muslim.uz

muslim.uz

Фарғона давлат университетида “Огоҳлик ва ҳушёрлик – давр талаби” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда қатнашган Фарғона шаҳар бош имом-хатиби Жўрабек Раҳмонов ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш, диний экстремизм ва терроризмнинг аянчли оқибатлари ҳамда “Оммавий маданият”нинг ёшлар тарбиясига таъсири ҳақида сўз юритар экан жумладан бундай деди:

– Инсон ҳаёти давомида бирор шахсни ўзига ўрнак деб билади, у каби ҳаёт кечиришни, у эришган ютуқлар каби муваффақиятларга эришишни,  юксак чўққиларга чиқишни кўзлайди. Бугун жамиятнинг ёш аъзолари ўз ҳаётлари учун бошқа маданият вакилларининг  фикрлаш ва ҳаёт тарзини ўрнак қилиб олишлари кўп муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Ғарб турмуш тарзининг жамиятимизга таъсири сезиларли даражада экани ҳақида ўйлаганимизда, табиийки, ҳар биримиз ташвишга тушамиз. Шунда ёшлар таълим­тарбияси борасидаги ишларимизнинг  самарадорлиги қанчалар  муҳим  аҳамиятга  эга  эканини  тушуниб  етамиз. Шу билан бирга, шукр қиламизки, халқимиз орасида соғлом  эътиқодли,  юксак  одобли кишилар кўпчиликни ташкил қилиб келмоқда.

Ҳақиқатан,  юксак  ахлоқ,  аввало,  ҳар  бир  инсоннинг одобини, халқнинг орзу­умидлари, нияту ­интилишларини намоён қилади. Шунинг учун эзгуликни қадрлаб, рағбатлантириб, маънавий­-ахлоқий  қадриятларимизни асраб, ривожлантириб, Президентимиз таъкидлаганидек: “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” барчамизнинг асосий вазифамиздир.

Тадбир сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олдилар.

Вакиллик матбуот хизмати

 

 

 

http://fargonaziyo.uz/ommaviy-madaniyatning-yoshlar-tarbiyasiga-tasiri/

Четверг, 28 Декабрь 2017 00:00

Аллоҳга етишмоқ йўли

Ҳазрат Жунайд Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: Аллоҳнинг йўлида юриш учун шу нарса зарурки, бир қўлда Аллоҳнинг китоби бўлсин ва иккинчи қўлда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлсин. Шу иккиси қўлида бўлган банда, албатта, Аллоҳ таолога етишади.

Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ айтади:


الطرق إلى الله بعدد أنفاس الخلائق
Яъни: “Аллоҳга етишишнинг йўллари халойиқнинг нафаслари ададичадир“. Бироқ, Аллоҳга етишишнинг барча эшиклари ёпилгандир. Фақат бир эшик очиқ ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш эшигидир. Яъни, кимки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашса, айнан ўша Аллоҳга етишади.

Ҳазрат Мавлоно Шоҳ Фазлурроҳман раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Келинг, биз сизга бир ноёб усулни айтиб берайлик. У шуки, биз нима иш қилсак ҳам, унда суннатга диққат қилайлик. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари деб билиб, қачонки, таом есак, у ҳолда чўккалаб ўтириб ёки бир оёқни кўтариб (тиззани букиб) ейлик. Худди шундоқ ухлаш учун ётсак, ўнг ёнгбош тарафга қараб ётайлик, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Айни шундай ҳар ишни қалбда бу Аллоҳнинг Ҳабибининг суннати деб ҳозир қилиб қилайлик. Бир неча кун шундай қилиб олсин, шунда у комил валий бўлиб кетишига, мен масъулман. فاتبعوني
Бас, менга эргашинг“нинг маъноси айнан шудир.

 

Манбалар асосида “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом ноиби Абдулқаййум Комил таржима тайёрлади

Четверг, 28 Декабрь 2017 00:00

Қишки таътил олдидан йиғилиш

Ҳар бир замонда баркамол авлодни тарбиялаш ўзига хос хусусият ва аҳамият касб этган. Ҳозир ҳам миллати, ватани, дини учун хизмат қилиб келаётган, ана шундай шарафли хизматларни қилиб, ватан равнақига хисса қўшаман деб таълим даргоҳларида ўқиётган ёшларимиз борки, биз улар билан фахрланамиз, қалбимиз ғурурга тўлади.

Ана шундай таълим даргоҳларидан бири бўлган, ўз фаолияти давомида қанчадан-қанча аҳли-илмлар, қориларни етиштирган “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртида ҳозирда 123 нафар талаба таълим олмоқда. Уларга шариат илмлари билан бир қаторда дунёвий илмлар ҳам пухта ўргатиб борилади. Ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасдиқлаган ўқув режага асосан ўқув дарслари 2-сентябрдан бошлаб, ёзда тугатилади. Қишда эса бошқа таълим даргоҳлари қатори бу ердаги талабалар ҳам қишқи таътилларга чиқарилиб, дам олиш кунлари белгиланади.

Жорий 2017-18 ўқув йилининг қишқи таътил кунлари 2017 йилнинг 28 декабрдан 2018 йилнинг 9-январигача белгилангани муносабати билан 26 декабрь куни билим юрти мудири М.Алимов бошчилигида билим юрти мударрис ва талабалари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда 2017-18 ўқув йилининг 1-ярим йиллик дарс жараёнлари таҳлили, ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди. Билим юрти ўқув жараёни давомида ҳар ойда ўтказилаётган турли фанлардан ташкил топган фан ойликлари, мусобақа ғолибларига билим юрти томонидан фахрий ёрлиқлар ва ҳомийларни жалб қилган ҳолда совғалар топширилди. Шунингдек йиғилиш давомида қишги таътил даврида талабалар амал қилиши керак бўлган тартиб қоидалар тушунтириб ўтилди.

 

 

 

Четверг, 28 Декабрь 2017 00:00

Буюк бобомиз зиёратида

Куни кеча Тошкент вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Умра-2018” мавсуми зиёратчилари ҳамда илгари турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолгани сабабли озодликдан маҳрум этилган ва тўғри йўлни англаб етгани эътиборидан авф қарори асосида озодликка чиқарилган фуқароларимиз учун юртимизнинг энг табаррук ва тарихий масканларига бой бўлган Самарқанд вилоятига икки кунлик зиёрат ташкил этилди.

Улар биринчи кунларини “Имом Бухорий” ёдгорлик мажмуасида муҳаддислар султони бўлган Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг марқадини зиёрат қилиш билан бошлади. Ўз навбатида ушбу масканда амалга оширилган қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишдилар.

Бугун эрта тонгдан биринчи Президентимизнинг мақбарасини зиёрат айлаб, у кишининг ҳақларига хайрли дуолар қилдилар. Шундан сўнг Регистон майдонидаги қадимий мадрасалар томон йўл олишди. Улар бугун “Гўри Амир” ва бошқа қадамжоларни томоша қилиб, сафарини Самарқанднинг юраги бўлган Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейида якунлайдилар.

Зиёратчилар учун барча қулайликларга эга бўлган меҳмонхона, зиёрат ишларига оид мутахассис ходимлар, юмшоқ ўринли автобуслар ҳамда ЁПХ ходимлари бириктирилган.

Зиёратга масъул бўлган И.Достоновдан зиёрат юқори кайфиятда ўтгани, зиёратчиларнинг кайфияти аъло даражадалиги, хусусан,  ташкил этилган ушбу сафар умра зиёрати олдида турган фуқароларимиз учун беназир совға бўлгани, авф қарори асосида озодликка чиқарилган фуқароларимиз эса юртимизда амалга оширилган бундай эзгу ишлардан мамнун экани ҳақида маълумот олдик.

Она Ватанимизда кумуш қишнинг чилласи бошланганига ҳам бир ҳафта бўлди. Танамиз совуқ ҳавога мослашди. Узун тунларимиз ибодатда, қисқа кунларимиз файзли баракотли ўтмоқда. Юртимизда ислоҳотлар жадал суръатларда давом этаётир. Халқимиз катта ижтиомий-сиёсий ўзгаришлар бўлаётганидан мамнун. Айниқса, муқаддас динимизни ўрганиш учун ажойиб қулайликлар яратилмоқда.  Диний ўқув муассасалари қошида Араб тилини ўрганиш курслари ҳам иш бошлади. Курсга ўқишга иштиёқмандларнинг кўплигини кўрсангиз, ажабо, халқимиз илмга шунчалик ташна экан-а, деб севиниб кетасиз. 

Қўшни давлатлар билан ҳам алоқаларимиз яхшиланиб, халқаро майдонда мамлакатимизнинг обрўси ошиб бораётир. Инчунун, Москва шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг норасмий учрашувида иштирок этган Президентимиз куни кеча Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан суҳбатда Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ошганини таъкидлади. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик аъзо давлатларни узвий боғлаб туриши, ушбу учрашув алоқаларга янги суръат бағишлашини қайд этди.

Юртбошимизнинг ана шу саъй-ҳаракатлари наинки, Ўзбекистон халқининг тинчлиги, хотиржамлиги, ҳаётининг янада фаровон бўлиши, балки минтақамиз, МДҲ давлатлари тинчлиги йўлидаги чинакам фидокорликдир. Биз давлатимиз раҳбарининг ғайрат-шижоатидан ўрнак олиб, кундузлари меҳнатда фаол бўлсак, тунлари ибодатда қоим бўлсак, қандай яхши!

Замҳарир қишнинг тунларини тоат-ибодат билан ўтказаётган юртдошларимизга иймонлашмоқни ният қилиб, таҳажжуд намози ҳақида сўз юритишни ният қилдик. 

Таҳажжуд қандай намоз?

Таҳажжуд – хуфтон намозидан кейин ёки тунда бир неча соат ухлаб туриб ўқиладиган нафл ибодат. Шу боисдан уни “тунги намоз” ҳам деб атайдилар.  Агар бу намоз туннинг бир қисми ухлаб ўтказилгандан сўнг ўқилса, ана шунга “таҳажжуд” деб аталади. Таҳажжуд намозининг энг ками икки ракат, энг кўпи ўн икки ракат бўлади. Энг афзали, бу намозда ҳар икки ракатдан сўнг салом айтилганидир, деган олимларимиз.

Таҳажжуд қандай ўқилади?

  1. Ният қилинади;
  2. Ҳар икки ракатдан сўнг салом айтиб саккиз ракат ўқилгани маъқул. Бу билан азза-базза тунда уйқудан туриб, таҳорат олиб намоз ўқиган одам саждаларининг сонини кўпайтириб олади;
  3. Ибн Обиддиннинг “Раддул Мухтор” китобида айтилишича, таҳажжудни ҳар тўрт ракатда салом айтиб ҳам ўқиса бўлади.
  4. Таҳажжуд тўрт ракат қилиб ўқилганда тўрт ракатли бошқа намозларга ўхшаб ўқилаверади.

Ҳадиси шарифлардан бирида: “Тунги намозда бардавом бўлинг. Чунки у сизлардан олдинги мўътабар зотларнинг одати эди. Тунги сажда инсонни Аллоҳга яқинлаштириб, йўл қўйган гуноҳларидан фориғ қилади, кўплаб касалликлардан қутқаради ва гуноҳу маъсият ишлардан қайтаради”, дейилган (Термизий ривояти). 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини ҳеч қачон қочирмаганлар. Ҳатто оғир беморлик вақтларида ҳам таҳажжудни ўтирган ҳолларида ўқиганлар (Абу Довуд).

Энди ушбу намоз ҳақида севимли Пайғамбаримизга нозил бўлган ояти карималарни ўрганамиз.

Аллоҳ таоло Расулига қуйидаги оятларда бундай хитоб қилган:

Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро, 79);

Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Раббингга қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин тасбеҳ ва ҳамд айт. Шунингдек, кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам тасбеҳ айт. Шоядки, рози бўлсанг (Тоҳо, 130);

Кечасида ҳам Унга тасбиҳ айт. Ва саждадан кейин ҳам (Қоф, 40);

Ва кечаси ҳам. Бас, юлдузлар ботгандан кейин ҳам тасбиҳ айт (Тур, 49);

  1. Эй, ўраниб ётувчи.
  2. Кечанинг озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ.
  3. Ярмида ёки ундан бир оз қисқароғида (бедор бўл).
  4. Ёки у(ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил.
  5. Албатта, Биз устингга оғир сўзни ташлармиз.
  6. Албатта, кечки ибодат кўпроқ мувофиқ келур ва қироати тўғрироқ бўлур.
  7. Албатта, кундузи сенинг узоқ ишлашинг бор.
  8. Албатта, Раббинг сенинг кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундай қилаётганларини) билади. Ва кечаю кундузни Ўзи ўлчайди. У сизлар ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Бас (энди), Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар...” (Музаммил);

“Эртаю кеч Раббинг исмини зикр қил. Ва кечасида ҳам Унга сажда қил ва узоқ кечаларда Унга тасбиҳ айт” (Инсон, 25-26)

Бу ояти карималардан таҳажжуднинг ниҳоятда савоби улуғ намоз экани аён бўлмоқда. Демак, ярим тунда уйқудан туриб ушбу намозни ўқиётган азизларимиз улкан савобларга эришаётган экан.

Раббимиз бизни ҳам ана шундай савобларга эришувчилардан қилсин! 

Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас, меҳрибон Парвардигоримиз тунлари ибодат қилувчи обидларни Ўзининг муборак Каломида мақтаган ҳам. Ўша мақтовларни кейинги мақоламизда ёритамиз, иншоаллоҳ!

 

ЎМИ матбуот хизмати

Мақолалар

Top