www.muslimuz
МУҚАДДАС ДАРГОҲ: Ёмон хулқдан сақланиш. ХОТИМА.
МУҚАДДАС ДАРГОҲ
Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи ришта никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси каби муҳим масалаларнинг бари шаръий никоҳга боғлиқдир. Шунинг учун динимиз никоҳ асосида оила қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таолонинг эр-хотин жуфтлигини яратишдан иродаси ҳам инсон наслини кўпайтириб, ер юзини обод қилиш эди:
«Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради...» (Наҳл,72).
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бир ҳадисларида: “Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас” (яъни умматимдан эмас), деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбарнинг (алайҳиссалом) суннатлари экан, мусулмон киши никоҳ асосида оила қуриши, турли сабабларни рўкач қилиб, уни пайсалга солмаслиги лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.
Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин, чунки бу кўзнинг тийилиши ва фаржнинг поклигидир. Ким бунга қодир бўлмаса, унда рўза тутсин, чунки бу билан шаҳват сўндирилади”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ислом таълимотига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Аллоҳ таоло шу боис эр ва хотиннинг оила қуриб, кўпайиши учун уларга тотувликда, аҳилликда бир-бирларига шафқат ва меҳрибонлик кўрсатиб умргузаронлик қилишни буюрган. Аллоҳ таоло айтади:
«Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир» (Рум, 21).
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан 2012 йил “Мустаҳкам оила йили” деб аталди. Ҳукуматимиз жамиятимизнинг асосий бўғини – оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб қувватлаш, бу борада маҳалланинг ўрни ва аҳамиятини кучайтириш, жисмонан соғлом, маънан етук ва баркамол авлодни тарбиялашдек муҳим масалаларга катта эътибор қаратмоқда.
Мамлакатимизда бу йил бежиз “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилингани йўқ. Чунки оила мустаҳкам бўлса, жамият тотув, аҳил ва барқарор бўлади, унга ҳеч нарса раҳна сололмайди. Агар оилалар жанжал-можаролардан бўшамай қолса, жамиятнинг ҳам тинчи бузилади, юртдан барака кўтарилади, фарзандлар тарбияси бузилади ва инсонлар ўртасидаги муносабатлар издан чиқади.
Кўпинча янги турмуш қураётган келин-куёвларни кўрган ёши улуғлар беихтиёр: “Илоҳо, янги турмуш қураётган келин-куёв бахтли бўлишсин, оиласида тотувлик, аҳиллик ошён қурсин”, деб дуога қўл очишади. Афсус, келин-куёвларнинг ҳаммаси ҳам умрлари давомида оила номли ошёнларини авайлаб асрай олишмайди. Бўлар-бўлмас гап-сўзлар, арзимас баҳоналар билан ширин турмушларини оғуга айлантиришади. Бир-бирларини тушунмасликдан, муроса илмини билмасликдан бир оилада яшаётган икки киши душман-ғанимга айланади. Қанча оилалар бузилиб, кишилар азият чекади, болалар етим бўлади, асаблар қақшайди. Ажрашишмаган тақдирда ҳам, бутун умрлари ғурбат, ғам ва изтиробда ўтади.
Оиланинг тотувлиги бир кишига ёки бир сабабга боғлиқ эмас. Бунинг учун ҳамма – келин-куёв ҳам, ота-оналар ҳам, оила ташқарисидагилар ҳам, кенг жамоатчилик ҳам баравар жон койитмаса, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Янги оила қурган куёвнинг ота-оналари биринчи кунларданоқ кўнгилчанлик қилиб келинни талтайтириб юбормай, турмуш синоатларига тайёрлаб борса, ҳаёт фақат ўйин-кулги ва кўнгилхушликлардан иборат эмаслигини унга тушунтира олса, хотиннинг энг асосий бурчи эрга итоат эканини етказа олса, орада уруш-жанжаллар келиб чиқмайди, икки ёшнинг бахти завол топмайди.
Келин одобли бўлиб, эрининг яқинларини ҳурмат қилса, улар билан муроса қилиш йўлларини ахтарса, ёши улуғ қайнонасини эъзозлаб, хизматини аямаса, оила инқирозга учрамайди, ўртада болалар тирик етим бўлмайди.
Ёки оиладаги катталар, айниқса, қайноналар сал бағрикенгроқ, сабрлироқ, адолатлироқ бўлишса, қайноталар тажрибалари ва мавқеларидан келиб чиқиб, ёшларга насиҳат қилишса, оиланинг бошқа аъзолари келин-куёвнинг турмушига аралашишмаса, ишлар чаппасига кетмайди. Жиндай муросасизлик ҳам баъзан қимматга тушади. Шунинг учун ҳам динимиз ёшлар ўртасида аҳиллик йўқолса, уларни яраштиришга, бунинг учун ҳар икки томондан холис, адолатли ҳакамларни жалб қилишга буюради. Аллоҳ азза ва жалла айтади:
«Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир» (Нисо, 35).
Али ибн Абу Толибдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш бир нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар” (Имом Табароний ривояти).
Кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бошқа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчилик, бир-бирини тушунмаслик каби ҳолатлар учраб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар уруш-жанжаллар, жанг ва можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон, қариндош одамлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади. Муносабатлар бузилиб, ахлоқ-одоб қоидалари поймол қилинади, жамият осойишталигига путур етади.
Халқимиз: “Оила қуриш игна билан қаср барпо қилишга тенг”, дейди. Дарҳақиқат, оиланинг, турмушнинг, рўзғорнинг минг бир машаққати, синови бор. Кўпинча оилавий муносабатлар ҳақида сўз борар экан, уни бузилишга олиб борувчи омил ва сабабларни ҳар ким ўзича ҳар хил шарҳлайди. Кимдир оиладан тинчлик ва хотиржамликнинг кетишида бутун айбни эрнинг лапашанглигига, хотинига сўзини ўтказолмаётганига тўнкайди. Кимдир хотиннинг ўткирлиги, маккорлиги, итоатсизлигини ҳамма ихтилоф ва келишмовчиликлар сабабчиси деб ҳисоблайди. Бошқалар оилавий келишмовчиликлар кўпроқ золим қайноналарнинг ёвузлиги ёки гапуқмас келинларнинг қайсарлиги боис содир бўлади, деб ҳисоблашади. Айримлар асосий жанжал моддий етишмовчиликлардан, қўл калталигидан келиб чиқади, деб ўйлайди. Кимлардир бола тарбиясига эътиборсизлик қилгани туфайли у улғайганида энди бунинг азобини тортаётганидан зорланади. Аслида, бунга ким ёки нима айбдор?
Шайх Муҳаммад Абу Заҳра оилани уч қисмга бўлади: биринчи қисм – эр-хотин, иккинчи қисм – фарзандлар, учинчиси эса – яқин қариндошлар (яъни, ота-она, ака-ука, опа-сингил ва бошқалар)дир. Ана шу уч қисм аҳил-тотув бўлгандагина оила тинч-осойишта ва файзли бўлади, акс ҳолда уруш-жанжалдан боши чиқмайди. Атоқли мутафаккир олима Олиматул Банот: “Оилавий масалаларда эр билан хотин ўртасида тотувлик ва маслаҳатлашиб иш тутиш бўлмаса, бундай оила азоб ва машаққат масканига айланади”, дейди.
Энг алам қиладиган жойи, ҳозир оилавий уруш-жанжаллар, қўйди-чиқдиларга сабаб бўлаётган нарсалар жуда арзимасдир. Бирида овқатнинг шўрлигидан, бошқасида келиннинг қайнонага салом бермаганидан, яна бирида ҳайит йўқловида тоғоранинг битта кам қилинганидан, бошқасида куёвнинг ишдан кеч келишидан бошланган беҳуда гаплар бора-бора оиланинг бузилишига сабаб бўлади. Одамлар оила тақдирига, икки ёшнинг бахтига шунчалар бепарво ва енгил қарайдиган бўлиб кетишганми?
Кейинги пайтда янги турмуш қурганлар ўртасида бўлар-бўлмас, майда нарсалар сабабидан хотинини талоқ қилиш ёки келинларнинг эрларидан талоғини сўраши каби кўнгилсиз ҳолатлар кўпайиб боряпти. Наҳотки, талоқ ниҳоятда жиддий нарса эканини, бу сўздан Аллоҳнинг Арши ларзага келишини тушунишмаса? Савбондан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бир аёл эридан сабабсиз талоқ сўраса, жаннат ҳиди унга ҳаромдир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Кўпинча икки ёш бахтига уларнинг ота-оналари ҳам зомин бўлиб қолишади. Келин-куёв турмушига ҳар бир майда-чуйда хусусида аралашавериш, келиннинг қилиқларидан, ишларидан хато топавериш ёки куёвнинг қандай рўзғор тутишида ақл ўргатиш, умуман, ёшларни бўлар-бўлмасга тергайвериш ҳам улар ўртасига совуқчилик тушишига сабаб бўлади.
Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Кечириш динимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Бир қарашда оний ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, келгусидаги ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошуфта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан нарса. Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини танлаб, зиддиятни даф қилиш чорасини кўриши керак. Шундай ҳолатларда бир томоннинг андишага риоя қилиши, ақл-идрок билан иш тутиши шайтоннинг бўйнини синдириб, жиндай муросага юриши катта можароларнинг олдини олибгина қолмай, оилада чинакам саодат гулшанини барқ урдириб, яшнатиб юборади.
Ривоят қилишларича, бир киши хотинининг муросасизлигидан, итоатсизлигидан тўйиб кетиб, ҳазрат Умарга шикоят қилиш учун у кишининг уйига борибди. Эшикка яқинлашса, ичкаридан аёл кишининг қаттиқ-қаттиқ гапираётгани эшитилибди. Шунда бояги киши: «Халифанинг уйида ҳам бу можаро бор экан, яхшиси, индамай кетақолай», деб ортига қайтмоқчи бўлибди. Шу пайт ичкаридан ҳазрат Умар чиқиб қолибдилар. Юмуш билан келган одамнинг изига қайтиб кетаётгани сабабини сўрабдилар. Арзга келган одам: “Хотинимнинг зулмидан шикоят қилиб келувдим, қарасам, бу машмаша сизнинг ҳам бошингизда бор экан, шунга қайтиб кетмоқчи бўлиб турувдим”, деб жавоб қилибди. Шунда ҳазрат Умар: “Қизиқ одам экансан-ку, ахир аёллар овқатимизни пиширса, кир-чирларни ювса, болаларимизни тарбия қилса, бутун рўзғор ишларини зиммасига олган бўлса-ю, онда-сондаги норозиликларига сабр қилмасак, инсофдан бўлармикин”, деган эканлар».
Энди масаланинг бошқа томонига эътиборни қаратайлик. Қиз эри устидан ота-онасига шикоят қилиб келди, дейлик. Ота-она кўпни кўрган, мулоҳазали, ақлли бўлса-ку, яхши. «Қизим, оилада нималар бўлмайди, агар эринг билан бир умр бирга бўлишни истасанг, унинг танбеҳларига рози бўл, сабр қил, ҳаммаси яхши бўлиб кетади», деб панд-насиҳатлар билан изига қайтариб юборишади. Аксари ҳолларда эса, ота ёки она қизининг топиб келган гапини рўкач қилиб, куёвни «тартибга чақиришга», «тавбасига бир таянтириб қўйишга» киришади, ҳатто у билан ёқалашишгача боради. Айниқса, бу ҳол қиз томон бойлик, мартаба ва насабда бир поғона баландроқ оилаларда кўп учрайди. Оқибатда куёв билан қайнота-қайнона ўртасида, қудалар ўртасида «парда кўтарилади». Хўрланган, иззати топталган йигитнинг кўзига ҳеч нарса, ҳатто севиб уйланган аёли, шириндан-шакар фарзандлари ҳам кўринмай қолади. Уйига гап ташиб, «деди-деди»лари билан оиласи бахтини поймол қилган хотинидан воз кечишга мажбур бўлади. Хотинининг жиндай фаросатсизлиги туфайли ширин турмушга хотима қўйилади. Асмо бинти Язид ансориядан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Тенгдош қизлар билан ўтирган эдим, олдимиздан Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўтдилар. У зот салом бердилар ва: “Валинеъматларингизга ношукрликдан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар. Мен дугоналарим ичида савол беришга журъатлироғи эдим ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, валинеъматларга ношукрлик нима?” деб сўрадим. “Бирингиз ота-она бағрида узоқ вақт эрсиз ўтиради. Сўнг Аллоҳ унга эр неъматини ато қилади, фарзанд беради. (Аммо аёл) жаҳл устида “Сендан ҳеч яхшилик кўрмадим», деб куфрони неъмат қилиб қўяди”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти, “Ал-Адаб ал-муфрад”).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам): «Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоатда бўладиган, йўқлигингда ўз номусини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиганидир», деганлар (Имом Табарий ва Ибн Абу Ҳотим ривоятлари).
Динимиз талабига кўра, эр оиланинг раҳбари, унинг ҳамма томонига масъул ҳисобланади. Аммо бу айримлар ўйлаганидек, «деганим деган» қабилида иш тутиш, оиланинг бошқа азоларига зулм ўтказиш ҳуқуқи берилгани эмас. Аксинча, эр хотинининг ҳақларини тўла адо этади, ота-онани ўзи ва хотини томонидан ҳурмат-эҳтиром қилинишини таъминлайди, рўзғор таъминоти билан шуғулланади, оиласини ҳалол ризқ билан боқади. Бу дегани – ўзи еганини оиласига едиради, ўзи кийганини кийдиради, рўзғорнинг керакли жиҳозларини харид қилади. Хотинига яхши муомалада бўлади. Унинг белгилаб қўйилган ҳақларини тўла адо этади. Агар аёл қайсарроқ бўлса, уни панд-насиҳат, танбеҳ билан аста-секин йўлга солади.
Эрларнинг яна бир вазифаси – хотинлари хато ёки камчиликка йўл қўйса, кечиримли бўлиш, қусурини тузатиш, айбини беркитиш, хотини ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида ихтилоф чиқса, буни ислоҳ қилиш ва муросага келтиришдир.
«Келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин», дейишган момоларимиз. Келин келиши билан қайнона ҳамма юмуш-ташвишлардан фориғ бўлиб, роҳат-фароғатга ўтиб қолмайди. Аксинча, унинг зиммасига ўзга хонадон фарзанди ўз оиласида палак отиши, не машаққат билан тикланган оиланинг камолга етиши, ўғли ва келини тотув турмуш кечириши йўлида катта масъулият юкланади. Ахир “Катталар ёшлар учун бир кўприк”, деб бежиз айтишмаган. Келинни бир ердан бошқа бир ерга кўчириб ўтқазилган ниҳолга ўхшатишлари ҳам бежиз эмас, унга алоҳида меҳр-муҳаббат, алоҳида парвариш керак.
Ўзбек хонадонларида, яхши тарбия кўрган оилаларда қадим-қадимдан қизларни борадиган еридаги иссиқ-совуққа, аччиқ-тизиққа кўникишга ўргатадилар. “Энди уйинг ўша ер, у жойдан гап ташиб келма, қайнонанг билан муроса қил, сен яхши бўлсанг, хизматингни аямасанг, улар ҳам бошига кўтариб юради”, қабилида насиҳатлар қилинган. Бундай тарбия олмаган қизлар эса баъзан ўз бахтларига ўзлари зомин бўлишади.
Донишмандлар бундай дейишади: “Эр билан хотин оиланинг икки хожаси, хонадоннинг зийнатидир. Эр ва хотиннинг биргаликдаги вазифалари бир-бирларига садоқат, ишонч, эҳтиром, муҳаббат, хотир сақлаш ва ёрдам қилмоқдир. Садоқат уйланишнинг руҳидир. Ноўрин ҳаракатлар, ғавғо-жанжаллар уйланиш руҳини бузиб, оила саодатини барбод этади. Турмуш ва уй-рўзғорга тегишли ишларни эр-хотин бир-бирларидан яширмасликлари керак. Эр баъзида хотинининг ноўрин ишини билса, унга мулойимлик билан насиҳат қилиши, бу ишининг хато ёки гуноҳ эканини тушунтириши зарур. Хотин ҳам эрининг эҳтиёжини, саъйи ва касбида ялқовлигини сезса, уни тўғри йўлга солиб кўнглини кўтарсин, тасалли берсин, ғайрат бағишласин. Икки томон ҳар қандай ҳолатда ҳам бир-бирларини ташламасликка аҳд-паймон қилишлари талаб этилади. Масалан, улардан бири касал бўлса, иккинчисининг илтифотсиз қараб, уни ўз ҳолига ташлаб қўйиши кечирилмас ҳолдир”.
Оилавий турмуш бежиз “умр савдоси” дейилмаган. Бу савдо сотувчи ва олувчининг розилиги асосига қурилсагина, ғирромлик ва алдов аралашмай ҳалол бўлсагина, иккала тарафга баравар фойда келтиради. Ё сотувчи фақат ўз фойдасини кўзлаб, харидор ҳақида ўйламаса ёки аксинча бўлса, бу савдонинг умри қисқа бўлади. Оила ҳаётида ҳам эр-хотин “ҳалол савдо” қилишсагина турмушлари файзли, ҳаётлари фароғатли кечади.
Айниқса, ҳозирги пайтда молпарастлик, бойликка ружу қўйиш, кимўзарга дунёсини кўз-кўз қилиш халқимизга қимматга тушяпти. Қанча оилалар арзимас матоҳлар деб бошланган жанжаллардан пароканда бўляпти. Наҳот, кулфатларга сабаб бўлувчи молпарастлик балосидан қутулиш, ҳар ишда қаноатли, камтар бўлиш шунчалик мушкул иш бўлса?!
Оила ҳаёти ҳеч қачон сидирғасига фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар керагича учрайди. Эр-хотин биргалашиб, қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлиги барқарор бўлади. Агар бундай қийин пайтларда муроса бузилса, ўзаро самимият чекинса, бирининг ташвишига иккинчиси томошабин бўлиб турса, бу оилада тотувлик ошён қуриши амримаҳол. Аллоҳ таоло барчамизни оила тотувлиги ҳақида жон куйдирадиган, бир-биримизга меҳр-мурувватли солиҳ бандаларидан этиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин. Оилаларимизда тинчлик-хотиржамлик, ўзаро аҳиллик, муроса ва садоқат барқарор бўлишини насиб этсин.
Ёмон хулқдан сақланиш
Фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратиш энг муҳим вазифадир. Зеро, ёшликда ўрганган одоб билан бола ўсиб-улғаяди. Ёш болаларда учрайдиган тажанглик, урушқоқлик, шошқалоқлик, пала-партишлик, қўрслик каби салбий одатлар ўз вақтида тўхтатиб қолинмаса, катта бўлганида буларни ташлаши қийин кечади. Бундай ёмон сифатлар унда мустаҳкам ўрнашиб, бузуқ ахлоқларга айланади. Натижада инсон қанчалик ҳушёр бўлишга уринмасин, кун келиб, унинг бу яширин одатлари юзага чиқади. Шу туфайли баъзи кишиларни бу каби хунук ҳолатларда учратиб қоламиз. Бу ҳолат уларнинг нотўғри тарбия олгани оқибатидандир. Шунингдек, болани беҳуда ишлар ва кераксиз гап-сўзлардан узоқ қилиш керак. Албатта, булар ҳеч қачон боланинг одобига ижобий таъсир ўтказмаган.
Болани ёлғончи бўлишдан сақлаш керак. Агар ота-она болага ёлғон ва хиёнат йўлини қулайлаштирса, унинг дунё ва охират саодатига хавф солган, ҳамма яхшиликдан маҳрум этган бўлади.
Болани ялқов, бекорчи, эринчоқ ва доимо роҳатда бўлишга ташлаб қўймасдан, унга фақат етарлича куч тўплаб оладиган даражада ором берилади. Зеро, дангасалик ва бекорчиликнинг оқибати пушаймонликдир. Меҳнатдан толиқишнинг дунё ва охиратда мақтовли натижаси бор. Буюк муфассир Яҳё ибн Абу Касир ҳам: “Илмга жисмнинг роҳати билан эришилмайди”, деб бежиз айтмаган.
Фарзандни илм ва ибодатга рағбатли қилиб тарбиялаш керак. Ана шунда бола катта бўлганда вақтининг кўп қисмини илм олиш, касб-ҳунар ўрганиш ҳамда ибодат билан машғул бўлишга ажратади. Албатта, ёшлигидан буларнинг барчасига одатланган бола катта бўлганида ҳаётда қийналмайди.
Шунингдек, болани ортиқча овқатланиш, гапириш ва кўп ухлашдан йироқ қилиш керак. Зеро, зиён мана шу нарсаларнинг керагидан ортиғидадир. Уни қорни ва фаржига тааллуқли шаҳватларнинг зарарларидан узоқлаштириш, улар ортидан келиб чиқадиган зарарларнинг оқибатини яхшилаб тушунтириб бериш мақсадга мувофиқ бўлади.
Кўп кишилар фарзандларини ўз ҳолларига ташлаб қўядилар, одоб-тарбия бермайдилар, уларнинг хоҳиш-истакларини амалга оширига ҳаракат қиладилар. Бу ёрдамлари билан баъзида боланинг бахтига зомин бўладилар. Ҳолбуки, улар болани эъзозлаяпмиз, деб, аслида эса келажакда хор бўлишига сабабчи бўладилар, унга раҳм-шафқат қиляпмиз, деб, аслида унга зулм қилган ҳамда яхшиликдан маҳрум этган бўладилар. Шунингдек, оғзи шалоқ, хулқи бузуқ кимса билан суҳбатлашишдан ҳам болани эҳтиёт қилиш керак.
Отанинг болаларига лоқайд бўлиши охири ҳунук оқибатларга сабаб бўлади. Лоқайдлик ёмон иллат бўлиб, у бола тарбиясининг бузилишига катта йўл очади. Ота сусткашлик қилиб, бурчини адо этмагани ва манфаатли илм ҳамда солиҳ амалдан ўргатмагани оқибатида ўз фарзандидан манфаат топа олмайди. Фарзанд ҳам отасининг яхшилигидан ва манфаатидан маҳрум бўлиб ўсади. Хусусан, агар фарзанд ўғил бўлса, унга ипакдан тайёрлаган кийим кийгазиш мумкин эмас. Бу унинг жисми ҳамда тарбиясига салбий таъсир этиб, уни аёлтабиат қилиб қўяди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ипак ва тилла умматимнинг эркакларига ҳаром қилинди, аёлларига ҳалол қилинди”, дея марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари). Гўдак мукаллаф бўлмаса-да, ота-она мукаллафдир. Уларнинг болани ҳаром йўлга кириб кетиши учун имконият яратиб беришлари ножоиз, албатта. Негаки, бола нимага одатланса, ундан ажралиши оғир бўлади.
Боланинг қобилияти ва қизиқишига қараб иш тутиш, уни қайси ишга қобилияти бор, қандай ишларни уддалай олишини назарда тутиш зарур. Ота-она фарзандларини фаҳм-фаросатли, хотираси кучли, тезда илғаб оладиган ва билимга рағбатли деб билишса, бу унинг илмни қабул қилишга тайёр экани аломатидир. Модомики, қалб лавҳаси бўм-бўш экан, унга илмни нақш қилишсин ва бу билан илм унинг қалбига муҳрланиб, ривожланиб борсин. Агар болада баҳодирлик ва шунга ўхшаш спорт турларига қобилияти сезилса, уни ўзи ёқтирган спорт тури билан мунтазам шуғиллантириш мақсадга мувофиқ бўлади.
ХОТИМА
Азиз ота-оналар! Зиммангизда нақадар оғир масъулият турганини ҳис қиляпсизми? Бу ишда йўл қўйилган биргина хато қанчалар ёмон оқибатларга олиб келишини унутманг. Тарбиянинг яхши-ёмонлиги, назоратингиз қатъий ёки сустлиги, фарзандингизнинг имони, ақли, илмий салоҳияти, хулқ савияси жамиятдаги ўрнига нечоғли ижобий ёки салбий таъсир кўрсатишини англадингизми? Шу чоққача бу йўлда бажарган ишларингизнинг салмоғини бошдан дўппини олиб қўйиб, мулоҳаза қилиб кўрдингизми? Ҳақиқий ота-она бўла олиш вазифасини қай даражада бажараётганингиз ҳақида ўзингизга савол бериб, қониқиш ҳосил қилдингизми ёки йўқми?
Агар бу саволларга қониқарли жавобингиз бўлмаса, демак, сиз ўз масъулиятингизга етарли ёндаша олмаяпсиз. Изланишда, топишда давом этинг. Агар муаммолар чангалига тушмасдан, саволларга ижобий жавоб топган бўлсангиз, демак, тўғри йўлдасиз ва бу йўлда янада мустаҳкам бўлинг!
Бу ўта мураккаб вазифани уддалаб, ёқимли ва тотли ҳиссини туйиб, ҳузурини кўраётган бахтли ота-оналар бунга қандай эришди экан? Бу қадар залворли ишни эплаган муҳтарам ота-оналар бу жараёнда асосий эътиборларини нималарга қаратдилар?
Бу сингари саволлар, олдиларида фарзанд тарбиясидек нозик, жиддий, масъулияти, улкан вазифа турган ҳар бир ота-онани ўйга толдириши табиий, албатта. Қуйидаги икки нарсага эътибор қаратилса, бу машаққатли йўлни босиб ўтиш енгилроқ кечади:
- Аввало, ҳар бир ота-она юқорида баён қилинган тарбия ва одобларни фарзанди қалбига тўғри, самимий, секинлик билан, босим ўтказмасдан сингдириб бориши ҳамда тарбиянинг ҳар бир жабҳаси болаларга қай даражада таъсир этаётганини кузатиб бориши керак. Фарзандларининг ақлий ва хулқий жиҳатидан доим хабардор бўлиб, ўз вазифасини нечоғли бажараётганини ҳам холис баҳолаб борсин.
- Яна бир эътиборли жиҳат, фарзанднинг бўш вақтидан унумли фойдаланиш. Фарзанд бўш пайтида унга ўзига хос вазифа белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ. Ана шунда ота-она уйда бўлса-бўлмаса ҳам, бола ўз зиммасидаги вазифалар билан банд бўлади.
Агар ота-она фарзанд бўш вақтида у билан бирга шуғулланишга вақт ажрата олсалар, нур устига нур. Бу вазият фарзандга доимо бир хил эмас, балки турли машғулотларни бажариш имконини беради. Бир хил ишга машғул бўлиш фарзандни зериктириб, рағбатини сўндириб боради. Ота-она кўмагида фарзанд ёшига доир қўшимча китоб ва газеталар ўқийди, қизиқарли масалаларни муҳокама қилади, ибратли ривоят ва воқеалар эшитади ва ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олади. Табиий, буларнинг барчаси мактабда олаётган билимларини мустаҳкамлайди, онгини ўстиради, фикрининг теран, тўғри йўлда дадил ва бардавом бўлишини таъминлайди. Натижада, фарзанд солиҳ, доно ва фозил бўлиб, фақат ўзини эмас, балки кўпчилик манфаатини ҳам кўзлайдиган, халқпарвар инсон бўлиб етишади.
Афсуски, айрим ота-оналар ўз дилбандларининг келажакда ана шундай комил инсон бўлиб вояга етишини ҳатто ўйлаб ҳам кўришмайди. Улар вақтларини маишатбозлик, ўткинчи ҳой-ҳавасларга сарф қилишни маъқул кўришади. Фарзанд ҳам ота-онасининг йўлидан изма-из келиши эса ҳатто хаёлига келмайди. Бундай бефарқ ота-оналар нафақат ўзига, балки ўғил-қизи, келажак авлодига ҳам зулм қилган бўлади.
Ота-онанинг ҳолати шу бўлса, бошқа ким ҳам унинг фарзандини имон ва эътиқодда собитқадам қилиб тарбиялайди? Ахир ким уларга яхши хулқ, гўзал одоб, иззат-ҳурматни ўргатади? Ким ҳам уларни соғлом ва довюрак қилиб ўстирарди? Яна ким уларнинг қалбида илм-маърифатга рағбат уйғотиб, диёнатли қилиб вояга етказади? Ким уларга бошқалар ҳақини адо қилишни, жамият, халқ ва Ватан олдидаги бурчларни бажариш масъулиятини сингдиради? Ким уларнинг мурғак қалбларига бу каби эзгу хислатлар уруғини экади?
Ахир уларнинг дунёга келишига сабаб бўлган ота-она шунча беғам бўлишса, ким улар учун жон куйдириб, қайғуради? Бундай ота-оналарнинг фарзандлари зиёли инсон бўлишга ҳаққи йўқми?
Шундай экан, муҳтарам ота-она, фарзанд тарбиясида сиздан доимо огоҳ ва сергак бўлиш талаб этилишини унутманг! Ота-онанинг юксак вазифаларини ёдга солиб, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисиларини яна бир бор келтиришни лозим кўрдик:
قَالَ رَسُول الله - صلى الله عليه وسلم - والرَّجُلُ رَاعٍ في أهْلِهِ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ ، وَالمَرْأةُ رَاعِيَةٌ في بيْتِ زَوْجِهَا وَمَسْؤُولَةٌ عَنْ رَعِيَّتِهَا. (متفق عليه)
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эркак ўз аҳлига бошлиқ ва у қўл остидагига масъулдир. Аёл эрининг уйида бошлиқ ва у ўз қўл остидагига масъулдир...”, дедилар».
ما نحل والد ولدا من نحل أفضل من أدب حسن (رواه الترمذي)
“Ота фарзандига гўзал одобдан яхшироқ нарса беролмайди” (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло оила раҳбарларини инсон тасаввурига сиғдира олмайдиган даражадаги улкан азобдан огоҳ этиб, шунинг баробарида уларнинг зиммаларига улкан масъулият юклади. Тарбияга масъул ҳар бир кишининг қалбида ва кўз ўнгида мудом ушбу оят жаранглаб туриши лозим:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ قُوٓاْ أَنفُسَكُمۡ وَأَهۡلِيكُمۡ نَارٗا وَقُودُهَا ٱلنَّاسُ وَٱلۡحِجَارَةُ عَلَيۡهَا مَلَٰٓئِكَةٌ غِلَاظٞ شِدَادٞ لَّا يَعۡصُونَ ٱللَّهَ مَآ أَمَرَهُمۡ وَيَفۡعَلُونَ مَا يُؤۡمَرُونَ٦
«Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)» (Таҳрим, 6).
Дарҳақиқат, дунёда аёвсиз бир “қилич” бор, бу вақтдир. У тиғи шундай ўткирки, Аллоҳнинг маҳбуб бандалари бўлмиш пайғамбарларни ҳам аямади. У шундай аёвсизки, ҳатто ҳайбату важоҳатлари дунёни ларзага солган жаҳонгир, саркардаларга ҳам шафқат қилмади.
Аммо уларнинг устунлиги бор: Парвардигор инъом этган вақтнинг бир бўлаги ҳисобланмиш умрдан оқилона фойдаланиб, “қилич”нинг домига тушмасдан бурун уни кесишга улгурганларидир. Шу боис уларнинг умрлари поёнига етганида ҳам бу “қилич” аёвсиз тарзда эмас, балки мулойим ва оҳисталик билан ишини бажарган. Тилсимотларга тўла бу умрнинг заволи, қанчалар аянчли бўлишига қарамасдан, вақтни ҳам ўз домига ютгувчи ажалдир. Ҳар бир инсонга пойма-пой, нафасма-нафас таъқиб қилаётган, ризқ тугашини интизорлик билан кутаётган бу ажал тўсатдан келади. Шунинг учун ҳар бир ота-она зиммасидаги вожиб амалларни пайсалга солмасдан, вақтида адо этиши шарт. Хуллас, қиладиган ишларимиз, ечимини кутаётган муаммоларимиз талайгина. Зеро, дунёдаги шармандаликдан ва охиратдаги азобдан қутилишнинг бирдан-бир чораси ҳам шундан иборатдир.
Инчунин, Аллоҳ таоло бандаларини огоҳ этиб, бундай дейди:
وَأَنِيبُوٓاْ إِلَىٰ رَبِّكُمۡ وَأَسۡلِمُواْ لَهُۥ مِن قَبۡلِ أَن يَأۡتِيَكُمُ ٱلۡعَذَابُ ثُمَّ لَا تُنصَرُونَ٥٤ وَٱتَّبِعُوٓاْ أَحۡسَنَ مَآ أُنزِلَ إِلَيۡكُم مِّن رَّبِّكُم مِّن قَبۡلِ أَن يَأۡتِيَكُمُ ٱلۡعَذَابُ بَغۡتَةٗ وَأَنتُمۡ لَا تَشۡعُرُونَ٥٥
«Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Раббингизга қайтингиз ва унга бўйин сунингиз! Сизларга, ўзларингиз сезмаган ҳолингизда тўсатдан азоб келиб қолишидан илгари, Раббингиз (томони)дан сизларга нозил қилинган гўзал нарса (Қуръон)га эргашингиз!» (Зумар, 54–55).
Сўзим охирида, ота-онадек улуғ мақомга, улкан бахтга мушарраф бўлган ва барча диндош, имондош, қибладош катта-кичик, ёшу қари, эркак-аёл ва барча азизларимга камоли ҳурмат ила шуни айтаманки, ушбу тарбия услублари нафақат фарзандларимизга, балки барчага баробар тааллуқлидир. Аввало тарбияга ўзи амал қилган мураббий ҳақиқий мураббийдир! Шу йўл билан руҳиятни пок тутиб, сўнгра бу эзгу сифатларни фарзандларга сингдирилса, манфаати улуғ бўлади, иншааллоҳ. Яратган Раббимиз бу хизматлар эвазига икки дунё саодати ҳамда битмас-туганмас ажр-савобларига мушарраф айлайди, иншааллоҳ!
Аллоҳ таоло бандаларининг ҳар бир қилган амалларидан хабардор – “Хобийр”, билгувчи – “Алийм”, жазо ёки мукофот бергувчи Улуғ Зот:
وَقُلِ ٱعۡمَلُواْ فَسَيَرَى ٱللَّهُ عَمَلَكُمۡ وَرَسُولُهُۥ وَٱلۡمُؤۡمِنُونَۖ وَسَتُرَدُّونَ إِلَىٰ عَٰلِمِ ٱلۡغَيۡبِ وَٱلشَّهَٰدَةِ فَيُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمۡ تَعۡمَلُونَ١٠٥
«Айтинг: “Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур» (Тавба, 105), дея марҳамат қилгандир.
Аллоҳ таоло бутун инсониятга тўғри йўлни кўрсатувчи, саодатга етакловчи Ислом динини ҳидоят йўли қилиб танлади. Ким бу йўлга эгашса, итоат қилса, ҳақиқий саодат, фароғат ва ҳаловатга мушарраф бўлади.
КИТОБ БИТДИ (барчамизни боамаллардан қилсин...)
MUSLIM INFO 31.03.21
"Сарҳисоб" танлови ғолибларига мукофотлар муборак бўлсин!
Бир неча йиллардан буён аждодларимиз меросини ўрганиш, миллий-диний қадриятларимизни тиклаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини оммалаштириш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод онгида ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, ушбу йўналишда фаол меҳнат қилаётган ижодкорларни муносиб рағбатлантириш ва тақдирлаш мақсадида "Сарҳисоб" танлови ўтказилиб келинади.
Айтиш керакки, "Сарҳисоб" танлови диний-маърифий йўналишда қалам тебратиб, ижодини ривожлантираётган қалам аҳлини, ёш иқтидорларни аниқлашга ва уларни муносиб рағбанлантиришга хизмат қилмоқда.
Танлов икки босқичда ўтказилди. Дастлаб ҳудудий босқич ғолиблари аниқланди. Вилоят миқёсида ғолибликн қўлга киритганлар республика босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар. Республика босқичига ўтган иштирокчиларнинг ижодлари махсус ҳайъат томонидан кўриб чиқилди. Юборилган материаллар орасидан танлов шартларига жавоб бермайдиганлари чиқариб ташланди. Хусусан, қоғозга чиқарилмай фақат мақола линки жўнатилган мақолалар, сайтлардан тўлиқ кўчириб олинган маълумотлар шулар жумласидандир.
Танлов бешта йўналиш бўйича ташкил этилди – “Йилнинг энг фаол тарғиботчиси”, “Телевидение”, “Радио”, “Даврий матбуот” ва “Интернет”. Шунингдек, танлов натижасида йил давомида фаоллиги билан алоҳида ажралиб турган энг яхши ижодий иш бўйича ягона ўринли – "Жаҳолатга қарши – маърифат" мавзусидаги энг яхши ижодий иш йўналиш ҳам ўрин олди. Ушбу номинациялар бўйича республикамизнинг турли вилоятидан фаол ижодкорлар иштирок этишди.
Аммо 2020 йилги коронавирус пандемияси сабабли танлов ғолибларини тақдирлаш бироз муддатга сурилди. Қолаверса коронавирус пандемияси давом этаётгани учун онлайн тартибда ўтказилди. Ҳайъат аъзолари томонидан қуйидаги иштирокчилар танлов ғолиби деб топилди:
БОШ МУКОФОТ – ЭНГ ЯХШИ ИЖОДИЙ ИШ
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Холиқназаров Нуриддин
ТЕЛЕВИДЕНИЕ ЙЎНАЛИШИ
1-ўрин: Тўлқин Шамсиев, “Маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлар” муҳарририяти режиссёри (“Ҳидоят сари” кўрсатуви);
2-ўрин: Баҳадир Абдираманов, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси.
3-ўрин: Мирзамақсуд Алимов, Андижон вилояти бош имом-хатиби;
РАДИО ЙЎНАЛИШИ
1-ўрин: Исҳоқ Арабов, “Зиё чашмаси”, “Маърифат зиёси”, “Имом Бухорий ўгитлари” дастурлари муҳаррири;
2-ўрин: Баҳромжон Турсунов, Фарғона шаҳар “Жўйдам” масжиди имом-хатиби;
3-ўрин: Муҳаммади Қораев, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари, Қарши шаҳар "Қумқишлоқ" жоме масжиди имом-хатиби.
ДАВРИЙ МАТБУОТ ЙЎНАЛИШИ
1-ўрин: Азизбек Холназаров, “Шамсуддинхон Бобохонов НМИУ” муҳаррири.
2-ўрин: Салимжон Шокиров, Андижон шаҳри “Хонақо” жоме масжиди имом-хатиби.
3-ўрин: Қурбонали Пирматов, Фарғона шаҳри Бешариқ тумани “Узун” жоме масжиди имом-хатиби.
ИНТЕРНЕТ ЙЎНАЛИШИ
1-ўрин: Раҳматуллоҳ Жалилов, Фарғона вилояти Марғилон шаҳар “Саҳоба Зайд ибн Ҳориса” жоме масжиди имом-хатиби, Fargonaziyo.uz сайти муҳаррири.
2-ўрин: Руҳиддин Акбаров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими.
3-ўрин: Муҳаммад Юсуф Тўрақулов – Андижон Олтинкўл тумани бош имом-хатиби.
ЭНГ ФАОЛ ТАРҒИБОТЧИ ЙЎНАЛИШИ
1-ўрин: Жалолиддин Ҳамроқулов, Тошкент шаҳри “Новза” жоме масжиди имом-хатиби, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси;
2-ўрин: Жасур Раупов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби;
3-ўрин: Саттаров Хайрулло, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари.
Танлов ғолибларига танлов мезонига кўра, 3-ўринга – мини печь, 2-ўринга – блендер, 1-ўринга – чангютгич, Олий мукофотга эса замонавий (Smart) Телевизори топширилади.
Аллоҳ таоло барча ғолибларни Ўзининг розилиги билан мукофотласин. Дин хизмати, мусулмонлар манфаати йўлида олиб бораётган хайрли амалларида Ўзи куч-қувват ато этсин. Барчамизни дини хизматига қабул қилганлар қаторида қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Гуноҳи кабира – баччавозлик
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг улуғ китобида Лут алайҳиссалом қавми ҳақидаги қиссани бир неча ўринда эслатиб ўтган. Жумладан айтади: «Энди қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни, азобимиз) келганида, у жойларни остин-устин қилиб юбордик ва уларнинг (кофирларнинг) устига Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик. У жойлар бу золимлардан (Макка мушрикларидан) йироқ эмасдир» (Ҳуд сураси, 82–83).
Ислом умматининг золимлари ҳам уларнинг «ҳунари»ни такрорласалар, улар каби жазоланишлари ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эдиларки: «Умматим хусусида қўрққан нарсаларимнинг энг қўрқинчлироғи Лут қавмининг амалидир» (Ибн Можа ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Лут қавми амалини қилган кимсани Аллоҳ лаънатласин», деб уч бора такрорлаганлар (Ибн Ҳиббон ривояти).
Яна бир ҳадисда: «Лут қавми амалини қиладиган кимсаларни учратсангиз, қилувчини ҳам, қилдирувчини ҳам ўлдиринглар», дейилган (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Байҳақий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Баччавозларни Лут қавми жазолагани сингари, қишлоқдаги энг баланд бинодан улоқтирилади. Сўнг устларидан тош ёғдирилади».
Аллоҳ таоло пайғамбари Лут алайҳиссаломнинг қавми билан мунозара қилгани ҳақида хабар бериб, шундай дейди: «Сизлар бутун оламлардан (ажраб – ҳеч бир жонзот қилмаган ишни қилиб, аёлларга уйланиш ўрнига) эркакларга яқинлашурмисизлар?! Ва Парвардигорингиз сизлар учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қилурмисизлар?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошгувчи қавмдирсизлар» (Шуаро сураси, 165–166).
Сизлар ҳеч бир жонзот қилмайдиган ишни қилиб, яъни аёлларни қўйиб эркакларга яқинлик қилиш билан инсонийлик чегарасидан чиқиб, ҳайвон даражасига тушиб қолдинглар. Ҳаттоки, ҳайвон ҳам бу ишдан жирканади. Сизлар ҳайвонлардан ҳам тубан, ярамас кимсаларсиз.
«...ва уни нопокликлар қилувчи бўлган қишлоқ (аҳли)дан нажот бердик. Дарҳақиқат, улар ёмон бузуқ қавм эдилар» (Анбиё сураси, 74).
Қишлоқларининг номи «Садум» бўлиб, улар Аллоҳ таоло Ўз китобида зикр қилганидек нопок ишлар билан машғул бўлардилар. Улар бутун мавжудотлар ичида ҳеч бир жонзот қилмаган ишни қилиб, эркакларнинг орқасига яқинлик қилар ва бошқа мункар ишларни амалга оширар эдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтган эканлар: «Ўнта хислат Лут қавми амалларидандир: сочни силлиқ қилиб тараш, тугмаларни қадамай юриш, ёнғоқ отиш, майда тош отиш, каптар учириб ўйнаш, бармоқлар билан ҳуштак чалиш, бўғимларни қирсиллатиш, изор (иштон)ни узун қилиб судраб юриш, устки кийимлар (чакмон)нинг орқасини кесиш, маст қилувчи ичимликлар ичишга муккасидан кетиш ва эркакларга яқинлик қилиш».
Ривоят қилишларича, тўрт тоифа одамлар Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган ҳолда тонг орттириб, Аллоҳнинг қаҳрини келтирган ҳолда кунни кеч қиладилар: Ўзларини эркакларга ўхшатувчи аёллар, ўзларини аёлларга ўхшатувчи эркаклар, ҳайвонга яқинлик қилувчи кимса ва эркакларга яқинлик қилувчи кимса.
Ривоят қилишларича, агар бир эркак бошқабир эркакнинг устига чиқса, Арш Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрққанидан титраб кетади. Осмонлар ҳам ерга қулаб тушишига бир баҳя қолади. Шунда фаришталар осмоннинг ҳар тарафидан тутиб: «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни охиригича ўқийдилар. Шундагина, Аллоҳ азза ва жалланинг ғазаби босилади.
Асарлардан бирида келганки, етти тоифа одамларга Аллоҳ қиёмат кунида қарамайди, уларни (гуноҳларидан) покламайди, бутун оламлар (барча мавжудотлар) билан бирга тўпламайди ва уларни дўзахга биринчилар қаторида киргизади. Агар тавба қилсалар, бу уқубатлардан халос бўладилар. Зеро, кимки тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. (Улар: қўлига алоқа қилувчи ва қилдирувчи, маст қилувчи нарсаларга муккасидан кетган кимса, ота-онасига қўл кўтарувчи, ҳаттоки улар унинг дастидан дод дейдилар, қўшниларига озор берувчи, ҳаттоки уни одамлар лаънатлайдилар ва қўшнисининг хотини билан алоқа қилувчи кимса).
Ривоят қилишларича, қиёмат кунида бир тоифа одамлар зинодан қўллари ҳомиладор бўлган ҳолда тириладилар. Улар бу дунёда олатларини ўйнаган бўладилар.
Яна бир ривоятда келадики, қуйидагилар Лут алайҳиссалом қавми амалларидандир: нарда ўйнаш, каптар учириб мусобақа қилиш, ит уриштириш, қўчқор сузиштириш, хўроз уриштириш, ҳаммомга лунгисиз кириш, ўлчов ва тарозидан уриб қолиш. Бу ишлардан биронтасини қилган кимсага вайл бўлсин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтган эканлар: «Агар баччавоз тавба қилмай ўлса, қабрда тўнғизга айланади».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эркак ёки аёлнинг орқасига яқинлик қилган кимсага Аллоҳ азза ва жалла қарамайди» (Термизий, Насоий, Ибн Можа ривояти).
Абу Саид Саълукий айтган эканлар: «Яқинда бу умматда «баччавоз» деган қавм пайдо бўлади. Улар уч тоифа бўлиб, бир тоифаси қарайдиган, бошқа тоифаси қўл ушлайдиган, учинчи тоифаси мана шу ишни қиладиган бўлади».
Аёл ва ўспиринга шаҳват билан қараш ҳам зинодир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Одам фарзандига зинодан бўлган насибаси битилган бўлиб, у бу насибасига, шак-шубҳасиз етишгувчидир: икки кўзнинг зиноси – қараш, икки қулоқнинг зиноси – эшитиш, тилнинг зиноси – сўзлаш, қўлнинг зиноси – ушлаш, оёқнинг зиноси – юриб бориш, қалб – хоҳлайди, фарж эса буни тасдиқлайди ёки инкор этади» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Шу сабабли ҳам солиҳ зотлар ўспиринларга қараш, улар билан аралашиб юриш ва бирга ўтиришдан қаттиқ сақланганлар.
Ҳасан ибн Заквон айтганларки: «Бойларнинг болалари билан мажлис қурманглар (бирга ўтирманглар). Зеро, улар бокира кўринишга эга бўлиб, аёлларга қараганда фитнакорроқдирлар».
Тобеъинлардан бири айтган экан: «Менинг наздимда тақводор йигит учун йиртқич ҳайвондан кўра ёш ўспирин хатарлироқ». Баъзилар: «Эркак киши ўспирин билан ҳеч қачон бир жойда тунамасин», деган эканлар.
Айрим уламолар ўспиринларни аёлларга қиёс қилиб, улар билан уй, дўкон ёки ҳаммомда ҳоли қолишни ҳаром деб ҳисоблаганлар. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эдиларки: «Биронтангиз маҳрами ҳозир бўлмаган аёл билан холи қолмангиз» (Муттафақун алайҳ).
Хабарлардан айтилишича, назар – зинонинг элчисидир.
Назар иблиснинг заҳарли пайконларидан бир пайкон бўлиб, кимки уни Аллоҳ учун тарк этса, унга шундай ибодатни берадики, у қалбида ибодат ҳаловатини туяди.
Ислом уммати қўли билан шу нопок ишни қилган кимса ҳам баччавоз, гуноҳкор бўлишига ижмоъ қилган.
Фасл
Холид ибн Валид чекка араб ерларида аёл сингари эрга тегадиган бир кишини учратганини Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга хабар қилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу маслаҳатлашиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ашобларини тўпладилар. Шунда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Бу гуноҳни фақатгина бир уммат содир этган. Аллоҳ уларни қандай жазолаганини ўзингиз яхши биласиз. Уни ёқиб юбориш керак, деб ўйлайман», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ашоблари бу фикрни маъқулладилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу уни ёқиб юборишни буюрдилар» (Байҳақий ривояти).
Али розияллоҳу анҳу айтган эканлар: «Кимки хоҳиш билан ўзига яқинлик қилишларига имкон берса, Аллоҳ унга аёллар шаҳватини ташлайди ва уни қабрида қиёмат кунигача тошбўрон қилиб ҳайдалган шайтонга айлантириб қўяди».
Ривоят қилишларича, Исо ибн Марям алайҳиссалом саёҳатлари давомида оловда куяётган бир кишини кўриб қолди. Исо алайҳиссалом сув олиб оловни ўчирмоқчи бўлганларида олов болага, киши эса оловга айланиб қолди. Бундан ҳайратланган Исо алайҳиссалом: «Эй Раббим, уларни дунёдаги ҳолига қайтар, токи уларга нима бўлганини сўраб олайин», деб дуо қилдилар. Аллоҳ таоло уларни тирилтирди. Улар бир киши ва бир бола экан.
Исо алайҳиссалом улардан: «Сизлар нима қилгансизлар?» деб сўраган эдилар, ҳалиги киши: «Эй Руҳуллоҳ, мен дунёда бу болага ошиқу беқарор бўлганман. Шаҳватим қўзиб, у билан бузуқлик қилганман. Иккимиз ҳам ўлганимиздан бери бир сафар бола оловга айланиб мени куйдиради, бир сафар мен оловга айланиб болани куйдираман. Қиёмат кунига қадар биз шундай азобланамиз», дея жавоб берди. Аллоҳнинг Ўзи азобига дучор бўлишимиздан сақласин. У зотдан афв ва офият ҳамда Ўзи рози бўладиган, яхши кўрадиган амалларга муваффақ этишини сўраймиз.
Фасл
Аёлнинг орқасига яқинлик қилиш ҳам баччавозлик ҳисобланиб, бу иш Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган амаллардандир.
Аллоҳ азза ва жалла айтган: «Хотинларингиз сизлар учун экинзордир. Бас, экинзорингизга хоҳлаган ҳолатингизда яқинлашаверинг» (Бақара сураси, 223).
Яъни, хоҳласангиз олд тарафдан, хоҳласангиз орқа тарафдан, фақат бир ўринга – фаржга. Зеро, у зироатгоҳ, уруғлик ташлайдиган ўрин ҳисобланади. Орқа эса нажосат ўрнидир. Орқага яқинлик қилиш нопок, жирканчли ишдир.
Мазкур оятнинг нозил бўлиш сабаби қуйидагичадир: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидаги яҳудийлар: «Агар эр хотинининг олдига орқа томонидан яқинлик қилса, бола ғилай бўлади», дейишар эди. Бу оят уларнинг даъволарини инкор қилиб тушган. «Хотинларингиз зироатгоҳингиздир. Бас, зироатгоҳингизга хоҳлаган ҳолатингизда яқинлашаверинг». Хоҳласа юз тубан ётиб, хоҳласа юз тубан ётмай, бироқ бу иш бир ўринга қилиниши лозим» (Муслим ривояти).
Бир ривоятда: «Орқага ва ҳайз кўраётганга яқинлик қилишдан сақланинглар», дейилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хотинининг орқасига яқинлик қилган кимса малъундир», дедилар» (Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аёлларнинг орқаларига яқинлик қиладиган кимсаларни Аллоҳ лаънатласин» (Табароний ривояти).
Кўпгина жоҳиллар бу гуноҳни содир этадилар. Бу уларнинг билимининг камлиги ва илмни тингламасликлари натижасидир. Шу сабабли ҳам, Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Олим ёки таълим олувчи ёки қулоқ солувчи ёхуд яхши кўрувчи бўл. Бешинчиси бўлма, акс ҳолда ҳалок бўласан», деганлар. Бу бешинчи билмайдиган, таълим олмайдиган, тингламайдиган ва амал қиладиганларни яхши кўрмайдиган кимсадир. Ҳар бир банда барча гуноҳу хатолари учун Аллоҳга тавба қилиши, илгари билмасдан қилган гуноҳларини афв этишини Аллоҳдан астойдил сўраши ва қолган умрининг офиятли бўлишини тилаши лозим. Эй Аллоҳим, биз Сендан дин ва дунёю охиратда афву офият тилаймиз. Албатта, Сен раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан.
«Гуноҳи кабиралар» китобидан
Ислом тарихи: КАМБАҒАЛ ОИЛАЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ
ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ
Уша даврда Умар розияллоҳу анҳу ижтимоий таъминот ишларини энг гўзал тарзда йўлга қўйганлар ва бу ишга асос солганлар десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ислом жамиятининг хазинасига етарли мол тушганда, фуқароларга маош тайин қилишни ташкил қилдилар. Уша ипшарни кўрган, уларда иштирок этган кишилар бу ҳақда ишончли маълумотларни қолдирганлар.
КАМБАҒАЛ ОИЛАЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ
Абу Убайд қуйидагича ривоят қилади:
«...Кундуз куни Умар бир дарахт остида ухлаб ётар эди. Бир аъробий аёл келиб, одамларга аланглаб қаради-да, унинг (Умарнинг) олдига келиб: «Мен бир мискина аёлман. Менинг болаларим бор. Мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб бизга Муҳаммад ибн Масламани закотчи қилиб юборди. У бизга ҳеч нарса бермади. Аллоҳ хайрингни берсин, сен бизга бир шафоатчилик қилсанг», деди.
«Ярфоъ! – деди Умар ходимига. – Менга Муҳаммад ибн Масламани чақириб кел!»
«Мени унинг олдига олиб борсанг, ҳожатим чиқармиди», деди аёл.
«Иншааллоҳ, у ҳожатингни чиқаради», деди Умар.
Ярфоъ Муҳаммад ибн Масламанинг олдига бориб, чақириб келди. У келиб: «Ассалому алайкум, эй мўминлар амири», деди.
Аёл уялиб кетди. Умар: «Аллоҳга қасамки, мен сизлардан яхшиларингизни танлашда камчиликка йўл қўймаган эдим. Агар Аллоҳ азза ва жалла бу аёл ҳақида сўраса, нима деб жавоб берасан?» деди.
Муҳаммад ибн Масламанинг кўзларидан ёш оқди. Сўнг Умар: «Аллоҳ бизга Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди. Биз у зотга иймон келтирдик ва эргашдик. У зот Аллоҳ нимага амр қилса, шунга амал қилдилар. Садақани то Аллоҳ у зотнинг руҳларини қабз қилгунича ўз аҳлига, мискинларга бериб турдилар.
Сўнг Аллоҳ Абу Бакрни халифа қилди. У ҳам Аллоҳ унинг руҳини қабз қилгунича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилди.
Сўнг мени халифа қилди. Мен сизлардан яхшиларингизни ихтиёр қилишда нуқсонга йўл қўймадим. Агар сени яна юборадиган бўлсам, бу аёлга шу ва ўтган йилнинг садақасини бергин. Билмадим, эҳтимол, сени юбормасман», деди. Кейин аёлни чақириб бир туя, ун ва ёғ берди-да: «Буни олгинда, бизга Хайбарда яна учрагин, биз ўша ерга бормоқчимиз», деди. Аёл Хайбарда унинг олдига келди. У унга икки туя берди ва: «Буни ол, Муҳаммад ибн Маслама келгунича сенга етиб туради. Мен уни сенинг шу ва ўтган йилги ҳаққингни беришга амр қилдим», деди».
Мусулмон раҳбарларнинг бева-бечоралар ҳаққига қандай риоя қилишини, уларнинг ижтимоий тенглик учун хизмат қилганини, оддий фуқаролар раҳбар билан қандай учрашишини, унга қандай шикоят қилишини кўриб қўйинг.
Ибн Саъд Жаъфар ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан, у эса ўз отасидан ривоят қилади:
«Умар розияллоҳу анҳуга Ямандан кийимлар келтиришди. У киши уларни одамларга тарқатди. Ҳамма янги кийим кийиб юра бошлади.
Умар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ва минбарлари орасида ўтирар, одамлар эса унинг олдига келиб, салом беришар ва ҳаққига дуо қилишар эди. Бир куни у ерга Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо келишди. Уларнинг эгнида кеча тарқатилган кийимлар йўқ эди. Умарнинг қовоқлари осилиб, икки қоши орасида тугун пайдо бўлди. Сўнг: «Аллохга қасамки, сизларга берган нарсам менга татимади», деди. Одамлар: «Эй мўминларнинг амири, қавмингизга кийим кийдириб яхши қилгансиз-ку», дейишди. Шунда Умар: «Мен мана бу икки болани айтяпман. Одамларнинг орасидан ўтиб келишяпти, эгниларида эса ҳеч нарса йўқ. Кийимлар уларга катта келибди, улар кийимларга кичик келишди», деди.
Сўнг Яманга: «Тезда Ҳасан билан Ҳусайнга кийим-бош юборинглар», деб мактуб ёзди. У ердан икки сидирға кийим юборишди. Умар уларни икковларига берди».
Зубайр ибн Бакр Муҳаммад ибн Саломдан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шифо бинт Абдуллоҳ Адавийя розияллоҳу анҳога «Эрталаб ҳузуримга кел», деб одам юборди. Шифо айтади: «Эрталаб унинг ҳузурига бордим ва Отика бинт Усайд ибн Абул Ийс розияллоҳу анҳони унинг эшиги олдида кўрдим. Кириб, бир муддат гаплашдик. (Умар) бир кийим чиқариб унга берди. Кейин бошқа бир кийим чиқариб менга берди. Мен: «Эй Умар, мен ундан олдин Исломга кирганман. Мен амакингнинг қизиман, у эмас! Сен менга одам юборгансан, у бўлса ўзи келган», дедим. У: «Мен буни сендан бошқаси учун келтирмаган эдим. Аммо икковингиз жам бўлиб қолганингиздан кейин унинг сендан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлигини эслаб қолдим», деди».
Ёш болаларнинг ижтимоий таъминоти
Ислом аҳли пойтахти бўлмиш Мадинаи мунаввара шаҳрига савдогарлар карвони келиб тушди. Карвонда аёллар, ёш болалар ҳам бор эди. Халифа Умар ибн Хаттоб саҳобалардан Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга: «Карвондагиларни қўриқлашга вақтинг борми?» дедилар.
Икковлон кечаси билан карвондагиларни қўриқлаб, намоз ўқиб чиқишди. Умар розияллоҳу анҳу ёш боланинг йиғисини эшитиб, ўша томон бордилар ва унинг онасига: «Аллоҳдан қўрқ! Гўдагингга яхши қара!» деб ортларига қайтдилар. Бола яна йиғлашда давом этди. Умар розияллоҳу анҳу яна унинг онаси олдига қайтиб келиб: «Аллоҳдан қўрқ! Гўдагингга яхшилик қил!» деб: ортларига қайтдилар. Тун охирлаб қолганда яна боланинг йиғисини эшитган халифа ҳалиги онанинг олдига бориб «Шўринг қурисин. Яхши она эмасга ўхшайсан. Кечаси билан ўғлинг тинчимади-я!» дедилар.
Қаршисида турган одам раҳбар эканини билмаган она худди қоровулга гапираётгандай: «Эй Аллоҳнинг бандаси, кечаси билан мени тинч қўймадинг. Ахир мен уни кўкракдан ажратмоқчиман. У бўлса кўнмай, инжиқлик қиляпти», деди.
«Нима учун?» деб сўрадилар Умар розияллоҳу анҳу.
«Чунки Умар фақат кўкракдан ажратилган болаларга нафақа тайин қилган», деди аёл.
«Боланинг ёши қанчалик бўлди?» дедилар Умар.
«Фалон ойлик бўлди», деди аёл.
Умар розияллоҳу анҳу: «Уни кўкракдан ажратишга шошилма», дедилар ва орқаларига қайтиб кетдилар.
Сўнг халифа бориб, бомдод намозига имомликка ўтди. Намоздаги одамлар унинг йиғисидан қироатини ажрата олишмади. Бўлиб ўтган ҳодисадан қаттиқ таъсирланган халифа йиғлаб туриб намоз ўқир эди. Салом берганидан сўнг: «Умарнинг шўри қурисин! Мусулмонларнинг қанчадан-қанча болаларига зулм қилибди», деди ва жарчини чорлаб: «Болаларингизни кўкракдан ажратишга шошилманглар! Биз Исломда ҳар бир туғилган болага нафақа берамиз!» деб жар солишга амр этдилар. Бу ҳақца бошқа юртларга ҳам фармон юбордилар.
Қарилик нафақасини жорий қилиш
Исломда бугунги кунда «қарилик нафақаси» деб номланаётган нафақанинг жорий бўлишига ҳам айнан ғайримусулмон фуқаролар сабаб бўлишган. Бу борада Ислом шариатининг ғайримусулмон фуқароларга бўлган риоясидан мусулмон фуқаролар ҳам фойдаланиб қолганлар десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Имом Абу Убайднинг «Ал-Амвол» китобида қуйидагилар келтирилади:
«Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб кўчада тиланиб юрган яҳудий чолни кўриб қолиб, уни чақирдилар-да: «Агар сендан ёшлигингда жизяни олиб, қариганингда ташлаб қўйсак, сенга нисбатан инсоф қилмаган бўлибмиз», дедилар ва унга Байтулмолдан керагича таъминот жорий қилдилар».
Уша пайтда мусулмонлар жамиятидан бошқа бирор жамиятда қарияларга, хусусан ғайридин қарияларга нафақа берилгани ҳақида маълумот борми? Бу ишни биринчи бўлиб Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жорий қилдилар.
Офатга учраганларга ёрдам уюштириш
Ҳозирги кунимизда фавқулодда ҳолатга дучор бўлганларга ёрдам бериш энг мақталган ишлардан бирига айланиб қолган. Аммо бундай ишларга ким асос солганини билиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди.
Ҳижрий 17 йил Ислом тарихида «Рамода», яъни «Очлик йили» номи ила машҳурдир. Ўша йили қаттиқ қаҳатчилик, очлик ҳукм сурган. Ана шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу аҳолини ҳалокатдан сақлаб қолиш учун катта тадбиркорлик ва фидокорлик кўрсатганлар.
Ибн Саъд Асламдан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Язид ибн Ухту Намир, Мисвар ибн Махрама, Абдурраҳмон ибн Абд Қорий ва Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд розияллоҳу анҳулар ҳар кеча Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида тўпланиб, қилган ишлари ҳақида хабар берар эдилар.
Улардан ҳар бирлари Мадинанинг бир ноҳиясига қарар эди. Аъробийлар Раъсус-санийя, Ротиж, Бану Ҳориса, Бану Абдул Ашҳал, Бақийъ, Бану Қурайза, бир қисмлари Бану Салама ноҳиясига тушган эдилар. Улар Мадинага тўлиб кетишган эди. Бир неча одамлар овқат қилиб бўлганларидан кейин Умарнинг «Бизнинг олдимизда кечки таом еганларни ҳисоблаб чиқинглар» деганини эшитдим. Ҳисоблашган эди, етти минг киши чиқди.
«Бу ерга келмаган аҳли аёл, бемор ва болаларни ҳам ҳисоблаб чиқинглар», деди у.
Ҳисоблашган эди, қирқ минг киши чиқди.
Сўнг бир неча кеча ўтди. Одамлар кўпайди. У яна амр қилди. Ҳисоблашган эди, унинг ҳузурида кечки таом еганлар ўн мингта, бошқалар эса эллик мингта чиқди.
Кўп ўтмай, Аллоҳ осмондан ёмғир ёғдирди. Шунда Умар ҳалигиларнинг ҳар бир ноҳиясига бир вакил тайин қилиб, одамларни чўлга чиқаришини буюрди. Уларга егулик ва чўлга олиб кетиш учун юк ҳам беришар эди. Умарнинг ўзи ҳам уларни ташиётганини ўз кўзим билан кўрдим.
Аслам айтадики: «Улар орасида ўлим тарқалган эди. Менимча, учдан иккиси ўлиб, бир қисми қолди. Умарнинг қозонлари устида одамлар тик туриб, тонг отгунча кар-кур пишириб чиқишарди. Сўнг беморларга берар эдилар. Асоид (ун билан ёғ) ҳам пишириб беришарди. Умарнинг буйруғи билан катта қозонларга ўт ёқилиб, ёғ қайнатилар, совиганидан кейин нонга булаб, сарийд қилинар ва ҳалиги ёққа қўшиб ейиларди.
Араблар ёғ есалар, иситмалари чиқар эди. Умар Рамода замонида на ўз болаларидан бирортасининг уйида ва на хотинларидан бирортасининг уйида таом емади. To Аллоҳ одамларга жон киргизгунича фақат улар билан кечки таом ер эди, холос».
Ибн Саъд Фирос Дайламийдан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳар кеча дастурхони учун Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Мисрдан юборган туялардан йигирматасини сўяр эдилар».
Шу билан бирга, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳдан эл-юрт бошидан бу балони кўтаришини сўраб, суннатга мувофиқ оммавий ибодатни ҳам ташкил қилганлар.
Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганда Аббос ибн Абдулмутталиб билан истисқо[1] қилди:
«Аллоҳим! Биз Сенга Пайғамбаримизни васила қилар эдик, Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди эса Сенга Пайғамбаримизнинг амакисини васила қиламиз. Бизни сероб қилгин», деди. Яна: «Сероб қилинурлар», деди».
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу одамларни тўплаб, ўзлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чопонларини кийиб олиб, кишиларни намозгоҳга бошлаб чиққанлар ва ҳазрати Аббос розияллоҳу анҳуни васила қилиб, истисқо қилганлар.
Ривоят қилинишича, ўша куни Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолога тазарру қилиб: «Аллоҳим! Гуноҳ бўлмаса, бало тушмас. Тавба бўлмаса, бу кўтарилмас. Мана, биз қўлларимизни Ўзингга очиб, гуноҳларимизни эътироф қиламиз. Бошларимизни Сенга эгиб, тавба қиламиз. Бизни нажот ёмғири ила сероб қилгин», деганлар. Шунда ёмғир қуйиб ёққан. Ер тўйиб, одамларга жон кирган.
Кўпчилик уламоларимизнинг таъкидлашларича, ўша йили Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўғрига ҳад жазоси бериш ҳукмини ҳам вақтинча тўхтатганлар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига Музайна қабиласидан бировнинг туясини ўғирлаган бир неча йигитни ушлаб, олиб келишди. Ҳазрати Умар уларга ҳад жазоси беришни амр қилдилар. Шунда баъзилар бу йигитлар Ибн Ҳотиб ибн Балтаъа исмли кишининг йигитлари эканини, хўжайинлари уларга овқат бермаганидан туя ўғирлаб, сўйиб ейишга мажбур бўлганларини айтишди. Ҳазрати Умар ҳукмни дарҳол бекор қилдилар. Хўжайинни чақиртириб келиб, койидилар ва уни ўғирланган туянинг пулини икки баробар тўлашга амр қилдилар. Шундан кейин ҳозирча ўғрига ҳад жазоси бермай туриш ҳақида фармон чиқардилар.
Баъзи кишилар бу ишни шариатнинг ҳукмини вақтинча бекор қилиш деб атайдилар. Аслида эса бу иш шариатнинг ҳукмини ўз ўрнида ишлатишдир.
Ислом жамияти ўз аъзоларининг ижтимоий таъминотларини яхшилаб йўлга қўяди. Аввало, ночор кишиларнинг нафақасини яқин қариндошларига Аллоҳнинг олдидаги диний бурч сифатида вожиб қилади. Ота фарзандларига, эр хотинига, ака укаларига, фарзанд ота-онасига ва ҳоказо нафақа бериши шарт. Яънибой қариндошлар ночорларига нафақа беришлари вожиб. Ўз ихтиёрлари билан беришмаса, қози ҳукм чиқариб, мажбур қилади.
Ночор инсоннинг яқин қариндоши бўлмаса, унга жамият ёрдам қўлини чўзади, бой мусулмонлар нафақа бера дилар. Иш берувчи ишчига нафақа беради ва ҳоказо, Агар бу чоралар қўлланмаган бўлса, ўғрилик содир этилса, жамият унга ҳад жазоси бериш ҳақида ҳукм чиқаришга ҳақл бўла олмайди.
Худди шунинг учун очлик йилида, жамият одамларни таъминлай олмай қолганида, шариат руҳини дақиқ нуқталаригача тушунган халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шариатнинг ҳукмига биноан, вақтинча ўғрига ҳад жазоси бермай туришни жорий қилдилар.
Инсонпарварлик ёрдамини ташкил қилиш
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб бир юртдан иккинчи юртга инсонпарварлик ёрдамини уюштирган шахсдирлар.
Ибн Абдулҳакам Лайс ибн Саъддан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Мадинада одамлар бошига қаттиқ очлик тушди. У киши Мисрдаги Амр ибн Осга мактуб ёздилар:
«Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умардан Осий ибн Осга. Салом! Аммо баъд: Умрим ила қасамки, эй Амр! Сен ва сенинг ёнингдагилар тўқ бўлса-ю, мен ва менинг ёним-дагилар ҳалок бўлса ҳам ишинг йўқми?! Ёрдам! Ёрдам!»
Амр ибн Ос унга мактуб ёзди:
«Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умарга Амр ибн Осдан. Аммо баъд: Лаббайка! Яна лаббайка! Сизга бир карвон юбордим. Унинг боши сизнинг ҳузурингизда, охири менинг ҳузуримда. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ».
Амр катта карвон юборди. Унинг аввали Мадинага етиб келганида, охрфи Мисрда эди. Карвон ниҳоятда узун эди. У Умарга етиб келганида одамларга жуда кенглик яратдилар, У киши Мадинадаги ҳар бир уй ахдига бир туяни устидаги егулиги билан бердилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абдурраҳмон ибн Авф, Зубайр ибн Аввом ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳумни одамларга уларни тақсимлаб бериш учун юбордилар. Улар ҳар бир хонадон ахдига бир туяни устидаги егулиги билан бердилар. Егуликни истеъмол қилиб, туяни сўядилар, унинг гўштини еб, ёғини эритиб оладилар, терисидан пойабзал қиладилар ва егулик солинган матони чойшаб ёки бошқа нарсага айлантирадилар. Шу билан Аллоҳ одамларга кенглик яратди».
Ҳижрий йил ҳисобинииг бошланиши
Вақт ўтиши билан Ислом жамияти ҳар томонлама ривожланиб борарди. Чегаралар, вилоятлар, амирлар ва бошқаларнинг сони тезлик билан ортиб бормоқда эди.
Девонлар ташкил қилинди, ҳамма тарафдан пойтахтга мактублар кела бошлади. Бошқа алоқалар ҳам ривожланиб борди.
Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан мактуб олдилар. Унда «Сиздан мактублар келади, (бироқ) санаси номаълум бўлади. Санани белгиласангиз, яхши бўларди» деган маъно бор эди.
Бир оз вақт ўттач, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу яна бир мактуб олдилар. Унда «шаъбон ойида» деган маъно бор эди. Қайси шаъбон? Ўтганими, ҳозиргисими ёки келгуси шаъбон ойими, била олмай қийналдилар.
Яна бир куни Ямандан, Яъло ибн Умайядан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мактуб келди. Бу мактубда сана белгиланган эди. Бу иш ҳазрати Умар розигллоҳу анҳуга маъқул келди. Шундан сўнг у киши кенгаш мажлисини чақириб, ўртага мусулмонларга хос тарих – йил ҳисобини қабул қилиш масаласини қўйдилар. Ислом жамияти ўзлигини намоён қилиши, бировга тақлид қилмай, ўзига хос йил ҳисобига эга бўлиши керак эди.
Биринчи масала «Тарихни қачондан бошлаш керак?» деган саволга жавоб топишдан иборат бўлди.
Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди.
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф этди.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрат қилган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилдилар. У киши: «Ҳижрат ҳақ билан ботилнинг ораси ажралишига сабаб бўлган», дедилар.
Бошқа бирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди. Лекин кўпчилик Алий розияллоҳу анҳунинг таклифларини ёқлаб овоз бердилар.
Иккинчи масала йил ҳисобини қайси ойдан бошлаш масаласи эди.
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: «Ражаб ойини биринчи ой қилиб олайлик, у ҳаром ойларнинг биринчиси», дедилар. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Рамазон ойини биринчи ой қилиб олайЛик, у умматнинг шарафли ойи», дедилар. Алий розияллоҳу анҳу: «Муҳаррамни биринчи ой қилиб олайлик, унинг ўзи йилнинг биринчи ойи», дедилар.
Ҳаммага мана шу гап маъқул бўлди. Шу тариқа Ислом уммати ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ташаббуслари ва ғайратлари билан ҳижрий 17 йил 1 муҳаррамдан бошлаб ўзининг йил ҳисобига эга бўлди.
Албатта, бу катта иш эди. Дунёга етакчилик қилишни даъво қилаётган уммат учун ана шунга ўхшаш шиор бўладиган нарсаларнинг зарурлиги ҳеч кимга сир эмас.
Ободончилик ишларини йўлга қўйиш
Исломнинг умумий руҳидан ва таълимотларидан келиб чиқиб, мусулмонлар ер юзини обод қилишга катта аҳамият берар эдилар. Ўша вақтдаги обод бўлмаган қишлоқ ва харобага ўхшаш жойларда яшаш ҳам, бу борада ўзларидан бошқаларда кўрганлари ҳам мусулмонларни мутлақо қониқтирмас эди. Юқорида келтирилган ана шу бошқаларнинг меъморчилиги ўзида ширк ва куфр маданиятини акс эттирар эди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ўзларининг ақийдалари, дунёқарашлари ва маданиятларига хос меъморчиликлари бўлиши кераклигини англаб етдилар ва бу ҳақиқатни амалга оширишни бошлаб юбордилар.
Куфа шаҳрини қуриш
Мусулмонлар Кисронинг (Форс шоҳи) пойтахти Мадоин шаҳрини фатҳ қилганларидан кейин уни ўзларига марказ қилиб олган эдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у шаҳарда истиқомат қилаётган мусулмонларнинг ранглари сарғайиб, ўзлари заифлашиб бораётганларини мулоҳаза қилдилар. У киши Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга мактуб юбориб: «Салмон Форсий билан Ҳузайфа ибн Ямонни ер танлашга юбор – ҳам қуруқлик, ҳам денгизга яқин, мен билан сизларнинг орангизда сув ҳам, кўприк ҳам йўқ ерни топсинлар», деб амр қилдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу икковларини ўша вазифани бажариш учун юбордилар. Улар икки томонга кетиб, ер танлаб келиб «Куфа», яъни «Тўгарак қумлик» деган жойда учрашдилар. У ерда намоз ўқиб, «Аллоҳ бу ерни сабот манзили қилсин» деб дуо қилдилар. Сўнг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг олдларига бориб, хабар бердилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Қаъқоъ ва Абдуллоҳ ибн Муътам розияллоҳу анҳумога одам юбориб: «Ўринларингизга бошқани қўйиб, ўзингиз ҳозир бўлинглар», деб амр қилдилар. Сўнг Мадоиндан чиқиб, Куфанинг ерларига бордилар. Ушанда ҳижрий ўн еттинчи йилнинг муҳаррам ойи эди. Кейин Умардан қамишдан уй қилишга изн сўрашган эди, у киши рози бўлдилар. Аммо режалаштириш пайтида қамиш уйлар куйиб кетди. Кейин ғиштдан қуришга келишилди.
Куфанинг бош меъмори Абу Ҳайёж ибн Молик эди. У биринчи бўлиб масжидга асос солди. Кейин шоҳ кўчанинг кенглигини қирқ зироъ[2], унга яқинларини ўттиз, бошқаларини йигирма зироъдан қилди. Top кўчаларни етти зироъдан қилиб белгилади. Одамларга бериладиган қитъаларни – ер майдонларини олтмиш зироъдан қилди.
Куфа Фурот дарёсининг ғарбий қирғоғига қурилди. У билан дарёнинг орасида ярим фарсах[3] масофа қолдирилди. Шаҳар битганидан кейин хоҳлаганлар унга кўчиб ўтиши, хоҳламаганлар Мадоинда қолиши таклиф қилинди.
Басра шаҳрининг қурилиши
Худди ўша йили Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари билан Басра шаҳри ҳам қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Бу қишлоқ Дажла ва Фурот дарёлари қўшилган жойда эди. Шаҳарнинг қурилишига Утба ибн Ғазвон раҳбарлик қилди.
Шундай қилиб Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида рўйи заминнинг сайқаллари бўлган исломий шаҳарлар қуриш ҳам бошланиб кетди.
Куфа ва Басра шаҳарлари битганидан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша пайтда Ироқ номи билан аталган Ислом жамиятининг шарқий бўлагини иккига бўлдилар.
Бирига Куфани марказ ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни волий, иккинчисига Басрани марказ ва Утба ибн Ғазвонни волий қилиб тайинладилар.
Шундай қилиб исломий шаҳар қуриш ишларига ҳам асос солинди. Бунда ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг тадбиркорликлари ўз самарасини берди. Дунё меъморчилик санъати саҳифаларининг зарварақларига олтин ҳарфлар ила ёзиладиган, заминнинг сайқали бўлмиш мусулмон шаҳарлар қуриш тарихининг биринчи қадамлари ана шундай бошланган эди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу фақатгина янги исломий шаҳарлар қуришга эътибор бериб қолмай, қадимги шаҳарларни таъмирлашда ҳам жиддий ғайрат кўрсатганлар.
Ибн Асокир рахдоатуллоҳи алайҳ Усмон ибн Атодан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу юртларни фатҳ қилганидан кейин Басранинг амири Абу Мусо розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, жамоат учун алоҳида, қабилалар учун алоҳида масжид тутишга амр қилдилар. У жума куни жамоатнинг масжидига чиқиб, жамоат билан жума намози ўқир эди. Ҳазрати Умар Куфанинг амири Саъд ибн Абу Ваққосга ҳам, Мисрнинг амири Амр ибн Осга ҳам худди шундай мактуб ёздилар. Умар лашкарларнинг амирларига мактуб ёзиб, қишлоқларда эмас, шаҳарларда туришга ва ҳар бир шаҳарда биттадан масжид қуришга амр қилдилар. Ахди Куфа, ахди Басра ва аҳли Мисрларга ўхшаб ҳар бир қабила ўзига биттадан жомеъ масжид қуриб олмасликни амр қилдилар. Умарнинг даврида одамлар унинг амрларини маҳкам тутдилар».
Шу билан бирга, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу масжидлар фаолиятини ҳам зийраклик билан кузатиб турар эдилар.
Имом Марвазий ва Ибн Абу Шайба Ибн Муовия Киндий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Шомда Умар розияллоҳу анҳунинг олдларига келдим. У киши одамлар ҳақида сўраб: «Эҳтимол, бир киши қочган туядек масжидга кириб, ўз қавмининг мажлисини ёки ўзи таниган одамни кўрса, олдига бориб ўтирса керак?» деди. «Йўқ! Мажлислар турлича бўлади. Яхшиликни ўрганишади, зикр қилишади», дедим. «Модомики шундай бўлсангиз, яхшиликда бардавом бўласизлар», деди у киши».
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Масжиди Набавийнинг ислоҳ қилиниши
Шўро (кенгаш) мажлиси
Девоннинг ташкил қилиниши
Аҳолининг ҳолидан хабар олиш
Халифанинг шаҳид бўлиши
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ижтимоий-маданий соҳада қилган буюк ишлари
[1] Истисқо – қурғоқчиликда Аллоҳ таолодан сероблик, ёмғир сўраш. Бунда махсус истисқо намозини ўқиб сўраш ҳам, фақат дуо қилиб сўраш ҳам мумкин. Ҳанафий мазҳаби иккинчи фикрни қабул қилган.
[2] Бир зироъ - 46,2 см.
[3] Бир фарсах - 5,544 км.