www.muslimuz
Ўзбекистонлик зиёратчилар Қубо масжидига ташриф буюрди
Жорий йилда Ҳаж зиёратини амалга ошириш мақсадида Саудия Арабистонига 4 миллиондан ортиқ зиёратчилар ташриф буюради. Уларнинг кўпчилиги Макка ва Мадина шаҳарларидаги тарихий масканларни ва музейларни томоша қилиш истагини билдирадилар.
Макка ва Мадина шаҳарларидаги тарихий жойларни томоша қилиш ҳар бир зиёратчининг орзусидир.
Уҳуд жанги бўлиб ўтган майдон, Саид ал-Шуҳада, Ал Жума, Қубо, Қиблатайн, Ижабаҳ, Жамама, масжидларини кўриш истагида бўлганлар кўпчиликни ташкил этади.
Жорий йилнинг 1 август куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг бир гуруҳи Мадина шаҳридаги Қубо масжидини зиёрат қилдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким уйида таҳорат қилиб, Қубо масжидига келиб намоз ўқиса, умранинг савобини олади”, деб марҳамат қилганлар. Юртдошларимиз ана шу ҳадиси шарифга амал қилиб, чиройли таҳоратлар олиб, хушбўйликлар сепиб, покиза ҳолда Қубо масжиди зиёратига келиб, бу ерда ҳам икки ракатдан намоз ўқидилар.
Қубо масжиди Мадинаи мунавварада қурилган дастлабки масжиддир. Бу масжидни Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Тавба сурасида зикр қилган:
لاَ تَقُمْ فِيهِ أَبَداً لَّمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَن تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ
“Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир” (108-оят).
Бу муборак жойларни кўрган, Пайғамбаримизнинг муборак қадамлари теккан заминда юрганига севиниб кўзларига ишона олмаётган, уларнинг ибратли ўтмишидан хабардор бўлган отахону онахонларнинг қувончлари чексиз бўлиб, қалблари тўлқинланиб, имон-эътиқодлари янада зиёда бўлди.
Уларнинг лаблари тинимсиз пичирлаб, Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбар алайҳиссаломга дуруду салавот, шундай муборак жойларга етиб келишларига шароит яратиб берган муҳтарам Президентимизга ва барча мутасаддиларга раҳматлар айтишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳожиларимиз учун енгиллик
Шу кунларда Макка шаҳридаги «Аброжул ҳидоя» меҳмонхонасида ҳожиларимиз билан маърифий суҳбатлар бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов, шифокор Алишер Саатов, ишчи гуруҳ аъзолари, гуруҳ раҳбарлари ва зиёратчилар иштирок этмоқда.
Мазкур маърифий учрашувда ҳожиларга керакли тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда. Жумладан, «Ҳаж-2019» ишчи гуруҳи раиси Жасур Акрамов сўзга чиқиб, ҳожиларга муҳим бир янгиликни билдирди: «Олдинлари зам-зам сувини ҳар бир ҳожи Жидда аэропортидан ўзи билан олиб кетарди. Бу йилги ҳожиларимизга қулайлик яратиш, уларни ортиқча уринтирмаслик мақсадида, ҳар бир ҳожига совға тариқасида бериладиган 5 литрлик зам-зам суви ҳаво лайнерларимиз орқали Ўзбекистонга етказиб берилади. Бу ҳам, албатта, «Ҳаж-2019» мавсуми ҳожилари учун навбатдаги қулайликлардан биридир».
Макка ишчи гуруҳи
Дил сўзлари: дуоларимизни Яратган ижобат қилсин!
Асли касбим ўқитувчи. 40 йилдан ортиқ ёшларга таълим-тарбия бердим. Аллоҳ насиб қилиб, ҳаж ибодатини адо этиш бахтига муяссар бўлиш арафасида турибман. Ҳар гал Каъбани тавоф қилар эканман, раҳматли онамнинг бир сўзлари ёдимга тушади. – Болам, одамларни корига яраган, уларни рози қилган, Яратганни ризолигини топади. Элим десанг, эл ардоқлайди, Аллоҳ десанг Ўзи яхши ниятларингга етказади, дерди онам. Мен ҳам онамнинг пурмаъно сўзларига амал қилиб, озми-кўп эл корига ярашга интилдим. Муборак сафар олдидан, маҳалламиздаги эҳтиёжмандларга қўлимдан келганча ёрдам бердим. Ажрашиш арафасида турган бир ёш оилани сақлаб қолишга эришдим. Маҳалла аҳлининг дуосини олиб муборак сафарга келдим. Илоҳим, элу юртимиз тинчлиги, осойишталиги, фарзандларимиз камолотини сўраб қилаётган дуоларимизни Яратган ижобат қилсин.
Фазлиддин НАЖМИДДИНОВ,
Наманган вилоятидан.
Эҳтиромдан бошимиз кўкда
«Мен автомобилларга техник хизмат кўрсатиш соҳасида 30 йилдан кўпроқ меҳнат қилдим. Аллоҳ насиб қилган экан, бу йил ҳаж сафарига келдим. Келишимдан олдин, маҳалламизда бир ночор оилани уйини битказишга, яна бир боқувчисини йўқотган оилага қўлдан келганча ёрдам кўрсатдим. Аллоҳга ёққан бир эзгу ишим бор экан-ки, Ўзини улуғ байтини зиёрат қилиш, ҳаж ибодатини адо этиш бахтига муяссар қилди. Шу ўринда бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман: мен Мадина ва Макка шаҳарларида ўзбекистонлик ҳожиларимиз учун ажратилган меҳмонхоналар ва улардаги шарт-шароитлардан, очиғи, ҳайратга тушдим. Чунки, юряпмиз, кўряпмиз, эшитяпмиз, солиштиряпмиз бошқа давлатларнинг ҳожиларига бундай эътибор йўқ. Бу эҳтиромдан бошимиз кўкда. Ҳар гал Каъбани тавоф қилар эканмиз, ана шундай қулайликларни бизга ҳозирлаб берган давлатимиз Раҳбарини, барча-барчани дуоларимизда эслаяпмиз, юртимизга тинчлик-осойишталик, барқарорлик, халқаро майдонда номимиз ва ўрнимиз бундан-да сарбаланд бўлишини сўраяпмиз».
Толибжон ИМОНҚУЛОВ, Андижон вилояти, Марҳамат туманидан.
“Муслим-тур” Қуддусга сафар уюштирди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси дунёдаги муборак қадамжолар бўйлаб, зиёратлар уюштиришни бошлади.
Муҳтарам Президентимиз томонидан туризмни ривожлантиришга оид қабул қилинган фармон ва қарорлар зиёрат туризмини ривожлантиришга катта хизмат қилмоқда. Ушбу зиёрат туризмини ривожлантиришга ҳисса қўшиш ва сайёҳларга қулай шарт-шароитлар ташкил этиш мақсадида, “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Шу кунларда “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси томонидан бир гуруҳ юртдошларимиз мўмин-мусулмонлар учун энг табаррук жойлардан бири бўлган Қуддуси шариф шаҳри зиёратини амалга оширишмоқда.
Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўч боғлаб бориш фақат уч масжидгагина бўлади: менинг ушбу масжидимга, Масжидул ҳаромга ва Масжидул Ақсога», дедилар». Демак, зиёратидан савоб умид қилиб, алоҳида ният билан сафар қилиш мумкин бўлган масжид учта экан. Улар: Мадинаи мунавварадаги Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари, Маккаи мукаррамадаги Масжидул ҳаром ва Қуддус шарифдаги Масжидул Ақсодир. Бу нарса мазкур уч масжиднинг фазли нақадар юксак эканини кўрсатади.
Шу ҳадиси шарифга монанд равишда айни кунларда 20 нафар фуқароларимиз Қуддус шаҳридаги азиз ва мўътабар масканлар, осори атиқалар ва энг асосийси “Ақсо” масжиди зиёратини амалга оширишмоқда.
Мўътабар масканлар зиёратидан руҳий-маънавий қувват олган диёримиз кишилари энг табаррук жойларни зиёрат қилганлари ва уларга кўрсатилган хизматлардан жуда ҳам мамнун бўлганларини изҳор қилишди.
Ўз навбатига айтиш керакки, “Muslim-tour” фирмаси юртимиздаги ички туризмни ривожлантириш бўйича ҳам ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бундан аввалроқ, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидаги қадамжолар бўйлаб зиёратлар ташкил этилган эди.
“Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси мана шундай илғор ташаббусларни амалга оширишда давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Саудия Арабистони Подшоҳининг ўзбекистонлик меҳмонлари ҳаж сафари тараддудида
2 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида жорий йилда Саудия Арабистони Подшоҳининг меҳмони сифатида ҳаж сафарига кетаётган зиёратчилар билан мулоқот ўтказилди.
Учрашувда Шайх Абдулазиз Мансур меҳмон сифатида танланган зиёратчиларни қутлаб, ушбу сафарга энг муносиб уламолар, илм-фан соҳасининг етук намоёндалари танлаб олинганини алоҳида таъкидлади. Муборак сафарга подшоҳнинг меҳмони сифатида бориш шараф экани, бутун умрини Ислом дини ривожи, мўмин-мусулмонлар хизмати ва илму ирфон тарқатишга сарфлаган кишилар мана шундай илтифотга муносиб кўрилганини Шайх ҳазратлари алоҳида қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов меҳмон сифатида кетаётган уламоларни сафар мобайнида уюштириладиган анжуманлар, маърифий тадбирлар ва мулоқотларда фаол қатнашишни билдирди. Шунингдек, суҳбатлар давомида Ўзбекистонда сўнгги йилларда Ислом дини ривожи йўлида қилинаётган хайрли ишлар тўғрисида маълумотлар тақдим этишни қўшимча қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибияти мудири Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов мезмонлар томонидан тақдим этиладиган сафар дастурига амал қилиш, сафар давомида юзага келадиган масалаларни маслаҳатлашган ҳолда ҳал этиш ва ташкилий ишлар билан боғлиқ масалаларни баён этди.
Шунингдек, бу йилги меҳмонлар сафида Муҳаммад Шариф домла Жуманов, Исмоилжон домла Ҳамроқулов, Абдумалик домла Мамадалиев ва Абдували домла Исажонов каби устозларнинг борлиги барчамизни мамнун этмоқда.
Аллоҳ таборака ва таоло меҳмонларнинг ҳажларини мабрур айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати