www.muslimuz

www.muslimuz

Мамлакатимиз олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш Давлат тест маркази сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори Адлия вазирлиги томонидан тайёрланиб, жамоатчилик муҳокамаси учун regulation.gov.uzда эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 7 июндаги 468-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги лойиҳага кўра, абитуриентлар ҳужжатларини Давлат хизматлари марказларида қабул қилиш тартиби бекор қилинади ва бу жараённи Давлат тест маркази сайти орқали амалга ошириш белгиланади.

Лойиҳага биноан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ўн кун муддатда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий этилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ўн кун муддатда ўзининг расмий веб-сайтида абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш имкониятини яратиши белгилаб қўйилган.
Қарор лойиҳаси бўйича олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш схемаси қуйидаги тартибда ишлайди:

Биринчи босқич. Абитуриент ўз хоҳишига кўра олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида рўйхатдан ўтади. Шундан сўнг сўровнома бўйича маълумотларни Давлат тест марказида шакллантириладиган абитуриентлар базасига махсус дастур орқали электрон равишда киритади. Давлат хизматлари кўрсатилгани учун тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлар томонидан тўлов тўланади;

Иккинчи босқич. Давлат тест маркази абитуриентлар базасига киритилган маълумотларни автоматик тарзда қабул қилади. Давлат тест маркази абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш муддати тўлиқ тугагандан сўнг тест синови ўтказиладиган кун, вақти ва жойи ҳақидаги маълумотларни расмий сайтига жойлаштиради ҳамда абитуриентлар базасига киритилган маълумотлар асосида тест синови ва танловни ўтказади;

Учинчи босқич. Абитуриент имтиҳон натижаларидан муваффақиятли ўтган тақдирда керакли ҳужжатларнинг асл нусхаларини тегишли олий таълим муассасаларига ўқув йилининг 2 сентябрь кунига қадар тақдим этади.

Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган 2 июнда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган қарор лойиҳаси 17 июнгача давом этади. Қуйидаги манзил орқали қарор лойиҳаси билан танишиб, муҳокамаларда қатнашишингиз мумкин:

https://regulation.gov.uz/uz/document/18412

Маълумот учун, коронавирус сабабли Ўзбекистонда 2020 йилда ОТМларга кириш имтиҳонлари фақат 2 та мутахассислик фанидан ўтказилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ақлий тарбиядан мақсад бола онгида шариат илмларини ҳам, замонавий илмларни ҳам шакллантиришдир. Шундагина у теран фикрли, ўткир фаҳмли бўлиб етишади. Имон-эътиқод сабоғи бола тарбиясида энг асосий ўринда туради. Имонли бола ҳаёли бўлади, бировга зулм қилмайди. Ҳаромдан, нопок нарсалардан тийилади. Меҳру оқибатли, сабрли бўлади.

Бу борада мураббийлар зиммасида бир қанча масъулиятли ишлар бор. Албатта, болаларимиз бирданига имонли бўлиб қолишмайди. Бунинг учун маълум даражада ақлий ривожланиш жараёнини босиб ўтишлари керак. Бу соҳадаги вазифаларни учта босқичда ўрганамиз:

– Мажбуруй таълим.

– Фикрни ривожлантириш.

– Соғлом ақл.

 

Мажбурий таълим масъулияти

Халқимизда бешикдан қабргача илм изла, деган пурмаъно нақл бор. Имон тарбияси таълим, савод билан ҳам боғлиқ. Маълумки, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нозил бўлган биринчи оятлар ҳам илм ҳақида эди. Унда шундай келади: «Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан. (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса Карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди» (Алақ, 1–5).

Илмга ундовчи оят-ҳадислар жуда кўпдир. Жумладан:

«Айтинг: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?» (Зумар, 9).

«Айтинг: Эй Раббим! Менга илмни зиёда эт!» (Тоҳо, 114).

«Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала, 11).

«Нун, Қалам ва (у билан) ёзадиган нарсалар (битиклар) билан қасам этаман...» (Қалам, 1).

Имом Муслим “Саҳиҳ” китобларида Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Илм истаб йўлга чиққан кишига  Аллоҳ жаннат йўлини осон қилиб қўяди”, дедилар.

Имом Термизий Абу Умомадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Олимнинг обиддан афзаллиги менинг энг оми одамдан афзаллигим кабидир. Аллоҳнинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто инидаги чумоли ҳам инсонларга яхшиликни таълим берувчи кишига салавот (яхши дуо ва истиғфор) айтиб туради”, дедилар.

Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Агар одам боласи вафот этадиган бўлса, унинг уч тур амалидан бошқа барча амаллари тўхтайди. Улар садақаи жория, фойдали илм ва унинг ҳақига дуо қилиб турадиган фарзанддир”.

Мусулмонлар Қуръони карим оятларига ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларига амал қилиб, рисолат асрида ва ундан кейин ҳам барча илмларни эгаллашга киришдилар. Барча фойдали илмларни эгаллашни фарз ва вожиб деб билдилар. Натижада, бутун олам улуғ олимлар қолдирган меросдан баҳраманд бўлиб келмоқда.

Бугунги Ғарб ва Шарқ тамаддуни юксак даражага кўтарилишида Ислом маданияти ва илмининг таъсири каттадир.

Буни ғарблик олимларнинг ўзлари ҳам қайта-қайта таъкидлашади: Шаристий Ислом илм-фани ҳақида бундай дейди: “Оврупа минг йиллардан бери исломий фанларга назар солиб келади. Улар жуда ҳам ажойибдир”. Шарқшунос Дузий дейди: “Оврупада ўқиш-ёзишни руҳонийларнинг юқори табақасигина билар эди. Ислом келгач, Андалуснинг бирор ерида саводсиз киши қолмади”.

Либн Бул ўзининг “Араб ва Испания” китобида Дузийнинг фикрини қўллаб-қувватлаб, бундай ёзади: “Испания (Андалус) илмда, маданиятда ва тараққиётда биринчиликни қўлга киритганида, Оврупа оми ва жаҳолатга тўла эди”. Берфулт ўзининг “Инсониятнинг ўсиши” номли китобида бундай эътироф этади: “Араб маданияти оламга тақдим қилган нарсаларининг энг каттаси – илм бўлди. Оврупанинг ҳар қандай ўсишида исломий маданиятнинг ҳиссаси бор”. Ҳ.Р. Жоб ўзининг “Исломдаги янги йўналишлар” китобида ёзади: “Ўйлайманки, мусулмон олимлари олға сурган нозик, батафсил мулоҳазалар илм-маърифатнинг юксалишига катта ёрдам берди”.

Ушбу иқрорномалардан Ислом дини олиб келган илм ва маърифатни мусулмон бўламаганлар ҳам тан олишгани яққол намоён бўлади.

Бу юксак илм ва маданиятнинг сири – Ислом шариатининг асосларида. Улар қуйидагилардир: Ислом руҳиятга ҳам, моддият ва жамиятга ҳам бирдек таъсир қилади. Ибодатларимизда, динимиз ҳукмларининг барчасида инсониятнинг гуллаб-яшнашига эътибор қаратилгани очиқ ва равшандир. Исломнинг шиори Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин» (Қасас, 77) ва «Бас, қачонки, намоз (жума намози) адо қилингач, ер юзи бўйлаб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз» (Жумъа, 10) деган ҳукмларидир.

Ислом дини инсониятнинг ирқи, тили, рангидан қатъи назар, уларни «Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот, 13) деган шиор билан яхшиликка чақиради.

Ислом бағрикенглик, тенглик динидир. Буни биз «Эй инсонлар! Дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво) дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик» (Ҳужурот, 13) оятидан ҳам билсак бўлади.

Ислом юксак низом, ўзининг ҳукм ва асослари билан барча замон ва маконга мослаша оладиган, қотиб қолмайдиган, бардавом диндир. Унинг боқийлиги ва шарафи оламлар Рабби нозил қилган дин эканидадир. У охиратгача инсониятга гуллаб-яшнаш ва хатолардан, фожиалардан сақланиш йўлларини тақдим этади. Мўмин киши: «Чиндан ишонувчан кишилар учун Аллоҳдан кўра ким ҳукмда чиройлироқ экан» (Моида, 50) оятига амал қилади.

Исломнинг боқий дин экани ҳақида инглиз файласуфи Бернард Шоу бундай дейди: “Ҳақиқатан, ниҳоятда кенг қамровлилик жиҳатидан Муҳаммад (алайҳиссалом) олиб келган дин буюк диндир. Ҳаётнинг барча босқичларини ўзлаштириш мумкин бўлган ягона диндир. Муҳаммадни (алайҳиссалом) баралла “инсоният халоскори” деса бўлади. Агар унингдек одам ҳозир бўлганида, албатта, барча мушкулотлар ечимига йўл топа олган бўларди”.

Доктор Изгу Инсобато айтади: “Ислом шариати Оврупа қонунчилиги баҳсларида юқори чўққиларга кўтарила олди. Бинобарин, оламга энг мустаҳкам қонунларни тақдим этди”.

Ислом аввалданоқ илмни диний ва дунёвийга ажратмасдан, бепул мажбурий таълим тизимини йўлга қўйди. Исломда таълим олиш мажбурий эканига қуйидаги ҳадиси шарифлар далилдир:

Ибн Можа Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”. Бу ҳадисдаги “мусулмон” лафзи умумий бўлиб, аёл ҳам, эркак ҳам тушунилади.

Имом Табароний “Кабир” китобида Алқамадан, у отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни хутба қилдилар. Қабилалар аҳлига яхши насиҳатлар билан дедилар: “Қавмларга нима бўлди, қўшниларига ўргатмайдилар, уларга таълим бермайдилар, ваъз қилмайдилар, яхшиликка буюрмайдилар ва ёмонликдан ҳам қайтармайдилар? Яна баъзи қавмларга нима бўлган, қўшниларидан ўрганмайдилар, таълим олмайдилар, ваъзларни қабул қилмайдилар? Аллоҳга қасам, қавмлар қўшниларига таълим берсин, уларга ўргатсин, ваъз қилиб, яхшиликка буюрсин ва ёмонликдан қайтарсин. Қўшни қавм ҳам бошқаларидан таълим олсин, улардан ўргансин, ваъз-насиҳат эшитсин. Йўқса, Аллоҳ тезда бало юборади”.

Ибн Можа Абу Саъид Худрийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким динда инсонларга манфаати тегадиган илмни яширса, Аллоҳ уни қиёмат куни оловли юган билан юганлайди”, дедилар.

Илм Исломда муслиму муслимага фарз, (имкон бўлатуриб) илм олмаганга, илм ўргатмаганга Яратганнинг азоби тайин. Буларнинг бари Исломда илмга кучли тарғиб борлигидан даракдир. Илм иккига: фарзи айн ва фарзи кифояга бўлинади. Илм мусулмон кишининг руҳий, ақлий, жисмоний ва ахлоқий камол топишига алоқадорлиги учун ҳам фарзи айндир. Бунга эркак ҳам, аёл ҳам, мусулмон умматининг барча аъзоси амал қилиши керак. Қуръон тиловати, ибодат амаллари, ҳалол ва ҳаром масалалари, тақво – буларнинг барчаси фарзи айндир. Зироат, санъат, тижорат, тиббиёт, фалакиёт, ҳандаса, муҳандислик ва бошқа соҳалар илмини билиш фарзи кифоядир. Жамиятда бир киши бир илм ёки касб билан шуғулланса, ўша илм бошқалардан соқит бўлади. Агарда ҳеч ким шуғулланмай қўйса, унда Ислом уммати гуноҳкор бўлиб қолади.

Болаларга эсини таний бошлаганиданоқ уларни ўраб турган атроф-муҳит ҳақида маълумот бериш баробарида Қуръони карим тиловати ва Расулуллоҳ (алайҳиссалом) сийратларини, фарз ва суннатларни ўргатиш билан таълим бериш бошланади. Бу фикримизга Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Болаларингизга уч хислатни ўргатинглар, Пайғамбарингизни яхши кўришни, унинг аҳли байтини яхши кўришни ва Қуръон тиловатини. Чунки Қуръон ҳофизлари Аллоҳнинг соясидан бошқа соя йўқ бўлган кунда У зотнинг сояси остидадирлар” (Табароний ривояти), деган сўзлари асос бўлади.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) волийларга қуйидагиларни ёзиб жўнатдилар. “Болаларингизга сузишни, чавандозликни ўргатинглар ва уларга мақоллар ва чиройли шеърларни айтиб беринглар!”

Утба ибн Абу Суфён ҳам ўғли Абдусомаднинг устозига: “Боламга Аллоҳнинг Китобидан таълим бер, шеърлардан энг яхшисини, сўзларнинг энг шарафлисини ўргат”, деб буюрди.

Имом Шофиъий айтадилар: “Ким Қуръонни ўрганса, обрўси баланд бўлади. Ким фиқҳга эътибор берса, қадри билинади. Ким ҳадис ёдласа, яъни ўрганса, ҳужжати кучаяди. Ким тил ўрганишга эътибор қаратса, табиати юмшайди. Ким ҳисобни ўрганса, фикри тиниқлашади”.

Ибн Сино “Сиёсат” китобида болалар тарбиясига оид қимматли фикрларни билдирган. Жумладан, бола таълимга ақлан ва жисман тайёр бўлганида таълим беришни Қуръони каримдан бошлашни насиҳат қилган. Бола ўша вақтда алифбони ўқишни, ёзишни ва диннинг асосий қоидаларини ўрганади, сўнгра шеър ёдлайди.

Имом Ғаззолий “Иҳёу улумиддин” китобида қуйидагиларни васият қилади: “(Таълим) Қуръони каримни, ҳадисларни, тақводор кишилар ва уларнинг ҳолатлари ҳақидаги ҳикояларни ўргатишдан бошланади. Кейинроқ баъзи диний ҳукмлар ва ишққа тарғиб қилмайдиган шеърлардан ўргатилади”.

Зеро, Ибн Қутайбанинг “Уюнул ахбор” китобида қуйидагича келади: «Сақиф қабиласидан бўлган бир киши Валид ибн Абдулмалик ҳузурига кирди. Валид ундан сўради: “Қуръон ўқийсанми?” У киши: “Йўқ, эй мўминлар амири! Мени ишлар ва қизларим банд қилган”, деб жавоб берди. Валид: “Фиқҳни биласанми?” деб сўроқ қилди. Аъробий: “Йўқ”, деди. Валид: “Бирор бир шеър ўқиб берасанми?” деб сўради. Аъробий: “Йўқ”, деди. Шунда Валид ундан юз бурди. Шу пайт ўтирганлардан бири (Абдуллоҳ ибн Муовия) “Эй мўминлар амири, ана у-чи”, деб ҳалиги кишига ишора қилди. Валид эса: “Жим! Биз билан бирга ҳеч ким йўқ”, деб айтди».

Ислом белгилаган қоидалардан яна бири – таълимни гўдак эсини таний бошлаганидаёқ бошлашдир. Бу пайтда боланинг зеҳни соф, хотираси кучли, янги маълумотларни ўрганишга қизиқувчан бўлади. Бунга Байҳақий ва Табароний “Авсат” китобида ривоят қилган ҳадис далолат. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  айтдилар: “Ёшликдаги илм тошдаги нақш кабидир”. Таълим-тарбия борасида шу каби кўплаб ҳадислар собит бўлган.

 

Аёлларнинг илм ўрганишдаги насибаси қандай?

Уламолар ва фақиҳлар фарзи айн илмларда аёллар ҳам эркаклар каби эканига ижмо қилишган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ким у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо, 124),

“Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб, 35).

Аёлларнинг ҳам таълим олиши фарзи айнлигига қуйидаги саҳиҳ ҳадислар далил бўлади. Имом Термизий, Абу Довуд (лафзи Абу Довудники) ривоят қиладилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Кимнинг уч қизи ёки учта, ё олтита, ё иккита опа-синглиси бўлса ва уларга одоб бериб, уларга яхшилик қилса ва уларни турмушга берса, унга жаннат бордир”. Бошқа бир ривоятда: “Қайси эркакнинг чўриси бўлса, у унга таълим бериб, таълимини чиройли қилса ва унга одоб бериб, одобини чиройли қилса, сўнгра уни озод қилиб, ўша аёлга уйланса, у кишига икки ажр бордир”, дейилади.

Бу ҳақда Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг саҳиҳ тўпламларида ҳам ҳадислар келган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ у зотга ўргатган нарсаларни аёлларга ҳам ўргатиш мақсадида алоҳида кунни хослаб қўйганлар. Бир куни бир аёл келиб: “Ё Расулуллоҳ! Эркаклар сизнинг олдингизга келиб, сўзингизни олиб кетадилар. Биз учун ҳам бирор кун белгиланг, биз ҳузурингизга келиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсаларни ўрганамиз”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фалон ва фалон куни жамланинглар”, деб айтдилар. Улар йиғилдилар, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келиб, уларга таълим бердилар.

Балозирийнинг “Футуҳул булдон” китобида бундай келади: мўминлар онаси Ҳафса бинти Умар (розияллоҳу анҳо) жоҳилиятда Шифо исмли бир аёлдан ёзишни ўрганган эдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳафса онамизга уйланганларидан кейин Шифони топиб, Ҳафса онамизга қандай ўргатган бўлса, бошқаларга ҳам худди шундай чиройли ёзишни ўргатишини талаб қиладилар.

Юқоридаги ояту ҳадислардан хулоса чиқарсак, Ислом дини аёл кишини илмли, маърифатли бўлишга буюради. Тарихдан маълум, аёллар ҳам Ислом раҳнамолигида илм ва маданиятнинг энг юқори даражасига кўтарилганлар. Аёллардан машҳур табиблар етишиб чиққан. Мисол учун, турли кўз касалликларини аниқлаб, даъвосини топган Зайнаб ва Қози Абу Жаъфар Тоф­жолийнинг қизи Уммул Ҳусно араб дунёсининг машҳур табибларидан ҳисобланган. Яна Карима Утрузия, Саййида Нафийса бинту Муҳаммад каби аёл муҳаддислар ҳам бўлган.

Юқори илмий даражага эришган бу хонимлар қаторида Имом Шофиъий, Имом Бухорий, Ибн Халдун ва Ибн Ҳиббон каби машҳур муҳаддислар, фақиҳлар, уламолар ва адибларнинг муаллималари ҳам бўлишган. Шариат аёл кишининг дини ва дунёсига фойда берадиган таълимни ўрганишга изн берар экан, уларни эркаклардан ажралган ҳолда бошқа-бошқа ўқитишни таъкидлайди.

 

Ақлан соғлом қилиб тарбиялаш масъулияти

Аллоҳ таоло барча ота-оналар ва мураббийлар зиммасига ўзининг улуғ неъмати бўлган фарзандларни ақлан соғлом қилиб тарбиялаш масъулиятини юклаган. Агар улар зиммаларидаги бу масъулиятга бепарволик қилсалар ва фарзандлари тарбиясида хатога йўл қўйсалар, Аллоҳ таоло буюк кун – охират кунида ҳисоб-китоб қилади.

Болаларни бугунги кунда инсониятни хавотирга солаётган террорчилик ҳаракатлари ва дин ниқобидаги турли бузғунчи оқимлар, сионистлар, миссионерлар таъсиридан асраш керак. Бунинг учун ота-оналар, болалар тарбияси билан шуғулланадиган масъул кишилар ўша оқим ва ҳаракатларнинг туб мағиз, мақсад ва моҳиятини билишлари зарур. Бунда уларга газета ва журнал материаллари, телекўрсатувлар, интернет хабарлари ёрдам бериши мумкин. Энг катта дастур Аллоҳнинг каломи Қуръони карим ва Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларидир. Аллоҳга шукр, юртимиз мустақил бўлгач, Қуръони каримнинг маъно таржималари, тафсирлар, ҳадис китоблари ва уларга шарҳлар босилиб чиқди. Лекин адашиб эгри йўлга кириб қолаётган, бошқа динларга ўтиб кетаётган ёшларимиз йўқ эмас. Бу ҳол бизни жиддий ташвишга солиши ва уни бартараф қилиш йўлларини излашимиз керак.

Аллоҳ таоло: «Парвардигоро, дарҳақиқат, бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйинсундик, бас, улар бизларни (тўғри) йўлдан оздирдилар. Парвардигоро, уларга азобни икки ҳисса қилиб бергин ва уларни катта лаънат билан лаънатлагин!» (Аҳзоб, 67–68) деб марҳамат қилади.

Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло барча бошлиқлардан қўл остидагилари ҳақида, уларни ҳифзу ҳимоя қилганми ёки зое қилганми, сўрагувчидир”, дея огоҳлантирадилар.

Буларни ҳис қилар эканмиз, ё Аллоҳ, биз, бандаларингни Ўзингга ва расулингга итоатгўйлардан, ҳисоб-китоб кунида ҳузурингда юзлари ёруғ бўлгувчилардан қилгин, дегимиз келади. Ҳа, азизлар, бола тарбияси ана шундай муҳим ижтимоий, ҳаётий масаладир.

Ота-оналар ва мураббийлар фарзандларимиздаги тортинчоқлик, қўрқоқлик, ўзини сабабсиз айбдор ҳис қилиш, ҳасад, ғазаб каби кўринишларга ҳам эътибор қаратишлари муҳимдир.

Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан қуйида ушбу ҳолатларни билганимизча қисқа-қисқа баён қилиб, шариатимизда келган ечимларни ўрганамиз.

 

Тортинчоқлик

Бу ҳолат барча болаларнинг табиатида бор. У бола тўрт ойлигидаёқ сезила бошлайди. Бир ёшга тўлганида аниқ-равшан бўлади: нотаниш одамни кўрса, юзини буради, кўзларини юмиб, қўллари билан яширинишга уринади.

Боланинг тортинчоқ, ўта уятчан бўлишида ирсиятнинг ҳам ўрни бор. Шунингдек, уни ўраб турган муҳитнинг таъсирини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Кўпчилик орасида ўсган бола билан якка-ёлғиз ўсган бола ўртасида катта фарқ бўлади. Ёлғиз болалар одамови, тортинчоқ бўлиб қолмасликлари учун кўпчиликка қўшиш керак. Тенгдошлари билан тез-тез ўйнаши ёки болани кўпроқ қариндош-уруғлар зиёратига олиб бориш ҳам яхши натижалар беради.

Бу борада ҳам ибратли ривоятлар кўп. Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қиладилар: Ибн Умар балоғат ёшига етмаган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) атрофидаги саҳобаларга: “Бир дарахт бор, унинг барглари тўкилмайди, у ҳудди мусулмон кишига ўхшайди. Менга айтингларчи, у қайси дарахт?” деб мурожаат қилдилар. Саҳобалар бу чўлларда ўсадиган дарахтлардан бири бўлса керак, деб ўйлашди. Абдуллоҳ айтади, мен эса, бу хурмо дарахти бўлса керак, деб ўйладим, бироқ айтишдан ҳаё қилдим. Сўнг саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, ўзингиз айтиб беринг, у қайси дарахт?” дейишди. У зот: “Бу хурмо дарахти”, дедилар. Бошқа ривоятда эса, Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Абу Бакр ва Умарнинг гапирмаганларини кўриб, гапиришни ўзимга эп кўрмадим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари айтиб бергач, ўйлаган нарсамни отамга айтдим. Отам эса: ўшанда айтишинг мен учун қизил туядан ҳам афзал эди”, деди».

Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) Имом Бухорий ривоят қилади. Ибн Аббос балоғат ёшига етмаган эди. У зот айтади: «Умар (розияллоҳу анҳу) мени ўзлари билан Бадр қатнашчилари олдига олиб кирар эдилар. Уларнинг баъзилари: “Бизнинг ҳам шу тенги болаларимиз бор-ку, нима учун бу болакайни олиб кираркин,” деган маънодаги норозиликлари сезилиб турарди. Шунда Умар: “Бу боланинг кимлигини биласизларми, деди, яъни, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг ҳақига: “Уни динда фақиҳ қилгин ва унга таъвилни ўргатгин”, деб қилган дуоларига ишора этди. Сўнг яна: Аллоҳ таолонинг “Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида...” сўзлари (Наср, 1) ҳақида нима дейсизлар? деб сўради. Баъзилари: “Аллоҳ таоло бизга нусрат бериб, фатҳни насиб этганида Унга ҳамд айтиш ва Ундан истиғфор сўрашга буюряпти”, дейишди. Бошқа баъзилари эса сукут қилишни афзал кўришди. Умар (розияллоҳу анҳу) менга: “Сен ҳам шундай дейсанми, эй Ибн Аббос”, дедилар. Мен эса: “Йўқ”, дедим. У зот: “Унда нима дейсан?” дедилар. Мен: “Бу Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ажаллари (аломати) бўлиб, Аллоҳ таоло уни у зотга билдирди”, дедим. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Иза жааа насруллоҳи вал фатҳ...” – бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ажалларининг аломатидир. Бу ҳақда мен ҳам бошқа нарса билмайман”, деди».  

Бир кун мўминлар амири Умар (розияллоҳу анҳу) Мадинаи мунввара кўчаларидан бирида кетаётган эдилар. Ўша кўчада ўйнаётган болалар орасида вояга етмаган Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳам бор эди. Болалар Умарнинг (розияллоҳу анҳу) ҳайбатидан қўрқиб, қочиб кетишди. Абдуллоҳ эса жим турди. Умар (розияллоҳу анҳу) унинг олдига келгач: “Нима учун болалар билан қочиб кетмадинг?” дедилар. У ҳозиржавоблик билан: “Жиноят қилибманми, сиздан қочсам. Шунингдек, йўл берай десам, йўл ҳам кенг-ку”, деб жавоб қайтарди.

Умар ибн Абдулазиз (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳайит куни ўғлининг устида эски, йиртиқ кийимни кўриб, кўзлари жиққа ёшга тўлди. Ўғли отасининг йиғлаётганини кўриб: “Эй мўминлар амири, сизни нима йиғлатди?” деди. У зот: “Эй болагинам, болалар сени ушбу кийимда кўрганида қалбинг ўксимасмикан, деб қўрқаман”, деди. Ўғил эса: “Эй мўминлар амири, Аллоҳ таоло ҳалок қилган ёки ота-онасига оқ бўлган кимсанинг қалбигина ўксийди, мен эса сизнинг розилигингиз туфайли Аллоҳ таоло рози бўлишидан умидворман”, деди.

Умар ибн Абдулазиз халифа бўлганларидан кейин олдиларига қутлаш учун элчилар кела бошлашди. Ҳижозлик элчилар орасидан ҳали ўн бир ёшга ҳам тўлмаган бир йигитча сўзга чиқди. Умар унга қараб: “Сен ортга қайтгин, сендан кўра каттароғи чиқсин”, деди. Йигит эса: “Аллоҳ таоло амирул мўмининни қўлласин, инсон икки кичик нарсаси – қалби ва тили билан инсондир. Агар Аллоҳ таоло бир инсонга сўзлагувчи тил, ёдлагувчи қалб бериб қўйган бўлса, гапиришга ҳақли бўлади. Эй амирул мўминин, агар иш ёшда бўлганида, уммат ичида ўтирган жойингизга сиздан кўра ҳақлироқ бошқа одам топилган бўлар эди”, деб жавоб берди. Умар унинг гапидан ҳайратланиб, қуйидаги мисраларни айтди:

Билгин, инсон олим бўлиб туғилмас,

Илмли эса жоҳил каби бўлмас.

Қавмнинг илмсиз кексаси ёшдир,

Гарчи ҳамма атрофида жам бўлса ҳам.

Китобларда нақл қилинишича, халифа Маъмуннинг олдида бир ёш бола чиройли гапириб, саволларига гўзал жавоб берди. Шунда Маъмун унга: “Сен кимнинг боласисан?” деди. Бола: “Одобнинг боласиман, эй мўминлар амири”, деди. Маъмун унга қараб: “Қандай ҳам гўзал насаб”, деб қуйидаги мисраларни ўқиди:

Кимнинг боласи бўлсанг ҳам ўргангин одобни,

Одобнинг мақтови насабдан беҳожат қилади сени.

Мана шу менман, деган йигит ҳақиқий йигитдир,

Отам фалончи бўлган, деган йигит йигит эмасдир.

Бир куни Маъмун девонхонага кириб, қулоғига қалам қистириб олган ёш болакайни кўрди ва ундан “Сен кимсан?” деб сўради. У “Мен сизнинг давлатингизда ўсган боламан, қилган меҳрибонликларингиздан фойдаланганман, сизга хизмат қилишдан умидворман, Ҳасан ибн Ражоман”, деди. Бундай гўзал жавобдан ҳайратланган Маъмун “Ақллар оддий нарсаларга синчковлиги билан бир-биридан фарқланади, оддийгина сўз бу болани мартабаларга кўтарибди”, деган маънодаги мисрани ўқийди.

Ҳишом ибн Абдулмалик даврларида саҳроларга қаҳатчилик етди. Барча араблар унинг олдига йиғилиб келишди. Бироқ ҳеч ким у билан гаплашишга журъат қилолмас эди. Уларнинг орасида ўн олти ёшли Дарвос ибн Ҳубайб исмли ёш йигит бор эди. Ҳишомнинг кўзи унга тушиб қолди. Шунинг учун дарвозабонига: “Менинг олдимга ким киришни истаса, кирсин, ҳатто ёш болалар ҳам кираверсин”, деди.  Бола унинг олдига кириб: “Эй мўминлар амири, бизнинг бошимизга уч йил мусибат келди. Биринчи йил ёғларни эритди, иккинчи йил гўштларни еди, учинчи йил иликларни қуритди. Сизларнинг қўлингизда ортиқча моллар бор. Агар у моллар Аллоҳ таолоники бўлса, бандаларига тарқатиб беринг, агар моллар бандаларники бўлса, йигитча ҳам бандаларнинг бири. Агар моллар сизларники бўлса, Аллоҳ таолонинг бандаларига садақа қилиб юборинг. Чунки Аллоҳ таоло садақа қилувчиларни мукофотлайди ва эҳсонли кимсаларнинг ажрларини зое қилмайди”, деди.  

Шунда Ҳишом: “Бу бола учта ҳақ борасида бизга бирор нарса қолдирмади”, деди ва саҳройиларга юз минг дирҳам тарқатишни буюрди. Унинг бор-йўқ мол-давлати ҳам мана шу эди. Бола: “Буни арабларнинг улушига қараб тарқатинг, уларнинг эҳтиёжларини қондиролмай қоласизми деб қўрқаман”, деди. Ҳишом эса: “Эй болакай, сенинг ҳам ҳожатинг борми?” деб сўради. Йигит: “Мусулмонлар оммасидан ортиқча ҳожатим йўқ”, деди ва қавмнинг мўътабари, ҳурматлиси бўлиб чиқиб кетди. 

Юқоридагилардан кўринади – солиҳ салафларнинг фарзандлари ноўрин уялиш, тортиниш ва хижолатпазлик иллатидан ҳоли тарбия топишган. Бунинг сабаби салафларнинг журъатли бўлганлари, болалари ҳам оталари билан умумий мажлисларга, дўсту биродарларининг, улуғларнинг зиёратларига борганларидадир.

Бу каби ишлар фарзандларда журъат ва фасоҳатни уйғотади, онг ва тафаккурни ўстиради, камолот даражаларига кўтаради, фикрий етукликка эриштиради. Демак, ҳозир мураббийлар, айниқса, ота-оналар тарбиянинг ушбу мезонларини ҳам қатъий, мустаҳкам тутишлари, унга доимо амал қилишлари, фарзандларини ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмасликлари лозим. Шундагина ёшлар руҳида эркинлик, журъат, қатъият ва адолатпарварлик туйғулари улғаяди. Акс ҳолда, боланинг журъатсизлиги одобсизликка, тортинчоқлиги эса  азиятга айланиб кетиши мумкин.  

Бунинг учун, аввало, ҳаё билан ҳижолатчиликни бир-биридан аниқ ажратиб олишимиз керак. Чунки булар бир-биридан айри тушунчалардир.

Ҳижолат бўлиш, юқорида айтилганидек, боланинг тортинчоқлиги, ўз фикрлари билан ўралашиб, уни бировларга айтишга журъатсизлиги, ўзига ишончсизлигидир. Бу сифат одатда болани ҳақ гапни ўрнида айтишдан тўсади.

Ҳаё эса исломий фазилат ва одоблардан бўлиб, ҳаёли бола доим ўз ўрнини билади, катталарни ҳурмат қилади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Қўрқув;

Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) меҳрибонлик ва мулойимлик борасидаги васиятларидан;

Камбағаллик.

Бутун дунёга коронавирус пандемияси тарқалиб, инсонлар ҳаётига катта хавф туғдирди. Юртимизда ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар, халқимизнинг чуқур тушуниши ва ўзига хос сабр-тоқати билан бу офат жиловланиб, оммавий ёйилиб кетишининг олди олиняпти. Муҳтарам Президентимиз томонларидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида қисқа фурсатларда даволаш муассасалари қурилиб, карантин зоналари ташкил этилгани бунда муҳим омил бўлди.

Жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда олижаноблик намунасини кўрсатган, меҳр-оқибат, саховат ва олиҳимматлик фазилатларини улуғлаб келаётган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларга катта ҳисса қўшган, ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб, эзгу ишлари билан кўпчиликка ўрнак бўлаётган қадрли ва табаррук уламоларимиз, муҳтарам ва ҳурматли имом-домлаларимиз, азиз ва қимматли мударрисларимиз, муштипар ва мунис отинойиларимиз, масжид-мадрасаларимиз бебаҳо ва меҳнаткаш ходимлари ҳамда севимли ва суюкли талабаларимизнинг хизматларини АЛОҲИДА ЭЪТИРОФ этиш керак.

Бундай инсонларимиз пандемия даврида ва турли табиий офатлар туфайли элу юртимиз бошига тушган синовларнинг оқибатларини бартараф этишда ҳақиқий жонбозлик кўрсатганлари улкан таҳсинларга ва беқиёс ташаккурларга лойиқдир!

Натижада, матонатли халқимиз коронавирус пандемияси, бошимизга тушган турли синовлар ва табиий офатлар шароитида “Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”, деган ояти каримага амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, янада аҳил ва бирдам бўлиб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибатлиликнинг юксак намунасини бутун дунёга кўрсатдилар.

Диний соҳада меҳнат қилаётган фазилатли инсонларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, хайрия маблағларини тўғри йўналтириш, қийин аҳволга тушган аҳолига кўмак бериш, оғир шароитдаги одамларни сабр-тоқатга чақириш, уларнинг кўнглини кўтаришдаги фидойиликлари ҳар қандай мақтовга лойиқдир! Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир”,  – деб хушхабар берган.

 Ушбу касаллик ва табиий офат оқибатларини бартараф этиш йўлида диний соҳа ходимлари иштирокида жонлиқлар сўйилиб, нажот сўраш намозлари адо этилгани, хатми Қуръонлар, дуою тазаррулар, истиғфорлару салавоти шарифлар айтилгани энг улуғвор ишлардан бўлганини алоҳида эътироф этишимиз – ҳам қарзимиз, ҳам фарзимиздир!

Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони каримда инсонларни синовли кунларда сабр ва қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, – деб марҳамат қилади. Чиндан ҳам, ҳар қандай ташвиш ортида енгиллик борлигини коронавирус касаллигидан соғайиб чиқаётган, табиий офатлар туфайли уй-жойидан айрилган, лекин давлатимиз ва эл-юртимизнинг ёрдами ила ўз ҳаётини янгитдан йўлга қўйиб олаётган минглаб ватандошларимиз қалбдан ҳис этмоқдалар.

Шубҳасиз, ҳар қандай машаққатни меҳнат ва матонат, сабру чидам билан мардона енгиб ўтишда диний соҳа ходимларининг панду насиҳатлари, ибратли ўгитлари ва эзгу ташаббуслари жуда ҳам катта таъсир кўрсатди.

Муҳтарам Юртбошимиз пандемияга қарши курашда фаоллик  кўрсатганларга ташаккур билдириб, кенг жамоатчилик вакиллари қаторида қадри баланд имом-хатибларни ҳам алоҳида (!) эсга олганлари диний соҳа ходимлари меҳнатларига берилган юқори баҳодир.

Халқимиз томонидан мана шундай улуғвор ишлар учун жуда кўп миннатдорликлар келиб тушмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали ҳам мамлакатимиз фуқаролари томонларидан АЛОҲИДА РАҲМАТНОМАЛАР ҳанузгача изҳор қилинмоқда. Айниқса, мана шундай самимий мактубларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, хусусан муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва у кишининг биринчи ўринбосарлари Ҳомиджон қори Ишматбековга алоҳида дил сўзлари битилган.

Ўз навбатида биз ҳам мана шундай улуғвор ишларда бошчилик қилган – Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамшетдин домла Бауатдинов, Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов, Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов, Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмон домла Жабборов, Навоий вилоят бош имом-хатиби Тоир домла Рўзиев, Наманган  вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай домла Турсунов, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибулла домла Зокиров, Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар домла Cайфиддинов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Турматов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров, Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдулло домла Абдуллаев, Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев ва Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмановларга ЧУҚУР МИННАТДОРЛИК БИЛДИРАМИЗ!

Шунингдек, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар домла Халилов, Тошкент шаҳридаги “Ал-Бадр” жоме масжиди имом-хатиби Одил домла Холмуродов, “Пул емас ота” масжиди имоми Музаффар домла Аъзамов, “Яккасарой” масжиди имом ноиби Дилмурод домла Раҳимов, “Баланд” масжиди имом ноиби Маъруф домла Норқулов, “Муҳаммад Умар ўғли Зокир” масжиди имом ноиби Қаҳрамон домла Хўрозов, Фарғона вилояти “Оқ дўппи эшон” масжиди имом-хатиби Муҳаммадамин домла Абдуҳамидов, Сурхондарё вилояти “Абу Ҳанифа” масжиди имом-хатиби Дилмурод домла Давлатов, Қашқадарё вилояти “Султон Мирҳайдарбобо” зиёратгоҳи раҳбари Улуғбек домла Амиров, “Ҳазрати Мирижанда” масжиди имом-хатиби Анвар домла Ганжиев, Хоразм вилояти “Хўжабобо” масжиди имом-хатиби Эргаш домла Отажоновга ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали юртимиз фуқаролари томонларидан АЛОҲИДА ТАШАККУРНОМАЛАР изҳор қилинган.

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида: “Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик изҳор қила олмаган одам Худога ҳам шукр қилаолмайди”, – деб марҳамат қилганлар. Доно халқимиз эса: “Яхшига қилсанг яхшилик – ҳам айтади, ҳам кайтади. Ёмонга қилсанг яхшилик – на айтади, на қайтади”, деб бежиздан бежиз айтмаган.

Аллоҳ таолодан мана шундай қадрли ва табаррук уламоларимиз, муҳтарам ва ҳурматли имом-домлаларимиз, азиз ва қимматли мударрисларимиз, муштипар ва мунис отинойиларимиз, масжид-мадрасаларимиз бебаҳо ва меҳнаткаш ходимлари ҳамда севимли ва суюкли талабаларимизга сиҳат-саломатлик, шоду ҳуррамлик ва икки дунё саодатини сўраймиз!

Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, муборак динимиз ривожи ҳамда доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган фидокорона меҳнатларингизда улкан муваффақиятлар ато этишини Меҳрибон Парвардигоримиздан илтижо қилиб қоламиз!

Эл-юртимиз равнақи ва дини Ислом маърифати йўлида кунни тунга, тунни кунга улаб, ўзининг бор куч-қудрати ва ақл-заковатини аямасдан, сидқидилдан, фидойиларча, холисона ҳамда улкан меҳр ила хизмат қилиб келаётган СИЗЛАРДЕК мўътабар инсонларни тарбиялаб, вояга етказган ОТА-ОНАЛАРИНГИЗГА МИНГ РАҲМАТ !!!  Барча ота-оналарга ҳам Парвардигори олам ана шундай фарзанд тарбиялаб, камолга етказишни насиб айласин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Вторник, 02 Июнь 2020 00:00

Нурул изоҳ: ЖАНОЗА

 

ЖАНОЗА

Ўлим тўшагидаги бемор хусусида

  1. Мухтазорни (ўлим тўшагидаги беморни) ўнг ёнига ёнбошлатиб, қиблага қаратиб қўйиш суннат бўлади.
  2. Юзи қиблага қарайдиган ҳолда бошини кўтариб, осмонга қаратиб ётқизиш ҳам жоиз.
  3. Калимаи шаҳодатни, айтишга зўрламай, мажбурламай, овоз чиқариб, қайтариб туриш суннатдир.
  4. Ўлим тўшагидаги беморнинг ёнида қариндошлари ва қўшнилари бўлишлари мустаҳабдир.
  5. Беморнинг ёнидагалардан бири беморнинг бошида ўтириб Ёсин сурасини ўқийди. Баъзи олимлар Раъд сурасини ўқишни хуш кўрганлар. Қуръон ўқилганида ҳайз ва нифосли аёллар ва жунуб эркаклар беморнинг олдида туриши ёки чиқариб юборилишида ихтилоф бор. Чиқариб юборилади деганлар, юқорида айтилган ҳолатдаги кишилар бор жойга фаришталар кирмаслигини; чиқарилмасин деганлар эса беморнинг қариндоши, қўшниси бўлгани учун бу кишиларнинг туриши мустаҳаблигини ва уларнинг Қуръон эшитишларига ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини айтадилар.

 

Беморнинг жони узилгач қилинадигап ишлар

  1. Беморнинг жони чиққанидан сўнг, жағи боғланади, кўзлари юмилади, ечинтириб, юпқа нарса билан ўралади, ётоғидан олиб, салқин жойга ўтказилади.
  2. Кўзларини юмган киши ушбу дуони ўқийди: «Бисмиллаҳи ва аъла миллати росулиллаҳи». Маъноси: «Аллоҳим, Сенинг номинг билан ва Пайғамбиримизнинг шариати остида бу ўликнинг кўзларини юмаман. Аллоҳим, унинг ишини, нариги дунёдаги ҳолини осонлаштир, уни ҳузурингга боришидан мамнун ва масъуд қил. Келган оламини, кетган оламидан хайрлироқ айла».
  3. Кейин жасад шишиб кетмаслиги учун қорни устига темир бўлаги қўйилади.
  4. Қўллари ёнига чўзилтириб қўйилади. Қўлларини кўксига қўйиш жоиз эмас (бу аҳли китоб: яҳудий ва насороларнинг амалидир).
  5. Ювилгунга қадар ўликнинг ёнида Қуръон ўқиш танзиҳан макруҳдир.
  6. Ўлим воқеасини халққа эшиттиришнинг зарари йўқ, жамоатнинг кўп бўлиши учун мустаҳабдир.

 

Жасадни ювиб, дафн этишга тайёрлаш

  1. Киши ўлганидан сўнг, шошиб уни кўмиш тадориги кўрилади.
  2. Киши ўлиши билан хушбўйликлар тоқ сонда сепилган махсус тахтага қулай ҳолда ётқизилади.
  3. Кейин аврати беркитилиб, кийимлари ечилади.
  4. Намозни билмайдиган кичик болалардан бошқа барча ўлганлар оғиз-бурунлари ювилмай, таҳорат қилдирилади.
  5. Кейин совун билан қайнатилган илиқ сув, бу ҳам бўлмаса, иситилган сув мурданинг устига тўкилади.
  6. Майитнинг аввал бош ва юзи уч марта ювилади. Сўнг жасадни чап ёни билан ёнбошлатиб, ўнг ёни уч марта ювилади. Қуйилган сув тананинг тахтага тегиб турган жойига етказилади.
  7. Шундан кейин ўнг ёнбошига ёнбошлатиб, чап ёни уч марта ювилади.
  8. Кейин ғассол (ювгучи) майитни суяб, ўзига суянтириб ўтқазиб, аста қорнини масҳ қилади. Мабодо шу аснода ахлат чиқса, уни ювиб ташлайди. Қайта ювинтирмайди.
  9. Кейин сочиқ ёки мато билан артиб қуритилади ва кафанланади.
  10. Бош ва соқолга бир неча хил моддадан тайёрланган хонут атири ва сажда аъзоларига (пешона, бурун, қўл оёқлар) кофур атири сурилади, (хонут бўлмаса, мушки анбар ишлатиш мумкин).
  11. Жасад ювилаётганида (оғиз, бурун каби тешик ўринларга) сув кирмасин деб пахта тиқилмайди.
  12. Тирноқ ва сочлар олинмайди.
  13. Соч-соқоллар таралмайди.
  14. Аёл эрини ювиши мумкин, фақат эр хотинини юволмайди. Чунки аёл бошқа эрга тегишдан олдин, ҳомила бўлса, туғишни кутиши ёки идда, яъни 4 ою 10 кун кутиши керак. Бунга кўра, ўлган эр ҳам номаҳрам эмас. Бироқ эрда бундай ҳолат йўқ, у бемалол уйланиши мумкин, яъни марҳума аёлга бегона эркак ҳукмига ўтган.
  15. Хожасидан боласи бор жория ҳам хожасини ювмайди.
  16. Эркаклар орасида ўлган аёлни бу эркаклардан бири қўлига латта ўраб (ғусл ўрнига) таяммум қилдиради.
  17. Аёллар ичида ўлган эркакни бу аёллардан бири қўлига латта ўраб таяммум вдалдиради.
  18. Бундай ҳолларда ўликнинг маҳрам яқинларидан бирор киши бўлса, қўлига латта ўрамай таяммум қилдиради.
  19. Хунасага, эркаклик ва аёллик аъзолари бор кимса ҳам (хоҳ эркаклар, хоҳ аёллар орасида ўлсин) ривоятга кўра (ғусл эмас), таяммум қилдирилади.
  20. Гўдак қизни эркак, гўдак болани аёл ювиши мумкин (чунки балоғатдан олдин одоб ўринлари аврат ҳисобланмайди).

 

Жасадни кўмиш тадорига кимнинг зиммасида?

  1. Аёлнинг (ювилиши, кафанланиши, кўмилиш харажатлари) камбағал бўлса ҳам, эрнинг бўйнидадир.
  2. Мулки бўлмаган ўликнинг кафани нафақаси бўйнига вожиб бўлган (соғлигида қарашга мажбур ота, ўғил каби) қариндошларига лозимдир.
  3. Тириклигида ҳеч кими бўлмаган майитнинг кўмилиши байтулмол (тегишли шаҳар, қишлоқ идораси) зиммасида бўлади.
  4. Байтулмолнинг маблағи бўлмаса ёки ноҳақлик қилиб бермаса, бу масъулият халқ орасидаги бойларнинг зиммасига тушади.

 

Шариатга мос кафан

  1. Эркакларнинг суннат кафани қамис, изор ва лифофадир.
  2. 2. Эркакларнинг кифоя кафани изор ва лифофадир. Кафаннинг оқ пахтадан қилинган матодан бўлиши афзалдир. Изор ва лифофанинг узунлиги бошдан оёққачадир. Қамис кўйлак бўйиндан оёқ учларигача бўлиб, чўнтак ва енглари бўлмайди, ён қўйилмайди, икки чети бирлаштирилиб тикилмайди, ёқаси пастга томон очилмайди.
  3. Кафан майитнинг аввал чап, сўнг ўнг томонидан ўралади. Очилиб кетиши эҳтимоли бўлса, боғланади.
  4. Аёл кишини кўмишда мазкур кафанларга яна химор (юзини ёпадиган латта) хирқа (кўкракдан тиззагача кенгликда ўраладиган латта) қўшилади. Аёлларнинг кифоя кафани изор, лифофа ва хирқадир.
  5. Аёлнинг сочлари икки ўрам шаклида ўрилиб, қамис (кўйлак) устидан кўксига қўйилади. Кейин химор билан юз ёпилади, сўнг изор, лифофа ўралиб, кейин хирқа ўралади. Кафанлар ўралмасдан олдин, тоқ сонда хўшбўй қилинади.
  6. Яна «кафани зарурат» ҳам бор, яъни нима топилса майит шунга ўралади.

 

Жаноза намозининг ҳукми ва рукнлари

Жаноза намози фарзи кифоядир (майит атрофидаги халқдан бир қисми ўқиши билан бошқалардан фарз соқит бўлади). Рукнлари такбирлар ва қиёмдир.

 

Шартлари

Жаноза намозининг бошқа намозлардан фарқли олтита шарти бор:

  1. Майитнинг мусулмон бўлиши.
  2. Майитнинг (ва у қўйилган жойнинг) тоза бўлиши (майит жамоат олдига қўйилганида худди имом кабидир, ҳам ўзи, ҳам ўрни тоза бўлиши керак).
  3. Майитнинг жамоат олдида бўлиши.
  4. Жасаднинг бус-бутун ҳолда ёки кўп қисми ёки боши билан танасининг ярми мавжуд бўлиши.
  5. Жаноза ўқувчининг, агар узри бўлмаса, ўтирган ва (бирор уловга) минган бўлмаслиги.
  6. Жанозанинг ерга қўйилиши. Майитни қўлда кўтариб ёки улов устида турган ҳолида жаноза ўқилиши, ер жуда ифлос бўлмаса, жоиз эмас.

Изоҳ: Жаноза намозини бошлашдан олдин имом агар майит эркак бўлса, «Эркак киши ниятига», аёл бўлса, «Хотин киши ниятига», бола бўлса, «Ўғил бола ниятига» ёки қиз бўлса, «Қиз бола ниятига» деб баланд овоз билан айтиб қўйиши, муаззин орқа сафга етказиши лозим.

 

Жаноза намозининг суннатлари

Жаноза намозида тўртта суннат бор:

  1. Майит аёл ёки эркаклигидан қатъи назар, имомнинг кўкрагининг тўғрисида туриши.
  2. Илк такбирдан сўнг сано ўқиш.
  3. Иккинчи такбирдан кейин салавот (намоздаги «Ташаҳҳуддан кейинги салавотлар) ўқилиши.
  4. Учинчи такбирдан кейин маййит ҳаққига дуо қилиш.

(Жаноза намозида майит ҳаққига дуо

Майит учун белгиланган дуо йўқдир. Бироқ ушбу дуони ўқиш яхшидир.

Аллоҳуммағфирли ҳаййина ва маййитина ва шаҳидина ва ғоибина ва соғийрина ва кабийрина ва закарина ва унсана. Аллоҳумма ман аҳйайтаҳу минна фааҳйиҳи ъалал Ислам. Ва ман таваффайту минна фатаваффаҳу ъалал ийман.

Маъноси: «Эй Раббим! Тиригимизни ва ўлигимизни, бу ерда бўлганларни ва бўлмаганларни, кичикларимизни ва катталаримизни, эркак ва аёлларимизни кечиргин. Аллоҳим, биздан туғилажак янги наслларни Ислом динида дунёга келтир. Ажали етиб ҳаётдан кўз юмадиганларнинг жонларини имонли ҳолларида олгин».)

  1. Тўртинчи такбирдан кейин дуо қилмай, салом берилади.
  2. Биринчи такбирдан бошқа такбирларда қўллар кўтарилмайди.
  3. Имом (янглишиб), беш такбир айтса, жамоат иқтидо қилмай, салом беришни кутади.
  4. (Балоғатга етмаган) болалар ва жиннилар учун гуноҳлари кечирилишини сўраб жаноза дуоси йўқ, чунки улар бегуноҳдирлар).
  5. Кичкина болалар учун: «Аллоҳуммажъалҳу лана фаратан важъалҳу лана ажрон ва зуҳрон важъалҳу лана шафиъам мушаффао» деб дуо қилинади.

Маъноси: "Аллоҳим! Бу ўлган гўдакни биз учун ҳозирланган ажр қил. Уни бизга савоб, охиратимиз учун боқий яхшилик эт ва уни бизга шафоати қабул бўлган шафоат қилувчилардан айла".

 

Жаноза намозини ўқишга энг лойиқ бўлган киши

  1. Давлат бошлиғи.
  2. Унинг вакили.
  3. Қози (шаръий ҳакам).
  4. Маҳалла имоми ва кейин майитнинг волийи.
  5. Жаноза имомлигига лойиқ киши бошқа кишини имомликка ўтказиши мумкин.
  6. Жанозада имомлик қилишга ҳаққи бўлмаган имомликка ўтса, волий қайтадан жаноза ўқиши мумкин.
  7. Бироқ у имомликка лойиқ бўлган кишига иқтидо қилиб ўқиган бўлса, қайта ўқимайди. Волий жанозани ўқигач ундан сўнг ҳақдорлар қайта ўқимайди.
  8. Имомликка лойиқ киши майит тириклигида жанозамни ўқисин, деб васият қилган кишидан устунроқдир.
  9. Жаноза ўқилмасдан кўмилган майит ҳали ёрилиб кетмаган бўлса, ювилмаган бўлса ҳам, қабр устида жанозаси ўқилади.

 

Бир неча марҳумнинг жанозасини бир қилиб ўқиш

  1. Бир неча майит тўпланиб қолса, жанозалари алоҳида-алоҳида ўқилиши яхшироқдир. Қайси бири аввал келган бўлса, шуниси биринчи ўқилади.
  2. Тенг келиб қолса, олдин энг фазилатли кишининг жанозаси ўқилади. Қолганларнинг жанозаси ҳам фазилатига кўра, навбат билан ўқилади.
  3. Имом бир неча майитнинг жанозасини бирданига ўқимоқчи бўлса, ҳар бир майитнинг кўкси имомнинг рўпарасига тўғрилаб қўйилган ҳолда саф қилинади. Кейин жанозалари ўқилади.

Бу хусусда ҳам тартибга риоя қилинади: имомга яқин жойга эркак, кейин ўғил бола, сўнгра хунаса, кейин аёл майит қўйилади ва жаноза ўқилади.

Агар бир неча майит (бирор зарурат юзасидан) бир қабрга кўмиладиган бўлса, жанозада қўйилган тартибнинг аксича қўйилади. Қибла томонга эркаклар, ўғил болалар кейин аёллар қўйилади.

Изоҳ: Бу ўринда фазилат (устунлик) даражаси мусулмонларнинг майит ҳақидаги фикрига кўра аниқланади. Кишининг қандай одамлигини фақатгина Яратувчи Аллоҳ яхши билади, аммо таваллудидан то вафотига қадар ҳар турли исломий ва ижтимоий муносабатларда унинг зоҳирий фаолиятига кўра ҳукм қилинади. Агар ҳукмларида янглишсалар, бу ҳолат кечиримлидир.

 

Жаноза ўқилаётганида имомга эргашиш

Жаноза намози бошланганидан кейин, кеч қолган киши ният қилиб, имомнинг кейинги такбирини кутади. Иккинчи такбир айтилганида иқтидо қилади. Имом салом бергач, тобут олинмай туриб, фақат қолдирган такбирларини айтади. Агар у имом такбири таҳрима айтганида ҳозир бўлиб, ундан сал кечикиб қолган бўлса, иккинчи такбирни кутмасдан дарров имомга эргашади. Жанозанинг охирги тўртинчи такбиридан кейин, саломдан аввал келган киши жанозага етишолмаган ҳисобланади.

 

Жаноза намозини қаерда ўқиш жоиз

Жаноза намозини тобутни масжиднинг ичига қўйиб, тобут масжид сиртида бўлса-да, жамоатнинг бир қисми мacжид ичида бўлган ҳолда ўқиш мақруҳдир.

Изоҳ: Баъзи олимларга кўра, тобут (жаноза) жамоатнинг бир қисми билан масжид ташқарисида ва жамоатнинг бир қисми масжид ичида бўлиб ўқилган жаноза макруҳ эмас.

 

Гўдакларга (кичкина болалар) жаноза ўқиш

  1. Туғилаётганида ўлган гўдакнинг йиғлаш, қимирлаш каби соғлигини билдирадиган нишоналари кўрилган бўлса, исм қўйилиб, ювиб, жанозаси ўқилади.
  2. Бироқ (қимирлаш, қичқириш каби) ҳаёт нишонаси кўринмаса, (гўдак) ювилиб, исм қўйилиб, матога ўраб кўмилади, жаноза ўқилмайди.
  3. Мусулмон бўлмаган ота-онанинг бири билан бирга асир олиниб, ўлган боланинг ҳолати ҳам шундай. Бироқ ота-онасидан бири ёки боланинг ўзи мусулмон бўлса, ёхуд (ота-онасиз, ёлғиз ўзи) асир олинса (ўлганида), жанозаси ўқилади.

Изоҳ: Негаки ота-онаси ёнида бўлмай, боланинг ўзи мусулмонларга асир тушса, ота-онанинг таъсири (уларнинг диний эътиқоди) остида қолмай, Ислом жамиятида катта бўлиб, эҳтимол, мусулмон бўлар эди. Шу сабабли кичиклигида ўлса ҳам, катта бўлганида мусулмон бўлиши эҳтимоли билан мусулмон боласи ҳукмида жанозаси ўқилади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Ота-она қотили ва ўзига-ўзи суиқасд қилган киши;

Тобутни олиб бориш ва майитни кўмиш;

Майитни дафн қилиш;

Денгизда ўлган киши;

Майитни кўчириш;

Қабрни очишнинг ҳукми;

Қабр зиёрати;

Шаҳиднинг ҳукми;

Кимларни шаҳид дейиш мумкин?

Такрорлаш учун саволлар.

Шу йил 31 май куни Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси “Чашма” ҳудудида икки давлат аҳолиси ўртасида келишмовчилик юз берди. Шундан сўнг муҳтарам Президентимиз топшириғи билан Бош вазир Абдулла Арипов воқеа жойига тезкорлик билан етиб борди. Бош вазир у ерда Қирғизистон ҳукумати вакиллари, маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилиб, мавжуд масала бартараф этилди.

Аллоҳга шукрки, ушбу муаммоли вазият тезкорлик билан ўз вақтида бартараф этилди. Аслида, қадим-қадимдан бир дарёдан сув ичиб, бир ҳаводан нафас олган икки халқнинг илдизи туташдир. Икки мамлакат раҳбарларининг минтақамиз бирлиги йўлида олиб бораётган амалий саъй-ҳаракатлари мақсадларимизни бирлаштиришга хизмат қилмоқда.

Ушбу нохуш воқеа бўйича ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилиб, рўй берган ҳодиса билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди ва муҳим чоралар амалга оширилди.

Маълумки, ўзбек-қирғиз халқлари қадимдан яхши қўшни бўлиб, бир булоқдан сув ичган оға-инилардир. Яхши қўшничилик инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли-қудратли қилишга хизмат қилади. Исломда қўшничилик алоқасига алоҳида эътибор берилган. Қўшнига яхшилик қилиш ҳақида қўплаб тавсиялар келган. Абу Шурайҳ Хузоъийдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Қўшнига яхшилик қилиш Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган кишининг сифати, белгиси, аломати экан. Ким Аллоҳга иймон келтирган бўлса, қиёмат кунидан умидвор бўлса, қўшнисига яхшилик қилиши лозим экан.

Аллоҳ таоло Қуръони карим: «Аллоҳга ибодат қилинглар, унга ҳеч нарсани шерик қилманглар, ота-онага яхшилик қилинг ва қариндошларга, мискинларга, шунингдек, етимларга ва яқин қўшнига, ёнингиздаги қўшнига, ён қўшнига яхшилик қилинг», деб марҳамат қилган.

Қўшничиликка оид оятларнинг зикр қилиниши бу муносабатнинг ниҳоятда жиддийлигидан далолат беради ва бу маъно қуйидаги ҳадиси шариф билан мустаҳкамланади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаброил (алайҳиссалом) менга қўшни ҳақида шунчалик кўп васият қил­ди, қўшни қўшнисидан мерос олармикан, деб ўйлаб қолдим”, деган­лар (Имом Бухорий ривояти).

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида “Чашма” булоғини тозалаш чоғида келиб чиққан низодаги ҳолатлар айрим ёмон ниятли кишиларга қўл келиши мумкин. Шу боис турли фитналарга берилмаслик, гап-сўзларга учмаслик ва оғир-босиқ бўлиш керак.

Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан яқин қўшни сифатида тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келган. Халқларимиз тарихи, маданий ва диний қадриятлари муштарак, анъана ва урф-одатлари ўхшаш.

Узоқ йиллик тарих давомида халқларимиз ҳамжиҳатликни ҳамиша қўллаб-қуватлаб келган.  Турли давлатлар бошига тушаётган муаммолар бугун нақадар ёмон оқибатларга олиб келаётгани, бундай вазиятда оқиллик ва вазминлик билан иш тутиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу сабабли, энди қўшқанот бўлиб, биргаликда иш юритишимиз, барча муаммоларни очиқ муҳокама қилган ҳолда ҳал этишимиз ҳар қачонгидан ҳам зарурдир.

Қуръони каримда: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз”, марҳамат қилинади (Ҳужурот, 10).

Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом: «Икки инсоннинг орасини ислоҳ қилишнинг ажр-у савоби ниҳоятда катта», деб марҳамат қилганлар. Қўшнилар ўзаро келишмай қолган вақтда инсонларнинг орасини ислоҳ қилиш Исломда жуда ҳам катта савоб ишдир.

Халқимизда: “Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кўтарилади”, деган нақл бор. Шундай экан бугунги синовли кунларда бир-биримизга елкадош бўлиб, арзимас сабабларни четга суриб, оғримизни енгилатиш ва машаққатда кўмакчи бўлишга ошиқайлик. Мана шу чин мўминлик сифатидир.

Ўз навбатида айтиш зарурки, мана шундай мураккаб вазиятларни барчамиз вазминлик ва донишмандлик билан енгиб ўтишимиз, ҳамжиҳат бўлишимизни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бундай воқеа-ҳодисаларга пешвоз чиқишда эҳтиросларга берилмасдан, донишмандларча вазмин ва оғир-босиқ бўлишимиз лозим. Мўмин киши бундай ҳолатда қалб ва ақл амри билан иш тутади. Ҳиссиёт ва фитнага солмоқчи бўлганларга имкон бермайди. Ҳадиси шарифда айтилганидек, “Мўмин киши оқил, зийрак ва ҳушёр бўлади”.

Аллоҳ таоло халқларимизни турли фитна, низо ва ҳийлалардан ҳифзи ҳимоясида сақласин, дин ва қон қариндош биродарлар ўртасидаги аҳллигимизни янада зиёда қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 
 

Мақолалар

Top