muslim.uz
22.06.2018 й. Гиёҳвандлик - офат
بسم الله الرحمن الرحيم
ГИЁҲВАНДЛИК - ОФАТ
Бугунги кунда дунёда бир қанча глобал муаммолар юзага чиқди. Шулардан бири ва энг даҳшатлиси гиёҳвандликдир. Динимиз инсоннинг эътиқоди, жони, руҳи, молини сақлагани каби унинг ақлини ҳам ҳимоя қилади. Инсон ибодатларни адо қилиши учун комил ақлга эга бўлиши керак. Олимлар маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни ичишни “Ихтиёрий жиннилик”, деб аташади. Чунки гиёҳванд ўз ихтиёри билан ақли ҳушини йўқотади. Гиёҳвандлик ҳақида ҳам муқаддас динимизда керакли кўрсатмалар берилган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бутун башариятга Ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири сифатида тоза пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок, зарарли нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини шундай баён этади:
... يَأْمُرُهُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ ...
(سورة الآعراف/157)
яъни: “... У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...” (Аъроф сураси, 157- оят).
Динимиз ҳалол қилиб берилган нарса покдир. Покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодат даражасидадир. Агар бунинг акси, бўлса ўша нарса ҳаром ва унинг истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Шунингдек, у инсон соғлиғини кетишига ёки унинг ҳалокатига сабаб бўлувчи воситалардан сақланиш унга фойдадир. Ҳадиси шарифда шундай дейилади:
عن أم سلمة رضي الله عنها قالت: " نَهَى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ )وَمُفْتِرٍ(
(رواه الإمام ابو داود والإمام حاكم)
яъни: Умму салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким ривояти).
Бу ҳадис билан истеъмол қилганда танани бўшаштирувчи ва ақлни кетказувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлади. Ҳудди шу ҳадисда зикр қилинган бўшаштирувчилик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланган гиёҳвандлик моддаларининг васфидир. Бошқа бир ҳадисда:
عَن ابْن عمرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهما أَن رَسُول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ:
" كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ، وَكُلُّ مُسْكِرٍ حَرَامٌ" )أخرجه الإمام مُسلم .(
яъни: Ибн Умар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай маст қилувчи ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис билан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром ҳисобланади. Шунга кўра маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар ҳам гиёҳванд моддаларга тегишлидир. Гиёҳвандлик кишини секин секин (гоҳида эса тезда) ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса гуноҳи кабирадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:
عن ثابتِ بن الضَحَّاكِ اَنَّ رَسولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قال: لَعْنُ المُؤْمِنِ كَقَتْلِهِ وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِشَيْءٍ فِي الدُّنْيَا عُذِّبَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ (رواه الإمام الدارامي).
яъни: Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мўминни лаънатлаш уни ўлдиришга ўхшайди. Дунёда ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади” (Имом Дорамий ривояти).
Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга зарарли бўлган нарсаларни ман қилган. Банда ушбу чегарадан тажовуз қилса ҳамда ман қилинган нарсалардан сақланмаса, ўзига ва бошқаларга зарар етказади. Бу эса исломга зид амалдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
عن أبي سعيدِ الخُدْرِي رضي الله عنه أنَّ رسولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قالَ: "لاَ ضَرَرَ وَ لاَ ضِرَارَ"
( رواه الإمام إبن ماجه).
яъни: “Ўзига ҳам бошқаларга ҳам зарар етказиш йўқдир” (Имом Ибн Можа ривояти).
Гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир. Гиёҳвандлик етказадиган зарарлар инсон жисмини қанчалик хароб, барбод қилса, худди шундек шахс ва жамиятнинг мол-мулкига ва бойлигига ҳам мислсиз зарар етказади. У тинч-тотув оилаларни бузиб, болаларни етим қилади, қашшоқлик, муҳтожликда яшашга мажбур этади. Охир оқибат касаллик, қамоқхона ёки ўлим билан якунланади. Ҳолбуки, ҳеч ким Аллоҳ таолодан ўзига ато этилган мол дунёсини исроф қилишга ҳаққи йўқ. Унинг ноўрин ерларга ишлатишидан ва беҳуда бўлишидан сақлаш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 195- оятида шундай марҳамат қилади:
...وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ ...
яъни: “...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!...”.
Энг ачинарлиси шундаки, бу иллатга гирифтор бўлган кимсалар, топган пулини ҳаром ичимлик ва гиёҳванд моддаларни сотиб олиш учун ҳечам аямайдилар. Бор молу дунёсини, машинасини, уйини, ҳатто кийимини ҳам сотиб юборишлик даражасига етади. Исрофгарчиликнинг бундан ёмонроқ кўриниши бўлмаса керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُوا إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُورًا
яъни: “Шубҳасиз исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди” - дейилади (Исро сураси, 27-оят).
Ушбу оятга кўра, маблағларини мана шундай ноўрин жойларга сарфлаётганларни шайтоннинг биродари дейиш мумкин. Чунки уларга шайтондан бошқа ҳеч ким дўст бўлмайди. Шунинг учун ҳам, бу масалада барчамиз ўта ҳушёр бўлмоғимиз лозим.
Пайғамбаримиз (сав)дан Абу Саъид ал Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه قال : سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول : "مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَ ذَالِكَ أَضْعَفُ الْإيْمَانِ" (رواه الإمام المسلم).
яъни: “Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидир”. (Имом Муслим ривояти)
Демак, ушбу ҳадиси шарифга биноан, гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарур. Маҳаллалар ва қишлоқларда шу йўл билан тез бой бўлиб қолишни истаган, қанчадан-қанча кишиларни умрига зомин бўлаётган кишиларга бефарқ қараб туриш мумкин эмас. Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш ва уларни моддий ҳамда маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек умумбашарий хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин. Омин!
Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида сутра ҳақидаги баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.
“Сутра” деганда намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтмаслиги учун қўйилган тўсиқ тушунилади.
عَنْ أَبِي جُهَيْمٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَوْ يَعْلَمُ الْمَارُّ بَيْنَ يَدَيِ الْمُصَلِّي مَاذَا عَلَيْهِ لَكَانَ أَنْ يَقِفَ أَرْبَعِينَ خَيْرًا لَهُ مِنْ أَنْ يَمُرَّ بَيْنَ يَدَيْهِ. قَالَ أَبُو النَّضْرِ: لَا أَدْرِي قَالَ أَرْبَعِينَ يَوْمًا أَوْ شَهْرًا أَوْ سَنَةً
(رواه الإمام البُخَارِيُّ والإمام مُسْلِمٌ).
яъни: Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар намозхоннинг олдидан ўтувчи киши ўзига нима (гуноҳ) бўлишини билганида эди, (намозхоннинг) олдидан ўтишдан кўра қирқ (йил, ой, кун) тўхтаб туришга рози бўлар эди”, дедилар”. Абу Назр (ҳадисни Бусрдан ривоят қилган ровий:) “Қирқ кун” дедими, ёки “ой”, ё “йил”ми, билолмадим”, деган” (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган).
Девор, устун, найза, асо, бошқа бирор нарса сутра бўлиши мумкин. Мақсад, намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтиб, кўнглини бузмасин, хусусан, шайтон васваса қилмасин.
عَنْ طَلْحَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا وَضَعَ أَحَدُكُمْ بَيْنَ يَدَيْهِ ِثْلَ مُؤْخِرَةِ الرَّحْلِ فَلْيُصَلِّ، وَلَا يُبَالِ مَنْ مَرَّ وَرَاءَ ذَلِكَ (رَوَاهُ الإمام مُسْلِمٌ وَالإمام التِّرْمِذِيُّ).
яъни: Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки бирингиз олдига эгар суянчиғичалик нарсани қўйса, унинг ортидан ким ўтганига эътибор бермасдан намозни ўқийверсин”, дедилар” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилишган).
Намозхоннинг олдидан бирор нарсанинг ўтиш эҳтимоли бўлмаса ёки намоз ўқилаётган жой йўл бўлмаса, сутра қўймай намоз ўқиса ҳам бўлади.
Агар сутра бўлмаса ёки ўтувчи намозхон билан сутрасининг орасидан ўтса, (намозхон уни) тасбеҳ ёки ишора билан қайтаради.
Бу қайтариш намозхоннинг “Субҳаналлоҳ!” деб тасбеҳ айтиши ёки ишора қилиши билан бўлади. Аёл кишилар эса ўнг қўлини чап қўлига уриб, қарсак каби овоз чиқариш ила қайтарадилар.
Сутранинг энига чегара белгиланмаган, аммо бўйи, яъни баландлиги энг ками бир зиро (газ) бўлиши керак. Бир газнинг узунлиги турлича белгилаб келинади. Баъзилар 46,2 см, десалар, бошқалар 70 см деб таъкидлайдилар. Демак, эҳтиёт учун 70 см ва ундан ҳам узунроқ бўлгани маъқул. Оёқ билан сутранинг оралиғи намозхон бемалол сажда қила оладиган миқдорда бўлиши лозим.
Сутранинг самараси:
- Намазхоннинг олдидан ўтувчи кимсанинг гуноҳкор бўлишини олди олинади.
- Намозхоннинг фикри намоздан чалғимаслиги учун ёрдам.
- Намозхоннинг олдидан ўтишга зарурати бор кишини мушкулликка туширмаслик.
Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи буюрганидек намоз ўқиш бахтини муяссар айласин! Омин.
Мисрлик футболчилар шарафига уюштирилган ифторликда ўзбек ошпазлари таом тайёрлашди
20 мингдан ортиқ рўзадор Аҳмад ҳожи Қодиров жамғармаси томонидан уюштирилган йирик ифторликда оғиз очишди.
“Чеченистон юраги” масжиди ёнидаги майдонда тузалган дастурхон атрофида Ингушетия, Доғистон, Татаристон ва Грознийдаги “Аҳмад Арена” стадионида Миср футбол термасини машғулотларини томоша қилишга узоқ-яқиндан келган муҳлислар жамул-жам бўлишди.
Ифторликнинг асосий таоми бўлган ошни Ўзбекистондан махсус чақиртирилган ошпазлар тайёрлаб беришди. Ифторлик билан бир қаторда “Фирдавс” тантаналар саройида саратон ва паралич хасталикларига чалинган, тиббий муассасалар ҳамширалари ва “Автойўлтаъмир” ишчилари ҳамда минтақадаги кам таъминланган оилалар учун алоҳида дастурхон ёзилди.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг маълум қилишича, “Фирдавс” саройидан ҳеч ким қуруқ қайтмаган. 48 та оила янги квартиралар калити, қолганлар эса катта миқдорадги пул соҳибларига айланишди.
ЎМИ Матбуот хизмати
АҚШ президенти Шавкат Мирзиёевни Ҳайит билан табриклади
Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий мамлакатлар давлат ва ҳукумат раҳбарларидан табрик мактублари келмоқда. Жумладан, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг қутловида бундай дейилган:
Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!
Америка халқи номидан Мелания ва мен Сизга ва Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити муносабати билан самимий табрикларимизни йўллаймиз.
Рамазон ойининг якунланишини нишонлар эканмиз, адолат ва раҳм-шафқатга асосланган Ислом динининг қўшниларга ёрдам бериш ва турли эътиқоддаги инсонлар билан ризқини баҳам кўришдек муқаддас анъанасини янада теран англаймиз. Ийд аль-Фитр бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва барчанинг ўз салоҳиятини тўлалигича юзага чиқариш имконини берадиган жамият барпо этиш масъулиятини ёдга солади.
Америка Қўшма Штатлари кўплаб дин вакиллари, шу жумладан, мамлакатимизга муҳим ҳисса қўшган ва қуролли кучларимизда муносиб хизмат қилган америкалик мусулмонларнинг ҳам юртидир.
Мен дунёдаги барча мусулмонларга ўзимнинг энг самимий табрикларимни йўллайман. Ушбу байрам кунларида ва келгуси йилда уларга сиҳат-саломатлик ва фаровонлик тилайман. Рамазон ҳайити муборак!
Ҳурмат билан,
Дональд Ж.Трамп,
Америка Қўшма Штатлари Президенти
Анвар қори домла дуоси мустажоб инсон эди
Табиатида динимизга муҳаббати чексиз бўлган Анвар қори Турсунов 1981 йил Тошкент давлат университетининг филология факультетини тамомлаб. меҳнат фаолиятини “Ёшлик” журналида муҳаррир вазифасидан бошлади. Кейин ЎзФА, Абдулла Қаҳҳор уй музейи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси каби нуфузли ташкилотларда самарали фаолият юритди. 1989-1992 йилларда Қуръони каримнинг Шайх Алоуддин Мансур таржима қилган матнига муҳаррирлик қилди. Ана шу жараён Анвар қорининг илмий-ижодий фаолиятида диний мавзулар янада устувор бўлишига туртки бўлди.
Бевосита диний соҳадаги фаолиятини эса 1994 йил пойтахтнинг ҳозирги Яшнобод туманидаги «Янгиобод» масжиди имом-хатиби сифатида бошлади. Ўша йилнинг ўзидаёқ юртдошларимиз ажойиб бир воизни кашф этдилар.
1999 йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ва «Хожа Аҳрор Валий» масжиди имом-хатиби бўлиб ишлаш баробарида 2001 йил Тошкент ислом институтини ҳам тугатди. 2015 йилдан бошлаб эса «Минор» масжиди бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритди.
Анвар қори ўзбек тилини пухта билган салоҳиятли муҳаррир бўлгани боис Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатволарини тайёрлашда фаол қатнашар, диний нашрлар ва маҳаллий матбуотга ўқишли мақолалар ёзар, халқаро анжуманларда маърузалар билан иштирок этар, диний ва илмий мавзулардаги асарларга муҳаррирлик қилар, радио ва телевидениенинг маънавий ва маърифий дастурларида бошловчилик ва чиқишлар қилар эди. Шунча иш билан бирга таржима, таълиф ва таснифга ҳам вақт топар эди. Айниқса, олимнинг «Шарқ юлдузи», «Жаҳон адабиёти» журналлари, «Ўзбек адабиёти ва санъати» газетасида Алишер Навоий ижоди ва фаолияти, навоийшунослик ва тасаввуф илми ҳақидаги кўплаб илмий, маърифий-маънавий мақолалари ўқувчилар эътиборига тушган эди.
Бир сўз билан айтганда, Анвар қори Турсунов оммавий ахборот воситалари орқали доимий чиқишлари, диний мавзудаги маърузалари билан халқимиз қалбидан муносиб жой олган уламо эди.
Унинг Али ибн Аҳмад Найсобурийнинг «Асбобун нузул» («Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари») таржимаси, «Фазилатлар китоби», «Инсон мукаррам зот» номли китоблари нашр этилди. Уларнинг ҳаммаси ўзига хос пишиқ-пухта асарлар бўлиши баробарида Анвар қори халқимиз орасида ўткир воиз сифатида машҳур эди. Айниқса, «Хожа Аҳрор Валий» масжидида имом-хатиблик қилган кезларида унинг ҳазрат Навоий, Мирзо Бобур, Сўфи Оллоёр, Бобораҳим Машраб, Муҳаммадризо Огаҳий ва мумтоз адабиётимизнинг бошқа забардаст вакилларининг жўшқин байтларидан мисоллар келтириб, сўзлаган амри маъруфларини эшитиш учун шаҳримизнинг энг чекка ҳудудларидан одамлар гуррос-гуррос бўлиб жума намозини ўқишга шу масжидга келар эдилар. Жумадан кейин эса олган таассуротларини ўзаро гаплашиб кетишар, узоқ вақтлар ана шу амри маъруфлар таъсирида юришар эди.
Анвар қори ака “Минор” масжидига келганидан сўнг ўша мухлислар оқими шу ерга келишни одат қилишди. Бу одамнинг овозида тингловчига таскин бўладиган нимадир бор эди. Кейин у киши толиби илмларга хайрихоҳ бўлган ниҳоятда фазилатли инсон эди. 2005 йилги жума маърузаларидан бирида шундай деган эди:
“Бир куни пешиндан кейин намозхонлар тарқалди. Масжиддан энди чиқмоқчи бўлиб дарвоза ёнига келсам, бир қизгина мунғайиб турибди. Қаршимга чиқиб ийманибгина салом берди. Сўнгра ТошМИга (ҳозирги Тиббиёт академияси) контрактга ўқишга кирганини, аммо ота-онаси контрактга тўлашга пул топа олмаётганини айтиб ёрдам сўради. Фаҳмладимки, бу даргоҳ унинг сўнгги илинжи... Менда унча пул йўқ. Нима қилишни билмай бошим қотди. Кейин “Қизим, сиз шу ерда ўтириб туринг, мен ичкарига кириб икки ракат намоз ўқиб чиқаман, Аллоҳ меҳрибон, бирор жойдан етказиб қолар”, дедим-да масжидга қайтиб кириб икки ракат ҳожат намозини ўқидим. Раббимизга шугинани ноумид қайтармасликни сўраб дуолар қиляпман-у, кўзим эшикда. Аммо ҳеч ким келмади. Ахийри, ўрнимдан туриб қизгинанинг олдига бордим. У менинг аҳволимни кўриб дарров тушунди, ҳеч нарса демади. Олдин-кейин бўлиб. ташқарига йўналдик. Шу вақт орқадан бировнинг “Қори ака!” деб чақиргани қулоғимга чалинди. Ўгирилиб қарасам, орқа дарвоза тарафдан бир одам гўёки учиб келяпти. Бизга етар-етмас: “Қори ака, контракт тўлайдиган талабалар йўқми?” деса бўладими...”
Бу Анвар қори аканинг ўзи сўзлаб берган воқеа. Энди бевосита ўзимиз гувоҳ бўлган ҳодисага эътибор қилинг. Бу йил қишда ёғингарчилик кам бўлиб кунлар исиб кетгани эсингизда. Шундай кунларнинг бирида жума намозини “Минор” масжидида ўқидик. Намоз сўнггида Анвар қори ака совуқ ҳаво ва қор ёғдиришини сўраб дуо қилди. Масжидга киргунча иссиқ ҳаводан бир оз лоҳасланиб турган эдик. Чиққанимизда иккита жаноза бор экан. Жанозани ўқигунимизча ҳаво шу қадар совидики, ҳатто совқотиб қолдик. Бирор соат ўтганидан сўнг қор аралаш ёмғир қўйиб берди.
Анвар қори ака дилкаш суҳбатдош бўлиб, кўнгилга ёқадиган мулойим мутойиба ҳам қилар эди. У кишининг суҳбатига тўймас эди одам. Кейин Анвар қори ака бундай дедилар деб тўлқинланиб гапириб юрар эди.
Ўлим орамиздан шундай буюк инсонни олиб кетди. Чунки Аллоҳ таолонинг амри шундай бўлган. Улуғларимиз айтганидек, бундай зотлар аниқ вазифа билан келади. Ўша вазифани ўрнига қўйганидан сўнг бу дунё ҳаётидан ҳақиқий дунё кўчади.
Бизнингча, Анвар қори Турсуновнинг вазифаси кўнгилларга Ислом нурини ёқиш, Ислом маърифатини тарқатиш бўлган ва у бу вазифани бир уламонинг имконияти даражасида муваффақиятли равишда бажарди. 60 ёш умр кўрган одамга бундан ортиқ шараф бўлиши мумкинми!..
Бу мумтоз олимдан шу вақтга қадар элимиз манфаат кўриб келди, энди унга манфаат етказиш гали бизники, азизлар. Муҳтарам устозни ҳар доим дуоларимизда йўқлаб турайлик. Шоядки, руҳи шод бўлиб ётган жойи жаннат боғчаларидан бирига айланса!
ЎМИ Матбуот хизмати
«Вақф» фондининг асосий вазифалари, амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар - видеоинтервью
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелда ПФ-5416-сонли «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фондини ташкил этилиш билан боғлиқ тадбирлар белгиланган эди. Фонд ташкил топганига ҳали кўп вақт бўлмади.
https://youtu.be/jMyDmsB03UU
Амалга оширилаётган ишлар, фонднинг асосий мақсад ва вазифалари тўғрисида фонд бошқарув раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов билан "kun.uz" нашри суҳбатлашди.
- Муҳтарам Президентимиз 2018 йил 16 апрелда «Вақф» хайрия жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида тарихий фармонга имзо чекдилар. Тарихий деганимиз, рамзий маънода ҳам, тарихий маънода ҳам. Сабаби юртимизда 1928 йилгача хонликлар ва амирликларда вақф ишлари юритилган. Сўнгги бор 1929 йилда Бухоро амирлиги ва Хива хонлигида тўхтатилган.
Фонднинг асосий мақсади юртимизда етишиб чиққан буюк алломаларимизни дунё маданияти ва илм-фанига қўшган ҳиссасини тараннум этиш. Шу билан бирга, одамларимиздаги мурувват, саховатлилик туйғуларини янада оширишга кўмаклашиш. Хусусан, диний-маърифий соҳага ёрдам бериш, масжидларимизни ободонлаштириш, унда хизмат кўрсатаётган имом-хатиб ва ноиблар, мутаваллиёт ва муаззинларга моддий-маънавий кўмак бериш - мана шу фонднинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Бундан ташқари, уларга янги қурилаётган уйлардан олиб бериш, кўп йиллардан буён хизмат қилиб келаётган имом-домлаларимизни рағбатлантириш, диний таълимни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаш ҳам вазифалардан бири ҳисобланади. Халқимиз орасида кам таъминланган, моддий кўмакка эҳтиёжи бор оилаларга ёрдам бериш ҳам ҳисобга олинган.
16 апрелда фармонга имзо чекилган бўлса, 1 майдан ўз фаолиятимизни бошладик. 10 май куни Адлия вазирлиги орқали ўз Низомимизга, гувоҳномамизга эга бўлдик. Рамазон ойининг баракасидан шу кунга қадар кенг кўламли ишлар қилиб қўйдик. Хусусан, қон қуйиш институтига бориб 10 нафар болажонга моддий кўмак бердик. Қолаверса, кўзи ожизлар жамиятида 200 кишилик ифторлик уюштирдик.
Шу кунларда баъзи бир ташкилий ишларни амалга оширишни режа қилганмиз. Хусусан, ўз сайтимиз фаолиятини йўлга қўйишни. Телеграмда vaqf.uz саҳифаси ўз ишини бошлаган. Шаффофликни таъминлаш мақсадида фондга тушган маблағлар ҳар куни эълон қилиб борилади. Бу Президентнинг фонд ҳақидаги фармонида ҳам ўз аксини топган. Бу борада Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Инновацион ривожланиш вазирлиги бу борада кўмакчи бўлмоқда, - деди Жалолиддин Ҳамроқулов.
Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, баъзилар ўзлари ажратган маблағларни имом-хатиблар топиб берган ҳақли инсонларга ўз қўллари билан беришни исташар экан. Гарчи, вазифаларига кирмаса ҳам имом-домлалар бу борада одамларга ёрдам қилишар экан. Ж. Ҳамроқуловнинг аниқлик киритишича, аслида, бу ишларни фонд орқали ҳам амалга оширса бўлади. Хўш, қандай қилиб?
- Биринчиси, нақд пул орқали. Улар ўз маблағларини банкдаги ҳисоб-рақамимизга ўтказсалар бўлгани. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдикки, мўмин-мусулмонлар томонидан Аллоҳ розилиги йўлида закот, фидя, ушр ва фитрга ажратилаётган маблағлар ҳақдорларга тўлалигича етиб бориши учун давлат раҳбари бошчилигидаги мутасаддилар жуда кенг имконият яратиб беришмоқда. Масалан, банк ўз хизмати учун ҳақ олмайди ва бу билан ажратилган маблағ ҳақдорга юз фоиз ҳолатда тўлиқ етиб бориши таъминланади.
Шу билан бирга пластик карталар орқали, ҳисоб-рақамдан ҳисоб-рақамга ва мобил телефонлар орқали пул ўтказмаларини амалга ошириш имконияти бор. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида 12 та ва Зангиота мажмуасида бир дона инфокиоскалар ҳам ўрнатилди. Мўмин-мусулмонлар улар орқали закотларини, фидяларини, фитр-садақаларини беришлари мумкин бўлади, - деди «Вақф» хайрия жамоат фонди бошқарув раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов.
ЎМИ Матбуот хизмати