muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 10 Август 2018 00:00

Онаизор

Сут солинган коса онанинг қўлидан тушиб кетиб, синди. Ўғил бор овози билан онасига бақирди ва ғазаб билан хонани тарк этди. Она кичик бир мактуб битди. Ўғил кўчадан қайтганда она одатдагидек курсида ўтирганча ухлар, мактуб эса кўксида турган эди. Ўғил аста мактубни қўлига олиб ўқий бошлади:

«Ўғлим, меҳрибоним, кўзимнинг қувончи! Афсуски, мен қариб қолдим. Қўлларим қалтираб, овқат кийимимга тўкилиб кетяпти. Энди олдингидек тетик, чиройли, хушбўй эмасман. Сендан илтимос, мени маломат қилмагин. Либос ва пойабзалимни ўзим кия олмаяпман. Илтимос, менга ёрдамлашгин. Оёқларим ҳам юришга қийналяпти. Таҳорат қилиш учун ҳаммомга бораётганимда, қўлларимда ушлаб олгин. Сен юришга ҳаракат қилган пайтларингда, йиқилиб кетмаслигинг учун қўлларингдан неча марта ушлаб олганимни бир эсла. Хотирам заифлашиб қолганидан ва секин гапираётганимдан малолланма. Сен билан гаплашганимда мени хурсанд қиладиган биргина нарса сенинг ёнингда эканимдир. Болалигингда кулгуларинг билан мени хурсанд қилардинг. Бугун ҳам табассумингни мендан дариғ тутма. Мен ўлимини кутиб яшаётган қарияман. Сени туққанимда ёнингда эдим. Вафот этар чоғимда сен ҳам ёнимда бўлгин».

Сўзимиз охирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кимга яхшилик қилиш лозимлиги сўралганда,  уч марта «Онангга!» деганларини эслатиб қўймоқчимиз.

Эй Раббим! Оналаримизни Жаннатдан маҳрум қилмагин! Умрларини узун, ризқларини баракали, гуноҳларини мағфират қилгин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади.

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги "Китоб мутолааси китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш ҳақида"ги фармойиши ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кўрсатмасига асосан турли ҳудудларда "Китоб сайли" ташкил этилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

"Мовароуннаҳр", "Ҳилол-нашр", "Янги аср авлоди", "Шарқ" ва "Ғафур Ғулом" нашриётлари иштирок этаётган ушбу сайллар жума айёми муносабати билан туман-шаҳарлардаги жоме масжидларида ташкил этилмоқда.

Бу эса кўпчилик юртдошларимизнинг эътирофига сазавор бўлмоқда. Ушбу сайлларда диний-маърифий мавзудаги китобларни нашриёт нархида исталган усулда харид қилишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Бугун, 10 август куни Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг қуйидаги масжидларида Китоб сайли ташкил этилади.

1. Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳар "Тўй тепа" жоме масжидида бўлиб ўтади (масъул шахс Ж.Туронов +998 90 327 62 57).

2. Тошкент шаҳридаги Тепамасжид жоме масжидида ташкил этилади (А.Маматов 990 54 96).

3. Тошкент шаҳридаги Ал Бадр жоме масжидида ташкил этилади (О.Холмуродов 299 50 38, 293 43 37).

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 10 Август 2018 00:00

Дуодан бахт топган келин

“Бўладиган бола бошидан”, деб бежизга айтилмаган. Одина ўнларга кирганда бувиси вафот этди. Буваси Муҳаммад ота ёлғиз қолди. Кексайганда ёлғизлик азоби қийин бўлар экан. Кекса одамнинг кўнглини топиш учун бир сўз кам, икки оғиз сўз кўп. Уларнинг кўнгли нозик, хизмати оғир бўлади. Ўн ёшли Одинани отаси ёнига чорлаб, бувасига хизмат қилиб, дуосини олиш кераклигини тушунтирди. Одина ёш бўлса-да, зийрак эди. Отаси тушунтирган ҳамма ишни бажаришга ваъда берди. Муҳаммад бува намозхон. Эрта тонгда туриб, намоз ўқир, узоқ дуо қилар, нонуштани ҳам эрта қиларди. Муҳаммад буванинг хонасида Одина ва кичик укаси Абдулазиз бирга ётарди. Муҳаммад ота набираларини уйқуси бузилмасин деб энди ўрнидан турмоқчи бўлса, зийрак Одина намоз вақти бўлганини, бувасига тез таҳорат суви тайёрлаш лозимлигини сезиб, ўрнидан сакраб турарди. Бувасининг ухлайвер, дейишига қарамай таҳорат сувини тайёрларди. Буваси намоз ўқиб бўлгунига қадар нонуштани ҳозирларди. Яна нолимасдан ойисига уй ишларига ёрдам берарди. Буваси эса ҳар намоздан сўнг: “Умринг узоқ бўлсин, бахтли бўл, қизим! Олижаноб инсон жуфтинг бўлсин!” деб дуо қиларди. Отанинг сўзини қолдирмаган, буванинг дуосидан насибасиз қолмаган Одина ўн йилга яқин, яъни турмушга чиққунига қадар бувасига холис хизмат қилди. Бу катта матонат, отага итоат ва бувага ҳурмат эди. Уйқу ва роҳатдан савобни устун қўйди. Ўзи катта олийгоҳни тугатмаса-да, энг обрўли, илмли шаҳарлик йигитлардан бирига турмушга чиқди. Одина турмуш ўртоғи Муродга ҳам хизматини аямади. Эрини тонг саҳарда туришга ундаб, шундай дерди:

– Бувам, тонгда ухлаш ризқни кесади. Ризқи мўл бўлишни хоҳлаган одам, саҳар туради. Бувам: “Тонгда қилинган иш унумли, дуолар эса қабул бўлади”, – дердилар. Қани ўрнингиздан туринг! – деб эрини ҳоли-жонига қўймай уйғотарди.

Мурод эса:

– Қишлоқ қизисан-да, танноз келинлар каби дангасаликни ёқтирмайсан-да! – дерди.

Одина ўз одатига кўра, қайнота-қайнона ва эрига нонуштани эрталаб тайёрлаб қўярди. Уни шундай тайёрлардики, ҳаммаси ҳайрон қоларди. Эрини бирор марта бўлса-да, ишига нонуштасиз кузатмасди. Қайнота ва қайнонаси ҳам уни кўп дуо қиларди. Дуо ва олқишнинг сабабидан неча йил заҳмат чекиб, бувасининг дуосини олган, отасининг назарига тушган, қайнота ва қайнонанинг олқишини олган, эрига итоатли келин ҳамма орзусига етди. Эри Мурод уни бирор жойда ишлатмас, “Қишлоқда роса ишлагансан, шунинг ўзи етади”, дерди. Қайнотаси вафот этгач, қайнонасига қизларидан ҳам яхшироқ хизмат қилиб, дуосини олди. Ўзи ҳам кексалик ёшига етди. Уч қиз, икки ўғилни вояга етказди. Уларни илмли, одобли ва ҳаёли қилиб тарбиялади. Дастурхон атрофида ўтирганларида, болаларига:

– Бува, бувиси, қайнота ва қайнонаси бор ўғил-қизлар ва келинлар жуда бахтли-да! Уларнинг хизматини қилади, дуосини олади, билмаганини ўрганади. Дуо ва олқиш олган инсон кам бўлмайди. Бувамнинг хизматини қилдим, қайнонам ва қайнотамнинг дуосини олдим, оталарингизнинг ҳурматини жойига қўйдим, мана бугун сизларнинг ардоғингиздаман. Таҳоратга сув иситаман деб, қиш кунлари совқотган қўлларимни совуқ сувга урдирмайсиз, ухлаб қолмай деб қаттиқ ерларда ётардим, энди эса пар тўшакларда иззатдаман. Савоб топаман деб озгина қилган хизматим эвазига ҳажга бордим, бугун сизнинг ардоғингиздаман. Ҳа, холис қилин­ган хизматнинг мукофоти, дуолар самараси мана шундай азизликдир, – дерди мамнун.

Азиз қизларим! Албатта, ота-онанинг хизматини қилиб, дуосини олиш шарафдир. Ҳамма ҳам дуо олавермайди, ҳаммага ҳам олқиш насиб қилмайди. Ким хизмат қилса, кун келиб унга ҳам хизмат қилишади. Ким ҳурмат қилса, ҳурмат топади. Ким нима экса, шуни ўради. Шунинг учун хизмат қилинг, хизмат ва дуо боис улуғлик, ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўласиз.

 

“Қасамини бузган қиз” китобидан

Саудия Арабистони ҳукумати Ҳаж мавсумида зиёратчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, зиёратчиларга қулайликлар яратиш, зиёрат пайтида ҳаддан ортиқ тирбандлик ҳолатини олдини олиш мақсадида мамлакатда яшовчи ва хориждан рухсатномасиз Макка шаҳрига кирмоқчи бўлган шахс ва машиналарни назорат қилади.

Бугун, 9 август куни Ҳаж хавфсизлик кучлари қўмондонлигининг хабар беришига қараганда 188 464 нафар зиёратчилар Макка шаҳрига киритилмаган. Бунинг асосий сабаби сифатида уларда Ҳаж рухсатномасининг йўқлиги экани қайд этилган.

Saudi Press Agency (SPA)нинг маълум қилишича, Макка шаҳрига кириш ва чиқиш қаттиқ назоратга олинган. Шаҳарга 12 та назорат пункти орқали кириш йўлга қўйилган.

Макка шаҳрига фақатгина Ҳаж рухсатномасига эга зиёратчилар ва Ҳаж мавсумига ишлашга рухсат берилган шахсларгина киритилади.

Ушбу қоидаларни бузган шахслар 2,6 минг АҚШ доллари миқдоридаги жаримага тортилиши маълум қилинган.

Маълумот учун, 2017 йилда Ҳаж қилиш учун 2,35 миллион зиёратчи Макка шаҳрига келган бўлиб, шундан 1,75 миллион нафарини хорижликлар ташкил этган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 10 Август 2018 00:00

Агар шайтон васваса қилса

  1. Шайтон инсонларнинг қўлидаги нарсага таъмагирлик қилишга васваса қилади. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги ваъдасини эсланг: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд сураси, 6-оят).

 

  1. Шайтон узун орзулар қилишга васваса қилиб, ўлимни унуттиради. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва хабардор зотдир (Луқмон сураси, 34-оят).

 

  1. Шайтон бу дунёни ўйин-кулгу, маишат билан ўтказишга васваса қилади. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: (Эй, Муҳаммад!) Уларга қўйиб беринг: есинлар, фойдалансинлар ва орзулар уларни машғул қилаверсин! Бас, яқинда (қилмишларининг оқибатини) билиб олурлар” (Ҳижр сураси, 3-оят).

Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: (Эй, Муҳаммад!) Кўрдингизми, агар Биз уларни (узоқ) йиллар (сиҳат-саломатлик, мол-давлат билан) фойдалантирсак, сўнгра уларга ваъда қилинган нарса (яъни азоб) келганда, уларга (дунёда) фойдаланган нарсалари асқотмайди” (Шуаро, 205-207-оятлар).

 

  1. 4. Шайтон инсонлардан умидвор бўлишга, уларга суянишга васваса қилади. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир” (Талоқ сураси, 2-3 – оятлар).

 

  1. Шайтон мусулмонлар устидан мазах қилишга, уларни камситишга васваса қилади. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Ҳолбуки, куч-қудрат фақат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар” (Мунофиқун, 8-оят).

 

  1. Шайтон обрў-эътибор қозониш, одамларнинг олқишларига учишга васваса қилади. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: (Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг раҳматини (пайғамбарликни) улар тақсимлайдиларми?! Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз ва бир-бирларини бўйин сундириш (ишлатиш)лари учун баъзиларини баъзиларидан даражаларини кўтариб қўйганмиз. Раббингизнинг раҳмати эса улар тўплайдиган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Зуҳруф сураси, 32-оят).

 

  1. Шайтон зиқналик қилишга, мол-дунё тўплашга васваса қилади. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Сизларнинг ҳузурингиздаги нарсалар тугаб кетур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир. Биз, албатта, сабр этганларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 96-оят).

 

  1. Шайтон ғурурга кетишга, бошқаларни паст санашга васваса қилади. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир (Ҳужурот сураси, 13-оят).

 

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўли – ҳидоятида собит қадам қилсин. Шайтон васвасасидан ўз паноҳида сақласин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

Мақолалар

Top