muslim.uz

muslim.uz

Кеча, 27 октябрь куни Пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” масжидида “Шамсуддинхон Бобохонов” матбаа ижодий уйи жамоаси «Аёлларнинг маънавиятли ва маърифатли бўлишида “Мўминалар” журналининг аҳамияти» мавзусида тадбир ўтказди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходималари Марямхон Абдуллаева ва Мунирахон Абубакирова, шаҳар, вилоят отинойилари ҳамда журнал мухлислари ҳам қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққан нотиқлар журналнинг ташкил топиши, бугунги кундаги аҳамияти, тарғиботни янада кенгайтириш ҳақида сўзлаб бердилар.

Маърифий учрашув давомида "Шамсуддинхон Бобохонов" НМИУ томонидан Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва туманлардаги фаол отинойилар, журнал ривожига ўз ҳиссасини қўшган ходималар ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирланишди.

Табдир сўнгида Мавлуд ойи муносабати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловотлар айтилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Четверг, 28 Октябрь 2021 00:00

"Такфир" – хатарли маънавий таҳдид!

Бошқа мусулмон мамлакатлар қатори бизнинг мамлакатимизда ҳам ҳозирги пайтда ичимиздан тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган маънавий таҳдидлардан бири такфир ҳисобланади.

Усмон ибн Аффон (р.а.) ва Али ибн Абутолиб ( р.а.) каби зотларни ҳам куфрда айблаган хорижийлар каби ҳозирги кунда ўзларига қӯшилмаган ва эргашмаган мусулмонларни кофирга чиқараётган экстремистик ташкилотлар муқаддас динимиз аҳкомларини кўр-кўрона бузган ҳолда, мусулмонларнинг моли ва жонларини ӯзларига ҳалол санашмоқда. Бу билан мусулмонларни асоссиз "кофир" деб ҳукм чиқариб, ӯзларининг жамият ва давлатга қарши бӯлган фитналарини оқлашга уринишмоқда.

Мусулмон кишини кофирга чиқариш ӯта хатарли эканлигидан, динимиз бундан қайтарган. Бу иш мумкин эмаслиги ҳақида ҳадисда: " Расулуллоҳ (с.а.в.): "Бирор киши ӯз биродарига: " Эй кофир!",- деса, бу сӯз иккаласидан бирига тегишли бӯлади" , дедилар ( яъни, агар кофирликда айбловчи ҳақ бӯлса, айбланувчи кофирлигича қолади. Башарти ҳақ бӯлмаса, у ҳолда ӯзи кофир бӯлади) (Имом Бухорий ривояти).

Ҳанафий уламолардан Ибн Нужайм: "Агар кофир дейиш учун тӯқсон тӯққизта далил бӯлса- ю, кофир демаслик учун биргина далил бӯлса, тӯқсон тӯққизни қӯйиб, ӯша бир далилни олиш керак ",- дейдилар.

Пайғамбаримизнинг: "Бузуқ ва кофир бӯлмаган одамни бузуқ ва кофир деган одамнинг ӯзи кофир ва бузуқдир" , - деган ҳадисларидан огоҳ бӯлиб, сизу биз мусулмонлар, айниқса, ёшларимиздан ижтимоий тармоқлар орқали тинч ва осуда яшаб келаётган ва диний ибодатларни қилаётган, айниқса, диний уламоларимизни, имомларимизни кофирга чиқариб обрӯсизлантиришга уринаётган, тинч юртимизни барбод қилиб, нотинч қилиш каби гуноҳ ишларга чақираётган кимсалардан огоҳ ва эҳтиёт бӯлишлари талаб этилади.

Аллоҳ таоло юртимиз мусулмонларини, мусулмон уммати бирлигига раҳна солувчи маънавий таҳдид бӯлган "такфир "дан сақласин.

Абдуллахон Мирзаев,
Денов туман "Муҳаммадқул" жоме масжиди имом хатиби

Агар тўғри йўлдан юрсангиз, ҳеч ким сизга эътибор бермайди. Мабодо, йўлдан чиқиб, ўт-ўланларни босиб ёки гоҳ ўнгга, гоҳ чапга чайқалиб юра бошласангиз, одамларнинг диққатини торта бошлайсиз.

Демак, киши ўзининг баъзи ножўя хатти-ҳаракати билан ўзгаларнинг гап-сўзига сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳар ким ўз юриш-туришига эътиборли бўлиши кераклигига далолат қилади.

Энди мавзуга тўхталсак.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир» (Ҳужурот сураси, 12-оят). 

Ушбу ояти каримага кўра, ғийбат қилиш мутлақо ҳаром амалдир. Уни ҳалол санашга ҳеч қандай баҳона йўқ. Аммо инсонлар нега ғийбат қилаверишади? Бунга асосий сабаб, аввало, илм ёки тақвонинг йўқлиги бўлса, иккинчидан, ҳасад ва ўзаро гина-кудуратнинг мавжудлигидир.

Агар ғийбатлар энг кўп учрайдиган жойларга назар солсак, бу маҳалла-гузар, иш жойи ва ижтимоий тармоқлар бўлиб чиқади. Чунки ушбу жойлар инсонлар ҳамда манфаатлар кўп тўқнаш келадиган масканлар ҳисобланади.

Маҳалла. Кўча-кўйда баъзи инсонларнинг анъанавий ва диний қадриятларни ҳурмат қилмасликлари, масалан, аёл-қизларнинг ҳаддан зиёд бе ҳаё кийинишлари, “унаштирилган” деган баҳонада айрим йигит-қизларнинг (бир-бирига номаҳрам бўлатуриб) кўчада қўл ушлашиб юришлари ёки кимларнингдир спиртли ичимликларни ичиб, жанжал кўтаришлари ҳамда уятсиз қилиқларни қилишлари ўз-ўзидан маҳаллада ғийбатларнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Иш жойи ёки корхона. Баъзи раҳбарларнинг корхона даромади ва мукофот пулларини ноҳақлик билан ўзлаштириб олишлари ҳам қўл остидагиларнинг ғийбатига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг» (Бақара сураси, 188-оят). Бундай ҳолларда корхонанинг зулм кўрган оддий ходимлари “юракларини бўшатиб олиш” баҳонасида ғийбатга берилишади. Раҳбарлар эса, буни билишса ҳам, ўзларини ўнглаш ўрнига уларни ичи қоралик ва кўра олмасликда айблашади.

Ижтимоий тармоқлар. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ривожланиб, инсонларнинг ахборот алмашинуви осонлашгани, кўпгина қийинчиликлар бартараф бўлгани айни ҳақиқат. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор: ҳали ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини кўпчилик ўзлаштирмагани баъзи ножўя хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ҳақиқий ҳаётимизда ножоиз саналадиган ғийбат, жосуслик, бировнинг обрўсини тўкиш, уятсизлик, ҳақорат ижтимоий тармоқда ҳам ҳаром саналади. Аксарият одамлар кўз-кўзга тушиб турганда айта олмайдиган сўзларни ижтимоий тармоқ орқали бемалол айтиб юбораверишади.

Кўриб турибмизки, орқамиздан ғийбатларнинг урчишига фақатгина ичиқоралик ва ҳасадгўйлик эмас, балки ўзимизнинг баъзи ножўя хатти-ҳаракатларимиз ҳам сабаб бўлар экан. “Унвонул баён” китобида: “Кимнинг айби кўпайса, ғийбати узун бўлади”, дейилган. Баъзилар эса ғийбат қилинганда кишининг гуноҳи ғийбатчига ўтиши тўғрисидаги ҳадисни нотўғри талқин қилиб: “Орқамдан гапирса – гапираверсин, гуноҳларим тўкилади”, деб ўйлайди. Ваҳоланки, Исломда гуноҳдан бу йўл билан фориғ бўлинмайди. Мусулмон киши бундай гуноҳга сабаб бўладиган ҳолатларга ўзи тугул бошқаларнинг ҳам тушиб қолишига асло рози бўлмаслиги керак . Қуръони карим оятларида: «Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ этинг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз» (Ҳужурот сураси, 10-оят) ва «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир», дейилади (Моида сураси, 2-оят).

Аллоҳ таоло барчамизнинг зоҳиримизу ботинимизни ислоҳ қилсин!

Аъзамжон МУСАЕВ

“Ислом нури” газетасининг 14-сонидан

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши якунларига бағишланган матбуот анжуманида ислом молиясининг ҳуқуқий асослари қачон яратилиши ва тижорат банкларида ислом молияси дарчалари қачон иш бошлаши ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Бизда ислом молиясини ривожлантириш бўйича ишлар бошланган. 14 банкда ислом молияси дарчаларини ташкил этиш бўйича ишлар амалга ошириляпти. Яъни бунда ислом молияси асосида кредит, депозитлар амалга оширилади», — дея унинг сўзларини келтирган ЎзА.

Марказий банк раисининг таъкидлашича, ислом молиясининг маълум талаби бор.

«Айтайлик, мен сизга ислом тамойиллари асосида кредит беришим учун сизга ўша берадиган ресурсни ҳам ислом тамойиллари асосида жалб қилишим керак. Яъни мен фоизга депозит жалб қилиб, сизга ислом тамойиллари асосида кредит берсам, сиз олмаслигингиз керак. Чунки депозит жалб қилиш ҳам ислом тамойилига жавоб бермайди. Бу борада биз, энг аввало, ислом молияси бўйича саводхонликни ошириш бўйича маълум бир ишларни амалга оширишимиз керак.

Ислом молиясини кенг амалга оширишга молия кредит ташкилотларига қонун доирасида рухсат беряпмиз. Бунда, албатта, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар устида ишлаяпмиз. Яна бир нарсани таъкидлаш ўринли, ислом молиясини ривожлантириш учун фатво берадиган мусулмон идораси ҳам керак экан», — деган Мамаризо Нурмуродов.

Марказий банк раисининг билдиришича, бу битта қарор билан ҳал бўладиган нарса эмас, барча ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларини яратиб, бу нарсага эришиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев 2021 йилнинг бошларида Ўзбекистонда исломий молия концепциясини ўз ичига олган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилаётганини маълум қилганди. Бундай таклифни Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни парламентга қилган Мурожаатномасида айтиб ўтган. Давлат раҳбари Марказий банкка молия бозорида рақобатни кучайтириш, шунингдек, исломий молия механизмларини жорий этиш мақсадида ҳуқуқий асос яратиш учун 1 февралгача нобанк кредит ташкилотлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш топшириғини берган.

2021 йилнинг сентябрь ойи бошларида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистонда ислом банки ва молияси учун норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш бўйича Ислом тараққиёт банки билан грант битими имзоланганини, унинг натижасида Ўзбекистонда ислом молиялаштириш механизмларини жорий этиш имкони яратилишини маълум қилганди.

Ислом банки шариат тамойилларига мос келадиган молиявий фаолиятдир. Ислом банкининг асосий характеристикаси бу кредит миқдори ва муддатига қараб ҳисобланган фоизлар ёки ставкаларни олишни тақиқлаш ҳисобланади. Ушбу тақиқ мусулмонларнинг ижтимоий адолат ва тенглик тўғрисидаги қонунлари билан изоҳланади.

daryo.uz

 

ЎМИ матбуот хизмати

Мақолалар

Top