www.muslimuz

www.muslimuz

Қариндошчилик алоқаларига эҳтимом қилишлик бизларга ота-боболаримиздан қонимизга сингиб кетган фазилат. Динимиз кўрсатмалари ва таълимотлари ҳам шунга далолат қилади. Бу эса нафақат инсоннинг ўзи учун, балки бутун жамият учун нечоғли зарур эканлигини бир оз тасаввур қилмоқчи бўлсангиз, бошқа элатлар турмушига назар солинг.
Қайси жамиятда қариндош-уруғ алоқалари бўлмаса, у ерда оқибат ҳам йўқдир. Оқибат бўлмаган жойда одамлар манқуртга айлана бошлар. Ундай кимсалар на бировни юз-хотир қилсин, на бировга шафқатли бўлсин.
Шариатимиз кўрсатмаларида қариндошчилик алоқаларини узишликка мутлақо йўл қўилмаслиги ҳам бежиз эмас.


Аллоҳ таоло Қуръони каримда жаннат соҳибларининг сифатларини келтирар экан, жумладан шундай марҳамат қилади:
وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الحِسَابِ
Яъни: “Улар Аллоҳ боғланишига амр этган нарсани боғларлар, Роббиларидан қўрқурлар ва ҳисобнинг ёмонидан хавфда бўлурлар”. (Раъд. 21)
Қатода оятдаги “боғланишига амр этган нарсани боғларлар”дан мурод қариндошлик алоқалари деган. (“Руҳул маъоний” тафсири. Алусий)
وَالَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهْدَ اللّهِ مِن بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الأَرْضِ أُوْلَئِكَ لَهُمُ اللَّعْنَةُ وَلَهُمْ سُوءُ الدَّارِ
Яъни: “Аллоҳнинг аҳдини мийсоқдан кейин бузадиганлар, Аллоҳ боғланишига амр этган нарсаларни узадиганлар ва ер юзида бузғунчилик қиладиганларга, ана ўшаларга лаънат ва уларга ёмон диёр бор”. (Раъд. 25)
عن جُبير بن مطعم : أنه سمع النبي صلى الله عليه و سلم يقول ( لا يدخل الجنة قاطع )
Жубайр ибн Мутъим разияллоҳудан ривоят қилинишича Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам “(Қариндошчилик алоқаларини) кесгувчи жаннатга кирмайди” деганлар. (Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти)
عن أبي بكرة رفعه ما من ذنب أجدر أن يعجل الله لصاحبه العقوبة في الدنيا مع ما يدخر له في الآخرة من البغي وقطيعة الرحم
Абу Довуд Абу Бакрадан ривоят қилган ҳадисда айтиладики, “Гуноҳларнинг ҳеч қайсиси соҳибини Аллоҳ таоло дунёда ҳам азоблаб, Охиратга ҳам азобни қолдиришга боғийлик ва қариндошликни узганчалик сазовор эмас”.
Абу Авфодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
أن الرحمة لا تنزل على قوم فيهم قاطع الرحم
“Ораларида қариндошлик алоқаларини узганлар бор қавмга раҳмат нозил бўлмайди”.
Шу мавзуга оид яна бир ҳадис:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ أَبِي أَوْفَى رَضِيَ اللَّهُ تَعَالَى عَنْهُ , قَالَ : كَنَّا جُلُوسًا عَشِيَّةَ عَرَفَةَ عِنْدَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : » لَا يُجَالِسْنِي مَنْ أَمْسَى قَاطِعَ الرَّحِمِ لِيَقُمْ عَنَّا » .
فَلَمْ يَقُمْ أَحَدٌ إِلَّا رَجُلٌ كَانَ مِنْ أَقْصَى الْحَلْقَةِ ، فَمَكَثَ غَيْرَ بَعِيدٍ . ثُمَّ جَاءَ فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : » مَا لَكَ لَمْ يَقُمْ أَحَدٌ مِنَ الْحَلْقَةِ غَيْرُكَ ؟ »
قَالَ : يَا نَبِيَّ اللَّهِ سَمِعْتُ الَّذِي قُلْتَ ، فَأَتَيْتُ خَالَةً لِي كَانَتْ تُصَارِمُنِي ، أَيْ تُقَاطِعُنِي ، فَقَالَتْ : مَا جَاءَ بِكَ ؟ مَا هَذَا مِنْ دَأْبِكَ ! فَأَخْبَرْتُهَا بِالَّذِي قُلْتَ ، فَاسْتَغْفَرَتْ لِي وَاسْتَغْفَرْتُ لَهَا .
فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : » أَحْسَنْتَ اجْلِسْ إِلَّا إِنَّ الرَّحْمَةَ لا تَنْزِلُ عَلَى قَوْمٍ فِيهِمْ قَاطِعُ رَحِمٍ » .
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо разияллоҳу анҳу айтади: “Арафа кeчасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирган эдик. Шу пайт Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам:
— Шу кечадан бошлаб қариндошликни узган киши мeн билан ўтирмасин, биздан кeтсин, — дедилар.
Ҳалқанинг чeтроғида ўтирган кишидан бошқа ҳeч ким турмади. Ҳeч қанча вақт ўтмасдан у қайтиб кeлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
— Сенга не бўлди, ҳалқада сендан бошқа ҳеч ким турмади? – дедилар.
У айтди:
— Эй Аллоҳнинг пайғамбари! Сиз айтган сўзларни эшитиб, алоқани узиб қўйган холамникига бордим. У: “Нега келдинг, бундай одатинг йўқ эди-ку?” деди. Мен Сиз айтган сўзларни етказдим. Шунда у мендан кечирим сўради, мен ҳам ундан кечирим сўрадим.
— Гўзал иш қилибсан, ўтир! Огоҳ бўлинглар, орасида қариндошликни узганлар бўлган қавмга раҳмат нозил бўлмагай! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам. (“Танбеҳул ғофилин” Абу Лайс самарқандий)

Улуғбек қори Йўлдошев – Асака тумани “Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими

Жорий йилнинг 1 июль куни Ўзбекистон делегацияси халқаро семинарда иштирок этиш учун Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига жўнаб кетди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг UNFPA жамғармаси томонидан ташкил этилган семинар 2019 йилнинг 2-4 июль кунлари Олмаота шаҳрида Марказий Осиё мамлакатларида аёллар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва оилани мустаҳкамлаш соҳасида диний етакчилар билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича халқаро ўқув-семинар бўлиб ўтади.

Семинар мақсади - диний идоралар ходимлари ўртасида тажриба алмашиш ва гендер тенгликни таъминлаш масалаларида диний ташкилотлар ҳамда диний етакчиларнинг салоҳиятини оширишдир.
Халқаро семинарда Ўзбекистон делегацияси таркибида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясидан 5 нафар вакил иштирок этади. Халқаро семинардаги жараёнларни сайтимизда ёритиб борамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

“Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.”
Ш.Мирзиёев

Бугун, 1 июль куни “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида бир қатор педагог-ходимларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш юзасидан билим юрти мудири Азизхўжа Иноятов бошчилигида тадбир ўтказилди.

Унда 2018-2019 ўқув йили давомида маънавий-марифий ишларда ўзининг ташаббуслари билан фаол бўлган, ўз касбига меҳр бахшида қилиб хизмат кўрсатаётган, ўқув-илмий ишларда касбининг улкан масъулиятини ҳис этиб, фаолияти давомида ўзининг зукколиги ва илғор тажрибаси билан ҳамкасабаларига намуна бўлган ҳамда хўжалик ишларида доимий сидқидилдан жонбозлик кўрсатган, олийжаноблик ва соғлом тафаккур хислатлари мужассамлашган педагог-ходимлар “Қуръони карим ва унинг маънолар таржимаси” китоби, аёллар зийнати бўлмиш бежирим рўмоллар ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

Билим юрти маъмурияти барча педагог-ходимларга миннатдорчилик билдиради ва келгуси фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилайди.

Аллоҳ таоло барчаларимизга икки дунё саодатини муяссар айласин!

Рохат Мамадшоева
Билим юрти маънавият ва маърифат
ишлари бўйича мудир ўринбосари

Понеділок, 01 июль 2019 00:00

САЛМОН ФОРСИЙ (розияллоҳу анҳу)

Салмонул хайр (яхши Салмон), Боҳис аънил ҳақиқа (ҳақиқат изловчи), Ибн Ислом (Ислом фарзанди), Соҳибул китабайн (икки китоб соҳиби) каби номлар билан мақталадиган ушбу саҳобанинг исми Абу Абдуллоҳ Салмон  Форсий (розияллоҳу анҳу) эди.

Салмон Форсий асли Исфаҳондан бўлиб, мажусийликка эътиқод қиларди. Бир куни у насороларнинг ибодатини кўради ва ота­сига бу дин мажусийликдан яхши эканини айтади. Шундан сўнг отаси Салмонни тутқунликда сақлай бошлайди. Охир-оқибат у нажот излаб Шомга қочиб кетади. Шомда ўз даврининг роҳибларидан таълим олади. Вақт ўтиб, роҳиблар бирин-кетин вафот этишади. Салмон Форсий ҳар бир роҳибнинг ўлимидан олдин ундан кейин кимга шогирд бўлишни сўрайди. Энг охирги устозидан: “Кимни тавсия қиласиз?” деб сўраганида у бундай жавоб беради: “Болам, Аллоҳга қасамки, ер юзида биз тутган нарса (асл нас­ронийлик)ни тутувчи бирор киши қолмади. Лекин араб ерида пайғамбар чиқадиган замон яқинлашиб қолди. У Иброҳимнинг дини билан юборилади. Сўнгра ўз еридан хурмозорлари бор юртга ҳижрат қилади. Унинг махфий бўлмайдиган аломатлари бор: ҳадяни қабул қилади, садақани емайди. Икки кураги орасида нубувват муҳри бор. Агар имконини қилсанг, ўша юртга бор!”
Салмон Форсий сўнгги устози айтган набийни топиш учун йўлга чиқади. Йўлда қароқчилар унинг молларини олиб қўйиб, ўзини водил қуролик яҳудийга сотиб юборадилар. Яҳудий эса уни ясриблик амакиваччасига сотади. Шундай қилиб, Салмон тақдир тақозоси билан Ясрибга келиб қолади. Бу вақтда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Маккада эдилар. Салмон Форсий қул бўлгани сабаб у зот ҳақларида эшита олмаган. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Ясрибга келганларидан хабар топган Салмон Форсий Аммуриядаги устози айтган гапга мувофиқ ҳадя ва садақа бериб, у кишини синамоқчи бўлади. У зот ҳадяни қабул қилиб, садақани рад этадилар. Кейинги воқеа ҳақида Салмон Форсий бундай ҳикоя қилган: “Расулуллоҳ Бақийда турганларида ҳузурларига келдим. У зот саҳобаларидан бирини дафн қилаётган эканлар. Елкаларига иккита лунгини ташлаб ўтирганларини кўрдим. Мен у кишига салом бердим. Кейин устозим таърифлаган муҳрни кўрармиканман деб, елкаларига қарай бошладим. Набий (алайҳиссалом) ниятимни анг­ладилар ва елкаларидаги ридони тушириб юбордилар. Мен муҳрни кўриб, у зотнинг пайғамбар эканини англадим. Ўзимни оёқларига ташлаб йиғлай бошладим, бошимдан ўтганларни айтиб бердим. У зотга қиссам ёқди ва саҳобалар буни эшитишса, хурсанд бўлишларини айтдилар. Мен уларга ҳам айтиб бердим. Шундай қилиб, мусулмон бўлдим. Қул эканлигим Бадр ва Уҳуд жангларида иштирок этишимга тўсқинлик қилди. Бир куни Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Хўжайининг сени озод қилиши учун у билан мукотаба (тўлов эвазига озод қилиш)­га келиш”, дедилар. Айтганларини қилдим. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) саҳобаларини менга ёрдам беришга чақирдилар. Аллоҳ мени қулликдан озод қилди. Мусулмон ва ҳур бўлиб яшадим. Расулуллоҳ билан Ҳандақ ва бошқа жангларда қатнашдим”.
Ушбу жангда ҳандақ қазиш фикри айнан Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)­дан чиққан. Ўша куни ансорлар: “Салмон биздан”, дедилар. Шунда муҳожирлар: “Йўқ, Салмон биздан, бу ерга ҳижрат қилиб келган”, дейишди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Салмон биздан – аҳли байтдандир”, дея бу баҳсга нуқта қўйдилар.
Салмон (розияллоҳу анҳу)нинг Ибн Ислом деб номланиши боиси, замондошлари: “Сиз кимсиз?” деб сўрашса, у зот: “Мен Ислом фарзандиман! Мен Одам (алайҳиссалом)нинг фарзандлариданман”, дея жавоб қайтарган.
Ҳам Инжил, ҳам Қуръонни тўлиқ ёд олгани учун “Икки Китоб соҳиби” номини олган. Шунингдек, Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Салмон Форсийни “Луқмони Ҳаким” деб чақирганлари ҳам машҳур.
Манбаларга кўра, Салмон Форсий Исфаҳон яқинидаги Жайян деган қишлоқда, бир маълумотда эса Ромаҳурмуз деган жойда туғилгани қайд этилади (“Мўъжамул булдон”). Ота-онаси ҳақида маълумот деярли учрамайди. Мусулмон бўлганидан сўнг Мадинада уйлангани ва аёлининг исми Буқайра экани айтилади. “Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Салмон билан Абу Дардони биродар қилдилар” (Имом Бухорий).
Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай хушхабар бердилар: “Жаннат уч кишига муштоқ бўлиб турибди: Али, Аммор ва Салмонга”.

 Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) ўз меҳнати билан бирор нарса топса, гўшт ёки балиқ сотиб олар ва касал одамларни чақириб, улар билан бирга ер эди.

У зотдан Анас, Каъб ибн Ужра, Ибн Аббос, Абу Саъид, Абу Туфайл, Умму Дардо (розияллоҳу анҳум) бир қанча буюк саҳобалар, Абу Усмон Наҳдий, Ториқ ибн Шиҳоб, Саид ибн Ваҳб, Абдураҳмон Нахаъий каби тобеинлар ҳадис ривоят қилишган. Имом Бухорийда 4 та, Имом Муслимда эса
3 та ҳадиси келтирилади.
Салмон Форсий Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) даврида ҳижрий 35-йили Мадоинда вафот этган. Жанозасини Али ибн Абу Толиб ўқиган. Қабри Бағдод яқинидаги “Салмон тоҳир” деган мавзедадир.


Манбалар асосида Тошкент
ислом институти ўқитувчиси
Фахриддин Муҳаммад НОСИР
тайёрлади.

Видеолавҳалар

Top