muslim.uz
Мазҳаблар ўртасида қарз масаласи
Закоти бериладиган молга қўйиладиган шартлардан бири бандалар тарафидан талаб қилинадиган қарздан ортиқ бўлишидир.
“Бандалар тарафидан талаб қилинадиган қарз бўлмаслик” деганда – қарзлар икки қисмга бўлинади: Аллоҳ таоло томонидан талаб қилинган қарзлар; бандалар томонидан талаб қилинадиган қарзлар;
Бир кишининг зиммасида назр, каффорат, садақаи фитр, таматтуъ ҳажининг қурбонликлари, қурбон ҳайитининг қурбонлиги каби қарзи бор бўлса ва закот нисобига етадиган маблағи ҳам бўлса, аввал закотини адо қилади, чунки бу қарзлар банданинг ҳаққи эмас, Аллоҳдан талаб қилинадиган қарзлардир. Закот фарз бўлиши учун мол эгасининг нисобини камайтириб юборадиган даражада қарзи бўлмаслиги керак. Бир одамнинг қўлида нисобга етадиган моли бор. Шу билан бирга, бошқа одамлардан қарзи ҳам бор. Агар қарзни берганидан кейин ҳам қолган моли нисоб миқдорида бўлса, закот беради. Аммо қарзни берганда ўзига мол қолмайдиган ёки моли нисоб миқдоридан камайиб қоладиган бўлса, закот бериш фарз бўлмайди. Чунки одамлардан қарзи бор одам бой ҳисобланмайди.
Қарз борасида мазҳаб уламолари турлича баён қилишган:
Ҳанафийлар: “Қарз уч қисмга бўлинади: Биринчи қисми – бандаларга хос қарз. Иккинчи қисми – Аллоҳ таолога хос қарз. Учинчи қисми – Бандалар томонидан талаб қилинмаган қарз.
Қарзни бандалар томонидан талаб қилувчиси (йиғиб олувчи) бўлади. Ҳудди ўтган йилда берилмаган закот қарзи каби. Зоҳирий (кўриниб турувчи) молларни, яъни чорва моллари ва ердан чиққан нарсаларни ўша пайтда талаб қилувчи бошлиқ бўлган. Ёки олтин ва кумушга ўхшаш тижорат моллари каби ботиний молларни талаб қилувчи бошлиқ ёрдамчиси бўлган. Бошлиқ ёрдамчилари закотни идора қилувчилардир. Чунки бошлиқ Усмон розияллоҳу анҳу замонларигача закотни йиғиб олар эди. Бас, у зот розияллоҳу анҳу ботиний молларда закот беришни ўз эгаларига топширганлар. Учинчи қисми – уни бандалар томонидан талаб қилувчиси бўлмаган назр, каффорат, фитр садақаси ва ҳажнинг нафақаси каби Аллоҳ таолога хос бўлган қарзлардир. Закотни фарз бўлишини ман қиладиган қарзлар аввалги икки қисм қарзларидир. Агар бир киши закот нисобига эга бўлиб, сўнг ўша нисоб бир йил айланса, ўша йили ундан закот чиқармай, бошқа йилга ўтиб кетса, иккинчи йили унга закот фарз бўлмайди. Чунки ўша қарз ана шу йилнинг нисобидан камайтирадиган, ўтган йилги закотнинг қарзи эди. Шунингдек, молга эга бўлса ва унинг зиммасида бошқа шахсга қарзи бўлиб, қарз – олди-сотди пул ё нақд пул ёки ўлчов моллари бўладими ёхуд ҳайвонларми ёки булардан бошқа қарзлар бўладими, уларнинг орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Мазкур қарзларнинг барча навлари закот фарз бўлишлигини ман қилади. Илло, зироат ва меваларнинг закоти – ушр ва хирож бундан мустасно. Аммо учинчи қисми закот фарз бўлишлигини ман қилади”, деганлар.
Моликийлар: “Бир кишини нисобини камайтириб юборадиган даражада қарзи бўлса, яшаш жойига ўхшаш заруриятда унга эҳтиёжи тушмайдиган нарсалардан бошқа закот молларидан ўзида қолган нисоб тўлиқ бўлмай қолса, ўзидаги молда закот фарз бўлмайди. Бу шарт олтин ва кумуш закотларига тегишлидир. Маъдан олтин ёки кумуш рудасидан бўлмагани учундир. Аммо чорва ва экинларда закот фарз бўлади”, деганлар.
Шофеъийлар: “Молнинг қарздан фориғ бўлишлиги шарт қилинмайди. Бас, кимнинг зиммасида қарзи бўлса, унга закот фарз бўлаверади. Агар ана шу қарз нисобни камайтириб юбормаса”, деганлар.
Ҳанбалийлар: “Зиммасидаги қарзни берганда ўзига мол қолмайдиган ёки нисоб миқдоридан камайиб қоладиган кишига закот фарз бўлмайди. Гарчи қарз закоти бериладиган молнинг жинсидан бошқа бўлса ҳам. Агар қарз хирож ёки ўриб йиғилган ё ер ижараси ёхуд ҳайдалган ер бўлса ҳам (закот фарз бўлмайди). Қарз нақд пуллар, тижорат молларининг қиймати ёки маъдан каби ботиний молларда, мевалар, донлар ва чорва моллари каби зоҳирий молларда закот фарз бўлишлигини ман қилади. Бир одамнинг нисобга етган моли бор. Шу билан бирга, қарзи ҳам бор. Аввал қарзига етадиган миқдори ундан чиқарилади. Агар қарзни берганидан кейин ҳам қолган моли нисоб миқдорида бўлса, закот беради”, деганлар.
“Ал-Фиқҳу алал-Мазоҳибил-арбаъа” китоби асосида
Янгийўл тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди
имом ноиби Нуриддин Акромов тайёрлади
“Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил қилинди
Муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни фондга фойдаланиш учун ижарага бериш тартиби ҳам белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинганини хабар берган эдик.
Фармон билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил қилинди ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- фуқароларнинг диний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш;
- масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
- тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш;
- диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
- масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
- ислом илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз, замонамизнинг етук олим ва уламолари қаламига мансуб диний-маърифий асарларни чоп этиш ва аҳолига етказишга кўмаклашиш;
- юртимиздаги муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларнинг мусулмон дунёсидаги нуфузини янада ошириш, бу масканларга маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг зиёратларини уюштириш, зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш;
- аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш.
Вазирлар Маҳкамасига 2018 йил 1 июлга қадар ўрганиш натижалари асосида муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни “Вақф” хайрия жамоат фондига фойдаланиш учун ижарага бериш ҳуқуқи билан бириктириб беришни назарда тутувчи қарорни қабул қилиш топширилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди
Академия ўз фаолиятида диний-маърифий соҳани ривожлантиришга эътибор қаратиши белгилиб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинини хабар берган эдик.
Фармонга мувофиқ, Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси:
- Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлашга йўналтирилади;
- ўрта махсус, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, малака ошириш босқичларида узлуксиз таълимнинг яхлит тизимини ташкил этишга қаратилган фаолият олиб боради;
- илмий меросни чуқур тадқиқ қилиш ва асраб-авайлашга, диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади;
- республикадаги барча ислом таълим муассасалари фаолиятини ўқув-меъёрий ва ўқув-услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мувофиқлаштиришни амалга оширади.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси битирувчиларига умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида соҳага тегишли фанлар бўйича педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Яна бир соҳа вакилларининг маоши 3-4 бараварга оширилади
Диний ташкилотда ишловчи пенсионерларнинг пенсиялари тўлиқ тўлаб берилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинганини хабар берган эдик.
Ушбу фармонга мувофиқ, 2018 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ишловчи:
- ўқитувчи, илмий ходим ва мутахассисларга ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра, тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 3 баравар (Марказ ходимларига – 4 баравар) миқдорда қўлланилади;
- пенсионерларга уларнинг ушбу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда пенсиялари тўлиқ тўланади.
Мазкур имтиёзлар барча диний-маърифий ташкилотлар ходимларига татбиқ этилади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Шаъбон ойи муборак!
Ойлар ичида шундайлари борки, унда қилинган илтижо, тоат-ибодат ва яхши амалларнинг даражаси бошқа пайтдагига қараганда юқорироқ бўлади. Шундай фазилатли ойлардан бири Шаъбон ойи, унинг бошқа ойлар ичида ўзига хос ўрни бор. Бу ойда кечган энг муҳим тарихий ҳодисалардан бири қибланинг ўзгартирилиши воқеасидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Маккада турганларида қибла Байтул Мақдис томонда эди. Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин қибла яна боболари Иброҳим (а.с.)нинг қибласи – Каъба томонга ўзгаришини иштиёқ ила кутган эдилар. Ҳижратнинг биринчи йили, Шаъбон ойининг 15-кунида қибла Қуддуси шарифдан Каъбага ўзгартирилган. Бу тўғрида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўраяпмиз. (Хотиржам бўлинг) Сизни ўзингиз рози бўладиган қиблага (Каъбага) юзингизни ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангиз, юзларингизни ўша тарафга буринг!..” (Бақара, 144).
Шаъбон ойи улуғ ва фазилатли эканига далиллар кўп. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло ўн икки ой ичидан Ражаб ойини ўзи учун танлаб олган. Шунинг учун “Аллоҳнинг ойи” дейилади. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини жойига келтирса, Аллоҳ таоло уни жаннати наимга киритиб, яна Ўз розилигини ато этади. Шаъбон ойи “Расулуллоҳ ойи” ҳам дейилади. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини бажо келтирса, Қиёмат куни унга жаннатдан жойни ўзим тайёрлаб тураман. Рамазон ойи эса умматларим ойидир. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини жойига қўйса, гуноҳлардан ўзини тийса, кундуз рўзадор, кечалари бедор, бировларга беозор ҳолда рўза ойини тамомласа, барча гуноҳлари мағфират қилинади» (Имом Байҳақий ривояти).
Шаъбон ойида Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳақларига кўпдан – кўп саловот ва саломлар юборишсак бу муқаддас шаъбон ойини жонлантирган бўламиз. Бундай инсонлар учун Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Қаранг, менинг бандаларим Расулимнинг ойига қандай ҳурмат кўрсатаяптилар. Иззатим ҳаққи, мен ҳам уларни афв этдим”.
Пайғамбаримиз (с.а.в)га кўплаб саловот ва саломлар юборишликнинг фазилати хусусида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Ҳақиқатки, Аллоҳ ва унинг фаришталари у Пайғамбарга саловоту саломлар айтдилар. Эй иймон келтирганлар, сиз ҳам Унга саловот ва салом айтинг” (Ахзоб, 56).
Шаъбон ойи 14-кунининг қуёш ботган вақтидан 15-кунининг қуёш ботган вақтигача энг улуғ айёмлардан ҳисобланади. Бу кеча “Бароат кечаси” дейилади. Бу кечада бир йил ичида бўлажак ишлар ҳақида қазою ҳукм берилиши, ажал ва умрлар белгиланиши, амал саҳифалари Аллоҳ таоло ҳузурига кўтарилиб намойиш этилиши каби ҳодисалар бўлиши китобларимизда баён қилинган. Шу куни Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфирати ер юзига муттасил ёғилиб туради. Бу кечада Ҳақ таоло то субҳ вақтигача ушбу тарзда нидо қилар экан: “Истиғфор айтувчилар борми, гуноҳларини кечсам; бирор бало ёки мусибатга мубтало бўлганлар борми, нажот сўрасалар, офият бахш этсам; ризқу рўз сўраганлар борми, ризқини зиёда қилсам”.
Бошқа ҳадисда эса Усома ибн Зайд (р.а.)дан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.)га: “Ё Расулуллоҳ, мен биронта ойда Шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим”, дедим. У зот (а.с.): “Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар оламлар Хожасига кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзимни рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман”, деб айтдилар» (Имом Насоий).
Аллоҳ таоло барчаларимизга Шаъбон ойи кечасини ғанимат билиб, уни рўза ва тоат-ибодат билан ўтказишни насиб қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати