muslim.uz
Зиёратчилар билан учрашув
Ҳаж буюк ибодат бўлиб, у Ислом арконларидан биридир. Мустақил юртимизда ибодатлар эмин-эркинликда қилинаётган бир вақтда, исломнинг бешинчи аркони бўлган Ҳаж амалини бажариш учун кетаётган юртдошларимизнинг сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Зиёратчилар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларга ҳаж зиёратига оид барча зарурий маълумотлар берилиб келинмоқда. Мазкур йиғилишларнинг давоми ўлароқ жорий йилнинг 27 июнь куни Қашқадарё вилоятидан муборак Ҳаж зиёратига борадиган 413 нафар бўлажак ҳожилар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилишда вилоят Ҳаж ва Умра ҳайъати масъуллари, ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Р.Усмонов иштирок этишди.
Учрашувда муборак зиёратнинг мазмун-моҳияти, сафарга бориш бўйича тартиб қоидалар тушунтирилиб, барча керакли ва зарурий тавсиялар берилди. Хусусан, ҳаж мавсуми ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келиши, мазкур сафарга ёши улуғ фуқароларимизнинг бориши қолаверса, аксарият зиёратчиларнинг илгари хорижга чиқмаганлигини инобатга олиб, зиёратчиларга ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов томонидан тўлиқ маълумотлар берилиб, оят, ҳадис ва ҳаётий мисоллар орқали Ҳаж зиёрати тартиб-қоидалари тушунтириб берилди.
Зиёратчиларнинг Ҳаж ибодатига оид қизиқтирган саволларига тўлиқ жавоб берилди.
ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги Матбуот хизмати/nasafziyo.uz
Экстремистик фаолиятда иштирок этишни ўз ихтиёри билан рад этган шахс жавобгарликдан озод этилиши мумкин
Махсус сиртқи бўлимга ҳужжатлар қабул қилиниши икки кундан кейин якунланади
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган мажлис қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг 2017 йил 29 майдаги 08/1-856-сонли топшириқ хатига мувофиқ Тошкент Ислом институти Махсус сиртқи бўлими 2017-2018 ўқув йилидан илк бор ўз фаолиятини бошлагани ҳақида хабар берган эдик.
Тошкент ислом институти Махсус сиртқи бўлимига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар учун имконият ҳали ҳам мавжуд. Бунинг учун ўз ҳужжатларингизни тақдим этинг ва Тошкент ислом институти талабасига айланинг.
Қабул жараёни билан боғлиқ масалалар ҳақида қуйидаги телефон рақамлари орқали батафсил маълумотга эга бўлишингиз мумкин.
Телефон: (0371) 227-23-47
ЎМИ Матбуот хизмати
Диний идорага америкалик меҳмонлар ташриф буюрди
Кеча, 27 июнь куни АҚШ Давлат департаментининг Яқин Шарқ, Жанубий ва Марказий Осиёдаги диний озчилик бўйича махсус маслаҳатчи Нокс Темза билан учрашувбўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ушбу мартабали меҳмонлар билан мулоқот ўтказди. Учрашувда муфтий ҳазратлари диёримизда диний соҳадаги ислоҳотлар, қўшни мамлакатлар диний идоралари билан ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланаётгани ҳақида гапирдилар.
Нокс Темза жаноблари Ўзбекистондаги ислоҳотлар АҚШ давлатида жуда ҳам илиқ кутиб олиниб, қўллаб-қувватланаётганини билдириб ўтди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Янги тартиблар жорий этилди
Ҳуқуқий ислоҳот
Диний соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳуқуқшунослик бўлими мудири Икромжон Мардонов мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Бугун ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ҳуқуқий жабҳаларда содир бўлаётган ўзгаришлар, хусусан, диний соҳа тараққиётига қаратилган тарихий, ҳуқуқий ҳужжатлар бизни хушнуд қилиш баробарида зиммамизга янада масъулият юкламоқда. Муҳтарам Юртбошимиз 2017 йилнинг 15 июнь санасида “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида нутқ сўзлагандилар. Ўтган қисқа вақт мобайнида мисли кўрилмаган ўзгаришлар содир бўлаётганига ҳаммамиз шоҳидмиз. Анжуманда, жумладан, диний идора ва унинг тизимидаги муассасалар нотижорат ташкилот сифатида фаолият юритишини инобатга олиб, улар томонидан тўланадиган ягона ижтимоий тўловнинг миқдорини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаган эдилар. 2018 йил 31 май куни Вазирлар Маҳкамасининг 409-сонли қарори билан “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Хўш, уни бундан йигирма йил аввалги (1998 йил 20 июнь) 263-сонли қарор билан қиёсласа қандай янгиланиш ва енгилликлар кўзга ташланади?
Аввало, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказишда белгиланган давлат божлари тубдан кўриб чиқилгани эътиборни тортади. Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасалари учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари (аввал юз баравари эди) миқдорида белгиланди. Масжидлар учун эса энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан ўн бараварига камайтирилиб, фаолият юритиб турган диний ташкилот қайта рўйхатдан ўтаётганда кўзда тутилган сумманинг яна 50 фоизи чегириб ташланади. Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан рўйхатга олиш ва қайта рўйхатдан ўтиш ариза берилган кундан эътиборан бир ой муддатда кўриб чиқилади. Илгари давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома йўқотиб қўйилса, гувоҳнома дубликати (нусхаси)ни олиш учун рўйхатга олиш йиғимининг 50 фоизи миқдорида тўлов ундириларди. Энди бундай ҳолларда энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўлов амалга оширилиб, ҳужжатлар дубликатини олиш тўғрисидаги ариза ўн иш кунида кўриб чиқилади. Шунингдек, ҳар уч ойда топшириладиган ҳисоботлар энди йилда бир марта амалга оширилади.
Диний идора тизимидаги яна бир янгилик шуки, масжидлар ишини янада фаоллаштириш мақсадида янги таҳрирдаги намунавий устав ишлаб чиқилди. Унда масжидлар учун қатор янги имтиёзлар кўзда тутилган. Жумладан, белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан келишилган ҳолда оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш, корхоналар, бошқа тадбиркорлик тузилмалари ҳамда диний мазмундаги маҳсулотларни сотиш дўконлари юритиш, масжидлар бевосита ўзи ёки ҳамкорликда белгиланган тартибда ўқув курслари, Қуръони каримни ўргатиш дарсларини ташкил этиш, ўз кутубхонасига эга бўлиш, имом-хатибнинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси вазифасини жорий этиш, масжид ҳудудида яшовчи мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун масжид вакили сифатида маҳалла имомларини тайинлаш сингари кенг қамровли ўзгаришлар киритилган.
Масжиднинг умумий йиғилиши заруратга қараб, аммо бир йилда камида бир маротаба ўтказилади. Умумий йиғилишга масжид имом-хатиби ёки имом ноиби раислик қилади ва йиғилиш баённомаларини имзолайди. Масжидлар тафтиш комиссиялари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Амалдаги қонун ҳужжатларига зид келмайдиган ҳолларда масжид муаззини, мутаваллиси, ҳайъат аъзолари, тафтиш комиссияси аъзолари жамоатчилик асосида ишлаши мумкин. Улар билан меҳнат шартномаси тузилмайди, бироқ жамоатчилик асосида ишловчилар умумий йиғилиш қарорида кўрсатилади. Жиззах вилояти Зомин туманидаги “Маърифатли”, Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги “Умар ибн Хаттоб”, Сурхондарё вилоятидаги “Оқ масжид”, “Қадимий Дарбанд”, “Имом Термизий” каби жоме-масжидлар янги таҳрирдаги низом асосида фаолият олиб боришаётир.
Муҳтарам Юртбошимизнинг жорий йил 16 апрелда эълон қилинган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса жамиятимизда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш, ислом ва жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой илмий-маданий меросини чуқур ўрганиш, диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида ёш авлод таълим-тарбияси сифатини янада оширишда муҳим ва тарихий қадам бўлди. Ўз навбатида, бизнинг иш фаолиятимизда янги залворли саҳифа очди. Бу ҳақда ҳали алоҳида тўхталамиз.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда диний ташкилотлар давлат ва жамоат тузилмалари билан ижтимоий шерикчилик асосида жамиятимизнинг маънавий ҳаёти янада юксалишига муносиб ҳисса қўшаётир. Айни пайтда, диний-маърифий соҳа фаолияти ҳам қонун ҳужжатлари асосида такомиллаштириб борилмоқда. Ўйлайманки, бундай изчил ислоҳотлар соҳа ходимларини бундан-да шижоат билан, ташаббус кўрсатиб ишлашга даъват этади.
"Ҳидоят" журналидан