muslim.uz

muslim.uz

Мусо ва Латифа исмли фаластинлик ака ва сингил 14 йил аввал тақдир тақазоси билан айрилишган эди. Саудия Арабистони ҳукуматининг ташаббуси билан ака-сингил жорий йилги Ҳаж мавсумида бир бирларини топишга муваффақ бўлдилар.

Саудия подшоҳи ҳисобидан Ҳаж амалини адо этишга келган мусулмонлар орасида бўлган ака-сингилларнинг бири Мисрда, бошқаси эса Ливанда яшаб келган.

Латифанинг айтишича, акасини 14 йил аввал кўрган ва улар жорий йилдаги Ҳаж мавсумида кўришишганида акаси 32 ёшда бўлган. Бироқ унинг сочларига оқ тушганидан 32 ёшга ўхшамаслигини айтган. Бу ҳақда Saudi Gazette нашри хабар берди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Воскресенье, 26 Август 2018 00:00

Овқатга, ичимликка пуфлаб бўлмайди

Абу Нуъайм ва Абу Осим Узра ибн Собитдан, у эса Сумома ибн Абдуллоҳдан келтиради: «Анас ибн Молик идишдан икки ё уч бор ҳўплаб сув ичиб, ҳар гал ҳўплаганидан сўнг идиш ташқарисига нафас чиқарди ва: “Пайғамбаримиз идишдан уч бор ҳўплаб сув ичиб, ҳар ҳўплаганларидан сўнг идиш ташқарисига нафас чиқарган эдилар”, деб айтди» (Имом Бухорий ривояти).

Шарҳ: Инсон одатга кўра ҳар куни уч маҳал овқатланиши, вақти-вақти билан сув ичиши табиий эҳтиёждир. Ҳар беш-ўн сония ичида тоза ҳаводан нафас олиб, нафас чиқармасликнинг иложи йўқ. Чиқарган нафасимизни тутунга ўхшатишимиз мумкин. Шу боис ҳамма ёғи берк хонада ўтирган уч-тўрт киши бир-икки соатдан сўнг бўғила бошлайди. Баъзан оғиздан нохуш ҳид ёки сўлак нафас билан қўшилиб чиқади. Шу сабаб динимиз иссиқ овқат ёки қайноқ сувни пуфлаб совутиб ейиш-ичишдан қайтарган. Ҳатто Пайғамбаримиз сув ичишда идишга нафас чиқаришдан қайтарганларида бир йигит: “Агар идишнинг ичида гард кўринса-чи”, деб сўрайди. Шунда у зот : “Гардни сув билан оқизиб тушир”, деганлар.

Одобга кўра, сув ичаётган кишининг нафас чиқаргиси келган пайтда сув ичишдан тўхтаб, оғзидан идишни узоқлаштириб, нафасини ростлаб олиши тавсия этилади.

Ушбу ҳадис зоҳирига кўра, Абу Қатода ривоятидаги “Сизлардан бирингиз сув ичса, идишга пуфламасин...”, мазмунли ҳадиси шариф маъносини тўлдиради. Пайғамбаримизнинг сувни ҳўплаб-ҳўплаб бир, икки, баъзида уч бор нафасларини ростлаб олганлари ва туя каби сувни бир симиришда ичишнинг яхши эмаслиги ҳадисларда баён қилинган.

Сув ўтириб ичилади, уни ичишдан олдин “Бисмиллаҳир раҳманир раҳим”, дейилади. Сувга пуфланмайди, ичиб бўлгач, Ҳақ таолога ҳамд айтилади. Идишни оғиздан узоқлаштириб, нафас чиқарилади. Агар шундай қилинса, чанқоқ босилади, сув танага роҳат бағишлайди. Аксинча, шошиб, баъзи ҳайвонлардек пишиллаб ичиш меъда, қизилўнгач каби аъзоларга зарар етказади, дейилган. Ҳазрат Абу Ҳурайра ривоят қилади: «Албатта, Пайғамбаримиз уч нафасда сув ичардилар. Сув идишни оғизларига яқинлаштирган пайтларида “Бисмиллаҳир раҳманир раҳим”, охирига етказганларида эса “Алҳамдулиллаҳ”, дердилар. Уч марта шундай қилардилар» (Имом Табароний ривояти). Ибн Аббос ривоят қилган ҳадисда бундай дейилган: «Сизлар сув ичиш пайтида “Бисмиллаҳир раҳманир раҳим”, ичиб бўлганларингда эса “Алҳамдулиллаҳ”, денглар» (Имом Термизий ривояти).

Меҳлаб айтади: “Айримлар сув ичаётиб идиш ичига нафас чиқаради, иссиқ овқат ёки қайноқ сувни пуфлаб совутишга уринади. Бу жуда хунук одатдир, ён-атрофдагилар ҳам бундан нафратланади”. Ибн Арабий бундай дейди: “Одобга риоя қилиш улуғ хулқлардандир. Бир одам ўзи учун пуфлаб ё нафас чиқариб еб қолдирган овқатини бошқа бир киши олиб емоқчи бўлганида, уни огоҳлантириши зарур. Акс ҳолда, бахиллик қилган бўлади. Бахиллик эса ҳаромдир”. Имом Қуртубий: “Сув ичаётиб идишга нафас чиқаришдан қайтарилганимизнинг сабаби оғиздаги бадбўй ҳид ёки сўлак билан сувни ифлослантиришдан сақланишдир”, деб таъкидлайди.

Биз мўминлар бундай чиройли одобларга ҳамиша риоя қилсак, Пайғамбаримизнинг суннатларига амал қилганимиз боис, инша Аллоҳ, шафоатларига ҳам эришамиз.

“Фатҳул Борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий” китоби асосида Абдувоҳид Ўрозов тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2012 йил, 12-сонидан олинди.

Воскресенье, 26 Август 2018 00:00

Оталар ва оналар ҳақида

 ОТАЛАР ҲАҚИДА

  1. Ота хонадонга ташриф буюрганда ўриндан туриб, жой бўшатиш лозим.
  2. Ота билан кетаётганда унинг изнисиз ундан олдин юрмаслик керак.
  3. Ота фарзанд учун бирон нарса мерос қолдирмаса ҳам, ундан номус қилинмайди.
  4. Ота бор уйда  бош қотиришга ва бировга маслаҳат солишга зарурат бўлмайди.
  5. Ота ёнида ёки у кириб келганда ёнбошлаб ётилмайди.
  6. Ота уйда бўлмаган маҳалда истеъмол қилинган нарсалардан унинг учун алоҳида олиб қўйилиши фазилатдир.
  7. Мансабли шахс бўлсанг ҳам отанг чақирганда отингдан тушиб, олдида ҳозир бўлишга шошил! Мансабинг ишингга алоқадор, отангга эмас!
  8. Отангнинг ёнидаги солиҳ кишиларга нисбатан самимий бўлгин, агар отанг вафот топиб кетса ўшалар билан муомала-муносабатларингни узма!

 

 

 ОНАЛАР ҲАҚИДА

  1. Ҳадяни аввал онага, сўнг отага берилиши маҳбубдир.
  2. Ҳаёт бўлсалар ҳам, вафот топиб кетган бўлсалар ҳам уларнинг ҳақларига доимо дуода бўлмоқ зарур.
  3. Оналарнинг юзларига тушган ажинлар, қўлларининг қадоқлари – сен  ва ака-укаларинг, опа-сингилларинг сабабли эканлигини билгин!
  4. Сенга берган оқ сутини меҳру хурсандлик  билан берган, аммо сенинг унга берган таоминг баъзида миннатли ва озорлидир. Шунинг учун берган ҳар-бир луқманг меҳрли бўлиши учун камтарин бўл, камтарин бўл!
  5. Унга сен ҳар куни кўриниш бер, чунки онангнинг сени кўриши хум-хум тилло туҳфа қилганингдан ортиқроқдир.
  6. Тириклигида бор имкониятинг ила унга тавозеъли ва ширин сўзли бўл, шунда уни йўқотганингда армонда қолмайсан.
  7. Ҳайит кунлари онангни бағринга бос! У сени ҳар куни қучиб, ҳидларингдан тўйиб-тўйиб завқ олганини эсингдан чиқармагин!

 

Интернет манбалари асосида Бахмал тумани «Домла Эшонқул»

жоме масжиди имом-хатиби Хушбеков Исоқул тайёрлади

 

Воскресенье, 26 Август 2018 00:00

Қайтар дунё (ибратли ҳикоя)

Қадим замонда донишмандлиги билан юксак обрў-эътибор қозонган киши бор эди. У барчага меҳрибон, тўғри йўл кўрсатувчи, ҳамдард ва ҳамсуҳбат эди.

Бир куни донишманднинг ҳузурига сув сотувчи ғамгин ҳолда келди. Унинг маҳзунлигини кўрган донишманд:

– Болам, бирор мусибатинг борми? – деб сўради.

– Йўқ, ...аммо... қандай айтишни билмай турибман – деб жавоб берди сув сотувчи.

– Гапиравер, уялма, дардингни айт, – деди донишманд куйиниб.

– Кечирасиз, деб гап бошлади сотувчи минг хижолат ила. Сизнинг фарзандингиз бугун олтинчи мешимни жуволдиз (бигиз) билан тешди. Биласиз, фақир одамман, нима қилишни билмай қолдим. Янгисини олишга пулим ҳам қолмади.

Донишманд:

– Хафа бўлма, болам, бир чорасини топаман. Ҳозирча мана бу пулни олиб, бошқа меш сотиб ол, – деди.

Ота “нега фарзандим бундай ишга қўл урди?” деган саволнинг жавобини ўйлаб ўйига ета олмади. Шундан сўнг, аёлига бўлган воқеани айтиб:

– Қандай қилиб ўғлимиз бу хунук ишга қўл урди. Хатоимни ҳеч ўйлаб топа олмадим. Сен ҳам яхшилаб ўйлаб кўр, – деди.

Орадан бироз вақт ўтиб, аёли:

– Эсимга тушди, – деди ҳаяжонланиб. Ўғлимизга ҳомиладор бўлганимда меҳмонга борган эдим. Дастурхондаги апелсинга кўзим тушиб, жуда ҳам егим келди. Бироқ дастурхонга қўл узатишга тортиндим. Катта ёшдаги қария онахонларнинг: “Ҳомиладор аёлнинг кўнгли бирор нарсани тусаганда ундан тотиб кўрмаса, туғилажак фарзандига салбий таъсир кўрсатади”, дейишгани ёдимга тушди. Боламизга путур етишидан қўрқиб, мезбондан сув сўрадим. Сув олиб келишга чиқиб кетганида, ёқамдаги тўғноғични олиб, апелсинга тиқиб яладим.

Донишманд:

– Тез бориб уй эгасидан узр сўра, – деди.

– Уларга нима дейман? Шу арзимаган иш учун ҳам узр сўраш шартми? – деди аёли эътироз билдириб.

– Хонадан аҳлидан розилик сўра. Фарзандимиз олти ёшга тўлди. Ўша воқеадан олти йил ўтиб, тўғноғичинг ўғлимиз қўлида бигиз бўлди. Сенинг қилган ишинг давом этмоқда. Кейин кеч бўлмасин, – деди донишманд.                                                                      

Ўрол ТУРОБОВ,     

Бахмал туманидаги “Лаби-ҳовуз” жоме масжиди имом-хатиби

Савол: Сажда қилганида қуймичи, белининг паст қисми очилиб қолган кишининг намози дуруст бўладими?

Жавоб: Намозда аврат аъзоларининг тўртдан бири ёки ундан кўп қисми очилиб қолишининг ҳукми ўша аъзонинг ҳаммаси очилиб қолганининг ҳукми кабидир. Намозда ёпилиши керак бўлган аврат аъзоларининг тўртдан бири очилиб қолса ва шу ҳолда бир рукнни адо этса, намоз бузилади. Агар иккита аврат аъзонинг тўртдан биридан ками очилиб қолиб, улар қўшилганида бир аъзонинг тўртдан бирига тўғри келса, намоз бузилади. Аммо очилган авратни дарҳол ёпиб олган кишининг намози билиттифоқ бузилмайди. Аврат бўлган аъзонинг тўртдан биридан кам қисми очилиб қолса, зарари йўқ. Авратининг тўртдан бири очилиб, бир рукн адо этилиши муддатича турган кишининг, Имом Абу Юсуф наздида, намози бузилади. Имом Муҳаммад эса бузилмаслигини айтган (“Фатовойи Ҳиндия”).

Демак, сажда қилганида қуймичи, белининг киндикдан пастки қисми очилиб қолган одамнинг намози дуруст бўлмайди.

 

“СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...” китобидан

Мақолалар

Top