www.muslimuz
ҲАШАР ЭЛГА ЯРАШАР
Азал-азалдан ҳалқимизда “Ҳашар элга яшар” деган ҳам инсонларни бир-бирларига яқинлаштирувчи, бирлаштирувчи, озодалик ва покликни тарғиб қилувчи, инсонни камолитида ҳизмат қилувчи, биз ёшларни ёши улуғларимиз сафига қадам қўйишимизда, уларнинг ҳаёт таржирабаларини ўзимиз билмаган ҳолда ўрганиб боришимизга, поклик, озодалик деган тушунчалар ҳамда миллийлигимиз англаб боришимизга сабаб бўлувчи бир нақл бор.
Бу орқали инсон фақат ўзинигина поклаб юрса бўлди, дегани эмас балки Аллоҳ таоло инсонни яратиб руҳ билан бирга ақлу идрок бахш этгани, ақлли, ҳушёр инсонлар зиммасига табитан тоза ва покиза сақлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза этишдек катта масъулиятни юклаганини, Аллоҳ таоло юклаган бу масъулиятни инсон азалдан бажо этиб келишлигини. табиатни муҳофаза этиш ислом динининг асосий таълимотларидан бири эканлигини, ислом дини барчамизга яшаётган жойларимизнинг тоза, озода бўлиши, ичимлик сувимизнинг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюришлигини, асрлар бўйлаб мусулмон киши ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг бурчлари эканлигини англаб борамиз.
Шу маънода юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, имон-эътиқодимизга яраша солиҳ амалларни бажаришликка муносиб шароитларнинг муҳайё этгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтган ҳолда атроф-муҳит ва ҳовли-жойларимизнинг озода бўлишлигини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 16.08.2019 йилдаги “Мамлакатимизда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидлар, “Мувороуннаҳр” нашриёти, “Вақф” ҳайрия жамоат фонди, диний таълим муассасалари, зиёратгоҳлар ва буларга туташ қабристонларда шу йилнинг 17-18 август кунлари халқимизнинг азалий қадрияти бўлмиш умумхалқ ҳайрия ҳашарини ўтказиш мақсадида”ги 02/ШТ 438-сонли буйруғи ижросини таъминлаш Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти жамоасида ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий урф-одатларимизга ҳурмат руҳини янада ошириб боришни таъминлаш янги бошланаётган 2019-2020 ўқув йилига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида 2019 йилнинг 17 август куни умумхалқ ҳайрия ҳашари ташкил қилинди.
Умумхалқ ҳайрия ҳашари билим юртининг 10 нафардан зиёд рахбар ва ишчи ходим ҳамда жорий ўқув йили учун ўтказилган қабул имтихонларидан муваффақиятли ўтган талабалари иштирокида билим юртининг ички ҳудудида (650 кв.м) ободонлаштириш ишлари олиб борилди, 320 метр ариқлар тозаланди, билим юрти ички ҳудудида 450 метр ва ташқи худудида 400 метр бетон тўсиқларни оҳланди, билим юрти талабалар амалиёт ўтказиш жойи масжид биноси ички ва ташқи қисмида ҳамда ошхона ва тахоратхоналарда умумий тартибда тозалов ишлари олиб борилди.
Билим юрти ташқи фасад қисмидаги барча дарвоза қисми ва ромлар артиб тозаланди. Шунингдек, билим юрти ҳудудига яқин бўлган Ўзбекисион мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакиллиги (билим юртининг КЛУБ биноси)нинг олд қисми майдонларида тозалов ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
Абдуғулом Мелибоев
Ҳашар – ободлик белгиси
Халқимизнинг минг йилликларга бориб тақалувчи қадимий қадриятларидан бири бу ҳашардир. Аждодларимиз бу анъанани доимо улуғлаганлар. Зеро, динимиз аввало инсониятни покликка, озодаликка чорлайди. Ҳар қандай ибодатлар, савобли амаллар поклик ила бошланади. Муборак Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик имондандир”, дея марҳамат қилганлар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 августдаги фармойишига биноан жорий йилнинг август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 17-18 август умумхалқ хайрия ҳашари кунлари, деб эълон қилинди.
Бугун эрта тонгдан диёримиздаги барча масжидлар, зиёратгоҳлар ва уларга туташ қабристонларда ҳам оммавий ҳашар бошлаб юборилди. Масжид жамоаси, маҳалла фаоллари уюшқоқлигида, ички ва ташқи ҳудудлар, экинлар, ариқлар тозаланди. Қабристонлар, қаровсиз қолган жойлар ободонлаштирилиб, тартибга келтирилмоқда.
Айни шу дамларда ҳашар тадбирларининг бирдамлик, аҳиллик эзгулик ва поклик рамзи эканлиги яна бир намоён бўлмоқда. Бир сафга жам бўлиб ибодат қилувчи мўмин-мусулмонлар бугун худди шундай бирдамликда масжидларини покламоқдалар. Кўпнинг кўмаги билан йиғилиб қолган баъзи юмушлар осон ҳал бўлмоқда. Кўпдан бери режалаштирилган ишлар амалга ошмоқда.
Ҳашарда айниқса оталари, боболарига эргашиб келган ёшларнинг қизиқишлари, кўпчиликка қўшилиб меҳнатга киришишлари ўзгача. Уларнинг баъзилари бу каби тадбирларда илк бор иштирок этаётган бўлишса ажаб эмас. Бундай пайтларда поклик ва ободликка йўғрилган эзгу қадриятларимиз ёш авлод хотирасига муҳирланади. Меҳр-оқибат, биродарлик намунасини айнан ҳашарда кўришади. Демак, ҳашар улар учун жонли ибрат ва тарбиянинг ўзгинаси.
Ҳашар тадбирлари давом этмоқда. Кўнгиллар ва масканлар поклигига сабаб бўлгувчи хайрли ишларда фаол бўлайлик, азиз юртдошлар!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Ҳар қандай ибодатлар, савобли амаллар поклик ила бошланади
Халқимизнинг минг йилликларга бориб тақалувчи қадимий қадриятларидан бири бу ҳашардир. Аждодларимиз бу анъанани доимо улуғлаганлар. Зеро, динимиз аввало инсониятни покликка, озодаликка чорлайди. Ҳар қандай ибодатлар, савобли амаллар поклик ила бошланади.
Бугун Олмазор туманидаги «Тўхтабой» жоме масжидида Имом-хатиб Зокиржон домла Шарифов бошчилигида хашар бўлиб ўтди. Унда масжид ходимлари, масжид қавмидаги намозхонлар қатнашди.
Ғам-ташвиш гуноҳ сабабидан эканини инкор этувчиларга раддия
14 август куни muslim.uz сайтида “Доллар нархи ошдими?” номи мақола эълон қилинган эди. Унда АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати кўтарилиши юзасидан баъзи кишиларда пайдо бўлган хавотирли ҳолатларнинг муолажаси ва инсон ризқи Ҳақ таоло томонидан таъмин этилиши баён этилган.
Ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифа ва канал юритувчилари томонидан ушбу мақоладаги фикрларни истеҳзо қилиш ҳолати учради. Сайтимиздаги мақолада инсон бошига келадиган ғам-ташвиш, мусибат у содир этган гуноҳ туфайли экани ояту ҳадислар асосида ёритилган.
Бироқ ушбу мақолага айрим ўқувсиз ижтимоий тармоқ юритувчилари масхараомуз фикрларни ўз саҳифасида қолдирган. Аллоҳ таолонинг каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари келтирилган мақолани шундай кимсалар “анекдот”, дея ҳақоратлашгача бориб етгани ташвишлидир. Мана шундай нодонлар фикри мазмунига етиб бормаган баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари билиб-билмай уларни ёқлаб қўйишган. Фейсбукда ҳам, телеграмда ҳам айримлар ушбу фикрларга кулиб турган “смайлик” қолдирган.
Бундай ҳолат ғўр кимсаларнинг диний-маърифий мақола устидан нодонларча кулаётганини кўрсатди. Улар ўйлаб кўрмайдиларми, шу пайтда уларнинг имон-эътиқодлари қай аҳволда экан? Оят, ҳадис, ҳикматларни масхара қилаётганлар оқибати нима бўлар экан?!
Қуръони каримда:
“Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлар, ана ўшалар зиёнкорлардир” (Зумар, 63), дея ояти каримада Аллоҳнинг оятларини инкор этувчилар зиён кўрувчилардан экани қатъий таъкидланган.
Ислом шиорларини масхара қилишнинг оқибати жуда ҳам оғир. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар:
“Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида Тиҳома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади. Лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди”.
Шунда Cавбон разияллоҳу анҳу: “Ё Раcулаллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!”– деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар”, дедилар (Имом Ибн Можа).
Уламоларимиз ўзларининг фатволарида шундай дейишган: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқ ости қилса ёки шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса ёки масжидни масхара қилса кофир бўлади” (Манба: “Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир” китоби).
Қайд айтганимиздек, баъзи инсонларнинг ижтимоий тармоқлардаги дин борасидаги масхараомуз фикрларини қўллаб-қувватлаш орқали ҳам гуноҳ орттириб олаётгани ачинарли ҳолат, билимсизлик, жоҳилликдир. Бу ҳақда қуйидаги линк орқали Диний идора раиси ўринбосари мақоласини ҳам мутолаа қилишингиз мумкин. (http://muslim.uz/index.php/maqolalar/item/16228)
Тарихдан маълумки, барча улуғ пайғамбарлар алайҳимуссалом ўз қавмларига Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат этишни ва неъматларига шукрона қилишни тайинлаганлар. Нуҳ, Ҳуд ва Солиҳ алайҳимуссалом ўз қавмларига истиғфор айтишни буюрганида, итоат этмаганлари оқибатида сув тошқини, шамол офати ва кучли қичқириқ балоси ушбу қавмларни барбод этган.
Огоҳлик қўнғироғи сифатида “Доллар нархи ошдими?” сарлавҳали мақоладаги далилларни янада қувватлаш ва уни тушуниб етмаган кишилар хитобан, қуйидаги оят ва ҳадисларни келтирамиз.
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмига айтган гапларини шундай баён қилади: “Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир” (Нуҳ, 10-12).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай марҳамат қилганлар: “Ким истиғфор айтишни ўзига лозим тутса, Аллоҳ унинг мушкулини кушойиш қилади, оғирини енгил қилади ва ўзи ўйламаган томондан ризқ беради”, деганлар (Абу Довуд, Ибн Можжа). Демак, ризқнинг зиёда бўлиши, мушкуллар осонлашиши, муаммолар бартараф бўлиши учун истиғфорни кўпроқ айтиш лозим.
Хулоса ўрнида, ҳар бир интернет фойдаланувчиси айтаётган гапи, қолдирган изоҳи ва тарқатаётган ахбороти учун Аллоҳ таоло олдида ҳам, мўмин-мусулмонлар олдида ҳам, жамият аъзолари ва давлат қонунлари олдида ҳам масъул эканини зинҳор унутмаслиги зарурдир.
Изоҳ ўрнида: мақолада бемаъни фикрларни тарқатган ижтимоий тармоқлар номлари келтирилмади. Мақсад, уларни оммага маълум қилиш орқали кенг ёйилишининг олдини олишдир. Агар кимда-ким ундай саҳифа ва каналларни билса ёки аъзо бўлса, тарк этишларини тавсия этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Россия кутубхоналаридан Ўзбекистон тарихига оид энг нодир қўлёзмалар топилди
Ўзбекистон замини маданий бойликларга бой. Айни пайтда тақдир тақозоси билан халқимиз маданиятига оид мерос бутун жаҳон бўйлаб ҳам кенг тарқалган. Уларни излаш, ўрганиш ва жамоатчиликни хориждаги маданий ёдгорликларимиз билан таништириш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказининг асосий вазифаси этиб белгиланган.
Марказ ходимлари яқинда мазкур йўналиш бўйича илмий хизмат сафари билан Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларидаги кутубхона ҳамда архивларда бўлиб қайтди. Бундан мақсад ёзма меросимизга оид манбаларни излаш, аниқлаш ва улар устида дастлабки тадқиқотлар юритишдан иборат бўлди.
Маълумки, ушбу ҳар икки шаҳарда Россиянинг энг йирик икки кутубхонаси жойлашган. Булар – Москвадаги Россия давлат кутубхонаси, Санкт-Петербург шаҳридаги Россия миллий кутубхонаси. Айни кутубхоналарда нашрлардан ташқари бир неча минглаб қўлёзма китоб ва ҳужжатлар сақланади. Кутубхоналарнинг қўлёзма фондига ташрифимиз давомида асосий эътибор Ўзбекистонга оид қўлёзма китоб ва ҳужжатларни аниқлаш, улар ҳақидаги маълумотларни жамлашга қаратилди. Араб, форс тиллари ва эски ўзбек ёзувида битилган катта миқдордаги қўлёзмалар ичидан Ўзбекистонга оидларини излаб топишга муваффақ бўлдик. Масалан, Россия давлат кутубхонаси қўлёзмалар фондидаги 60 дан ортиқ қўлёзма Ўзбекистонга оид экан. Булар қаторида Мирзо Улуғбекнинг “Зижи”, Давлатшоҳ Самарқандийнинг 1593 йили кўчирилган “Тазкират уш-шуаро” асарларининг ноёб қўлёзма нусхаларини тилга олиш мумкин.
Санкт-Петербургдаги Россия миллий кутубхонаси қўлёзмалар бўлими ҳам қўлёзмаларга бойлиги билан ажралиб туради. Сабаби, мазкур шаҳар ўз замонида Туркистон генерал-губернаторлиги ҳам таркибига кирган Россия империясининг пойтахти бўлган. Ўша тарихий даврда кўплаб қўлёзмалар империя пойтахтига олиб кетилган ва ҳозирда улар юқорида зикр этилган кутубхонада сақланади.
Бу ерда сақланаётган қўлёзмаларни ўрганиш орқали 110 га яқин қўлёзма Ўзбекистонга оид экани аниқланди. Муҳими, Россия давлат ҳамда миллий кутубхонасида сақланувчи Ўзбекистонга оид қўлёзмалар ҳақидаги 160 дан ортиқ маълумот Марказ реестрига киритилиб, илмий тавсиф қилинади. Кези келганда шуни ҳам қайд этиш керакки, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказида ҳозирги вақтда меросимизга оид маълумотлар жойлашган электрон реестр устида ишланмоқда. Ҳозирга қадар маданий меросимизга оид 5000 га яқин маълумот мазкур реестрга киритилган.
Айни электрон реестр янги топилган маълумотлар билан муттасил тўлдириб борилаяпти. Россия кутубхоналарида аниқланган халқимиз меросига оид 170 та қўлёзма ҳақидаги янги маълумот ҳам айни шу электрон реестрга киритилади.
Сафар давомида муҳим янгиликлар ҳам аниқланди. Россия миллий кутубхонаси қўлёзмалар бўлимида Ўзбекистонга оид ноёб қўлёзмалар ҳам учраб туради. Булар сирасига Алишер Навоийнинг ҳаётлиги даври – 1465 йили кўчирилган “Илк девон”и қўлёзмасини ҳамда 1592–1596 йиллари Озарбайжоннинг Қизилоғоч шаҳрида кўчирилган Алишер Навоий асарларидан иборат “Мажмуа”ни киритиш мумкин. Айни “Мажмуа” қўлёзмаси бадиий жиҳатдан ўта юксак бўлиб, Али Фоизий исмли хаттот томонидан Сафавийлар ҳукмдори Шоҳ Аббос Сафавий (1587–1629) армияси ҳарбий қўмондони Фарҳодхон буюртмасига кўра кўчирилган. Фарҳодхон 1596–1598 йилларда Мозандарон ҳокими, сиёсий арбоб ва санъат ҳомийси эди. У кўплаб бадиий юксак қўлёзма китобларнинг кўчирилишига сабабчи бўлган. Машҳур шахс ва катта ҳарбий истеъдодга эга Фарҳодхоннинг обрўси ҳукмдор Шоҳ Аббосни ваҳимага солган. Шу боис Шоҳ Аббос 1598 йили Фарҳодхонни сотқинликда айблаб, қатл эттирган. Фарҳодхон учун кўчирилган Навоий мажмуаси бадиий безакларига кўра ноёб бўлиб, катта ҳажм – 1444 бетдан иборат. Бу қўлёзмада Шоҳ Аббоснинг вақф муҳри ҳам бор. Муҳим жиҳати адабиёт ва санъат ҳомийси бўлган шахс – Фарҳодхоннинг айнан Алишер Навоий меросига диққат қилганидир. Мазкур қўлёзмаларни илмий жиҳатдан тадқиқ этиш ва факсимиле нашрини амалга ошириш Марказнинг келажакдаги вазифаларига кириши режалаштирилмоқда.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институтида ҳам Ўзбекистонга оид бир қатор ноёб қўлёзмалар сақланади. Булар қаторида Қўқон хони Умархон даври тарихига бағишланган Мушриф Исфарагийнинг “Шоҳномаи Умархоний” ва Фазлий Намангонийнинг “Умарнома” асарлари қўлёзмаларини қайд этиш мумкин. Дунёда ягона нусхада бўлган ва Қўқон хонлиги тарихини ўрганишда муҳим манба саналувчи мазкур икки қўлёзма нусхаларини Ўзбекистонга келтириш ва факсимил нашрларини амалга ошириш – муҳим вазифа. Сафар давомида бу йўналишдаги ишларни амалга ошириш борасида ҳам институт маъмурияти билан келишиб олинди.
Айни илмий сафарлар натижаси сифатида келгусида тилга олинган икки фонддаги қўлёзмалар асосида “Россия Давлат кутубхонасидаги Ўзбекистонга оид қўлёзмалар” ҳамда “Россия Миллий кутубхонасидаги Қўқон хонлигига оид қўлёзмлар” сингари каталоглар яратиш ва илмий жамоатчиликни хориждаги меросимизга оид қўлёзмалар билан таништириш зарур. Келгусида Россия илмий ва маданий муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш лозим. Зеро, буларнинг барчаси Ўзбекистонга оид мерос билан мамлакатимиз ва жаҳон жамоатчилигини таништириш йўлида амалга оширилмоқда.