизнинг келажаги буюк, халқимиз ҳаёти янада фаровон, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган хайрли ишлар бардавом бўлишини Аллоҳ таборака ва таолодан сўраб дуолар қилаётганини айтган.
Шунингдек, мактуб муаллифлари тараққиётнинг янги йўлига тушиб олган республикамизда мўмин ва мўминаларга динимиз арконларини адо этиш учун улкан шарт-шароитлар яратиб берилаётгани учун миннатдорчилик изҳор қилиб, Маккаи мукаррамада, Арафот ва Мино водийсида Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб дуои хайрлар қилаётгани; ҳаж ибодатини адо этиб, Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатиб, ёшларни фидойилик, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлашдек савоб ишларда бор куч-ғайратини аямаслигини изҳор этганлар.
Мактубда айни кунларда диёримизда қўшалоқ байрам – Қурбон ҳайити
ва Мустақиллигимизнинг 27 йиллигини нишонлаётганимизнинг замирида ҳам жуда катта ҳикмат борлигига эътибор қаратилган.
Севинчи ичига сиғмаган ҳожларимиз мактубни “Биз, ўзбекистонлик ҳожилар Арафотда туриб, Сизнинг раҳнамолигингизда юртимиз ҳамиша омон, элимиз тинч, турмушимиз янада фаровон бўлишини Ҳақ таборака ва таолодан илтижо қилиб сўрамоқдамиз.
Муҳтарам Президент Жаноблари, Аллоҳ таолодан Сизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат тилаб, халқимиз ва азиз диёримизни ҳамиша Ўз паноҳида асрашини сўраб дуолар қилиб қоламиз”, деб якунлаганлар.
21 август куни Ўзбекистон Президенти халқимизни Қурбон ҳайити муносабати билан табриклади. Унда Юртбошимиз Қурбон ҳайити шукроналик, саховат ва меҳр-оқибат айёми экани, унинг маънавий ҳаётимизда олижаноб фазилатларни, бағрикенглик, меҳр-мурувват, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги ўрни ва аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Президентимиз ўз табригида мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг фаровон ҳаёти, жондан азиз фарзандларимизнинг бахту иқболини таъминлаш йўлида амалга ошираётган барча ислоҳотларимиз, жумладан, диний-маърифий соҳадаги ишларни тубдан такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларимиз дунё ҳамжамияти, нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан кенг эътироф этилаётгани; Ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, ёшларимизни юксак инсоний қадриятлар асосида тарбиялашга алоҳида эътибор берилаётгани; ҳаётга ёруғ юз. оппоқ орзулар оғушида кириб келаётган ўғил-қизларимизга муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини тушунтириб бериш, уларни теран фикрлайдиган, шиддатли замон мезонлари асосида яшайдиган маърифатли, дунёқараши кенг, баркамол инсонлар этиб вояга етказиш тобора муҳим аҳамият касб этаётгани; бу йўлда бошлаган ислоҳотларимиз кутилган самарани бериши учун барчамиз, бутун халқимиз билан биргаликда ҳамжиҳат бўлиб иш олиб боришимиз кундалик заруратга айланаётгани айтиб ўтилди.
Шундан сўнг юртбошимиз: “Мана шундай саодатли дамларда ҲАЖ амалларини адо этаётган юртдошларимиз бугунги дориламон кунлар учун шукроналар айтиб, Яратгандан юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик сўраб хайрли дуолар қилмоқдалар. Ишончим комил, бундай улуғ ибодатни адо этиш шарафига муяссар бўлган мўмин-мусулмонларимиз она Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатадилар, ёшларни фидойи ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлашдек савоб ишларга муносиб ҳисса қўшадилар”, деди.
Юртбошимизнинг ушбу табригида эрта-индин юртимизга қайта бошлайдиган ҳожиларимиздан умиди катта экани кўзга ташланади. Зеро, улуғларимиз ҳаж амалларини бажарган кишининг ҳажи Аллоҳ таолонинг даргоҳида қабул бўлгани унинг феълининг яхши томонга ўзгарганида намоён бўлишини айтганлар.
Иншоаллоҳ, катта умидлар, ёруғ орзулар билан салмоқли сармоялар сарфлаб борган зиёратчиларимизни Аллоҳ таоло ноумид қилмайди ва уларнинг ибодатини мабрур ҳажлардан қилади. Кейин эса улар Ватанимига қайтиб ўзлари Президентимизга ёзган мактубида, Президентимиз халқимизга йўллаган табригида тўхталиб ўтганидек, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатадилар, ёшларни фидойи ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлашдек савоб ишларга муносиб ҳисса қўшадилар.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
ЎМИ Матбуот хизмати
Дуо қилиш одоблари
Дуо ибодатдир. Дуо қилишнинг ҳам ўз одоблари бор. Дуо одоблари хусусида бундай марҳамат қилинади:
“Раббингизга зорланиб ва хуфёна дуо қилинг! Зеро, У ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди. Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқув, ҳам умид билан дуо қилинглар! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф, 55–56).
Дуони Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш билан бошлаб, яна шулар билан тугатиш унинг ижобатига боис бўлади.
Дуода Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини такрор-такрор айтиш, тинчлик, офият, саломатлик билан бир қаторда, дунё ва охират яхшилигини сўраш лозим. Чунки ояти каримада бизга бундай марҳамат қилинган: «Яна шундайлари ҳам борки, улар: “Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, дейдилар» (Бақара, 201).
Кишининг дуолари, ибодатлари Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлишида ҳалол-пок луқма билан озиқланиш, қариндош-уруғчилик ришталарини мустаҳкамлаш, гуноҳ ишлардан тийилишнинг жуда муҳим ўрни бор.
Дуо бандани Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эриштирадиган амаллардан, шунингдек, ризқнинг мўл, неъматларнинг зиёда бўлишига сабаб ҳамдир.
ЎМИ Матбуот хизмати