muslim.uz

muslim.uz

“Улардан кейин (дунёга) келганлар айтурлар: “Парвардигоро, бизларни ва бизлардан илгари имон билан ўтганларнинг гуноҳларини кечир. Қалбларимизда имон келтирганларга нисбатан нафрат пайдо қилма! Парвардигоро, Сен меҳрибон ва раҳмлисан!” (Ҳашр, 10)

Бу ояти каримадан олдинги оятларда муҳожир ва ансорларнинг сифатлари зикр этилган. Бу оятда эса улардан сўнг қиёматгача дунёга келадиган мусулмонларнинг сифатлари қандай бўлиши лозимлиги баён этилган.

“Улардан кейин (дунёга) келганлар”дан мурод тобеинлар ва қиёматгача келадиган мусулмонлардир.

Мусъаб ибн Саъд айтади: “Мусулмонлар уч рутбададир. Икки рутба ўтган, фақат охирги бир рутба қолган – ана шу рутбада бўлишингиз сиз эриша оладиган энг катта ютуқдир”.

Бу оят саҳобаларни яхши кўриш вожиблигига далилдир. Шунинг учун аҳли суннат вал жамоатда бўлган киши саҳобалардан бирортасини сўкмайди, уларни ёмон кўрмайди ва аҳли қибладан ҳеч кимни кофирга чиқармайди.

“Парвардигоро! Бизларни ва бизлардан илгари имон билан ўтганларнинг гуноҳларини кечир!”

Ойша онамиз розияллоҳу анҳо бундай деган эканлар: «Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бу уммат кейингилари олдингиларини лаънатламагунича йўқ бўлмайди” деганларини эшитганман» (Ибн Касир бу ҳадисни Бағавийдан ривоят қилиб келтирган).

Демак, ўтган буюк зотлар алломаи замонларни беҳурмат қилиш, уларни лаънатлаш умматнинг ҳалокатига сабаб бўлар экан.

«Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: “Саҳобийларимни сўкаётганларни кўрсангиз “Сизларнинг ёмонларингизни Аллоҳ лаънатласин!” деб айтинг (Имом Термизий ривояти).

Шаъбий айтади: “Яҳудийлар ва насронийлар рофизийлардан* битта хислати билан устун туришади – яҳудийдан “миллатингизнинг энг яхшилари кимлар?” деб сўрасангиз, дарҳол “Мусонинг (алайҳиссалом) асҳоби”, деб жавоб беришади. Насронийларга шу савол берилса, ҳеч иккиланмай “Исонинг (алайҳиссалом) асҳоби”, дейишади.

Рофизийлардан “Миллатингиз орасида энг ёмонлари кимлар?” деб сўрасангиз, “Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) асҳоби”, деб жавоб беришади. Ҳолбуки, улар саҳобийлар ҳақига мағфират сўрашга буюрилган”.

“Қалбларимизда имон келтирганларга нисбатан нафрат пайдо қилма!” Ояти каримада ҳозирги кунимизда ғоят долзарб бўлиб турган масала ечими баён қилинган. Бу нафрат ҳар қандай келишмаслик, фитна, парокандалик боис қалбда пайдо бўладиган нафратдир.

Бу оят мўминларни бир-бирларига нафрат қилмасликка буюради. Бу илоҳий фармонга тўлиқ амал қилинса, инсонлар орасида дўстлик, биродарлик қарор топади.

Аллоҳ таоло қалбимизда мўминларга нисбатан нафрат пайдо бўлишидан сақласин.

Қуртубий тафсири асосида

Нўъмон АБДУЛМАЖИД

 тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

* Рофизийлар (арабча “рофиз” – тарк этиш, рад этиш, маслагидан қайтиш маъноларида) – ўрта асрларда изчил Ислом йўлидан четга чиққан оқимлар, хусусан, шиалар (Абу Бакр ва Умарнинг (розияллоҳу анҳум) халифалик ҳуқуқини рад этганлари учун) рофизийлар деб аталган. Кейинчалик ҳазрат Алини (розияллоҳу анҳу) илоҳийлаштириш тарафдорлари бўлган фирқалар (хусусан, исмоилийлар) шу ном билан аталган. Умумий маънода “рофизийлар” атамаси имомийлар, алавийлар ва зайдийларга нисбат берилади (“Ислом энциклопедияси”).

 

Чиройли таълим ва тарбия бермоқ. Фарзандга чиройли таълим ва тарбия бериб, ҳаётга тайёрлаб бориш ота-онанинг олдидаги муҳим вазифалардандир. Уларни фақат едириб, ичириб шу билан вазифамни бажардим деган ота-оналар хато қиладилар. Чунки биринчи тарбия айнан оиладан бевосита оиланинг бошлиғларидан олинишини ҳаммамиз яхши биламиз. 

Болаларнинг тарбияси масаласида биринчи жавобгарлик отанинг зиммасига тушиши Қуръони каримда баён этилган. Ота бу масалада Аллоҳ наздида жавобгар ҳисобланади. Агар болага ўз вақтида керакли тарбия берилмаса, улардан бўладиган ёмонликлардан биринчи навбатда ота азият чекади ва бундай оталарнинг хусронга гирифтор бўлиши ояти карималарда хабар берилган.  

Болага таълим-тарбия бобида кўрсатиладиган энг фазилатли хизмат, албатта, бу ҳақиқий севги ва ҳурматнинг манбаи бўлган бутун оламлар Робби ва элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни уларга таништириш ҳисобланади. Бу дунё ҳаёти муҳаббатнинг устига бино қилинди. Бу муҳаббат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт ва иршодларида, таблиғларида жуда ҳам чиройли ҳоллари билан шаклланди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кимнидир қўлидан тутиб кўзларига тик боқиб қаттиқ севганларини сўзлари билан ифода қилдилар, кимгадир васфлари билан изҳор қилдилар, кимгадир бу муҳаббатларини баданларининг тили билан қўчоқлашиб билдирдилар, яна кимларгадир чексиз меҳрларининг томчилари билан ишоратлар бериб келмоқдалар. Ҳеч қандай шартсиз, фақатгина мардлик талаб қилувчи бу севгилари ортидан: “Сиздан бирортангиз то, мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди”, дедилар”. (Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Бухорий, Муслим) 

Бас шундай экан, ҳар бир мўмин ота фарзандлари қалбларига энг биринчи бўлиб айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам севгисини жойлаштириши лозимдир. Чунки айнан мана шу муҳаббат бевосита муҳаббатуллоҳга етакловчи тўғри йўл ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримида бу қоиданинг ҳақиқат экани қуйидагича баён этади:

“Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинг. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (“Оли Имрон” сураси, 31-оят). 

Ҳар бир ота ўз оиласидан сўралиши айтилар экан, қиёмат куни фарзандлар ўз оталарига ё шафоатчи ёки шикоятчи бўладилар. Агар ота фарзандларига чиройли таълим-тарбия бериб вояга етказган бўлса, уларнинг савобларига шерик бўлиб, сояларида шафоатларига муяссар бўладилар. Борди-ю яхши тарбия бермаган бўлса фарзандлари: “Бизнинг тарбиямиз билан нега шуғулланмадингиз, нима учун дўзахга тушишимизга сабабчи бўлдингиз?” деб шикоятчи бўладилар.

Чунки, Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз синовдан бошқа нарса эмас. Ва Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бор.” (“Тағобун” сураси, 15-оят)

“Тафсири Ҳилол”да ушбу ояти кариманинг мазмуни қуйидагича баён этилган: “Мол-мулк киши учун синовдир. Қўлига мол-дунё келганда ҳам ҳовлиқмасдан, тўғри йўлда сарфласа, ибодатини вақтида қилса, улкан савобларга эга бўлади. Аммо дунёга берилиб йўлдан озса, ҳаром-хариш ишларни қилса, мол топиш учун гуноҳ йўлларга ҳам кираверса, унда синовдан ўта олмаган бўлади ва гуноҳига яраша жазосини олади. Шунингдек, фарзандлар ҳам Аллоҳнинг улкан неъмати. Уларни тўғри тарбиялаб, художўй қилиб ўстирилса, икки дунёнинг обрўйини олиб беради. Агар тескариси бўлса, икки дунёда шарманда қилади. Демак, Аллоҳнинг муҳаббатини, мол-мулк ва фарзандлар муҳабатидан устун қўймоқ зарур. Чунки унинг ҳузурида улуғ ажр бор.” 

Демак, ояти каримада айтилган имтиҳон-синов отанинг нафақат фарзандлари моддий эҳтиёжларини, балки уларнинг чиройли тарбияларини  таъминлаш бўйича ҳам масъуллигини билдирмоқда. Динимизга кўра, оилада фарзанд туғилиши билан бирга отанинг зиммасига ҳам хайрли ҳам масъулиятли вазифа юкланмоқдаки, бу отанинг айнан фарзанд тарбияси ҳақида бевосита жавобгар шахс эканидан далолат беради. Чунки одоб китобларимизда фарзандга эътиқод ва ибодат, одоб ва ахлоқ, атрофдагилар билан яхши муносабат (одоби муошараат), касб таълими билан боғлиқ асос билимларни бериш отанинг бўйнидаги асосий вазифалардан ҳисобланиши айтиб ўтилган. 

Шу билан бирга болага тарбия беришда ота-оналар кичкиналар учун ўрнак бўлишлари лозим. Оилада фарзанд илк тарбияни, албатта, ота-онасидан, бобо-бувасидан олади. Шунинг учун катталар уларнинг олдида бир-бирларига чиройли муомала қилишлари, бақириб-чақирмасликлари, тўғри гапириб, ёлғонни умуман ишлатмасликлари, берган ваъдаларида туришлари лозимдир. Бундай ҳолат оилада мунтазам бўлиши даркор. Шунда боланинг онгида тўғри муносабат бўйича аниқ фикр ва қарашлар шакллана бошлайди. 

Зеро, Пайғамаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Севги, варосот йўли билан қозонилади.” (Бухорий, “Адаб-ул Муфрад”) 

Мазкур ҳадиси шариф ҳар биримизга ақл-идрокимизни, фаҳму фаросатимизни ишга солиб, ўз устимизда жиддий ишлашимиз, ҳаёт тарзимизни яна бир кўздан кечиришимиз учун берилган муҳим дарс ҳисобланади. Ушбу ҳадиси шариф шарҳида шулар баён этилган. Байҳақий ва Ҳокимнинг маълум қилишларича, ҳазрати Абу Бакри Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Абдурраҳамон асҳобдан:

– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севги-муҳаббат ҳақида нима деб буюрганларини эшитгансиз? – деб сўрайди.

У одам эса:

– Севги варосот билан қозонилади, – деб буюрганларини эшитдим, дейди.

Яъни мол-дунё отадан болага ва бошқа яқинларга қандай мерос бўлиб ўтса, ота-оналарнинг бир-бирларига бўлган севги ва боғликлари, ён атрофдаги ёру дўстларига қиладиган муомалаю муносбаталари ҳам фарзандларига худди шундай тарзда мерос бўлиб ўтади экан. Мўмин одам буни ҳеч қачон назардан четда қолдирмаслиги лозим. Бизнинг ҳар бир ҳаракатимиз, муомала-муносбаталаримиз, ҳатто, гапирмасдан жим хаёл сўриб ўтиришимиз ҳам ёнгинамизда ўзи билан ўзи овора бўлиб кўринган кичкина болаларимизда ўзгартириб бўлмас маълум тасаввур ва фикрларни шакллантиришини унутмаслигимиз керак. Одамлар орасидаги “Қуш уясида кўрганини қилади” деган гап бекорга чиқмаган. Кўрмаяпти, билмайди, эшитмаяпти, сезмайди деган хом хаёлга бормаслигимиз даркор. 

Шуни унутмаслик лозимки, ҳол тили сўз тилидан ҳар доим устун ва таъсирли бўлиб келган. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсоният учун яққол намуна бўла оладилар. 

Сигарет чекадиган отанинг боласига “буни чекмагин” дейиши унга қанчалик таъсир қилиши мумкин? Албатта, бундай тарбия ўзининг натижасини бермайди. Шунинг учун ҳам тарбия мукаммал ва таъсирли бўлишлиги учун биз ота-оналар аввало ўзимизни ҳам сўзимизда ҳам ишимизда бир сўзли эканлигимизни уларга кўрсатишимиз керак. 

“Танбеҳул – Ғофилийн” китобида қуйидаги ривоятлар нақл қилинади.

Ривоят. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий шундай дейдилар: Бир одам Абу Ҳафс раҳматуллоҳи алайҳнинг олдига келиб:

 Ўғлим мени уради, ҳамма жойим оғрийди, – дейди. Абу Ҳафс ҳазратлари:

 Субҳаноллоҳ! Бола ҳам отасини урадими?! – деб ҳайрон қолади. Келган одам:

 Ҳа, шундай қаттиқ урмоқдаки, бутун аъзои баданим оғрияпти,–  деб тасдиқлайди.

Абу Ҳафс:

 Унга илм ва одобни ўргатмаганмисан? – деб сўрайди. Одам:

 Йўқ.

 Қуръони каримни ўқишни-чи?

 Йўқ.

 Яхши…, ўғлинг нима иш қилади?

– Деҳқончилик билан шуғулланади.

– Ўғлинг сени нима сабабдан урганини энди тушундингми?– деб сўрайди.

– Йўқ, тушунмадим! – дейди.

Абу Ҳафс шундай тушунтирди:

– Менинг тахмин қилишимча, ўғлинг бир куни эрталаб ўрнидан туриб томарқасига ишга отланган. Эшагига минган; олдида ҳўкизлари, орқасида эса ити билан йўлга чиққан. Йўлда кетаётганида такрорлаб кетай деса Қуръонни билмайди, ҳар хил нағмаларни хиргойи қилиб айтиб кетаётган вақтида олдидан сен чиқиб қолгансан. У сени ҳам йўлнинг ўртасида турган сигир деб билиб, қамчиси билан урган. Дуо қилгин тағин бошингни уриб ёриб қўймасин.  

Одоб китобларимизда болага унинг кўзи ўнгида суннатга мувофиқ еб-ичишни, кийинишни, қиммат нарсаларни кийиш аҳамитясиз эканини, яшашдан мақсад фақат ейиш ва кийиниш эмаслигини ҳам ҳол ҳам тил билан чиройли тарзда ўргатиш лозим дейилган. Жумладан, овқатни бисмилло ва шукр билан бошлаб, ҳамд билан тугатиш, таомни ўзининг олдидан бошлаб ейиш, луқмани оз-оздан олиб шошилмасдан чайнаб ютиш, сув ва бошқа ичимликларни ўтириб ичиш кабилар болаларнинг ўрганиши шарт бўлган одоблардан ҳисобланади. 

Масалан, таомланишни ўргатишда емоқдан мақсад баданнинг саломатлигини сақлаш, у худди табиб дориси каби очлик ва сувсизликни кетказади деб тушутириш лозим. Турли-туман, кўнгли хоҳлаган таомларни эмас, балки дастурхонда борини, топганини еб кетишни, ҳар турлик лаззатларга аҳамият бермасликни ўргатиш даркор. Бозорларда, одамлар гавжум бўлган ерларда тик туриб олиб, ҳамманинг кўзи ўнгида овқат еб кетишлик овақтланиш одобига кирмаслиги ўргатилади. Жуда ҳам оч қолиб кетган бўлса ҳам бироз сабр қилиб, ошхоналарга кириб, бемалол ўтириб, кейин таомланиш хайрли эканини ота-она тушунтирмаса ким тушунтириши мумкин. Ҳатто вақти-вақти билан болага қуруқ нон бериб, уни шунга ўргатиш ҳам тавсия қилинган.

Отасининг обрўси ва молу дунёси билан мақтанмасликни, ёлғон гапирмасликни ўргатиб, ҳар қандай тўғри-нотўғри қасам ичишлардан қайтариб танбеҳ бериб туриш керак. Катталар олдида жим ўтиришни, савол сўраганида қисқа ва аниқ жавоб беришни, ҳар доим яхши гапиришга одат қилишни ўргатиш зарур. 

Бу борада аслида бутун ҳаётлари ибратдан иборат бўлган салафлар ҳаётидаги айрим лаҳзалар, инсонни янада қаттиқ ҳайратда қолдириб, чуқур фикрлашга ундайди. 

Ривоят. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалиги замонида бир ибратомуз воқеа рўй беради. Иймон ва куфр, ҳалол ва ҳаром,  масаласида ўзининг қаттиқўллиги билан ном чиқарган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир куни ўғли Абдуллоҳ ва ҳазрати Ҳасан розияллоҳу анҳумо билан Мадина кўчаларини айланишга чиқадилар. Мақсад шаҳар аҳолиси нима билан бандлигини кузатиш, атрофдаги ҳол-аҳволдан хабар топишдан иборат. Кетиб туриб халифанинг назари йўл четида уйнаб ўтирган заиф, қаровчиси йўқ бир болага тушади. Халифа боланинг ҳолатини кўриб, таажжубланади ва:

– Бу боланинг ҳеч кими йўқми? Одамларга ҳам ҳайронсан, уларга нима бўлган ўзи, ёш болани ҳам шундай қаровсиз қолдирадиларми, унга ҳеч нарса бермабдилар-ку, – деди.

   Халифанинг ортида дашномларини эшитиб турган ўғли Абдуллоҳ, отасига секин қараб, паст овозда:

– Отажон, танимаяпсизми? Бу Сизнинг набирангиз, менинг қизим бўлади, – дейиши билан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг аччиғи келиб:

– Э..., ҳайф сендек отага! – деди.

Отасининг жаҳли чиққанини кўрган ўғли:

– Ота, нима қилай ахир, Сиз халифа бўлсангиз, менга бироз имконият яратиб берганингизда набирангизни, яъни қизимни яхшилаб боққан бўлардим. Қўлингизда шунча имконият бўла туриб, менга ҳеч қандай шароит қилиб бермагансиз, – деди.

Буни эшитган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуда оталик марҳамати жўш ўриб кетди ва:

– Аллоҳга қасамки, ўғлим, сенга бошқа мусулмонларга бераётганимдан ортиғини яратиб беролмайман. Уларга қанча бераётган бўлсам, сенга ҳам худди шунча берилади. Бу шундай  бўлади, тамом, вассалом! – деди.  

Мана бу нарса барча ота-оналар учун бола тарбиясини олиб боришда етарлича дарс ҳисобланади. Ҳазрати Абдуллоҳ ибни Умар розияллоҳу анҳу халифанинг ўғли бўлса-да, ҳамма билан тенг миқдорда маош оларди, ҳамма билан тенг шароитда ҳаёт кечирган эди. 

Яна мавзуга қайтамиз. Шу билан бирга болани илм ўрганишга ҳар доим ташвиқ қилиб бориш лозим. Болалар билан энг кўп вақтларини ўтказадиганлар оналар бўлгани учун улар фарзандларига оталарига нисбатан ҳурматли бўлишликни, оталарини ҳамма нарсага кучи етадиган инсон эканини зеҳнларига яхшилаб жойлаштиришлари лозим.   

Ота-оналар боланинг яхши ва ёмон нарсаларни бир хилда қабул қилишини эътиборга олиб, тарбия ва вояга етказишда шунга кўра ҳаракат қилишлари лозим. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Ҳар бир туғилган бола Ислом фитрати билан туғилади. Кейин ота ва онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади”, деб марҳамат қилганлар. (Бухорий) 

Одоб китобларида ота-оналарни сут эмадиган болаларининг кўп йиғлашларидан асабийлашиб, жаҳлдорлик қилмасликка чақирилади. Аксинча вазминлик билан яхши муомалада бўлишлик, хайрли экани баён этилган. Чунки, бу ёшдаги болаларнинг йиғилари зикр, тасбеҳ, ҳамд ва ота-онасига истиғфор бўлиши маълум қилинган.

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

Фарзанд таваллуди — жуда қувончли воқеа. Шу билан бирга ўта масъулиятли ҳам. Дастлабки мураккаб палла чақалоққа исм танлашда юзага келади. Айрим ҳолларда ёш ота-она фарзандига исм қўйишни оиласидаги энг ҳурматли кексаларга (одатда, ота томондан бобосига) ишониб топширишади, айримлар эса қандайдир ёзилмаган қоидалар ва ирим-сиримларга мурожаат қилишади. Энг сўнгги модадаги исмлар ҳам борлигига нима дейсиз? «Очиқ Осиё онлайн» 2017 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда қайси исмлар кўпроқ қўйилганини аниқлашга ҳаракат қилиб кўрди.

Қирғизистон. Соф мусулмонча исмлар

«Очиқ Осиё онлайн» ҳамкори — kaktus.media’га бундай маълумотларни давлат қайд этиш хизмати берган. Уларнинг берган маълумотига кўра, ўғил болаларга қўйилган исмлар ичра энг машҳури Умар бўлган. Қирғизистонда 2017 йилда 2886 та чақалоққа шу исм қўйилган.

Ўғил болаларга қўйилувчи Умар исми араб тилидан таржима қилинса «ҳаёт» маъносини беради. Ислом оламидаги иккинчи халифанинг исми шундай бўлган.

Қиз болалар исми ичра энг машҳури Раяна бўлгани қайд этилган. 2017 йилда 1860 қизалоққа шу исм қўйилган.

Раяна исми ҳам арабча. Талқинларнинг бирига кўра у «тўлатилган, тўйинтириб суғорилган» маъносини беради.

2017 йилда жами 155 минг 36 чақалоқ туғилган. 2016 йилда уларнинг сони 159 минг 584 нафар бўлган. 2015 йилда энг машҳур исмлар Умар ва Ойбека (Айбийке) бўлган. Сўнгги ўн йил ичида энг машҳур исмлар Азамат, Александр, Нурбек, Нурлан ва Ойбек сингарилари бўлган. Қиз болалар исми ичра Ойнура (Айнура), Наргиза, Татьяна, Динара ва Аида кўпроқ учраган.

Қозоғистон. Урф ўзгармаяпти

Алихон ва Айзере (Ойзара) Остонадаги энг кўп қўйилган исмлар бўлган, деб хабар беради шаҳар ҳокимиятининг расмий сайти. 2017 йилда Айзере исми Қозоғистон пойтахтида 405 та чақалоққа қўйилган. Иккинчи ўринда Айлин — 354 марта. Учинчи ўринда Амина исми бормоқда — 353 марта. Ўтган йили Айару, Ойша, Раяна, Аяла, Каусар, Мадина, Дария каби исмлар ҳам кўп қўйилган. Дастлабки ўнликдан ташқарида Адия, Айсана, Инжу, Айим ва Тўмарис каби исмлар бор.

Ўғил болалар ичра энг машҳур исмлар учлигига Алихон, Амир ва Али кирган. Ўтган 12 ой ичида бу исмлар билан мос равишда 328, 255 ва 222 чақалоқ номланган. Булардан ташқари ўғилчаларга Ойсултон, Санжар, Олдиёр, Эрасил, Арлан, Арсен, Нурислом, Алан, Мансур, Рамазон, Мерос ва Алинур каби исмлар қўйилган.

Пойтахтда йил бўйи жами 34.087 та чақалоқ туғилган. Бу эса 2016 йилга нисбатан 2031 тага кўпдир.

Қозоғистон бўйича тўлиқ маълумотлар йўқ. Лекин ярим йиллик маълумотларга таянилса, бутун мамлакат бўйлаб аҳвол пойтахтдагига жуда ўхшаш: Айзере ва Алихон етакчилик қилмоқда. Айзере туғилган қизалоқларга қўйилаётган исмлар ичра етакчиликни қаторасига учинчи йилдирки бермаяпти.

Айзере — туркийча-форсча исм. «Ай» туркий тилларда «ой» дегани, «зер» эса форсча «зар» (олтин) маъносини беради. Кўчма маънода бу исмга «вафодор», «гўзал», «зийрак» маъносини юклашади.

Умуман олганда, учликда қизлар исми ичра Айзере, Айару ва Раяна, ўғил болаларнинг исмлари орасида Алихон, Ойсултон ва Нурислом етакчилик қилмоқда.

Алихон исми араб-турк тилларидан келиб чиққан бир бир неча таржимага эга. Талқинлардан бирига кўра, Алихон — «Худонинг шери» маъносини беради. Иккинчи талқинга кўра Али сўзига кўра ва турк ёки мўғулларнинг хон, подшоҳ, ҳукмдор титулларига биноан «буюк хон» ёки «илоҳий ҳукмдор» маъносини беради.

Ўзбекистон. Барчаси анъаналар доирасида

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ўзининг Телеграм каналида мамлакатнинг 2017 йилдаги туғилишга оид фуқаролик ҳолатини қайд этиш бўйича маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, республикада 722.094 нафар чақалоқ туғилган. Бу бир йил аввалгига нисбатан 10.490 болага кам. Ўғил болалар қизалоқларга нисбатан кўпроқ туғилган.

2017 йилда қизалоқларга қўйилган исмлар ичра Мадина исми етакчилик қилган. Мамлакатда 5678 та қизалоққа шу исм қўйилган. Ўғил болалар ичра энг машҳур исм Азизбек бўлган — 5674 марта. Умуман, www.factorname.ru сайти маълумотларига кўра, Азиз исми (унинг Азизбек, Азизжон вариантлари) 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган йигитларнинг машҳур исмлари йигирматалигига киради. Бироқ 25 ёшгача бўлган ўзбекистонлик ўғил болалар исми ичра энг машҳури Сардор исмидир. Россияликлар негадир ўзбекларда энг кўп тарқалган исм Рустам ёки Анвар деб ҳисоблашар экан.

Адлия вазирлиги туғилган чақалоқлар бўйича яна бир қизиқ маълумотни баён қилган. Ўтган йили Ўзбекистонда оғирлиги қарийб 10 килограм, аниқроғи 9870 грамм бўлган қизалоқ дунёга келган. Энг дароз чақалоқнинг бўйи 70 сантиметрни ташкил этган. Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида эса она ўзининг 9-фарзандини дунёга келтирган.

Тожикистон. Ҳеч қандай ўзбошимчаликсиз

Тожикистондаги машҳур исмлар ҳақидаги маълумот ошкор этилмайди. Лекин у ерда янги туғилаётган чақалоқларга қўйилиши лозим бўлган исмлардан иборат, қатъият билан тавсия этилаётган каталог бор. Унинг тузилиши ҳақида гап-сўзлар 2015 йилдан бошланган бўлса-да, у фақат ўтган йилга келиб чоп этилди. Илгарироқ, чақалоқларни миллий маданиятга хос бўлмаган исмлар билан аташни тақиқловчи қонун қабул қилинган. Тўпламга 3 мингдан зиёд исмлар киритилиб, уларнинг тожикча, русча ва инглизча ёзилиш вариантлари кўрсатиб ўтилган. Нашрнинг умумий тиражи 10 минг нусхани ташкил этган.

Лекин ота-оналар фарзандига тасдиқланган «Миллий исмлар реестри»дан танлашга мажбур эмас. Нима бўлганда ҳам, Тожикистон Республикаси президенти ҳузуридаги Миллий қонунчилик маркази директори Маҳмад Раҳимзода шундай деган, — деб ёзади Sputnik Тожикистон. Амалдор нафақат бундай ҳуқуқ мавжудлигини таъкидлаган, ўзи ҳам реесторига қарши борган. У неварасига Ашкиноз деб исм қўйган, бу исм «Миллий исмлар реестри»да йўқ. «Барча ота-оналар ўз фарзанди учун ўзлари чиройли ном танлашга ҳақли. Масалан, мен неварамга Ашкиноз деб исм қўйдим. Бу исм каталогда йўқ. Лекин мен махсус комиссияга хат билан мурожаат қилдим, улар менинг танловимни маъқуллашди», — деган Раҳимзода.

Мулозим ўз фарзандига ноодатий исмлар қўймоқчи бўлган янги туғилган чақалоқларнинг ота-оналарига ўз таклифлари билан махсус комиссияга мурожаат қилишни маслаҳат берган.

Манба: http://kun.uz

 

 

Термиз шаҳридаги “Мурч бобо” жоме масжидида бўлиб ўтаётган Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичини саноқли дақиқалардан кейин онлайн узатиш бошланади. Айни вақтларда тайёргарлик ишлари якунига етказилмоқда.
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб боринг.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Вьетнам терма жамоаси устидан ғалаба қозонган Ўзбекистон терма жамоасини ғалаба билан табриклади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Хитой Халқ Республикасида бўлиб ўтган футбол бўйича 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ғолиблари – Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоларига

Азиз фарзандларим!

Қадрли устоз ва мураббийлар!

Барчангизни футбол бўйича Ёшлар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионатининг финал ўйинида ғоят оғир ва ноқулай об-ҳаво шароитида том маънода матонат ва жасорат намунасини намоён этиб, ғолибликни қўлга киритганингиз билан ўз номимдан, кўпмиллатли халқимиз номидан самимий муборакбод этаман.

Сизлар қўлга киритган мислсиз бу ғалаба бутун халқимизга чексиз қувонч бағишлаб, Ўзбекистон ёшларининг қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир бор кўрсатди. Бу улкан зафар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиздаги миллионлаб ёшларни мардлик ва матонат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга улкан ҳисса қўшади.

Эл-юртимиз сизлар каби мард ва жасур, фидойи ўғлонлари билан, юртимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари билан фахрланади.

Барчангизни бағримга босиб, сизларга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, жонажон Ўзбекистонимизнинг шон-шуҳратини дунёга тараннум этишда доимо ютуқ ва зафарлар ёр бўлишини тилайман.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев

Видеолавҳалар

Top