muslim.uz

muslim.uz

Айни даврда мамлакатимиз фуқаролик жамияти қуриш йўлидан дадил қадамлар билан илгарилаб борар экан, дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, бу борада юксак эътибор талаб этадиган устувор йўналишлардан бири бўлиб қолиши шубҳасиз. Юртимиз мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ халқимиз ичида турли миллат ва дин вакилларининг тинч ва осуда, ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳи билан яшашларига ҳар томонлама қулай шароит яратишга алоҳида эътибор берилди.

Маълумки, дунё мутафаккирлари қадим замонларданоқ юксак инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойилларига асосланган, ўз фуқароларини доимий тинчлик ва осойишталик билан таъминлай оладиган идеал ҳуқуқий давлат ғоясини илгари сурадилар. Табиийки, бундай ҳуқуқий давлатда инсон ҳуқуқлари, хусусан, эътиқод эркинлиги ҳуқуқи кафолатланган бўлиши зарур. Чунки, давлат тараққиёти ва халқ фаровонлиги нафақат иқтисодий ва сиёсий, балки кўп жиҳатдан маънавий ҳамда диний омилларга ҳам боғлиқ. Бу эса Ўзбекистон каби мустақил тараққиёт йўлига эндигина қадам қўйган, 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қиладиган, тоталитар тузум исканжасидан чиқиб, халқи миллий ўзлигини англашга интилаётган ёш давлатда, айниқса, муҳим аҳамият касб этади, албатта. Бундан ташқари, буюк бобокалонларимиз айниқса, миллатлараро тотувликка, турли динларга эътиқод қилувчилар ўртасида бағрикенгликка алоҳида эътибор қаратганлар. Бу борада сўз кетганда соҳибқирон Амир Темурнинг сиёсатини ва маъноли сўзларини эслаш ўринлидир. Соҳибқирон Амир Темурнинг Франция қиролига ёзган ҳамдўстликка чақирув мактуби фикримизни тасдиқлайди. “Бирликсиз куч бўлмас”.

Соҳибқирон Амир Амир Темур салтанатига қарашли барча шаҳар ва қишлоқларда фуқароларга эркин яшаш, ўз динларининг урф-одатларига риоя қилиш ҳуқуқи таъминланган.

Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзга халқларда олиб борган одилона сиёсати мобайнида турли дин вакилларига бағрикенглик билан муносабатда бўлгани тарих китобларида олижанобликнинг гўзал намунаси сифатида қайд этилган.

Шу билан бирга халқимизнинг софдиллиги ва муросалилигидан фойдаланиб қолишга уринган айрим жоҳил кимсаларнинг мамлакатимиз тинчлигига раҳна солувчи хатти-ҳаракатларга бот-бот уриниб келгани кишини доимо огоҳ бўлиб яшашга ундайди. Шуни назарда тутган ҳолда, мамлакатимизда виждон эркинлиги, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини ўзида мужассамлаштирган бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари, тегишли қарор, фармон ва фармойишлар ўз вақтида ишлаб чиқилди ҳамда тегишли тартибда ижро ҳокимияти муассасалари томонидан амалиётга татбиқ этилмоқда.

Даставвал, 1992 йилда қабул қилинган давлатимиз Асосий қонунимиз – Конституциямизнинг 18-моддасида фуқароларнинг динидан қатъий назар қонун олдида бир хил ҳуқуқ ва имтиёзларга эга эканлари, 31-моддасида эса виждон эркинлиги ҳамма учун кафолатланиши ҳамда диний қарашларнинг зўравонлик асосида сингдирилишига йўл қўйилмаслиги ўз ифодасини топган. Бу эса ана шу миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик ришталари  мустаҳкамлиги гаровидир. Шунингдек Конституциямизнинг 61-моддасида диний ташкилотлар тузиш ҳуқуқининг мавжудлиги алоҳида кўрсатилган: “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятига аралашмайди”. Бу эса ўз навбатида давлат ва дин ўртасидаги муносабатларнинг асосий ва устувор йўналишларини белгилаб берди.

Бунинг натижаси ўлароқ, мамлакатимизда диний ташкилотлар томонидан тузилган умумтаълим муассасалари давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг фаолият олиб бориш ҳуқуқига эга бўлди.

Асосий қонунда адолат, имон, олижаноблик, фидойилик, инсонга ғамхўрлик, мардлик каби улуғ ҳислар акс эттирилган. Ўзбекистонда яшовчи барча фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, инсонпарвар ҳуқуқий давлат барпо этиш каби олижаноб ғоялар ўз ифодасини топган.

Бундан ташқари, суд органлари томонидан ишларнинг кўриб чиқилишида ҳам ҳар томонлама тенгҳуқуқлилик принсипларига асосланилиши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик протсессуал кодексининг 6-моддасида қуйидаги кўринишда ўз аксини топган: “Фуқаролик ишлари бўйича одил судлов фақат суд томонидан ҳамда барча фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади”.

Шуни ҳам эслаб ўтиш ўринлики, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни Конституциямиз қабул қилинишидан-да анча муқаддам, 1991 йил 14 июнда қабул қилиниши жамиятда диннинг нечоғлиқ улкан таъсирга эга омил эканлигидан дарак бериб турибди. Мазкур қонун бир неча йиллик синовлардан сўнг янада такомиллаштирилган ҳолда 1998 йил 1 майда янги таҳрирда қабул қилинди. Қонун шу жиҳати билан ҳам аҳамиятга моликки, у ўзида давлат, дин, фуқаролар ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи энг муҳим ҳуқуқий меъёрларни акс эттиради ҳамда эътиқод дахлсизлиги масаласида ҳар бир фуқаро, жумладан диний соҳа вакиллари дастлаб мурожаат қиладиган юридик ҳужжат вазифасини ўтайди. Турли дин вакилларининг ўз эътиқодларига нисбатан асоссиз равишда аралашувларнинг олдини олишда ҳуқуқий таянч бўлиб хизмат қилади.

Қонун яна шу томони билан ҳам эътиборга сазоворки, у ўзида юқоридаги хусусиятлар билан бир қаторда фуқароларнинг диний таълим олиш тартибини ҳам белгилаб беради, шунингдек, диний ташкилотлар қонунда кўзда тутилган тартибда ўз мулкларига эга бўлишларини кафолатлайди.

Юқоридагилардан шу нарса маълум бўладики, айни дамда юртимизда фуқароларнинг исталган динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик, диний камситишлардан ҳимояланиш, умуман диний барқарорликнинг етарлича ҳуқуқий асослари яратилган. Бу борасида эришилаётган натижалар юртимиздаги Ислом динидан бошқа диний конфессия раҳбарлари, вакиллари томонидан ҳам юксак баҳоланаётгани бунинг ёрқин далилидир.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 2-курс талабаси Ниғматулла Исомов

 

Середа, 07 декабрь 2016 00:00

Ҳақиқий бойлик

Аллоҳ таоло ҳамма мавжудотлар ичида инсон наслини ардоқли, мукаррам қилиб яратган. Уни Ўзи яратган барча жонзотлардан тафаккур, ақл ва идрок этиш билан афзал қилган. Парвардигор одамзодга бутун борлиқни бўйсундириб қўйган. Ҳатто фаришталарини ҳам Одамга таъзим қилишга буюрган. Ана шундай азизу мукаррам яратилган ҳар бир инсон дунё ва охиратни обод қилиш учун доимий ҳаракатда бўлмоғи лозим.

Ҳаммамиз турли ботиний ва зоҳирий неъматлар ичра яшаймиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани, танамизнинг соғлиги, юртимизнинг тинчлиги, етарли озуқамиз ва кийим-кечагимиз борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, фарзандларимизнинг ўйнаб-кулиб, ҳур замонда вояга етаётгани, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. У моддий ва маънавий неъматларни мукаммал бериб қўйган. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани – Ўзига итоат қилишимизни, ато этган неъматларига шукр ва қаноат қилишимиз талаб этилади, холос.

Сабр-матонат ва бардош мўминларнинг энг яхши сифати, уларнинг шаънини улуғловчи гўзал фазилатларидандир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини бошларига бирор мусибат, бало ёки машаққат келганида фақат сабр қилишга буюради. Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонлар сабр, чидам ва бардошга чақирилади ва Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни севиши ва улар билан доимо биргалиги хабари берилади.
Шайх Саъдийнинг “Гулистон” асарларида шундай ҳикоят келтирилади: “Мен ҳеч маҳал давр жабр-жафоси-ю фалакнинг кажрафторлигидан шикоят қилмаган эдим, ўшанда оёқ яланг қолган эдим ва ковуш сотиб олишга қодир эмасдим. Қаттиқ ўксиниб, Куфа шаҳридаги жомеъ масжидига кирганимда оёқсиз бир одамга кўзим тушди. Шунда шукр қилиб ковушсизлигимга сабр қилдим”. Шайх Саъдийнинг ушбу ҳикоятларида ҳам Аллоҳнинг неъматларига ношукрлик қилмай сабр қилишнинг фазилати уқтирилмоқда.

Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги қаноат бобида қуйидаги ҳикояни келтиради. Форс мамлакатида икки дўст Чин сари йўлга тушдилар. Бири азалдан қаноатли киши бўлиб, иккинчиси унинг акси эди. Йўлда борар эканлар, бир катта тошни кўрдилар. Унинг ярми ерда-ю, ярми юқорида эди. Унга «Ким меҳнат қилса, тошни айлантириб ўз жойига қўйса, ёзилган бир ёзувни кўради ва бу водийдаги бир остона остида катта бойлик яширинганидан хабардор бўлиб, унга эга бўлади. Кимки меҳнат қилиб, алам тортишни истамаса, унинг учун сабру қаноат баридан яхшироқ», деб ёзиб қўйилган экан. Қаноатсиз одам бу хабарни ўқигач, бойликка эга бўлиш учун тош остини қазишга тушди, қаноатли бепарво бўлиб ўтирарди. У ўша атрофни томоша қилиш билан банд бўлди, «Менинг қаноат бойлигидек бойлигим бор, бу меҳнатдан қандай нафъ тегарди? Тангри эҳсон бераман деса, тош ёрилиб ҳам бойлик чиқаверади», деб хаёл сурди-да, эрта туриб шаҳар томон йўналди, шаҳарга кирадиган бир неча дарвоза бўлиб, шаҳарга биринчи бўлиб кирди. Ҳамма ўша дарвоза – у биринчи бўлиб кирган дарвоза томон интиларди. Бу элда шундай бир одат бор эканки, мамлакат подшоси нариги дунёга риҳлат қилган бўлса, аъёнлар бу гапни шаҳар халқидан яширин тутишар экан-да, кимки саҳарда шаҳарга ҳаммадан бурун кирса, уни подшоҳ сайлаб, бошига тож қўйдиришиб, бармоғига олтин узук тақишар экан. Бу сафар ҳам худди шундай ҳол юз бериб, ҳалиги мусофирни шоҳ кўтардилар.

Унинг тош остини қазиётган дўсти эса оғир меҳнатни бажариб бўлгач, тошни ёнига ағдариб қараса, ундаги хатда «Хом тамаъ бу дунёда алам чекади», деб ёзиб қўйилган экан. Хуллас, қаноат қилгани подшоҳ бўлди, бунисини эса тамаъ ранжи хоксор қилди.
Қилма, Навоий, тамаъ элдин дирам, Бор эса, берсанг худ эрур ул карам.
Сабр-қаноат одамни нафс қайғусига тушишдан, ҳаётини ўткинчи ҳою-ҳавасига, ҳузр-ҳаловатига берилиб, енгил-елпи умр кечиришидан, эл-юрт олдидаги бурчига бефарқ бўлиб яшашдан асрайди.


Азамат УСМОНОВ,
Қашқадарё вилояти Касби тумани
“Фазли” жоме масжиди имом-хатиби

Мустақил ўзбек давлатчилигини ва миллий ҳуқуқий тизимини шакллантиришнинг ўзига хос ва ўзига мос йўли бой маънавий-ҳуқуқий негизлари асосланади. Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқининг пойдевори – миллий давлатчилигимизнинг таянчлари жуда қадимий ва мустаҳкамдир. У уч минг йиллик тарихга эга.  Қадим Турон, Мовароуннаҳр, Туркистон ҳудудида равнақ топган давлатлар жаҳон маданиятини ривожланишида ёрқин из қолдирган.

Бизнинг давлатимиз кўҳна Сўғдиёна ва Хоразмдан бошлаб, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва темурийлар давлатлари ва  ўзбек хонликларининг давлат бошқарув тажрибасини, халқимизнинг бутун миллий, тарихий, ҳуқуқий, маънавий амалиётини ҳамда унинг мустақил давлатига эга бўлиш каби асрий орзуларини ўзида мужассамлаштирган. Ҳозир, XXI аср бошида Ўзбекистон Республикаси янги давлатчилигининг қарор топишида умумжаҳон ва миллий давлатчилик тараққиёти қонуниятлари узвий равишда уйғунлашди.[1]

Мамлакатимизнинг қадимий тарихи ва бой маданияти, бу ўлкада яшаб ўтган аждодларимизнинг жаҳон маданиятини ривожланишида қўшган ғоят улкан ҳассалари ҳозирги кунда ҳам ҳаётнинг барча соҳаларига ўзининг сезиларли даражада таъсир ўтказиб келмоқда. Шунинг учун ҳам нафақат ота-боболаримизнинг босиб ўтган йўлларини балки, қолдирган меросларини ўзимизнинг ҳаётимизга татбиқ этишимиз натижасида жаҳон ҳамжамиятининг қизиқиши ортиб бораётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Миллий истиқлол шарофати билан Ўзбекистон ўзининг маънавий-ҳуқуқий қадриятларини қайта тиклаш даврига, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда туб ўзгаришлар даврига қадам қўйди.

Ўзбекистоннинг давлатчилиги ва ҳуқуқи тарихи ўзбек халқининг бой маънавий-ҳуқуқий меросини ажралмас таркибий қисмидир. Бу тарих бирқанча авлодларнинг ҳуқуқ, адолат ва тенглик, бошқарув ва қонунчилик ҳақидаги ғоялари ва қарашларини ўзида мужассамлаштирган. Шу туфайли миллий давлатчилик, ҳуқуқий тизимимиз ва анъана, урф-одатларимизга қизиқиш сўнги йилларда ниҳоятда ошди.

Ҳозирги  кунимизда дунё харитасида икки юздан ортиқ давлатлар ўзининг номига эга бўлган бўлса, уларнинг барчасида қонунчилик тизими турлича номланади. Ушбу тизимни асоси ҳисобланган Конституцияни ўрганиш фуқаролик бурчи ҳисобланади деб ўйлаймиз. Жумладан, мамлакатимизда ҳам 2001 йил 4 январь куни “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойиши қабул қилинганлиги инобатга олиб, Қомусимизда келтирилган миллий урф-одатларимизни диний матнлар асосида қиёсий таҳлили, уларнинг илмий-маънавий меросининг ҳозирги давр учун аҳамиятини ёритиш ҳам асосий мақсадлардан ҳисобланади.

Мустақил юртимизда истиқомат қилаётган тенг ҳуқуқли барча фуқаролар каби мўмин-мусулмонлар ҳам оилалари фаровон, фарзанд ва набиралари баркамол бўлиши йўлида ҳаракат қилмоқдалар. Маълумки, Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи асосий қўрғондир. Дарҳақиқат, оилалар ҳар томонлама саодатли ва намунали бўлишда оила негизини ташкил этувчи эр ва хотин ўзларининг бурч ва вазифаларини яхши билишлари ва унга тўла амал қилишлари лозим бўлади. Шундагина оила фароғатли ва бахтиёр бўлади, фарзандлар эса ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етади. Ўзбекистон Республикаси Кониституциянинг 63-моддасида  “Оила  жамиятнинг  асосий  бўғинидир  ҳамда  жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Никоҳ  томонларнинг  ихтиёрий  розилиги  ва  тенг  ҳуқуқлилигига асосланади.

Аллоҳ таоло инсон зотининг ибтидоси саналмиш Одам (алайҳиссалом)ни яратиб, сўнгра унинг ҳаётдаги шериги қилиб Ҳавво онамизни яратди. Улардан инсон насли ер юзида  қиёматгача тарқалиши ва давом этишини ирода қилди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир” (Нисо, 1).

Демак,  инсон зоти ўзига юклатилган вазифа, яъни насл ва ҳаёт давом этиши борасидаги масъулиятининг асоси бўлмиш “Оила” аталмиш илоҳий бир муҳит доирасида бўлишини тақозо этди. Аллоҳ таоло бу мазмунга ишора қилиб, Ўзининг каломи шарифида марҳамат қилиб бундай дейди:

 “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум, 21).

Аллоҳ таоло мазкур ояти каримада инсон жинсидан ўз жуфтини яратиб, улар ўртасида меҳр ва муҳаббатни ва ўзаро раҳм-шафқатни ҳам вужудга келтирганлигини баён қилади. Демак, инсон бу дунёда инсон жинсидан яратилган жуфти билан биргаликда оила асосини ташкил қилиб, ўзаро тотувлик, муҳаббат замирида вужудга келган кичик бир жамият – оила даврасида ўғил-қиз ва набира-фарзандлар дунёга келади.

Дарҳақиқат, Ислом дини таълимоти оилага ва уни икки дунёда  саодатли бўлишига алоҳида эътибор қаратди. Аллоҳ таоло оила фароғати ва фаровонлиги, тинчлиги ва мустаҳкам бўлиши, унда таваллуд топган фарзандлар баркамол бўлиши  йўлида зарур бўлган барча тавсияларни баён қилди. Расул акрам ўз ҳаётларида никоҳ, оила ва фарзанд камолоти тўғрисидаги ҳадисларни марҳамат қилдилар. Ўзлари никоҳга асосланган оила қуриб, фарзандли бўлиб, ўзларининг оталик бурчлари ва вазифаларини аъло ва намунали даражада бажариб, то қиёмат кунига қадар барча умматларига ибрат бўлдилар. Оила қуриб яшаш нақадар улуғ ва савобли амал эканини қуйидаги ҳадиси шарифлари орқали билсак ҳам бўлади. У зот йигитларга қарата бундай дейдилар: “Эй ёшлар  жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўза тутиш билан ўзини сақлаб юрсин".

Оилани мустаҳкам бўлиши борасида ҳам Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) қуйидагича тавсия бериб: “Сизларнинг ичингиздаги яхшиларингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман” дедилар.

Жамиятда шахслар бир бирига боғлиқдир. Фарзандларни тарбияси, вояга етишида ота-онанинг вазифалари бўлса, кейин эса фарзандлар ҳам ўзларининг ота-оналари олдидаги бурчларини адо этишлари талаб этилади. Бу бизнинг нафақат урф-одатларимиз балки, илоҳий ва фуқаровий бурчларимизга киради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бошқа  давлатлар конституциясидан фарқи шундаки, унда Оила бобининг киритилиши диққатга ва ўзининг қийматига эгалигидир. Энди шу ўринда Конституциямизнинг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва  ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради”. 66-моддада эса “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли  фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”[2], деб белгилаб қўйилган.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандини чексиз меҳр-муҳаббат, шафқат, куч-ғайрат ва моддий имкониятларини сарфлаб уларни тарбиялайди ва таълим беради. Айниқса, мушфиқ оналар ёш гўдаклари вояга етгунга қадар кеча ва кундуз тинимсиз машаққат чекадилар. Демак, ҳар бир оқил фарзанд буни яхши билиши ва англаши керак. Ўз ота-онасига нисбатан қандай бурч ва вазифалари борлигини тасаввур қилиши лозим.

Фарзандларини ҳам ёшлигидан бошлаб, дунёга келишларига сабаб бўлган ота-оналари ҳақларини адо этишлари борасида тушунтириб боришлари зарур. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг йигирмадан  зиёд ояти шарифаларида фарзандларга ота-она ҳурмати, иззати, уларга доимо яхшилик қилиш ва розиликларини топиш муҳим амаллардан эканини баён қилган. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. (Аммо) агар улар сен билмаган нарсаларни (сохта маъбудаларни) Менга шерик қилишингга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин! (Барчангиз) Менга қайтурсиз, бас, Мен (ўшанда) сизларга қилиб ўтган амалларингиз хабарини берурман” (Анкабуд, 8).

Демак, фарзанд ота-онасига яхши муомалада, ширин сухан бўлишлари, уларнинг хизматида доим тайёр  бўлишлари лозим бўлади. Фарзанд  бу ишларни ота-онанинг розиликлари учун бажаришлари зарур. Жаноб Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз ҳадисларида ота-онага яхшилик қилиш ҳақида шундай деганлар: “Парвардигорнинг розилиги ота-онанинг розиликларига боғлиқ. Унинг ғазаби ҳам ота-онанинг норозилигига қараб бўлади”, дейилади. (Табароний ривояти) .

Фарзанд ота-онанинг розилигини олиш учун жумладан, қуйидаги амалларни бажариши зарур бўлади:

– аввало барча ишларда ота-онадан маслаҳат олишлари;

– яхши нарсаларни ўзидан аввал ота-онага тақдим этиши;

– ота-онанинг маслаҳатлар ва насиҳатларини жону дил билан қабул қилиши;

– уларни олдида баланд овозда гапирмаслик, “уфф” демаслик;

– ота-онадан олдин таомга қўл узатмаслик;

– ота-оналар олдиларида оёқларини чўзмаслик, ёнбошламаслик, улардан юқорида ўтирмаслик;

– фарзанд ота-онанинг кўнгилларини топиб розилигини олиши шарт;

  • ота-онанинг озиқ-овқати, кийим-кечаги ва соғлиғидан ўз вақтида хабар олиб туриш керак.

 

“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”  (Исро, 23).

Фарзанд зиммасида, айниқса, онанинг ҳаққи улуғдир. Чунки она фарзандини тўққиз ой қорнида кўтариб юради, туғилгач, бор меҳри, куч-қувватини бағишлаб, уни боқади, кечалари неча бор туриб, уни эмизади, оқ ювиб, оқ тарайди, шодлигида севинади, ғамга ботса, баравар қайғуради, тоби қочса, биргаликда дардини тортади бутун борлиғини фарзандига бахшида қилади. Шундай бўлгач, фарзанд бир умр она ҳаққини адо қилишга тиришса ҳам, бунинг уддасидан чиқолмайди.

Бир куни келиб кечагина навқиронлик ва бақувватликдан масрур юрган ота кексайиб, қадди дол бўлади. Соғлиғидан путур, кўзларидан нур кетади, ҳар ишда бошқалар ёрдамига муҳтож бўлиб қолади. Ҳаёт қонунига кўра, кечаги ожиз ва нотавон фарзанд бугун улғайиб, куч-қувватга тўлади, ақли, фикри, иқтидори юксалади. Ана шундай пайтларда фарзандлар оталаридан инсонлик қарзларини узишлари, яъни чиройли муомала қилишлари, улар шаънига доғ туширмайдиган, муносиб инсонлар бўлишлари, қўлларидан келганича ёрдам беришлари керак бўлади.

  

М. Аббаситдинов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Наманган шаҳар вакили

 [1] Жузжоний Ж.А., Ислом ҳуқуқшунослиги Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. – Т.: ТИУ, 2002, 3–бет.

[2] Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. – Т.: Ўзбекистон, 2012

Вівторок, 06 декабрь 2016 00:00

Ҳалол ризқ – қалб ҳаловати

Инсон ҳаёти фаровон бўлишининг шартларидан бири ҳалол касб билан шуғулланишдир. Барчамизга яхши маълумки, Ислом дини дангасалик, танбаллик ва боқимандаликни қоралайди. Ҳалол касб қилишга тарғиб этиб, кишининг шахсига, оиласига ва жамиятга фойда келтирувчи касб-ҳунар, деҳқончилик билан шуғулланишга, ижодкорлик қилиб, фан-техника соҳасида пешқадам бўлиб, башариятнинг ривожига ҳисса қўшишга чорлайди.

Касб қилишдан мурод ризқ талаб қилишликдир. Ризқ топишга ҳаракатқилган одам иложи борича осон йўл билан кўпроқ даромад топишни хоҳлайди. 
Ризк тўғрисида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Бас, қачонки, намоз (жума намози) адо қилингач, ер юзи бўйлаб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз ва Аллоҳни кўп ёд этингиз, шояд (шунда) нажот топсангиз» (Жумъа,10).

Ризқ талаб қилиш йўлида турли ҳолатларга дучор келинади. Баъзан кўпроқ даромад илинжида ҳаром йўлларни танлашга, бировларнинг ҳақига тажовуз қилишга тўғри келиб қолиши мумкин. Ҳолбуки муқаддас динимиз таълимотларида шаръан ҳаром бўлган эгри йўллар билан дунё орттириш ман этилади.

Ҳаром пул топиш йўлига кирганлар бир муддат мақсадига етиши мумкин, бироқ ундай инсонларга ҳаловат бегона бўлиб қолади. Охиратда қаттиқ азобларга дучор бўлади. Ҳалол меҳнат соҳиблари эса, топганидан барака кўради. Хотиржамликда ҳаёт кечиради.

Ҳомид Лифофий айтади: “Биз тўрт нарсани тўрт жойдан изладик. Аммо йўлда хато қилдик ва уларни бошқа тўрт жойдан топдик:

- бойликни мол-дунёдан изладик, қаноатдан топдик;

- роҳатни мўл-кўлчиликдан изладик, озгина молдан топдик;

- лаззатни неъматдан изладик, саломатликдан топдик;

- ризқни ердан изладик, осмондан топдик”.

Муҳаммадсобир Иминов,

Ҳазрат Умар масжиди имом- хатиби (Асака).

Начало формы

  1. Одам бутун умри давомида ўртача 40 кг тери ташлайди ва ҳар ойда бадан терини янгилайди.

  2. Одам организмида яшовчи бактерияларнинг умумий оғирлиги 2 килограммга тенг.

  3. Одам умри давомида иккита катта ҳовузни тўлдирса бўладиган сўлак ишлаб чиқаради.

  4. 1 грамм ДНКда 600 млрд дона СD дискка ёзилган маълумот ҳажмичалик маълумот сақланади.

  5. Одам танаси 10 триллион ҳужайралардан иборат.

  6. Ҳар бир инсон организмида таҳминан 0,2 миллиграмм олтин мавжуд ва уларнинг кўп қисми қон таркибида бўлади.

  7. Одам организмидаги энг кучли мушак бу тилдир.

  8. Инсон оғиз бўшлиғида таҳминан 40 000 та бактерия бўлади.

  9. Акса урган пайтда юрак таҳминан 1 сонияга тўхтаб қолади.

  10. Одам танаси 1 сонияда 25 миллион янги ҳужайралар ишлаб чиқаради.

 

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси

Моҳира Зуфарова

 тайёрлади.

Видеолавҳалар

Top