muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш, ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда соҳага оид олий маълумотли етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинган эди.

Қарорга кўра, Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги олий диний таълим берувчи нодавлат таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда мактаб битирувчиларига бериладиган давлат намунасидаги диплом Ўзбекистон Республикасида олий диний таълим соҳасидаги бакалавр даражасини берувчи олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этилади. Мактабда “Ҳадисшунослик” таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасидаги кадрлар тайёрланиши белгиланган эди.

Бугун, 8 ноябрь куни Ҳадис илми мактабига қабул жараёнлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида бошланди. Ушбу жараёндан фотолавҳаларни қуйида кузатишингиз мумкин.

Маълуот учун, Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари саралаб олинади.

ЎМИ Матбуот хизмати

"Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан бугунги кунда кўплаб хайрия акциялари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирлар давомида муҳтожлар, беморлар ва етимларга кўмак берилиб, моддий маблағлар ва озиқ-овқатлар тақдим этилмоқда.

Ноябрь ойида жамоат фонди томонидан яна бир тадбир ташкил этилди ва унда пахта хирмонини тераётган теримчиларга совғалар улашилди. Теримчиларнинг кўнгилларини кўтариш мақсадида ташкил этилган ушбу хайрия акциясида дуои хайрлар қилинди, теримчиларга соғлиқ саломатлик тиланди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

6 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари хориж сафарлари доирасида Ўзбекистоннинг Испаниядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жаҳонгир Ғаниев билан учрашди. Учрашув чоғида элчи Жаҳонгир Ғаниев элчихона томонидан олиб борилаётган ишлар, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва икки давлат ҳамкорлигини ривожлантириш юзасидан қилинаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
Ўз навбатида муфтий ҳазратлари ҳам пойтахт Мадридда бўлиб ўтаётган нуфузли халқаро анжуман мана шундай ҳамкорликларнинг амалий кўринишларидан бири экани, унда таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари долзарб мавзулардаги маърузалари билан иштирок этгани, мазкур анжуманда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан бир неча ўнлаб делегация вакиллари бир мажлисда жам бўлиб, муҳим масалаларни машварат қилишлари, ўзининг ижобий натижаларини беришини айтиб ўтдилар.
Эслатиб ўтамиз, элчи Жаҳонгир Ғаниев ушбу лавозимга 2018 йил 31 августда тайинланган. Бунга қадар у мазкур элчихона маслаҳатчиси, Ўзбекистоннинг Испаниядаги муваққат ишлар вакили лавозимида ишлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

  • Ҳар қандай ишни бошлашдан аввал Аллоҳнинг розилигини ўйла. Акс ҳолда қилган ишларингнинг ҳаммаси беҳуда бўлиб, зое кетади.
  • Бамисоли тумов киши гулнинг ҳидини сезмаганидек, аҳмоқ киши ҳикмат лаззатини билмайди.
  • Кимки ўз нафси-балосию орзу-ҳаваси домига тушиб қолса, у бешак ўзини-ўзи чуқур қаърига ташлагани муқаррар.
  • Ўз нафсингга ҳоким бўлмасанг, уни ўз ҳукмингда тутасан. Акс ҳолда ундан ғолиб чиқиб, ушлаб тура олмайсан.
  • Кимнинг ҳиммати-ю муруввати қанчалик кўп бўлса, шунга яраша одамлар унинг кайғусига шерик бўларлар, ҳамдардлик билдирарлар.
  • Бошингизга мушкул иш ва ташвиш тушганида мунис бўлиб, одамларга меҳр-муҳаббат кўрсатасиз. Аммо давлату неъматларга эришганингизда бағритошликка мойил бўласиз.
  • Одамлар ичидаги энг ярамаси хасисдир, уларнинг ичидаги энг ялқови пасткашдир.
  • Ҳаёт вақтингда берган инъом-эҳсонларинг, гарчи уларни туки йўқ (қирчанғи) бўрига берган бўлсанг-да, зое кетмас. Қиёмат кунида буларнинг ажри сенга бўлур.
  • Ўз вақтидан кечикиб берилган инъом-эҳсон маҳкам тортилган занжир мисоли қаттиқ бўғувчидир.
  • Тоғ тепасидаги қояларни кўчириш миннат эшитиш юкларига нисбатан енгилроқдир.

Саидаброр УМАРОВ таёрлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси маҳаллий фуқароларни юртимиздаги қадамжолар ва табаррук масканлар бўйлаб, кенг кўламдаги зиёратларини уюштириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ишларини ташкил этиб келмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг шу йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрсида”ги қарорида белгиланган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида ички туризмни ривожлантириш мақсадида, “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Бугун, 7 ноябрь куни “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги умра зиёратига отланган фуқароларимизни заминимиздаги азиз авлиёларнинг қадамжолари ва осори атиқаларига зиёратларини уюштирди. Фарғона водийсининг диққатга сазовор жойларига зиёратлар ташкил этилди.
Мўътабар масканлар зиёратидан руҳий-маънавий қувват олган нуроний отахонлар ва онахонлар энг табаррук жойларни зиёрат қилганлари ва уларга кўрсатилган эҳтиромдан жуда ҳам мамнун бўлганларини изҳор қилишди. Юртимиз тинчлиги, элимиз фаровонлиги бундан-да зиёда бўлишини Аллоҳ таолодан тилаб дуолар қилдилар.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистонда 7300 дан ортиқ қадимий обидалар мавжуд, 200 дан зиёд тарихий обида ва қадамжолар ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилган.
“Muslim-tour” сайёҳлик фирмасининг мана шундай эзгу ташаббуслари давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top