www.muslimuz

www.muslimuz

Динимизда инсонлардаги ғайрат, шижоат сингари сифатлар қадрланади ва унга тарғиб қилинади. Жумладан, буюк бобакалонимиз, ҳадис мулкининг султони Имом ал-Бухорий ҳазратлари ҳам ушбу фазилат билан сифатланганлар. Айниқса, у зотнинг ҳадис жамлашдаги ғайрат ва шижоатлари таҳсинга сазовордир. Улуғ алломалардан Ал-Муборакфурий айтадилар: “Имом ал-Бухорий машаққатларга чидамли, ишда тиришқоқ бўлиб, ўз қўлларидан келадиган юмушни бировга юклашни хушламас эканлар”.

Ғайрат – саъй-ҳаракат, иштиёқ, жўшқинлик, иш-ҳаркатга бўлган кучли, астойдил киришиш маъноларида ишлатилади. Ғайратли киши бирор ишга бор куч-қуввати билан ҳаракат қиладиган, шижоатли одам тушунилади.

Росулуллоҳ (с.а.в.) бундай дейдилар: “Албатта, Аллоҳ таоло бандалари ичида ғайратлисини яхши кўради” (Имом Бухорий ривояти). Яъни кимки ҳар бир ишда у хоҳ диний, хоҳ дунёвий бўлсин ғайрат, шижоат билан бажарадиган бўлса, албатта, уни Аллоҳ таолонинг ўзи ёрлақайди ва у мақсад қилган нарсаларга эришади. Чунки саъй-ҳаракат бандадан, уни баракасини бериб, зиёда қилиш Аллоҳдандир.

Анушервони одил вазири Бузуржмеҳрдан сўради: “Ғайрат, шижоат нима?” Бузуржмеҳр унга: “Юракнинг қуввати” – деб жавоб берди. Анушервон яна ундан: “Нега қўлнинг қуввати эмас?”– деб сўради. Бузуржмеҳр: “Агар юракда қувват бўлмаса, қўлда ҳам қувват бўлмайди. Қўл қуввати юрак қувватига боғлиқ”– деб жавоб беради.

Дарҳақиқат, инсон юракдан бирор ишга ғайрат ва шижоат билан қўл урар экан, у нафақат кўзлаган мақсадига, балки унданда кўпроғига эришади. Муҳаммад Жавҳар Заминдор бундай дейди: “Мақсадни қўлга киритишда ғайрат иш беради. Ҳар кимда ғайрат бўлмаса, унда ўзгаларга ибрат бўла олиш қобилияти бўлмайди”.

Кўплаб ғайрат ва шижоат эгалари бошқаларга доимо ибрат бўлиб келган. Жумладан, буюк фақиҳ Имом Абу Юсуф (р.а.) ҳазратлари бунга намунадир. У зот тўғрисида устозлари Абу Ҳанифа (р.а.) бундай дейдилар: “Сени зеҳнинг паст эди, сенинг доимийлигинг, ғайратинг ва шижоатинг бундан ҳалос этди”.

Улуғларимизнинг сиймоларидаги ғайрат, шижоат сингари сифатлар авлодаларга намунадир. Ушбу юксак ҳулқ билан барчаларимиз ҳулқланишимизни Яратган эгамиз насиб айласин.

Абдулазиз Бобамирзаев
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти мудири

ҲИРО ҒОРИДА

(ҳижратдан аввалги 15 йил Рамазон ойи; милодий 608 йил август-сентябрь)

Бу пайтда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий ҳисобда ўттиз саккиз ярим ёшдалар. Дунё жар ёқасига келиб қолган эди. Турли разолатлар ботқоғига ботган инсоният ўзини ўзи ҳалок этишга уринмоқда, бутун атрофни жоҳилият зулмати қоплаган, қаёққа қараманг, ҳаром-хариш, зулм-истибдод, ёлғону туҳмат, душманлик ва жаҳолат ҳукм сурар эди.

Бутун дунё жоҳилона ҳаёт кечирарди. Инсоният бошдан-оёқ жаҳолат ботқоғига ботган, кишиларнинг барчаси бўлган-бўлмаган, бузуқ ва асоссиз ақийдаларга эътиқод қилар эди. Уларнинг оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётларида жабр-ситам, зулму ноҳақлик ҳукм cyрарди. Қўйингки, инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида разолат, ҳақсизлик, жаҳолат ҳукмрон, инсоният жоҳилиятнинг қуюқ зулматида, қаттиқ ғафлат уйқусида ётар эди.

Ана шундай қуюқ зулмат, моғор босган қалблар ухлаган бир пайтда фақатгина бир инсоннинг пок қалби уйғоқ эди. Ўша ягона уйғоқ қалб мавжуд вазиятдан норози бўлиб мазкур қоронғиликдан нурга чиқиш йўлини ахтарар эди.

Мазкур муборак қалб Макка номли шаҳарда Абдуллоҳ исмли отадан, Омина исмли онадан туғилган, Аллоҳнинг инояти билан жоҳилиятнинг барча чиркинликларидан сақланиб қолган Муҳаммад исмли муборак инсоннинг қалби эди.

Мазкур ягона пок қалб эгаси жоҳилият зулматидаги ноҳақлик, фисқу фужур ва бошқа номаъқулчиликлардан четланиб, Макка шаҳри яқинидаги тоғда, Ҳиро номли кичик бир ғорда ўтирар ва «Инсоният қандай қилиб жоҳилият зулматларидан нурга чиқиши мумкин?» деган саволга жавоб ахтарар, шу тариқа бўлажак улкан ҳодисаларга ўзлари билмаган ҳолда тайёргарлик кўрар эдилар.

Айни ўша пайтда инсониятни Ўз қудрати ила яратиб, уни гўдаклигидан турли саркашликларига, инжиқликларига ва хатою адашишларига қарамай, пайғамбарлар юбориб, китоблар нозил қилиб тарбиялаб келаётган Аллоҳ таоло инсониятнинг навбатдаги ва энг катта адашувидан кейин энг охирги пайғамбарини юбориш, энг сўнгги китобини нозил қилиш ва энг сўнгги, мукаммал ва доимий шариатини жорий қилишни ирода қилган пайт келди.

Ҳа, пайғамбарлик келишидан икки йил олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда Маккаи мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бир йилда бир ой (Рамазон ойида) «таҳаннус» (гуноҳлардан сақланиш, руҳий покланиш) ва «муроқаба» (Холиқ ва махлуқот ҳақида тафаккур қилиш) ибодатлари пайдо бўлган эди.

У зот ўша ерга келган мискинларга таом берардилар. Вақтни кўпроқ ибодатда ўтказиб, борлиқ ва ундаги ажойиботлар ҳақида тафаккур қилардилар. Қавмлари эътиқод қилаётган диёнатга кўнгиллари рози бўлмасди. У зот очиқ-ойдин ҳаётий йўлни излар эдилар.

Бундай танҳоликни хоҳлаб қолишлари ҳам Аллоҳ таолонинг келажак ишларни кўзлаб йўлга қўйган тадбири эди. Дарҳақиқат, бу зотни келажакда улкан ишлар кутарди.

 

ПАЙҒАМБАРЛИКНИНГ БОШЛАНИШИ

Ниҳоят кутилган ўшал улуғ иш содир бўлди. Кунларнинг бирида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорида эканларида «Иқроъ!» («Ўқи!») деган гулдурос овозни эшитдилар. Ана ўша овоз жоҳилият зулматларини парчалаш учун Аллоҳ таоло томонидан туширилган сўнмас ёғдунинг биринчи шуъласи – Қуръони Каримнинг биринчи ояти эди. Бу шуъла дунёдаги ягона пок қалбни ёритди. Ўшанда Рамазон ойи охирлаб қолган, аксар уламоларнинг таъкидлашларича, Қадр кечаси эди.

Ана шу тариқа Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўла бошлади.

Аввал ўтган барча пайғамбарларга Аллоҳ таолодан ваҳий келтирган, ваҳийнинг амийни (ишончли вакили), Парвардигори оламнинг пайғамбарлар билан воситачиси бўлган фаришта Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг охирги нозил этаётган ваҳийлар туркумини олиб келишни бошлаган эди.

 

ВАҲИЙ, ҚУРЪОН ВА РИСОЛАТ

«Ваҳий» сўзи луғатда «тезкор ва махфий хабар йўллаш билдириш» деган маънони билдиради.

Уламолар ваҳийни қуйидагича таърифлайдилар:

«Ваҳий – Аллоҳ таолонинг бандалари ичидан Ўзи танлаб олган шахсга Ўзи ирода қилган ҳидоятни тез ва махфий равишда билдиришидир».

Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарларидан бирига диний кўрсатмаларини юбориш ваҳийдир. Бу юбориш тезлик билан, бошқалардан махфий равишда бўлгани боис «ваҳий» сўзи танланган.

Аллоҳ таолонинг мазкур ваҳийни, яъни диний кўрсатмаларини пайғамбарларига тезлик билан ва бошқаларда махфий равишда юбориши ҳам бир неча услубда кечган. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда шундай баён қилган:

«Аллоҳнинг башар билан гаплашмоғи бўлмаган, фақат ваҳий орқали, ёки парда ортидан, ёхуд У Зот элчи юбориб, Ўзининг изни ила хоҳлаганини ваҳий қилур. Албатта, У олийдир, ҳакимдир» (Шуро сураси, 51-оят).

Инсон зоти учун Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашиш муяссар бўлмаган, чунки ожиз инсон бу мақомга чидай олмайди. Аллоҳ таоло инсон билан ушбу уч услубнинг бири билангина сўзлашади:

«...ваҳий орқали...»

Ваҳий, аввал таъкидлаб ўтилганидек, Аллоҳ томонидан бандага бирор хабарнинг махфий ва тез етказилишидир. Aллоҳ таоло пайғамбарнинг қалбига бирор хабарни етказади, пайғамбар эса унинг Аллоҳ таолодан эканини билади.

«...ёки парда ортидан...»

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Ўзини кўрсатмай туриб гапиргани каби.

«...ёхуд элчи юборур ва ул У Зотнинг изни ила хоҳлаган нарсасини ваҳий қилур».

Бунда Аллоҳ таоло Ўзи билан пайғамбари орасида воситачи – элчи қилиб фариштани юборади. Фаришта келиб, Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсани пайғамбарга етказади.

Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ билан инсон орасидаги суҳбат бевосита ёки билвосита бўлади. Бевосита бўлганида, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг қалбига Ўзи ирода қилган маънони ваҳий қилади. Бу ё уйқудаги солиҳ туш, ё уйғоқликда пайғамбарнинг қалбига тушган илҳом, ёки оятда айтилганидек, «парда ортидан» хитоб бўлади, яъни пайғамбар каломни эшитади, аммо калом Эгасини кўрмайди. Пайғамбарларнинг тушлари ҳам ваҳий бўлади. Билвосита бўлганида, Аллоҳ таоло билан пайғамбари ўртасида фаришта воситачилик қилади. Воситанинг бир тарафида Аллоҳ таоло турса, иккинчи тарафида инсонлар орасидан танлаб олинган пайғамбар туради. Яъни ўша воситали гаплашиш ҳам ҳар кимга муяссар бўлмайди.

Қуръони Карим фақат уйғоқликда, фаришта воситасида нозил бўлган.

 

РИСОЛАТ ВА НУБУВВАТ ИЛА ВАҲИЙ НОЗИЛ БЎЛИШИНИНГ БОШЛАНИШИ

(ҳижратдан аввалги 13 йил Рамазон ойи, душанбага ўтар кечаси; милодий 610 йил август)

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бошланган нарса уйқудаги ҳақ туш бўлди. У зот қандай туш кўрсалар, худди тонг ёруғидек аниқ ўнгида келар эди.

Сўнг у зотнинг кўнгиллари холи қолишни тусаб қолди. Ҳиро ғорида холи қолиб, аҳли оилаларининг олдига тушишдан олдин бир неча кун таҳаннус ибодати қила эдилар. Бунинг учун озиқ-овқат ғамлаб олар эдилар.

Сўнг Хадийжанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага етарли озиқ-овқат олар эдилар. У зотга ҳақ келгунича шундай бўлди. У зот Ҳиро ғорида эканларида фаришта келиб: «Ўқи!» деди.

(У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар)

«Мен ўқишни билмайман», дедим.

У мени тутиб, сиқди. Ҳатто мени бироз қийнаб қўйди. Сўнг мени қўйиб юбориб: «Ўқи!» деди.

«Мен ўқишни билмайман», дедим.

У мени иккинчи марта тутиб, сиқди. Сўнг мени қўйиб юбориб: «Ўқи!» деди.

«Мен ўқишни билмайман», дедим.

У мени учинчи марта тутиб, сиқди, ҳатто мени бироз қийнаб қўйди. Сўнг мени қўйиб юборди ва: «Ўқи Яратган Роббинг номи билан. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Роббинг энг карамлидир!» деди.

(Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша оятлар ила қалблари титраб-қақшаб қайтдилар, Хадийжа бинт Хувайлид розияллоҳу анҳонинг олдига кирдилар-да: «Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар!» дедилар.

У зотдан қўрқинч кетгунча ўраб қўйишди. Кейин у зот Хадийжага хабарни айта туриб: «Ўзимга бир нарса бўлмаса эди, деб қўрқдим», дедилар.

Шунда Хадийжа: «Ундай эмас! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Сиз силаи раҳм қиласиз. Заифга ёрдам берасиз. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз. Меҳмонга зиёфат берасиз. Фалокатга учраганларга ёрдам берасиз», деди.

Сўнг у зотни олиб, Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулъуззонинг олдига борди (у Хадийжанинг амакисининг ўғли эди). У жоҳилият даврида насронийликка кирган одам эди. Иброний китоб ёзар эди. Аллоҳ хоҳлаганича Инжилдан ибронийчасига ёзар эди. У кўзи ожиз бўлиб қолган қари чол эди. Хадийжа: «Эй амакимнинг ўғли! Биродарингизнинг ўғлини бир тингланг!» деди. Варақа у зотга: «Эй биродаримнинг ўғли, нима кўрмоқдасан?» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари кўрган нарсанинг хабарини айтиб бердилар.

Варақа у зотга: «Бу Аллоҳ Мусога туширган «Номус»дир. Эҳ! Қани энди, қавминг сени ҳайдаб чиқарганда бақувват бўлсам эди! Қанийди, ўшанда тирик бўлсам!» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени улар ҳайдаб чиқарадиларми?» дедилар.

«Ҳа! Қайси бир киши сен келтирган нарсани келтирса, душманликка учрайди. Сенинг ўша (даъват) кунингга етсам, сенга қўлимдан келган ёрдамни берурман», деди.

Кўп ўтмай, (иккинчи ваҳий келмасидан олдин) Варақа вафот этди. Ваҳий узилиб қолди».

 

ВАҲИЙНИНГ УЗИЛИБ ҚОЛИШИ

Қуръони Каримнинг дастлабки оятлари нозил бўлгандан кейин бир муддат ваҳий келмай қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғир ҳолатга тушдилар. Ўзларини қўйгани жой топа олмай қолдилар. Бундай ҳолат муҳаққиқ уламоларимизнинг таъкидлашларича, бир ойча давом этди. Кейин яна ваҳий кела бошлади. Бу ҳолат қандай кечганини қуйидаги ривоят орқали ўрганамиз.

Ваҳий узилиб қолгани ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини сўзлай туриб, Жобир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Юриб кетаётган эдим. Бирдан осмондан бир овоз эшитдим. Юқорига қарасам, Ҳирода олдимга келган ўша фаришта осмон билан ернинг ўртасида, курсида ўтирибди. Ундан қўрқиб кетдим. (Уйга) қайтиб бориб: «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар», дедим. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй бурканиб ётган! Тур ва огоҳлантир! Ва Роббингни улуғла! Ва кийимингни покла! Ва қақшатқич азобдан четлан!» оятларини нозил қилди. Шундан сўнг ваҳий авжига чиқиб давом этди».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Уламоларимиз ваҳийнинг бир муддат узилиб қолиш ҳикматли иш бўлганини таъкидлайдилар, чунки ваҳийни қабул қилиб олиш оғир иш эканини ҳамма билади. Ушбу оғир иш бирданига, кетма-кет бўлса, оғирлик яна ҳам ортади. Бир муддат узилганда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга енгиллик бор. Бунинг устига, у зотда ваҳийга шавқу завқнинг ортиши ҳам ваҳийнинг узилиб қолган сабабли бўлган.

 

ИЛК МУСУЛМОНЛАР

Исломга биринчи бўлиб Хадийжа онамиз кирдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари бўлишлари билан бирга, Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи иймон келтириш шарафига ҳам муяссар бўлдилар. Шу билан бирга, иймон йўлида улкан хизматлар қилдилар.

Балоғатга етмаган ёшлардан биринчи бўлиб Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу иймонга келдилар. У киши ўша пайтда ўн ёшда эдилар. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг оталари Абу Толиб қийналиб қолгани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Алийни ўз қарамоқларига олган эдилар.

Собиқ қуллардан биринчи бўлиб Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу иймонга келдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуллари эди. Аммо у зот уни озод қилиб, ўғил тутган эдилар.

Катта кишилардан биринчи бўлиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу иймонга келдилар. У киши Қурайш қабиласида катта обрўга эга эдилар. Ўткир ақллари, мурувватлари, адолатлари ва бошқа олий сифатлари учун кўпчилик Абу Бакр розияллоҳу анҳуни яхши кўрар ва ҳурмат қилар эди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзлари иймонга келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима иш қилиш кераклигини сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларни Исломга даъват қилинг», дедилар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг дастлабки даъватлари самараси ўлароқ, ўша пайтда Қурайшнинг шарафлиларидан бўлган, кейинчалик саҳобаларнинг улуғларига айланган ва жаннатга киришларига башорат берилган ўн кишининг беш нафари – Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳум иймонга келдилар.

Яширин равишда олиб борилаётган даъват таъсир аста-секин бошқалар ҳам Исломга кира бошладилар.

Дастлабки мусулмонлар ичида Абу Убайда ибн Жарроҳ Абу Салама ибн Абдуласад, Арқам ибн Абул Арқам, Усмон ибн Мазъун, Убайда ибн Ҳорис, Саъид ибн Зайд, Хаббоб ибн Арат, Жаъфар ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъул Аммор ибн Ёсир, Суҳайб Румий каби эркаклар ва бир неча аёллар бор эди.

Дастлабки мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яширин равишда учрашар эдилар. Уларда бирор киши ибодат қилмоқчи бўлса ҳам, ҳеч ким кўрмайдиган пана жойга беркиниб ибодат қилар эди.

Биринчилардан бўлиб Исломни қабул қилганлар ичида турли тоифадаги эркак ва аёллар бор эди. Кўпчилиги ёшлардан иборат бўлган бу мусулмонлар ичида обрўли бойлар ҳам камбағаллар ҳам, араблар ҳам, араб бўлмаганлар ҳам, аслзода қурайшликлар ҳам, бировнинг қули бўлганлар ҳам, осиёликлар ҳам, оврўполиклар ҳам, Африкаликлар ҳам бор эди. Бундан Ислом барчанинг дини, тенглик дини, биродарлик дини, адолат дини, инсонпарвар дин экани кўриниб турарди.

Муҳаққиқ уламоларимиз ўша пайтларда мусулмонларга икки маҳал икки ракъатдан намоз ўқиш фарз бўлганини таъкидлайдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни Исломга уч йил давомида яширинча даъват қилдилар. Мусулмонлар бу давр мобайнида кофирлардан ўз иймонлари беркитиш учун барча чораларни кўрар эдилар. Уч йилдан сўнг, янги мусулмонларнинг иймони сайқал топиб бўлганидан кейин Исломга ошкора даъват қилиш фурсати етди.

 

ОШКОРА ДАЪВАТГА ЎТИШ

(нубувватнинг 4-йили иккинчи ярми; милодий 613 йил)

Яширин даъватдан ошкора даъватга ўтиш ҳам Аллоҳ таолонинг амри ила бўлди. У Зот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидаги икки оятни нозил қилди:

«Яқин қариндош-уруғларингни ҳам огоҳлантир ва сенга эргашган мўминларга қанотингни пастлат» (Шуapo cypacи, 214-215-оятлар).

Ушбу икки оят нозил бўлганидан кейин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигига чиқиб: «Йаа собааҳааҳ!»[1] деб ҳайқирдилар. Одамлар у зотнинг ҳузурларига тўпланишди. Кимдир ўзи келди. Кимдир вакил юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларгa қараб: «Эй Бану Абдулмутталиб! Эй Бану Фиҳр! Эй Бану Луай! Айтинглар-чи, агар мен сизга: «Тоғнинг ортида отлиқлар сизларга ҳужум қилишга шай бўлиб турибди», десам, ишонасизларми?!» дедилар. Улар: «Ҳа, ишонамиз!» дейишди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга шиддатли азобдан олдин келган огоҳлантирувчиман», дедилар.

Шундай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига нозил бўлган оятга мувофиқ, яқин қариндошларини огоҳлантира бошладилар. У зот фақат шу билан кифояланиб қолмай, энг яқин кишиларини ҳам огоҳлантирдилар.

Аввалига мушриклар индамай туришди. Кейинроқ Ис-ломнинг иши ривож топиб бораётганини кўрганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши адоват қила бошладилар.

Мушрикларнинг бу душманлигига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб тўсиқ бўлди У ҳамма жойда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларини олиб, у зотни ҳимоя қила бошлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, одамларни Исломга даъват қилишда давом этавердилар. Амакилари Абу Толиб ҳам зотни ҳимоя қилишда бардавом бўлди.

 

ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ОДАМЛАРГА ТАЪСИРИ

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада ўз даъватларини давом эттирар эдилар. У зотнинг Қуръон тиловат қилишларининг ўзи кучли даъват эди, чунки тиловатни эшитган одам ўзи билмаган ҳолда унга мафтун бўлиб қоларди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни тиловат қилганларида Қурайшнинг бошлиқлари ҳам тинглашар, лекин ундан таъсирланиб қолмаслик учун турли чораларни кўришга, сунъий тўсиқлар пайдо қилишга уринишар эди.

Бу ҳақда энг машҳур Ислом тарихчиларидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақидаги дастлабки китоблардан бирининг соҳиби Ибн Исҳо имом Зуҳрийдан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Иттифоқо, бир кечада Абу Суфён ибн Ҳарб, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Бану Зуҳра қабиласининг иттифоқчи раҳбари Ахнас ибн Шариқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида намоз ўқиётганларида қулоқ солиш учун чиқишибди. Улардан ҳар бири алоҳида-алоҳида ўтириб тинглабди. Бир-биридан хабари йўқ экан.

Кечаси билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ солиб, тонг отганда тарқалишибди. Йўлда учрашиб қолиб, бир-бирларини маломат қилишибди. Бир-бирларига: «Энди бошқа келмайлик, эсипаст одамларимиз кўриб қолишса, кўнгилларига баъзи шубҳалар тушишига сабаб бўламиз», дейишибди-да, тарқалиб кетишибди.

Иккинчи кеча улардан ҳар бири яна келиб, кечаси билан (Қуръон) эшитиб чиқибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, йўлда учрашиб қолишибди ва яна бир-бирларига аввалги гапларни айтишибди.

Учинчи кеча ҳам келиб, туни билан (Қуръон) эшитиб чиқишибди. Тонг отгач, қайтиб кетаётганларида яна аввалги ҳол такрорланибди. Бир-бирларига: «Қайтиб келмасликка аҳд қилмагунимизча тарқалмаймиз», дейишибди. Сўнг аҳдлашиб, тарқалиб кетишибди.

Кундузи Ахнас ҳассасини қўлига олиб, олдин Абу Суфён ибн Ҳарбнинг, сўнг Абу Жаҳлнинг уйига борибди ва Абу Жаҳлга: «Эй Абул Ҳакам, Муҳаммаддан эшитганларинг ҳақида фикринг қандай?» дебди. Абу Жаҳд: «Нима ҳам эшитибман? Биз Бану Абдуманоф билан шараф талашганмиз. Улар ҳам кишиларга таом беришган, биз ҳам берганмиз. Улар улов беришди, биз ҳам улов бердик. Улар хайр-эҳсон беришди, биз ҳам бердик. Ниҳоят тиз тушиб, пойгага қўйилган икки отдек бўлиб қолди. Шунда улар: «Биздан пайғамбар чиқди, унга осмондан ваҳий келади», дейишди. «Биз бунга қачон етамиз? Аллоҳга қасамки, биз ҳеч қачон унга иймон ҳам келтирмаймиз, уни тасдиқ ҳам қилмаймиз», деди. Ахнас унинг олдидан туриб кетди».

Мутаассиблик ва мансабпарастликкина уларни иймонга келишдан тўсиб турарди. Лекин аста-секинлик билан бўлса ҳам баъзи бир кишилар ҳақиқатни англаб ета бошладилар.

 

ВАЛИД ИБН МУҒИЙРАНИНГ ҚУРЪОНИ КАРИМ ҲАҚИДА АЙТГАН ГАПЛАРИ

Валид ибн Муғийра Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва бойларидан бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришда, Қуръони Каримга қарши ҳужум уюштиришда етакчилардан бўлган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳаа мийм. Тан зийлул китаби...» оятини масжидда ўқиётганларида Валид ибн Муғийранинг кўнгли юмшаб, ўз қавми – Бану Махз уруғининг олдига борди ва: «Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина Муҳаммаддан бир калом эшитдим, у башарнинг каломи эмас у жиннинг каломи ҳам эмас. Бу каломнинг ўзгача ҳаловат бор, бу каломнинг ўзгача таъсири бор, албатта, унинг усти самарали, ости баракали. Аниқки, у устун келади ва ҳеч нарса ундан устун бўла олмайди», деди. Сўнг уйига қараб кетди.

Қурайш қабиласи аъзолари: «Аллоҳга қасамки, Валид диндан чиқибди, энди Қурайшнинг барчаси ҳам диндан чиқади», дейишди.

Шунда жияни Абу Жаҳл ўрнидан туриб: «Уни менга қўйиб беринглар, ўзим эплайман», деди. У Валиднинг олдига бориб, хафа ҳолда ўтирди. Валид уни кўриб: «Нега хафа кўринасан?» деди.

«Мен хафа бўлмай, ким хафа бўлсин, – деди Абу Жаҳл муғомбирлик билан – Қурайш қабиласи сизга ёрдам бериш учун нафақа йиғмоқда, уларнинг фикрича, сиз Муҳаммаднинг каломига тан берибсиз, Муҳаммад билан Абу Бакрдан қолган таомларини сўрамоқчи бўлаётган экансиз».

Валиднинг аччиғи чиқди ва: «Менинг молим ва фарзандим ҳамманикидан кўп эканини билмайсанми? Нима, Муҳаммад ва унинг шерикларининг қорни тўйиб қолибдими-ки, улардан овқат ортиб қолса!» деди.

Сўнг ўрнидан туриб, Абу Жаҳл билан бирга қабиласи аъзолари ўтирган жойга келди ва: «Муҳаммадни жинни деяпсизлар, унинг жиннилик қилганини ҳеч кўрганмисизлар?» деди.

«Худо ҳаққи, кўрганимиз йўқ», дейишди қабила аъзолари.

«Уни шоир демоқчисизлар, бирор марта шеър айтганимни биласизларми ўзи?» деди.

«Худо ҳаққи, билмаймиз», дейишди.

«Уни ёлғончи демоқчисизлар, бирор марта ёлғон гапирганини биласизларми ўзи?» деди.

«Худо ҳаққи, билмаймиз», дейишди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан аввал ростгўйликлари учун «Амийн» деган ном олган эдилар. Қурайш қабиласи аъзолари Валид ибн Муғийрага: «Нима дейлик бўлмаса?» дейишди.

Валид ўйланиб қолди, ўзича ўлчаб-бичди-да: «Қуръон таъсирчан сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», деди.

Шундай қилиб ҳаммалари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида одамларга бир хил гап – «У сеҳргардир» деб айтишга келишиб олишди.

Улар ҳаж мавсумида ҳожиларнинг йўлига одам қўйиб, шу маънода тескари ташвиқот олиб боришга режа тузишди.

Кофирлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг содиқликларини, пайғамбар эканларини билишар эди. Лекин билиб туриб инкор қилишди ва куфр келтиришди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Мусулмонларнинг азобланиши;

Абу Толиб – Набий алайҳиссаломнинг ҳимоячиси;

Набий алайҳиссаломга кофирларнинг таклифи;

Ҳабашистон ҳижрати;

Ҳабашистонга иккинчи ҳижрат.

Нажошийнинг мусулмон бўлиши;

Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг Исломга кириши;

Ҳазрати Умарнинг Исломга кириши;

Қамал;

Мўъжизалар талаб қилиниши;

Маҳзунлик йили;

Тоиф сафари;

 

[1] Араблар бу сўзни эрталаб, тонг саҳарда душман бостириб келаётганини билдириш ёки эрталабдан жангга отланишни эълон қилиш учун ишлатишар эди.

Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, иймон, Ислом ва эҳсоннинг қўшилувидан дин ҳосил бўлар экан.

«Иймон» – эътиқод масалаларига оид илоҳий таълимотлар тўплами бўлиб, уни ўргатадиган илм «ақийда илми» деб аталади.

Ислом динининг амалий қисми «шариат» дейилади. Бунга оид диний таълимотларни ўргатадиган илм «фиқҳ илми» деб аталади.

«Эҳсон» – диннинг қалбга боғлиқ тарбия қисми бўлиб, уни «тариқат» ҳам дейилади. Бунга оид диний таълимотларни ўргатадиган илм одатда «тасаввуф илми» деб аталадиган бўлиб қолган.

Буларнинг ҳаммаси биргаликда «дин» дейилади. Чунки бошқа бир ривоятда айтилишича, ушбу нарсаларни сўраган шахс қайтиб кетганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга:

«Уни қайтаринглар», дедилар.

Саҳобаи киромлар қараб, ҳеч кимни кўрмадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:

«Бу Жаброилдир. Одамларга динларини ўргатгани келибди», дедилар.

Яъни унинг саволлари одамларга динларини ўргатиш мақсадида берилган эди, дедилар. Бинобарин, ушбу саволларда зикр қилинган масалаларнинг мажмуаси «дин» эканлиги тушунилади.

«Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг».

Бу шиор тасаввуфнинг умумий шиоридир. Аммо унинг вазифасини майдалаб тушунтиришдан аввал тасаввуфнинг илк босқичларини ўрганиш зарур. Чунки юқорида ҳам айтиб ўтганимиздек, бугунги тасаввуф зиддиятлар майдонига айланиб қолган. Бу зиддиятларга асосли жавоб бериш учун ҳам тасаввуфнинг илк босқичларини, биринчи мутасаввифларни билмоқ зарурдир.

Энг биринчи мутасаввиф ким, деган саволга бироз шошилмай жавоб бериш керак. Зеро, бугунги кундаги тариқатларнинг ҳаммаси ўз тариқатларининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турганларини иддао қилсалар ҳам, улардаги кўпгина усул ва қоидалар айнан шу тарзда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида, саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг даврларида бўлмагани кишини ўйга толдиради.

Агар тасаввуфга кенг ва чуқур маънода ёндашадиган бўлсак, энг биринчи мутасаввиф Одам алайҳиссалом бўладилар. Зеро, тасаввуфнинг асли бандаликни тан олмоқ ва Роббни танимоқдир. Бу борада Одам алайҳиссаломнинг мавқифлари ғоятда ибратлидир. Ул зоти бобаракот илк нафаслариданоқ Роббни танидилар ва илк каломлари Роббул оламинга ҳамд айтиш бўлди.

Яъни тасаввуфдаги биринчи мақом – иймондир. Лекин бу ҳали тўлиқ маънодаги иймон эмас. Балки фақатгина Яратувчи Зотнинг борлигини ва ўзининг Унга тобелигини англаш, холос.

Ҳали Унинг исмларини, сифатларини ва махлуқларини билмасданоқ, Унинг ягона илоҳ эканини англаш ва Унга иймон келтириш, ҳамд айтиб, Уни улуғлашдир.

Айни пайтда шу заифгина иймондан, иймони сағирдан тасаввуфнинг иккинчи мақоми ҳам юзага келади. Бу яккаю ягона Илоҳнинг ҳали бизга номаълум барча исм ва сифатларини ва махлуқларини ҳам Ўзи билдирган даражада билиш ва Унинг ҳукмларига бўйин эгиш – таслим бўлишдир. Яъни тасаввуфнинг иккинчи мақоми – ўзининг мусулмонлигини, Яратувчи ягона Зотнинг барча ҳукмларига бўйин эгишини изҳор этишдир. Бу изҳор ҳам қалбан, ҳам лафзан ва ҳам амалан бўлиб, банданинг тўлиқ таслимини ифода этади.

Ва бундан чиқадиган хулоса иймони кабирдир, яъни тўлиқ иймондир. Тўлиқ иймон айни пайтда тўлиқ таслимни талаб қилади.

Бинобарин, боҳисларнинг «Иймон аввалми, Исломми?» ёхуд «Ислом ва иймон орасидаги фарқ нима?» каби саволларига жавоб ҳам шу мавқифдан аён бўлади. Яъни тўлиқ маънода иймонсиз Ислом, Исломсиз иймон бўлмайди.

Бинобарин, мўмин айни пайтда мусулмон ва муслим айни пайтда мўмин ҳисобланади.

Албатта, кўпгина фуқаҳоларимиз иймони сағирни биринчи ўринга қўядилар ва «Роббни танигандан кейин, Унга иймон келтиргандан кейин, банданинг оқибати хайрли бўлаверади», деб ўйлайдилар.

Лекин Каломи Шарифда Аллоҳ таоло: «Бугун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим», деб айтиб қўйган. Бинобарин, бу каломидан сўнг иймони сағир банданинг саодати учун кифоя қилмайди.

Аллоҳ таоло дастлаб Одам алайҳиссаломдан кўп нарсани талаб қилмаган эди. Одам алайҳиссаломдан Ўзи рухсат берган неъматлардан баҳраманд бўлиш ва бор-йўғи биргина тақиққа амал қилиш талаб қилинган эди. Ва бунинг сири Одамнинг Исломини – таслимини синаш эди. Отамиз Одам алайҳиссалом иймондан ажрамаган ҳолда Исломда, яъни амалда хато қиладилар. Ман қилинган дарахтга рағбат қилишлари билан отамиз Одам алайҳиссаломнинг Исломи бузилди, яъни таслим мақомидан чиқдилар. Отамиз Одам алайҳиссаломнинг жаннатдан чиқишларига сабаб у кишининг иймонсизликлари эмас, балки таслимларининг – Исломларининг гўзал суратда бўлмаганидир.

Ислом – амал демакдир. Қалбан, лафзан ва амалан содиқ бўлмоқдир. Бинобарин, Исломнинг иккинчи исми сидқдир. Лекин сидқ мақоми Исломнинг энг қуйи даражасидир. Зеро, бу мақомда амал фақат фикран зоҳир бўлади. Амалнинг тўлиқ зоҳир бўлиши Исломдир. Яъни банда учун Исломдан кўра олийроқ мақом йўқдир.

Бас, Одам алайҳиссалом қалбан ва лафзан Аллоҳ таолонинг итоатидан чиқмаган ҳолда амалан хато қилдилар. Содиқлик мақомидан чиқдилар. Исломларига футур етди.

Бас, жаннатдан чиқарилдилар.

Ҳеч нарса Аллоҳ таолонинг амрисиз содир бўлмаса, отамиз Одам алайҳиссаломнинг гуноҳлари нима эди-ю, шайтон алайҳилаънанинг гуноҳи нима эди?!

Ҳолбуки, шайтон алайҳилаъна ҳам отамиз Одам алайҳиссалом яратилгунларига қадар ҳеч исён қилмаган, аксинча, Аллоҳ азза ва жаллага қуллигини энг гўзал суратларда изҳор қилган эди-ку?!

Бунинг сири шундаки, Аллоҳ таоло Одамни яратганда унинг нафсини ҳайвоний ва малакий сифатларга мойил қилиб халқ қилди ва танлаш ихтиёрини берди. Ва бу ихтиёр иблисга лаънат тамғаси илинмасидан аввал унда ҳам бор эди. Иблис ўтдан яратилган ва нафси ёмонликка мойил бўлса-да, Аллоҳ таолонинг қадари ила, то Одам алайҳиссалом яратилгунича, тоати ва ибодати билан иззат топди. Аммо Одам яратилганда ва Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунган барча фаришталар унга сажда қилганларида, иблис сажда қилишдан бош тортди. Зеро, унинг нафсидаги яширин «мен»и зоҳир бўлди.

Итоб қилинганда эса тавба қилиш ўрнига, ўзининг Одамдан афзал эканини айтиб, саркашлик қилди. Мана шу кибри сабабли бўйнига тавқи лаънат осилди. Чунки у ўзи билиб-билмай, нафсининг сўзига кириб, такаббурлик қилди. Кибриё сифати Яккаю Ягона Роббул оламинга хос эканини, махлуқ камтар ва итоатгўй бўлиши лозимлигини унутди.

Орадан йиллар ўтиб, Одам алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг тавбага йўл очилганда яна нафсининг сўзига кириб, «Ўзига сажда қилмагандим, қабрига сажда қиламанми?» деб гумроҳлик қилди.

Ҳолбуки, нафсининг сўзига кирмаганида, сажда Аллоҳ таолонинг қудрати учун эканини англар эди.

Шунчалик обид, шунчалик олим бўлишига қарамай, нафсига мағлуб бўлди.

Отамиз Одам алайҳиссалом эса нафсларининг хоҳишига қараб эмас, иблис алайҳилаънанинг васвасасига алданиб, гуноҳ содир этдилар. Аммо, иблис алайҳилаънага ўхшаб гуноҳларидан тонмадилар ҳам, айбни бировга тўнкамадилар ҳам. Аксинча, гуноҳларини бўйинларига олиб, нафсларини маломат қилиб, дарҳол Аллоҳ таолога тавба изҳор қилдилар. Чунки иблиснинг васвасаси ҳам бир синов эди. Шунчалик иззат-икром этилган Одам алайҳиссаломнинг нафслари учун, Исломлари учун синов эди. Зеро, банданинг бандалиги, мўмин-мусулмон эканлиги, унинг иймону Исломи Роббул оламиннинг амр ва наҳийларига сўзсиз ва тўла-тўкис бўйсуниб, итоат этишида намоён бўлади.

Одам алайҳиссаломни арзимаган бир нарса билан синашнинг ҳикмати ҳам, сири ҳам шу ҳақиқатни билдириб қўйиш эди.

Отамиз Одам алайҳиссалом бу ҳақиқатни тез англадилар ва дарҳол тавба қилдилар.

Демак, иймону Исломдан кейин банданинг энг юқори мақоми тавба экан.

Барча тариқатларда тавба солик учун энг биринчи шарт қилиб қўйилгани ҳам бежиз эмас.

Аммо тасаввуфнинг барча тариқатлари сайри сулукни тавба мақомидан бошлаб тўғри қиладиларми? Бу йўлнинг охирги манзили ҳақида ихтилофли фикрлар нега бунча кўп? Ваҳдатул вужуд, ваҳдатуш шуҳуд, комил инсон ва тасаввуфдаги турли мақомотлар борасида шариат ва тариқат аҳли ўртасидаги тортишувлар, бир-бирини куфрда айблашлар ҳанузгача нега тугамаяпти? Мўмин-мусулмонларни «шариат аҳли», «тариқат аҳли», «маърифат аҳли» ва «ҳақиқат аҳли» дея турли тоифаларга бўлишдан аввало кимлар манфаатдор? Бу бўлишлардан Ислом динига фойда борми? Ва энг қизиғи, тасаввуф ва унинг тариқатлари, сулукдаги мақомотлар ҳақида оғиз кўпиртириб гапирувчилар орасида бенамозлару ғайридинлар кўплигининг сабаби нима? Тасаввуфнинг фазли ҳақида гапирувчилар бир-иккита ғайридиннинг тасаввуф орқали Исломга кирганларини оғиз кўпиртириб гапиришади-ю, аммо тасаввуфда чуқурлашаман деб, куфрга кетган кўплаб мусулмонлар ҳақида нега лом-мим дейишмайди? Баъзи тариқатларнинг кўплаб мусулмонларни залолатга кетказган ғояларию, сайри сулукдаги унча-мунча мусулмон етиша олмайдиган мақомотларини нега айнан ғарбликлар, ғайридинлар кўпроқ тарғиб қиладилар? Нега? Нима сабабдан?

Дарвоқе, яҳудийликдаги, насронийликдаги, қадимги Юнондаги, Мисрдаги, Ҳинд ва Эрондаги тасаввуфона йўналишларнинг Исломдаги тасаввуфга бирон-бир алоқаси борми? Умуман, тасаввуфнинг асоси нима? У қаерда ва қачон, нима сабабдан пайдо бўлган, ривожланган?

Агар ғоя бир бўлса, сафарнинг охирги манзили бир бўлса, сулуклардаги бу қадар кескин тафовутларнинг боиси нима? Нега бир тариқат аҳли бошқа бир тариқат аҳлини йўлдан адашганликда айблайди? Энг тўғри тариқат қайси?

Бу каби саволлар жуда кўп. Айнан шу сабабли шариатни қаттиқ ушлаган мусулмонлар тариқат аҳлини «тафриқа чиқарувчилар» деб маломат қилишади. Ўз навбатида тариқатни қаттиқ ушлаган мусулмонлар тариқатга кирмаган барчани гумроҳ деб биладилар.

Ҳолбуки, Ислом энг мўътадил, энг бағрикенг диндир. Дин нуқтаи назаридан, шариат ва тариқат аҳлининг фақат адашган тоифалари, Қуръонга ва Суннатга хилоф қилаётган томонларигина танқид қилинади. Аксинча, Қуръонга ва Суннатга зид бўлмаган ҳеч қандай амал беҳуда қораланмайди, агар у янги пайдо бўлган иш бўлса ҳам. Илло, шариат аҳли учун ҳам, тариқат аҳли учун ҳам ягона ҳукм шуки, аввало Қуръон ва Суннатда таъкидланган фарз, вожиб, суннат, нафл ибодатлар бажарилиши лозим.

Ибодатнинг энг оз даражаси, ўртачаси ва олий ҳолатдагиси бор. Шулар фарқлаб олинса, ҳеч қандай зиддиятларга, тафовутларга ўрин қолмайди, иншааллоҳ.

Аллоҳ таолога қай даражада қуллик қилиши, бандалигини изҳор этиши, Уни ва расулларини, хусусан Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзига дўст тутиши, Уни ва расулларини, хусусан Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни севиши, севганда ҳам, дунёдаги қолган барча нарсалардан, ҳаттоки ота-она, бола-чақа ва ўзидан ҳам ортиқ севиши ва буни амалда исбот этишига қараб, руҳий ҳолати, одоб-ахлоқига кўра мўмин-мусулмонларнинг ҳам даражалари турлича бўлади. Яъни иймон нуқтаи назаридан барча мўмин-мусулмонлар тенг бўлсалар ҳам, амаллари, ихлослари ва эҳсонларига қараб, одобу ахлоқларига кўра уларнинг бу дунёдаги ва охиратдаги даражалари ҳам фарқ қилади.

Фақат фарз амалларни бажариб, суннатга амал қилмаётган киши билан ҳам фарз, ҳам суннатга бирдай амал қилаётган кишининг даражаси бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бир хил бўлмайди. Айни пайтда, фарзу суннат амалларга қўшимча нафл ибодатларни ҳам ихлос ила адо этаётган мўмин-мусулмон аввалги ҳар икки тоифадан афзал ҳисобланади.

Албатта, бу амалларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг розилиги учун холис бажарилгандагина, эътиборга лойиқ бўлади. Аксинча, ўзига фарзу вожиб бўлган амалларнинг моҳиятини англамай, кўр-кўрона, «хўжа кўрсин»га, ҳатто баъзан бироз малолланиб (астағфируллоҳ) адо этаётган кимсанинг ибодатидан бирор фойда чиқиши қийин.

Фарзу вожиб, суннату нафл ибодатларни бажара туриб, амр ва наҳийларга беэътибор бўлган кимса ҳам қаттиқ залолатдадир. Чунки Аллоҳ таоло ва Унинг Расули Муҳаммад алайҳиссаломнинг амр ва наҳийларига итоат этиш ҳам ибодатдир. Ибодат бўлганда ҳам, энг олий ибодатдир. Аслида бандалигимизнинг моҳияти ҳам Роббимизнинг ва У Зотнинг элчиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг амрларига бўйсунишимиз ва наҳийларига риоя этишимиздан иборатдир.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, отамиз Одам алайҳиссалом учун биргина нарса ман этилган эди. Шу биргина тақиққа бир мартагина амал қилмаганлари қиёматга қадар елкаларида оғир юк бўлиб қолди. Гарчи меҳрибон Роббимиз у зотни афв этган бўлса-да, ўша биргина хатолари сабабли қиёмат куни ҳам пушаймонлик ила афсус-надомат чекадилар. Ўзларидан шафоат истаб келган мусулмон умматига шафоатчилик қилишга Роббул оламиндан андиша қиладилар. Бу ҳақда ҳадисларда батафсил маълумотлар келган.

Демак, банда учун иймон ва Ислом билан бир қаторда эҳсон ҳам зарур экан. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоқ» лозим экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга таълим берган эҳсон мана шудир. Аслида тасаввуф тариқатларининг мақсади ҳам шу: Аллоҳни ҳар доим кўнгилда ҳис қилиш, умрнинг ҳар лаҳзасини Аллоҳ таолони рози қиладиган амаллар билан ўтказиш ва ибодатларни севиб адо этиш.

Бандадан иймон ва Исломни эҳсон даражасида исботлаш, ўзининг иймон ва Исломи эҳсон даражасида эканини ҳар бир амали ила тасдиқлаш талаб этилади. Зеро, ана шу ҳолатда ҳар бир амал ибодатга айланади.

Буни бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим беряптилар ва у зотнинг бу маънодаги, руҳий тарбияга оид, одоб-ахлоққа доир ҳадислари ниҳоятда кўп. Тўғри йўлдаги тасаввуф шайхларининг ҳаммалари ўз муридларини айнан Қуръони Карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари асосида тарбиялайдилар, камолга етказадилар.

Аслида, тариқатларнинг тафриқаларига заррача ҳожат йўқ. Қуръонга ва суннатга зид бирор амални ёки ғояни ўзига шиор қилиб олган ҳар бир тариқат ботилдир.

Ҳаттоки тўғри йўлдаги тариқатларнинг озми-кўпми фарқланиш ила турлича номланишлари ҳам бизнингча, суннатга мувофиқ эмас. Юқорида айтиб ўтганимиздек, мақсад битта ва охирги манзил ягона экан, йўл ҳам, яъни тариқ ёки тариқатнинг номи ҳам биттадир. Бу – Муҳаммадий тариқатидир.

Тариқатлар ўзларига асосий мақсад қилиб олган комил инсон ғояси баъзи шайхларнинг ҳаддан ташқари муболағага берилганлари натижасида залолат даражасига бориб қолган.

Олий руҳ даражасидаги (астағфируллоҳ), хотамул анбиёдан афзал (яна астағфируллоҳ) хотамул авлиё ҳақидаги гаплар, ваҳдатул вужуд ғояси, «Анал ҳақ» («Ҳақ менман») даъвоси жазавага тушган мустаршиду муршидларнинг шатаҳотларидан бошқа нарса эмас.

Ғарбликларни, ғайридинларни тасаввуфда қизиқтираётган нарса ҳам ҳақиқий Ислом эмас, балки айнан мана шу каби шатаҳотлар, жазава ҳолатида айтилган гаплар, аслида. Чунки айнан мана шундай шатаҳотлар, жазава ҳолатида айтилган гаплар туфайли нафақат мусулмонлар оммаси, балки уларнинг раҳбарлари бўлмиш улуғ имомлару шайхлар орасида ҳам тушунмовчиликлар, зиддиятлар бўлиб келмоқда.

Мусулмонлар орасидаги ички низолардан эса кимлар манфаатдорлиги беш қўлдай аён.

Мусулмонлар орасидаги бундай зиддиятларни йўқотиш учун эса бундан бир минг тўрт юз йил олдин Аллоҳ таолонинг Ўзи биз учун мукаммал қилиб қўйган динимиз асосларини яна бир бор яхшилаб уқиб олишимиз даркор.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ٱلۡيَوۡمَ أَكۡمَلۡتُ لَكُمۡ دِينَكُمۡ

«Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим» (Моида сураси, 3-оят).

Аллоҳ таоло мукаммал қилиб берган диннинг асослари сиз билан биз юқорида тўлиқ ўрганганимиз – «Жаброил ҳадиси»да ўз аксини топган.

Оятга амал қиладиган бўлсак, Қуръон тўлиқ нозил бўлгандан сўнг динга заррача бўлса ҳам янгилик олиб киришга ҳеч қандай ҳожат қолмаган. Бунга ҳеч кимнинг ҳаққи ҳам йўқ.

Мусулмонлар мазкур ҳадисда айтилган уч асосга, яъни илм – иймон, амал – Ислом ва ихлос – эҳсонга риоя этсалар, бас. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонлардан фақат битта нарсани – Ўзига ва яратган нарсаларига тўлиқ иймон келтирган ҳолда ихлос билан ибодат қилишни талаб этган. Иймонимиз – илмимиз, Исломимиз – амалимиз ва эҳсонимиз – ихлосимиз тўғри ва гўзал бўлиши учун йўл кўрсатувчи комил бир инсонни Ўзининг элчиси сифатида танлаб, бизга раҳбар этиб қўйган.

Бу элчи мукаммал дин орқали ахлоқларимизни гўзал ҳолатда тарбиялаш учун юборилган.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَإِنَّكَ لَعَلَىٰ خُلُقٍ عَظِيمٖ٤

«Ва албатта, сен улкан хулқдасан» (Қалам сураси, 4-оят).

Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам эътироф этадилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «إِنَّمَا بُعِثْتُ لِأُتَمِّمَ مَكَارِمَ الْأَخْلَاقِ». رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта мен карамли ахлоқларни мукаммал қилиш учун юборилдим», дедилар».

Байҳақий ривоят қилган.

Демак, биз учун комил инсон – йўлбошчимиз, Роббимизнинг элчиси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Биз кимга, нимага ва қандай иймон келтиришни шу зотдан ўрганамиз.

Аллоҳ таолонинг Китобига қандай амал қилишни, зиммамиздаги фарзу вожиб амалларни шу зотдан ўрганамиз.

Энг асосийси, Аллоҳ таолони севишни ва ибодатларимизни севиб, ички ҳузур билан бажаришни, бандалигимиздан рози бўлиб, бундан фахрланиб, чиройли итоат этишни, ихтиёрий қуллик қилишни, ахлоқларимизни энг гўзал суратга келтиришни ҳам шу зотдан ўрганамиз. Бунинг учун эса у зотни энг улуғимиз, устозимиз дея севамиз. Ҳар бир ҳолатимизда, диний ва дунёвий амалларимизда ана шу устозимиздан, Роббимизнинг элчиси, ҳабиби Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишга, у зотдек бўлишга интиламиз. Чунки Аллоҳ таоло бизни шунга буюрган:

لَّقَدۡ كَانَ لَكُمۡ فِي رَسُولِ ٱللَّهِ أُسۡوَةٌ

«Батаҳқиқ, сизлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Қуръони Каримга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига зид бўлган ҳар қандай ишни, агар унинг соҳиби ўликларни тирилтира олувчи каромат эгаси бўлса ҳам, қабул қилмаймиз...

Шу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўғри давом эттираётган ҳар қандай шайхни ўзимизга устоз деб биламиз. Қуръони Карим ва суннатга тўғри амал қилаётган барчага – у шариат аҳлими, тариқат аҳлими – дўстлигимизни изҳор этамиз.

Лекин Қуръони Каримга ва суннати набавияга хилоф бўлган ҳар қандай кимсани – у олимми, соҳиби кароматми – қатъиян рад этамиз.

Қуръони Каримда ва суннати набавияда мақталган баъзи сифатларга эга бўлган кимсаларни, агар улар иймонсиз, Исломсиз бўлсалар, ўзимизга дўст тутмаймиз. Уларга фақат ачинамиз. Ҳолларига афсус чекамиз, холос. Чунки Исломда бўлмасалар-да, иймон келтирмаган бўлсалар-да, мусулмонлар каби баъзи чиройли ахлоққа эга бўлган бундай кимсалар ўзларидаги ушбу гўзал сифатларнинг асоси қалбларида, руҳларида пинҳон иқрорлари – «Мийсоқ» кунида келтирган иймонлари эканини, бугун ана шу иймонлари виждон шаклида қалбларида ғалаён қилаётганини англаб етмаган бечора кимсалардир.

Юқорида эслаб ўтганимиз Ҳинд ва Эрондаги, қадим Юнонистон ва Мисрдаги ва ниҳоят, насронийлик ва яҳудийликдаги тасаввуфона йўналишлардаги Ислом тасаввуфига мос келувчи баъзи жиҳатлар ҳам ана шу олис, унутилган иймоннинг шуълаларидир, холос.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

وَرَضِيتُ لَكُمُ ٱلۡإِسۡلَٰمَ دِينٗاۚ

«Ва Исломни сизга дин деб рози бўлдим» (Моида сураси, 3-оят).

Бас, биз бугун юқорида эслатиб ўтилган турли динлардаги Ислом шариатига зид тасаввуфона йўналишларни мутлақо инкор қиламиз.

Шу маънода биз қабул қиладиган тасаввуф исломий руҳий тарбиядан ўзга нарса эмас. Яъни биз қабул қиладиган тасаввуф шаръий амалларимизни эҳсон даражасида гўзал суратда адо этишимизга ёрдам берувчи руҳий тарбия йўлидир. Айнан мана шу маънода тасаввуф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у зотнинг саҳобаи киромлари розияллоҳу анҳумнинг йўлларидир.

Аслида отамиз Одам алайҳиссаломнинг ва онамиз Ҳавво розияллоҳу анҳонинг ерга туширилишларининг ҳикмати ҳам шу: жаннат номли олий бир маконда абадий бахтли яшашга лойиқ даражада нафсларини тарбия эттириш эди.

Агар «тасаввуф» деган истилоҳни ишлатиш умуман лозим бўлса, мана шу тазкиятун-нафснинг – руҳ тарбиясининг номи тасаввуфдир. Ва тасаввуфнинг ўзини яна сифатлаш лозим бўлса, бу – сунний тасаввуфдир. Яъни бундаги барча йўллар ва усуллар, ҳолатлар ва мақомлар Қуръони Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида баён қилинган ҳамда васф қилиб, мақталган ва мўмин-мусулмонларга буюрилган, тавсия этилган ибодатлар ва уларнинг самараларидир.

Нафс тазкияси, руҳий тарбия борасидаги зуҳду тақво, ихлосу эътиқоднинг самараси ўлароқ зоҳир бўлувчи кароматлар эса тасаввуфдан кўзланган мақсад эмас, Роббул оламиннинг инъомидир.

Зеро, Роббул оламин, Ўзини тасаввуфда деб билмаган, аммо ибодатларини холисан лиллоҳи бажарувчи, эҳсонини, қуллигини гўзал суратда намоён қилувчи бандаларига ҳам кўплаб кароматлар ато этгандир. Мана шунинг ўзи ҳам тасаввуф Аллоҳ таолога эҳсон даражасида гўзал қуллик қилишдан ўзга нарса эмаслигини кўрсатади.

 

Кейинги мавзулар:

ТАСАВВУФНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ТАРИҚАТ ВА ШАРИАТ

1-мақола

Албатта, мусулмон киши ҳар бир амалидан аввал ниятини тўғрилаб олиши матлуб ишдир. Аллоҳ таоло бандаларини жаннатига киришлари учун яхши амалларни бажаришга ва дўзохдон қутилиб қолишлари учун ҳам яхши амалларни қилишга қизиқтиради. Анашундай хайрли ишлардан бирини эслаб, унга амал қилишга хоссатан айнан бугунги синовли кунларда орамизда муҳтож бўлган кишиларга нисбатан қилишимиз керак бўлган хайру-эҳсон ва садақанинг фазилати ҳамда фойдаси борасида ҳаракат қиламиз.

قُل لِّعِبَادِيَ الَّذِينَ آمَنُواْ يُقِيمُواْ الصَّلاَةَ وَيُنفِقُواْ مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرّاً وَعَلانِيَةً

مِّن قَبْلِ أَن يَأْتِيَ يَوْمٌ لاَّ بَيْعٌ فِيهِ وَلاَ خِلاَلٌ

Сен иймон келтирган бандаларимга айтгин, намозни тўла-тўкис адо этсинлар. Савдо-сотиқ, оғайнигарчилик йўқ бўлган Кун келмасидан олдин уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан махфий ва ошкор инфоқ қилсинлар. Иброҳим сураси 31-оят.

1. Садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини ўчиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий садақа Аллоҳ табарока ватаолонинг ғазабини ўчиради” дедилар.

2. Садақа хатони ўчиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Оловни сув ўчиргандек, садақа хатони ўчиради” дедилар.

3. Садақа кишини дўзохга тушишдан асраб қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўзохдан агарчи яримта хурмо бериб бўлса ҳам ўзингизни эҳтиёт қилинглар”, деганлар.

4. Садақа қилувчи одам қиёмат кунида садақасининг соясида бўлади. Уқба бин Омир р.а мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Ҳар бир киши инсонлар ўртасида ҳукм чиқгунча қилган садақасининг соясида туради”, дедилар.

5. Садақа инсон баданидаги касалликларга даво бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касалликларингизни садақа бериш билан даволанглар”, деганлар.

Ибн Шақиқ дедилар: Бир киши ибн Муборакнинг олдига келиб, тиззасида бир яра борлигини, етти йилдирки муолажа қилсада ва табиблардан сўрасада фойда бермаётганини айтди. Шунда ибн Муборак (имом Бухорийнинг устозларидан) унга сен сув эҳтиёжи бўлган бир жойни топгинда, у ердан бир қудуқ ковла. Умид қиламанки, у ердан бир булоқ чиқадида ва сенинг ярангдаги қон тўхтаса дедилар. Ҳалиги одам шу ишни қилган эканки, шундан сўнг шифо топибди.

6. Садақа шунингдек қалб касаллигига ҳам даво бўлади. Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қалбини шафқатсиз, қаттиққўллигидан шикоят қилди. Шунда у зот: “Агар қалбингни мулойим бўлишини истасанг, мискинни таомлантир ва етимнинг бошини сила”, дедилар.

7. Садақа шунингдек бир қанча балони даф қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа балони даф қилади ва умрни узайтиради”, деганлар.

8. Садақа қилиш билан киши ҳақиқий яхшиликка эришади. Зотан Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз”, деган. Оли-Имрон 92-оят

9. Садақа соҳибини ҳар куни бир фаришта унинг берган нарсасини тўлдиришини сўраб дуо қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар куни банда тонг оттирар экан, икки фаришта тушиб, уларнинг бири шундай дейди: “Эй Аллоҳим инфоқ қилган кишини инфоқининг ўрнини бергин”, деганлар.

10. Садақа қилувчининг молига барака киритади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа молдан ҳеч бир нарсани камайтирмайди”, дедилар.

 

“Шайх Зайниддин” жомеъ масжди имом-хатиб

Яҳё Убайдуллоҳ ўғли

БОРЛИҚНИНГ ТАДБИРИНИ ҚИЛИБ ТУРУВЧИ ЗОТ 3- هُوَ الْحَيُّ الْمُدَبِّرُ كُلَّ أَمْرٍ هُوَ الْحَقُّ الْمُقَدِّرُ ذُو الْجَلاَلِ Маънолар таржимаси: У Ҳайдир, барча ишнинг тадбирини қилувчидир, У Ҳақдир, тақдир тайин қилувчи Зул Жалолдир. Назмий баёни: У Ҳайдир тайинловчи неки бўлса ҳол, У Ҳақдир тақдирловчи олий Зул жалол. Луғатлар изоҳи: هُوَ – ғоиб муфрадга хос бўлган мунфасил замир. Ушбу замирдан олдинги байтдаги الْخَلْق اِلَهُ кўзда тутилган. الْحَيُّ – бу калима билан зотий сифатларга ишора қилинган. Аллоҳ таолонинг Ҳай (доимий тирик) Зот экани ўз-ўзидандир. Бошқа барча нарсаларнинг тирик бўлиши эса У зотнинг иродасига боғлиқ бўлган маълум миқдордаги тирикликдир. الْمُدَبِّرُ – бу калима билан Аллоҳ таолонинг феълий сифатларига ишора қилинган. “Мудаббир” луғатда “тадбир қилувчи” маъносини англатади. Истилоҳий маъноси ҳақида уч хил сўз айтилган: 1. Натижаларни белгиловчи; 2. Ишларини бенуқсон бажарувчи; 3. Ишларининг натижаларини ўйлаш ва фикр юритишсиз билувчи. اَمْرٍ كُلَّ – كُلَّ калимаси накра исмга изофа бўлиб келгани учун “истиғроқул жинс” (жинснинг барчасини тўла қамраб олиш) маъносини билдиради. Шунга кўра борлиқдаги барча ишларнинг тадбирини Аллоҳ таоло қилади, маъноси келиб чиқади. الْحَقُّ – бу калима билан “Асмаи ҳусна”га ишора қилинган. Аллоҳ таолонинг Ҳақ зот экани бошқанинг Уни ҳақ қилишига боғлиқ эмас балки ўз-ўзидан ҳақдир. Бошқа барча нарсаларнинг ҳақлиги эса У зотнинг ҳақ қилишига боғлиқ бўлади. الْمُقَدِّرُ – бу калима билан қазо ва қадарга ишора қилинган. الْجَلاَلِ ذُو – Аллоҳ таолонинг исмларидан бири. Матн шарҳи: Аллоҳ таолонинг доимий тирик зот экани, барча ишларнинг тадбири ёлғиз Унинг қўлида экани, Унинг илми бутун борлиқни қамраб олганлиги, У бутун борлиқни муҳофаза қилишдан асло чарчамаслиги, Унинг Ўзи барча нарсалардан олий ва буюк экани Оятул курсий номи билан машҳур бўлган ушбу оятда баён қилинган: ﴿ٱللَّهُ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ ٱلۡحَيُّ ٱلۡقَيُّومُۚ لَا تَأۡخُذُهُۥ سِنَةٞ وَلَا نَوۡمٞۚ لَّهُۥ مَا فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَمَا فِي ٱلۡأَرۡضِۗ مَن ذَا ٱلَّذِي يَشۡفَعُ عِندَهُۥٓ إِلَّا بِإِذۡنِهِۦۚ يَعۡلَمُ مَا بَيۡنَ أَيۡدِيهِمۡ وَمَا خَلۡفَهُمۡۖ وَلَا يُحِيطُونَ بِشَيۡءٖ مِّنۡ عِلۡمِهِۦٓ إِلَّا بِمَا شَآءَۚ وَسِعَ كُرۡسِيُّهُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضَۖ وَلَا يَ‍ُٔودُهُۥ حِفۡظُهُمَاۚ وَهُوَ ٱلۡعَلِيُّ ٱلۡعَظِيمُ٢٥٥﴾ “Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) ҳамиша Барҳаёт ва абадий Турувчидир. Уни на мудроқ тутар ва на уйқу. Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Уникидир. (Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?! (У) улардан (одамлардан) олдинги ва кейинги нарсаларни билур. (Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. У Олий ва Буюкдир” . Ушбу ояти карима “Софватут тафосир” (Тафсирларнинг мағзи) китобида қуйидагича тафсир қилинган: “Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) ҳамиша Барҳаёт ва абадий Турувчидир”. Яъни Аллоҳ таолонинг Ўзи буюк ва яккаю ягона, барча нарсалардан беҳожат, қолган барча нарсалар Унга муҳтож бўлган Сомад зотдир. Унинг Ўзигина ҳеч қачон ўлмайдиган доимий бор бўладиган баркамол ҳаёт соҳибидир. Унинг Ўзигина бутун халойиққа ғамхўрлик кўрсатиб, уларни ҳифзу ҳимоясига олиб, чора-тадбирларини қилиб турибди. “Уни на мудроқ тутар ва на уйқу”. Яъни У мудрамайди ҳам, ухламайди ҳам. Саҳиҳ ҳадисда: “Аллоҳ таоло ухламайди, ҳатто Уни бир лаҳза ҳам мудроқ олмайди, У халойиқнинг улушларини пасайтириб кўтариб туради...”, – дейилган. “Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Уникидир”. Яъни Осмонлару ердаги ҳамма нарса Унинг мулки ва қули бўлиб, барчалари Унинг ҳукми ва салтанати остидадир. “(Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?!”. Яъни У изн бермаса, ҳеч ким бировнинг ёнини олишга журъат қила олмайди. Улуғ муфассир Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу бирор кимса Унинг изнисиз бировнинг ёнини олишга журъат этмайдиган даражадаги Унинг улуғлиги ва буюклигининг баёнидир”, – деган. “(У) улардан (одамлардан) олдинги ва кейинги нарсаларни билур”. У зот ҳар доим ҳозиру нозир бўлиб, уларга кўриниб турган нарсани, яъни ушбу дунёни ҳам, ҳали олдинда юз беражак нарсани, яъни охиратни ҳам билади. Унинг илми бутун коинот ва оламларни қамраб олган. “(Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар”. Яъни халойиқлар Унинг илмидан бирор нарсани билмайдилар. Биладиган нарсалари фақатгина У зотнинг Ўзи пайғамбарлари орқали билдирган нарсалардир. “Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур”. Яъни Унинг курсиси улканлиги ва кенглиги билан осмонлару ерни қамраб олган. Етти осмон ва ерлар курсига нисбатан саҳрога ташланган халқа кабидир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Курсидан мурод, У зотнинг илмидир. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи далолат қилади: ﴿ رَبَّنَا وَسِعۡتَ كُلَّ شَيۡءٖ رَّحۡمَةٗ وَعِلۡمٗا ﴾ “Парвардигоро, Ўзинг раҳмат ва илм жиҳатдан барча нарсани эгаллагандирсан” . Яъни ушбу оятда илми ҳамма нарсани қамраб олганини хабар берган”, деган. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Курсий – Аршдир”, – деган. Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ: “Курсий Аршдан бошқадир. Асарлар ва хабарлар далолат қилганидек, Арш ундан каттароқдир”, – деган. “У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. У Олий ва Буюкдир”: Осмонлару ерни ва улардаги нарсаларни муҳофаза қилиш Унга сира малол келмайди ёки Уни ожиз қолдириб қўймайди. У барча мавжудотлардан олий бўлган улуғ ва буюк Зотдир” . Аллоҳ таолонинг “Мудаббир” зот экани, борлиқдаги барча ишларнинг тадбири ёлғиз У зотнинг қўлида экани тўғрисида “Сажда” сурасида шундай хабар берилган: ﴿يُدَبِّرُ ٱلۡأَمۡرَ مِنَ ٱلسَّمَآءِ إِلَى ٱلۡأَرۡضِ ﴾ “(У) осмондан ергача бўлган барча ишни тадбирини кўрар (бошқарар)” . Яъни Аллоҳ таоло осмонлару ерлардаги барча махлуқотларнинг тадбирини қилиб туради ва бирортасини унутиб қолдирмайди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оят ҳақида: “Самодан ергача қазо ва қадарни ҳамда тадбирини қилиб белгилаган нарсани нозил қилади”, – деган. Аллоҳ таолонинг тақдирларни тайин қилувчи Зот эканлиги, борлиқдаги барча нарсаларни аниқ ўлчов билан яратиб қўйгани ҳақида “Қамар” сурасида шундай хабар берилган: ﴿إِنَّا كُلَّ شَيۡءٍ خَلَقۡنَٰهُ بِقَدَرٖ٤٩﴾ “Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик” . Яъни биз ҳар бир насани азалдан “Лавҳул маҳфуз”га битиб қўйилганидек, ўлчов билан яратдик. Ҳа, Аллоҳ таоло барча ишларнинг тадбирларини қилиб турувчи доимий тирик бўлган буюк зотдир. ҚАЗОЮ ҚАДАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ БАЁНИ 4 - مُرِيدُ الْخَيْرِ وَالشَّرِّ الْقَبِيحِ وَلَكِنْ لَيْسَ يَرْضَى بِالْمُحَالِ Маънолар таржимаси: Яхшини ҳам, қабиҳ ёмонни ҳам ирода қилгувчидир, лекин куфр ва маъсиятларга рози эмас. Назмий баёни: Яхшию ёмонга иродаси бор, Лек ёмон ишларга розимас зинҳор. Луғатлар изоҳи: مُرِيدُ – мубтадо. Аҳли сунна вал-жамоанинг наздида Аллоҳ таолонинг “ирода” ва “машиат” сифатлари бир хил маънони ифодалайди. “Ирода” сифати деганда барча бўлиши жоиз нарсаларни улар учун мумкин бўлган кўплаб нарсалардан бирига хослайдиган Аллоҳ таолонинг азалий сифати тушунилади. الْخَيْرِ – бу калима аслида اَخْيَرُ исми тафзилнинг ҳамзаси ҳазф қилинган шаклидир. Аммо бу ўринда исми тафзил маъноси ирода қилинмаган. Балки “шариат тарғиб қилган амал” маъносида ишлатилган. الشَّرِّ – Бу калима ҳам аслида أَشَرُّ нинг ҳамзаси ҳазф қилинган шаклидир. Аммо бу ўринда исми тафзил маъноси эмас, балки “шариат рад қилган нарса” маъноси ирода қилинган. الْقَبِيحِ – қабиҳ луғатда “номаъқул”, “ярамас” каби маъноларни англатади. Нозим الشَّرِّ ни ушбу маънолар билан сифатлаб келтирган. لَكِنْ – “истидрок”ни (тўғрилаб қўйишни) ифодалайдиган ибтидо ҳарфи. لَيْسَ – бу калима كَانَ нинг шерикларидан бўлган жомид ноқис мозий феъли бўлиб, унинг исми маҳзуф замирдир. يَرْضَى – розилик луғатда “ғазабнинг зидди” маъносида келади. Истилоҳда “маълум нарсани қабул қилиш ва уни тақдирлаш” маъносини англатади. Шунга кўра “Аллоҳ мўминлардан рози бўлди” маъносидаги оятдан “Аллоҳ мўминларнинг амалларини қабул қилди ва амалларига кўра уларни тақдирлади”, маъноси тушунилади. “Мўминлар Аллоҳдан рози бўлдилар” сўзидан эса “мўминлар Аллоҳнинг берган савобларини қабул қилдилар ва ундан шодландилар” маъноси тушунилади. بِ – таъкидлаш маъносида келган зоида жор ҳарфи. الْمُحَالِ – “муҳол” калимаси луғатда “беҳуда” маъносини англатади. Бу ўринда “куфр ва маъсиятлар” кўзда тутилган. Матн шарҳи: Яхши иш ҳам, ёмон иш ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келади. У зот ирода қилмаган бирор нарса вужудга келмайди. Яхши-ю ёмон барчаси Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган бўлса-да, ёмон ишлар рози бўлинмаган, бандаларнинг хоҳишига мувофиқ яратилган ишлар ҳисобланади. Сўфи Оллоҳёр бобомиз мазкур маъноларни қуйидагича тушунтирган: Худо рози эмас исёнимизға, Ризосидур анинг эҳсонимизға. * * * Киши рози деса исён қилурға, Аимма ҳукмидур кофир бўлурға . “Ирода” сифати Аллоҳ таолонинг зотий сифатларидан бири бўлиб, “машиат”, яъни “хоҳиш” сифати бу сифатнинг маънодоши ҳисобланади. Аллоҳ хоҳламаган бирор нарса вужудга келмайди, шунга кўра борлиқдаги барча нарсалар Аллоҳ таолонинг хоҳиши ҳисобланади. Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолонинг хоҳиш сифати ҳақида ажойиб шеър ёзган: مَا شِئْتَ كَانَ وَإِنْ لَمْ أَشَأْ وَمَا شِئْتُ إِنْ لَمْ تَشَأْ لَمْ يَكُنْ خَلَقْتَ الْعِبَادَ عَلَى مَا عَلِمْتَ فَفِى الْعِلْمِ يَجْرِي الْفَتَى وَالْمُسِنْ عَلَى ذَا مَنَنْتَ وَهَذَا خَذَلْتَ وَهَذَا أَعَنْتَ وَذَا لَمْ تُعِنْ فَمِنْهُمْ شَقِيٌّ وَمِنْهُمْ سَعِيدْ وَمِنْهُمْ قَبِيحٌ وَمِنْهُمْ حَسَنْ Хоҳлаганинг бўлар, албат, менда хоҳиш бўлмаса ҳам. Хоҳлаганим асло бўлмас, гар хоҳишинг унда кам. Бандаларни яратгансан Ўзинг белгилагандек, Билганингдек жорий бўлар йигитлигу қарилик. Фалончини мамнун қилдинг, буни эса этдинг ғариб, Бировларга мадад бериб, бировларни қилдинг мағлуб. Шунга кўра толесизлар ҳам толеси камоллар бор, Кўриниши беўхшовлар ҳамда соҳиб жамоллар бор . Демак яхши нарса ҳам, ёмон нарса ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан пайдо бўлади, дегани Аллоҳнинг иродасисиз ҳеч нарса пайдо бўлмайди деганидир. Куфр ва маъсиятлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан юзага келган бўлса, Аллоҳ таоло Ўзи ирода қилган нарсага Ўзи рози бўлмаган бўладими деган саволга Аҳли сунна вал-жамоа уламолари: “Ҳа, рози бўлмайди, чунки ирода бошқа нарса, розилик бошқа нарса”, – деб жавоб берганлар. Аслида бу масала мўътазилий фирқасининг нотўғри эътиқодидан огоҳлантириш сифатида келтириладиган масала ҳисобланади. Чунки мўътазилий фирқаси “Аллоҳ таоло фақат яхши ишларни яратади, ёмон ишларни эса банданинг ўзи яратади”, – деган эътиқодда бўлишган. Улар бу қарашларини “Ҳаким зот томонидан ёмон иш содир бўлмайди”, – дея изоҳлашган. Ирода сифати ҳақида Аҳли сунна вал-жамоанинг эътиқоди қандай эканини батафсил ўрганиб чиқиш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради. “Ирода” сифати ҳақида эътиқодимиз Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири “ирода” сифатидир. “Ирода” луғатда “хоҳлаш”, “қасд қилиш” маъноларини англатади. Истилоҳда эса “барча бўлиши жоиз нарсаларни улар учун мумкин бўлган кўплаб нарсалардан бирига хослайдиган Аллоҳ таолонинг азалий сифати – ирода сифати дейилади”. Яъни ирода сифати бўлиши ножоиз нарсаларга тааллуқли бўлмайди. Ирода сифатининг борлигига Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўплаб далиллар келган: ﴿ إِنَّ ٱللَّهَ يَحۡكُمُ مَا يُرِيدُ١﴾ “Албатта, Аллоҳ нимани ирода этса, шуни ҳукм қиладир” . Бошқа бир оятда шундай хабар берган: ﴿ يُرِيدُ ٱللَّهُ بِكُمُ ٱلۡيُسۡرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ ٱلۡعُسۡرَ ﴾ “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас” . Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: مَا شَاءَ اللَّهُ كَانَ وَمَا لَمْ يَشَأْ لَمْ يَكُنْ. “Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлган, хоҳламагани бўлмаган”. Булардан бошқа яна кўплаб оят ва ҳадисларда Аллоҳ таолонинг ирода қилувчи Зот экани баён қилинган. Бу эса У зотда ирода сифати собит эканига далолат қилади. Шунга кўра Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабида Аллоҳ таолонинг ирода сифати ҳақида шундай эътиқод қилинади: “Дунё ва охиратдаги барча иймон-куфр, тоъат-маъсият, фойда-зарар, оз-кўп, катта-кичик – ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолонинг иродасига кўра ҳикматига мувофиқ қазо ва қадари билан юзага келган. Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлган, хоҳламагани бўлмаган. Аллоҳ ирода қилган нарсани рад этувчи йўқдир”. “Ирода” сифатига тааллуқли саволларга Аҳли сунна вал-жамоа уламолари қуйидагича жавоб берганлар. “Ирода” сифати ҳақидаги савол жавоблар Савол: “Барча мавжудотлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келишига иймон келтирган банда сабабият қонунлари ҳақида қандай эътиқодда бўлади?”. Жавоб: “Сабабият қонунлари ҳақида қуйидагича эътиқод қилинади: мавжудотларнинг вужудга келишидаги сабаблар иккитадир: 1. Аслий сабаб; 2. Тайин қилиб ўрнатилган сабаб. Аслий сабаб деганда Аллоҳ таолонинг иродаси тушунилади. Яъни барча нарсалар аслида Аллоҳ таолонинг иродаси туфайли вужудга келади. Тайин қилиб ўрнатилган сабаблар деганда эса, нарсаларнинг пайдо бўлиши учун тайин қилиб ўрнатиб қўйилган сабаблар тушунилади. Масалан, ёмғир ўсимликлар ўсишига, олов куйдиришга, сув чанқоқ қондиришга сабаб қилиб қўйилган. Мазкур сабаблар юзага чиқарилган пайтда уларга боғлиқ қилиб қўйилган нарсалар ҳам юзага чиқишини Аллоҳ таоло тайин қилиб ўрнатиб қўйган. Яъни чанқоқ киши сув ичганда унинг чанқоғи қонишини сув яратмайди, балки Аллоҳ таоло яратади. Қоғоз оловга ташланса, қоғозни куйдириб юборишни олов яратмайди, балки Аллоҳ таоло яратади. Чунки сув ҳам, олов ҳам тайин қилиб ўрнатиб қўйилган сабаб холос, аслий сабаб Аллоҳ таолонинг иродасидир. Фарзанд дунёга келишига эркак ва аёлнинг бирга бўлиши тайин қилиб ўрнатилган сабаб холос. Аслий сабаб эса Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунга кўра, фарзанд вужудга келиши ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади, деб эътиқод қилинади. Ушбу ҳақиқатни англатиш учун Аллоҳ таоло гоҳида одатий сабабларни бекор қилиб қўяди. Масалан, Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланганида куймаганлар. Оловнинг одатий ишини қила олмай қолиши, ичига ташланган инсонни куйдира олмаслиги оловнинг ўз-ўзидан куйдира олмаслигига, Аллоҳ хоҳласагина куйдиришига ёрқин далилдир”. Савол: “Банданинг маъсият содир этишини Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳласа, кейин уни маъсият қилгани учун жазолаши зулм эмасми?”. Жавоб: “Аллоҳ таоло банданинг маъсият қилишини ирода қилиб, сўнг уни қилган маъсияти учун жазолаши зулм бўлмайди. Чунки зулм ман этилган ишни қилиш билан бўлади. Аллоҳ таолонинг ишларида эса ман этилган иш бўлмаслиги сабабли бу иш зулм ҳисобланмайди. Қолаверса, банда Аллоҳ таолонинг унга нимани ирода қилганини билиб кейин ўша ишни қилмайди. Балки шариат талаб қилган ишларни бажаришга ва ман этган ишлардан сақланишга буюрилганини билади. Шунга кўра бандага бериладиган жазо Аллоҳнинг иродасини амалга оширгани учун эмас, балки талаб қилинган ишларни бажармагани ва ман этилган ишни содир этгани учун берилган бўлади”. Савол: “Аллоҳ таоло иродасига кўра банданинг маъсият содир этиши аслида итоат қилиш ҳисобланмайдими? Чунки ирода қилинган нарсани бажариш аслида итоат қилиш бўлиб қолади-ку?” Жавоб: “Агар Аллоҳ таоло бандага маъсият қилишни ман қилмаганида банданинг маъсият содир этиши итоат қилиш бўлиб қоларди. Аллоҳ таоло эса бандани маъсиятлардан ман қилган. Шунинг учун банданинг маъсият қилиши ман қилинган ишни содир этиш саналади”. Савол: “Нима учун куфр ва маъсият сингари Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган нарсалар ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган дейилади?”. Жавоб: “Чунки “ирода” сифати рози бўлинган нарсани ҳам, рози бўлинмаган нарсани ҳам ўз ичига олади. Сўфи Оллоҳёр бобомиз мазкур маънони қуйидагича тушунтирган: Худо рози эмас исёнимизға, Ризосидур анинг эҳсонимизға. Яъни исён қилишимиз ҳам, сидқи дилдан итоат этишимиз ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келади. Аммо У зот исён қилишимизга рози бўлмайди. Ўзи рози бўлмайдиган нарсаларни ҳам ирода қилиши ҳақида қуйидагича эътиқод қилинади: Бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг мулки, мулкида фақат У зот хоҳлаган нарсаларгина вужудга келади. Шунинг учун яхшими, ёмонми бирор нарса У зотнинг иродасисиз вужудга келмайди”. Бу масаланинг хулосаси мўътазилий фирқаси етакчиси ва Аҳли сунна вал-жамоа имоми орасида бўлиб ўтган баҳсда яққол намоён бўлган: Мўътазилийларнинг етакчиларидан бири бўлмиш қози Абдулжаббор Ҳамадоний вазир Соҳиб ибн Ибоднинг ҳузурига кирибди. Унинг ҳузурида Аҳли сунна вал-жамоа имомларидан бири бўлган устоз Абу Исҳоқ Исфароиний ўтирган экан. У устозни кўриши билан: “Ўзи рози бўлмайдиган ишлардан пок бўлган Зотга тасбеҳ айтаман”, – деди. Устоз буни эшитибоқ орқасидан: “Ўзининг мулкида фақат Ўзи хоҳлаган нарсагина амалга ошадиган Зотга тасбиҳ айтаман”, – деб жавоб берди. Мўътазилий етакчиси: “Нима Роббимиз Ўзига исён қилинишини хоҳлайдими, – деди. Аҳли сунна вал-жамоа имоми: “Бўлмаса Роббимизга мажбурлаб исён қилинадими?”, – деди. Мўътазилий етакчиси: “Нима деб ҳисоблайсиз, Роббимиз мени ҳидоятдан тўсса ва мени ҳалокатга ҳукм қилса, менга яхшилик қилган бўладими ё ёмонлик қилган бўладими”, – деди. Аҳли сунна вал-жамоа имоми: “Агар сизни ўз-ўзингизники бўлган нарсадан тўсган бўлса, ҳақиқатан сизга ёмонлик қилибди, аммо Ўзиники бўлган нарсадан сизни тўсган бўлса, Ўзининг нарсасини кимни хоҳласа, ўшанга беради-да”, – деди. Мўътазилий етакчиси каловланиб қолди. Чунки бу ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайдиган даражада нишонга аниқ урилган гап эди. Савол: “Ёмон ишлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига кўра вужудга келса, Аллоҳ таоло ёмон иш содир этган бўлиб қолмайдими?”. Жавоб: “Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган амалларнинг ёмон деб номланиши, Аллоҳ таолонинг иродасига кўра содир бўлишига нисбатан эмас, балки бандаларнинг ўша ишга ҳаракат қилгани ҳамда уларга зарарли бўлишига нисбатандир. Чунки амаллар Аллоҳ таолонинг иродасига тааллуқли бўлиши жиҳатидан ёмон иш ҳисобланмайди”. Савол: “Пайғамбарлар бандаларнинг иймонга келишларини хоҳлаган, шайтон эса бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаган. Шу маънода Аллоҳ таолонинг кофир бандаларнинг иймонга келмасликларини ирода қилиши шайтоннинг хоҳишига мувофиқ бўлиб қолмайдими?”. Жавоб: “Шайтоннинг хоҳиши ҳам, пайғамбарларнинг хоҳиши ҳам Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунга кўра, барча Аллоҳ ирода қилган нарсани хоҳлаган ҳисобланади”. Хулоса шуки, “ирода” сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлиш туфайли бандада барча ҳолатларда Роббисига қуллик қилиш лаззатини татиш ва имкон қадар ибодатга уриниш юзага келади. “Ирода” сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши содир этган гуноҳ ва маъсиятларини Роббисининг иродасига тўнкаб ўзини оқлашга ўтмайди, балки тавбага шошилади. Чунки у қилган гуноҳлари ҳақидаги Роббисининг иродасидан хабардор бўлиб кейин уларни мажбуран қилмаганини жуда яхши билиб туради. “Ирода” сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши муваффақиятларга эришганида ҳовлиқиб ўзига бино қўймайди, балки ато этилган неъматларнинг шукронасини адо этишга шошилади. Чунки у бу неъматларга аслида ўзи ҳақдор бўлгани учун эмас Роббиси ирода қилгани учун эришганини яхши билиб туради. “Ирода” сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор мусибатга дучор бўлса, Роббисининг иродасига таслим бўлади ва: “Роббим бу сенинг иродангдир, бундан кўра каттароқ мусибатларга дучор қилмаганинг учун Ўзингга ҳамдлар бўлсин, биз Сеникимиз ва Сенинг ҳузуринга қайтамиз”, дея дуо қилишга ўтади. “Ирода” сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор ибодатни адо этар экан, бу иши Роббисининг иродасига кўра амалга ошганини ҳис этиб хурсанд бўлади ва ҳар бир амалида қалбан Роббисига ҳамд айтиб туради: – Роббим, мўминлигим Сенинг иродангдир, иймон муҳаббатини қалбимга солган ҳам, мени куфрдан узоқ қилган ҳам, мўминлик бахтига сазовор қилган ҳам Ўзингсан; – Роббим, ўқиган намозим Сенинг иродангдир, намозни менга суюкли қилган ҳам, намоз ўқиш бахтига муяссар қилган ҳам Ўзингсан; – Роббим, тутган рўзам Сенинг иродангдир, рўзанинг машаққатига муҳаббатли қилган ҳам, нафсим устидан мени ғолиб қилган ҳам, рўза тутиш бахтига мушарраф қилган ҳам Ўзингсан; – Роббим, берган закотим Сенинг иродангдир, бахилликдан нажот берган ҳам, зиммамдаги ҳақни адо этишга тавфиқ берган ҳам, закот бериш бахтига муваффақ қилган ҳам Ўзингсан; – Роббим, адо этган ҳажим Сенинг иродангдир, бандаларинг орасидан ҳаж сафарига боришимни хоҳлаган ҳам, ҳаж машаққатларига сабр-бардошли қилган ҳам, ҳажни адо этиш бахтига лойиқ кўрган ҳам Ўзингсан; Роббим, адо этган барча-барча амалларим Сенинг иродангдир, шунинг учун қилган бирор амалим эвазига ажру мукофот олишни ўзимнинг ҳаққим деб билмайман, балки бу амалларни менинг адо этишимни ирода қилганинг учун Сенга ҳамду-санолар айтишни зиммамдаги бурчим деб биламан, агар ажру мукофот берсанг фақат ва фақат лутфу марҳаматингдир... Роббимиз барчамизни лутфу марҳаматига муваффақ қилсин. КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР: Бандаларнинг амалларига эътиқодий жиҳатдан назар; Қазо ва қадарнинг маънолари; Қазо ва қадарга иймон келтириш тушунчаси; Уламоларнинг қадар ҳақидаги сўзлари; Дуо тақдирни ўзгартирадими? Дуо ва сабабият қонунлари; Сабаблар қазонинг даракчилари экани.

Видеолавҳалар

Top