muslim.uz
Ёшларга кўмак берадиган яна бир ташкилот тузилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида келтирилган вазифалардан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги муассаса шаклидаги “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси” нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Муассаса шаклидаги “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси” нодавлат нотижорат ташкилотининг асосий мақсад ва вазифалари Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган ва хорижий мамлакатларда ўқиётган ҳамда меҳнат қилаётган ёшлар билан иш олиб бориш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш ҳисобланади.
Вакилларимиз хабар қилади: “Ёшларнинг бўш вақти душманнинг иш вақти” экани тушунтирилди
2017 йилнинг 27 декабрь куни ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги томонидан Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга оид махсус чора-тадбирлар Дастурида белгиланган семинарларнинг навбатдагиси Чиноз туманидаги 2 – ўрта мактабда “Қози маҳалла” ва “Хўжа” маҳалласи аҳолиси учун ташкил этилди. Унда Тошкент вилояти вакиллигидан Зангиота тумани бош имом-хатиби Нурали Мавлонов, Чиноз тумани ҳокими ўринбосари ҳамда туман бош-имом хатиби иштирок этди.
Учрашувда халқимизнинг оилапарварлиги, ҳатто инсонлар бор умри, барча ҳаракатлари, уринишларию куч-қувватини ана шу оиласи учун сарфлаши ҳақида гапирилиб, ҳаётнинг қимматли, қадрли вақтини фарзандлар, оила аъзоларининг тарбияси, илм олиш, келажак учун ажратиш мақсадга мувофиқ эканлиги, дунё, тирикчилик дардида кетказаётган ғайратнинг бор йўғи бир қисмини ҳаёт мазмуни бўлган яқинлар учун бахшида этилса, ёшларни ҳеч ким ҳеч қандай оқимларга, жиноятчиликка, залолатга бошлай олмаслиги таъкидланди. Юртбошимизнинг “Ёшларнинг бўш вақти душманнинг иш вақти”, деган сўзлари айни ҳақиқат эканлиги, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда бор имкониятлардан тўлалигича фойдаланиб, билимли ва маърифатли ёшларни етиштиришимиз лозимлигига аҳамият қаратилди. Йиғилиш сўнгида вилоят вакиллиги томонидан маҳалла кутубхоналари учун адабиётлар совға қилинди, деб хабар беради, Зангиота тумани бош имом-хатиби Нурали Мавлонов.
ЎМИ Матбуот хизмати
Дам олиш кунлари ҳақида Президент фармони қабул қилинди
2018 йилда 2 январь – сешанба, 20 март – сешанба, 31 август – жума кунлари қўшимча дам олиш кунлари этиб белгиланди. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Расмий саналарни байрам қилиш даврида қўшимча дам олиш кунларини белгилаш ва 2018 йилда дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармонида келтирилган.
Фармонга мувофиқ, 2018 йилда қуйидаги дам олиш кунлари кўчирилди:
6 январь - шанбадан 3 январь - чоршанбага;
17 март - шанбадан 19 март - душанбага;
24 март - шанбадан 22 март - пайшанбага;
25 август - шанбадан 23 август - пайшанбага;
26 август - якшанбадан 24 август - жумага;
8 сентябрь - шанбадан 3 сентябрь - душанбага;
15 сентябрь - шанбадан 4 сентябрь - сешанбага;
29 декабрь - шанбадан 31 декабрь - душанбага.
Манба: president.uz
Туркия элчиси: “Ўзбекистон - ота юртимиз”
Кеча, 27 декабрь куни Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Ахмед Башар Шен Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонни диний идора раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров қабул қилди.
Муфтий ҳазратлари меҳмонни ташриф билан қутлаб, Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган ишлар, диний идора ва жойлардаги вакилликлар фаолияти тўғрисида гапирдилар. Ҳазрат сўзларида давом этиб, Ўзбекистон ва Туркия алоқалари кўп йиллардан буён сайқалланиб келаётгани, тараққиётимизнинг янги даврида бу жараён янада қулоч ёзгани, шу йилнинг ўзида Туркия диёнат ишлари вазири Али Эрбош жаноблари билан бир неча бор ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинганини сўзлаб бердилар. Шунингдек, икки юртнинг раҳбарлари ва халқлари ҳам бир-бирларига катта ҳурмат, дўстона муносабатда эканликларини мамнуният билан қайд қилдилар.
Мулоқотда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров сўз олиб, Ўзбекистон ва Туркия президентлари муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани, икки мамлакат ўртасида жуда кенг кўламда ҳамкорлик алоқалари тараққий этаётганини таъкидлади. У сўзида давом этиб, Ўзбекистон Раҳбарининг ташаббуси билан Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Сурхондарёда Имом Термизий илмий-тадқиқот марказини қуриш ишлари давом этаётгани, уларнинг илмий-тарихий концепцияси бўйича исломшунослик асослари ва аниқ фанлар соҳаларидаги ноёб қўлёзма асарларни йиғиш, сақлаш ва ўрганиш каби вазифаларни, буюк аждодлар илмий-маънавий меросини тарғиб қилиш орқали муқаддас ислом динининг асл тинчлик ва эзгулик моҳиятини жамият аъзоларига ёшларга етказиш мақсадлари қўйилганини қайд қилди. Ҳар икки мамлакатнинг тарихий алоқалари қадим замонлардан яқин бўлганидан келиб чиқиб, Туркияда сақланаётган ва умумий меросимизга тегишли бўлган қўлёзмалар ҳамда осори-атиқалар тўғрисида маълумотлар, уларнинг нусхаларини олиш, марказлар фаолиятини йўлга қўйишда илмий-маърифий мерос, Давлат Раҳбарининг таъбири билан айтганда, умуминсоният мулки эканидан келиб чиқиб, қардош мамлакатнинг ушбу соҳадаги бошқа ёрдамлари ҳам мамнуният билан қабул қилинишини айтди.
Ш.Миноваров, шунингдек, зиёрат туризмини ташкил этиш бўйича ишлар жадал кетаётганини гапириб, Ўзбекистон делегацияси бу борада тажриба алмашиш учун Туркияда бўлиб қайтганини маълум қилди.
Ўзининг жавоб сўзида, Туркия элчиси Ўзбекистон ҳозирги кунда жадал одимлаб бораётгани, икки мамлакат раҳбарларининг қарашлари муштарак экани ўзаро ҳамкорлик учун кенг имкониятлар очиб бераётганини алоҳида таъкидлади. У Туркия Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтираётгани, Ўзбекистонда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказларига зарур ёрдам кўрсатилишини баён қилди.
Ахмед Башар Шен сўзида давом қилиб, мамлакатлар Ислом дини ниқобидаги фитначи бузғунчиларнинг хатти-ҳаракатлари натижасида маълум даражада қийинчиликларга дуч келганлари, ушбу соҳада тажрибага эга эканлари ва ислом динига ҳеч бир алоқаси бўлмаган экстремизм ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишларига ҳамкорликда курашишлари яхши самара бериши мумкинлигини изҳор қилди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари (14-қисм): Эрталаб ва кечқурун
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Ким ҳар куни эрталаб ва кечқурун “Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи ва саллама Росулан”
(Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва салам)ни Расул деб рози бўлдим) деб уч марта айтса қиёмат куни Аллоҳнинг розилигини топади, дедилар.