www.muslimuz

www.muslimuz

"Мўмин киши ёлғон ва хиёнатдан бошқа барча хулққа тобе бўлиши мумкин”[1].

Фитрий-яратилиш жиҳатидан олиб қарасак, мўминда ахлоқнинг барча турлари, жумладан, ҳар хил ёмон хулқларга ҳам эга бўлиши мумкин. Аммо унинг табиатида ёлғон билан хиёнат бўлиши мумкин эмас. Бу икки ахлоқ ҳар бир инсон учун катта қусур ва қабоҳатдир. Ҳар қандай киши учун бу икки ахлоқ қабоҳат экан, демак мўмин кишига асло ярашмайди. Чунки имон кирган қалбга ёлғон ва хиёнат сиғмайди. Шунинг учун ҳам мўмин тўғрилик ва вафодорликни севади, бошқаларни ҳам шунга чақиради. Шак-шубҳасиз, мўмин киши Ҳақ таоло ҳузурида ҳам тўғрилиги ва аминлиги боис юксак даражаларга эришади.

Ҳар намозда Ҳақ таолодан Сироти мустақиймни – тўғри йўлни сўраймиз. Тўғри йўлда бўлган кишини Аллоҳ ҳеч қачон хор қилмас. Тўғрилик жаннатдаги бир дарахтга ўхшатилади. Кимда-ким ер юзига ёйилган бу тўғрилик дарахти шохларидан бирини маҳкам тутса, у шох уни тўғри жаннатга элтади. Аксинча, ёлғон – илдизи жаҳаннамда жойлашган бир дарахтдир. Ким ёлғончилик қилса, қилган ёлғони уни дўзахга элтади. Хиёнат ва ёлғончилик фақатгина баъзи адашган қавмларнинг феълидир.

Шу боис болаларимизни тўғри тарбиялашга эътибор берайлик. Бу йўл — Сироти мустақийм пайғамбарларнинг йўлидир. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидир. Бу йўл ғазабга дучор бўлган, адашган бандаларнинг йўлидан бошқача йўл. Биз ҳам Аллоҳ таолодан барчамизни мана шу йўлга йўллашини ва тўғриликни тутиб, ундан айрилмайдиган бандалари қаторида қилишини сўраймиз.

 

Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг

“Мўминнинг сифатлари” китобидан

 

[1] “Рамуз ал-аҳодис” 231/9 ровий ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аби Авфа (р.а.).

24 июль куни эрта тонгдан ҳаж ибодатини адо этиш учун отланган юртдошларимизнинг дастлабки гуруҳи Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бўлғуси ҳожилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, ҳаж сарф-харажатларини янада арзонлаштириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар юртдошларимизни чексиз қувонтирди.
Ҳаж сафари билан боғлиқ ташкилий ишлар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Масалан, илгари ҳожиларимиз икки юлдузли меҳмонхоналарда туришган бўлишса, бу йили Мадина шаҳридаги 5 юлдузли “Пуллман замзам” меҳмонхонаси, Макка шаҳридаги 4 юлдузли “Аброжул Ҳидоя” меҳмонхонаси ижарага олинди. Бу эса зиёратчиларимизнинг бор диққат-эътиборларини ибодат қилишга қаратишларига асосий омил бўлади.
Зиёратчилар шу йилнинг 24 июль — 3 август кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина ҳамда Нукус-Мадина йўналишларида ҳаж сафарига кузатиладилар ва шу йўналишлар бўйича 17 август — 1 сентябрь кунлари мамлакатимизга қайтиб келадилар.

Зиёратчиларни Саудия Арабистонида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ишлари Ишчи гуруҳи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича атташеси ҳамкорлигида ташкил этилади.

Ҳаж амалини бу қадар қулай шарт-шароитларда бажариш ота-боболаримизнинг орзуси бўлиб келгани барчага маълум. Сафарга отланиш чоғидаги нуроний отахону онахонларнинг қалбларидаги ҳаяжон, кўзларидаги севинч ёшларини кўриб, тилларидаги дуоларини эшитган ҳар бир киши тўлқинланиб кетди. Уларнинг муқаддас маконларга эсон-омон бориб, ҳаж ибодатларини бекаму кўст бажариб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтиб келишларини тилаб қоламиз.
Отахону онахонларимиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимизни ўз бағрига жойлаб ҳавога кўтарилган улкан ҳаво лайнерининг ортидан қараб, қўлларимизни дуога очиб уларнинг ҳаққига дуолар қилиб қолдик: Йўлларингиз очиқ ва ойдин, ибодатларингиз мақбулу манзур бўлсин! Ҳажингиз муборак, азиз юртдошлар!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

  1. Аллоҳдан паноҳ сўраш, “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”ни айтиш.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг! Зеро, У Эшитувчи ва Билувчи (зот)дир(Фуссилат сураси, 36-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангизга шайтон келиб: “Уни ким яратди?”, “Буни ким яратди?” деб савол беради, ҳатто, «Раббингни ким яратди?» дейишгача боради. Ана шунда у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва (фикрига) барҳам берсин», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

  1. “Аманна биллаҳи ва биросулиҳ” деб айтиш.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг фикрига васваса келса “Аманна биллаҳи ва биросулиҳ”, деб уч марта айтсин. Шунда ундан васваса кетади», дедилар (Имом Ибн Сунний ривояти).

 

  1. Уч марта туфлаш.

Усмон ибн Абул Осий розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, шайтон намозим ва қироатим орасида халақит қилиб, чалкаштириб юборяпти”, дедилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана шу шайтондир. У “Хинзаб”, дейилади. Агар сен уни ҳис қилсанг, Аллоҳ номи ила ундан паноҳ тила ва чап томонингга уч марта туфлаб қўй”, дедилар.

Усмон ибн Абул Осий розияллоҳу анҳу айтадилар: "У зотнинг айтганларини қилган эдим, Аллоҳ таоло мендан уни кетказди" (Имом Муслим ривояти).

 

  1. “Ҳувал аввалу вал ахиру ваз зоҳиру вал батину ва ҳува бикулли шайин ъалийм” деб айтиш.

Абу Зумайл розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга: “Қалбимда ниманидир ҳис қиляпман”, дедим. У зот: “Нима у?” дедилар. “Аллоҳга қасамки, уни бирор кишига айтмайман”, дедим. У зот: “Бирор шак бўляптими?” деб кулдилар. Сўнг: “Бирор киши шак-шубҳадан омонда бўлмаган. Ҳатто, Аллоҳ таоло: “Агар Сизга нозил этган нарса хусусида шубҳа қилсангиз...” (Юнус сураси, 94-оят) оятини нозил қилган. Нафсингда бирор нарса топсанг:

“Ҳувал аввалу вал ахиру ваз зоҳиру вал батину ва ҳува бикулли шайин ъалийм”

“У аввал ва охирдир, У зоҳир ва ботиндир. У ҳар бир нарсани билувчидир”, деб айт”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

 

  1. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деб айтиш.

Намоз, таҳорат ва шуларга ўхшаш нарсада васвасага тушган киши: “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтиши мустаҳабдир. Шунда шайтон Аллоҳнинг изни ила ундан узоқлашади.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

"Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, аҳолининг кўмакка муҳтож, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган қатламини ҳимоя қилиш мақсадида кўплаб лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этиб келинмоқда.

23 июль куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги "Олтинтепа" маҳалласи ҳудудида "Вақфмед" дорихонаси иш бошлади. Ушбу вақф мулки бўлган дорихонанинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, "Вақф" хайрия жамоат фонди бошқарув раҳбари Искандар Халиловлар иштирок этдилар. Муфтий ҳазратлари дорихона фаолияти билан танишиб, уни ҳар томонлама ривожлантириш, дори-дармонлар хилма-хиллигини ошириш, нарх-навосини арзон қилиш ва тушган фойдани бемор ётганларнинг холидан хабар олишга йўналтириш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Якунда шундай хайрли ишларнинг янада бардавом бўлишини тилаб дуо қилдилар.

Ушбу дорихонадан ижтимоий кўмакка муҳтож юртдошларимиз учун бепул дори-дармон тақдим этилади. Бунинг учун фуқаролар кўмакка муҳтожлигини тасдиқловчи ҳужжатларни Фонднинг ҳудудий филиалига тақдим этишлари талаб этилади. Ҳужжатлар Фонд ходимлари томонидан ўрганилиб ҳақдор бўлганликлари тасдиқлангач уларга дорихонадан бепул ёрдам бериш бўйича йўлланма берилади.

Вақф дорихонасида юздан ортиқ номдаги дори маҳсулотлари келтирилган бўлиб, уларнинг тури кундан кунга кўпайишда давом этади. Дорихона замонавий ҳисоб-китоб техникаси билан таъминланган бўлиб, савдо жараёнини аниқликда олиб боришда муҳим аҳамиятга эга.

"Вақфмед" дорихоналар тармоғи мамлакатимиз бўйлаб барча ҳудудларда ташкил этилиши Фонд томонидан режалаштирилган бўлиб, ушбу тармоқлардаги савдо-сотиқдан тушган маблағ вақф мулкини тасарруф этиш ва хайрия ишларига йўналтирилади. Дорихоналар "Ислом қуввати. Ватан равнақи. Халқ манфаатлари учун" шиори остида ўз фаолиятини юритади.

"Вақф" хайрия жамоат фонди юртимиз мўмин-мусулмонларини Аллоҳ таоло розилиги учун кўпроқ саҳоват кўрсатишга чақиради. Эҳсонлар минглаб инсонларнинг оғирини енгил қилишда муҳим ўринга эгадир.

Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг Каломида эҳсон қилувчиларга ваъда беради: “Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай, Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур” (Нисо сураси, 40-оят).

Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин.

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Дин ишлари бўйича қўмита томонидан жорий йилнинг 23 июль куни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасининг мажлислар залида “Ҳаж-2019 мавсуми” мавзусида оммавий ахборот воситалари учун брифинг ташкил этилди.

Тадбирда муборак Ҳаж сафарига жўнаб кетаётган зиёратчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, ҳаж сарф-харажатларини янада арзонлаштириш мақсадида “Ҳаж – 2019” мавсумига тайёргарлик ишлари барвақт бошлангани, галдаги вазифалар тизимли ташкил этилаётгани қайд этилди.

Жумладан, 2016-йилда 5 минг нафар зиёратчи Ҳаж сафарига борган бўлса, 2017 йилдан буён уларнинг сони 2 минг нафарга кўпайгани, умумий кўрсаткич 7 мингга етгани, бу йил ҳам худди шунча мўмин-мусулмон юртдошларимиз Ҳаж ибодатини адо этиши айтилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раис ўринбосари Нуриймон Абулҳасан томониданўтган йиллардан фарқли равишда бу йил ҳожиларимиз сафар олдидан, ватанда бўлиб турган пайтларидаёқ ўзларини ҳам маънан, ҳам руҳан тайёрлаб, улуғ сафарга муносиб бўлиш мақсадида ижтимоий кўмакка муҳтож шахслар, кам таъминланган оилалар ва аҳоли учун хайрия ёрдами сифатида ўз ташаббуслари билан 9 миллиард сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатгани зикр қилинди.

Жорий йилдан эътиборан Саудия Арабистонида барча турдаги хизматларга 5 фоизлик қўшимча қиймат солиғи ва меҳмонхоналарга яна 2,5 фоизлик солиқ киритилгани, хизмат кўрсатиш нархларининг ошишига сабаб бўлиши, лекин Ўзбекистонлик ҳар бир зиёратчи учун белгилаган хизматлар нархи оширилиши ўрнига, сезиларли даражада туширилгани, бу йилги Ҳаж мавсуми учун сарф-харажатлари сметаси бўйича ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ 33 миллион 300 минг сўм этиб белгилангани, яъни нарх 5 миллион сўмга арзонлаштирилгани алоҳида келтирилди.

Юртдошларимиз шу йилнинг 24 июль – 3 август кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина ҳамда Нукус-Мадина йўналишларида ҳаж сафарига кузатиладилар ва шу йўналишларда мамлакатимизга қайтиб келадилар.

Ўз навбатида, брифингда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Ҳаж сафари билан боғлиқ ташкилий ишлар йилдан-йилга яхшиланиб борилаётгани, мисол учун, зиёратчиларимиз шу йилдан эътиборан Мадина шаҳрида 5 юлдузли “Пуллман замзам” меҳмонхонасида, Макка шаҳрида 4 юлдузли “Аброжул Ҳидоя” меҳмонхоналарида истиқомат қилишлари юртимиз зиёратчилари учун галдаги туҳфа бўлгани алоҳида айтиб ўтилди.

Якунда юртдошларимиз мана шундай юксак эътиборга мос равишда ҳаж ибодатини адо этиб, Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатишади, бор куч-ғайратларини эзгу, савобли ишларга сарфлашлари таъкидланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top