www.muslimuz

www.muslimuz

Олимлар югуриш спорти билан шуғулланувчилар устида узоқ йиллик изланиш ва тадқиқот олиб борганларидан сўнг мазкур спортчиларнинг тизза мускуллари жуда мустаҳкам, бақувват ва яхши ҳолатда бўлишини аниқладилар.

Инсон мунтазам равишда юриш, аниқроғи тўхтамасдан, бир маромда пиёда юриш билан шуғулланса, оёқ мускуллари мустаҳкамланишини таъкидладилар. Яна улар шуни айтишяптики, ҳар куни пиёда юриш тизза мускуллари қувватини оширибгина қолмай, балки юрак мускулларини ҳам яхшилаб, қандли диабет касаллигини муолажа қилар, қон босимининг мўътадиллашишига хизмат қилар, умуртқа поғонаси ва тизза бўғимларидаги оғриқларнинг йўқолишига ҳамда жисмнинг иммунитет тизими мустаҳкамланишига сабаб бўлар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» дедилар. Улар:

«Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.

У зот:

«Қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва намоздан сўнг намозни интизор бўлиб кутиш. Ана ўша сиз учун «муробитлик»дир», дедилар». Имом Муслим ривоятлари

Бу ҳадисда банданинг хатолари ўчирилиб, даражалари кўтарилишига сабаб бўладиган амаллар қаторида “масжидларга қадамни кўпайтириш” ҳам зикр қилинмоқда. Ҳа, масжидга бир кунда беш марта пиёда юриб борадиган одам намоз ўқиш билан бирга кунлик пиёда юриш машқини ҳам бажарган бўлади. Бу эса юқорида айтиб ўтганимиздек, кўплаб касалликларининг барҳам топишига, мускуллар ва иммунитет тизими мустаҳкамланишига сабаб бўлади.

Қолаверса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни масжидга пиёда борар ва масжиддан қайтишда бошқа йўлдан пиёда уйга келар эдилар. Бундай қилиш аввало суннат амал бўлса, шунингдек, тананинг саломатлиги учун ҳам айни муддаодир.

Аллоҳ таоло барчамизга Динимиз кўрсатмаларига амал қилиб, икки дунёда азизу мукаррам бўлишимизни насиб этсин!

 

www.kaheel7.com сайти маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги Ҳаж мавсуми юзасидан баёнот берди. Унга кўра, Ҳаж зиёратини ноқонуний адо этишни мақсад қилганларга нисбатан жазо қўлланилиши мумкинлиги айтилган.

Islam-today нашрининг ёзишича, жазо фақатгина зиёратчиларга эмас, балки уларни ноқонуний олиб келган автобус ва такси ҳайдовчиларига нисбатан ҳам қўлланилади.

Ҳаж зиёрати тартибини бузган зиёратчиларга нисбатан ярим йилгача бўлган қамоқ жазоси қўлланилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги минтақасида ҳалол саноатни ривожлантириш бўйича Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилотининг йиғилиши ўтказилади.

Ушбу анжуманда Россия, Туркия, Малайзия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистоннинг 25 дан ортиқ идора ва ташкилотлари иштирок этади.

muslim.kz нашрининг хабар беришича, анжуман кун тартибига кўра делегатлар ҳаллол саноатнинг ривожлантириш, генетик ва молекуляр лабораториялардаги инновация технологияларининг ҳалоллик ва озиқ-овқат хавфсизлигидаги ўрни масалаларини кўриб чиқадилар.

"Ҳалол" сертификатлаштириш ва стандартлашдаги муаммо ва вазифалар муҳокама қилиниши айтилган. Анжуман якунларига кўра декларация қабул қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Илм олиш динимизда фарз қилиниб бирор бир дин илм олишга Ислом динидек тарғиб қилмаган. Ҳамда Ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга буюрган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк бор “Ўқи” деб нозил бўлган оят сўзимизга далил бўла олади. Илмнинг калити ўқишдир.

Исломдан олдинги пайтни эсга олайлик. Одамлар жаҳолат ботқоғига тамоман ботган эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу ҳолатини Қуръони каримда шундай баён қилган: “Дўзах чоғи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди”. Оли Имрон сураси, 103-оят.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло илм билан инсониятни жаҳолат зулматидан Ислом нурига олиб чиқди. Ислом дини илмни иймонга тасдиқ, амалга эса йўлбошчи қилган диндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят бўлган ҳадисда: “Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир”, - деганлар. Ибн Можа ривоят қилган.

Ислом дини диний ва дунёвий илмга умумий даъват қилган. Масалан, Занжий ибн Холид айтади: “Болалик пайтимизда Зуҳрийнинг ҳузурига кирган эдик, у зот бизга: “Илм талаб қилинглар. Шунда сиз дунёни истасангиз унга етишасиз, охиратни истасангиз ҳам унга етишасиз”, - дедилар”. Аммо  динда фақиҳ бўлишга алоҳида урғу берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, - дедилар. Бу ҳадис Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят бўлган. Муттафақун алайҳ. Ушбу ҳадисга биноан илм эгалари улуғ фазилат эгаси эканликлари маълум бўлади.

Улуғ зотлардан бири: “Кимда-ким ўзининг билмаслигини яшириб, илм олишдан бош тортса ёки касалини яшириб, даволанишдан бош тортса, у ўзига ўзи хиёнат қилибди”, - дедилар.

Ислом дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир. Дунёвий илмлар фарзи кифоя ҳисобланади. Бу илмлар билан машғул бўлаётган кишилар фарз ибодатини бажаряпман деган ниятда машғул бўлишса, дунёвий манфаатларни қўлга киритишдан ташқари, улкан ажр-савобларга ҳам эришадилар. Худди шунингдек, турли ишлаб чиқариш ва саноатга доир илмлар ҳам фарзи кифоядир. Демак, ҳозирги замонда мусулмонлар фан-техника соҳасида ҳам барча дақиқ илмлардан кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади. Чунки давлатнинг куч-қудрати, ўзга давлатларга қарам бўлиб қолмаслиги илм-фаннинг ривожи ва тараққиётига боғлиқдир. Ислом динидаги  бу ҳукмлар аёл қизларни ҳам четлаб ўтмаган. Чунки жамиятнинг ярмидан кўпини аёл-қизлар ташкил қилади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Айниқса, келажак авлод тарбияси аёл-қизларимизга боғлиқдир. Улар билимли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам одобли бўлади.

Ривоятларда келишича, бир киши бир улуғ зотнинг ҳузурига келиб: Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқиштишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?”, - деб сўрабди. Шунда у улуғ зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, - деб жавоб берган экан. Қанчадан-қанча алломаларни оналари тарбиялагани ҳеч биримизга сир эмасдир.

 Биз фарзандларимизни, айниқса, қизларимизнинг таълим ва тарбиясига катта аҳамият қаратишимиз лозимдир. Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олишнинг ибодат эканини билдиришимиз керак. Устоз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ўзларига юклатилган бурч ва масъулиятни яхши англаб, таълим ва тарбияни пухта олиб боришлари керак бўлади. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ асрасин!

Жаҳолат бу – зулм ва хавф-хатар экан. Бундан қутилишнинг ягона йўли эса, илм олишдир. Демак, инсон Фақат илм билан жаҳолатдан нажот топади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг машҳур сўзларидан бирида “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай!”, - деганлар. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ. Жаҳолатдан-да кўра зарар берувчироқ нарса ҳам йўқ. Али розияллоҳу анҳу: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”, - деганлар. Илмсизлик, жаҳолат инсониятни ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсон илм орқали охирати ва дунёсини обод қилади. Алҳамдулиллаҳ, юртимизда барча соҳада китоблар нашрдан чиққан ва чиқмоқда. Биз фарзандларимизни китоб ўқишга тарғиб қилайлик. Фақат интернет билан чекланиб, илмни юзаки ўрганмасдан, китоб мутолаасига ҳам эътибор қаратайлик.

Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор унутмайлик!

Аллоҳ таоло юртимизни тинч-омон қилсин. Илм ва тарбия йўлида хизмат қилаётган устоз ва мураббийларимизни паноҳида асрасин!

 

 

 

Аминжон Исмоилов

Сирдарё тумани бош имом-хатиби

Маълумки, сўнгги йилларда юртимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган улкан лойиҳалар амалга оширилмоқда. Пойтахтимизда барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази шундай мега лойиҳалардан бири бўлиб, унинг асосий вазифаси илк Ўрта асрлардан бошлаб мусулмон ва жаҳон цивилизациясига ўз кашфиётлари ва илмий изланишлари билан бебаҳо ҳисса қўшиб келаётган ўзбек халқининг буюк аждодлари меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб этишдан иборат.
Ушбу мавзуга бағишланган матбуот анжуманида ОАВ вакилларига Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси тарихи, қурилиш ишлари жараёнлари, мақсад ва вазифалари, ҳозиргача Ислом цивилизацияси маркази жамоаси томонидан амалга оширилган ишлар, Ислом цивилизацияси марказининг халқаро ҳамкорлиги тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Қайд этиш жоизки, Ислом цивилизацияси маркази биноси Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида, Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида қад кўтармоқда. Бино ғоя ва мақсадларга мос равишда улуғвор, салобатли бўлиб, анъанавий ислом ва ўзбек меъморчилиги услубида бунёд этилмоқда. Марказ учун 10 гектардан кўпроқ жой ажратилган. Лойиҳага кўра, мазкур меъморчилик дурдонаси уч қаватдан иборат бўлади, атрофи тўлиқ ободонлаштирилади, сайёҳлар учун барча қулайликлар яратилади. Мажмуада нодир экспонатларга бой Ислом санъати музейи, кутубхона, қўлёзмалар фонди, илмий кафедралар, конференциялар зали бўлиши назарда тутилмоқда.
Маълумки, ҳар бир цивилизация илм-фан, яратувчилик, иқтисодиёт, сиёсат ва маданиятда жаҳон тамаддунида қолдирган изи билан баҳоланади. Шу маънода, илк ва кечки ўрта асрларда олимлар, фузалолар, илоҳиётшунослар, қурувчи-меъморлар ва ҳунармандларнинг бир неча авлодини етиштирган, уларнинг қуввати-ҳофизалари билан ўлмас асарлар, кашфиётлар, санъат асарлари бунёд этилишига сабабчи бўлган ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунида тутган ўрни беқиёсдир. Ушбу цивилизациянинг алломалари ичида юртдошларимизнинг ўрни ҳам муҳим ва салмоқлидир.
Ислом цивилизацияси маркази биносига Ўзбекистон халқаро ислом академияси жойлаштирилиши ҳам кўзда тутилмоқда. Президентимиз таъбирлари билан айтганда, ушбу маскан илм ва маърифат маркази бўлади. Бу ерда турли ёш вакиллари, хусусан, бакалаврлар, магистрлар ва бўлажак илоҳиётчи докторлар ва ҳатто оддий ўқувчи учун ҳам зарур шароитлар яратилади. Ушбу марказ ислом маърифатини, буюк аждодларимизнинг бой меросини халқимизга ва дунё ҳамжамиятига етказиш вазифасини бажаради.
Айни кунда Ислом цивилизацияси маркази фондларида 1000 дан ортиқ нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар, 8000 дан кўпроқ XIV асрдан бошлаб чоп этилган адабиётлар ва 25 мингдан зиёд электрон китоблар сақланмоқда. Марказда 34 нафар техник ва илмий ходимлар фаолият олиб бормоқдалар. Ислом цивилизацияси маркази томонидан ўтган ва жорий йилларда “Ҳадислар тўплами”, “Видо хутбаси”, “Етти пир мероси” китоблари нашр этилди, 4 та информация роликлари яратилди, мамлакатимизда ва хорижда 27 та тақдимот ўтказилди, 11 та хорижий марказлар, университетлар ва кутубхоналар билан ҳамкорлик меморандумлари тузилди ва амалга оширилмоқда.

Ислом цивилизацияси матбуот хизмати

 

Видеолавҳалар

Top