muslim.uz
Рамазон ойида Бельгияга ташриф
Марокаш давлатидан 68 нафар ёш имом-хатиблар, исломшунос олимлардан ташкил топган делегация аъзолари Рамазон ойи давомида Белгиядаги бир қанча масжидларда диний амалларни бажаришга кўмаклашиш мақсадида Бельгияга етиб келди.
Мазкур ташриф Марокаш давлатидаги Ислом ва вақф ишлари вазирлиги, хорижда истиқомат қиладиганлар масаласи билан иш олиб борувчи Ҳасан II муассасаси ва Бельгиядаги мусулмонлар жамияти билан ҳамкорликда уюштирилди.
Ташкилотчиларнинг айтишича, ёш имом-хатиблар, исломшунос олимлардан ташкил топган делегация иштирокчилари бельгиялик мусулмон ёшларни экстремизм ғоялари хатаридан муҳофаза этиш мақсадида уларга соф Ислом таълимотлари ҳақида тушунтириш ишларини ҳам олиб боришади.
Маълумотларга кўра, Бельгияда 1974 йилдан буён Ислом иккинчи дин сифатида эътироф этиб келинмоқда. Ҳозирда мамлакатда 782 000 га яқин мусулмонлар истиқомат қилади, улардан аксарияти марокашлик ва туркиялик мусулмонлардир.
И.Аҳмедов таржимаси
Анвар қори Турсунов: "Мустабид тузум даврида..."
Анвар қори Турсунов: "Мустабид тузум даврида биз Рамазон сўзини айтишга ҳам қўрқардик"
— Биз аввало ватандошларимизни кириб келган муборак Рамазон ойи билан муборакбод этамиз. Бу ой тинчлик, барака ва меҳр-оқибат ойи бўлишлигини Аллоҳдан сўраймиз.
Бизнинг Ўзбекистонимизга Аллоҳнинг раҳмати, назари тушган. Юртимизда инсон учун энг катта неъмат ҳисобланмиш тинчлик, хотиржамлик, аҳиллик ва миллатлараро тотувлик қарор топган. Мазкур неъматларнинг бардавомлиги йўлида ташаббус кўрсатаётган Юртбошимизга раҳмат айтамиз. У кишининг 2016 йил 1-июндаги "Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги Қарорлари жуда катта воқеадир. Биз дунё мамлакатлари ҳақидаги маълумотларни интернет орқали ўқидик. Дунёнинг бирор-бир мамлакатида, ҳатто мусулмон давлатларида ҳам Президент Рамазон ойини муносиб ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилмас экан. Ўзбекистонимизда давлат раҳбарининг муқаддас динимизга, мусулмонларга шунчалик ҳурмат-иззат кўрсатаётгани катта неъмат. Буни нафақат уламо ва имом-хатибларимиз, балки халқимиз ҳам теран англаяпти.
Муҳтарам Президентимизнинг қароридаги алоҳида бандларда Рамазон ойининг асл ғояси ўз аксини топган. Бу ойда бажарилиши керак бўлган ишлар белгилаб қўйилган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда «Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ойда кучли бўрондан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар» дейилган. Мазкур қарорда айнан шу ғоя мужассам бўлганки, бу юртимизда истиқомат қилувчи барча мусулмонларни хурсанд қилди. Қарор натижасида мутасадди ташкилотлар бизга ғамхўрлик қилишмоқда. Муборак ойни тинч-хотиржам ўтишида барча ўз масъулиятини ҳис қилмоқда. Ёши улуғ отахонларимизнинг соғлиғидан хабардор бўлиб туриш учун тиббиёт ходимлари ҳам жалб этилмоқда. Қани айтингчи, яна қаерда бундай шароитлар яратилган?
Ҳозир Рамазон арафасида турибмиз. Биз ҳар куни халқимизнинг тўйларида, маъракаларида юрамиз. Бу қарордан ҳамма хурсанд эканини кўриб, билиб турибмиз. Айниқса, нуроний отахон ва онахонларимиз шукрона айтишмоқда, дуо қилишмоқда.
Мустабид тузум даврида биз Рамазон сўзини айтишга ҳам қўрқардик. Қаранг, биз бир ой давомида телевидение орқали Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида халқимизга маълумот бериш имконига эга бўляпмиз. Бундан ҳаммамиз, айниқса, халқимиз жуда хурсанд.
Мен яқинда деҳқонлар билан суҳбатлашдим. Улар бу йилги ҳосил ўтган йилгидан юз баробар кўп эканини айтишди. Бу Аллоҳнинг бизга берган неъмати. Иншооллоҳ, бир ой давомида мана шу мавзуларда халқимиз билан суҳбат қурамиз.
Мустақилликка эришганимизга 25 йил бўлди. Илгари деярли қорилар йўқ эди. Таровиҳ намози учун хориждан қори олиб келинар, чала хатми Қуръон бўларди. Бугунги кунда ўзимизнинг мадрасаларда, Ислом университети ва институтида етишган, диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллаган, махсус гувоҳномага эга бўлган қориларимиз юртимиз масжидларида таровиҳ намозларини ўтказиб келмоқда.
Яна бир фикрни алоҳида айтишим зарур. Ҳозирда дунё уламолари Ўзбекистонда камол топаётган қорилар кўп жабҳаларда бошқа мамлакатлардаги қорилардан устун эканликларини эътироф этмоқда.
Умид қиламизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан берилган тавсия ва кўрсатмалар асосида таровиҳ намозларимиз гўзал кўринишда ўтказилади. Намозлар вақтида эҳтиёж¬манд, жисмоний имконияти чекланган инсонларга ёрдам бериш ҳар биримизнинг инсоний вазифамиз эканлигини уқтириб боришга ҳаракат қиламиз.
Яқинда Фарғонага бордим. Чекка қишлоқлардан бирида жойлашган «Муборак» жомеъ масжидида бўлдик. Жуда гўзал, ҳамма шароитлар яратилган, файзли масжид экан. Айтмоқчи бўлганим, юртимизнинг энг чекка, тоғли ҳудудларида жойлашган масжидларда яратилган шароитлар шаҳардагидан асло кам эмас. Бу ҳам давлатимизнинг мусулмонларга кўрсатаётган эҳтиромининг рамзидир.
Юртимизда диний эркинлик таъминланган. Эркинлик биринчи навбатда масъулият деганидир. Биз ислом динининг тинчлик, аҳиллик ва меҳр-оқибат дини эканлигини англаб етаверсак баракотлар бундан ҳам зиёда бўлаверади.
Рамазон ойининг Лайлатул-қадр кечасини ўтказиш учун бир гуруҳ юрт-дошларимиз умра сафарига борадилар. Улар муборак кечада Ватанимиз, халқимиз ҳақига дуо қилиб келадилар. Бу ҳам улуғ неъмат. Бир пайтлар ҳаж, умра каби сафарлар ота-боболаримиз учун ушалмас орзу бўлган. Жорий йилнинг ўзида минглаб юртдошларимиз умрага боришди. Яқинда бўладиган ҳаж сафарига ҳам катта тайёргарлик кўрилмоқда. Барча ташкилий ишлар амалга оширилди. Буларнинг барчаси Юртбошимизнинг ғамхўрлиги натижасида бўлаётганини алоҳида таъкидлашимиз лозим.
«Ўзбекистон овози» мухбири Темур АЪЗАМ ёзиб олди.
«Ўзбекистон овози» газетаси, 66-сон. / Манба: vakillik.uz
Рамазон ойи фазилатлари
Кўкни қизартирган сўнгги шафақлар.
Уфқ ортига ниҳон бўлган бу замон.
Соғинч кўзларидан тўкилган ёшлар
Бир-ла безалганда гардиши осмон.
Раҳмат хазинасин очқичи бўлиб,
Кўкка кўтарилди мисоли камон.
Феруза гумбазли осмон тоқига,
Чиқибдур муборак моҳи Рамазон!
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, ўн бир ойга чўзилган соғинч ва иштиёқдан сўнг ниҳоят ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат фасли, саховату дуо, таровеҳу Қуръон ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан оламга ташриф буюриб, бошимиз узра раҳмат соябони бўлиб турибди.
Жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг энг улуғи ва энг фазилатлиси бўлмиш бу ойни бир олам шодлигу қувонч билан кутиб олмоқдалар. Ҳамма бир-биридан ширин, бир-биридан эзгу орзу умидлар оғушида. Кимдир Рамазон рўзасини бу йил тўлиқ тутиб, ўттиз кун мобайнида таровеҳларда Қуръон хатмига сомеъ бўлиб, кўплаб савоб орттириш ниятида бўлса, кимдир бу саноқли кунлар мобайнида Қуръони каримни тўлиқ ўқиб тушириш илинжида. Кимдир, бу бебаҳо ва бетакрор тоат мавсумида ўзини ҳартомонлама ислоҳ этиб, хатоларини тузатиш, ҳасад, гинаю кудурат, хусумат каби маънавий иллатлардан қалбини мусаффо этиб, ўзи учун покиза ҳаёт саҳифасини очишни қасд қилган бўлса, яна кимдир хайрли ишлар учун бошқа вақтлардагидан кўра кўпроқ ажру савоблар бериладиган бу қимматли фурсатларни ғанимат билиб, меҳру мурувват, саховат ва силаи раҳм каби олийжаноб ишлардан имкон қадар кўпроқ захира тўплаш мақсадида рамазоннинг келишига интиқ.
Ҳа, азизлар, Рамазон мана шундай ўхшаши йўқ, фазилатда тенги йўқ муборак ой. У эзгулик сайли, тоат мавсуми, яхшиликлар мусобақасидир. Ўтган улуғларимиз Рамазонга шундай интиқ бўлишар эдики, ҳатто ойлар давомида “Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ!”, дея Яратганга илтижолар қилардилар. Рамазон келиб, унинг ҳар лаҳзасини эзгу амаллар учун захира қилишгач, яна бир неча ойлар давомида “Эй Аллоҳ, биздан Рамазондаги амалларимизни қабул эт!”, дея тинмай дуода бўлардилар.
Солиҳ салафларимизнинг Рамазонга муносабатлари ана шундай эди. У зотлар бутунбошли йилга Рамазон орқали назар солганлар. Рамазонни йилнинг асоси ва меҳвари деб билганлар. Шу боис ҳам ярим йил давомида Парвардигордан Рамазондаги ибодатларини қабул қилишни сўрасалар, қолган ойларни “Рамазонга етказ!” деган илтижо тилларидан тушмаган.
Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг буюк иродаси ва чексиз ҳикмати тақозоси билан ўзи яратган махлуқотларини фазл ва устунликда бир-биридан фарқли ва тафовут қиладиган қилиб яратган. Баъзи маконларни бошқасидан, айрим замонларни ўзгасидан ортиқ ва афзал қилиб қўйган. Ою кунлар орасидан баъзиларини танлаб олиб, уларни эзгулик мавсумлари, тоат ва ибодат кунлари, қурбат ҳосил қилиш вақтлари қилиб белгилаган. Булар йил мобайнида ҳадя тариқасида берилган раҳмат нафҳаларидир. Ким уларга эътибор бериб, яхшиликларидан баҳраманд бўлиб қолса, ўша ҳақиқий бахтиёр кишидир.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб дедилар: "Бутун умрингиз давомида яхшилик талабгори бўлиб, Аллоҳ азза ва жалланинг раҳмат шабадаларига йўлиқинг! Зеро, Аллоҳнинг раҳмати жумласидан бўлган шабадалари борки, уларни бандаларидан хоҳлаганига насиб қилади" (Табароний, Байҳақий, Ибн Абдул-Барр, Абу Нуайм, Ибн Асокир ва бошқалар ривояти).
Ана шундай раҳмат нафҳаларидан бири Рамазон ойидир. Бу ой бошқа ойларга нисбатан фазилату устунликда бамисоли қуёшнинг бошқа сайёраларга нисбатан устунлиги кабидир. Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа барча ойлардан олий ва муфаззал қилди. Уни кўплаб буюк фазилатлар ва улуғ имтиёзлар билан хослади. Имом Табароний Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар.
Рамазон ойининг фазилатларини санаб тугатиб бўлмайди. Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури Қуръони карим шу ойда нозил бўлгандир. Ушбу ойда Ислом тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган жуда кўп оламшумул воқеалар содир бўлган. Шу боис бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.
Рамазон Қуръон ойидир. Қуръон билан рўза ойи орасидаги мустаҳкам алоқа ва боғлиқликни Рамазоннинг илк куни кириши биланоқ ҳар бир мусулмон киши ўз қалбининг туб-тубидан ҳис этади. Ва ўта кучли муҳаббат ва қизқиш билан Раббисининг Китобини мутолаа қилишга киришади. Унинг оятлари борасида тафаккур юритади, Унда келтирилган қиссалару хабарлардан ибрат олади. Масжидлар намозхонлар ва Қуръон тиловат қилувчилар билан тўлиб кетади. Дунёдаги бор масжидларда Қуръони карим хатми бошланади. Ва бу ҳолат ўзининг лисони ҳоли ила бутун оламга бу ой Қуръон ойи эканлигини баралла эълон қилади.
Аллоҳ таоло деди: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185-оят).
Тафсир китобларида келишича, Қуръони карим Рамазон ойининг Қадр кечасида Лавҳи маҳфуздан дунё осмонига туширилган. Сўнгра, йигирма уч йил давомида воқеа ҳодисалар ривожига мувофиқ равишда бўлиб-бўлиб Пайғамбаримизга индирилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни Жаброил алайҳиссалом назоратларидан тўлиқ ўтказиб олар эдилар. Бу улуғ фаришта билан биргаликда Қуръони каримни дарс қилардилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар.
Салафи солиҳларимиз ҳам бу муборак ойда Қуръони карим учун алоҳида эътибор ва вақт ажратганлар. Фақиҳ олимлар ҳам бу ойда илм билан шуғулланишни бутунлай йиғиштириб ёки камайтириб, Қуръон мутолаасига иқбол этганлар. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) Қуръони каримни ҳар куни ўқиб туширар эдилар. Бошқа баъзилар Қуръони карим қироатини уч кунда ниҳоясига етказар эдилар. Яна бирлари бир ҳафтада хатм қилсалар, бошқалар ўн кунда ўқиб битирар эдилар. Қатода (раҳимаҳуллоҳ) Қуръонни доимо ҳар етти кунда хатм қилсалар, Рамазон келганда ҳар уч кунда ўқиб туширар, охирги ўн кунлик кирганда эса ҳар кечада хатм қилардилар. Имом Шофеий (раҳимаҳуллоҳ) Қуръони каримни Рамазонда олтмиш марта хатм қилардилар. Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) Рамазон ойи кирганда ҳадис илми ва уламолар билан бўлган илм мажлисларини тўхтатиб, Қуръон қироатига юзланар эдилар. Суфён Саврий эса Рамазон кириб келганда ҳамма қўшимча ибодатларни йиғиштириб, ўзини Қуръон тиловатига бағишларди.
Рамазон хайр-саховат ойидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтадилар: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Ул зотнинг саховатлари рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳис салом) Ул зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда – айниқса чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда ҳар галгидан саховатлироқ бўлишга одатланганлар. Давлатманд кишилар закотларини ҳам айнан Рамазонда адо этишлари ҳам шундан. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳараманд бўлиб, мўминлар қалбига хурсандлик ва шодлик кирсин учун одамлар алоҳида Рамазонга хос хайру эҳсонлари билан бир қаторда закотларини ҳам шу ойда чиқарадилар.
Бу ой тунгги намозлар ва нафл ибодатлар ойи ҳамдир. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар (Имом Муслим ривояти).
Рамазон ойидаги тунгги намозлар фиқҳ истилоҳида “таровиҳ” дейилади. Бу намозни ўқиш барча мусулмонлар учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юбормасликлари керак. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда берилмайди.
“Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон унинг охирги ўн кунлиги келса, оила аъзоларини ҳамда намозга кучи етадиган каттаю кичикни уйғотардилар” (Имом Муслим ривояти).
Бу ойда жин-шайтонларнинг энг ёмонлари занжирбанд қилинади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларига хушхабар бериб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, кўп яхшиликдан маҳрум бўлибди” (Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти, исноди саҳиҳ).
Рамазон раҳмат ойидир. Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳмати жўш уради. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади», дейилган. Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги нафақат ойнинг, балки йилнинг «раҳмат кунлари» ҳисобланади.
Рамазон мағфират ойи. Унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг «мағфират кунлари» ҳисобланади. Рамазон фазилати ҳақида Салмон (розияллоҳу анҳу) қилган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир», деганлар.
Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Рамазон дўзахдан озод бўлиш ойидир. Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Чунки, бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ-маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади. Дўзах эшиклари эса, гуноҳлардан қайтган, истиғфор айтган, афсус-надомат чеккан, қайта қилмасликка ният қилган ҳолда тавба қилишга тарғиб қилиб ёпилади. Натижада, бу ойда вафот этган ва руҳи дўзахга маҳкум қилинган кимсалар, бу ойнинг шарофати ила шу ойнинг охиригача дўзахга киритилмай туради. Жаннатнинг барча дарвозалари очилиши Рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир. Унинг охирги ўн кунлиги «дўзахдан озод бўлиш» кунлари саналади. Шу билан бирга, Рамазонда ҳар кеча сон-саноқсиз кишилар дўзахдан озод қилинади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор», деганлар.
Рамазон дуо ойи. Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор” (Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти).
Агар бу дуо рўза пайтида, айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” (Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти).
Бу зикр қилинганлар Рамазон ойининг барча фазилатларини тўла қамраб ололмайди, балки, мазкур фазилатлар олдида дарёдан айрим томчилар холос. Йўқса, унинг фазилату хусусиятларини санаб адоғига етказиш мушкулдир. Аллоҳ таолодан ёлбориб сўраймизки, бу муборак ойни, раҳмат ва мағфират ойини, дўзахдан нажот бериладиган, дуолар ижобат қилинадиган Рамазон ойини барчамизга хайрли ва баракотли қилсин! Уни тақво неъматига эришишимиз учун васила қилсин! Омин!
Раҳматуллоҳ Сайфуддинов
Тошкент шаҳридаги “Мирза Юсуф”
жоме масжиди имом хатиби
Уни “Ўзим” мукофотлайман
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу дунёда маъруфга аҳл бўлганлар у дунёда ҳам аҳли маъруф бўладилар”, деб марҳамат қилиб, умматлари дунё охиратда яхши мақомларда бўлмоқликларининг тарафдори бўлганлар.
Аввало, рўза ибодати банда учун Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш, унинг розилигини топиш, кўпроқ савоб топиб, жаннатга кириш учун керакли зоди роҳила топиш имконини беради. Рўза тутган кишидек Аллоҳга яқинлаша олган одам бўлиши қийин. Чунки рўза тутган инсон фақат Аллоҳ учун, унинг розилигига эришиш учун оч қолади, чанқайди, ташна бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳадиси қудисийлардан бирида: "Одам боласининг ҳамма иши ўзи учун, фақат рўза мен учундир. Унинг савобини Ўзим билиб бераман", деди. Аллоҳ таоло бошқа ибодатларга қанчалик савоб беришини белгилаб қўйган, бироқ рўзаники мислсиз, кўплигидан уни тайин қилмай, Ўзим бераман демоқда. Дарҳақиқат, рўзадан бошқа ибодатларда ибодат қилувчи хоҳласа-хоҳламаса, бир оз хўжакўрсинлик бўлади. Намоз ўқиса бировлар кўради, намозхон экан, деган фикрга келадилар. Намозхоннинг ўзида ҳам одамлар кўриб турганининг эътибори бўлади. Закот берса, ҳеч бўлмаса. закотни қабул қилиб олган одам билади, ташаккур айтади, ҳақига дуо қилади. Ҳаж бўлса, айниқса, бизнинг шароитимизда дабдабага айланиб кетди. Рўза тутувчи эса кечаси ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кун бўйи бошқалардан ҳеч фарқи бўлмаган ҳолда юради, фақат Аллоҳдан қўрққани учун рўзасини очмай охирига етказади. Ана шунинг учун ҳам, Аллоҳ "Рўзани бандам мен учун тутади", демоқда.
Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам) ўз ҳадиси шарифларидан бирида "Рўзадорга икки хурсандчилик бор: “Бири ифтор пайтидаги хурсандчилик ва иккинчиси Роббисига мулоқот бўлган пайтдаги хурсандчиликдир", – деганлар. Бошқа ибодатларга бунга ўхшаш ваъдалар қилинмаган.
Банда учун энг юқори мукофот Раббил оламийннинг жамолига мушарраф бўлишдир. Машҳур зоҳидларнинг асл мақсадлари ҳам ушбу мақомга эга бўлиш бўлган. Аллоҳ таоло айнан ушбу мақомни рўзадор бандаларига ваъда қилмоқда.
Бу ойнинг ҳар кунида маърифат, маъно-мазмун кашф бўлади. Агар изловчи фаол бўлса, бу ойнинг дастлабки кунларида раҳмат ёғилиб туради. Бу раҳматдан бахра олиш эса ота-оналар, нуроний-кексаларга хизмат қилиш билан бўлади.
Рамазон – раҳмат ва мағфират ойи. Бу ойда мусулмонлар улкан савоблар умидида энг эзгу ишларни амалга оширадилар. Аллоҳ таоло яхши ишлар учун ажру мукофотларни бир неча баробар кўпайтириб ато этадиган бу кунларни ғанимат билиб, гуноҳлардан покланишга, хайрли ишларни кўпайтиришга шошилмоғимиз лозим. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар: “Рамазон ойи келганида жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари беркитилади” (Имом Бухорий ривояти).
Шунингдек, бу муборак ойда шайтонлар инсонларга азият беришдан ҳам қайтарилади, зеро, шайтонлар иғвоси камайса, инсонларнинг савобли ишлар қилиши зиёда бўлади.
Рамазон рўза ойи бўлиши билан бир қаторда, мўмин-мусулмонлар учун раҳмат, мағфират ва нажот ойи ҳамдир. Машҳур ҳадисларнинг бирида қуйидагича марҳамат қилинади: “...Эй мўминлар! Бу ой шундай ойдирки, аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса дўзахдан озод бўлиш ўн кунлигидир”.
Бу ой саховат ойи экан деб ортиқча исрофдан, дабдабали ифторлик беришдан ҳам сақланиш даркор. Баъзи юртдошларимиз тўйхоналарда кимўзарга ифторлик беришади, одам сонининг кўплигидан фахрланишади, бу мутлақо ўринсиз фикр бўлиб, Аллоҳ таоло исрофгарлар шайтон шериклари эканлигини билдириб қўймоқда.
Бундай мақтаниш ўрнига маблағини кам таъминланган оилалар, муҳтож кимсалар, болалар уйларига эҳсон қилсалар, айни савоб ва ажрга эга бўладилар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мўминни машаққатини енгил қилса, Аллоҳ у кишининг охират кунидаги машаққатини енгил қилади”, –дедилар. Демак, бу ойда қанча хайрли ишлар амалга оширилса, савоби зиёда бўлар экан.
Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойининг барокатидан баҳраманд айласин!
Т. Эрбўтаев
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
Савоб ишнинг мукофоти самимийликда
Аввало бизларга Истиқлол неъматини бериб, шу хотиржамлик юртида Рамазони шарифга етказган Зотга ҳамду санолар бўлсин.
Муҳтарам Юртбошимизнинг бу йилги Рамазонни муносиб тарзда кутиб олиш ҳақидаги қарорлари ҳамма мўмин-мусулмонлар қалбида эҳтиром уйғотди. Рамазон ойида рўза тутган ҳар қандай инсон, айниқса, ёзнинг узун ва иссиқ кунларида очлик ва ташналик нима эканини қалбан ҳис қилади. Дунёнинг баъзи минтақаларида озиқ-овқат муаммоси – очлик, баъзи жойларда ичимлик сувнинг танқислиги ёки бутунлай йўқлиги, баъзи уруш бўлаётган жойларда яшовчи одамларнинг ватанларидан мосуво бўлиб, дарбадар юрганлари бугун оммавий ахборот восталарида ёритиб борилмоқда. Беадад шукрлар бўлсинки, тинч-хотиржам, тўкинчилик замонда яшаяпмиз. Хотиржамлик билан рўзаларни тутяпмиз, кечасиги таровиҳ намозларини ҳам сакинат ва мамнуният билан адо қиляпмиз. Биздан фақат шукр қилиш ва бу неъматлар қадрини билиш, неъматларнинг бардавомлигига ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилмоғимиз даркор.
Рўза тутиб ҳаётда бир неча кун ихтиёрий равишда очлик ва чанқоқлик нималигини қалбан ҳис қилиш доимий очликда яшовчи кишилар борлигини тафаккур қилишга чорлайди. Ён-атрофимизда ҳам кам таъминланганлар, узоқ вақт бир жойда ётган беморлар ва аҳолининг муҳтож қатламлари борлиги ҳам сир эмас. Ана шу каби шахсларнинг ҳолларидан хабардор бўлиб, эҳсон қўлимизни кенгроқ очишимиз тутган рўзамизнинг манфаатидан олган баҳрамиздир. Рўзада оч-ташна юриш инсонни ана шундай қатлам вакилларининг дардларини ҳис қилиб, уларнинг дардларига шерик бўлишга чорлайди.
Рамазон меҳр ва мурувват ойи. Шунинг учун кўпчилик закот берувчилар закотларини Рамазон ойида берадилар. Аввало, савоби кўп бўлади, иккинчидан эса, сахий қалблар меҳр-мурувватга тўлиб жўш урган бир вақт бўлади. Сахийликни жаннатдан ўсиб чиққан бир дарахтга ўхшатилади, бу дарахт эса шохини маҳкам ушлаган кишини албатта жаннатга олиб киради. Ҳар қандай савоб ишни қилмоқчи бўлган киши аввало самимийлик билан холис, бериё адо қилиши керак. Муқаддас динимизнинг асоси бўлган Қуръони каримда риё, миннат ва азият қилинган хайрли амалларнинг савобини кетказиши ҳақида хабарлар бор. Шунинг учун бу ойда қилинадиган ифторликлар ҳам оилавий тарзда ихчам, оила аъзоларига малол келмайдиган ҳолатда ўтказилиши мақсадга мувофиқдир. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, динимизда ота-онаси ёки бирор яқини вафот этганларга ифторлик қилиш мажбурияти юкланмаган. Шунингдек, янги қудаларни ҳам чақириб ифтор қилиш буюрилмаган. Лекин кўп ҳолатларда “Яқинда отам ёки онам вафот этган эди,” ёки “Янги қудаларни чақириб бир ифторлик қилиб берай,” каби “таклифлар” учрайди.
Динимизда бундай буйруқ йўқ. Балки кишининг энг яхши эҳсони ўз ота-онасига, оиласига қилган эҳсонидир. Шунай экан, келинг азизлар, савоби ювилиб кетадиган ишларга сарф-харажат қилгандан кўра савоби ортиқ бўладиган жойларга эҳсон қўлини чўзайлик. Шундай улуғ кунларда дабдабабозликдан, риёкорликдан, кимўзарга, номчиқаришга ифторлик ёки эҳсон қилишдан сақланиб, холис ният билан, ихлос билан, савоб умидида маҳаллалардаги камтаъминланган оилаларга, мурувват ва меҳрибонлик уйларига эҳсон қилсак, риёдан холи ва ажри кўп бўлади. Рамазонда қилинган бир нафл ибодатга фарзнинг савоби, фарзга эса, Рамазондан ташқаридаги етмиш фарзнинг савоби берилади. Лекин дабдаба билан қилинган эҳсоннинг савоби риёкорлик эвазига бутунлай ювилиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам муқаддас динимизда дабдабабозлик ва риёкорликдан қайтарилган.
Рамазони шарифда бошлаган хайрли амалларимиз келаси Рамазонгача ҳам бардавом бўлишини насиб этсин!
А. Исақов. Қўқон шаҳар бош имом-хатиби