muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 04 Январь 2018 00:00

Ўзбекистонда Қуръон чоп этилади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда мусҳафи шариф Миср Араб Республикасидаги “Дорус-салом” нашриётининг расмий ижозати билан “Ҳилол” нашриёти томонидан чоп этилмоқда.

 

Китобнинг дастлабки саҳифалари чоп қилинган бўлиб, маросимга Зоҳиджон домла Қодиров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Абдулҳамид Турсунов, Ўзбекистон қорилари мусобақаси бўйича ЎМИ қошидаги ҳайъат раиси Абдулҳаким қори Матқулов, ҳайъат аъзоси Ҳасанхон қори Абдулмажид, “Фатҳ” жомеъ масжидининг имом-хатиб Баҳодир қори Раҳматуллоҳ ва бошқа меҳмонлар иштирок этган.

 

Қуръони Карим тиловатидан сўнг, хайрли ишнинг бардавом бўлишини тилаб хайрли дуолар қилинган. Чоп этиш дастгоҳлар ишга туширилиб, Қуръони Каримнинг дастлабки саҳифалари босилди.

 

“Ҳилол” нашриётига шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан асос солинган бўлиб, босмахонада Қуръони Каримни чоп қилиш ишлари 3 январь куни бошланган.

 

Манба: info.islom.uz

Саъд ибн абу Ваққос

Жиззах вилоятининг  Ғаллаорол туманидаги Авлиё, Навоий вилоятининг Кармана туманидаги Уйрот, Нурота туманидаги Синтоб, Қизилтепа туманидаги Зарметан қишлоқларида, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ҳам Саъд ибн Молик ибн Абу Ваққосга нисбат берилган мақбаралар бор. Зарметандагиси «Саъди Ваққос», Синтоб ва Уйротдагилари «Сабр» ва «Хожа Сабр» деб аталади.

Саналган зиёратгоҳлар маҳаллий аҳоли ўртасида машҳур. Энг ободи ва сўлими Ғаллаоролда.

Саъд ибн Молик отасининг куняси Абу Ваққос номи билан танилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва аллам у кишининг тоғасидир.

Бу зот жаннат башорати берилган ўн саҳобийдан бири ва энг кейин вафот этгани.  Илк муҳожирларданлиги, араблардан биринчи бўлиб Аллоҳ йўлида курашга киргани, Бадр, Уҳуд майдонларидаги ғайрати, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қўриқчилик қилгани, дуоси қабул зот деб шарафлангани, Куфа ва Басра шаҳарларининг қурилиши асосчиси экани Ислом оламидаги нуфузидан ёрқин далолатлардир. Асл қабри Мадина шаҳридаги Жаннатул Бақиъ қабристонида.

 

АБУ УБАЙДА ИБН ЖАРРОҲ

Навоий вилоятининг Нурота шаҳри ва Хатирчи туманидан ўтувчи Шовот анҳори соҳилида ва Қарши шаҳрида Хожа Жарроҳ бобога нисбат берилувчи қабрлар бор. Халқ орасида у киши ҳақидаги турли ҳикоялар машҳур.

Айрим оғзаки баёнларда «Убайд», «Убайдулло» сифатида талқин этилади. «Жарроҳ» сифатини тиббий жарроҳ деб тушуниш хатодир.

Абу Убайда ибн Жарроҳ саҳобийлардан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни «амин»  (ўта ишончли) деб улуғлаганлар.

Тўлиқ исми шарифи Омир ибн Абдуллоҳ ибн Жарроҳ. Бу зотга ҳам жаннат башорати берилган.

Омир ибн Абдуллоҳ ўн еттинчи ҳижрий сананинг охири Шомда волий бўлади. Иттифоқо, бу ерда оғир вабо тарқалади. Халифа Умар розияллоҳу анҳу бу ҳолдан хабардор бўлиб, мактуб йўллаб Ўрдунда турган волийни хавфсиз жойга чақиртиради, аммо у киши халқни ташлаб кетиб, ўзини қутқармайди. Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вабо ҳақидаги ҳадисларига биноан ўша жойда қолиб, вафот этади. Қабри Ўрдунда. Мовароуннаҳрга сафарлари ҳақида маълумот йўқ. Хатирчи, Қарши ва Нуротадаги қабрлар рамзийдир.

 

АБУ САИД ХУДРИЙ

Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги Хўжақул Эшон қишлоғида Худрий розияллоҳу анҳуга нисбат бериладиган зиёратгоҳ бор. Қабр ва қадимий ҳужранинг ўрни сақланган. Мозор устига туғ кўтарилган. Валий зот сифатида эҳтиром этилади. Маҳаллий халқ «Кўпин ота» деб ҳам атайди. Аслида Куфий бўлса керак.

1967 йили шу қишлоқлик мулло Мўмин бобонинг ташаббуси билан Тошкентдан, диний идорадан борган Исмоил махдум домла тошдаги ёзувларни ўқиб, Муҳаммад Худрийга мансуб эканини ва ҳадис олими бўлганини аниқлайди.

Ҳақиқатда, Худрий машҳур ровий бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан 1170 та ҳадис ривоят қилган. Лекин манбаларда «Абу Саид» деб ёзилган ва «Муҳаммад» деб эътироф этилмаган.

Аниқлик киритувчи манба топилмагани сабабидан Муҳаммад Худрий ва Абу Саид Худрий бир шахс бўлса керак, деб тахмин қилинади.

 

ҲАЗРАТ УККОША

Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги Баҳрин қишлоғида ҳазрат Уккошага нисбат бериладиган мақбара бор. У «Эсовой» деб аталувчи тепалик устида.

Узоқ йиллар давомида азизланиб, зиёрат этилиб келинаётган бу жой мустақиллик йилларида обод этилди. Маҳаллий халқ ҳашар йўли билан хайрли ишларни амалга оширди.

Тошкент шаҳрининг ҳозирги ЖАР спорт мажмуаси ўрнида ҳам бу зотга нисбат берилган булоқ ва зиёратгоҳ бўлган.

Ҳазрат Уккошанинг тўлиқ исми шарифи Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Мукошафатул қулуб» асарининг иккинчи жилдидаги изоҳлар бўлимида «Уккоша ибн Миҳсон Асадий» деб кўрсатилган.

Ҳазрат Уккоша розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эътиборида ва илтифотида экани бир нечта ҳадисда таъкидланган. Баъзи манбаларда Бадр муҳорабасида қатнашгани айтилади.

 

Суюндик МУСТАФОЕВ тайёрлади

2018 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Вазирлар Маҳкамаси комплекслари фаолиятини таҳлил қилиш ва янги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этган.

 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳукумат аппарати қайта шакллантирилган эди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси ҳамда Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси ташкил этилганди.

 

Йиғилишда мазкур икки комплекснинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлил қилиниб, 2018 йилга мўлжалланган режалари ва энг устувор вазифалари муҳокама этилган.

 

Президентимиз кун тартибидаги масалага танқидий ёндашиб, аксарият ташкилотлар ўз фаолиятини замон талаблари даражасида ташкил эта олмаётгани, қабул қилинган қарор ва дастурларни бажаришда сусткашликка йўл қўяётганини таъкидлади.

 

“Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, ижро органлари ишидаги ўзгаришларни жойларда одамлар сезиши керак. Бунинг учун қуйи бўғиндаги ишлар самарадорлигини ошириш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш барча раҳбар ва мутасаддилар фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур”, деди Шавкат Мирзиёев.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси замонавий давлатчилигимизда улкан ўзгариш ясаган тарихий воқеа бўлди. Унда 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни билан бирга мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.

 

Йиғилишда Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар олдида турган муҳим вазифалари ҳақида сўз юритилди. Амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди.

 

Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, мактаб таълими сифатини ошириш, тест синовлари ва олий ўқув юртлари фаолиятини такомиллаштириш, спортчиларнинг бўлғуси мусобақаларга тайёрлаш борасидаги ишларга эътибор қаратилди. Соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ вазифаларга тўхталиб ўтилди.

 

Йиғилишда иқтисодиёт соҳа ва тармоқларининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жумладан, қатъий пул-валюта сиёсатини юритиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини кучайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, замонавий саноат корхоналари барпо этиш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш каби масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Шарқу Ғарб адиблари яратган бадиий ва илмий асарларда Амир Темурнинг буюк сиймоси, ажойиб фазилатлари акс эттирилган. Бундай асарларга Низомиддин Шомий ва Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома”лари, Ғиёсиддин Али Яздийнинг “Китоби рўзномои ғазовоти Ҳиндистон”, Ибн Арабшоҳнинг “Темур тарихида тақдир ажойиботлари”, Ҳерман Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи”, Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома” асарлари, Клавихонинг “Кундалик”ларини мисол қилиб келтирсак бўлади. Аммо Соҳибқирон шахси, фазилатлари ва дунёқарашини “Темур тузуклари”дек тасвирлаб бера оладиган манба бўлмаса керак.

Асарда келтирилишича, Соҳибқирон Сейистон жангида (1362 й.) қўл-оёғи яраланиб, икки ой ётиб қолади. Амир Темур Яратгандан ёлвориб сўрайди: “Ўша кеча жума туни эди, тонг отгунча Аллоҳдан мадад сўраб, ухламай чиқдим. Тонг отгач бомдод намозини ўтадим, сўнг қўлимни дуога очган эдим, кўзларим ёшланди. Юрагим бўшашди. Тангри таолога ёлвориб, бу сарсонликдан қутқаришини тиладим”. Аллоҳ таолога ихлос билан қилган илтижолари ижобат бўлди. Соҳибқирон зафарли курашлар олиб борди ва мўғулларни енгиб, буюк салтанат барпо этди. Бу муваффақиятлар замирида чин ихлос бор эди.

Меҳрибонлик, хокисорлик, очиқ юзлилик, қатъият, ҳақиқатгўйлик каби фазилатлар Амир Темур ютуқларининг калитларидандир. Эзгулик душманни ҳам дўстга айлантириши ҳақида у бундай ўгит беради: “Давлатим ва салтанатим қуёши кўтарилиб келаётган вақтда менга илтижо қилиб келган одамлар, хоҳ менга яхшилик қилган бўлсинлар, хоҳ ёмонлик, салтанат тахтига ўтирганимдан кейин уларни хайр-эҳсонларим билан хижолатга қўйдим. Мардлик, жасурлик билан давлатни ташкил этиб, жабр-зулмдан узоқроқ бўлишга интилдим”.

Соҳибқирон садоқат, қатъият ва адолатпарварлик каби фазилатларни улуғлаган. Иккиюзламачилик, мунофиқлик каби разил одатларга нафрат кўзи билан қараган. “Тузуклар”да бундай ҳикоя қилинади: “Тажрибамдан кўрдим, ақлли душман жоҳилу нодон дўстдан яхшироқ экан. Чунончи, Амир Қозоғоннинг набираси амир Ҳусайн нодон дўстлардан эди”. Амир Ҳусайн Амир Темурнинг муваффақиятларига эгалик қилиш учун ўзини гўё дўст қилиб кўрсатади. Шундай бўлса-да, Соҳибқирон уни кўп бора кечириб юборади.

Халққа доим меҳр-мурувватли бўлган бу зот адолат ва ҳақиқат учун курашди, салтанатни ҳам ана шу мустаҳкам асосга қурди: “Ҳар ернинг ҳокимлари ғаразгўй, туҳматчи ва нафси бузуқ кишиларнинг туҳмат сўзлари билан катта ва кичик шаҳарлар аҳолисидан ҳеч кимга жарима солмасинлар. Фақат бировнинг гуноҳи тўрт кишининг гувоҳлик бериши билан исботланса, гуноҳига яраша жарима солинсин”. Ибн Арабшоҳ “Темур тарихида тақдир ажойиботлари” асарида бундай маълумотни келтиради: “У ҳазил-мазах ва ёлғонни ёқтирмас, ўйинга-ю кўнгилхушликка майлсиз, гарчи ўзига озор етадиган бирон нарса бўлса ҳам, садоқат унга ёқар эди... Жасоратлиларни, довюрак ва мардларни ёқтирар эди. У хатосиз фикрловчи, ажойиб фаросатли, мислсиз бахтли, улуғворлиги ўзига мувофиқ, қатъий азм билан сўзловчи, бошига кулфат тушганида ҳам ҳақни сўзловчи киши эди”.

Хушмуомалалик, сабр-матонатлилик, одиллик каби сифатларни ўзида мужассам қилган Соҳибқирон бошқа амалдорлардан ҳам шундай фазилатларни талаб қилган. Масалан, вазирлик мансаби бериладиган киши хушмуомала, тинчликсевар, халқпарвар ва ақл-фаросатли бўлмоғи керак эди. Амир Темур ҳасадчи, кек сақловчи, қора ниятли, ғийбатчи, зулмкор, разил, хулқи бузуқ кишиларни ниҳоятда ёмон кўрган, уларни ҳатто навкарликка ҳам олмаган. Жамиятда бир қатор ислоҳотлар ўтказиб, кўпгина бузуқ одатларга барҳам берган.

Соҳибқирон бобомизнинг буюк ишлари дунё тамаддунига улкан ҳисса бўлиб қўшилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида Амир Темур бобомизнинг маънавий фазилатларига тўхталар экан: “Тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илм-фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди” деб ёзган эди. Ҳақиқатан, халқига, Ватанига муносиб хизмат қилган Соҳибқироннинг фазилатлари биз авлодларга намунадир.

 

Обиджон ТАНГИРОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

Середа, 03 Январь 2018 00:00

КАЪБ ИБН МОЛИК

        Абдураҳмон РАЪФАТ ПОШО

Kаъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ансорийларнинг улуғларидан, Ясрибда катта эътибор ва обрў топган кишилардан эди. У Ақоба куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан аҳдлашиб, мусулмон бўлди. Фахри коинотнинг Бадр ва Табукдан бошқа юришларида қатнашди. Каъб ибн Молик Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ўнлаб ҳадис ривоят қилган. Маккада вафот этган.

Уҳуд куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом яраландилар. Шу пайт кимдир: «Муҳаммад ўлди!» деб бақирди. Шу чоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар томон кела бошладилар. У зот алайҳиссаломни биринчи бўлиб Каъб ибн Молик таниб қолди ва баланд овозда: «Эй мусулмонлар, суюнчи! Расулуллоҳ тириклар!» деб қичқирди. Расулуллоҳ алайҳиссалом унга: «Жим!» ишорасини қилдилар. Мусулмонлар атрофида тўпланишди. Кейин биргалашиб, тоққа кўтарилишди.

 

* * *

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у масжидда ибн Абу Ҳадраддан қарзини беришини талаб қилди. Шунда икковларининг овозлари кўтарилди. Шовқинни ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйининг ичида туриб эшитдилар. Кейин  ҳужралари пардасини очиб: «Эй Каъб!» деб чақирдилар. «Лаббай, ё Расулуллоҳ!» деди у. «Қарздан бунчасини кеч», деб унинг ярмига ишора қилдилар. «Шундай қилганим бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули», деди. Кейин Расулуллоҳ Ибн Абу Ҳадрадга: «Тур, қарзни адо эт», дедилар (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий ривояти).

 

* * *

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Табук сафари мевали дарахтлар соя солиб, бу манзара одамга ёқадиган пайтга тўғри келди. Менинг бундай роҳат-фароғатларга мойиллигим бор эди. Эрта тонгдан у зот ёнига тайёргарлик қилиш учун борардим-у, лекин ҳеч нарса қилмай қайтиб келар эдим. Хизмат қилиб юравердим. Мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга жўнашди. Мен эса йўлга тайёр эмасдим. Уларга орқадан етиб олишни ҳам ўйладим, аммо бу ҳам менга насиб қилмади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Табукдан қайтаётгани хабари келганида мени ғам босди. баҳона излашга тушдим: эртага нима деб у зотнинг ғазабидан қутулиб қолсам экан деб ўйлай бошладим. Ақлли кишилардан ёрдам сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келганлари маълум бўлганида мени ёмон хаёллар тарк этди. Охири рост гапиришга аҳд қилдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эрта тонгда шаҳарга кириб келдилар. Сафардан қайтсалар, олдин масжидга кириб икки ракат намоз ўқир, сўнгра одамлар билан учрашар эдилар. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Жойларига келиб ўтирганларида Табукка бормай қолганлар у зотга узр айта бошлашди. Мен ҳам у зот ҳузурларига келиб, салом бердим. Менга сал ғазабнок ҳолатда табассум қилдилар. Сўнгра: «Кел», дедилар. Мен қаршиларига ўтирдим. У зот бормаганим сабабини сўраганларида: «Аллоҳга қасам, менда узр йўқ», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рост гапирдинг, тур, то Аллоҳнинг ҳукми келгунича кут», дедилар.

Яна икки кишига шундай жавоб айтилди. Учовимизга одамлар билан гаплашиш тақиқланди. Шу азобда эллик кунни ўтказдик.

Мадина бозорида юрсам, шаҳарга дон сотгани келган Шом деҳқонларидан бири: «Ким менга Каъб ибн Моликни кўрсатиб қўяди?» деди. Одамлар менга ишора қилишди. У олдимга келиб, Ғассон подшоҳи битган мактубни узатди. Унда бундай деб ёзилган эди: «Бизга хабар етди, дўстинг сенга жафо қилибди. Ҳузуримизга кел, биз сенга тасалли берамиз». Мактубни ўқигач: «Бу бир фитна», дедим ва ёқиб юбордим.

Эллигинчи куни уйда бомдодни ўқидим. Намоздан сўнг Аллоҳни зикр қилдим. Юрагим сиқилиб, кенг ер торайиб кетгандек бўлиб турган пайтда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бир тепаликда туриб, баланд овозда: «Эй Каъб ибн Молик, хурсандлик хабари!» деб бақирганини эшитдим. Аллоҳ таоло «Яна қолган уч кишининг ҳам (тавбаларини қабул этди). Уларга кенг ер торлик қилган, юраклари танг бўлган ва Аллоҳ (ғазаби)дан фақат Унинг Ўзига қочиш билан паноҳ топилишини билишганидан сўнг улар тавба қилувчилардан бўлишлари учун Аллоҳ тавбаларини қабул этди» (Тавба, 118) оятини туширган эди. Бир киши олдимга от чоптириб келди. Аслам қабиласидан яна бир киши пиёда келди. Бу киши тоғ ошиб келиб, баланд овоз билан хушхабар берди. Севинганимдан унга устки кийимларимни ечиб, кийдириб қўйдим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига жўнадим. Одамлар йўлда тавбам қабул бўлгани билан мени табриклашарди.

Масжидга кирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофида одам кўп экан. Шунда Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу мен билан қўшқўллаб сўрашди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берсам, хурсанд бўлганларидан юзлари ёришди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ўтириб: “Албатта, Аллоҳ ростгўйлигим сабабидан нажот берди. Энди тавбамнинг натижаси ўлароқ, умримнинг қолган қисмида фақат рост гапираман...” дедим (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

 

Аҳмад МУҲАММАД таржима қилди

Видеолавҳалар

Top