muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 31 Март 2018 00:00

Қабрдаги савол-жавоб

Инсон вафот этиб, руҳи танасини тарк этганида бу фоний дунёдан боқий дунёга кўчган бўлади. Жон олиш, бандани савол-жавоб қилиш каби ишлар фаришталарга топширилган.

Инсон танаси қабрга қўйилганидан кейин (сувга чўкиб ёки бирон нарса еб кетган бўлсаям) Мункар ва Накир исмли икки фаришта ундан “Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким?” деб сўрайди. Саволга тўғри жавоб берганлар роҳатда бўлади, жавоб бера олмаганлар азобда қолади.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам маййит дафн этилганидан кейин қабр бошида туриб: “Биродарингиз ҳақига истиғфор айтинг, унга сабот тиланг! Чунки у ҳозир сўроқ қилинмоқда”, дедилар” (Абу Довуд, Баззор ривояти. Ривоят санади ҳасан).

Бу ҳадисдан уч хил хулоса чиқади:

1. Маййитга тириклар дуоси фойда беради. Жанозага келганлар маййит дафн этилганидан кейин унга сабот тилаб дуо қиладилар, “Эй Аллоҳ! Унинг савол-жавобини осон қил, қабр азобидан сақла!” деб дуо қилишади.

2. Банда қабрда савол-жавоб қилинади.

3. Маййит кўмилгани заҳоти сўроқ қилина бошлайди. Маййит ҳатто кўмиб, ортидан қайтиб кетаётганлар оёқ кийими овозини эшитади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар биронтангиз ёки бир инсон қабрга қўйилса, унинг олдига қора-зангори рангдаги икки фаришта келади. Улардан бири “Мункар”, бошқаси “Накир” дейилади” (Термизий ривояти. Ҳадис санади ҳасан).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Банда қабрига қўйилса, соҳиблари (уни дафн қилиб) қайтиб кетишса, (маййит) уларнинг кавушлари тақиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб, уни ўтқазишади. Кейин (Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутиб): “Бу одам ҳақида нима дердинг?” дейишади. (Агар у) мўмин бўлса: “Гувоҳлик бераманки, албатта (Муҳаммад) Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир”, дейди. Шунда унга: “Дўзахдаги ўрингга қара. Албатта, Аллоҳ сенга уни жаннатдаги ўринга алмаштириб берди”, дейилади. (Банда)икковини ҳам кўради. Кофир ёки мунофиққа: “Бу киши ҳақида нима дердинг?” дейилади. “Билмадим. Одамлар айтадиган нарсани айтардим”, дейди. Шунда унга: “Билмадинг ҳам, эргашмадинг ҳам”, дейилади. Кейин темир гурзи билан бир урилганида шундай қичқиради, (унинг овозини) инсу жиндан бошқа ҳамма (мавжудот) эшитади” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти).

Бу дунёда имон-эътиқод билан ўтган, шариат ҳукмларига бўйсунган, ҳалол-ҳаромнинг фарқига борган мўмин инсон қабрдаги саволларга бурро, аниқ жавоб беради. Кофирлар, мунофиқлар эса қабрда сўроқ қилинганида жуда танг аҳволда қолади. Тилида мусулмонликни даъво қилиб юрганлар, аслида Аллоҳни, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламни танимасдан ўтган кишилар ҳам қийин вазиятда қолади. Саволга жавоб бера олмаса, бошига темир гурзи билан урилади. Қабр азоби дегани мана шу бўлади.

Қабрда саволларга тутилмасдан жавоб бериш учун нима қилиш керак? Имон-эътиқодли, Аллоҳнинг айтганини қилган, ибодатда, солиҳ амалларда бардавом бўлган бандани Аллоҳ қабрда қўллайди, собитқадам қилади. Парвардигоримиз азза ва жалла шундай марҳамат қилган: “Аллоҳ имон келтирганларни дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам устивор сўз (яъни, имон калимаси) билан собитқадам қилади. Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан адаштиради. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилади” (“Иброҳим” сураси, 27-оят).

Аллоҳ таоло покиза калима – тавҳид калимасини васф қилганидан кейин “Лаа илааҳа иллаллоҳ, муҳаммадур росулуллоҳ” калимасини ихлос билан айтган, шариат ҳукмларига риоя этган, Аллоҳ розилиги йўлида жидду жаҳд қилган бандалар дунёда, охиратда эришадиган ютуқни эслатмоқда. Ҳа, Аллоҳ таоло мўминларни тириклик чоғларида шаҳодат калимасида собитқадам қилади, вафотларидан кейин қабрда ҳам уларга сабот беради, тилларига тавҳид калимасини келтиради. Бу дунёда залолатда, куфр-исёнда яшаган золимларни ҳақдан адаштиради. Улар ҳаётда безовта, беҳаловат эдилар. Энди қабрда ҳам жуда мушкил аҳволда қолишади.

Айримлар: “Менга қабрда қандай саволлар берилишини, унга қанақа жавоб қайтаришни ўргатинг. Ёдлаб оламан”, деб сўрайди. Хўп, ўргатамиз. Бироқ, биз имон-эътиқодда, солиҳ амалларда бардавом бўлсак, Аллоҳ бизни дунёда, ўлим чоғида, қабрда, қиёматда ёрдамсиз қолдирмайди, собитқадам қилади. Дин-диёнатдан узоқ юрганлар, Аллоҳ айтганини қилмаганлар қабрдаги саволга “Билмайман”, деб жавоб қайтаради. Кейин қабр азобига гирифтор бўлади.

Оят мазмунини яхшироқ тушуниш учун қуйидаги ривоятни кўриб чиқамиз. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар мўмин қабрида ўтказиб қўйилса, унинг олдига келинади. Сўнг “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан росулуллоҳ”, деб гувоҳлик беради. Ана ўша Аллоҳнинг “Аллоҳ имон келтирганларни дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам устивор сўз билан собитқадам қилади” деган сўзидир” (Бухорий, Муслим ривояти).

Яъни, мўмин банда дафн этилганидан кейин уни савол-жавоб қилиш учун қабрида ўтказиб қўйилади. Сўнг унинг олдига қорамтир кўк рангдаги икки фаришта келади. “Мункар” ва “Накир” номли бу фаришталар мўминни сўроққа тутганида Аллоҳ уни тавҳид калимаси билан собитқадам қилади. Мўмин қабрида шаҳодат калимасини айтишга муяссар бўлади.

 

Зиёвуддин РАҲИМ

ЎМИ Матбуот хизмати

Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз ал Сауд Қирол Фейсал халқаро мукофоти совриндорларини мукофотлади. Saudi Gazette нинг маълум қилишича, ғолиблар бешта номинация бўйича тақдирландилар: «Араб тили ва адабиёти», «Тиббиёт», «Исломшунослик», «Фан» ва «Исломга хизмат».

АҚШ, Буюк Британия, Тунис, Индонезия ва Иорданиялик олимлар совринларни қўлга киритдилар. «Исломга хизмати учун» номинацияси бўйича Халқаро Ҳалол тадқиқотлар ва кадрлар тайёрлаш институти декани, Малайзия Халқаро Ислом университети профессорлар кенгаши котиби Ирванди Жасвир тақдирланди. У маҳсулотларда ҳалол бўлмаган таркибий қисмларни тезкор аниқлаш усулларини ишлаб чиққани учун эътирофга сазовор бўлди. 
«Исломий тарихий ва биографик матнларнинг танқидий нашрлари» номли тадқиқот «Исломшунослик» номинациясида Иордания Ислом университети ҳадислар профессори Башар Авадга ғолиблик келтирди. Шунингдек, математика ва онкологик касалликлар соҳасидаги изланишлар муаллифлари ҳам тақдирландилар. 
Таъкидлаш жоиз, Қирол Фейсал халқаро мукофоти соф олтиндан тайёрланган 200 граммлик медаль ҳамда 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотини ўз ичига олади.

Islam-today

Суббота, 31 Март 2018 00:00

Туркиядаги энг йирик масжид

  “Султон Сулаймон” жоме масжиди Туркиянинг Истанбул шаҳридаги энг йирик масжидлардан биридир (“Султон Аҳмад” масжидидан кейин). У Вефа вилоятида жойлашган. 1550 йил Султон Сулаймоннинг топшириқига биноан етти йил давомида қурилган. Масжиднинг иккита 74 метр ва иккита 56 метр узунликдаги 4 та минораси, 10 та айвони ҳамда иккита 53 метр баландликдаги гумбази бор. Бу подшоҳнинг Усмонлилар империяси томонидан Константинопол шаҳри эгалланганидан кейинги тўртинчи ва империянинг ўнинчи подшоҳи эканини англатади. Масжид ҳонақоҳи эни 63 метр, узунлиги 69 метр.

Меҳроб ичига қуйидаги оят туширилган: «Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!» (Жин сураси, 18-оят)

Жоменинг асосий кириш дарвозасининг юқори қисмига Қуръони каримдаги: «Яна улар намозларини (вақтида адо этиб) юрувчилардир. Айнан ўшалар (жаннатдаги) боғларда иззат-икром этилувчилардир» (Маориж сураси, 34-35-оятлар), ояти ёзилган. Масжидга жами 11 та эшикдан кириш мумкин. Масжид меҳроб ва минбари оқ мармардан ишланган. Гумбазнинг ичкари қисмига: «Албатта, Аллоҳ осмонлар ва Ерни завол топишларидан сақлаб турар. Агар заволга юз тутсалар, У зотдан сўнг (Ундан ўзга) ҳеч ким уларни сақлай олмас. Дарҳақиқат, У ҳалим ва мағфиратли зотдир» (Фотир сураси, 41-оят), ояти битилган.

Масжид 5 минг намозхонни сиғдира олади. 136 та дераза масжидни ёруғ бўлишини таъминлайди. Умумий майдони 10 гектар ерни ташкил этувчи мазкур масжид ўз ичига мадраса, кутубхонани қамраб олади. Шунингдек, масжид ҳовлисида иккита мақбара бўлиб, уларда Сулаймон I ва унинг аёли Ҳуррам Султоннинг қабри бор.

1957 йил масжид қурилганининг 400 йиллиги муносабати билан масжидда таъмирлаш ишлари олиб борилди. 1985 йил “Султон Сулаймон” жоме масжиди ЮНЕСКОнинг “Маданий мероси” рўйхатига киритилди.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Маълумки, бир неча кун илгари “Бухородаги тарихий минорадан “Жин”нинг хайқириғи янгради” сарлавҳаси остида хабар эълон қилинган эди. Мухлисларимизнинг билдираётган фикр-мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда ушбу ҳолат юзасидан баъзи фикрларимизни баён қилишни лозим деб топдик.

Бухорои шарифнинг осори атиқалари орасида, шу жумладан, қадимдан азон янграган Минораи Калонда рэпер MC Doniнинг “Жин” таронасига клип суратга олинибди. Рэпер сеҳрли чироқдан чиқиб, бир ҳаракат билан хоҳлаган инсон ва ҳолатларини ўзгартира оладиган жин ролини ижро этган ва минорадан жинга хос хайқириқлар янграган.

Самарқанд сайқали рўйи замин аст,
Бухоро қуббатул исломи дин аст.

Барчамизга фахр бўлган мазкур сатрларда Бухоро Ислом динининг гумбази эканлиги таъкидланмоқда.

Келинг, Исломда жин масаласига қандай қаралишига қисқача тўхталиб ўтсак. Мўмин-мусулмонлар жин деб аталувчи махлуқотлар борлигига иймон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг ишончли манбалар бўлмиш Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлардан оламиз.

Аллоҳ таолонинг бизга билдиришича, жин деб аталган махлуқот оловдан яратилган. Иблис ҳам жинлардан ҳисобланади. Жинлар одамларни кўради, одамлар эса уларни кўрмайди. Жинларнинг ҳам инсонларга ўхшаш жамоатлари, қабилалари, гуруҳлари бор. Улар ҳам ер куррасида яшаш қобилиятига эга. Одамларни йўлдан оздириб, фикрларига таъсир ўтказишлари мумкин. Кишилар овозини эшитиб, тилини тушунади. Уларнинг ичида мусулмонлари ҳам, кофирлари ҳам бўлади.

Қуръони Каримнинг ўнта сурасидаги қирққа яқин оятларда жинлар ҳақида хабарлар келтирилган. Шунингдек, бутун бошли бир сура “Жин” деб номланган. Жинлар оловдан яратилган махлуқот эканликларини Аллоҳ таолонинг “Раҳмон” сурасидаги: “Инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди. Ва жинларни ўт-алангадан яратди” (14-15-оятлар), деган сўзлари исботлайди.

Мана шу ерда яна клипга қайтадиган бўлсак, ундаги воқеа ҳодисалар одамларни нимага чақирмоқда?! “Мени жин деб аташади” дея ибодат учун азон янграган минорадан туриб хайқираётган қўшиқчининг ҳатти-ҳаракатлари бизнинг динимизга, боринки, миллийлигимизга қанчалар тўғри келади?! Кимлардир “Ахир бу чет эллик ижрочининг клипи бўлса, уни бизникилар кўрармиди”, дея эътироз билдириши мумкин. Тўғри, балки бу ижрони юртдошларимиздан озчилик кўрар, лекин аҳамиятли жиҳати шундаки, нима сабабдан динимиз, миллатимиз учун муҳим бўлган тарихий обидаларимизга мана шундай тарзда ҳурматсизлик қилинишига имкон бериб қўйишимиз керак?!

Шу ўринда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтиришни ўринли деб топдик: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки, халога кирсалар: “Аллоҳумма аъузу бика минал хубси вал хабоиси (“Эй, бор Худоё, сендан эркагу урғочи жин (шайтонлар)дан паноҳ тилайман”)”, дер эдилар” (Беш буюк муҳаддис ривоят қилишган).

Эътибор беринг-а, макони нопок жойлар бўлган ушбу хилқатдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраганлари ҳолда, биз уларни азон янграган минораларга чиқазиб хайқиртириб қўйсак, бу ҳам етмагандай Бухорои шариф кўчаларида кездириб “реклама” қилсак. Ҳа-ҳа, реклама қилсак!

Биз реклама сўзига бекорга урғу бермадик. IslamNewsда берилган хабарда ушбу клипни шу тарзда суратга олишга рухсат берилишига сабаб туризмни ривожлантиришга уриниш бўлиши мумкинлиги таъкидланади. Бундан ташқари, клипнинг охирида уни суратга олишда кўрсатган кўмаги ва қўллаб-қувватлаганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига алоҳида ташаккур изҳор этилади.

Наҳотки, бизнинг тарихий обидаларимиз, мамлакатимизда туризмни ривожлантириш ана шундай “реклама”га муҳтож бўлса?!

Наҳотки, Ислом динининг қуввати бўлган Бухорои шарифда ислом ақидасига умуман тўғри келмайдиган мана шундай клиплар суратга олинишига рухсат берилса?!

Наҳотки, фахрлансак арзийдиган тарихий обидаларимизни мана шундай тарзда ҳурматсизлантириб, оёқ ости қилиб қўйсак?!

Бир пайтлар мана шу минорадан айтилган азон, Масжидул Калонда ибодат ортидан қилинган дуолар ва мадрасада улашилган илму-зиё сабабидан Бухоро ислом қувватига айланган. Дунёнинг чор тарафидан илм толибларию-сайёҳлар, зиёратчию-тижоратчилар оқиб келишган. Уларнинг барчаларини мазкур бебаҳо минорада айтилган азонлар чорлаган, мазкур рэперга ўхшаган жинлар эмас! Шунинг учун ҳамма нарсанинг ўз қоидаси, тартиби бўлгани каби реклама ва меҳмон чақиришнинг ҳам ўз одоби ва йўсини бор. Юртимизни бутун дунёга илму-маърифат билан, гўзал хулқу-одоб билан, буюк боболаримиздан қолган бебаҳо мерослар билан тараннум этайлик. Бунинг дунёда ҳам охиратда фойдаси баракали бўлади.

Манба: fitrat.uz

 

Суббота, 31 Март 2018 00:00

Энг биринчи...

Алҳамдулиллаҳ – Қуръони каримдаги биринчи калима ва Одам (алайҳиссалом) айтган илк сўз.

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) – саҳобалардан Исломга энг биринчи кирган ҳур эркак.

Ҳазрат Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) – ёш болалардан Исломга биринчи кирган.

Хадича бинт Хувайлид (розияллоҳу анҳо) – аёллардан Исломга биринчи кирган.

Билол ибн Абу Рабоҳ (розияллоҳу анҳу) – қуллардан Исломга биринчи кирган.

Зайд ибн Ҳориса (розияллоҳу анҳу) – озод қилинган қуллардан Исломга биринчи кирган.

Ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) – биринчи бўлиб Қуръонни жамлаган.

Ҳазрат Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) – Пайғамбар (алайҳиссалом)дан кейин биринчи бўлиб намоз ўқиган.

Абдуллоҳ ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу) – ҳижратдан сўнг муҳожирлардан дунёга келган биринчи фарзанд.

Абдуллоҳ Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) – Қуръони каримни Маккада биринчи бўлиб ошкора тиловат қилган.

Абдуллоҳ ибн Салом: “Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг айтган сўзларидан энг биринчи эшитганим: «Эй инсонлар! Саломни ёйинглар! Очларни тўйдиринглар! Силаи раҳм қилинглар! Инсонлар ухлаётган вақтларида, тунда туриб намоз ўқинглар! Шунда жаннатга саломат ҳолатда кирасизлар», деган сўзлар бўлди”.

Сумайя (розияллоҳу анҳу) – дин йўлида шаҳид бўлган биринчи мусулмон.

Асъад ибн Зурора (розияллоҳу анҳу) – Ақаба байъатида Пайғамбар (алайҳиссалом)га қўл бериб, байъат қилган биринчи ансорий.

Асъад ибн Зурора (розияллоҳу анҳу) – Расулуллоҳ (алайҳиссалом) жанозасини ўқиган ва Бақиъ қабристонига дафн этилган биринчи мусулмон.

Билол (розияллоҳу анҳу) – биринчи бўлиб азон айтган.

Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу) – биринчи бўлиб денгиз қўшинини тузган.

Қатода ибн Нўъмон (розияллоҳу анҳу) – Мадинага Қуръони каримдан тўлиқ бир сура (“Марям” сураси)ни ёдлаб олиб келган биринчи киши.

Умму Сулайм (розияллоҳу анҳо) – Исломни қабул қилган биринчи ансорий аёл.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тўплади

ЎМИ матбуот хизмати

Мақолалар

Top