www.muslimuz

www.muslimuz

Вівторок, 02 июль 2019 00:00

Булардан эҳтиёт бўлинг...

Одамлар нима учун гуноҳ ва жиноятга қўл урушади? Бунинг сабаблари кўп аммо, улар асосан жирканч, разил ишларини, Аллоҳ таоло қайтарган амалларни ҳаммадан бекитиб, одамлар кўрмайдиган жой ва вақтда, кўрмаса билмайди деб қилишади. Масалан, пора олиш ва бериш, ўғрилик, зино, ғийбат ва бошқа гуноҳлар.

Ёки яна бир тоифа борки бутун умр ўзини ёлғизман деб нохуш кайфиятда яшайди. Бироқ, инсон қоронғу ертўла ёки ғорда битта ўзи қолиб кетган тақдирда ҳам у ёлғиз бўлмайди. Ёнида камида яна 2 нафар кимдир бор... Булар фаришталар! Фаришталар ер устида, осмонда ва еру осмон оралиғида учиб юришади. Аллоҳнинг буйруқларини бажаришади. Улар овқат ҳам емайди, ухламайди, сўзлашмайди. Гуноҳ ҳам қилишмайди. Доимо Аллоҳга ибодат (хизмат) қилишади. Уларнинг сони шунақанги кўпки, буни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким айтиб беролмайди. Фаришталарнинг энг улуғлари тўртта: Жаброил, Азроил, Микоил, Исрофил. Жаброил Аллоҳнинг буйруқларини пайғамбарларга етказади. Азроил одамларнинг жонини олади. Микоил Аллоҳ берган ризқни одамларга тақсимлайди. Исрофил қиёмат бўлганини ҳаммага маълум қилади.

Ҳар бир одамнинг атрофида тўрттадан фаришта юради. Иккитаси унинг олди ва кетида юриб, турли фалокатлардан, гуноҳ ишлардан қайтариб туради. Иккитаси эса одамнинг яхши ишларини ҳам ёмон ишларини ҳам ҳеч қолдирмай ёзиб юради. Кейин ана шу ёзувларга қараб қиёмат куни ўша одамга ё мукофот, ёки жазо берилади.

Булардан ташқари китобларда қуйидаги фаришталар ҳақида ҳам сўз юритилган:

Кироман-Котибин – инсоннинг яхши ва ёмон амалларини ёзиб борувчи фаришталар.

Мункар ва Накир – инсон қазо қилиб, қабрга қўйилганда савол-жавоб ўтказадиган фаришталар.

Қўриқловчи-Фаришталар – Инсонларни олдидан, орқасида, ўнгидан, чапидан(Aллоҳнинг изни билан) ҳимоя қилувчи фаришталар.

Ризвон (а.с.) – Жаннатнинг бош фариштаси, Жаннат қўриқчиси

Молик (а.с.) – Дўзахнинг бош фариштаси.

Забония – Дўзахда гуноҳкорларни азобловчи фаришталар.

Хамалату-л-Aрш – Aршни кўтариб турувчи фаришталар.

Аллоҳнинг фаришталарига ишониш мусулмон фарзандининг иккинчи вазифаси. Шундагина у иймонли бўлади.

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Индонезиянинг собиқ президенти жаноб Сукарно Самарқанд яқинида жойлашган Имом ал-Бухорий қабрини биринчи бўлиб зиёрат қилган хорижий давлат арбоби ҳисобланади.

Жорий йилнинг 27-30 июнь кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ташкил этилган «Trisakti Tourism Award» кўргазмаси ҳамда «Indonesia Halal Expo-2019» маҳсулот ва хизматлар ярмаркасида шу ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир доирасида ўтказилган конференцияда Индонезиянинг туризм вазири, Ҳунармандчилик ва креатив саноат вазири, етакчи туристик ташкилотлар ҳамда авиакомпаниялар раҳбарлари иштирок этди. Унда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тақдимот ташкил этилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Тақдимот давомида Сукарно жаноблари Индонезия президенти сифатида 1956 йилда Собиқ Иттифоққа қилган расмий ташрифи давомида Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этилгани ва бу саёҳат давомида Ҳартанг қишлоғидаги Имом ал-Бухорий қабрини зиёрат қилишни сўрагани ёдга олинди. Жаноб Сукарно Ўзбекистонга ташриф буюрган илк зиёратчи-сайёҳ дея эътироф этилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Зиёрат туризми шўбаси бош мутахассиси Саидкомил Холхўжаевнинг сўзларига кўра, президент Сукарно юртимизга сафари сўнгида ўзбек халқини «Жауҳ ди мата, декат ди ҳати», яъни «Кўзга узоқ, қалбга яқин» маъносидаги индонез мақоли орқали таърифлаган, бугунги кунда эса, икки мамлакат ўртасидаги визасиз тизим ҳамда Тошкент-Жакарта йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши орқали муносабатлар янада мустаҳкамланганини таъкидлаган.

Бугунги кунда индонезияликлар, албатта, Индонезия давлатчилигининг асосчиси бўлган жаноб Сукарно изидан бориб, у бошлаб берган саёҳат йўналиши орқали Ўзбекистонни қайтадан кашф қилишга иштиёқманддир”, - деди конференция давомида Инонециа Ҳалал Лифестйле Cэнтер ташкилоти раиси жаноб Сапта Нирвандар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон ва Мисрни тарихий-маданий муштараклик, анъанавий дўстлик ҳамда яқин ҳамкорлик бирлаштириб туради. Мовароуннаҳр ва Миср диёрида яшаб ижод қилган олимларнинг ноёб илмий-маърифий мероси бутун мусулмон оламининг бебаҳо бойлиги ҳисобланади.

Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн Халил ас-Сисининг 2018 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига кўра амалга оширган расмий давлат ташрифи ҳамда Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад Муҳаммад Таййиб бошчилигидаги ал-Азҳар мажмуаси вакилларидан иборат нуфузли делегациянинг Ўзбекистон Президенти қабулида бўлиши, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриши икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилишига сабаб бўлди.

Айни пайтда Миср томонининг таклифига кўра, Ўзбекистон ва Мисрдаги диний соҳага оид марказлар ўртасида 2019-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”да кўзда тутилган келишувларни муҳокама қилиш ҳамда ўзаро мувофиқлаштириб олиш мақсадида Ўзбекистон делегацияси ишчи ташриф билан Қоҳира шаҳрида бўлиб турибди.

Делегация вакилларининг илк учрашуви бир минг икки юз йилдан зиёд вақт мобайнида фаолият кўрсатиб келаётган “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари шайх Аббос Солиҳ ҳамда “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари маслаҳатчиси Абдураҳмон Мусо билан бўлиб ўтди.

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов ва “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари шайх Аббос Солиҳ ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида мулоқот ўтказишди.

Учрашувда 2019 йилнинг иккинчи ярмида белгиланган ўзаро ҳамкорликдаги учрашув ва халқаро конференциялар, илмий йўналишда чоп этиши режалаштирилган китоб ва рисолалар, таълим соҳасида белгиланган келишувлар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон делегациясининг Миср Араб Республикасига сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
          Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту 
дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:
«(Ўлчов ва тарозидан) уриб қолгувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир» (Мутаффифун сураси, 1-3).

Яъни, улар шундай кимсаларки, агар ўзлари бошқалардан бирон нарса олишса, тўлиқ қилиб олишади, бошқаларга бирон нарса сотишса, уриб қолишади.
Суддий розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган вақтларида у ерда Абу Жуҳайна исмли киши бор эди. Унинг иккита «микёли» (ўлчов асбоби) бўлиб, бири билан одамларга ўлчаб берар, иккинчиси билан ўзига ўлчаб олар эди. Шу боис Аллоҳ мазкур оятни нозил қилди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Беш иш беш ишга боғлиқ». «Ё Расулуллоҳ, бири иккинчисига боғлиқ бўлган беш иш қайси?» деб сўрашди. «Қайси қавм аҳдини бузса, Аллоҳ уларга душманларини ҳукмрон қилиб қўяди. Аллоҳ нозил этган нарсадан бошқаси билан ҳукм қилса, уларда фақирлик ёйилади. Фаҳш ишлари авж олса, Аллоҳ уларга ўлат юборади, яъни ўлим кўпаяди. Ўлчов ва тарозидан уриб қолса, набототлар ўсмай, бир неча йил қурғоқчиликка дучор бўладилар. Закот бермасалар, ёмғир ёғмай қўяди», дедилар» (Табароний ривояти).

«Улар ўзларининг улуғ бир кунда – барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб қилинадиган, ўрталарида ҳукм этиладиган қиёмат) кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?!» (Мутаффифин сураси, 4-6).

Зажжож айтганларки: «Агар ўйлаганларида эди, ўлчов ва тарозидан уриб қолмаган бўлишарди».
Молик ибн Динор айтадилар: «Қўшнимнинг олдига кирдим. У ўлими яқинлашиб қолган, қайта-қайта: «Иккита оловли тоғ, иккита оловли тоғ», дер эди. Ундан: «Нима деяпсан?» деб сўраган эдим, «Эй Абу Яҳё, менинг иккита ўлчов асбобим бўлиб, бири билан ўзимга ўлчаб олар, иккинчиси билан бошқаларга ўлчаб берар эдим», деди. Ўрнимдан туриб ўлчов асбобининг бири билан иккинчисини ура бошладим. Шунда у: «Эй Абу Яҳё, бири билан иккинчисини урганингиз сайин, иш – ҳолатим жиддийлашиб, қийинлашиб кетяпти», деди. У кейинроқ шу касали сабабли вафот этди».

Бировларнинг ҳақидан уриб қолиш ўғирлик, хиёнат ва ҳаром ейишнинг бир кўриниши бўлиб, бу ишни қилганларга Аллоҳ «вайл» билан таҳдид солди. Вайл – шиддатли азоб, бошқа бир ривоятда айтилишича, жаҳаннамдаги водий бўлиб. Агар унга дунёдаги тоғлар
туширилса, ҳарорати юқорилиги боис тошларини эритиб юборади.

Салафлардан бири айтган экан: «Ҳар бир (ўлчов асбобида) ўлчовчи ва (тарозида) тортувчи кишининг дўзахий эканлигига гувоҳлик бераман. Чунки Аллоҳ сақлаганлардан ташқари бирон кимса саломат қолмайди бундан».

Солиҳлардан яна бири айтади: «Бир беморни кўргани бордим. Ўлими яқинлашиб, ўзини билмай ётган экан. Унга ҳар қанча «Шаҳодат» калимасини талқин қилсам ҳам, тили ҳеч айланмасди. Ўзига келгач: «Биродар, шаҳодатни шунча талқин қилсам ҳам, тилингиз сира айланмади-я. Тинчликми ўзи?» деб сўраган эдим, «Тарозининг тили (палласи) тилимни босиб, гапиртирмай қўйди», деди. «Нима, тарозидан уриб қолармидингиз?» дея сўраган эдим, «Йўқ, Аллоҳга қасамки, ундай эмас. Бироқ вақтида тарозимнинг тўғрилигини текшириб турмас эдим», деб жавоб берди».

Тарозининг тўғрилигига эътибор бермаган кишининг ҳоли шу бўлса, уриб қоладиганларнинг аҳволи қандай бўлар экан?!

Нофиʼ розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ибн Умар розияллоҳу анҳумо сотувчининг олдидан ўтатуриб: «Аллоҳдан қўрқ, ўлчов ва тарозини тўғри қил. Чунки уриб қолувчилар терлари то қулоқларининг ярмигача кўмиб юбормагунича тўхтатиб туриладилар», дедилар.
Салафлардан бири айтган экан: «Кам қилиб берган битта дони сабабли кенглиги осмонлару ерча келадиган жаннатни сотиб юборган кимсага вайл бўлсин. Ортиқча олган битта дони сабабли вайлни сотиб олган кимсанинг ҳолига вой бўлсин».

Аллоҳ таолодан афв ва барча балою офатлардан офият тилаймиз. Албатта, У саховатли, марҳаматли зотдир.

Имом Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий
“Гуноҳи кабиралар” китобидан

Вівторок, 02 июль 2019 00:00

НАМОЗДА БЕЛ ОЧИЛИБ ҚОЛИШИ

186-CАВОЛ:
Бир отахон намозда бел очилиб қолса намоз бузилади, дедилар. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Намоз дуруст бўлиши учун аврат аъзоларининг барчаси ёпиқ бўлиши шарт. Чунки, аврат ёпилиши намознинг фарзларидан бири ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

يَا بَنِي آَدَمَ خُذُوا زِينَتَكُمْ عِنْدَ كُلِّ مَسْجِدٍ

яъни: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!” (Аъроф сураси, 31-оят).
Маълумки, намоздаги бирор бир фарз амал бажарилмаса намоз дуруст бўлмайди. Эркак киши намозда киндигининг остидан бошлаб тиззасининг остигача ёпиши фарздир (Манба: “Шарҳун нуқоя”).

Уламоларимиз аврат аъзолардан бирининг тўртдан бир қисми бир муддат очилиб қолса намоз бузилади, деганлар. Бунда аёл кишининг соқи (яъни болдири), эркак кишининг сони алоҳида аъзо ҳисобланади. Бир муддат миқдори эса уч марта тасбеҳ айтиш миқдорича экани билан изоҳланган (манба: “Ҳошиятут-Таҳтовий”).
Ҳозирги пайтда эса баъзи ёшлар калта ва тор кўйлак билан намоз ўқиб, руку ва саждага борганларида мана шу аъзоларининг тўртдан бири тугул ярмидан кўпроғи кўриниб қолиб, натижада шунча ҳаракат қилиб ўқиётган намозлари ўзлари билмаган ҳолда бузилишига олиб келмоқда. Бу ҳам етмагандай орқа сафдаги намозхонларнинг кўзлари аврат аъзоларга тушишига сабабчи бўлмоқдалар.

Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда баъзилар калта шим (шортик)да намоз ўқимоқдалар. Ундай калта кийимда белни ёпганда, тизза очилиб қолиши, тиззани ёпганда эса бел очилиб қолиши табиий. Ваҳоланки, тиззанинг ўзи ҳам аврат аъзо ҳисобланиб, уни тўртдан бирини очилиб қолиши намозни бузади.
Шунинг учун ҳар бир намозхон ўзига қулай бўлган ва аврат аъзоларни ёпадиган кенг ҳамда узун кийимда намоз ўқиши динимиз талабидир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

Савол йўллаш
http://savollar.muslim.uz
@SavollarMuslimUzBot

 

Видеолавҳалар

Top