muslim.uz
Аз-Замахшарий арабларга араб тилини ўргатган олим
Араблар ўзлари эътироф этади – агар хоразмлик аз-Замахшарий бўлмаганида улар ўз тилининг қонун-қоидаларини тўлиқ билолмаган бўларди
Бизнинг тарих деганда, кўз олдимизда, аввало, Амир Темур, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк аждодларимиз сиймоси гавдаланади. Яна қанчадан-қанча алломаларимиз бўлганки, уларни ҳар қанча фахр билан эсласак, арзийди. Кўҳна Хоразм заминида таваллуд топган, жаҳон фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома Абулқосим аз-Замахшарий ана шундай улуғ зотлардан бири бўлган.
1075 йил 19 мартда Хоразмнинг Замахшар қишлоғида дунёга келган аз-Замахшарий ҳақидаги маълумотлар асосан Ўрта аср араб манбаларида кўп келтирилади. Тарихчиларнинг аллома ҳақида билдирган маълумотларига кўра, ёшлигида юз берган бахтсиз ҳодиса туфайли унинг бир оёғини кесиб ташлашади ва бутун умри давомида ёғоч оёқда юради.
ЎзА хабарига кўра, бу изтиробли воқеа сабабми ёки ўз табиати шундай бўлганми – ҳар ҳолда аз-Замахшарий болаликдан илмга чанқоқ эди. Илм-фаннинг турли соҳалари билан қизиқиб, тенгдошлари орасида зўр истеъдодини намоён қилди. У мадрасада ўқитиладиган фанларни пухта эгаллашга киришди. Айниқса, араб тилшунослиги ва грамматикасига оид асарлар аз-Замахшарий фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди.
Олим беш йил Маккада яшаб, араб тили грамматикаси ва луғатини ҳамда маҳаллий қабилаларнинг шева ва урф-одатларини чуқур ўрганди. Кўплаб асарлар ёзди. Шулардан бири араб тили грамматикасига оид “Ал-Муфассал фин-наҳв” (1121 йил) асаридир. Бу иш араб тилини ўрганишда йирик қўлланма сифатида шуҳрат топган асарлардан ҳисобланади.
Шунингдек, олимнинг «Муқаддамат ал-адаб», “Жавоҳирул-луға”, «Ал-Муфассал», «Асос ал-балоға», “Ал-Асмо фил-луға” каби йирик асарлари дунё илм аҳли орасида ғоят қадрланади.
Араблар ўзлари эътироф этади – агар хоразмлик аз-Замахшарий бўлмаганида улар ўз тилининг қонун-қоидаларини тўлиқ билолмаган бўларди. Маккада яшаган даврида аз-Замахшарий аксар вақтини Каъбада ўтказган. Ўшанда у доимо шеърият ихлосмандлари, толиби илм вакиллари, мухлис ва шогирдлар қуршовида бўлган. Кўпчилик ундан сабоқ олгани эътироф этилган.
Ўз даврида алломани яхши таниганлар ҳурмат юзасидан уни “Устоз уд-дунйа” (“Бутун дунёнинг устози”), “Устоз ул-араб вал-ажам” (“Араблар ва араб бўлмаганларнинг устози”), “Жоруллоҳ” (“Аллоҳнинг қўшниси”), “Фахру Хваразм” (“Хоразм фахри”) дея аташган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуасига ташрифи чоғида биз ҳақли равишда доимо аждодларимиз билан фахрланиб келишимизни таъкидлар экан, айни пайтда ўзимиз ҳам уларга муносиб бўлишимиз кераклигини алоҳида қайд этди. Дарҳақиқат, даҳолигу жасурликда дунёни лол қолдирган бобокалонларимиз биз учун ҳамиша фахру ғурур манбаи бўлган. Давлатимиз раҳбари айтганидек, аждодлар меросини ўқиб-ўрганиш, буюк алломаларга муносиб ворис бўлиб, улар сингари маънавий камолотга интилиш бугунги авлодлар учун муқаддас бурч, демакдир.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Қуръон забт этган қалблар: Нақийр, қитмийр ва фатийл ўртасидаги фарқ
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб айтади:
وَمَنْ يَعْمَلْ مِنَ الصَّالِحَاتِ مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَأُولَئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ نَقِيرًا
“Кимки у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо сураси, 124-оят).
Нақийр – хурмо меваси данагининг ўртасида бўладиган нуқтага айтилади (юқоридаги расмда чап тарафда).
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
يُولِجُ اللَّيْلَ فِي النَّهَارِ وَيُولِجُ النَّهَارَ فِي اللَّيْلِ وَسَخَّرَ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ كُلٌّ يَجْرِي لِأَجَلٍ مُسَمًّى ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَهُ الْمُلْكُ وَالَّذِينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ مَا يَمْلِكُونَ مِنْ قِطْمِيرٍ
“(Аллоҳ) кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур, У Қуёш ва Ойни ҳам (сизлар учун) бўйин сундириб қўйгандир – ҳар бири муайян муддатгача сайрда бўлур. Ана шу сизларнинг Раббингиз – Аллоҳдир, Подшоҳлик фақат Уникидир. (Эй, мушриклар!) Сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётган нарса (сохта маъбуда)ларингиз эса, хурмо данагининг пардасича нарсага ҳам эга эмасдир” (Фотир сураси, 13-оят).
Қитмийр – хурмо меваси данагининг юпқа пардасига айтилади (юқоридаги расмда ўнг тарафда).
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай деб марҳамат қилган:
أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ يُزَكُّونَ أَنْفُسَهُمْ بَلِ اللَّهُ يُزَكِّي مَنْ يَشَاءُ وَلَا يُظْلَمُونَ فَتِيلًا
“Ўзларини “поклаётган” кимсаларни кўрмайсизми? Ҳақиқатан, Аллоҳ кимни хоҳласа (ўшани) поклайди, (Аллоҳ томонидан) хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмайди” (Нисо сураси, 49-оят).
Фатийл – хурмо меваси данагининг ўртасидан кўтарилиб турган ингичка ипга айтилади (юқоридаги расмда ўртада).
Интернет материалларидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ матбуот хизмати
Ҳамма Қуръон ўқирди. Бироқ...
Ҳар гал Масжиди Ҳаромга борганимда кўпчиликнинг қўлида Қуръон кўраман. Айниқса, Рукнул Яманий тарафга қараган, икки қаватли салқин бўлмалар асосан маҳаллий араблар билан тўлади. Уларнинг деярли ҳаммаси устунлар тагига тахлаб қўйилган Қуръон китобларига “ҳужум қилиб”, намоз вақтигача тиловат билан машғул бўладилар.
Она тили арабча бўлмаган кишилар арабларга ҳавас қилиб, Қуръонни тушуниш улар учун мушкул эмас деб ўйлашади. Бу фикр кўпам тўғри эмас. Араблар, албатта, бу имтиёз-имкониятга эга, бироқ бу ўринда бошқа бир муаммо мавжуд, бу уларнинг Қуръонга нисбатан беписандлигидир.
Маълумки, билмайдиган ва билмаслигини биладиганларда бир кун келиб билиш, ўрганиш имкони бор. Лекин билмагани ҳолда ўзини билағон ҳисоблаганларнинг ҳеч нарса ўргана олмаслиги ҳам бор гап.
Ҳаж сафарида юрган кунларим эди. Бир куни Қуръон ўқиб ўтирсам, бир оят чиқиб қолди. Оятнинг руҳи-дилга нақш бўлгудай маъносидан ҳайратга тушдим. Юз-кўзидан араб миллатига мансуб экани аён бир кишини синаб кўрмоқчи бўлдим. Оятни ўқиб, бир сўз маъносини сўраган эдим, маъноси нега керак, дегандай беҳис қараш билан жавоб берди. У менинг Муқаддас каломни тушуниш истагимдан ажабланган, бу – даҳшат эди. Арабнинг билиш-билмаслигини аниқлай олмадим. Маълум бўлгани шуки, у ҳам милёнларча турдошлари каби Қуръонни табаррукан талаффуз қилиниб, токчага қўйиб қўйиладиган муқаддас ашё, деб биларди.
Бу воқеадан кейин атрофдагиларнинг Қуръонга бўлган муносабатларини диққат билан кузата бошладим. Кузатганим сари ташвишим минг чандон орта борди. Одамлар Қуръонни шунчаки тиловат қилишар, кейин яна токчага жойлаб қўйишарди.
Тиловат қилаётганлардан бирортасининг юзида азоб оятининг ваҳми, раҳмат оятининг қувончи, жаннат ҳақида сўз борадиган оятлар севинчи, дўзахдан гапириладиган оятлар даҳшати каби аломатлар кўринмас эди. Кўпчиликнинг ҳолат-атвори ва ўзини тутишида Қуръондан мутаассирлик йўқ эди мутлақо.
Сўзимнинг исботи тариқасида бир воқеани келтираман.
Ҳаром масжиди. Жума намози пайти. Тумонат одам. Игна ташласангиз, ерга тушмайди. Бир киши оёғини охиригача кериб, чордона қурволган кўйи икки кишилик жойни эгаллаган, ёйилиб ўтирибди. Биров яқин келаётганини кўрса, ёнимга келиб ўтирмасин деган хавотирда янаям ялпайиб, ёйилиб олишга ҳаракат қилади. Кечикканлар, жамоат намозга турганда жой топишга умид қилиб, дақиқаларча оёқда кутардилар. Намозга турилгач, мен жойимни икки ўспиринга бердим. Ўзим олдинги сафда ёйилиб ўтирган бояги кишидан барча узр жумлалари ва назокат калималарини ишга солиб, бир оз жой беришини илтимос қилдим. У эса юзини тириштирганча қўпол оҳангда рад этди. Ваҳоланки, ҳалигина шу одам кўз ўнгимда бир соатга яқин тебраниб-тебраниб Қуръон тиловат қилган эди. Ўшанда яна бир киши келса-ю, унга жойимни бериб, ўзим пешин намози билан кифоялансам, шояд шунда бу одамнинг кўнглида инсонийлик туйғулари уйғонса, деб астойдил умид қилдим. Аммо ҳеч ким келмади.
Намоз ўқиш осон, намознинг моҳиятини ҳаётимизга татбиқ қилиш қийин;
Қуръон ўқиш осон, Қуръоний ахлоқ билан безаниш жуда-жуда мушкул;
Ҳажга бориш осон, ҳожи бўлиш, Одамдайин одам бўлиш осон эмас.
Қуръонни тафаккур, тадаббур ва тазаккур қилиш борасида нега тўхталганим, ўйлайманки, энди ойдинлашди.
Ахир бекорга Қуръонда: “Ахир, улар бу Сўзни (Қуръонни) тафаккур қилиб кўрмадиларми...?” дейилмаган (Мўминун, 68).
“Ирфон” тақвимидан
Бекорчи бўлма. Доим иш билан машғул бўл
Бекорчилар миш-миш ва шов-шув тарқатувчи кишилардир. Чунки уларнинг ақли, фикр-ҳаёли, зеҳни тарқоқ ҳолатдадир. "Улар хотин-халаж билан қолишга рози бўладилар". (Тавба сураси, 87-оят).
Зеҳнни ўтмаслаштирадиган энг ҳатарли ҳолат киши ишсиз қолганида рўй беради. Ўшанда киши бошқарувчисиз қолиб, пастликка ўнг ва чапга қалқиб тезлик билан тушиб кетаётган машинага ўхшайди. Бекорчи бўлиб қолар экансиз, ўзингни ғам-андуҳ ва қўрқинчга тўла ҳаётдан бошқа нарсага эришмайсан. Чунки бекорчилик барча ўтган, ҳозирги ва келажакдаги ҳаётингнинг паст-баландликлари ҳақидаги маълумотлар дафтарчаси олиб келади ва сени бесаранжом қилиб қўяди.
Ўзимга ва сенга қиладиган насиҳатим шу: ўша пуч, пўкак нарсалар ўрнига, мева берадиган ишларни қилайлик. Чунки нарсалар ўрнига, мева берадиган ишларни қилайлик. Чунки бекорчилик ва тинчлантирувчи капсула билан ўз жонига қасд қилишдир.
Бекорчилик, Хитой қамоқхоналарида маҳбуснинг устидан жўмракдан, ҳар дақиқада томчилатиб жазолаш воситасига ўхшатилади. Маҳбус ўша томчи қачон тушаркин, деб кутиш асносида жинни бўлиб қолади.
Роҳат ғафлатдир, бекорчилик эса ўғрилик қилишдир. Ақлинг эса ана ўша даҳшатли урушда яксон бўладиган нарсадир. Демак, ҳозироқ ўрнингдан тургин-да намозингни ўқи, қироат қил ёки тасбеҳ айт, китоб мутолаа қил ёки бирор нарса ёз ёки ёзув столингни тартибга сол ёки ўйингни супуриб тозала ёки бошқаларга манфаат етказ. Нима бўлса ҳам бирор иш билан шуғуллан, бўш вақт қолдирма. Мен сенга шуни тавсия қиламан.
Бекорчилик билан ўтаётган вақтингни иш пичоғи билан бўғизлаб ташла, шунда сенга дунё дўхтирлари 50 фоиз саодатнинг кафолатини беради. Деҳқонлар, нонвойлар ва қурувчиларга қарагин. Улар қушларга ўхшаб роҳат-фароғатда яшаб бахтиёр ҳаёт кечирадилар. Чунки улар муттасил меҳнат қиладилар. Сен бўлса тўшагингда ётганча, кўз ёшингни тўқиб, изтироб чекасан. Чунки сен ўзингни ўзинг мажруҳ қилган, адо бўлган кимсасан.
"Ғам-қайғусиз яшай десангиз (ўксинма)" китобидан.
Ҳифа хотун ва ҳазрати Суҳайб р.а.
ИШҚ ДЕГАНИ МАНА БУНДАЙ БЎЛАДИ...
Ҳифа хотун Мадинанинг энг гўзал аёлларидан эди.
Шу қадар истарали ва шу қадар самимий эдики, шаҳар аёллар уни жону дилидан ортиқ севар эди. Ўғли, акаси, укаси, қариндош-уруғлари уни бошига кўтариб юрар эди.
Ҳифа хотуннинг донғи тез таралди ва узоқ-узоқларгача етиб борди. Унинг ишқига гирифтор бўлганлар сирасидан ҳакимлар, тужжорлар, вазирлар, султонлар ҳам жой олди. Аммо у Нажжоший каби императорни ҳам рад этди, фақат ва фақат Аллоҳнинг ризосини истайди...
Бироқ унинг талабгорларининг адоғи кўринмайди. Бири оёқларининг тагига гиламлар тўшайди, бошқаси жавоҳирлар тўкади... юзталаб қизил тукли туяни келтириб эшигининг олдига боғлаганларни сўрайсизми ёки сарой калитларни келтириб қўйганларними?
Ҳифа хотун буларга қайрилиб ҳам қарамайди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурига чиқиб:
– Эй Аллоҳнинг Расули, мени жаннатга киритадиган бир нарса ўргатинг, – дея илтижо қилади.
Кўнглида у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Кундузлари рўза тут, кечалари ибодат қил”, дея тавсия қилишларини кутган эди. Аммо Сарвари коинотимиз:
– Аввало турмушга чиқишинг керак. Зеро, бу ишинг билан динингнинг ярмини амниятга олган бўласан, – дедилар.
Ҳифа Пайғамбар алайҳиссаломнинг амр-тавсиясига жону дили билан бўйин эгди ва:
– Сиз кимни муносиб кўрсангиз, ўша одамга турмушга чиқаман, – деди.
Аёнки, у оддий аёллардан эмас эди, уни никоҳига олажак эркакнинг ҳам ўзига хос хусусияти бўлмоғи даркор эди.
Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кимга қарор берадилар, қайси бир ошиқнинг умидини сўндирадилар. Ҳамма ҳаяжонга тушади. Пайғамбар алайҳиссалом бу сафар ҳамма вақтдаги каби оддий ва самарали йўлни айтдилар.
– Эртага тонгда масжидга биринчи бўлиб кириб келган кишига турмушга чиқасан, – дедилар.
Таклиф барчага маъқул бўлди. Талабгорлар эрта туришнинг чорасини кўрдилар, билганларича бу ишнинг тадбирини қилдилар.
Бу хабарни, албатта, ҳазрати Суҳайб ҳам эшитади, аммо унга ҳозирланмайди. Чунки у фақир ва кимсасиз киши эди. Уйи-жойи йўқ эди, қорни ҳам тўйганда тўйиб, тўймаганда оч юрар эди. Чошгоҳгача дарахт тагига чўзилар, сўнгра масжиднинг соясига ўтар эди.
Бўйи баланд бўлса-да, шу қадар озғин эдики, қаттиқроқ шамол эсса, оёқларини ердан узадигандек эди.
Аммо буни қарангки, ўша кеча Аллоҳ таоло жами саҳобаларга шундай уйқу бердики, улар тарракдек қотиб ухлаб қолдилар. Ҳифа хотуннинг толиблари кўзларига инган уйқудан кўз оча олмадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар вақтдагидек, тонг ёришмасдан масжидга келиб катта қизиқиш билан толеи баланд умматини кута бошладилар.
Дафъатан масжиднинг эшигида бировнинг қораси кўринади ва бир лаҳза ўтар-ўтмас Суҳайб розияллоҳу анҳу ичкарига кириб келди.
Пайғамбар алайҳиссалом намоздан сўнг Ҳифа хотунни чақириб унга натижани маълум қилдилар. Ҳифа хотун катта мамнуният ила таклифни қабул қилди.
Жаноби Расулуллоҳ гўзал хутба ўқиб, никоҳ ақидаларини қилдилар. Сўнгра омадли саҳобага юзландилар:
– Эй Суҳайб, аёлингга бир ҳадя совға қил, кейин қўлларидан тутиб уйингга олиб кет, – дедилар.
Суҳайб бу гапларни эшитиб, қўлларини очиб:
– Хўп бўлади, аммо менинг на бир дирҳам кумушим ва на борадиган уйим бор, – деди.
Ҳифа хотун эрининг боши эгилишига йўл қўймаслик учун унга ичида ўн минг дирҳам кумуши бор чиройли ҳамён узатди ва:
– Фалон ердаги ҳовли-жойимни сизга ҳадя қилдим, – деди.
Оламлар сарвари бундан жуда ҳам хурсанд бўлдилар ва уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Суҳайб ўша куни Мадина кўчаларида айланиб юриб кунни кеч қилди ва кеч тушганда янги уйига уялиб, тортиниб кириб келди. Ўзи учун тайёрланган тўкин дастурхондан тортина-тортина битта ёки иккита хурмо олиб оғизга солди. Сўнгра:
– Эй Ҳифа, биламан, сен мен учун қўл етмас бир неъматсан. Мен эса сен учун фақат бир меҳнатман. Мен шукр этувчи, сен сабр этувчи бўлсанг керак. Хўп десанг, шу кечани тоат-ибодат билан ўтказсак. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда баланд бир бўстон бор, у ерда шукр этганлар ўтиради” дедилар, – дейди ва улар кечани ибодат билан ўтказадилар.
Саждагоҳларини кўз ёшлари ҳўл қилди, қалбларини зикруллоҳ нурга тўлдирди. Жаброил алайҳиссалом бўлган воқеаларни Пайғамбар алайҳиссаломга сўзлаб бердилар ва уларни Аллоҳ таоло Жаннати ва Жамолига етиштиришининг хабарини етказди. Эртаси тонгда, намоздан кейин Пайғамбар алайҳиссалом Суҳайбнинг ёнига ўтирдилар ва унга:
– Эй Суҳайб, кечаги ҳолингни сен гапириб берасанми, мен гапириб берайинми? – дедилар.
Суҳайб кўзлари билан ерга қараб, андеша ичида заиф овозда:
– Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчидир, – деди.
Пайғамбаримиз унга:
– Нақадар бахтлисизки, иккингиз ҳам жаннати бўлдингиз ва Аллоҳ таолонинг жамолини кўражаксиз! – дедилар.
Суҳайб дарҳол бошини саждага қўйди ва:
– Ё Раббим! Мени мағфират этдинг, энди гуноҳ ишлар қилиб қўймасимдан жонимни ол! – дея ниёзда бўлди.
Аллоҳ таоло бу оташин дуони қабул этди, Суҳайб саждада турган ҳолида жон берди. Масжидда ўтирганлар йиғламоқни бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Сизга янада ҳайратланарли хабарни айтайми? Шу онда Ҳифа хотун ҳам руҳини Ҳаққа топширди, – дедилар.
Намозлари, юзиларини ювган кўзёшларининг ҳурматидан уларнинг мақоми баланд бўлди. Иккисини ёнма-ён дафн қилдилар. Бош тарафига бир кичик тахта қўйиб, тахтачанинг бир тарафига “Шукр қилувчи Суҳайб”, иккинчи тарафига “Сабр қилувчи Ҳифа” деб ёзиб қўйдилар.
Розияллоҳу анҳума (Аллоҳ таоло ҳар иккисидан рози бўлсин).
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.