muslim.uz

muslim.uz

Вівторок, 05 Январь 2021 00:00

Дунё севгиси ва зуҳд

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дабдабали, ҳашаматли, зийнатли, безакли, шоҳона ҳаёт кечирмади. Балки имкони бўла туриб, намунали, оддий, содда бир ҳаёт кечирди.

Имкони бўлмаган кишининг фақирона оддий ҳаёт кечириши табиий ҳолдир. Чунки у шундай яшашга мажбур. Аммо тўкин-сочин яшашга имкони бўла туриб, камтарона, оддий яшаб ўтган кишининг ҳаёти аҳамиятли, ибратли бир ҳодисадир...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай яшадилар.

Овқатланиши, ётиб туриши, ҳаракатлари ҳам одмигина эди. Содда, оддий ҳаёт кечирдилар ва шундай яшашни тавсия этдилар.

Саҳобаи киром ҳам шундай яшадилар. Баъзилари ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин халифа, давлат бошлиғи бўлдилар. Ўзларига белгиланган маошга қаноат қилиб, байтулмолга – давлат хазинасига қўл урмасдан, керакли жойга уни ҳисоб-китоб билан харажатлар эдилар. Имконлари бўла туриб оддий, камтарона ҳаётларини ўзгартирмадилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг қизлари, ҳазрати пайғамбаримизнинг завжалари – Ҳафса онамиз, амирул мўъминин бўлган халифа оталарининг дастурхондан жуда ғариб, жуда қуруқ, маза-матрасиз овқатлар еяётганларини кўриб:

“– Отажоним, иқтисодимиз яхшиланди. Ҳар кимнинг ўзига яраша маоши бор... Бироз ўзингга қарасанг, аҳволингни яхшиласанг. Ошқозонингга ёқадиган, мазали таомлардан истеъмол қилсанг!”, – деб отасига ичи ачиганидан шундай сўзларни айтибди. (Албатта, давлат қудратли бўлгандан кейин, тижорат ривожланади. Ҳар томондан турли хил моллар кириб чиқади. Иқтисоди бақувват бўлганлар ҳам бу вазиятдан фойдаланиб, бойиб кетадилар).

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу розияллоҳу анҳу аччиғланиб:

– Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинисан, у зотнинг қандай яшаганини биласан; шундай экан, нега менга бошқачароқ яшашни таклиф қиласан?.. Мен у кишининг йўлидан чиқмайман!”, – деб рад жавобини берибдилар.

Бошқа асҳоби киромлар ҳам шундай яшаганлар. Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу ва бошқаларнинг ҳам ҳаётлари, таржимаи ҳоллари билан танишганимизда бунинг гувоҳи бўламиз.

Абдуллоҳ ибн Масъуд, Салмони Форсий розияллоҳу анҳум ҳам шаҳар ҳокими бўлганлар. Аммо яшаш тарзларини ўзгартирмаганлар. Ҳокимлик хонасида ётмаганлар, ранг-баранг, дабдабали либослар киймаганлар...

Буларнинг асосида бир туйғу бор эди. Дунёни кўзга илмаслик, аҳамият бермаслик... Унинг мол-мулкига, роҳат-фароғатига асир бўлиб қолмаслик... Охиратни исташ ва унга рағбат қилиш... Аллоҳнинг ризоси ҳақида ўйлаш ва ризосини қозониш учун ҳаракат қилиш... Тунларни ибодат ва кўз ёшлари билан ўтказиш, кундузлари елиб-югуриб халқ хизматини қилиш, бошқаларнинг дуосини олмоқ аммо мол-мулкини олмаслик... Қўл остида бошқаларнинг ҳақ ва ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятлари бўла туриб, ўз манфаати учун фойдаланмаслик ва содда ҳаётни давом эттиришни зуҳд, зоҳидлик дейдилар.

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Таълим муасссаларида таълим-тарбия ишлари самарадорлигини янада кучайтириш борасида фан ўқитувчиларининг ўз устида доимий ишлаши, тажриба орттириши, машғулотларда таълимнинг интерфаол услубларидан кенг фойдаланишига жиддий эътибор қаратиш мақсадида Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида жорий йилнинг 5 январь кунидан ихтисослик фан ўқитувчилари учун 3 кунлик ўқув-семинари бошланди.

Ўтказилаётган ўқув-семинарида Қорақалпоқ давлат университети, Педагогика ва психология кафедраси катта ўқитувчиси Ю.Пурханов ўз маърузаси билан иштирок этди.

Ўқув семинари бошланишида тажрибали педагог ходимлар томонидан таълим технологиялари, ҳар хил турдаги метод машғулоти, дарс ўтиш жараёнларига тегишли бошқа касбий маслаҳатларга, “жуфтликда ишланг”, “фикр улашинг” каби услубларнинг мазмун-моҳияти, амалиётда қўлланиш тартиби ва кутилган натижага эришиш йўллари кенг тушунтирилди.

Семинарда тажрибали мутахассислар томонидан берилган саволларга жавоб бериш орқали ҳар битта ўқитувчи ўзларини билим олишга талпиниб турган талабалардек тутиб, ҳар битта берилган саволларга зукколиб билан тезда жавоб бериб, ўзларининг билимларини янада оширишга эришдилар. Бундан ташқари дарс жараёнида ўтказиладиган ҳар битта методлар “key board” тахтаси ва слайдлар ёрдамида алоҳида тушунчалар бериб тушунтирилди.

Семинар якунида ҳар бир ўқитувчи ўзларининг семинарда олган таасуротларини, ўз фани билан боғлаган ҳолда умумлаштириб, таълим соҳасидаги бор билимларини янада кенгайтиришга мувофиқ бўлдилар.  

 

Даўранбек АЙТЖАНОВ

 Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний

ўрта-махсус ислом билим юрти

ўқув-услубий бўлими услубчиси

Вівторок, 05 Январь 2021 00:00

Ҳар бир буюк шахс ортида аёл бор

Оила қуриш, рўзғор тебратиш, фарзанд тарбиялаш учун билим, малака, кўникма зарур. Динимизда илм олиш эркакка ҳам, аёлга ҳам баб-баравар фарз қилинган. Бу таълимотдан бехабар кишилар баъзан: “Қиз бола ўқиб шаҳар олиб берармиди?” қабилида нозик хилқат эгаларига таълим беришга эътиборсиз бўлади.

Ислом дини оила таъминотини эркакнинг зиммасига юклаган бўлса, рўзғор юритиш ва фарзанд тарбиясини аёлга топширган. Мураббийнинг ўзи тарбияли бўлиши керак. Демак, фарзандни тўғри тарбиялаш учун она илмли бўлиши лозим.

Оқила, одобли, солиҳа аёлларгина салоҳиятли фарзандларни тарбиялай олади. Фаҳмфаросатли, илмли, доно аёллар нафақат фарзандига, балки турмуш ўртоғига ҳам ҳар соҳада маслаҳатгўй, ҳамфикр, дастёр, кўмакдошдирлар. Арабларда: “Ҳар бир буюк шахс ортида аёл бор”, деган мақол бор. Бу бежиз айтилмаган.

Бир куни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига ҳазрат Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо келиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Эркаклар ҳамма нарсада биздан ўзиб кетишяпти”, деб шикоят қилади. Яъни, эркаклар ҳар куни сиздан ваъз-насиҳат эшитиб, илм оладилар. Биз аёллар эса бундан маҳрум бўлиб қоляпмиз, дейди.

Бугун бизнинг аёлларимиз ҳам илмга ана шундай чанқоқми? Улар ҳам Ойша онамизга муносиб издош бўлишга интиляптими?

Набий алайҳиссалом Ойша онамизнинг бу мурожаатларидан келиб чиқиб, муслималар учун илмий мажлис ташкил қилиб, уларнинг ҳам эркаклар каби илм олишларига шароит яратиб бердилар.

Фарзандини илм-маърифатли, салоҳиятли қилиб тарбиялаш учун она ҳам маърифатли бўлиши керак. Буни бугунги кунда илмий тадқиқотлар ҳам тасдиқлади: эр-хотиннинг савияси бир-бирига таъсир ўтказишини илм-фан исботлади. Чунки улар ўртасида руҳий алоқа бор, никоҳ риштаси, шаръий суҳбат, муошарат, яқинлик бор.

Ана шу муносабатлар асносида инсон тасаввур қила олмайдиган синхрон ақлий мулоқот юзага келиши, бу икки инсон, яъни эр ва хотиннинг табиати, феъл-атвори, ақли, тафаккури, онги ўзаро таъсирланиши аниқланди.

Пайғамбар алайҳиссалом: «Мўминларнинг руҳи бир кунлик масофадан мулоқот қилади», деганлар. Инсон кўзга кўринмас таъсирлашув воситасида бир-бирини сезади. Шунинг учун эр-хотиннинг илми, савияси бир-бирига таъсир кўрсатади. Масалан, она илмли бўлса, илмга рағбатли бўлса, билганларига амал қилса, нафақат зурриётини, балки эрини ҳам илмга рағбатли қилади.

Тадқиқотларнинг бирида узоқ йиллик кузатишлардан маълум бўлдики, бола онанинг қорнидалигидаёқ ундан 75 фоиз маълумот олар экан. Бу ирсият масаласидир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир оила бузилиб, ажрашиш асносида аёл ҳомиладор бўлса, муайян вақт ўтиб, фарзанд туғилса, аёл болани ёлғиз ўзи катта қилади. Табиийки, бола отасини кўрмай ўсади.

Бола уч ёшга тўлганида, онаси ундаги бир одатни кўриб, ҳангу манг бўлиб қолди. Бу одат аёлнинг ажрашиб кетган эрида бор эди. Аммо отасини кўрмай катта бўлган бола ўша одатни такрорлайди. Бу одат бодрингни қатиққа ботириб ейиш эди.

Ҳақиқатан, бу одат болада қаердан пайдо бўлди? Табиийки, ирсият орқали ўтган. Дарҳақиқат, боланинг баъзи феъли, хатти-ҳаракатлари отаси ёки онасининг одатига айнан ўхшашини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз.

Буларнинг барчаси инсонга хос жиҳатларнинг ирсият орқали кейинги авлодга ўтиш қонунидир. Авлоддан-авлодга ўтадиган бу ҳолат, табиийки, Буюк Раббимизнинг марҳаматидир.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан

Ўзбекистон элчихонаси Покистоннинг «Serene Air» авиакомпаниясининг тижорат ишлари бўйича бош директори Холид Башир билан видеоконференция ўтказди, деб хабар беради «Дунё».
Онлайн-тадбирда Ўзбекистон томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Улуғбек Аъзамов, транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Музаффар Комилов иштирок этди.
Мулоқотда Ўзбекистон зиёрат туризмини тарғиб қилиш доирасида Исломобод ва Тошкент ўртасидаги чартер рейсларининг техник масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўзбек авиакомпанияларининг Покистонга парвозларини кўпайтириш, хусусан, “Тошкент-Исломобод-Тошкент” йўналишини очиш масаласини кўриб чиқди.
Покистонлик шерикларга Ўзбекистон раҳбарияти томонидан мамлакатимизнинг логистика имкониятларининг жозибадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, юртимиздаги айрим аэропортларга «очиқ осмон» режими берилгани, хусусан, зиёрат туризми доирасида махсус парвозларни амалга ошириш учун имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди.
Учрашув давомида, шунингдек, Покистондан юк ташиш рейсларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди, хусусан, иштирокчилар парвозлар географиясини кенгайтириш тўғрисида келишиб олди.
Анжуманнинг муҳим кун тартиби пандемиядан кейинги даврда зиёрат туризми доирасида туризмни ривожлантириш масаласига қаратилди. Хусусан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари У.Аъзамов Ўзбекистоннинг туризм соҳасини ривожлантириш бўйича тажрибаси ва бугунги кунда ушбу тармоққа тақдим қилинаётган имтиёзлар, хусусан, республика раҳбарияти ташаббуси билан сайёҳлик соҳасини қўллаб-қувватлаш доирасидаги «Cash Back» дастури ҳақида тўхталди.
Ўз навбатида, Холид Башир авиакомпания Ўзбекистонга тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширишга тўлиқ тайёрлигини билдирди. Унинг сўзига кўра, бугунги кунда компания паркида 5 та «Боинг 737-800» ва битта «А-330» самолёти мавжуд. Ушбу маркадаги яна иккита самолёт 2021 йил январь ойининг охирига қадар фойдаланишга топширилади.
2020 йил март ойида компания IATAдан 2020 йил апрелидан БАА, Хитой ва Саудия Арабистонига мунтазам халқаро рейсларни амалга ошириш учун рухсатнома олган. Бироқ пандемия бошланганлиги сабабли компания ушбу режани кечроқ муддатга сурди. Шунга қарамай, компания чет элда қолган покистонликларни ўз ватанига қайтаришда фаол иштирок этди ва ушбу мамлакатларга 55 та рейсни амалга оширди.
Юқоридагилар, шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон авиация маъмурлари ўртасида икки томонлама келишувлар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, «Serene Air» қисқа вақт ичида зиёрат туризми доирасида Ўзбекистонга чартер рейсларини амалга ошириш учун ўзбек томонига керакли мурожаатларни юборади.
Томонлар мунтазам равишда веб-семинарлар ва алоҳида музокаралар ўтказишга қизиқиш билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

(Давоми, 1-қисм)

***

Шайх ҳазратларига бўлган яна бир эҳтиромни кўринг. Ҳазрат  идоранинг интернет сайтини очишни мақсад қилиб, шу соҳада лаёқатли мутахассисларни топиб, алоҳида рўйхат билан олдиларига киришимни сўрадилар. Дастурчилар борасида муаммо йўқ, телевидениеда анчайин тажрибали дастурчилар борлигини, савоб учун холис хизматини аямайдиган мутахассислар мавжудлиги билардим. Хуллас, динимиз равнақи учун ўз ҳиссасини қўшиш истагида бўлганлар талайгина эди. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин. Улардан бир нечаларини рўйхатга тиркаб муфтий ҳазратларига киргиздим. Шу сафга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг сайтларини юритаётган Абу Муслимни ҳам қўшдим. Ҳазрат рўйхат билан танишиб Абу Муслим номзодига тўхталиб: "Шу йигитни танлаймиз. Устознинг хизматида, муҳими тажриба орттирган экан. У йигитни топиб, хизмат ҳақини гаплашинг, келишиб олиб мен билан  учраштиринг" деб топшириқ берди. Шу орада  Шайх ҳазратларидан Абу Муслим учун рухсат сўраб, розилигини олган эканлар. Ҳазрат Абу Муслимни қабул қилиб сайтнинг қай ҳолатда бўлишини маслаҳат қилдилар, ўз тавсияларини айтиб, ишни бошлашга оқ фотиҳа бердилар.

Ҳазрат, оммавий ахборот воситалари орқали диний материаллар кўпроқ ёритилишини истар, бунинг учун бор имкониятини ишга соларди. Идора ходимлари, имом хатибларни ОАВда доимий чиқиш қилиб туришга тарғиб қилиб, бу ишлар динимиз учун  манфаатли бўлишини таъкидлардилар. 

"Ислом нури" газетаси ва "Ҳидоят" журнали идора тасарруфида бўлгани учун мазмун, савия ва обуна масаларини ўзлари назоратга олганди. Ҳар душанба куни бўладиган йиғилишда нашриёт директорига: "Нуруллохон, сизда нима ютуқ ва муаммолар бор? Обуна қандай кетаяпти? Ўсиш борми?” деган саволларни берарди. Нурулло аканинг жавобларини тинглаб, ўринбосарлари ва бўлим бошлиқларига обуна масаласини   қаттиқ тайинлаб, уни бажариш жуда муҳим эканини таъкидлаб турарди.   Ҳазратнинг бу саъй-ҳаракатлари боис ушбу нашрлар мамлакатимизда чиқаётган машҳур  журнал ва газеталардан мазмун-моҳият жиҳатидан ҳам,  адад-тираж жиҳатидан ҳам  олдинги қаторларга ўтиб олганди. Бевосита фаолиятим ОАВ да бўлгани ва кузатишларим асосида айтишим мумкинки, биринчи раҳбарнинг ташаббуси билангина бу соҳада ўсиш бўлиши ойдек равшанлигини биламан. Журналистлар яхши мақолалар ёзиши, техник ходимлар безаш ишларини бажариши мумкин. Аммо, унинг тиражини ошириб, ўз ўқувчиларига  етиб боришида раҳбарнинг жонкуярлиги муҳим омил бўлиб ҳисобланади. Ҳазрат,  матбуот орқали диний саводхонликни оширишнинг  ўта манфаатли бўлишини англаган ҳолда бунга  қаттиқ бел боғлаган эди. Обуначиларнинг кўп бўлишидан  хавотир оладиган каслар ҳам  етарли эди. Улар ҳам ошкора ҳам зимдан турли баҳона-важлар билан қаршилик кўрсатиб келишарди.  Ҳазрат буни билар, шунга қарамасдан ишни давом эттираверарди. Кимлардир “муфтий одамларни журнал ва газетага қаттиқ тарғиб  қилдиряпти”, деган иддаоларни ҳам ёйган эди. Бу ҳақда бир куни ҳазратга гап очдим.

– Дилмурод, – деди ҳазрат, – динимиз тарғиботига қаршиликлар ҳамма вақт бўлган, муросаа қилсак ҳеч нимага эришмаймиз, ўжарлик қилсак ундан бадтари бўлади. Шу важдан иложини топиб, имконини қилиб нимадир қилишимиз керак. Обунадан фойдаланиб мўмин-мусулмонлар хонадонига динимиз шиорларини тарғиб қилишнинг нимаси ёмон? Ахир шундай ҳам одамларнинг хонадонида бўлар-бўлмас газета ва журналлар, ҳар хил қўшиқлар тўла аудио, видео маҳсулотлар исталганча бор-ку, уларнинг ҳаммаси пулга олинган. Шуларнинг орасида расман рухсат берилган "Ислом нури" ва "Ҳидоят" журнали ҳам бўлса, одамлар майли истар-истамай уни варақласа, қайсидир саҳифасига кўз югуртирса бу – совуқнинг заҳрини бир юмшатмайдими? Айрим фильмлар, сариқ матбуоту, тижорат мақсадида чоп этилаётган енгил-елпи мазмундаги китоблар орқали тарқалаётган ахлоқий емирилишнинг олдини олишга хизмат қилмайдими? Ахлоқий тозаришга, маънан юксалишга ундовчи бу нашрларга қилинган сарф, охират фойдаси учун қилинган харид эмасми?

Дилмурод, биламан, бизни тушунмайдиганлардан кўра тушунишни истамайдиганлар кўп. Улар очиқдан-очиқ гапиришяпти ҳам, гоҳида дўқ уришяпти, пўписа қилишяпти – парво қилмасликка ҳаракат қиляпман. Энг ёмони баъзи бир одамлар ўзининг тор ва биқиқ дунёқарашини давлат сиёсати номидан тиқиштирмоқчи бўлади. 

Ҳазратнинг куюнчаклик билан айтган фикрлари ҳали ҳам қулоқларим остида жаранглаб туради. Дарҳақиқат, ўша пайт вазият оғир эди. Ўттиз миллион аҳолиси бор, шунинг тўқсон беш фоизи мусулмонларни ташкил қилган мамлакатда битта телерадиодастур, битта журнал ва битта газета нашр этишга рухсат берилган эди. Ҳазрат мана шундай шароитда ўзининг озгина ваколатидан фойдаланиб,  шу миттигина имкониятдан самарали фойдаланиш ҳақида бош қотирарди.   

Шу ўринда бир гап. У кезлари ёмғирдан кейин потраб чиққан қўзиқоринга ўхшаш ҳозирги интернет “даҳо”лари пана-пастқамларда писиб юришарди, айримларининг эса орқа этаги елкасига игнабоғич билан қистириб қўйилган пайт эди. Ҳозирда оғзидан кўпик сачратиб, одамларга дин аҳкомларидан сабоқ беришга киришган бу кимсалар вазиятга қараб,  тўнини, замонавий тилда айтганда “тон”ини ўзгартириб туради. Бир пайтлари президентимиз таъкидлаганларидек тик турган симёғочни ҳам қамаш мумкин бўлган чоғлари шу валломатлар “оч қорним, тинч қулоғим” шиорига амал қилиб судралиб юришни маъқул билардилар. Бугун эса тиллари бир қулоч. 

Карантин сабаб,  таътилимни Ургутда ўтказдим. Озгина деҳқончилик қилиб,  тоғ бағридаги боғимда чайла ясаб, бир неча ой яшадим. Шу орада анчагина китобларни мутолаа қилдим. Бир куни Исроил акам келиб қолди. Мук тушиб ўқиётганимни кўриб: “Уйда анча-мунча журнал, газеталар бор, келтириб бераман? – деб қолди. Эртаси куни  бир даста қилиб ташлаб кетди. "Ҳидоят""Ислом нури". Баъзилари титилган, варақлари йиртилган. 

– Ака, булар невараларнинг қўлига тушганми-а, – сўрадим. 

– Қайда, обуна бўлганман. Буниси қўйиб, буниси ўқийди. Баъзида ҳамсоялар ҳам обкетади. Савоб бўлади деб қўяман, – деди. Муфтий ҳазратларининг айтган гаплари ҳақ экан, деган ўй кечиб ўтди хаёлимдан. Ҳақиқатдан ҳам ўқувчилар сонининг ўсиши газета тиражининг ошишига сабаб бўлганди. Тиражи ошган газета-журнал халқимиз орасида кенг тарқалди. Ўқимишли одамлар сони ортди.  Ҳарнечук, халқимиз ҳар хил олди-қочди нашрлардан кўра, дин ва диний мавзуларда ишончли манбаадан  бир нима ўқиганлари маъқул, ана шунда чалғимайдилар.  Ҳазрат, сиздан Аллоҳ рози бўлсин! 

***

Устоз, Каримуллоҳ домла  айтиб берган бир воқеани эслайман: “Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида таҳсил олардик. Бир куни муфтий Зиёвуддинхон ҳазрат мадрасамизга ташриф буюриб, ўқиш ва ўзлаштириш жараёнлари; талабаларнинг яшаш шароитлари билан танишдилар. Сўнгра, барча талабаларни тўплаб, ҳар биримизга совет пулида ўн сумдан ҳадя қилдилар. Талабаларнинг ўша пайтдаги қувонч ва ҳаяжонлари ҳали-ҳали ёдимда. Аслида гап пулда эмас, эътиборда. Ўқишни тугатдик, ишларга кирдик, оила  қуриб, фарзандларимиз дунёга келди. Аммо ўша воқеани ҳар доим эслаб ҳақларига дуо қиламан. Илло, Аллоҳ таоло розилиги учун қилинган ҳар бир яхшилик эътирофга лойиқ!” 

Муфтий ҳазратнинг ёнларида кўп вақт бўлганим учун Зиёвуддинхон ҳазратга хос бўлган фазилатлар у кишининг ҳам  амал қиладиган муҳим ҳаётий шиорлари бўлганига кўп бор гувоҳ бўлганман. Ҳазрат,  ҳозирги тилда айтилганда "хайрия жамғарма"сига эга эди. Маошларидан, хайр-эҳсонлардан келадиган пулларнинг маълум қисмини яхшилик ишларига тарқатарди. Моддий ёрдам, эҳтиёжманд оила ёки зарурият юзасидан сўралган кўмак сўраб қилинган мурожаатларини  ҳеч қачон жавобсиз қолдирмас, бу ишларга энг зурур юмуш деб қарарди.  

Вилоятларга  чиққанларида ўша жойдаги мадраса талабалари учун атайин жамғармасидан пул олиб тарқатарди. Ёрдам  ва эҳсон учун  мўминлик нуқтаи назаридан  келиб чиққан ҳолда Аллоҳ  айтганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам  тавсия қилганларидек ҳаракат қиларди. Ҳазрат аксар ҳолда қилаётган эҳсон ишларини махфий равишда қилар, мақтов ва намойишкорликдан йироқ эди.

Ўз вақтида баъзи бир бадкирдор кишиларнинг асоссиз туҳмат  ва  қабиҳликлари сабаб ўша даврнинг “қора рўйхат”ига тушган Фозил қори аканинг бир гапи ҳеч ёдимдан чиқмайди: “Дилмурод, Усмонхонни бизга худо юборди, – деган эди қори ака самимий, – қаранг қанчалик бағри кенг, мард, асли  оталари  Темирхон эшон бобо ҳам бошқача одам  бўлганлар!..”

Ҳазрат Фозил қори акани қаттиқ ҳурмат қилар, у кишига бўлган ноҳақликлардан изтироб чекиб юрарди. Расмий тадбирлар, даврий нашрлар, телерадиода  чиқиши таъқиқлаб қўйилган Фозил қори акани устозим, қадрдоним, акам  деб эъзозлар эдилар. Шу гапларни очиқ-ошкор айтишдан сира чўчимаганлар. 

Бир куни муфтий ҳазрат мени ҳузурига чақириб, Фозил қори аканинг қаердалигини суриштириб топишимни, идорага таклиф қилишимни буюрдилар. Телефон орқали боғланиб, ҳазратнинг таклифини етказдим мабодо зарур бўлса машина жўнатишимиз мумкинлигини айтдим. Фозил қори ака аср намозидан кейин келишларини билдирдилар. Ҳазрат у киши келганини эшитиб, кутиб олиш учун  ҳовлига чиқиб, кўзларида  ёш, меҳр билан қучоқ очиб кўришиб,  хоналарига таклиф этди. Анча вақт суҳбатлашиб ўтиришди. Фозил қори ака хурсанд, кайфияти аъло даражада эди. Муфтий ҳазратни олқадилар. Самимий, чин дилдан сўзлаётган қори акани кузата туриб, кўпнинг ҳидоятга киришига сабаб бўлган, динимизга анчагина фойдали амалларни қилган шундай улуғ зотни маҳзун кўнглини кўтарган ҳазратдан Аллоҳ рози бўлсин деган кечинмалар кечиб ўтди кўнглимдан. Чунки ўша кезлари кимдир юқоридаги раҳбарлардан қайсидир  бирига ёқмаса чақув, туҳмат уюштириб, уни янада тепадаги раҳбар орқали обрусизлантириб, қаматтириб ё ишдан ҳайдатиб,  номини "қора рўйхат"га тиркаб қўярди. Одатий, оддий ҳол эди бу. Шу билан  у одамнинг ОАВ да чиқиши ёки тадбирларда қатнашиши  мутлақо барҳам топарди. Шу  ишга масъул бўлган барчалар  топшириқни аъло даражада бажарарди. Кимдир у инсоннинг фаолиятини тикламоқчи  (қийин масала эди) бўлса, ўзига нисбатан шубҳа ва гумон ортирарди. Назорат остига олинарди. Шуни билиб ҳеч ким бу ишга бош қўшмас, аксинча бундай кишилардан ўзини олиб қочарди. Мана шу каби кимсаларнинг олчоқликлари ҳам у кишининг соғлигига салбий таъсир кўрсатгани бор гап. 

Фозил  қори  акага бўлган ҳурматлари, динимиз учун қилган хизматлари важҳида муфтий ҳазратлари катта идораларга кириб у кишининг номини қисман оқлашга муяссар бўлган эдилар. Фозил қори буни биларди,  Бу ишлар анчайин мураккаб эканини, ҳаракатлар бўлгани-ю, манфаат бермаганини ҳам. Шунга қори ака муфтий ҳазратдан жуда миннатдор эдилар.  Охиратлари обод бўлсин. 

(давоми бор)

Дилмурод Қўшоқов

Видеолавҳалар

Top