muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 05 Февраль 2022 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент ислом институти ўқитувчиси Аҳроров Ибодулло домланинг оталари Зиёдулло ҳожи отанинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳум отахонни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси уламолар, имом-домлалар ва ўқитувчи-мударрислар номидан Ибодулло домлага ва марҳум отахоннинг оила аъзолари, фарзандлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Жаноза Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, Хўжа қишлоғида ўқилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 

Интернет тармоқларида айрим кимсалар “Бизга мазҳаб керак эмас” деган даъволарни қилишмоқда.“Бизга мазҳаб керак эмас” деб даъво қилувчи кишиларнинг даъволари гўёки денгизда сафарга чиққан кишиларнинг “бизга кема керак эмас” деган даъволарига ўхшайди.

Ривоят қилишларича, Нажиб Фозил деган уламо кемада китоб ўқиб кетаётган экан. Кемадаги кишилардан бири у зотга яқинлашиб:

- Ҳазрат Аллоҳ бизга ақл берган, яна пайғамбарлар юборган ва саҳифалар ҳамда китоблар нозил қилган бўлса, шунда ҳам бирор уламога эргашимиз шарт-ми? Ақлимизни ишлатиб тўғри йўлни топиб кетар эдик-ку?! деди.

Шунда Нажиб Фозил китобдан бошини кўтариб:

  • Сузишни билансанми? – дедилар. У:

- Ҳа биламан – деб жавоб берди. Нажиб Фозил:

- Ўзинг сузишни билсанг, кемага нима учун чиқдинг, денгизда ўзинг сузиб кетавермайсанми? – дедилар.

Нажиб Фозилнинг бу саволига у нима деб жавоб беришини билмай қолди.

Бу қиссадан хулоса шуки, Ислом шариати улкан денгиз бўлса, “мазҳаб керак дейиш” эса, денгиз сафари учун кемага чиқишдир. “Шариат денгизида ўзим сузаман, мазҳаб керак эмас” дейиш эса, денгиз сафарига кеамасиз чиқиш ва ўзини ҳалокатга қўйишдир.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилиб, тўғри йўлидан адашишдан асрасин!

 

Р. Акбаров,

Қарши туман “Акбар халифа Эшон ибн Мухтор” масжиди имом хатиби.

 

 

Пятница, 04 Февраль 2022 00:00

Инсон қадрини улуғлаш...

Биламизки, инсон қадрини барқарор ва давомли бўлишига аввало юртимизнинг тинчлиги, жамиятимиздаги қадриятларимиздан бўлмиш ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳат бўлиш, оила, ота-она, қавм-қариндош, қўни-қўшниларни бирдамлиги асосий таянч бўлади.

Буларнинг барчаси бизнинг бебаҳо бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз. Ушбу узлуксиз табиий жараён – мамлакат тараққиётининг, халқ фаровонлигининг муҳим омилларидан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

Бинобарин, Президентимиз Ўзбекистон халқига янги йил табрикларида 2022 йилни мамлакатимизда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб аташни таклиф қилдилар. Бу халқона таклиф бир овоздан қабул қилинди ва қўллаб-қувватланди.

Инсон қадрининг қирралари кўп. Шулар ичида энг асосийси – юрт тинчлиги ва шу олий саодатнинг рамзи саналмиш оилалар хотиржамлиги     саналади.

Табиийки, осойишта кунларни қадрлашнинг асосий омили энг аввало, аҳил-иноқ бўлиб яшаш, бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилиш.

Бунда ҳар бир масалага маслаҳатлашган ҳолда ёндашиб, мақбул ечим топа олишга интилиш, ўзаро иззат-ҳурмат туйғусига таяниб иш кўришда акс этади.

Бунинг учун эса Президентимиз таъкидлаганларидек, инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган  ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида фидоийлик лозим бўлади.

Шундайин олийҳимматга аввало барчамиз ўз қадримизни билишимиз, уни бировларга ҳам баҳам кўришимиздагина намоён бўлади.

Дарҳақиқат, ислом дини таълимотида ҳам инсон бахт-саодати ва унинг қадрини улуғлаш ҳақида кўп зикр қилинган. Аллоҳ таоло инсон зотини қадрини улуғлаб Ўзи яратган кўп жонзотлардан афзал ва аъло қилиб яратгани ва унга беадад неъматларини бергани ҳақида бундай дейди:

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).

Жамиятни ҳамнафас билиб, бир тан, бир жон бўлиб, ўзаро раҳм – шафқатли бўлиш, инсон қадрини улуғлаш йўлида хизмат қилиш ривожланган жамиятнинг энг олий фазилати бўлиб ҳисобланиши табиийдир.

Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам “Раҳм қилувчиларга тенгсиз Улуғ ва Карим Зот раҳм қилади, Ер юзидаги инсонларга раҳм қилинглар, осмондаги Зот сизларга раҳм – шафқат қилади” деб, бошқаларга манфаат етказиш, қадрини улуғлашга чорлайдилар (Имом Термизий ривояти).

Демак, ҳар биримиз қаерда ва қандай мавқеда бўлишимиздан қатъий назар буюк халқимиз билан доимо раҳм-шафқат мулоқотида бўла олишимиз энг катта, энг улуғ иинсон қадри бўлади.

Жумладан оила ва унинг аъзоларига яқиндан ҳамроҳ бўлишимиз, уларга қучоғимизни очишимиз ҳам улуғлик рамзи бўла олади.

Зеро, улуғлик рамзи эса фақат барча мавжудотдан улуғ ва афзал этиб яратилган ҳазрати инсон қадрини ўзимизнинг манфаатимиздан юқори қўя олиш билан бўлади.

Яна эътиборни муқаддас ўгитларга қаратайлик! Инсон қадрини улуғлаш борасида бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнак ва намуна бўлганлар.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари эмикдош сингиллари Шаймога қилган яхшиликлари, унинг онаси Ҳалимаи Саъдияни разоий онам, деб қадрлаб муборак ридоларини пой қадамларига солишлари,

тоғалари Умайр ибн Ваҳбнинг ҳурмати юзасидан улардан олдин ўтирмасликлари, керак бўлган ўринда остиларига ридоларини солиб беришлари,

амакилари Абу Толибнинг фарзандлари кўп бўлганида ҳазрати Алини ёрдам тариқасида тарбияларига олиб бўлса ҳам боқиб катта қилиб, бу билан амакиларининг қадрларини улуғлаганлари,

аёллари Хадича онамиз вафотларидан кейин у кишининг барча қариндош-уруғларига қадр-қиммат қилиб ёрдам кўрсатганлари,

ҳазрати Алининг оналари вафот этганларида янгаларини қадрлаб бевосита ўзлари қабрга қўйишлари каби кўплаб ўз қадрларидан ўзгалар қадрини юқори билиб, атрофдагиларга кўрсатган олий ҳимматларини санасак бармоғимиз етмайди. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.

Зеро, Аллоҳнинг ҳабиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айни шундай ҳаёт тартиби билан бўлиб, инсон қадрини улуғлаш мақсади билан яшадилар.

Ишонч билан айта оламизки, қайси бир мўмин-мусулмон ана шундай пок ва баракали суннат йўлида давом этса, эл-юртнинг корига малҳам бўлиб яшаса, қодир бўлганича яхшилик қилса, инсонлар қадрини улуғлаб, уларни хушнуд эта олса, Яратганнинг мукофотига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига муяссар бўлажак, Инша Аллоҳ.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Япониянинг Саудия Арабистони подшоҳлигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фумио Ивай Қуръони каримни ўргангани сабабини маълум қилди.

Элчи Фумио Ивай “Я Ҳала” дастуридаги суҳбатида: “Узоқ вақт араб тилини ўрганганим ва араб дунёсида дипломатик фаолият олиб бораётганимдан сўнг Қуръони каримни тиловат қилишга ҳаракат қилдим, чунки Ислом дини оламдаги инсонлар ҳаёти учун энг муҳим асос саналади”, деб таъкидлади.

Элчи жаноблари Қуръони каримнинг баъзи суралари, жумладан, “Фотиҳа” сурасини ёд олганини айтди. Дастур бошловчиси сўровига биноан элчи Қуръондан тиловат қилиб берди.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Икромов Обидхон

Наманган шаҳри "Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

 

Мақолалар

Top