www.muslimuz
Ўзбекистонда учта банк исломий молиялашни жорий қилишга ўтяпти
2020 йилда Ўзбекистонда 3та банкда исломий молиялаш жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов маълум қилди.
Бугун, 4 февраль куни Олий Мажлис қонунчилик палатасида қонун лойиҳалари юзасидан навбатдаги ялпи мажлис бўлиб ўтди. «Микромолиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси мажлис кун тартибидаги биринчи масала бўлди.
Муҳокамалар давомида палата спикери ўринбосари Алишер Қодиров Ўзбекистонда исломий банклар очишга қандай омиллар халақит бераётгани борасида Марказий банк вакилига савол билан мурожаат қилди.
Қодиров ўз сўзида Ўзбекистон аҳолисининг катта қисмини мусулмонлар ташкил этиши, шу боис одамлар банкдан микроқарз олишни ёқламаслигига тўхталди.
«Микроқарзларни одамларга молиявий кўмак беришнинг оммавий воситаларидан бирига айланишига миллий қадриятлар сабаб бўлмоқда. Шунинг учун қонунчиликдаги айрим моддаларга ўзгартириш киритиб, исломий молиялаш тизимини киритиш керак эмасми?» деб таъкидлаган Алишер Қодиров бу тизим муваффақиятли ишлаётган бир қанча ривожланган давлатларни мисол келтирди.
Саволга Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов жавоб берди. Унинг айтишича, ўтган 2019 йилда банклар фаолиятини ривожлантириш бўйича бир қатор қонунлар қабул қилинган. Шу боисдан амалдаги қонунчиликда ислом банкларини очиш учун тўғридан-тўғри чекловлар мавжуд эмас.
«Бугунги кунда 10га яқин банкларимизда микро, кичик линиялари орқали молиялаштириляпти. Чаканага ўтадиган бўлсак, ҳозир 3та банк исломий молиялашни жорий қилишга ўтяпти. Бу борада ишлар давом этяпти. Бу жараёнда йўлга қўйиладиган турли технологик ишлар бор. Ўйлайманки, шу йилни ўзида айнан кредитлаш йўналишида шу йўналишида бу масалани ҳал қиламиз»,– деди Ботир Зоҳидов.
Маълумот учун, исломий молия тармоғи бугунги кунда жаҳонда жадал ривожланиб бораётган ва инновацион молиялаштириш механизмларини ўзида жамлаган соҳалардан бири ҳисобланади.
Молиялашнинг бу тизими фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни ўзида намоён қилиши билан анъанавий банклардан фарқ қилади.
Исломий банклар мижоз талаби билан объектни қуриб бериши, асбоб-ускуналар, товар, хомашёлар олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин. Молиялаштириш асосида савдо амалиёти ётади. Замонавий банк тизимида эса банкларнинг савдо амалиётларини амалга ошириш қонунчилик нуқтайи назаридан мушкул бўлиб, бунга солиқ ҳамда банк фаолиятига тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўсқинлик қилади.
Маълумотларга кўра, кейинги йилларда исломий молия муассасалари ялпи активлари миқдори 2,5 триллион долларни ташкил этиб, йилига 15-20 фоизга ўсиб бормоқда.
Манба: hidoyat.uz
Мана сизга Қуръон ўқишнинг натижаларидан бири!
Бир киши тоғ этагида набираси билан деҳқончилик қиларди. У ҳар куни уйқудан эрта туриб, дастурхон атрофида Қуръон ўқирди. Набираси ҳам бобосига ўхшашга доим ҳаракат қилиб, барча ишда унга тақлид қиларди.
Бир куни у: “Бобожон, мен доим сизга ўхшашга ҳаракат қиламан. Сиз каби Қуръон ўқишга уринаман. Аммо Қуръон ўқиётганимда ҳеч нарсани тушунмайман. Мабодо, бирор нарсани тушунсам ҳам Мусҳафни ёпишим биланоқ ҳаммаси эсимдан чиқади. Шундай экан, Қуръон ўқишдан нима фойда?” деди. Печга кўмир солаётган бобоси қўлидаги ишини ташлаб, аста набирасига ўгирилди ва: “Мана бу кўмир соладиган саватни олгинда анҳорга бориб, тўлдириб сув олиб кел” деб буюрди. Бола бобоси айтганидек қилиб, саватни сувга тўлдирди. Лекин қайтгунича саватдаги сувдан бир томчи ҳам қолмай ҳаммаси оқиб кетди. Буни кўрган бобоси кулиб: “Кейинги сафар сувни олиб келаётганингда тезроқ ҳаракат қил” деди. Болакай бу сафар саватга сув олгач, бобосининг олдига югуриб келди. Аммо саватдаги сув барибир оқиб кетди. Унинг жаҳли чиқиб, бобосига: “Саватда сув олиб келиш мутлақо имконсиз иш. Мен ҳозир сизга челакда сув олиб келаман” деди. Бобоси: “Йўқ, мен сендан челакда сув сўрамадим. Балки, саватда сув келтиришингни буюрдим. Менимча сен етарлича ҳаракат қилмаяпсан” дея эътироз билдирди.
Кейин ўзи ташқарига чиқиб, саватда сув келтириш қандай бўлишини набирасига кўрсатмоқчи бўлди. Набира бўлса бу ишни қилишнинг сира имкони йўқлигига ич-ичидан ишонарди. У югуриб бориб, сувни саватга тўлдирдида, кейин бобосининг олдига олиб келиб берди. Бу гал ҳам сувнинг оқиб кетганини бобосига писанда қилиб, ҳансираганча шундай деди: “Кўрдингизми, барибир фойдаси йўқ. Саватда сув олиб келишнинг мутлақо имкони йўқ, дедим-ку!”
Бобоси: “Сен бу ишнинг ҳеч бир фойдаси йўқ деб ўйлайсанми? Кел, мана бу саватнинг ичига қара”, деди. Болакай саватга тикилиб қаради. Назарида сават алмаштириб қўйилгандек. Чунки, кўмирнинг таъсирида қоракуяга беланиб кетган саватнинг ичи ҳам, ташқариси ҳам топ-тоза бўлиб, худди янги саватга ўхшаб қолган эди. Болакай қўлида ушлаб тургани аввалги сават эмас, балки, бобоси янги саватга алмаштириб қўйгандек туюлди унга. Унинг ҳайрон бўлиб турганини кўрган бобо шундай деди: “Бу ҳолат сен Қуръон ўқиётганингда ҳам содир бўлади. Сен уни ўқиб ҳеч нарса тушунмаслигинг ёки тушунганинг ҳам дарров эсингдан чиқиб кетиши мумкин. Аммо уни ўқиётганингда аста-секин ичинг ҳам, устинг ҳам яхшиланиб, покланиб, афзаллашиб бораверади”.
Эй Аллоҳ, Қуръонни қалбларимиз баҳори, кўнгилларимиз нури, ғам-андуҳларимизни кетказадиган омил қилгин. Нафсларимизни Қуръон тиловати билан ювиб, поклайлик. Шоядки, шунда Аллоҳ таоло бизларга раҳмат назари билан қараб, ҳамма мушкулларимиздан қутқарса, барчамизга енгиллик берса!
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
Ётишдан олдин кўрпаларни қоқиш
Инсон куни билан ишлаб, чарчаб, уйга қайтганидан кейин уйқуга ётади. Кундузи билан кўп ҳаракат қилган инсоннинг танасида турли ҳашаротлар ва зарарли ҳужайралар кўпаяди. Ухлаш учун ётганда ўша ҳашаротлар танадан кўрпаларга ўтади. Эртаси куни яна ўша кўрпага ётганда, яна янги ҳашаротлар тўкилади. Кун ўтган сайин кўрпадаги зараркунандаларнинг миқдори ортиб кетади. Уларни оддий кўз билан кўриб бўлмайди, балки, бир неча минг маротаба катталаштириб кўрсатадиган электрон микроскоплардагина кўриш мумкин.
Кўрпаларда яшайдиган мазкур паразитлардан қутулишнинг энг яхши йўли кўрпани қуёш нури тушадиган жойга ёйиб қўйиш ва ётишдан олдин кўрпани уч марта яхшилаб қоқиб ташлашдир. Чунки, ўша кўрпани сув билан ювганда ҳам мазкур ҳашаротлар йўқолмас экан. Кўпчилигимиз ётишдан олдин тўшагимизни бир қоқиб юборишни кўпинча унутиб қўямиз. Замонавий илм-фан буни яқиндагина исботлади.
Ҳар куни одам танасидаги эски ҳужайралар ўлиб, янгилари пайдо бўлади. Инсон уйқуга ётаётганда мазкур ўлган ҳужайралар кўрпага тушиб, у уйқудан уйғониб, кўрпасидан туриб кетганда, ўлган ҳужайралар тўшакда қолар экан. Агар ўлик ҳужайралар ётоқда кўпайиб кетса, кишига зарар етказиши, турли касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин экан.
Ғарблик олимлар ушбу муаммони бартараф этиш йўлларини изладилар. Кўрпани яхшилаб ювиш керак дейишди баъзилари. Бунинг учун улар энг кучли тозалаш воситаларини ишлатиб, кўрпани ювиб кўрдилар. Лекин ундаги зараркунанда ҳашаротлар ҳатто қимир этгани ҳам йўқ. Олимлардан бири кўрпани қўли билан уч марта қоқиб кўрди. Қараса, ўлик ҳужайра ва бошқа паразитлардан асар ҳам қолмади. У кўрпаларни зараркунанда ҳашаротлардан тозалаш ҳақида янги кашфиёт қилганидан ҳурсанд бўлиб кетди. Шунда буни эшитган бир мусулмон таниши унга эътироз билдириб: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Агар сизлардан бирортангиз тўшагига ётмоқчи бўлса, кўрпасини яхшилаб қоқиб ташласин. Чунки, у ўша кўрпада нималар борлигини билмайди” деди.
Ҳа азизлар, бугунги кунда ғарблик олимлар тер тўкиб, ечим ахатараётган муаммоларнинг кўпи бундан ўн тўрт аср олдин Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонларидан ҳал қилиб берилган.
Аллоҳ таоло ва Унинг севикли Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга нимани буюрган бўлса, ўша нарсада бизлар учун фойда борлиги сабабли буюрган. Нима нарсадан қайтарган бўлса, ўша нарсада бизлар учун зарар борлигидан қайтарган. Зеро, У Зот Қуръонда Ўзи ҳақида: “Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо, 29) деган бўлса, Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё, 107) деган.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Мусибатга учраганни кўрганда нима қилиш керак?
Кўча-кўйда турли балога учраган, масалан, автоҳалокатга, ёнғинга учраганлар, беморлик ва ҳоказо ҳолатларга дучор бўлганларни кўриб ёки эшитиб қоламиз.
Афсуски, бундай пайтда кўпчилик мусулмонлик одобига тўғри келмайдиган ишларни қилишади: дарҳол телефонга тасвирга олиб, интернетда тарқатишади.
Динимизда барча ҳолатларнинг одоблари, шу жумладан, синовга, балога учраганни кўрганда бажарилиши лозим бўлган одоблар бор.
Хўш, мўмин банданинг биродарини мусибатга, балога учраганини кўрганда одоби қандай бўлмоғи лозим?
Ҳар бир ишда умматларига ўрнак бўлган севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ҳолатда ушбу дуони ўқишни таълим берганлар:
الحمد لله الذي عافاني مما ابتلاك به وفضلني على كثير ممن خلق تفضيلا لم يصبه ذلك البلاء
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким балога учраган кишини кўрганда “Алҳамду лиллаҳиллазий аъфаний миммаа ибталаака биҳи ва фаззоланий аъла касийрин мимман холақо тафзийлан” деса, унга ўша бало етмайди», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Демак, бир биродаримизнинг ўзига, уй-жойига, мол-мулкига талофат етганини кўрсак ёки эшитсак, тўхтаб, мазкур ҳадисда келган дуони ўқиб, Аллоҳ таолодан ўзимиз учун ҳам, ўша биродаримиз учун ҳам паноҳ сўрашимиз керак.
Кейин ўша инсонга қўлимиздан келган ёрдамни кўрсатишимиз лозим. Автоҳалокатга учраган бўлса, тезроқ шифохонага олиб бориш, уйи, мол-мулки ёнган бўлса, ўт ўчирувчиларни чақириш, уй ичидан жабрдийдаларни олиб чиқиш, уларга керакли ёрдамни кўрсатиш билан мусулмонлик одобимизга амал қилган бўламиз.
Агар бунинг ўрнига телефонга расмга, видеога олиб, ҳаммага тарқатсак, ўша биродаримизнинг мусибатига мусибат қўшган, дилига озор берган бўламиз. Қолаверса, инсонларнинг мусибатли ҳолатларини тарқатиш орқали ўз обрўсини, обуначиларини ўйлаш бировнинг жароҳати устида рақсга тушишдек гап. Мусулмон одам эса бундай номаъқул иш қилмайди. Аксинча, биродарининг мусибатидан ўзи ҳам изтиробга тушади ва қўлидан келадиган ёрдамни беришга интилади.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | muslim.uz
Тошкент шаҳридаги “Сирож Солиҳ” жоме масжидида содир бўлган ёнғин ҳақида ХАБАРНОМА
Бугун, 8 февраль куни соат тахминан 19:00 ларда Тошкент шаҳри Олмазор туманида янгидан бунёд этилаётган “Сирож Солиҳ” жоме масжиди хонақоҳи томининг бир қисмида ёнғин содир бўлган.
Ушбу ёнғиндан янги қурилаётган бинога мутлақо зарар етмаган, айрим қурилиш материаллари бироз ёнган, холос. Ўт ўчириш жанговар бўлинмалари чақирилган манзилга зудлик билан етиб борган ҳамда кўрилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин қуршаб олиниб, тезда ўчирилган.
Ёнғин келиб чиқиш сабалари тўғрисида кейинроқ батафсил маълумот берилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal