muslimuz

muslimuz

Вівторок, 21 май 2024 00:00

Мабрур ҳаж қандай бўлади?

Ҳажга кетаётганларга ёки ҳаждан қайтганлар ҳаққига «Ҳажинггиз мабрур ҳаж бўсин!» дея дуо қилинади. Умуман, ҳожиларнинг ўзлари ҳам ўз ҳажларининг мабрур бўлишини истаб, дуои хайрлар қиладилар. Нима учун бундай дуо қилинади? Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳадиси шарифлари бор:

Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади! (Бухорий, 3/1773; Муслим, 2/1349).

Бошқа бир ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан инсоният учун энг афзал амаллар қайсилигини сўралганида, ул зоти шариф томонларидан бундай амаллар қаторида ҳажжи мабрур ҳам санаб ўтилган эди (Бухорий, 2/1519; Муслим, 1/83).

Шундай экан, ҳажнинг қай тариқада мабрур бўлишини билиб олиш жуда зарур экан. Аввало «мабрур» сўзининг луғавий маъноси қандай?

«Мабрур» сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган деган маънодадир. Унинг «холис» деган маъноси ҳам бор. Демак, «мабрур» сўзи «мақбул» сўзига маънодош бўлади.

Мабрур ҳаж бўлиши учун қуйидагилар бўлиши лозим:

1) Имом Бухорийнинг “Тарихи кабир” асарида бир ривоят бор. Унда машҳур олим Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг бундай дегани нақл қилинади: Мабрур ҳаж шуки, ҳаждан дунёда зоҳид ҳолда, охиратга рағбатли бўлган ҳолатда қайтмоқликдир (Бухорий, «Тарихи кабир», 3/808).

Демак, ҳожилар юртга қайтар эканлар дунё борасида зоҳид, зуҳду тақвога берилган, охират борасида эса унга рағбат қўйган, ҳаром ва шубҳали нарсаларга парҳезгор бўлиб, ҳар дам ва ҳар қадамда охиратини ўйлайдиган бўлишлари керак экан. Агар ана шундай ҳожилар бўлса, уларнинг ҳажларининг мабрур бўлганининг аломати ана шудир.

2) Ҳаж вақтида гуноҳ иш ва қилиқлар аралашмаган ҳаж мабрур бўлади. Бу ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қуйидаги ҳадислари бор: «Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади» (Термизий, 2/808).

Ҳадиси шарифда тилга олинган “рафас” сўзи луғатда шаллақилик қилиш, беҳаё гапларни гапириш, бузуқ, ифлос ишларни қилиш маъносида экани айтилади. Қуръони каримда у «хотини билан жинсий яқинлик қилиш» маъносида келган. Бу ерда эса у умумий бўлиб, ёмон гап-сўз, қабиҳ ишлар маъносида қўлланган. Демак, ҳажда бу хилдаги ишлар мутлақо мумкин эмас.

3) Ҳаждан кўзланган мақсад фақат Аллоҳнинг фарз қилган ҳажини адо қилиш бўлиши керак. Шундагина ҳаж мабрур бўлади. Бу тўғридаги Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг мана бу гапига эътибор беринг:

Ким мана бу Уйни бошқа нарсани ирода қилмасдан ҳаж қиладиган бўлса, гуноҳлардан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади (Ибн Абу Шайба, 3/12785).

Инсон ҳажга борар экан, тижорат, савдо-сотиқ ва бошқа шунга ўхшаш дунёвий ва ҳаждан ўзга диний ишлар ҳажнинг баҳонаси ила сафарнинг биринчи мақсадига айланиб қолмаслиги керак.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир хотиннинг ҳаждан қайтаётганини кўриб, «Сайру саёҳат қилиб, дўконларни айланиб юрибсанми?» дебдилар. Хотин тасдиқ жавобини берганида, унга Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Ундай бўлса, қайтадан ҳаж қилгин!» деган экан.

Бир куни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Каъбага суяниб ўтирганида, Ироқдан келган ҳожилар у ёқдан бу ёққа ўта бошлабдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларни олдига чақирибди. «Сизлар ҳажга келдингларми? Тавоф қилдингларми, Сафо ва Марва орасини саъй қилдингларми?» дебдилар. Улар тасдиқ жавобини қилибдилар. «Ҳозир нима қилаяпсизлар? Ҳаж мавсумидан фойдаланиб қоляпсизларми?» дебди.

Ҳожилар фурсатдан фойдаланиб, у ер бу ерларни кўриб юришганини, у ёққа бу томонга ўтиб, бориб-келиб юрганларини, бошқа хайрли амаллар, кўпроқ зикр, кўпроқ нафл ибодатлар қилмаётганларини айтишибди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларга ҳажни қайта қилишларини буюрибдилар (Ибн Абу Шайба, 3/12787).

Саҳоба Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳаж кунларида Рабза деган жойни айланиб юрган ҳожиларни кўриб, уларга ҳажларини қайта қилишни бурган экан.

Демак, инсон ҳаж кунларини ғанимат билиши, бошқа нарсаларга, совға-саломларга чалғиб кетиб, ибодатлардан, зикрлардан қолиб кетмаслиги керак. Шунда унинг ҳажи мабрур бўлади.

4) Ҳажи мабрур бўлганининг аломати ҳожи ҳаж қилиб қайтганидан сўнг унинг ҳоли яхши тарафга ўзгаришидир. Ҳар бир ҳожи ўз ҳолига қараб кўрсин: кўпроқ ибодатлар қилаяптими, ўқиётган нафллари аввалгидан кўпайдими, одамларга қилаётган хайрли амаллари ортдими, оғзидан чиққан ёмон гаплар энди йўқолдими, ёмон амаллари йўқолдими, ҳеч кимга айтиб бўлмайдиган гуноҳлари, айбу нуқсонлари озайдими?

5) Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтган: “Ҳаж мабрур бўлиши учун ҳаж арконлари, маносиклари, амаллари, фарзу, вожибу суннат ва мустаҳабларининг барчаси мукаммал ва тўлиқ адо қилиниши керак”. Бу жуда муҳим гап! Ҳожилар бунга эътибор қаратишлари керак бўлади. Ҳажнинг амалиётларининг бирортаси қолиб кетмаслиги, амалларнинг кетма-кетлиги, тартиби ўзгармаслиги, шошма-шошарликка йўл қўймаслиги, бировлар гапига кириб осон ва қулай йўлга ўтиб олмаслиги керак.

6) Муҳаммад Юсуф Баннурий раҳимаҳуллоҳ ҳажнинг мабрур бўлиши учун у риёдан холи бўлмоғи керак, деб таъкидлаган. Зотан, риё савоблар кушандасидир. Хўжакўрсинга, одамлар ҳожи десин, ҳамманинг эътибори ва обрў-ҳурматига сазовор бўлиш мақсадида ҳажга борса; ҳамма ҳажга бораяпти-ку, деб одамлар кўзи учун ҳажга кетса, унинг ҳажи мабрур бўлмаслиги мумкин.

7) Умуман, мабрур ҳаж деганда гуноҳ, маъсият аралашмаган ҳажга айтилади. Чунки, унинг "холис ҳаж" деган маъноси бор. Бу гуноҳлардан холи, деганидир. Тавоф асносида, одамлар тиқилинчида бировга туртилмасликка, бировнинг оёғини босиб олмасликка ҳам эътибор қаратиш керак бўлади. Бировнинг кўнглига оғир келадиган гапларни гапирмаслик керак. Бунинг учун зикрга зўр бериш керак. Ҳажга бориб, меҳмонхонада оёқ узатиб ётиб, умрида бир марта бўладиган, атиги ўн беш кунлик муборак сафарида бу ёқдаги, юртидаги дунёвий ишларини муҳокама қилишнинг ҳеч кераги йўқ.

Барча ҳожиларнинг ҳажлари мабрур, саъйлари машкур бўлсин!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

 

Вівторок, 21 май 2024 00:00

"Касал юқди дейиш" тўғрими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу иллат қадимги жоҳилиятда ўзига хос равишда авж олган. Хоҳ одамга бўлсин, хоҳ ҳайвонга бўлсин, «касал фалончидан юқди, шуни қилмаса бўлар эди», «у эди, бу эди» каби гапларни кўп эшитар эдилар. Бундай пайтда дунёда фақат касаллик ҳоким бўлиб қолганга ўхшайди. Ҳамма ёқда касаллик, нимани хоҳласа, шуни қила олади, деган фикр ҳукм суради. Бу ишларнинг ҳаммасининг тадбирчиси Аллоҳ таолонинг Ўзи эканлигини эса хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Ҳар бир нарса Аллоҳдан, деган эътиқод уларда йўқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда:

«Бир туя қўтир бўлди. Юз туяни қўтир қилди (дейдилар). Биринчи туяни ким қўтир қилибди?» демоқдалар.

Ҳа, бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш, агар Аллоҳнинг иродаси бўлмаса, қўтир касали юқмаслигини эсдан чиқармаслик керак. Ҳамма нарса ягона Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлишига эътиқод қилиш лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 7-жузи асосида тайёрланди

«Бу йил Ўзбекистонда исломий молия тизимини жорий этишга оид қонун лойиҳаси парламент муҳокамасига қўйилади» дейди Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев.

– Ўзбекистонда исломий молиялаш тизимини йўлга қўйиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат қабул қилинса, қонунчиликка жуда кўп ўзгартиришлар киритиш талаб этилади.

18 май куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида «Ўзбекистон-2030» стратегиясида республикада ислом молияси қонуний асосларини шакллантириш ҳамда тартибларини жорий этиш белгилангани эслатилди. Беҳзод Ҳамраевнинг айтишича, ислом молиясини йўлга қўйиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳужжатни 2024 йил якунигача парламент муҳокамасига киритиш режалаштирилган.

Ислом молияси янги ва мураккаб соҳа бўлгани учун қонунчиликка жуда кўп ўзгартиришлар киритишни талаб қилади. Масалан, гаров, ссуда йўналишларида, «Марказий банк тўғрисида»ги қонунлардан тортиб «Банклар фаолияти тўғрисида»ги қонун ва бошқа ҳужжатларга ўзгартириш киритиш керак. Ҳозир ушбу қонун лойиҳаси тайёр. Жорий йилда биргаликда ишлаб, парламент муҳокмасига киритиш асосий вазифаларимиздан бири, – деди Марказий банк масъули.

Мажлисда Беҳзод Ҳамраев ҳозирда айрим тижорат банкларида бир нечта исломий молия хизматлари кўрсатилаётганини айтди.

«Кредит ва микромолия ташкилотлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритилган ва ҳужжатда алоҳида тартиблар мавжуд. Ҳозиргача фақат низом кутилаётганди. Айни пайтда Марказий банк томонидан «Исломий молия хизматларини кўрсатиш тўғрисида”ги низом ишлаб чиқилди. Ҳозир у давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим қилинган. Рўйхатдан ўтгач, бу соҳада ишлаш бошланади. Амалдаги қонунчилик доирасида «Агробанк», «Саноатқурилишбанк», «Микрокредитбанк», «Ипак йўли» банклари Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорациясининг кредит линиялари ҳисобидан муробаҳа хизматларини кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, Трастбанк ҳузуридаги «Трастмуомалат» МЧЖ томонидан исломий лизинг ва муробаҳа насияга савдо операциялари хизматлари амалга оширилмоқда. «Ҳамкорбанк» томонидан ҳам исломий лизинг хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Базавий қонунларимизни 2024 йилда якунига етказсак, ўйлайманки, қолган банкларда ҳам бу хизматлар оммалашиб кетишига талаб бор, шароит ҳам яратилади, — деди раис ўринбосари.

Аввалроқ Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов ҳам Ўзбекистонда исломий молия тизимини йўлга қўйиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилганини айтганди.

Биз давлат раҳбарининг топшириқлари билан Марказий банк ва ҳукумат томонидан исломий молия бўйича қилиниши керак бўлган ишлар юзасидан тегишли қарор лойиҳасини ҳукуматга киритганмиз. Яъни, қумдон ташкил қилиб, мазкур йўналишдаги ишни бошламоқчимиз. Бу билан маълум фуқароларимиз учун ислом молиясига шароит яратиш ниятидамиз. Ислом молиясининг иқтисодий ўсишимизга бевосита бўлмаса ҳам, билвосита таъсири бўлади. Чунки ислом молияси орқали харид қилинган ёки кўрсатилган қиймат охир-оқибатда қўшилган қиймат билан ялпи ички маҳсулотимизга ўз ҳиссасини қўшади. Албатта, бундан фақат ижобий натижалар кутиш мумкин, – деган раис.

Анъанавий банк бошқа, исломий банк тизими бошқа. Қонунчилигимизнинг қурилиши анъанавий банк тизимига мослашган. Агар исломий банкни жорий қилмоқчи бўлсак, қонунчиликни тўлиқ қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Яъни асосий қонунларимиз — Фуқаролик кодекси, суд, солиқ, божхона нуқтаи назаридан кўп ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш зарур бўлади. Бу бўйича биринчи қадам қўйилган. Исломий банк тизимини ривожлантириш масаласи ўйланмоқда. Ҳукумат комиссияси тузилган бўлиб, ислом молиясини нафақат банкларда, балки бошқа соҳаларда ҳам ривожлантириш режа қилинган, – деган у.

Ўзбекистонда исломий банк ва молия инфратузилмасини яратиш режалари ҳақида 2018 йилдан бери айтиб келинади. 2023 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро форумда «Apex банк» бошқаруви раиси Баҳром Нўмонов: «Ўзбекистон аҳолисининг 20 фоизи диний сабаб билан анъанавий кредит тизимидан фойдаланмайди», деб айтганди.

Манба: Дарё.уз

Вівторок, 21 май 2024 00:00

Агар олим илмига амал қилмаса

Тарбияга оид назария ва услублар татбиқ этадиган, амалда қўллайдиган одамга муҳтож. Бусиз назариялар варақдаги сиёҳлигича қолиб кетади.

Шунинг учун ҳам илоҳий манҳаж башариятни ислоҳ этишда, ҳидоятга чорлашда шариат таълимотларини амалий дастур сифатида кўрсатиб берувчи намунага суянган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан ўша намуна эдилар. Исломий манҳажни, шариат ҳукларини воқеъликка чиқарар, ҳаётда бажариб кўрсатиб берар эдилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Бу ишга салафи солиҳларимиз бепарво қарашмаган, алоҳида эътибор беришган. Тарбиячиларни бунга тарғиб этишган. Масалан, Умар ибн Утба раҳимаҳуллоҳни олайлик, у зот ўғлининг мураббийсига шундай деб уқтирарди: “Болаларимни ислоҳ қилишда биринчи қиладиган ишинг – ўзингни ислоҳ қилиш бўлсин. Чунки уларнинг кўзи сенга боғланган, диққат эътибори сенга қаратилган бўлади. Сен қилган ҳар қандай иш уларга тўғри ва яхши иш бўлиб кўринади. Сен тарк этган иш улар учун ёмон иш сифатида кўринади”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон илм талабида бўларкан, бу унинг хушуъсида, юрган йўлида, тилида, кўзида ва қўлида намоён бўлишига уриниши лозим”.

Болалар ота-оналарига синчковлик билан қарайдилар, уларнинг тутган ишидан ўйлаб ўтирмай таъсирланадилар. Гоҳида ота ёки она парво ҳам қилмаган иш фарзанд учун катта иш бўлиб кўриниши мумкин!

Намуна бўлган мўмин дин душманлари учун ҳар қандай қуролдан-да каттароқ хавф туғдиради. Шунинг учун ҳам одамлар Аллоҳ йўлида сарфлагани тиллоларни сўрашганда, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Мен эса Абу Убайда ибнул Жарроҳ, Муоз ибн Жабал, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимдек ҳақиқий эркакларга бош бўлиб, Аллоҳнинг сўзини олий қилиш йўлида улардан ёрдам олган бўлар эдим”.

Суфён ибн Уяйна айтади: “Куним тентакнинг кунидек ўтса, туним билимсиз одамнинг тунидек ўтса, ёзган илмимни нима қиламан, унинг менга нима фойдаси бўлади?!”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бундай дер экан: “Олимларнинг илмини, ҳакимларнинг ғаройиб ҳикматларини йиғиб, ўзи эса амалга келганда тентакларнинг йўлидан юрадиган одамлардан бўлма!”.

Яхшилик борасида намуналар бор бўлганидек, залолатда намуна бўладиганлар ҳам топилади. Одамлар унга энг олий намунадек қарайдилар. У хато йўлга юрса, у билан бирга хато йўлга юрадилар. Бундан кейин у хатосини тушуниб тўғри йўлга қайтса ҳам, улар қайтмайдилар!

Молик ибн Дийнор роҳимаҳуллоҳ айтади: “Олим агар илмига амал қилмаса, мавъизаси қалбларга тушмайди, қалбларда жойлашмайди, худди ёмғир силлиқ тошнинг устига жойлашмай, сидирилиб тушиб кетганидек”.

Ўзингизни шундай бир намунадек тутингки, фарзандларингиз сиз билан фахрланишсин ва сиз ҳам Аллоҳнинг ҳузурида у бирла фахрлана олинг!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Cавол: Қабр зиёратига борганда қабр устидаги тупроқларни юмшатиб, сув сепса бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Қабрга сув сепишни уламолар мустаҳаб дейишган. Сув сепишнинг фойдаларидан бири қабрдаги тупроқларни шамол учириб кетишини олди олинади. Бу борада фиқҳий китобларимизда иборалар келган:

“Қабрга сув сепишнинг зарари йўқ, балки мустаҳабдир. Чунки Ибн Можа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг қабрига сув сепганларини ривоят қилган. Абу Довуд қилган ривоятда У зот алайҳиссалом ўғиллари Иброҳимнинг қабрига шундай қилганлар. Баззор қилган ривоятда У зот алайҳиссалом Усмон ибн Мазъуннинг қабрига шундай қилишни буюрганлар”. (“Раддул муҳтор” китоби).

Лекин шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қабр устига сепиладиган сув ҳаддан зиёд кўп бўлиб, унинг чўкишига олиб келмаслиги керак. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Сторінка 44 з 265

Видеолавҳалар

Top