muslim.uz

muslim.uz

Бугунги кунда тасаввуф ва тариқатни тўлиқ рад қилиб, сўфийларни инкор этиб, уларни бидъатда айблаб, адашган фирқалар қаторига қўшиб, уларнинг амалларини эса ботилликка йўйиб келаётган айрим тоифалар борки, одамлар кўр-кўрона бу алдовларга учиб қолмоқда. Бу гуруҳларнинг бошида баъзи бемазҳаблар қатори салафийликни даъво қилаётган сохта салафийлар ҳам бор. 
 
Барчага маълумки, сохта салафийлар саҳобаларнинг ёки тобеъийнларнинг, мужтаҳидларнинг ёхуд валийларнинг сўзларидан ҳам кўра ўзларининг ғоявий раҳнамоси – Аҳмад ибн Таймиянинг (1263–1328) фикрларини қўллаб-қувватлашади. Бу зотнинг ҳар бир фатвоси ёки гапини жон дили билан қабул қилишади ва ҳаётларининг шиорига айлантиришади.
 
Минг афсуслар бўлсинки, улар ғоявий раҳнамоларининг тариқатга дахлдор эканликларини ва тасаввуф аҳлларининг фикрини маъқуллаганларини билишмайди. Ёки билсалар ҳам одамлардан сир тутишга уринишади. Бунинг сабаби уларнинг ўзларига аён.
 
Дарҳақиқат, Ибн Таймия бир қанча ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид иш тутган бўлсалар-да, бироқ ўзлари қодирия тариқатига мансуб бўлиб, тасаввуф ва тариқат сарчашмасидан истифода этганлари кундек равшан. Бирор марта тасаввуфни ёмонламаган, танқид қилмаган, ширк деб билмаган, салбий муносабатда бўлмагани ҳам ўз исботини топган.
 
Жумладан, ўзининг «Масъала ат-Табризийя» («Табризликлар масаласи») номли китобида фахр билан: «Менга Шайх Абдулқодир (Жийлоний)нинг муборак ҳирқалари кийдирилди. Мен ва у зотнинг ўртасида (силсилада) икки киши бордир», деганлар. Ўша икки киши – Муваффақуддин Ибн Қудома ва Ибн Абу Умар раҳимаҳумаллоҳ бўладилар.
 
Қолаверса, Ибн Таймия тасаввуф тўғрисида иккита китоб ҳам ёзганлар. Биринчиси «ат-Тасаввуф» («Сўфийлик»), иккинчиси эса «ас-Сулук» («Сўфийлик йўли») деб номланади. Аллома ҳар иккала китобда тасаввуфни ёмонламасдан балки унинг фойдали эканлигини бир қанча мисоллар билан кўрсатиб берганлар. 
 
Шунингдек, бошқа асарларида ҳам бунга алоҳида урғу қаратиб ўтганлар:
«Муҳаддислар, фақиҳлар ва сўфийларнинг жумҳури Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсага эргашадилар. Улардан келтирилган (улар битиб қолдирган) китоблар ва  асарлар илмдандир. Улар рисолатга ҳақиқий эргашувчилар бўлиб, унга ҳеч бир нарсада хилоф қилмайдилар» «Мажмуъ ал-Фатаво», 12-жилд, 36-бет.
 
«Тасаввуф ва маърифат аҳли бўлмиш Жунайд (Бағдодий)нинг сулукига эргашган солик дарҳақиқат ҳидоятга эргашибди ва у нажот топган ва бахтлидир!» «Мажмуъ ал-Фатаво», 14-жилд, 355-бет .
 
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳнинг тасаввуфга нисбатан ижобий фикр билдирганларига гувоҳ бўламиз.
 
Шундай экан, эй ҳидоят ва суннатга, маърифат ва камолотга ташна ёшлар, кўзингизни очинг, ҳақиқатга тик боқинг. Асоси йўқ гап-сўзларга ишонманг, ҳужжат келтиришда хатога йўл қўяётган шахсларнинг алдовига учманг. Сохта салафийларнинг макру ҳийласига алданиб, уларнинг тузоғига тушиб қолманг. Акс ҳолда пок эътиқоду шаффоф иймонингизга гард юқиб, гулдек умрингиз хазонга айланиши ҳеч гап эмас. 
 
Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла Холиқназаров

Лондон шаҳридаги “Сотбиз” аукцион уйи олтин билан ёзилган Эрон Қуръонини октябрь ойи охиригача Лондондаги йилнинг энг йирик бадиий аукционларидан бири сифатида сотишга тайёрланмоқда.

“Сотбиз Сотбиз” аукцион уйи очиқ кимошди савдосида ислом ва ҳинд цивилизациясига оид бир қанча асарларни сотувга қўяди.

Ким ошди савдосига қўйиладиган санъат асарлари орасида шиша ўрнига олмос ва зумраддан линзалар қўлланувчи қимматбаҳо тошли кўзойнак ва тилла билан ёзилган Қуръони карим китоби ҳам бор.

Шу йил 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган ким ошди савдода 17-асрнинг бир жуфт кўзойнаги миллионлаб доллар даромад келтириши кутилмоқда.

Шиша ўрнига олмос ва зумрад билан безатилган иккита марваридли кўзойнак дастлаб Ҳиндистон ярим оролида ҳукмронлик қилган мўғуллар империясининг қироллик оиласи аъзоларига тегишли бўлган, – деб таъкидланмоқда.

Аукцион уйининг ҳисоб-китобларига кўра, бу жуфт кўзойнакларнинг ҳар бири 1,5 миллион фунт стерлингдан 2,5 миллион фунт стерлинггача (2,1 миллион доллардан 3,5 миллион долларгача) бўлган нархларда сотилиши кутилмоқда.

Милодий XVI асрда Эронда тилла сув билан ёзилган Қуръон эса ушбу кимошди савдосида сотиладиган муҳим асарлардан биридир. Ушбу Қуръон ноёб Қуръон қўлёзмаларидан бири бўлиб, унда Қуръони Каримнинг бутун матни тилла билан ёзилган ва унинг 50 000 фунт стерлинггача сотилиши кутилмоқда.

Халқаро алоқалар бўлими ходими
И.Аҳмедов тайёрлади

— Қўшним ҳамма фойдаланадиган йўлни тўсиб, ўзининг уйи ҳудудига қўшиб олди. Атрофида 5-6 оила яшаймиз, ўтишимизга йўл йўқ. Бошқа бир қўшни ўз уйининг деворини йиқитиб, йўл очишга мажбур бўлди. Айтингчи, динимизда йўлни беркитганга гуноҳ ёзилади-ми?

— Ибн Умардан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким ноҳақ бирон ерни олиб олса, қиёмат куни етти қават ер остида қолдирилади” (Имом Бухорий ривояти).

Динимизда қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни беҳурмат қилмаслик нақадар зарур иш экани таъкидланади. Қўни-қўшниларга ёмон муносабатда бўлиш, уларга озор бериш ўқилган нафл намозлар, тутилган нафл рўзаларни ҳам ювиб кетиб, уларни фойдасиз ҳолга келтириб қўяди. Аксинча, қўшнилари билан тинч-тотув яшаган, уларга озор бермаган одам катта бахт-саодатга эришади ва аҳли жаннатдан бўлади.

Қўшниларнинг йўлини тўсиш ҳам уларга озор бериш ҳисобланади. Бундай ишлардан тийилиш, тавба қилиш, қўшнилардан узр сўраш лозимдир.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Бугун,  2021 йил 27 октябрь куни "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижодий уйи Бош муҳаррири Абдужалил Хўжамов ва Даврий нашрлар бўлими мудири Толибжон Низомов Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида Обуна 2021 жараёнида фаоллик кўрсатган имом-хатибларни тақдирлади.  Нашриёт томонидан ажратилган совғаларни ўз эгаларига топширди.  2022 йил учун обунани уюшқоқлик билан ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.

ЎМИ матбуот хизмати

 

Мақолалар

Top