www.muslimuz
Паркент туманида масжид қурилиши бошланди
Жорий йилнинг 29 июль куни Тошкент вилояти Паркент тумани Сўқоқ қишлоғида жойлашган "Кунгай" жоме масжиди қурилиш ишлари бошланди. Ушбу масжид ҳудудида янги бинонинг тамал тоши қўйилди.
Дастлабки ғишт қўйиш маросимида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Раҳимберди Раҳмонов иштирок этди. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланиб, қурилиш ишларида, ҳомийлик ишларида ўз ёрдами билан қатнашаётганлар ҳаққига дуои хайрлар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Самарқанддан Туркистон шаҳрига тезкор поезд қатнови амалга оширилади
Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан «Самарқанд – Туркистон» маршрути бўйича тезюрар поездни ишга тушириш масаласи кўриб чиқилмоқда, Бу ҳақда Қозоғистон элчиси Дархон Сотиболди «Дунё» ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.
«Икки мамлакатнинг туристик потенциалини бирлаштиришнинг истиқболлари ёрқинроқ намоён бўлмоқда. Қўшимча равишда «Самарқанд – Туркистон» маршрути бўйича тезкор поездни ишга тушириш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Кейинги босқичда Silk Visaни жорий этиш, бунинг оқибатида меҳмонхоналар, йўллар қуришдан тортиб то чегара пунктларида яшил коридорларни таъминлашгача умумий туристик инфратузилмани тақдим этиш масаласи кўриб чиқилади», – дейди дипломат.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
«Süddeutsche Zeitung»: Бухорода диний бағрикенглик тарихий илдизга эга
«Süddeutsche Zeitung» етакчи немис газетасининг навбатдаги сонида журналист Ханс Гасернинг Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига уюштирган сафари таассуротларига бағишланган мақоласи чоп этилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Архитектор Зоиршох Қиличевдан журналист қачонлардир Бухорода Лаби Ҳовузга ўхшаш 100 дан ортиқ ҳовузлар бўлганлигини билиб олган. «Қадимги меъморлар қайноқ қуёш тафти ва қум бўронларидан ҳимоя қилган ҳолда шаҳарни қандай қуриш кераклигини билишган», - дейилади материалда.
Фотосуратчи Шавкат Болтаевга таянган ҳолда, муаллиф бухороликларнинг ҳаёти билан яқиндан таништиради. Айниқса шаҳарда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тарихий илдизга эгалиги алоҳида таъкидланади. Турли хил миллат, ирқ ва дин вакилларининг баргаликда тинч-тотув яшаши бунга ёрқин мисол бўлиб хизмат қилади.
Мақолада потенциал туристлар учун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, «Ўзбекистон темир йўллари» АК хизматлари, шунингдек Ўзбекистон бўйича турларнинг ҳар хил кўринишларини таклиф этаётган ўзбек ва немис туркомпаниялари ҳақида кенг маълумотлар ҳам берилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тайландлик 102 ёшли зиёратчи Ҳаж амалларини адо этишга тайёрлигини билдирди
102 ёшли Тайланд қироллигининг Сонгкхла вилояти Тефа туманида яшовчи Но Ланаи Ҳаж-2019 мавсумининг энг ёши улуғ зиёратчиси ҳисобланиши айтилди. Ушбу муслима шу кунларда Мадинадан Маккага ўз ўғли ҳамроҳлигида етиб келган.
islam.ru нашрига кўра, шаҳар маъмурлари ёши улуғ муслимага саломатлиги яхшилигига қарамасдан ногиронлар аравасида ҳаракатланишни, ўз кучини тежаши лозимлигини тавсия қилишди.
«PRD Thai Hajj» порталига берган интервьюсида Но Ланаи хоним узоқ вақт Ҳажга келишни режалаштирганини, бироқ нимадир охирги дақиқаларда халақит қилганини атйиб ўтган.
Но Ланаи хонимнинг айтишича, у Ҳаж зиёратининг 100 фоиз амалларини ўз кучига таяниб адо этишга ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёр.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Навоийда янги масжид очилди
Кун ўтгани сайин юртимизда диний соҳада кенг имкониятлар тобора юксалиб бормоқда. Бу Аллоҳнинг биз бандаларига, жумладан, юртимиз мусулмонларига ато этаётган улуғ неъматларидандир. Ана шундай қувонарли воқеалардан бири Навоий вилоятида янги масжиднинг очилиши бўлди.
Шу йилнинг 1 август куни Навоий вилояти Қизилтепа тумани Варозун маҳалласида «Абу Бакр Сиддиқ» номли янги жоме масжидининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов, Навоий вилоят бош имом-хатиби Тоҳиржон Рўзиев, туман бош имом хатиби Завқиддин Орипов, туман ҳокими бошчилигидаги мутасадди раҳбарлар, имомлар, шунингдек, қишлоқ ва маҳалла фаоллари иштироки этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов сўзга чиқиб, маҳалла аҳлини янги масжид билан қутладилар ва ушбу масжид мусулмонларнинг дуолари ижобат бўладиган, ёш авлоднинг гўзал ахлоқий фазилатлари шаклланадиган мўътабар маскан бўлишини тилаб, керакли тавсиялар бердилар, хайрли дуолар қилдилар.
Аллоҳ таоло янги масжидни қишлоқ аҳли учун, умуман, вилоят мусулмонлари учун илм-маърифат ва ахлоқий тарбия маскани бўлишини насиб этсин!
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими