muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг ноябрь ойи бошида Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказилган Indo Defence Expo & Forum 2018 халқаро кўргазмаси доирасида «Минтақавий ҳамкорликни терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик орқали таъминлаш» номли форум ҳам ташкил этилди. Унда ушбу ёвга қарши кураш бўйича қатор таклифлар ва тафсиялар ишлаб чиқилди.

Террорчилар ислом динининг душманлари, улар дин билан ҳеч қандай умумийликка эга эмаслар. Бу фикрлар Индонезия мудофаа вазири Рямизард Рякуду томонидан билдирилди.

«Террорчилар бу Ислом эмас, Ислом бундай эмас, улар Исломга зарар етказмоқдалар», - дея қайд этди Мудофаа вазири.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистонда Россиянинг кўп тармоқли миграция маркази ташкил қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Марказда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Россия Федерациясида меҳнат қилишга патент берилади.

Ўзбекистон фуқароларига патент бериш ташаббусини 2018 йил 30 октябрь куни Москвада Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов ва Россия меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирининг ўринбосари Алексей Черкасов муҳокама қилган.

Томонлар эришилган келишувлар бўйича 2018 йил 20 декабрда Тошкентда ишчи гуруҳнинг илк йиғилишини ўтказишга келишиб олишган.

Бундан ташқари, учрашувда Ўзбекистон аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази, Россия меҳнат вазирлиги Бутунроссия илмий тадқиқот институти ва Иқтисодиёт олий мактаби ўртасида фуқароларнинг иш стажини ҳисобга олиш ва пенсия ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик битими лойиҳаси, шунингдек икки давлат пенсия жамғармаси ўртасидаги электрон база маълумотларини алмашиш масалалари муҳокама қилинган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳадиси шариф Ислом динининг Қуръони каримдан кейинги асоси ҳисобланади. Ҳадис илмини мукаммал ўрганиш Ислом динига бидъат-хурофотлар киришидан ҳимоя қилади. Бу илм бўлмаса, ҳадисларнинг саҳиҳ ва тўқималари аралашиб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқаларнинг сўзлари фарқланмай қолади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, ўз жойини дўзахдан тайёрласин»,- деганлар (Имом Бухорий). Бу эса муқаддас Ислом дини софлигига салбий таъсир қилади. Шунинг учун ҳадис илмини тўлиқ ва мукаммал ўрганиш лозим бўлади.

Юртимизда барча соҳалар каби диний-маърифий соҳада ҳам улкан ислоҳотлар бўлмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида 1 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Азал-азалдан Ислом дини равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган диёримизда мусулмонлар учун яна бир қувончли хабар парвоз қила бошлади. Бу Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан асос солинган Ҳадис илми мактабининг очилишидир. Имом Бухорий ва Имом Термизийларни етиштирган бу ўлкадан яна кўплаб дунёга устоз бўладиган уламолар етишиб чиқишига асло шубҳа йўқ. Ушбу мактабнинг “Ҳадис илми султони”аталмиш Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи мангу қўним топган диёрда бунёд этилиши ҳам бу даргоҳда илм олувчиларга ўзгача бир куч ва ғайрат бахш этса ажаб эмас. Маърифатга ошифта халқимиз, ҳадис илмига чанқоқ бўлиб турган пайтда, бу билим даргоҳи ташна  қалбларни қондирган зилол сувдек ҳаловат бахш этди десак айни ҳақиқат бўлади. Ҳар қандай фарзанд ҳам ота-бобоси бажарган ишни қилишга, уларнинг изидан боришга  мойил бўлади. Ёшларимиздан келажакда бутун дунёга машҳур олимлар етишиб чиқишига ҳеч шубҳа йўқ. Чунки бизнинг авлодлар томирларида бутун жаҳонга Ўзбек  илмини таратган Имом Бухорий, Имом Термизий,  Имом Доримий каби буюк муҳаддисларнинг қони жўшиб оқмоқда. Айнан шу хусусиятларни ўз вақтида пайқаб, илм эшикларини кенг очаётган юртбошимизнинг бундай хайрли ишларига тасаннолар бўлсин! Ҳа, бу диёрнинг фарзандлари азалдан дунёга устозлик қилиб келган, шундай экан бу одат давом этишдан тўхтамайди.

Бу улуғ юртдан кўплаб Бухорийлар, Термизийлар чиқади. Негаки, бу миллатнинг оқил ва доно йўлбошчиси халқига нурафшон йўлни кўрсатиб, илм булоғига чорлаб турибди, ўша илмнинг шарқироқ анҳорларидан яна бири бу - Самарқандда очилган ҳадис илми мактабидир. Ҳадис илми бўйича дунёнинг энг йирик уламоларидан бири Шайх Муҳаммад Аввома бундай дейди: «Ўзбекистондан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломаларнинг Ислом илмларига қўшган буюк ҳиссасини бутун дунё эътироф этади. Бу диёр дунё мамлакатлариини ёритган оламга нур таратган замин ҳисобланади. Жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистонда адолатли раҳбар бошчилигида инсонлар фаровонлиги, уларнинг тўкин ҳаёти йўлида хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозир Ўзбекистон катта тараққиёт йўлида. Ишонаманки, ушбу мамлакатнинг келажаги буюк бўлади, иншааллоҳ».

Барча-барча Ислом шайдолари, ҳадис илми ошифталарига бу янги ва нурафшон даргоҳ муборак бўлсин!

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,

«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мудири

«Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ўтказилаётган “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири 10-11 ноябрь, шанба ва якшанба кунлари Бухоро ҳамда Навоий вилоятларида бўлиб ўтади. Бугун юк автомашинасида озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, диний-маърифий китоблар ва бошқа зарурий буюмлар ушбу вилоятлар томон йўлга тушди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Суббота, 10 Ноябрь 2018 00:00

Риё аралашган яхшиликда савоб йўқ

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Сен: “Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга шубҳасиз, илоҳингиз битта “илоҳ” экани ваҳий қилинди. Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин” дегин”.

 (Каҳф сураси-109-110-оятлар)

Кимнинг Парвардигор марҳаматидан умиди бўлса, солиҳ амал қилсин.

Зуннун айтади: “Эзгу амал бу – риёдан холи бўлган амалдир”.

 Абу Абдуллоҳ Курший шундай дейди: “Эзгу амалдан мурод ундан келадиган фойдага кўз тутмасдан у билан на савоб ва на жазо талаб қилмасликдир”.

 “Таъвилоту ан-нажмийя”да бундай дейилган: “эзгу амал бу зоҳиран ҳам, ботинан ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, у зотнинг йўлларидан юришдир”.

Хўжакўрсинга ибодат қилиш, бировлар “у яхши киши”, дейиши учун эзгулик қилишнинг савоби йўқ. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Оятда “Валаа юшрик” эмас, балки “Валаа юшрик би ибаадати Роббиҳи аҳада” дейилди. Чунки бу оятда Аллоҳ таолога ибодат қилишда бандалар мақтасин, деб амал қилишнинг хатарли экани ирода қилинган.

Ҳасан роҳимаҳуллоҳ: “Бу оят Аллоҳ унга ирода этган амал билан ширк қиладиганлар ҳақидадир”, деган.

Жундаб ибн Зуҳайр розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай деди: “Мен Аллоҳ розилиги учун амал қиламан. Агар бирор киши бу амалимдан хабар топиб, ошкор этса, бу иш мени хурсанд қиляпти”. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло унда шерик қилинган нарсани қабул қилмайди”, дедилар. Сўнгра ушбу оят Пайғамбар алайҳиссалом сўзларининг тасдиқлаган ҳолда нозил бўлди. Бошқа бир ривоятда эса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сен учун икки ажр бор: сир бўлганининг ажри ва ошкор бўлганининг ажри”, деганлари ҳам келтирилади.

Бу ҳол ўша инсоннинг ниятига боғлиқ. Агар ширк ва риёдан сақланиш мақсадида амалини сир тутсаю, лекин, Аллоҳ уни ошкор этса, унга икки ажр бўлади. Аммо инсонлар уни мақташидан умид қилинган ишда савоб йўқдир.

Демак, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умиди бор банда дунё ҳаётидаги умрини ғанимат билиши, ақидада мустаҳкам бўлиб, холис Аллоҳ учун амал қилиши зарур. Аксинча, орзу ҳавасларга берилиб, синовлар келганда алданиб қолиб, ўткинчи мақтовлар қурбонига алданиб қолишининг оқибати хатарлидир.

 

 Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек

Мақолалар

Top