www.muslimuz
Фитр садақа ва фидя миқдори эълон қилинди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2020 йилги фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилинди.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Маълумки, фитр садақаси моли закот нисобига етган мусулмон киши томонидан мискинларга берилиши вожиб бўлган садақа бўлиб, уни ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, Рамазон ойи давомида бериш мақсадга мувофиқдир.
Фитр садақаси Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида баён этилган қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади. Улар: буғдойдан ярим соъ, арпадан бир соъ, майиздан ярим соъ ва хурмодан бир соъдир. Бир соъ тақрибан (≈) 4 килограммга тенг.
Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг. буғдой ўртача тўрт минг сўм, 1 кг. арпа ўртача уч минг сўм, 1 кг. майиз ўртача ўттиз беш минг сўм ва 1 кг. хурмо ўртача ўттиз минг сўм экани маълум бўлди.
Шунга кўра, 2020 йил (1441 ҳ.) учун ФИТР садақасининг миқдори:
≈ 2 килограмм буғдой 8 000 (саккиз минг) сўм;
≈ 4 килограмм арпа 12 000 (ўн икки минг) сўм;
≈ 2 килограмм майиз 70 000 (етмиш минг) сўм;
≈ 4 килограмм хурмо 120 000 (бир юз йигирма минг) сўм деб белгилансин.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.
Бу йилги ФИДЯ миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 20 000 (йигирма минг) сўм, деб белгилансин!
Эслатма: Мазкур фитр садақасининг қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланди. Ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Кўринмас душман: Мусулмон дангаса бўлмайди
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин, Аллоҳ таолога кучсиз мўминдан суюклироқдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадисда дангаса, ғайратсиз, заиф мўминдан кўра, жисми бақувват, ҳаракатчан, ибодатда ғайратли мўмин Аллоҳ таолога бандалари ичида севимли эканлиги маълум бўлмоқда.
Уламолар ҳадис умумий маънода келганлиги боис ушбу ҳадисдаги кучли мўминдан мурод – дин ва дунё ишларида, деб ҳам шарҳлаганлар. Бироқ, агар инсон диний ва дунёвий манфаатларга бир вақтнинг ўзида рўбарў келса, албатта, диний манфаатни биринчи ўринга қўйиши керак. Чунки агар динда тўғри бўлса, дунёси ҳам тўғри бўлади. Агар дунё динни бузиш билан тўғриланса, шубҳасиз у дунё инсонни бузувчига айланади.
Шу билан бир қаторда, кучли мўминдан мурод – куч-қувватини бекорчи, ўзига ва динига фойда бермайдган ишлар билан машғул бўлмасдан балки, ўзига ва ўзгаларга манфаат берувчи ишлар билан машғул бўлишига ҳам ишорадир. Шундай экан кучли мўмин вақтини қадрлаб, ундан тўғри фойдаланишда ҳарис бўлади.
Саҳобалар розияллоҳу анҳум ҳаётига назар солар эканмиз баъзилари тинимсиз Қуръон ўқишлари, бошқалари эса туни билан ухламай ибодат қилиб чиқишлари ёки кўп рўза тутишларини билиб оламиз. Бу эса уларнинг кучли мўмин бўлишлари билан бир қаторда, вақтларини зое кетказишдан қўрққанларидан деб, билишимиз мумкин бўлади.
Мисол учун Абдуллоҳ бин Амр розияллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам: “Ҳар бир ойда уч кун рўза тутиш билан кифоялангин”, дедилар. Абдуллоҳ: “Ё Аллоҳнинг Расули, мен қувватлироқман”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам унга Довуд алайҳиссаломнинг тутган (кунора) рўзаларига далолат қилиб, зиёда қилиб бердилар.
Қолаверса, ҳадисларда касб борасида гапирилар экан инсонни ғайратга даъват қилиб, гарчанд тоғлардан ўтин олиб келиб, уни сотиб кун кечириш, бирор-бир кишидан ҳожатманд бўлиб, сўраб олгандан яхшилиги тўғрисида ишоралар бор. Бу эса мусулмон кишига доимо ҳаётда фаол ва ҳаракатчан бўлиши лозимлигига ишорадир.
Ҳадиси қудусийда бундай дейилади: “Бандам унга яхши кўрганим фарз қилган ишларимни қилиш билан менга яқинлашади. Сўнг бандам нафл амалларни қилиш билан яқинлашишда давом этади. Ҳатто мен уни яхши кўраман. Агар мен уни яхши кўрсам, унинг эшитадиган қулоғига, кўрадиган кўзига ва ушлайдиган қўлига айланаман. Агар бандам мендан сўраса, албатта, унга сўраган нарсасини бераман, агар паноҳ сўраса, уни паноҳимда асрайман” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ушбу ҳадиси қудусийда ҳам барча фарз ва нафл бўлган ибодатларни бажаришда фаол бўлган бандани Аллоҳ севиши ҳамда у билан доимо бирга бўлиши маълум бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг розилиги, дин хизмати ва мўмин-мусулмонлар манфаати йўлида серғайрат бўлувчи севимли бандаларидан қилсин.
Яҳё АБДУРАҲМАНОВ Убайдуллоҳ ўғли,
“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби.
НАМОЗНИ ЖАМОАТ БЎЛИБ АДО ЭТИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
❓365-CАВОЛ: Ҳозирги кунда карантин сабабли масжидлар ёпилган. Кўпчилик уйда ибодат қиляпти. Мен жамоат билан ўқилган намозга 27 марта кўп савоб беришини эшитганман. Шунинг учун жамоат бўлиб намоз ўқиш қонун-қоидаларини тушунтириб берсангиз? Илтимос.
? ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Дарҳақиқат, ёлғиз ўқилган намозга битта савоб берилса, жамоат бўлиб ўқилган намозга йигирма етти баробар кўп савоб берилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:
"صَلاَةُ الْجَمَاعَةِ تَفْضُلُ صَلاَةَ الْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِيْنَ دَرَجَةً "
(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم عن عبد الله بن عمر رضي الله عنهما).
яъни: “Жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража устундир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Демак, кўп савоб оламан деган киши албатта, жамоат бўлиб намоз ўқишга ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқдир.
▪️Жамоатнинг адади. Барча уламоларимизнинг наздида жамоат бўлиш учун икки киши кифоя қилади. Бири имом бўлади. Иккинчиси иқтидо қилади. Икки кишига ҳам жамоатнинг савоби берилади. “Ал-мавсуъатул-фиқҳийя” китобида бу ҳақда шундай дейилган:
اتّفق الفقهاء على أنّ أقلّ عدد تنعقد به الجماعة اثنان، وهو أن يكون مع الإمام واحد،
فيحصل لهما فضل الجماعة
яъни: “Уламолар жамоат ҳосил бўладиган энг кам адад икки киши эканига иттифоқ қилганлар. Яъни имом билан яна бир киши бўлса, улар учун жамоатнинг фазилати ҳосил бўлади”.
Жамоат қанча кўп бўлса, ажр-савоби ҳам шунча кўпайиши ҳадиси шарифларда баён қилинган.
▪️Жамоат имомининг вазифаси. Имом барча намозларда ҳар бир “Аллоҳу акбар” лафзини овоз чиқариб айтади. Бомдод, Шом ва Хуфтон намозларида, шунингдек Рамазон ойидаги Таровиҳ ва Витр намозларида овозини чиқариб қироат қилади. Пешин ва Аср намозларида эса, овозини чиқармасдан қироат қилади. Имом рукудан қайтганда “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”ни ўзини айтади. “Роббана лакал ҳамд”ни айтмайди. Имом намозни охиридаги “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”ни овоз чиқариб айтади. Имомга аёл киши иқтидо қиладиган бўлса, имом қалбидан унга имом бўлаётганини ўтказиб қўяди. Имом бўлган кишида асосан мазкур ўзгаришлар бўлади. Қолган барча амалларни ёлғиз ўқиганида қандай бажарса, имомликда ҳам худди шундай адо этади.
▪️Имомга эргашганнинг вазифаси. Иқтидо қилган киши ният пайтида “ушбу имомга иқтидо қилдим” деган маънодаги жумлани ниятига қўшади. Намозга “Аллоҳу акбар” деб киришгандан кейин “Субҳанакаллоҳумма...”ни ўқиб, жим туради.
Қироат қилмайди. Имом “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”ни айтса, иқтидо қилувчи “Роббана! Лакал ҳамд”ни айтади. Иқтидо қилувчи барча амалларни имомдан кейин бажаради. Иқтидо қилувчи қолган барча амалларни ёлғиз ўқиганида қандай бажарса, иқтидо қилганда ҳам худди шундай адо этади.
▪️Имомнинг орқасида туриш тартиби. Агар имомга бир эркак иқтидо қилса, гарча у балоғатга етмаган ёш бола бўлса ҳам имомнинг ўнг тарафида туради. Бунда унинг оёғини бармоқлари имомнинг товонини баробарида бўлади.
Икки ва ундан ортиқ эркаклар иқтидо қилса, имомнинг орқасида алоҳида сафда турадилар.
Имомга бир ёки ундан ортиқ аёл иқтидо қилса, гарча у балоғатга етмаган ёш қиз бўлса ҳам имомнинг орқасида алоҳида сафда туради.
Иқтидо қилувчилар бир эркак ва бир аёл бўлса, гарчи улар балоғатга етмаган ёш бўлса ҳам, бир эркак имомнинг ўнг томонида туради. Бир аёл эса, иқтидо қилувчи эркакдан бир саф орқада туради.
Иқтидо қилувчилар эркаклар, балоғатга етмаган ўғил болалар, аёллар ва балоғатга етмаган қиз болалар бўлсалар. Биринчи сафда эркаклар, иккинчи сафда балоғатга етмаган ўғил болалар, учинчи сафда аёллар ва тўртинчи сафда балоғатга етмаган қиз болалар турадилар.
Аёлларнинг ўзлари жамоат бўлиб ўқиши макруҳ, чунки имом эркак бўлиши шартдир. (“Ал-Фатовол ҳиндийя” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar
Савол йўллаш
? @SavollarMuslimUzBot
РАМАЗОН ОЙИДА САВОЛ-ЖАВОБ БОТИ 7 / 24 ТАРТИБИДА ИШЛАЙДИ
Муборак Рамазон ойида рўза, закот ва бошқа ибодатларга доир саволлар кўпаяди. Шуни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг @SavollarMuslimUzBot телеграм ботининг фаолияти ҳар куни 24 соат давоми ташкил қилинди.
Машҳур тобеин Муҳаммад Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ “Албатта, бу илм – диндир! Уни кимдан олаётганингизга эътибор беринг!” деганлар.
Шунга биноан, ватандошларимиз расмий ва ишончли манбадан жавоб олишлари учун юқорида зикр қилинган савол-жавоб ботига йўлланган саволларга Фатво масаласида кўп йиллик тажрибага эга бўлган мутахассислар жавоб берадилар.
? Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг долзарб мавзулардаги фатволари ва савол-жавобларини http://www.fatvo.uz/ сайти ҳамда https://t.me/diniysavollar телеграм канали орқали ҳам кузатиб боришингиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
Саҳарлик қилишнинг 6 фазилати
Саҳарлик – баракадир.
Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда: “Албатта, саҳарлик баракадир”, дедилар” (Имом Насоий ривояти).
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш – баракадир, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барака жамоат ва саҳарликдадир”, дедилар (Имом Табароний ривояти)
Саҳарлик қилиш Набий алайҳиссаломнинг суннатларидандир.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга саҳарлик қилдим. Сўнгра у зот бомдод намозига турдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб: “Барака дастурхони сари шошилгин”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти).
Саҳарлик – Ислом умматини аҳли китобдан ажратиб турувчи амаллардан бири ҳамдир.
Бу ҳақда Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик қилишдадир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Саҳарлик қилиш фазилатларидан яна бири унда дуо қабул бўлувчи вақт бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда: “Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам”, дейди», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига ноил қилади. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳмати бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Саҳарликда хурмо истеъмол қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни насиб этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади.