muslim.uz

muslim.uz

Среда, 23 Ноябрь 2022 00:00

Мазҳабга эргашиш зарурати

“Мазҳаб” сўзи арабчада“йўл”, “йўналиш”, шаръий истилохда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.
Машҳур аллома Ибн Ражаб (1335-1393 м.й.): “Кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”, деб ёзган (“Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” китоби).

Уламолар мазҳабларга эргашиш Пайғамбар (с.а.в.)нинг қуйидаги ҳадисига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа, 3950-ҳадис).

Мазҳаблардаги битта масалага нисбатан турлича ёндошишлик ислом шариатида мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Мазҳабларда у ёки бу масала ислом аҳкомлари, муайян жамият, халқ ёки миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари ҳамда ижтимоий муносабатларнинг мазмунини ҳам ҳисобга олган ҳолда, энг маъқул шаклда ҳал қилинган.

Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид)мужтаҳид олимга тақлид қилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят).

Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, усул ва тамойилларига асосланган муайян тизим мавжуд. Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизларда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоидалари йўқ бўлиб, “Қуръон ва Суннатга мурожаат қиламиз” қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмоқда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Бемазҳаблар омма мусулмонлар ичида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар Аҳли сунна олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган.

Мазҳабсизлар тарафдорларининг айрим иддаоларидан уларнинг даъволари асоссиз эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин:

- бемазҳаблар “Қуръон битта ва Пайгамбар битта бўлса, тўрт мазҳаб орасида фиқҳий ихтилофлар бор, ҳақ битта эмасми?” дейдилар.

Мазҳаблар бир манба - Қуръон ва суннатга асосланади. Мазҳабларнинг бирига эргашган киши Қуръон ва суннатга эргашган бўлади.

- Мазҳабсизлик тарафдорлари “Имом Бухорий бемазҳаб бўлган”, деб далил қилади. Ваҳоланки, Имом Бухорий яшаган даврда у кишига ўхшаш илми ижтиҳод даражасига етган, ўзи ижтиҳод қилганлар кўп бўлган. Ҳамма уламолар илми мужтаҳидликка етган одам, ўзи ижтиҳод қилади, деганлар. Ҳозир эса ўша даврдаги каби мужтаҳидлар йўқ эканини ҳисобга олмайдилар.

Аксинча, Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошича янги ҳукм чиқариш мусулмонларни куфрда айблаш, уларнинг қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик (ҳукуматга қарши чиқиш), тинч жамиятда ваҳима уйғотиш ва фитна қўзғаш, обод жойларни вайрон қилиш каби исломда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, марҳум Шайх Мухаммад Саид Рамазон Бутий қайд этганидек: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”.

Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ҳали дастлабки илмий кўникмаларни ҳосил килмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармокдалар. Баъзида ўзлари адашгани етмагандек, ўзгаларни ҳам йўлдан урмоқдалар.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўз ҳидоятида собит қилсин.

Жаҳонгирхон Аброров манбалар асосида

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари, Академия ва соҳага тааллуқли илмий-тадқиқот марказларининг ўқув-услубий, илмий фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Илмий-услубий кенгаши мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда 3та олий ва 10та ўрта махсус диний таълим муассасалари талабаларининг битирув малакавий ишлари, педагог ходимларни илмий тадқиқот фаолиятига йўналтиришда эришилган ютуқлар, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси ва Ҳадис илми мактабида модуль-кредит тизими асосида кадрлар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва мадрасаси фаолияти таҳлили каби масалалар кўриб чиқилди.

Мажлис давомида таълим ва илмий фаолиятни такомиллаштириш юзасидан турли масалалар бўйича ҳам фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

ТИИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон масжидлари туркумидан

Ассалому алайкум, муҳтарам мухлис! Бугун биз сиз азизларга юртимиздаги яна бир муқаддас маскан, саждагоҳ  ҳақида маълумот беришга чоғланганимиздан бағоят мамнунмиз.

Эътибор берган бўлсангиз, диёримизнинг турли гўшаларида қад ростлаган тарихий масжидлар азиз халқимизнинг азалий эътиқоди, эзгу умидлари ҳақида сўзлайди.

Асрлар юзини кўрган масжидлар нафақат ибодатгоҳ, балки ибрат макони, зиёрат маскани, инсонни тафаккурга чорлагувчи ҳикмат диёридир. Шу маънода, бугун оламга юзини очган мамлакатизда туризм салоҳиятини ривожлантиришда масжид, зиёратгоҳ ва тарихий обидаларимиз ўрни беқиёс.

Дунёнинг турли юртларидаги мухлисларни бетакрор масжидларимизга ташриф буюришга, зиёрат ва дуолар қилишга чорлаб қоламиз!

 

Ҳазрати Лангар масжиди

“Ҳазрати Лангар” масжиди Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида  юртимизнинг гўзал хушманзара масканларидан бирида  Ҳисор тоғ тизмасининг ёнбағрида Лангар сойининг ўнг қирғоғида баланд қирнинг устида қад ростлаб турибди. Лангар масжиди тўғри бурчакли тўртбурчак шаклида қурилган.  Масжид катта ва кичик икки хонадан иборат.

 Лангар масжидининг қурилиш даври ҳақида турли фикрлар мавжуд. Бу ҳақда масжид меҳробининг ичида ҳам ёзувлар сақланган. Янги масжид меҳробидаги ёзувларни ўқиган рус шарқшунос-саёҳатчи олими Михаил Евгеньевич Массон (1897-1986 йй.) уни 1516 йилда Лангар ота – Шайх Муҳаммад Содиқ ал-Ишқий ал-Лангарий (вафоти 1545й.) яшаган даврда қуриб битказилган фикрга келган.

Аммо шу масжид кейинги даврларда ҳам қайта таъмирлангани маълум. Шундай таъмирлаш ишлари 1748 йили ва 1807 йиллари амалга оширилгани бу ерда сақланган ёзувлардан аён бўлади. Албатта, мустақиллик даврида ҳам бу ерда катта таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, аждодларимиздан мерос қолган, не-не улуғларимиз бошларини саждага қўйган табаррук масжидни келгуси авлодларга етказиш борасида амалий юмушлар қилинди.

Ўзбекистоннинг узоқ тоғ қишлоқларидан бири Лангарда XV-XVI асрларда барпо қилинган ушбу масжид ўз меъморий ечимлари, усуллари, безаклари, нақшлари ва ёзувлари билан Ўрта Осиё меъморчилиги санъатида алоҳида қиммат ва аҳамиятга эгадир. Бу ерда яшаган кексаларнинг олимларга ҳикоя қилишларича, масжиднинг қурилишида Қашқадарё воҳасида яшаётган кўпгина улуғларнинг вакиллари ўз ҳиссаларини қўшганлар.

Масжиднинг кичик, яъни ғарбий томондаги хонаси қадимий бўлиб, унинг деворлари дастлаб хом ғиштлардан терилган, ичига эса тўртта бақувват устун ўрнатилган. Кейинги таъмирлаш пайтида хом ғиштларнинг юзасига пишиқ ғиштлар терилган. Сўнг ғиштларнинг устига ганч сувоқ билан суволиб ҳар хил нақшлар ишланган. Масжиднинг шифти ясси бўлиб, у вассалар билан ёпилган.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, масжиднинг меҳроб қисми алоҳида нозик дид ва катта маҳорат билан безатилган. Меҳроб атрофи сулс усулида ёзилган арабча имло билан тўлдирилган бўлиб, мовий фонга оқ рангли ёзувлар битилган ранг-баранг кошинлардан яратилган ажойиб мозаика кишининг диққатини ўзига жалб этади. Одатда бундай ҳашаматли безатилган меҳробни йирик шаҳарларда барпо қилинган масжидлардагина кўриш мумкин. Масжиднинг ички деворлари ҳам нафис ва бетакрор безакларга бой.

Айвондан масжидга кирадиган жойга нақшинкор, икки табақали эшик ўрнатилган бўлиб, бу эшик ёғоч ўймакорлик санъатининг нодир нусхаси сифатида ғоятда қадрли.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, меҳробнинг ичига ва атрофига араб имлосида ёзувлар битилган. Меҳробнинг тепа қисмида тавҳид калимаси:

“لآ اِلَهَ اِلّا اللّهُ مُحَمَّدٌ رَسُوُل اللّهِ”, ўнг томонида эса Марям сураси 11-ояти:

“فَخَرَجَ عَلَىٰ قَوْمِهِ مِنَ الْمِحْرَابِ” ва чап томонида шу оятнинг давоми:

“فَأَوْحَىٰ إِلَيْهِمْ أَنْ سَبِّحُوا بُكْرَةً وَعَشِيًّا” ва бошқа ёзувлар сақланган.

 Масжид деворларининг юқорисида ҳам маҳорат билан ёзилган эпиграфик нақшлар бор. Масжид деворларида ғоятда безатилган юлдузсимон нақшлар мавжуд бўлиб, уларга олтин суви югуртирилган. Юлдузларнинг ичида бир пайтлар қимматбаҳо тошлар бўлгани, кейин бу тошлар ўпирилганини қишлоқ оқсоқоллари айтиб юришади. Бу юлдузсимон нақшларнинг устида масжид деворининг шифтида 30х25 см 30х30 см ва 60х30 см ҳажмда турли эмблемалар бор. Улар ҳақида ҳам турли хил фикрлар мавжуд. Шу сабаб бунга алоҳида эътибор қаратилиши ва тадқиқ қилиниши лозим деб ўйлаймиз.

Юқорида Лангар масжиди икки даврда қурилган, ғарбий томондаги кичик масжид анча қадимий экани айтиб ўтилди. Буни масжиднинг қурилишида қўлланган усуллар ҳам, қурилиш ашёлари ҳам кўрсатиб турибди. Шу сабабл дастлабки масжид XV асрда, яъни шайх Абул Ҳасан ҳаётлиги пайтида барпо қилинган, кейинчалик намозхон кўпайгач эса янги масжид XVI асрнинг бошларида шайх Муҳаммад Содиқ ал-Ишқий ал-Лангарий даврида барпо қилиниб, умумий айвон ёрдамида яхлит ҳолатга келтирилган дейишга ҳақлимиз.

Масжидда бугунги кунда ҳам Лангарда яшайдиган аҳоли ва бу табаррук масканга зиёратга келган меҳмонлар ибодат ва зиёрат қилишади. Ҳисор тоғ тизмасининг бағрида жойлашган Лангар қишлоғи қадим-қадимларданоқ тоза ҳавоси, ажойиб табиати ва манзараси билан одамларни ўзига жалб этиб келган.

 

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ

Мақолалар

Top