muslim.uz
Рўзанинг мукофотини Аллоҳ беради
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ва бир қанча муҳаддислар ривоят қилган ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг рўзадан бошқа ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учун ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман” -дейди.
Ҳадиси қудусийнинг мазмун ва моҳиятини тушуниб, англаб етишиш учун ҳадиснинг матни изоҳ ва шарҳларга эҳтиёж сезади.
“Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳи “Фатҳул Борий”да Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадиси қудусийнинг маъносини ёритиб, ундаги муҳим ўнта асл моҳиятни баён қилади.
- Бандаларнинг амаллари ҳаммаси ёлғиз Аллоҳ таоло учун бўлишлиги таъкидланган бўлсада, амалларнинг ичида “...фақат рўза Мен учундир...” -деб хосланишининг сабаби, рўза ибодатига риё (хўжакўрсинлик) аралашмайди. Рўза ўзини тийишдан иборат ботиний амал бўлгани учун риё аралаштиришни имкони ҳам бўлмайди. Рўзадан бошқа ибодатлар зоҳирий амал бўлгани учун риё аралашиш хавф-хатари доим бўлади. Ибодатларга риё аралашса, фақат Аллоҳ таоло учун эканлиги қолмайди.
Қуйидаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.
عَنِ ابْنِ شِهَابٍ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَيْسَ فِي الصِّيَامِ رِيَاءٌ" رواه البيهقي
Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўзада риё бўлмайди” – дедилар. Имом Байҳақий ривоят қилган.
Рўза банда билан Роббиси орасидаги сиррий амал бўлиб, ўзига хос ибодатдир. Рўзадан бошқа ҳамма амалларда бирон бир амални бажараётган шахс, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, эътиборини жалб қилишни истаб қолади. Шунинг учун Аллоҳ таоло амалларнинг ичида “...фақат рўза Мен учундир...” -деб хосламоқда.
- Бандаларнинг ҳамма амалларига мукофотни ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзи бериши ва ундан бошқа мукофот берувчи йўқ эканлиги аниқ бўлсада, “...унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман...” –деб хосланишининг сабаби рўзанинг мукофотини ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзи билади. Рўзанинг мукофоти, ажри ва савоби ҳеч кимга ошкор қилинмаган, рўзадан бошқа амалларнинг мукофоти миқдори баъзи инсонларга ошкор қилинган ва ҳадисларда зикр қилинган.
Қуйдаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ"مَا مِنْ حَسَنَةٍ عَمِلَهَا ابْنُ آدَمَ إِلَّا كُتِبَ لَهُ عَشْرُ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِ مِائَةِ ضِعْفٍ قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ إِلَّا الصِّيَامَ فَإِنَّهُ لِي وَأَنَا أَجْزِي بِهِ يَدَعُ شَهْوَتَهُ وَطَعَامَهُ مِنْ أَجْلِي "
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласи қилган яхши амалларининг савоби ўн баробардан етти юз баробаригача кўпайтириб ёзилади. Аллоҳ таоло: “Фақат рўза ундан мустасно. (яъни, рўзанинг савоби беҳисоб берилади)Чунки, рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман. У (одам боласи)рўзада шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур” – дедилар. Имом Насаий ривоят қилган.
Рўзанинг савоби беҳисоб эканига қуйдаги ояти карима ҳам далил бўлади.
قال الله تعالى: إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ
Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофатлари беҳисоб берилур (Зумар, 10-оят).
Рўза сабр билан сайқал топадиган ибодат. Рўзадор киши нафсининг хоҳиш- истакларини сабр билан тўхтатади. Сабр қилувчининг мукофоти ояти каримада айтилганидек беҳисоб берилади.
- Ҳадиси қудусийда “...фақат рўза Мен учундир...” - деб хосланиши: “Рўза мен учун ибодатларнинг энг яхшиси. Менинг ҳузуримда у бошқа ибодатлардан устун ва муқаддам ибодат” – деган маънони ҳам ифодалайди.
Ибн Абду Бирр раҳматуллоҳи алайҳ ҳадиси қудусийда “...фақат рўза Мен учундир...” дейилиши рўза ибодатининг фазилатига кифоя қилади –дейдилар. Гўёки, бу ибодатнинг фазилати борасида ортиқча таърифга зарурат йўқ.
Қуйдаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ قَالَ قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَخْبِرْنِي بِعَمَلٍ ينفعني الله به قَالَ عَلَيْكَ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَا مِثْلَ لَهُ رواه النسائي
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
У зот: “Эй, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таоло у туфайли менга манфаат берадиган амалнинг хабарини беринг” –дедим.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Рўзани ўзинга лозим тутгин! Чунки, рўзага баробар келадиган амал йўқ” – дедилар. Имом Насаий ривоят қилган.
- 4. “...фақат рўза Мен учундир...” – деб Аллоҳ таоло рўзани ўзига нисбат беришида уни улуғлаш, қадрини юксалтириш бор. Бу эса ҳамма мулк Аллоҳники бўлсада, каъбани “Байтуллоҳ” деб Аллоҳ таолога нисбат беришга ўхшашдир.
Зайн ибн Мунир раҳматуллоҳ алайҳ: “Умумий ўринда бир нарсанинг хосланиши фақатгина ўша нарсани улуғлаш учун бўлади” –дейдилар.
- Аллоҳ таолонинг инсон табиатидан фарқли ўлароқ сув, таом ва бошқа нарсалардан беҳожат экани унинг ўзига хос сифатидир. Рўза тутган инсон Аллоҳ таолонинг сифатига мувофиқ, ўзини емоқ, ичмоқ ва бошқа нарсалардан беҳожат билиб Аллоҳ таолога ибодат қилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “...фақат рўза Мен учундир...” дейди.
Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “...фақат рўза Мен учундир...” ҳадисининг маъноси: “Бандаларнинг амаллари ўзларининг ҳолларига муносибдир. Фақат рўза, Ҳақ таолонинг сифатларидан бир сифатга муносибдир. Аллоҳ таоло “...фақат рўза Мен учундир...” дейиш билан гўёки, “Рўзадор менинг сифатларимдан бирга эга бўлиб, менга яқинлашмоқда” -демоқчи.
- Нафс истаклари емоқ, ичмоқ ва роҳатланмоқ каби хусусиятлардан беҳожат бўлиши нафақат Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири балки, у фаришталарнинг ҳам сифатларидан ҳисобланади. Шу маънода инсон рўзани гўёки фаришталар сифати билан адо этади.
- Рўза холис Аллоҳ таоло учундир, унда инсон нафси учун улуш, насиба йўқ. Рўзадан бошқа иодатларда эса нафсга улуш, насиба бўлади.
- “...фақат рўза Мен учундир...” – деб хосланишининг яна бир маъноси рўза ибодати Аллоҳ таолодан ўзга илоҳлар учун бажарилмади. Намоз, садақа, тавоф ва бошқа ибодатлар турли бут санамлар учун қилинди. Рўза эса фақат Аллоҳ таоло учун бажарилди.
- “...фақат рўза Мен учундир...” – деб хосланишининг яна бир маъноси тўғрисида Ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Қиёмат кунида бандалар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ўзаро ҳукм қилинади. Рўзадан бошқа ибодатлар бандаларнинг ўзаро турли зулмлари сабаб бир-бирлардан олиб берилади. Фақат рўзанинг ажру савоби сақланиб қолинади. Охир оқибат рўзанинг мукофати жаннат бўлади” -дейди.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ يَقُولُ: سَمِعْتُ أَبَا الْقَاسِمِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: "قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: كُلُّ الْعَمَلِ كَفَّارَةٌ، إِلاَّ الصَّوْمَ، وَالصَّوْمُ لِى وَأَنَا أَجْزِى بِهِ. رواه احمد
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло айтади: ҳамма амал каффоротдир. Фақат рўза мустаснодир. Чунки, рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман.” – дедилар. Имом Аҳмад ривоят қилган.
Рўзадан бошқа солиҳ амаллар қиёмат кунида инсоннинг дунёда қилган хато ва камчиликларни каффорот бўлиши учун хизмат қилиш эҳтимоли бўлади. Фақат рўза ибодати сақланиб қоладиди. Рўзанинг ажру савоби хато ва камчиликларни каффароти учун беҳуда кетмайди.
- Рўза ботиний амал бўлгани учун ошкор бўлмайди, фаришталар уни қайд қилмайди. Агар ошкор бўлганда фаришталар бошқа амалларни ёзганидек рўзани ҳам ёзар эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло “фақат рўза Мен учундир” -дейди.
Бу фикрни айтувчи Ибн Арабий ривоят қилган бошқа бир ҳадиси қудусийни далил қилиб келтиради. Ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло айтади: “Ихлос сирларимдан бир сирдир. Уни яхши кўрган бандаларимнинг қалбига соламан. Ундан фаришта ҳам хабардор бўлмайди, хабардор бўлса, уни ёзар эди. Шайтон ҳам хабардор бўлмайди, хабардор бўлса, у фасод қилар эди”-дейди.
Рўза ҳам ихлос каби сиррий ибодат. Ибодатлардаги ихлосни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмагани каби, рўзани ҳам ҳеч ким билмайди.
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ мазкурларни зикр қилиб, буларнинг ичида биринчи, иккинчи,саккизинчи ва тўққизинчиси бошқаларга нисбат эътиборли ва ёрқинроқ эканлигини қайд қиладилар.
Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
АҚШдан қайтган Президент Андижонга келди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида бугун, 19 май куни Андижон вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф давомида тўқимачилик, пиллачилик, фармацевтика, агносаноат корхоналари фаолияти билан танишиш, истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш, вилоят фаоллари ва мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказиш режалаштирилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Таровеҳ намозига келувчилар диққатига!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу ойни тинчлик-хотиржамлик ва кўтаринки руҳиятда ўтказиш учун барча тегишли ташкилотлар астойдил хизмат қилмоқдалар.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси жойларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, автоҳалокатлар ва бошқа нохушликлар юз беришининг олдини олиш ҳамда йўлнинг қатнов қисмида автомобиллар тирбандлиги келиб чиқишига йўл қўймаслик мақсадида Тошкент шаҳрида таровеҳга келган намозхонлардан масжидлар атрофи ва масжид ҳудудидан 150 метр масофагача бўлган узоқликда автомобилларни қўймасликларини сўрайди.
Масжидлар атрофида автомобилларнинг бетартиб қўйиб кетилиши натижасида бир қанча ноқулайликлар туғилмоқда, йўллар беркилиб қолиб, ҳаракатланаётган автомобилларнинг ўтишига қийинчилик туғдирмоқда.
Азизлар, барчамизнинг мақсадимиз, бу улуғ ойни хурсандчиликда, ҳаловатда ўтказишдир. Шундай экан, бизнинг хавфсизлигимиз, хотиржамлигимиз учун ўрнатилаётган тартиб-қоидаларга риоя қилайлик.
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати
Баракотга тўла ой
Рамазон – саодат асридан буён мўмин-мусулмонлар алоҳида эътибор ва ҳурмат билан кутиб оладиган ойдир.
Бизни мусулмонлардан қилиб яратиб, калбимизга рўза меҳрини солиб, доруломон кунларда тинч-осойишта мамлакатимизда рамазоннинг шукуҳи билан қалбимизни хурсанд қилиб қуйган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин.
Рамазон рўзаси мусулмонларга фарз қилинган амал бўлиб, Қуръон оятлари билан собитдир. Рамазон рўзаси қибла Маккага ўзгарган йили, яъни ҳижрий 2 йили, шаъбон ойининг 18 куни фарз бўлган. Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васаллам 9 йил фарз рўзани тутганлар. Қуръони карим ҳам ушбу муборак рамазон ойида нозил бўлган. Бу эса рамазон ойини шарафини янада зиёда қилган. Рўза инсонни соғлигига шифо бўлса, Қуръони карим инсоннинг руҳиятига шифо бўлади. Тинч ва файзли мамлакатимизнинг минглаб масжидларида, ҳар йили рамазон ойида Хатми Қуръонлар бўлаётгани бежиз эмаски, юртимизга ана шу Хатми Қуръонларни сабаб қилиб Аллоҳ таоло баракалар ёғдирмоқда.
Мусулмон кишининг йил давомида адо этиб юрган ибодати, садақа ва хайрли ишлари, яхши амаллари, бандалигига бориб содир этган гуноҳларини кетказиб туради. Агарда булардан ҳам ортиб қолган гуноҳлари бўлса, у гуноҳлар рамазон рўзасини тутиши билан кетказилади. Албатта, инсон гуноҳлардан холи эмас. Гуноҳ ишлар мусулмон киши учун баданга етган заҳар кабидир, агар инсон эҳтиёт бўлмаса бу заҳар инсонни ўлдириши мумкин.
Рамазон ойи келганда Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васалламнинг саховатлари янада ошиб кетарди. Биз ҳам шундай улуғ зотнинг умматлари эканмиз, у зотдан ўрнак олиб рамазон ойида оиламизга, қариндош-уруғларимизга, маҳалламиздаги бева-бечораларга, кам таъминланган қарияларга қўлимиздан келганича моддий ёрдам беришимиз, беморлардан хабар олиб, уларни бориб кўришимиз лозим. Шунинг учун келадиган бу муборак ой, гуноҳларимиздан покланишимиз учун ғаниматдир.
Иномжон НАМОЗОВ,
“Тангри берди ” жоме масжиди имом-хатиби
Энг бахтиёр аёллар
Гўзал намуна
Юз минг киши иштирок этган видолашув ҳажида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига қуйидагича васият қилдилар: “Эй инсонлар, хотинларнинг хақларига риоя этингиз. Улар билан шафқат, меҳр ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз! Хотинлар сизга Аллоҳнинг омонатидир”.
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ахлоқи бутун башариятга намунадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни узоқдан кўрган киши ҳайбат, яқиндан кўрганлар муҳаббат туйғусини ҳис этарди. У зотнинг чиройли хулқлари турмуш тарзида яққол кўзга ташланарди.
Ул зот фақирона ҳаёт кечирганлар, оилаларида камтароналик ва самимият ҳукм сурган. Бутун бошли бир давлатни бошқарган бўлсалар ҳам кийимларини ўз қуллари билан ямар, арпа нон ер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари шундай шароитда яшаб, ҳеч қачон нолимаганлар. Мўмина оналаримиз бошига тож кийиб, ер юзида хукмронлик қилган қанчадан-қанча подшоҳ, қирол, императорларнинг аёллари кўрмаган, бутун умр хаёлларида орзу қилиб, етиша олмаган оила бахтига бир бўйра, лойдан ясалган бир кўза каби оддий ашёларидан бошқа мулкни ўзига раво кўрмаган зотдан улкан бир муҳаббат, чексиз фидокорликни кўрдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам завжаларига ўта нозик муносабатда бўлганлар. Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримиз билан сафарга чиқдилар. Улар ўз уловларига миниб олишгач, туякаш туяларни қистаб ҳайдай бошлади. Шунда у зот ўз хонимларининг нозикликларига ишорат қилиб: “Биллурга диққатли бўл, эҳтиёт қил!”, дея таъкидладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи аёли – Хадича бинти Ҳувайлид розияллоҳу анҳо онамизни бир лаҳза ҳам эсларидан чиқармай: “Албатта менга Хадичанинг муҳаббати берилган” дер ва зикр қилинганларида, унинг ҳаққига истиғфор айтишни канда қилмасдилар.
Пайғамбар алайҳиссалом аёлларига ёрдам бериб, уй супурар, қўй соғар ва бошқа ишларида кўмаклашардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳони дин йўлида кўрган машаққатларини тақдирлаб, ўз никоҳларига олганлар. Савда бинти Замъа онамиз аҳёнда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб туришни яхши кўрар эканлар. Савда бинти Замъа онамиз саййида, жамила ва шарифа бўлиши билан бирга йирик жуссаликлари сабабидан уй ишларига уринганидаги ўнғайсизлигини кўриб ул зот табассум қилиб қўяр эдилар.
Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо нубувват хонадонида гўзал ҳаёт ичра яшай бошладилар. Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони каримни тўлиқ ёд олган ва унинг тафсирини яхши билганлар. У кишининг бу даражага етишларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган сабоқлари сабаб бўлган.
Зайнаб бинти Хузайма розияллоҳу анҳо ҳам мўминаларнинг онаси бўлишдек шарафга ноил бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамизнинг сабри, жасорати, Ислом дини йўлидаги фидокорликларини муносиб тақдирлаб “Уммул масокин” (мискинлар онаси) дер эдилар.
Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиз ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаси бўлишдек шарафга ноил бўлди. Жаброил алайҳиссалом уларнинг уйларига ваҳий олиб келганлар. Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиз ўта зеҳнли, оқила ва илмга чанқоқ бўлганликлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан турли масалаларни сўрашдан зерикмас эдилар ва ўз навбатида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу саволларга алоҳида эътибор билан жавоб берар эдилар.
Жувайрия бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо онамиз нубувват хонадони аёлларининг дуру жавҳарлари силсиласига қўшилдилар. Жувайрия розияллоҳу анҳо онамиз қабила бошлиғининг қизи сифатида нозу неъматга кўмиллиб, ҳою ҳавасга берилиб яшашдан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёли сифатида борига шукур қилиб, камтарона яшашни маъқул кўрдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг ёшликларини эътиборга олиб, ул кишининг даражаларига тушар, ўзларига яраша шароит яратиб беришга ҳаракат қилар эдилар.
София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳо онамиз туяга миниб олишлари учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқларини уларга тўғрилаб турганлар. Шунда София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳо онамиз ул зотнинг сонларига оёқларини қўйишдан бош тортиб, тиззасини қўйиб туриб чиққан.
Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо онамиз узоқ муддат кўришмай юрган отаси мушрик бўлгани учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрпачаларини уларнинг тагларидан тортиб олишлари ул зотга бўлган юксак эҳтиромларидан эди. Албатта, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга завжа бўлишдан ортиқ бахт йўқ.
Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо онамиз ҳам нубувват хонадони аёллари қаторига сўнгги дурдона бўлиб қўшилишларининг ҳам ўзига яраша ҳикмати бор эди. У зот ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оилавий шароитда содир бўлган шаръий аҳкомларни ислом умматига етказишда яна бир ёрдамчи бўлдилар. Маймуна розияллоҳу анҳо онамизнинг ниҳоятда тақводор ва силаи раҳмга мойил эканларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари гувоҳлик берганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўмина оналаримиз билан кечирган турмушини кузатар эканмиз, улар орасидаги самимият, меҳр-мурувват, муҳаббат, назокатдан завқланиб, тобора уларга ҳавасимиз ортиб, уларга ўхшашга ошиқамиз! Зеро, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари пок аёллар, дунёдаги энг бахтиёр аёллар, “Мўминларнинг оналари” деган юксак унвонга муносиб бўлган оналаримиздир!
Гулобод ҚУРБОНОВА,
Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти етакчи мударрисаси