muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 21 Ноябрь 2022 00:00

Фатво беришга ким ҳақли?

Таъкидлаш жоизки, диний таълимот ўта нозик ва ҳассос бўлгани туфайли диний қадриятлар ва туйғуларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш лозим. Уларга нисбатан кўр-кўрона муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шунингдек, Ўзбекистон фуқароси, ким бўлишидан қатъи назар, Конституция ва қонунларга риоя этиши, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадриятларини ҳурмат қилишга мажбурдир.
Ижтимоий тармоқларда айрим диний илмдан узоқ бўлган шахсларнинг шаръий масалаларда ўзбошимчалик билан сўз юритиб, одамларнинг фикрларини чалғитаётганлари кишиларни қаттиқ ранжитмоқда, мўмин-мусулмонларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Афсуски, бу ишга қўл ураётганлар, қилаётган ишларининг оқибатини ўйлаётганлари йўқ. Улар мен ҳамма нарсани биламан деб ўйлайди-ю, аммо ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам залолат ботқоғига тортаётганларини билмайди. Диний илмсиз одамнинг шариатга оид мавзуда ҳақни айтяпман дейиши ҳудди туғма кўрнинг: «Карвонга ўзим йўл кўрсатаман!» – дейишига ўхшайди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан ҳукм олиш, шаръий масалаларда фатво бериш учун мужтаҳид ёки уламо мақомига етиш шарт. Айниқса, ҳадиси шариф маъноларининг таржимасини ўқиб, илмсиз равишда ундан ҳукм чиқариб, «Сен шу ҳадисда айтилаётган кишисан» деб жар солишга ҳеч кимнинг мутлақо ҳаққи йўқ!
Илмсиз равишда фатво берувчиларни осмонлару ер фаришталари лаънатлаши, қолаверса, фатвога журъатлилар дўзахга журъатлилар экани ҳадисда очиқ айтилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Фатвога журъатлироғингиз, дўзахга журъатлироғингиздир», дея қатъий огоҳлантирганлар (Имом Доримий ривояти).Ҳалил ибн Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳи илм борасида инсонлар ҳақида шундай дейдилар: «Улар тўрт тоифа бўладилар: «Бир киши билади ва у ўзи билишини ҳам билади. У киши олим бўлиб ундан илм олинглар. Бир киши билади ва у ўзи билишини билмайди. У эсдан чиқарувчи бўлиб, унга эслатинглар. Бир киши билмайди ва у билмаслигини билади. У толиби илм бўлиб, унга таълим беринглар. Бир киши билмайди ва у билмаслигини ҳам билмайди. У аҳмоқ бўлиб, ундан қочинглар».
Шу ўринда Ўзбекистон мусулмонлари идораси республикамиздаги расмий фаолият олиб бораётган Ислом дини йўналишидаги ташкилотларнинг марказий бошқарув идораси ҳисобланишини таъкидлаш жоиздир. Идора ўз ваколати асосида шариатга оид масалалар юзасидан барча шаклдаги мурожаатларга халқимиз учун анъанавий бўлган ҳанафийлик мазҳаби асосида фатво ва хулосалар бериб келмоқда.
Айтиш жоизки, ислом таълимотида ҳадиси шарифни тўғри англаш ва ҳукм олиш учун қуйидагилар шарт қилинган:
Араб тилини яхши билиш.
Ҳадисларни Қуръон таълимотлари асосида англаш.
Бир мавзудаги ҳадисларни жамлаб солиштириб кўриш.
Ҳадиснинг айтилиш сабаби ва мақсадларини яхши тушуниш.
Ҳадиснинг собит мақсади ва унга етиш воситаларини ажратиш.
Ҳадисни тушуниш учун мажоз билан ҳақиқатни ажрата билиш.
Ғойибдаги ва ҳозирдаги нарсаларни ажрата билиш ва бошқалар.
Ислом шариати ўзгарувчан тизим эмас. Шариат дунёдаги барча соҳаларга диннинг ҳукмини, чегарасини ва ўлчовини билдиради. Бошқа соҳа вакиллари шариатни ўз қаричлари билан ўлчаб, талқин қилишларига асло изн берилмайди!
Яна бир муҳим жиҳатни эслатиб ўтиш ўринли. Қонун устувор бўлган давлатда ҳар бир фуқародан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини суиистеъмол қилмаслик талаб этилади. Ҳар бир шахс ўзининг диний нуқтаи назари ва динга муносабати билан боғлиқ хатти-ҳаракатларини Ўзбекистон Республикасининг диний фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилганидан ўзгача ҳолатда амалга ошириши ноқонуний диний фаолият ҳисобланади.
Айниқса, халқимизнинг тўқсон фоиздан ортиғини мусулмонлар ташкил этишини ҳисобга олсак, Ислом динига оид масалаларга янада жиддий ёндашиш лозимлиги аён бўлади.

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,

Тўрақўрғон туман

“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби

Суфиев Жаъфархон

 
Понедельник, 21 Ноябрь 2022 00:00

Устозсиз илм ўрганиш (видео)

Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ

Шу йил 20 ноябрь куни Ислом олами робитаси Бош котиби таклифига биноан ушбу нуфузли ташкилотнинг Макка шаҳридаги қароргоҳига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташриф буюрдилар.

Бош котиб маслаҳатчиси Абдулазиз Сарҳан жаноблари билан Муфтий ҳазратлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот аввалида Муфтий ҳазратлари мамлакатимизда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар ҳақида сўзлаб бердилар. 

Муфтий ҳазратлари икки мамлакат ўртасидаги алоқалар тараққий этаётгани, шу йил 17-18 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд таклифига биноан Саудия Арабистонига ташрифи ҳамкорлик алоқалари ривожланишига хизмат қилаётганини алоҳида қайд этдилар.

Мана шундай ҳамкорликнинг узвий давоми сифатида давлатимиз раҳбари топшириғи билан Мадина шаҳрида жойлашган Набий алайҳиссалом ҳаётларига оид Ислом цивилизацияси музейининг тажрибасини ўрганиш ва айни кунларда бунёд этилаётган Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида ҳудди шу каби буюк муҳаддис ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей барпо этиш ишларида унумли фойдаланишни Муфтий ҳазратлари билдирдилар.

Абдулазиз Сарҳан жаноблари Ўзбекистон Ислом илмлари равнақ топган табаррук замин экани, Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломалар бу диёрни бутун оламга машҳур қилгани, барча мўмин-мусулмонлар бу улуғ зот билан ифтихор қилишини изҳор этди. Бош котиб маслаҳатчиси жорий йилда Ўзбекистон заминига ташриф буюргани мамлакатдаги бунёдкорлик ишлари, ўзгаришларни кўриб ҳайратда экани ва кўрсатилган меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик изҳор этди.

Мадина шаҳридаги “Пайғамбаримиз алайҳиссалом сийратлари ва ислом цивилизацияси музейи” ҳақиқатан юқори технологиялар асосида барпо этилгани Имом Бухорий бутун мусулмон дунёсига беқиёс хизмат қилгани эътиборидан Саудия томонидан ҳам мазкур музей ишига ҳисса қўшишга тайёрлигини Абдулазиз Сарҳан изҳор этди. Ислом олами робитаси раҳбарияти ушбу мажмуанинг очилиш маросимида иштирок этишдан мамнун бўлишини билдирди.

Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида Фатво маркази ташкил этилгани, ўзаро ҳамкорлик қилиш, хусусан, мутахассислар касб-маҳоратини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда долзарб мавзуларда замонавий фатволар ишлаб чиқиш каби муҳим масалаларда ҳамкорлик қилиш мумкинлигини маълум қилдилар.

Бош котиб маслаҳатчиси Абдулазиз Сарҳан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларини Ислом олами робитасига аъзо қилиш саъй-ҳаракатлари бошлангани ва тадрижий ишлар амалга оширилгандан сўнг қўшимча хабар қилишини маълум қилди. 

Маълумот ўрнида, Ислом олами робитаси – дунёнинг турли мамлакатларининг йирик мусулмон уламоларини бирлаштирган ҳалқаро ислом ташкилотидир. У 1962 йилда ташкил этилган, қароргоҳи Макка шаҳрида. Унинг Олий органи – Таъсис кенгаши бўлиб, унга 60 нафар диний арбоб киради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Маҳалламизда Ғойиб ота деган рамзий мақбара бор. Айтишларича, бу ерга шундай исмли одам кўмилмаган, фақат бир киши шу ерда юрганида ғойиб бўлиб қолган экан, шундан рамзий қабр қилинган. Ҳозирда мақбарага одамлар келиб, зиёрат қилишади. Шундай қилиш жоизми? Аслида бу ерда ҳеч кимнинг қабри йўқ-ку?

— Жоиз бўлмайди. Динимизда қабрларни ибрат ва тарбия мақсадида ҳамда ўтган марҳумларнинг ҳаққига дуо қилиш учун зиёрат қилишга тарғиб қилинган. Асли номаълум бўлган ёки ҳеч қандай илмий ёки тарихий асоси бўлмаган, баъзи кишилар томонидан турли номлар билан атаб қўйилган жойлар зиёрат қилинмайди.

 

Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов

Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган чуқур маъноли сўзлари нақадар ҳақиқат эканини бугун, ҳар қачонгидан ҳам яхши англаймиз.

Тарбия масалаларига эътиборсиз қаралган вазиятда юзага келадиган кўнгилсизликлар ҳам, у келтириб чиқарадиган зарарли оқибатлар ҳам барчамизга аён. Аммо бугун кишиларимизга ана шу ҳакикатни айтсангиз сизга: “Нима қилай, ишламасанг бўлмаса!”, “Кўряпсиз-ку, осонмас, ҳаёт ташвишлари, болаларнинг еб-ичишию, кийим кечаги ...”, “Ҳа энди ўзи омон бўлса, тарбияси бир гап бўлар...”.

Йўқ, тарбия “бир гап бўладиган” нарса эмас! Унинг учун жон куйдириш шарт. Мол дунё кийим кечакка ҳирс қўйиш дардидан фориғ бўлиб, тарбия билан шуғулланиш керак.

Гўё кўпчиликнинг фарзанд тарбияси билан банд бўлишга ортиқча вақти йўқ эмиш. Ваҳоланки, тарбия масалалари билан ортиқча вақтда эмас, ҳар дақиқада шуғулланиш даркор. Олимлар бир суткада фарзанд тарбияси учун фақатгина ўн икки дақиқагина вақт ажратадиган ота-оналар бор эканини аниқлаганлар. Бу дақиқалар ҳам асосан дастурхон атрофида ўтирганда, бола кўчага чиқаётганда, мактабга кетаётгандан бериладиган кичик танбеҳларга сарф бўлар экан, холос.

Буюк ватандошимиз Имом Ғаззолий бундай дейди: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг са­вобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.

 Азиз ота оналар, бу борада олиб бораётган ишларингизга бир назар ташлаб кўринг-а?! Сиз буни қай даража уддалаяпсиз, фарзандингизга, унинг тарбиясига қанча вақт ажратяпсиз?

Зеро, бугун илм-фан ва таълим изчил ривожланиб бораётган бир даврда ҳеч шак-шубҳасиз тарбия таълимнинг асосида туриши шартдир. Шундай экан, илм-фан таълим-тарбия асосида олиб борилиши мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, ҳар бир педагог, муаллим ва устознинг таълим беришдан мақсади –келажаги порлоқ, Ватан ва эл-юрт хизматида турадиган ҳалол кадрларни тарбиялаш бўлсагина, бундай таълим-тарбия ўз самарасини бермай қолмайди. Яъни, бугунги куннинг ўқитувчи ва муаллими ўзи таълим бераётган шахсга фидойилик билан таълим бериши, қолаверса жонкуяр тарбиячи бўлиши шарт. Айни дамда тарбия соҳасида ўқитувчи ва муаллимлар ўқувчи ёшларга шахсан намуна бўлишлари ҳам муҳимдир!

Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси”. Шундай экан, таълим ва тарбия ишини уйғун ҳолда олиб бориш талаб этилади.

Шуни унутмаслигимиз керакки, юрт келажаги, ватанимиз тараққиёти ва халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимиз ва ёшларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқдир. Шу сабабли ҳар бир ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида аввало шахсни кўриши зарур. Ана шу оддий талабдан келиб чиққан ҳолда, ўниб-ўсиб келаётган ёшларни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, онгли яшайдиган комил инсонлар этиб вояга етказиш – таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим, деб қабул қилишимиз керак.

Маълумки, ота-боболаримиз қадимдан бебаҳо бойлик бўлмиш илму маърифат, таълим ва тарбияни инсон камолоти ва миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови деб билган.

Албатта, таълим-тарбия – онг маҳсули, лекин айни вақтда онг даражаси ва унинг ривожини ҳам белгилайдиган, яъни халқ маънавиятини шакллантирадиган ва бойитадиган энг муҳим омилдир. Бинобарин, таълим-тарбия тизимини ва шу асосда онгни ўзгартирмасдан туриб, маънавиятни ривожлантириб бўлмайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, фарзандларимизни илм-фан ва таълим-тарбия асосида вояга етказиш мақсадга мувофиқ экан, ўз ўрнида тарбия эса маънавият билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, ёшлар келажак эгалари ҳисобланади. Ёшларимиз таълим-тарбиясида эса маънавий тарбия катта аҳамиятга эга.

Энг муҳими, фарзандларимизни соғлом, комил инсон қилиб тарбиялайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихимизга, Ватанимизга, она тилимизга, ўз миллий қадриятларимизга, муқаддас динимиз анъаналарига содиқ бўлишсин.

 

Ўткир ҒУЗАРОВ,

 “Хожа Бухорий” номли ўрта махсус

ислом билим юрти мудири

Мақолалар

Top