muslim.uz
Қозоғистон ҳажга борувчиларни эҳтиёткорликка чақирди
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳажга бораётган зиёратчиларни юқумли касалликлар юқишидан эҳтиёт бўлишга чақирди.Бу ҳақда Azon нашри хабар берди.
Қайд этилишича, 2000 йилдаги ҳаж вақтида менигокок инфекцияси тарқагани муносабати билан Саудия Арабистон Қироллиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиёратчиларнинг менигокок инфекциясига қарши эмланган бўлишини талаб қилмоқда.
Шунингдек, Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳаж вақтида коронавирус инфекцияси юқишидан ҳам эҳтиёт бўлишга чақирди.
Вазирлик зиёратчиларга ҳажда қуйидаги маслаҳатларга амал қилишни маслаҳат берди:
– қўлни тез-тез совун билан ювиб туриш, дезинфекцияловчи салфеткалардан фойдаланиш;
– йўталганда ва аксирганда салфеткадан фойдаланиш;
– беморлар билан алоқада бўлмаслик ва уларнинг шахсий буюмларидан фойдаланмаслик;
– иложи борича одамлар кўп йиғиладиган жойларда бир марталик ниқоблардан фойдаланиш;
– туялар йиғилган жойга яқинлашмаслик ва улар билан тўғридан-тўғри алоқада бўлмаслик;
– қайнатилмаган ва пастеризация қилинмаган туя сутини ичмаслик, дуч келган жойдан озиқ-овқат масҳулотларини сотиб олмаслик;
– тоб қочиши билан дарҳол шифокорга мурожаат қилиш;
– қайтиб келгандан кейин касаллик белгилари (безгак тутиши, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, томоқ оғриғи ва ҳоказо) намоён бўлгани заҳоти тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш ва яқинда ҳаж зиёратидан қайтганлик тўғрисида маълумот бериш.
ЎМИ Матбуот хизмати
Мен ҳам шундай қиламан
Болалигимда қиблагоҳим юзимга соқолини сийпардилар. “Юзимга тиконингиз кириб кетди”, деб қочардим. Отажоним билан онажоним роҳатланиб кулар эдилар. Уларнинг юзларида ўша онда акс этган бахтиёрлик туйғусини аниқ-тиниқ эслайман. Руҳиятшуносларнинг бола икки ёшдан кейинги воқеаларни хотирасида сақлаб қола олади, деган назариясидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ўша чоқдаги ёшимни уч-тўртлар деб тахмин қилсак бўлади.
Бундан аён бўладики, ўшанда, мендан кейинги укам туғилган кезларда ҳам ота-онам мени нарироқ қилмасдан эркалатиб қўйган эканлар.
Тўнғич ўғлимиздан кейин қизимиз дунёга келди. Маза қилиб ўйнаб ўтирган боланинг онаси чақалоқни қўлига олганида ғалати бўлиб қолганини сезиб қолдим. Дарҳол уни бағримга босиб юзига соқолимни сурдим. Маъюсланиб турган бола бирданига яшнаб кетди. “Юзимга тиконингиз кириб кетди”, дея қийқириб қочди. Онаси икковимиз хандон отиб кулдик. Бизнинг кулгимиз унинг шодонлигини юз чандон зиёда қилди. Шу чоқда ундан бахтиёр бола йўқ эди дунёда...
Тунов куни гаплашиб ўтириб ўғлим: “Дадам юзимни соқоли билан тимдалардилар”, деб қолди.
Ёдида экан. Аллоҳга шукр!
Демак, у ҳам боласининг юзини соқоли билан сийпалайди, боласи қийқириб қочади, аёли иккови роҳатланиб кулади. Бахтли ҳаёт дегани, бахтиёр оила дегани шу эмасми ўзи!..
Дамин ЖУМАҚУЛ
Смартфонга қарамликдан халос бўлинг!
Ҳаёт учун зарур бўлган учта элементни биламиз: ҳаво, сув ва овқат.
Айни пайтда яна бир элемент инсон ҳаётида муҳим роль ўйнай бошлади, тез орада у ҳаёт учун зарур бўлган уч элементга қўшилиши мумкин. У – смартфон.
Ҳа, ҳайрон бўлманг, у айнан смартфоннинг ўзгинаси.
Инсон ўз ҳаётини ақлли телефонларсиз тасаввур қила олмайдиган ҳолга келганига бир неча йил бўлди. Юқоридаги сўзларга балки ишонмассиз, балки сизга ўта муболағадек туйилар. Аммо кечаётган кунларингиз ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўрсангиз ҳаммасини тушунасиз.
Смартфон инсон ҳаётида муҳим роль ўйнаётир. Ҳар бир инсонга смартфон жуда яқин, ҳатто турмуш ўртоғидан ҳам. Бир дақиқага ҳам ундан узоқлашгиси келмайди. Ҳа, бу ачинарли ҳақиқат, ва буни асло рад эта олмайсиз.
Тадқиқодларга кўра, кўплаб смартфон фойдаланувчилари асосан душда ёки ётоқда, турмуш ўртоғи билан ётганда ўз телефонидан фойдаланади. Кўриниб турибди-ки, смартфон уларнинг энг қадрли бўлган инсонларидан кўра ҳам қадрли экан.
Иш жойингизга, бозорга, дўконга, меҳмонхонага, касалхонага, ҳатто дафн маросимига ҳам смартфонингизни олиб борасиз. У ҳам етмагандек, Аллоҳ таолонинг уйи бўлмиш масжидда ҳам уни кўтариб юришдан тийилмайсиз.
Айнан смартфон туфайли қанчадан-қанча никоҳлар бузилиб кетди, кўплаб тадқиқодлар натижалари буни тасдиқлаганидан хабарингиз бор. Одамлар бир-биридан узоқлашиб кетмоқда, йиғилиб қолган гапларини телефонда гаплашиб қўяётир. Шунинг учун орада меҳр-муҳаббат йўқолиб кетяпти.
Буларнинг барчаси икки одам ўртасидаги муносабатга мисол эди. Аллоҳ билан муносабатингиз ҳақида нима дейсиз? Бу ақлли қурилма сизни осонликча нотўғри йўлга бошлаши мумкин.
Қачонки телефонингиз билан бирга бўлар экансиз, вақтингизни бекорчи ва зарарли нарсаларга сарфлайсиз. Кўпинча сиз одобсиз ва номаъқул видеоларни томоша қилишни истайсиз. Одобсиз ва номаъқул бўлишига қарамасдан, бундай видеоларни кўпчилик томоша қилади, ёқтиради ва бошқаларга улашади. Бу одатий ҳол бўлиб қолган, айниқса ёшлар ўртасида.
Мободо, фарзандингизнинг ноодатий ҳаракатини кўриб қолсангиз, уни видеога олишни бошлайсиз ва видеотасвирни Youtubeга жойлаштирасиз. Шу билан сиз ўзингизнинг ҳам, бу видеони кўрадиган одамларнинг ҳам вақтини исроф қиласиз.
Баъзида ҳақиқатга эга, аммо факт ва асоси бўлмаган мақолалар ёзилади. Масалан, мана бундай: ижтимоий медиада ёнғин содир бўлиб, ёнғин чиқиб кетишининг асосий сабабичиси смартфон эканлигини аниқланган. Бу маълумотнинг факт ва далили йўқ, аммо бу ҳақиқат.
Фарзандларингиз сизни смартфондан фойдаланаётганингизни кўришганида, улар ҳам ақлли қурилмадан фойдаланишни истайди. У билан бирга бўлмаганингизда фарзандингиз телефонда нима қилишини билмайсиз.
Ҳатто эрта саҳарда туриб, таҳажжудни, тонгда туриб бомдодни ўқийдиган кишилар ҳам смартфон таъсиридан ҳоли эмас. Чунки айнан унинг сигналини эшитиб уйғонади.
Бу каби омилларни давом эттирсак, ҳали анча кўп ёзишимиз мумкин. Буларнинг барчаси сизни ва бизни Раббимиздан узоқлаштиради.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқадиган бўлсак, кўпчилик одамлар “Номофобия” касалига йўлиққан. Номофобия сўзи – (Nomophobia – no mobile phone phobia) инглизчадан олинган бўлиб, ўз телефонидан узоқлашишдан қўрқиш маъносини беради. Фобия, яъни қўрқув касалликларининг оммабоп тури.
Дарҳақиқат, смартфон бошқа гиёҳванд моддалардан кўра кўпроқ таъсир кучига эга. Смартфон гиёҳванд моддалардан фарқли ўлароқ миллионлаб эмас, миллиардлаб одамларга салбий таъсир ўтказиб келмоқда. Бу катта муаммодир.
Қўлингизни чўнтагингизга ёки сумкангизга солганингизда, телефонингизни борлигини билиб, хотиржам ўз ишингизни давом эттирасиз. Агар телефонингиз йўқ бўлса-чи, юрагингиз қаттиқ ура бошлайди, миянгиз шишади... нима қилиш керак? Шубҳасиз зерика бошлайсиз.
Бу мақолани ўқиб, баъзилар “Алҳамдулиллаҳ, мен бу касалликка йўлиқмаганман”, дейиши мумкин. Балки адашаётгандир, чунки бу гапни ҳамма ҳам айтиши мумкин. Ҳозир нима учун бундай деяётганимизнинг бир-икки сабабини келтирамиз.
- Ушбу мақолани ўқиётган одамнинг 100 дан 50 фоизининг эҳтимолки, қўлида ёки олдида смартфон бор.
- Смартфонингизни ҳаттоки масжидга ҳам олиб борасиз.
- Смартфонингизсиз кунингиз ўтиши қийин бўлади.
- Смартфонингизни кўп ишлатаверганингиздан кўпинча қуввати бир кунга ҳам етмайди.
- Баъзида қувватлагичга улаб смартфондан фойдаланасиз.
- Смартфонингизни ҳеч қандай сабабсиз текшириш одат бўлиб қолган.
- Эрталаб турганингизда биринчи ва кечқурун қиладиган охирги ишингиз смартфонингизни текшириш.
- Овқат пишираётган ёки бошқа уй ишларини бажараётган аксарият аёлларнинг диққати смартфонида бўлади.
- Дам олиш пайти сиз учун смартфонингиздан бемалол фойдаланиш имконияти бўлиб қолган.
- Смартфонингизни унутсангиз, тезда топиш учун бирданига унга қўнғироқ қиласиз.
- Электрон почта, хабарлар ва ўтказилиб юборилган қўнғироқларни бўлса-бўлмаса қайта-қайта текшириб турасиз.
- Сиз кўп вақтингизни смартфонингизга сарфлайсиз.
- Автомобилни ҳайдаш чоғида ҳам смартфондан фойдаланасиз.
- Смартфондан фойдаланишни камайтириш ёки умуман тўхтатиш учун муваффақиятсиз уринишлар қиласиз.
Бугунги вазият шундай бўлса, ўн йил ичида бу ҳолат қанчалик ўзгариши ҳақида ўйлаб кўринг. Чунки технология борган сари ривожланмоқда.
Номофобияга қандай қарши туриш мумкин?
Биз бу ҳақида сизга баъзи усулларни тақдим қиламиз.
- Мақсадингизни аниқланг ва бу касалликка чек қўйиш учун аниқ вақт белгиланг.
- Эрталаб уйғониш учун самртфоннинг ўрнига соатдан фойдаланинг.
- Масжидга смартфонсиз боришни бошланг.
- Смартфонингизга сарфлайдиган вақтингизни чекланг.
- Вақтингизни фойдали нарсаларга сарфланг.
- Смартфонга эмас оила аъзоларингизга кўпроқ вақт сарфланг.
- Қуръони каримнинг китоб шакли бўлса ҳеч қачон смартфондан ўқиманг.
- Аллоҳ таолони кўп зикр қилинг ва кўп-кўп салавот қилинг.
- Овқатланаётганингизда смартфондан фойдаланманг.
- Ҳафтанинг бир кунини смартфонсиз ўтказинг.
- Смартфонингизни ётоғингиздан узоқроқ сақланг. Агар ёстиғингиз олдида бўлса, у сизнинг диққатингизни тортаверади.
- Кеча-ю кундуз кераксиз қўнғироқлар ва СМС хабарлардан ўзингизни тийинг.
- Зериксангиз смартфон ўрнига Қуръон китобини ўқиб вақтингизни банд қилинг.
- Дуо қилинг.
Умид қиламизки, Аллоҳ таоло сизни бу касалликдан халос этади.
Смартфоннинг дўстларимиз ва оила аъзоларимиз билан мулоқотда бўлиш ва билимимизни ошириш каби ижобий ва қулай жиҳатлари ҳам бор. Бироқ ундан эҳтиёткорлик ва чекловлар билан фойдаланган маъқул.
Аллоҳ таоло сизни ва бизни бу каби замонавий фитналардан сақласин. Омин. Зеро, Аллоҳ таоло ҳар биримизни яхши билувчидир.
Интернет манбалари асосида Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
800 нафар татаристонлик зиёратчилар Маккага етиб келди
Ҳаж мавасумининг бошланиши арафасида Саудия Арабистонига турли мамлакатлардан мусулмонлар келиши бошланди. Шундай зиёратчилардан 800 нафари Татаристон Республикасидан ташриф буюрди. Бу ҳақда islam-today.ru нашри хабар берди.
Хабарда айтилишича татаристонлик зиёратчилар келишлари биланоқ зиёрат амалларини бажаришга, чин ихлос билан ибодат қилишга киришишган. Татаристон Республикасидан Саудия Арабистони томон йўлга чиққан яна 300 нафар зиёратчи йўлда эканлиги ҳам қайд этиб ўтилган.
Маълумотларга қараганда, 2018 йилда Татаристон учун 1800 кишилик квота ажратилган бўлиб, Ҳаж қилиш учун дастлабки гуруҳлар аллақчон етиб келишган, сўнгги гуруҳ эса 15 август куни етиб келиши айтилган.
Татаристонлик зиёратчилар "ДУМ РТ Хадж" МЧЖ расмий ҳаж оператори дастурлари орқали Саудия Арабистонида бўладилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳидингиздан… Ҳабибим
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак равзаларини зиёрат қилаётган кишининг димоғига жуда ёқимли ҳид урилди. У зиёратдан чиқиб дўконга борди ва атторга: «Менга муборак равзада димоғимга урилган атирдан беринг», деди. Сотувчи ҳайрон бўлиб, харидорга қаради ва: «Сиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши танимас экансиз. Димоғингизга урилган ҳид бирор дўконда сотиладиган атир ҳиди эмас. У ҳид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларидан чиқади. Аллоҳ таоло ўша ҳидни оламларга раҳмат қилиб юборган Пайғамбарининг муборак баданидан тараладиган қилиб қўйган. Ҳаётлик чоғларида қайси кўчадан ўтсалар, ўша кўчада ҳидлари қолар, кимнинг бошини силасалар, ўша кишининг бошидан анча вақтгача ўша ифор таралиб турарди. Мана, вафотларига неча асрлар бўлганига қарамай, ўша ҳид қабрларидан таралиб турибди» деб жавоб берди.
Аллоҳумма солли ва саллим ва баарик ала Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.
Нозимжон Иминжонов тайёрлади.
ЎМИ матбуот хизмати