www.muslimuz
Тасаввуф ҳақида тасаввур: ХОТИМА МЎҒУЛЛАРНИ БЎСУНДИРИШ
БИЗ НИМА ҚИЛИШИМИЗ ЛОЗИМ?
(Хотима)
Биз аввало юртимиз қадимда барча исломий илмларга улкан ҳисса қўшган ва бошқаларга устоз ҳамда ўрнак бўлган юрт эканини англаб етишимиз лозим.
Биз имом Бухорий, имом Термизий, имом Насаий, имом Доримий Самарқандий каби машҳур муҳаддисларнинг авлодлари эканимизни англаб етишимиз лозим.
Биз имом Жоруллоҳ Замахшарий, имом Абулбаракот Насафий, имом Абу Мансур Мотуридий ва имом Абу Лайс Самарқандий каби улуғ муфассирларнинг авлодлари эканимизни англаб етмоғимиз лозим.
Биз Абу Мансур Мотуридий, Саъдуддин Тафтазоний ва Умар Насафий каби машҳур ақийда илми устозларининг авлодлари эканимизни эсдан чиқармаслигимиз лозим.
Биз Бурҳонуддин Марғилоний, имом Косоний, Алоуддин Самарқандий каби буюк фуқаҳоларнинг авлодлари эканимизни англаб етишимиз лозим.
Биз кўплаб илм-маърифат соҳаларидаги каби, тасаввуфда ҳам пешқадам бўлган юртнинг фарзандлари эканимизни эсдан чиқармаслигимиз керак.
Бу юртнинг фарзандларидан баъзилари Ислом оламида маълум ва машҳур бўлган Нақшбандия, Кубровия ва Яссавия каби тариқатларга асос солганларини англаб етишимиз лозим.
Биз Баҳоуддин Нақшбанд, Нажмуддин Кубро, хожа Аҳмад Яссавий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, хожа Аҳрор Валий, Сўфий Аллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳим каби улуғ мутасаввифларнинг авлодлари эканимизни яхши билишимиз керак.
Бошқа барча илм ва маърифатлар қатори, тасаввуф ҳам юртимиз ва халқимиз тарихида, уларнинг шон-шуҳратини оширишда катта хизматлар қилганлигини эсдан чиқармаслигимиз лозим.
Барча исломий илмлар билан бирга, тасаввуф ҳам халқнинг ахлоқий тарбияси, олий қадриятлар, ватанпарварлик, бағрикенглик ва бошқа керакли омилларни шакллантириш ва тутиб туришда катта хизматлар қилган. Бу хизматларнинг тафсилоти ҳақида жилд-жилд китоблар ёзилган ва ёзилади, иншааллоҳ.
Биз эса биргина мисол келтириб ўтамиз, холос.
МЎҒУЛЛАРНИ БЎЙСУНДИРИШ
Ҳижрий еттинчи асрда мўғул лашкарлари бутун дунёни забт этиш учун ўзларининг машҳур юришларини бошладилар. Мўғулларга қаршилик кўрсатганлар асосан мусулмонлар эди. Аммо душман уларни устара сочни қандай қирган бўлса, қиличдан шундай ўтказган эди. Мусулмон оламининг машҳур илм ва маърифат марказлари бўлган шаҳарлар мўғуллар томонидан вайрон қилинган эди.
Ислом олами мўғуллар босқини остида қолди. Улар ҳарбий маънода Ислом оламини тамомила енгиб, тиз чўктирди. Ислом оламида: «Ўлик тирилди деса, ишонгин-у, аммо мўғуллар енгилибди деса, ишонма», деган нақл тарқалган эди.
Ўша пайтда мўғуллар дунёдаги енгилмас куч бўлиб шуҳрат қозонганидан, масиҳийлар ҳам, буддачилар ҳам уларни ўзларига қаратиш йўлида қўлларидан келган барча имконларини ишга солишар эди. Буддачилар ирқ, табиат ва муҳит жиҳатидан мўғулларга жуда яқин эдилар. Масиҳийлар эса мўғуллар билан тўқнашмаган, ҳатто яхши алоқаларда эди.
Аммо бу икки тоифа ҳам ўз ниятларига ета олишмади. Уларнинг ҳеч бири мўғулларни ўз динига кирита олишмади.
Бу борада ҳеч ким кутмаган ва инсоният тарихида ҳеч содир бўлмаган нарса содир бўлди. Бу мўъжизанинг асосий сабабчиси Ислом эди. Дунёга ўзининг қўполлиги, бешафқатлиги ва жангарилиги билан донг таратган мўғуллар ўзларидан мағлуб бўлган одамларнинг динига, Исломга оммавий равишда кира бошладилар.
Мазкур мўъжизанинг содир бўлишида мусулмон уламолар, хусусан, мутасаввифлар Аллоҳ таолонинг инояти ила бош омил бўлган эдилар.
Ғарблик машҳур олим Томас Орланд ўзининг «Исломга даъват» номли китобида ажойиб бир қиссани келтиради:
«Мўғул султони Тўғлуқ Темурхон ўз одамлари билан сафарга чиққан эди. У ов қилиш ниятида ўзининг қўриқ ерларида борарди. Бирдан Бухородан келган шайх Жамолуддин бошлиқ кишиларнинг ўз ерларида юрганларини кўриб қолди. Улар билмасдан бу ерларга келиб қолишган эди. Султон одам юбориб, уларни ушлатиб, оёқ-қўлини боғлатиб олдириб келди. Асирлар унинг ҳузурига келтирилганда:
«Менинг қўриқхонамга рухсатсиз қандоқ кирдинглар?!» деб аччиқ билан бақирди.
«Биз ғариблармиз. Ман қилинган ерда юрганимизни билмабмиз», деди шайх босиқлик билан.
«Ит ҳам сизлардан кўра яхшироқ!» дея бақирди султон.
«Султон тўғри айтадилар. Агар Аллоҳ таоло бизни ҳақ дин ила икром қилмаганида, итдан ҳам баттар бўлар эдик», деди шайх хотиржам оҳангда.
Ҳукмдор ҳайрат назари билан қаради-да, овида давом этди. Аммо охирги гап фикрини чулғаб олган эди. Овдан кейин асирларни яна бир бор ўз ҳузурига келтиришни амр қилди. Овдан қайтгандан кейин шайх билан ўзи ёлғиз қолди ва:
«Менга айтган гапингизни шарҳлаб беринг. Ҳақ дин деганингиз нима ўзи?» деди.
Шайх Исломни шарҳ қилиб берган эди, султоннинг қалби эриб кетди. Куфрни васф қилган эди, султон ундан қўрқиб кетди. У ўзининг залолат ва хатарда эканини англаб етди. Аммо султон ҳозир ўзи Исломни қабул қилса, қавми уни қабул қила олмаслигини айтди. Шунинг учун у шайхдан қачон ўзи бирйўла подшоҳ бўлганида ҳузурига келишини илтимос қилди.
Ўша вақтда Чиғатой давлати бир неча амирликларга бўлиниб кетган эди. Тўғлуқ Темурхон уларни бирлаштириб, кучли марказлашган давлат қуришга муяссар бўлди.
Шайх Жалолуддин юртига қайтиб, бемор бўлиб қолди. Умри охирлаб қолганда, ўғли Рашидуддинни ўз ҳузурига чорлаб: «Тўғлуқ Темур келажакда катта амир бўлади. Ўша хабарни эшитганингда, унинг олдига бориб, мендан унга салом айт ва менга берган ваъдасини эслат», деди.
Шундай ҳам бўлди. Тўғлуқ Темурхонга «подшоҳ» деб байъат қилинди ва отасининг тахтига ўтирди. Шайх Рашидуддин отасининг васиятини амалга ошириш учун аскаргоҳга кирди. Лекин подшоҳга яқин бора олмади. Аммо у ўзини билдириш йўлини топди. Бир куни саҳар чоғида султоннинг чодирига яқин жойда баланд овозда азон айта бошлади. Подшоҳ чўчиб уйғонди, ғазаб отига миниб, шайхни тутиб келтиришни амр қилди.
Шайх ҳозир бўлди. Подшоҳга отасининг саломини етказди. Тўғлуқ Темурхон уни эсдан чиқармаган эди. У шаҳодат келтириб, Исломга кирди. Сўнгра Аллоҳ таолонинг динини ўз қавми ичида тарқатди. Чиғатой авлодлари нуфузи остида Ислом бирпасда барча диёрларга тарқалди».
Шундай қилиб, дунё тарихида биринчи марта ғолиб халқ ўзи мағлуб этган халқнинг динига кирди.
Тасаввуфнинг бунга ўхшаш хизматлари жуда ҳам кўп. Ҳозирда ҳам Ислом ва унинг руҳий тарбия қисми бўлган тасаввуф улкан хизматлар қилиши турган гап. Фақат биз ўзимиз бу нарсани тўғри йўлга қўйишимиз лозим. Бунинг учун нима қилиш керак, деган савол пайдо бўлади.
Аввало муқаддас динимиз Исломни яхшилаб ўрганиб, шу аснода Исломнинг руҳий тарбия қисми бўлган тасаввуфни ҳам илмий асосда ўрганишни йўлга қўйиш бизнинг энг биринчи вазифамиз бўлиши керак. Бунинг учун дастлаб бу масаланинг ўзини яхшилаб англаб олишимиз лозим. Тасаввуфни бутунлай инкор этаётганларга унинг ҳақиқатини тушунтиришимиз зарур. Тасаввуфнинг тарихини яхшилаб ўрганиб, унинг номидан содир этилган хатоларни аниқлаб, шариат таълимотларига зид нарсалар қаторида инкор қилмоғимиз бизнинг вазифамиздир. Шу билан бирга, Қуръон ва Суннатга мувофиқ қисм – сунний тасаввуфни тан олмоғимиз лозим.
Бу ишни йўлга қўйишда имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг «Ким сўфий бўлса-ю, фақиҳ бўлмаса, зиндиқ бўлибдир. Ким фақиҳ бўлса-ю, сўфий бўлмаса, фосиқ бўлибдир. Ким иккисини жамласа, муҳаққиқ бўлибдир», деган гапини эсда тутишимиз лозим.
Ҳа, биз ҳозирги пайтда худди шу қоидага амал қилишимиз керак. Чунки баъзи сўфийларимиз фиқҳ илмини етарли билмайдилар. Баъзи фақиҳларимиз тасаввуфни етарли билмайдилар. Иккисини жамлаганларимиз эса бармоқ билан санарли даражада оз.
Ҳа, ҳозирда тасаввуф йўлини тутганлиги билан фахрланиб юрганларимиз ўзларининг илмий даражаларини қайта кўриб чиқишлари жуда ҳам зарур. Ақийда, шариат ва тариқат бобларида нималарни устоздан қабул қилгани ва нималарни ўқиганини сарҳисоб қилсин. Илми етарли бўлмаса, зудлик билан илм олишга ўтсин. Ҳеч бўлмаса, ўзига фарзи айн бўлган илмларни ўргансин. Бу оддий муриднинг вазифасидир. Аммо ўзини бошқаларга бошлиқ, устоз, шайх деб билганлар эса ўз мақомига яраша илми борми-йўқми эканини аниқлаб олмоғи ва камини тўлдирмоғи зарур.
Зеро, такрор бўлса ҳам, яна айтамизки, тасаввуф шариатдан ташқаридаги, ундан юқорироқ турувчи алоҳида бир йўл эмас. Тасаввуф – шаръий аҳкомларни севиб, ички ҳузур билан адо этмоқликдир. Тасаввуф – шариат соҳибини – Роббул оламинни севмоқ ва Унга мутлақо таслим бўлмоқдир. Аммо бу севги вужудга боғлиқ муҳаббат эмас.
Тасаввуф адабиётидаги турли рамзлар, ишоратлар, сўфий шоирларнинг илоҳий ишқ ҳақидаги муболағали тасвирлари, илоҳий ёрнинг вужудини васф қилишга уриниш каби ҳолатлар кўпинча шатаҳотлардан холи бўлмайди. Ҳолбуки, «ишқи илоҳий» деган тушунчанинг ўзи ҳам нотўғридир. «Ишқ» сўзи вужудга оид майлни ҳам ифода этгани учун, бу сўз асосан эркак ва аёлнинг севгисига нисбатан қўлланилади. Фақат қалбга доир бу гўзал туйғуни эса «муҳаббат» деб ёки умуман, «севги» деб атамоқ тўғридир. Шу маънода Роббни севмоқ – Унинг барча исм ва сифатларини севмоқдир. Аллоҳ таолога муҳаббат – иймон келтириш талаб қилинган асосларни севмоқ демакдир. Аллоҳ азза ва жаллани севмоқ – Унинг барча яратган махлуқларини ва энг аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севмоқ демакдир. Расулуллоҳни севмоқ эса у зотнинг суннатларига эргашмоқ, севиб амал қилмоқликдир.
Аслида Аллоҳ таолонинг севгисига эришишни истаган банда учун энг тўғри йўл У Зотнинг махлуқларини ва энг аввало Роббимизнинг севимли ҳабиби бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни севишдир.
«Илоҳи анта мақсуди ва ризока матлуби» каломининг маъноси фақат сўфийларнинг эмас, барча мўмин-мусулмонларнинг шиоридир. Муриднинг ёки соликнинг ва умуман, ҳар бир мукаллафнинг ирода қилгани, кўзлагани, излагани – Роббул оламиннинг розилигидир. Бизнинг барча амалларимизнинг мақсади ҳам ёлғиз шу: Роббул оламиннинг розилиги. Бунинг учун шариатда фарзу вожиб бўлган амалларни бекаму кўст адо этишдан ташқари, суннат ва нафл ибодатларни ҳам севиб бажармоқ лозимдир. Ана шу ўринда бизга бу йўлда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ворислари бўлмиш шариат олимларининг ва ибодатлари, муҳаббатлари ила юксак даражаларга эришган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ахлоқларидан кўпини ўзига сингдирган обиду зоҳид шайхларнинг устозлиги керак бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва у асосидаги қўшимча нафл намозлар, зикрлар, тасбеҳлар ва дуоларнинг адади бениҳоя кўп. Бир одамнинг буларнинг барчасига амал қилиши вақт ва умр нуқтаи назаридан ҳам деярли иложсиздир. Шунинг учун ҳам шайхлар аниқ бир муриднинг ҳолига қараб мана шу амаллардан баъзиларинигина тавсия этадилар, яъни солик учун энг осон йўлни танлаб, кўрсатиб берадилар. Айнан мана шу маънодаги устозлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шахсан мерос бўлиб қолган. У зоти бобаракот ҳам қўшимча ибодатга майл билдирган саҳобалар розияллоҳу анҳумга уларнинг ҳар бирининг ўз ҳолига, имконига қараб, турли вазифалар тайинлаганлари кўплаб ҳадисларда ривоят қилинган. Айни пайтда ибодатда ҳаддан ошиш, муболағага кетишдан қайтарганлари ҳам маълум ва машҳур. Бинобарин, силсилалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етишини даъво қилаётган мустаршиду муридлар мана шу маъноларни ҳам эсдан чиқармасалар, яхши бўларди.
Шунингдек, ҳозирда фақиҳлик даъвосини қилаётганларимиз ҳам ўзимизга бир назар солмоғимиз лозим. Ҳеч бўлмаса, тасаввуф ҳақидаги фиқҳий фатволарни биламизми? Ўзимиз тасаввуфдан нималарни биламиз ва нималарга амал қиламиз? Намозлардан кейинги қиладиган зикрларимиз тасаввуфдан эмасми? Билган нарсаларимизни тартибга солишимиз ва билмаганларимизни ўрганишимиз ҳамда амал қилишимиз лозим. Халққа ҳам ҳақиқатни айтиб, бу борадаги ихтилофларга чек қўймоғимиз зарур.
Сунний тасаввуфни йўлга қўяр эканмиз, бу нарса фақат муридчиликдан иборат эмаслигини англаб етмоғимиз лозим. Зеро, шайхга келиб қўл бериш ва баъзи вирдларни вазифа қилиб олиш билан иш тугаб қолмайди.
Сунний тасаввуф бошдан-оёқ руҳий тарбиядир. Унда Қуръон ва Суннат асосида кишиларнинг руҳий олами, одоб-ахлоқи, ибодатларидаги хушуъ ва хузуълари тартибга солинади. Кундалик вирдлар фақатгина бошланғич қадам, холос. Қолаверса, янги йўлга кирган муриднинг вирди билан йиллар давомида соликлик қилган шахснинг вирди орасида фарқ бўлиши керак.
Аммо диннинг барча соҳаларида бўлгани каби, тасаввуфда ҳам ўртача бир йўлдан – васатийликдан муболағага кетмаслик лозим. Албатта, солик учун фақат ўз шайхи эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари ибрат тимсолидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари ила хулқланиш соликнинг ҳам, тариқат шайхининг ҳам асосий истаги, мақсади бўлиши керак. Аммо айрим мустаршиду муридлар бу борада шу қадар муболағага борадиларки, уларнинг бир-бирларининг таърифларидаги гапларидан «Булар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам маъсумроқмикан», деб ўйлаш мумкин. Бу ҳақда қуйидаги ҳадиси шариф ғоятда ибратлидир:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: صَنَعَ النَّبِيُّ شَيْئًا، فَرَخَّصَ فِيهِ، فَتَنَزَّهَ عَنْهُ قَوْمٌ، فَبَلَغَ النَّبِيَّ ، فَخَطَبَ فَحَمِدَ اللهَ، ثُمَّ قَالَ: «مَا بَالُ أَقْوَامٍ يَتَنَزَّهُونَ عَنِ الشَّيءِ أَصْنَعُهُ، فَوَاللهِ إِنِّي لَأَعْلَمُهُمْ بِاللهِ وَأَشَدُّهُمْ لَهُ خَشْيَةً». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарса қилдилар. Унда рухсат бердилар. Қавм у нарсадан ўзини олиб қочди. Бу (гап) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етди. У зот хутба қилдилар. Аллоҳга ҳамд айтганларидан сўнг:
«Қавмларга нима бўлдики, мен қилган нарсадан ўзларини олиб қочадилар?! Аллоҳга қасамки, мен уларнинг Аллоҳни энг яхши танувчисиман ва У Зотдан энг кўп қўрқувчисиман», дедилар».
Икки шайх ривоят қилишган.
Бу ҳадисга ортиқча изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қилган ва рухсат берган амалларидан парҳез қилган одамлар ўзларини шариат соҳибидан ҳам тақводор санайдиларми? Астағфируллоҳ, бу гап ҳеч бир мантиққа тўғри келадими?
Тўғри, зоҳид бўлиш соликларнинг шарафли бир мақомидир. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан ва у зотнинг ўзлари «ҳар бири йўлчи юлдуз» дея таърифлаган саҳобаи киромларининг ҳаёт тарзидан бизга маълум бўладики, зоҳидлик таркидунёчилик эмас. Шунинг учун ҳам ҳаёт учун зарур бўлган таом, кийим, маскан ва ҳаттоки мол-дунё ҳам зоҳидликни ошкора қилиш учун восита бўлмаслиги лозим.
Аслида зоҳидлик пинҳоний бир ҳолат бўлиб, ҳар қанча неъматга кўмилганда ҳам масрур бўлмай, шукрини чиройли тарзда адо этиш ва неъмат йўғида махзун бўлмаслик ҳақиқий зоҳидликдир.
Юқоридаги ҳадиснинг шарҳида яна шуни айтишимиз мумкинки, ким Аллоҳ таолога У Зотнинг Ўзи жорий қилган шариатдан бошқа йўл билан қурбат ҳосил этишга ҳаракат қилса, шубҳасиз, адашган бўлади. Чунки бу нарса динда ғулувга кетиш ҳисобланади.
Имом Аҳмад, Ибн Хузайма ва Насаий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетишдан бошқа нарса ҳалок қилган эмас», деганлар.
Ва бу ҳақда Абу Солтдан шундай ривоят қилинади:
«Бир киши Умар ибн Абдулазизга мактуб ёзиб, қадар ҳақида сўради. У эса қуйидаги жавобни ёзди:
«Аммо баъду: Сенга Аллоҳга тақво қилишни, Унинг амрида мўътадил бўлишни, Набийининг суннатига эргашишни ва бидъатчилар янгитдан пайдо қилган нарсаларни тарк этишни тавсия қиламан.
Ўзингга суннатни лозим тут. У Аллоҳнинг изни ила сен учун исматдир. Сўнг билки, одамлар ҳар қандай бидъатни чиқарсалар ҳам, албатта унинг далили ёки ибрати ўзидан олдин келган бўлади. Суннатни эса унга (яъни суннатга – муал.) хилоф қилиш хатолигини, тойилиш эканини, аҳмоқлик ва чуқур кетиш эканини яхши билган зот жорий қилгандир.
Шундай экан, ўша қавм ўз нафсига рози бўлган нарсага сен ҳам рози бўлгин. Улар илмга асосланганлар, ўткир назар ила қараганлар. Улар ишларни кашф қилишда қувватли бўлганлар ва ўзлари доим бўлган фазлга ҳақлироқдирлар. Агар ҳидоят сиз турган нарсада бўлса, унга улардан олдин эришган бўласизлар. Агар «Бу улардан кейин пайдо бўлган» десангиз, албатта, уни уларнинг йўлига эргашмаган ва улардан юз ўгирганлар пайдо қилган бўлади.
Аслида эса аввалгилар ўзувчилардир. Улар бу ҳақда кифоя бўладиган гапни айтиб ва шифо бўладиган васфни қилиб бўлганлар. Улардан паст бўлганлар камчиликка йўл қўйганлардир. Улардан устун бўлмоқчи бўлганлар ҳасратга учраганлардир. Батаҳқиқ, бир қавмлар улардан паст бўлдилар ва жафочи бўлдилар. Бошқа бирлари улардан юқори бўлишга тама қилдилар ва ғулувга кетдилар. Улар эса иккисининг ўртасида, сиротул мустақиймда эдилар».
Диндаги ғулув ҳам турлича бўлади. Бунинг энг ёмон тури етарли илми бўлмаса ҳам, Қуръонни ўзича тушуниш, Суннатга ўзича амал қилиш ва тўрт мазҳабдан бирортасига қатъий эргашмасликдир.
Яна бир тури эса тасаввуфни шариатдан устин қўйиш, ўзи қўл берган пирига кўр-кўрона эргашиш, ҳатто унга сиғиниш даражасида (астағфируллоҳ!) эътиқод қилишдир.
Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, диндаги ғулув кўп ҳолларда диний саводнинг етарли эмаслиги билан боғлиқдир. Аммо диний билимлардан анчагина бохабар одамларнинг ҳам баъзан ғулувга кетиб қолишлари, назаримизда, улуғ Аллоҳнинг синови, Аллоҳ изн берган шайтоннинг васвасаси оқибатидир.
Бинобарин, тасаввуф ҳақида баҳс юритганимизда, етмишдан ортиқ фирқага бўлинган мусулмонлар орасида тафриқа бўлгани каби, юзлаб тариқатлар ҳам айнан бир хил тўғри йўлда эмаслигини, бузилган, адашган тариқатлар ҳам борлигини билиб қўйишимиз ва улардан эҳтиёт бўлишимиз лозим.
Тариқатларнинг ва шайхлик даъвосини қилувчи шахсларнинг тўғри йўлда эканлигини аниқлаш учун уларнинг шариатга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган йўлга нечоғлик мос эканликларини солиштириш кифоя қилади.
Зеро, тасаввуфга оид барча нарсаларни азизларимиздан эшитганимиз ёки кўрганимиз тарзида эмас, азизларимиз каби Қуръон ва Суннатни асос қилиб олиб, илмий равишда ўрганиб, йўлга қўйишимиз лозим. Буларнинг барчаси ҳаммамизнинг иттифоқ бўлиб ҳаракат қилишимиз орқали юзага чиқиши мумкин.
Ана шундагина Исломнинг руҳий тарбия қисми бўлган тасаввуф ихтилофга эмас, иттифоққа сабаб бўлади.
Ана шундагина Исломнинг руҳий тарбия қисми бўлган тасаввуф жаҳолатга эмас, маърифатга сабаб бўлади.
Ана шундагина Исломнинг руҳий тарбия қисми бўлган тасаввуф қолоқликка эмас, тараққиётга сабаб бўлади.
Ана шундагина Исломнинг руҳий тарбия қисми бўлган тасаввуф жанжалга эмас, тинчликка сабаб бўлади.
Ана шундагина Исломнинг руҳий тарбия қисми бўлган тасаввуф тафриқага эмас, бирликка сабаб бўлади.
Аллоҳим! Ушбу ёзганларимизни мазкур эзгулик йўлидаги кичик бир қадам сифатида қабул этгин! Омин!
Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласида учинчи жуз – «Ният, ихлос ва илм китоби», ўттиз тўртинчи жуз – «Яхшиликлар ва ахлоқ китоби», ўттиз бешинчи жуз – «Зикрлар, дуолар, истиғфор ва тавба китоби», ўттиз олтинчи жуз – «Зуҳд ва рақоиқлар китоби», ўттиз еттинчи жуз – «Одоб китоби» ҳам айни шу мақсадга оидлиги бизни янада қувонтиради. Аллоҳ таолонинг ёрдами ила яна бошқа китоблар ва ҳаракатлар ҳам бўлиши умидидамиз. Аллоҳим, Ўзингнинг йўлингдан адаштирмагин! Омин!
МанбаЛАР РЎЙХАТИ
1. Саъид Ҳавво. «Нафсни поклашда хулоса», Доруссалом, ҳ. 1405, учинчи нашр.
2. Саъид Ҳавво. «Руҳий тарбиямиз», Дорул кутуб ал-арабийя, ҳ.1399.
3. Абулҳасан Али ал-Ҳасаний ан-Надавий. «Роббонийлик раҳбонийлик эмас», Муассасату ар-Рисола, ҳ.1404, иккинчи нашр.
4. Абу Бакр ибн ас-Сунний. «Кундузги ва кечки амаллар», Дору ибн Зайдун, ҳ.1410, иккинчи нашр.
5. Абу Абдуллоҳ Ҳорис ибн Асад ал-Муҳосибий. «Нафс одоблари», Дорул Жийлд, Байрут, м.1984.
6. Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Муҳаммад. «Нафсни ҳисоб-китоб қилиш», Муассасатул кутуб ас-Сиқофийя, ҳ. 408, биринчи нашр.
7. Аҳмад ибн Абдурраҳмон ал-Мақдисий. «Қасд қилувчилар дастури», Дорул ҳижра ва Дорул баён, ҳ.1406.
8. Муҳаммад Шайхоний. «Руҳий тарбия», ҳ.1416, иккинчи нашр.
9. Соиҳ Али Ҳусайн. «Тасаввуф ва унинг тарихидан кўринишлар», Маншуроту куллийяту даъва ал-Исломия, м. 1994.
10. Абу Ҳомид Ғаззолий. «Охират илмини кашф қилишда фахрли дурлар», Муассасатул кутуб ас-Сиқофийя, ҳ.1407.
11. Абдулқодир Аҳмад Ато. «Солиҳ амаллар савоби», Дорул Эътисом.
12. Аҳмад Амин. «Ахлоқ китоби», Мактаба Наҳза ал-Мисрийя, м.1985, ўнинчи нашр.
13. Бурҳонуддин ал-Буқоий. «Тасаввуф борасидаги тортишув», Дорул кутуб ал-Илмийя, ҳ.1400.
14. Муҳаммад Закий Иброҳим. «Исломий тасаввуф алифбоси», Мактабатул Одоб, ҳ.1415, бешинчи нашр.
15. Абдулкарим ал-Қушайрий. «Кичик қалб томон», Дорул арабийяту лил китоби, ҳ.1397.
16. Ҳусайн ал-Қувватлий. «Исломдаги ақлий тасаввуф», Маншуроту дору иқраъ, м.1998, биринчи нашр.
17. Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий. «Атонинг ҳикматлари шарҳи», Дорул фикр, ҳ.1422.
18. Муҳаммад Маҳмуд Алвон. «Ислом ва Тасаввуф журнали», м. 1959, 1 март, 10-сон.
19. Маҳмуд Саъийд Тантовий. «Тўғри тасаввуф йўлидан қоқилиш», ҳ.1408, биринчи нашр.
20. Селжук Эройдин. «Тасаввуф ва тариқатлар», Истанбул, м.2001.
21. Камил Йилмаз. «Тасаввуф ва тариқатлар», «ENSAR» нашриёти, Истанбул, м.2000.
22. Холид Бағдодий. «Рисолаи Холидия ва одоби зикр», Истанбул, м.1993.
23. Муҳаммад Абдуллоҳ ал-Хоний. «Адаб», Истанбул, м.1993.
24. Ҳасан Муҳаммад Саъийд Шанновий. «Фи риёзит-тасаввуфи», м. 2003.
25. Муҳаммад Мозий Абул Азоим. «Рисолатул муршидин вал мустаршидин», Дорул Мадина ал-Мунаввара, Қоҳира, м.1983.
26. «Муҳаммад Мозий Абул Азоим ҳақидаги илмий рисолалар». Дорул Китобус-суфий, Қоҳира, м.1996.
27. «Мажаллатул буҳуси вад-диросотис-суфийя», 1-сон, м. 2003.
28. Абул Ҳасан Али ал-Ҳасаний ан-Надавий. «Рижолул Фикри вад Даъвати фил Исломи», Дору Ибн Касир, Байрут, м. 1999.
29. Фахруддин Али Сафий. «Рашаҳоту айнил-ҳаёти», Ибн Сино, Тошкент, м. 2003.
30. Муҳаммад Ғаззолий. «Фаннуз зикри вад-дуо инда хотамил Анбиё», Дорул қалам, Байрут, м. 1992.
31. Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий. «Ас-Салафийя», Дорул фикр, Дамашқ, м. 1998.
32. Абдулкарим ибн Ҳавазон ибн Абдулмалик ал-Қушайрий. «Тафсири Қушайрий – Латоифул ишорот», Дорул кутубил илмийя, Байрут, м. 2000.
33. Имом Аҳмад Форуқ Сарҳандий Роббоний. «Мактубот».
КИТОБ БИТДИ (Қиёматда фойдамизга ҳужжат қилсин...)
Эътиқод дурдоналари: ХОТАМУЛ АНБИЁНИНГ СИФАТЛАРИ
Хотамул анбиё ҳақида эътиқодимиз
24 - وَخَتْمُ الرُّسْلِ بِالصَّدْرِ الْمُعَلَّى نَبِيٍّ هَاشِمِيٍّ ذِي جَمَالِ
Маънолар таржимаси:
Пайғамбарларнинг сўнгиси “содру муалло” бўлган гўзаллик соҳиби Ҳошимий Набийдир.
Назмий баёни:
“Содру муалло”дир хотамуннабий,
Жисмию хулқи гўзал расул Ҳошимий.
Луғатлар изоҳи:
خَتْمُ – мубтадо, музоф. Луғатда фориғ бўлинган ишга нисбатан мажозан ишлатилади.
الرُّسْلِ – музофун илайҳ. Бу калима الرَّسُولِ нинг кўплик шакли бўлиб, аслида, الرُّسُلِ бўлган. Назм заруратига кўра мазкур шаклда келтирилган.
بِالصَّدْرِ – жор мажрур маҳзуф كَانَ феълига мутааллиқ. Содр калимаси бирор қавмнинг энг афзал кишисига нисбатан мажозан ишлатилган.
الْمُعَلَّى – луғатда “юксак мақомга кўтарилган” маъносига тўғри келади.
نَبِيٍّ – “бадал” бўлгани учун мажрур бўлиб турибди. Шунингдек, бу калимани хабар қилиб раф ўқиш ҳам жоиз бўлади.
هَاشِمِيٍّ – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Ҳошимга нисбат бериб айтилган.
ذِي – “соҳиб” маъносини англатувчи “асмаи ситта”дан бири. نَبِيٍّ га сифат бўлгани учун жор бўлиб турибди. Баъзи нусхаларда ذُو келган. Бунда икки хил таркиб жоиз бўлади:
– ذُو маҳзуф мубтадонинг хабари;
- نَبِيٌّ хабар, ذُو унинг иккинчи сифати.
جَمَالِ – музофун илайҳ. Розиликка ва лутф кўрсатишга тааллуқли бўлган сифатлар жамолий сифатлар дейилади.
Матн шарҳи:
Кўкс шарафли аъзо бўлгани ва Расулуллоҳ алайҳиссалом Қуръонда ҳам шу аъзо билан хосланганлари учун уни истиора[1] қилиб келтирилган. Қуръони каримда у зотга шундай дейилган:
﴿أَلَمۡ نَشۡرَحۡ لَكَ صَدۡرَكَ١﴾
“(Эй Муҳаммад!) Кўксингизни (илму ҳикматга) кенг очиб қўймадикми?!”[2].
Шунингдек, “кўкс” дея таржима қилинган “содр” калимаси, “олд”, “ҳурматли мақом” каби маъноларда ҳам қўлланади. Шу маънода ушбу байт: “Пайғамбарлар сўнгиси, энг олдин яратилган зотдир” ёки “Пайғамбарлар сўнгиси, ҳурматли мақомдаги зотдир” каби маъноларни ифодалайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ҳурматли мақомда эканликлари ҳамда энг аввал яратилган пайғамбар эканликлари хабарларда келган.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ شَقِيقٍ أَنَّ رَجُلاً سَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَتَى كُنْتَ نَبِيًّا قَالَ كُنْتُ نَبِيًّا وَآدَمُ بَيْنَ الرُّوحِ وَالْجَسَدِ. رَوَاهُ اِبْنُ اَبِى شَيْبَةَ
Абдуллоҳ ибн Шақийқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қачон набий бўлгансиз”, – деб сўради. У зот: “Мен набий бўлганимда Одам руҳ билан жасад орасида эди”, – дедилар”. Ибн Абу Шайба ривоят қилган.
Шарҳ: “Аллоҳ таоло Одам болаларининг жисмларини яратишидан олдин улардан аҳд олганини хабар бергани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари ҳам у зотнинг руҳ ҳолатларида, инсонларнинг жисмлари яратилишидан олдин бўлганини хабар берган”[3].
Пайғамбарлар сўнгисига иймон келтириш тушунчаси
Пайғамбарлар сўнгисига иймон келтириш деганда қуйидагилар тушунилади:
- Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг набийси, расули, ва танлаб олган бандасидирлар;
- Муҳаммад алайҳиссалом Қуръон ва суннатда баён қилинганидек пайғамбарларнинг сўнгисидирлар:
﴿مَّا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَآ أَحَدٖ مِّن رِّجَالِكُمۡ وَلَٰكِن رَّسُولَ ٱللَّهِ وَخَاتَمَ ٱلنَّبِيِّۧنَۗ وَكَانَ ٱللَّهُ بِكُلِّ شَيۡءٍ عَلِيمٗا٤٠﴾
“Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир”[4].
- Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин пайғамбарлик даъвосини қилган ҳар қандай кимса ёлғончидир.
عَنْ ثَوْبَانَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا تَقُومُ السّاعَةُ حَتّى تَلْحَقَ قَبَائِلُ مِنْ أُمّتِي باِلْمُشْرِكِينَ وَحَتّى يَعْبُدُوا الأَوْثَانَ وَإِنّهُ سَيَكُونُ فِي أُمَّتِي ثَلاَثُونَ كَذّابُونَ كُلُّهُمْ يَزْعُمُ أَنّهُ نَبِيٌّ وَأَنَا خَاتَمُ النّبِيّينَ لَا نَبِيّ بَعْدِي. رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан бир қабилалар то мушрикларга эргашмагунларигача қиёмат қоим бўлмайди, улар ҳатто бутларга ибодат қиладилар. Келажакда умматимда ўттизта ўта ёлғончилар бўлади, уларнинг ҳар бири ўзини пайғамбар деб ҳисоблайди, ваҳоланки мен пайғамбарларнинг сўнгисиман, мендан кейин бирор пайғамбар йўқдир”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.
- Муҳаммад алайҳиссалом яхши кўриладиган ва эргашиладиган инсонларнинг энг улуғидирлар:
﴿قُلۡ إِن كُنتُمۡ تُحِبُّونَ ٱللَّهَ فَٱتَّبِعُونِي يُحۡبِبۡكُمُ ٱللَّهُ وَيَغۡفِرۡ لَكُمۡ ذُنُوبَكُمۡۚ وَٱللَّهُ غَفُورٞ رَّحِيمٞ٣١﴾
“Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”[5].
Қуръони каримда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом айтишга қуйидагича буйруқ келган:
﴿إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلَٰٓئِكَتَهُۥ يُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِيِّۚ يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ صَلُّواْ عَلَيۡهِ وَسَلِّمُواْ تَسۡلِيمًا٥٦﴾
“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом юборинг”[6].
Уламолар умр давомида бир марта салавот ва салом айтиш фарзлиги ушбу оят билан собит бўлганини, аммо у зотнинг номлари зикр қилинган пайтда, ё ҳар бир мажлисда, ё ададга чекламасдан доимий равишда салавот ва салом айтиб юриш зарурлиги ҳадислар билан собит бўлганини айтганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг, фаришталарнинг ва одамларнинг салавот айтишлари қуйидаги маъноларга далолат қилади:
– Аллоҳнинг салавот айтиши – у зотга раҳмат юбориши.
– Фаришталарнинг салавот айтиши – у зот учун истиғфор айтишлари.
– Одамларнинг салавот айтиши – у зотнинг ҳақларига дуо қилишлари.
Ташаҳҳудда, хутбада, жаноза намозида, азондан кейин, дуо қилаётган пайтда ва ҳоказо кўплаб ибодатларда салавот айтиш жорий қилингани салавотнинг аҳамияти нақадар улуғлигига далолат қилади.
Жисми ва хулқи гўзал Ҳошимий Набий
Ўший раҳматуллоҳи алайҳ байтнинг давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни “Жисмию хулқи гўзал расул Ҳошимий”, маъносида таърифлаган. Ҳошимий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота тарафдан боболари Ҳошимга нисбатдир. Чунки Ҳошимийлар Қурайш қабилалари ичида энг афзал уруғ бўлган. Тарих китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташқи қиёфалари ва хулқ-атворлари тўғрисидаги ривоятлар батафсил келтирилган. Ўша хабарларда у зоти бобаракотнинг том маънода комил инсон бўлганликлари, жисмларининг мукаммаллиги-ю, хулқларининг гўзаллиги билан бошқа инсонлардан кескин ажралиб турганлари баён қилинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу у зоти бобаракотни шундай хотирлаган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра гўзалроқ кишини кўрмаганман. Гўё юзларида қуёш балқиб тургандек бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра илдам юрадиган кишини кўрмаганман, гўё ер масофаси у зот оёқлари остида ўралиб, қисқариб кетаётганга ўхшарди, у зотнинг бемалол эркин одим ташлаб юришларига етишиб юриш учун, бизлар жидду-жаҳд билан тез юриб ҳам ортда қолиб кетардик”.
Каъб ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарсадан хурсанд бўлсалар, юзларидан худди ой парчаси каби нур таралиб кетарди”.
У зотнинг хулқлари қандай бўлганини Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилиб қўйган:
﴿وَإِنَّكَ لَعَلَىٰ خُلُقٍ عَظِيمٖ٤﴾
“Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”[7].
Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари илм бўлган, ҳалимлик бўлган, ҳаё бўлган, ибодат бўлган, сахийлик бўлган, сабр бўлган, шукр бўлган, тавозеъ бўлган, зуҳд бўлган, раҳмат бўлган, шафқат бўлган, гўзал муомала бўлган, намунавий одоб бўлган ва булардан бошқа комил инсон учун лозим бўлган қандай олий хислатлар бўлса, уларнинг барчаси у зотда мужассам бўлган. Зеро, оламларга раҳмат қилиб юборилган пайғамбар булардан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.
﴿وَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ إِلَّا رَحۡمَةٗ لِّلۡعَٰلَمِينَ١٠٧﴾
“(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”[8].
Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат мусулмонларгагина эмас, бутун оламларга раҳмат қилиб юборилганлар. Бу зот олиб келган таълимотлар жамодот оламига ҳам, яъни тоғу тошлар ва сувлар каби оламларга ҳам, наботот оламига ҳам, ҳайвонот оламига ҳам, инсоният оламига ҳам ва агар яна булардан бошқа оламлар мавжуд бўлса, уларнинг барча-барчасига ҳам Аллоҳ таоло томонидан ҳадя қилиб берилган раҳматдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бу ҳақда шундай деганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ إِنَّمَا أَنَا رَحْمَةٌ مُهْدَاةٌ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ
“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта мен ҳадя қилинган раҳматман”, – дедилар”. Байҳақий ривоят қилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг оламларга юборган ҳадясидир. Бу ҳадяни қабул қилганларга дунёда бахтли ҳаёт, охиратда жаннат ваъдаси берилган. Қабул қилмаганлар эса бахту-саодатни ўрни бўлмаган жойдан излаб овора бўлиб ўтишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари мўмин киши учун намуна ҳисобланади. Қуйидаги хулқларга риоя қилиб, уларни ўзининг доимий одатига айлантириб олган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланган бўлади:
- Барча ёмон сўз ва ишлардан тийилиш;
- Одамлар билан муомала қилишда овозни баландлатмаслик;
- Кечиримли бўлиш;
- Зиммадаги вазифани бажаришда сусткашлик қилмаслик;
- Кўп кулишдан сақланиш;
- Эҳтиёжмандларнинг ҳожатларини раво қилишни ортга сурмаслик;
- Аҳли оиласига уй ишларида кўмаклашиш;
- Ҳайитларда, тўйларда энг яхши кийимларини кийиш;
- Оз таом билан кифояланиш;
- Ортиқча мақтовларга рози бўлмаслик;
- Бировга азият бериши мумкин бўлган сўзларни ҳазиллашиб ҳам айтмаслик;
- Дўстларининг бирортасига ҳам ёмон кўз билан қарамаслик;
- Ширин сўзли бўлиш;
- Фақат рост гапни гапириш;
- Инсонларга ҳам, ҳайвонларга ҳам раҳм-шафқатли бўлиш;
- Бахиллик қилмаслик;
- Тунги уйқуда эрта ётиб эрта туриш;
- Жамоат намозига кечикмаслик;
- Ғазабланмаслик, ғазаби келган пайтда “аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” дейиш;
- Кўп гапиришдан тийилиш;
- Қуръони каримни тушуниб, тадаббур билан қироат қилиш ва ўзгаларнинг тиловатларини ҳам тинглаб юриш;
- Доимо хушбўйликлар ишлатиб юриш;
- Доимо мисвок ишлатиб юриш;
- Шижоатли бўлиш, ўзининг зарарига бўлса ҳам ҳақни гапириш;
- Инсонларнинг насиҳатларини қабул қилиш;
- Аёллари ва фарзандлари ўртасида адолат билан иш юритиш;
- Инсонларнинг азиятларига сабрли бўлиш;
- Ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам бўлишини яхши кўриш;
- Саломни кўпайтириш;
- Кийимлари ва соч-соқолларини доимо ораста тутиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган китобларда у зотнинг сиймолари ва хулқ-атворларига тааллуқли маълумотлар алоҳида-алоҳида гўзал тартибда жамланган.
Хотамул анбиёнинг сифатлари
25 - إِمَامُ الأَنْبِيَاءِ بِلاَ اخْتِلاَفٍ وَتَاجُ الأَصْفِيَاءِ بِلاَ اخْتِلاَلِ
Маънолар таржимаси:
(У зот) ҳеч бир ихтилофсиз барча пайғамбарларнинг имомидирлар ва барча (ёмон сифатлардан) холи бандаларнинг нуқсонсиз тожидирлар.
Назмий баёни:
Барча пайғамбарлар имомидирлар,
улуғ афиф бандалар тожидирлар.
Луғатлар изоҳи:
إِمَامُ – маҳзуф мубтадонинг хабари. Луғатда “олдинда турувчи” маъносини англатади.
الأَنْبِيَاءِ – ушбу калимадаги اَلْ истиғроқиядир. Шунга кўра барча пайғамбарларнинг имоми деган маъно чиқади.
بِ – зоида жор ҳарфи.
لاَ – нафий ҳарфи.
اخْتِلاَفٍ – жор мажрур إِمَامُ га мутааллиқдир.
تَاجُ – тож безак навларининг ичида энг юқорида турувчи энг олийси бўлгани учун Нозим тожни ташбеҳ қилиб келтирган.
الأَصْفِيَاءِ – бу калима صَفِيِّ кўплик шакли бўлиб, “маънавий кирликлардан пок бандалар”, маъносини англатади. Шунинг учун улуғ афиф бандалар деб таржима қилинди.
اخْتِلاَلِ – жор мажрур تَاجُ га мутааллиқ. Бу калима луғатда заиф гапларга ва номувофиқ ишларга нисбатан ишлатилади.
Матн шарҳи:
Ўший раҳматуллоҳи алайҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини баён қилишда давом этиб, у зотни пайғамбарларнинг имоми, улуғ афиф бандаларнинг тожи дея васф қилган. Бу васфдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиёмат кунида барча пайғамбарлардан муқаддам туришларига ҳам ишора бор. Бу ҳақида қуйидаги ривоят келган:
عَنْ أَبِى سَعِيدٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَا سَيِّدُ وَلَدِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا فَخْرَ وَبِيَدِى لِوَاءُ الْحَمْدِ وَلاَ فَخْرَ وَمَا مِنْ نَبِىٍّ يَوْمَئِذٍ آدَمُ فَمَنْ سِوَاهُ إِلاَّ تَحْتَ لِوَائِى وَأَنَا أَوَّلُ مَنْ تَنْشَقُّ عَنْهُ الْأَرْضُ وَلَا فَخْرَ. سُنَنُ التِّرْمِذِىِّ
Абу Саъийддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен қиёмат кунида Одам боласининг саййидиман, лекин мақтаниш эмас. Ҳамд байроғи менинг қўлимда бўлади, лекин мақтаниш эмас. Ўша кунда Одамми, ундан бошқасими, менинг байроғим остида бўлмаган бирор пайғамбар бўлмайди. Мен ер унинг устидан ёриладиган биринчи кишиман, лекин мақтаниш эмас”, – дедилар”. “Сунани Термизий”да келган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Барча афиф бандаларнинг тожидирлар” дея васф қилинди. Афиф инсонлар деганда қалблари нафсий иллатлардан холи бўлган олимлар, шаҳидлар ва бошқа тақводор мўминлар тушунилади. Тож безак турларининг ичида энг кўзга кўриниб турадиган ва энг қиймати юксак бўлганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам афиф инсонларнинг энг кўзга кўриниб турадигани ва энг қийматлисидирлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш иймон тақозоси ҳисобланади. Яъни Ислом динини бино деб тасаввур қилинадиган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ўша бинони тутиб турадиган пойдевор мақомидаги тушунча ҳисобланади. Бу ҳақида у зотнинг ўзлари шундай хабар берганлар:
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَلَدِهِ وَوَالِدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ. رَوَاهُ مُسْلِمُ
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз токи мен унга боласидан, отасидан ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча мўмин бўла олмайди”, – дедилар”. Муслим ривоят қилган.
Дунёда ҳеч бир инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик яхши кўрилиб, мақтов билан ёд этилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий мақталган, улуғланиб мадҳ этилган зот эканлари Муҳаммад деб номланишларида ҳам ўз аксини топган. У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаб мадҳ этган, фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам мадҳ этганлар, ер юзидаги барча ақли бор инсонлар доимо у зотни мақтаб, мадҳ этиб келганлар. Чунки у зотнинг сифатлари дўсту душман – ҳамманинг ҳузурида энг мақтовли сифатлар бўлган. Бу ҳақида у зотнинг ўзлари шундай хабар берганлар:
عَنْ أَبِى سَعِيدٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَنَا سَيِّدُ وَلَدِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا فَخْرَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Абу Саъийддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен қиёмат кунидаги Одам боласининг саййидиман, лекин мақтаниш эмас”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
СЎНГГИ МУКАММАЛ ШАРИАТ;
ИСРО ВА МЕЪРОЖ БАЁНИ;
[1] Истиора луғатда: “Фойдаланишга олиб туриш” маъносини англатади. Истилоҳда: Бир лафзни ўз ўрни бўлмаган жойда, кўзланган маъно билан истеъмол қилинган маъно орасида алоқа бўлганлиги учун, аслий маъносидан буриб турувчи қарина билан бирга ишлатиш истиора дейилади. Қаранг: Хулоса фи улумил балоға. “Мактабатуш шомила”. – Б. 43.
[2] Шарҳ сураси, 1-оят.
[3] Зайнуддин Абдур Рауф Муновий. Тайсир бишарҳи Жамиъис-соғир, 2-жуз. “Мактабатуш шомила”. – Б. 437.
[4] Аҳзоб сураси, 40- оят.
[5] Оли Имрон сураси, 31-оят.
[6] Аҳзоб сураси, 56-оят.
[7] Қалам сураси, 4-оят.
[8] Анбиё сураси, 107-оят.
Alloh seni razolatdan qutqarsin!
6. Yer o’parsen rizq uchun
minnat yukidin xam bo’lub,
Tengri yoringkim, qilibsen
xush namoze ixtiro.
Rizq uchun bo’lib, biror rizqi ro’z qo’limga kirsin deb, minnat yukidan, ya’ni tashakkur bildirish uchun hamda bir ne’matga erishish uchun boylarga, puldorlarga egilib, yer o’pasan! Tangri yoring bo’lsin, O’zi yordam berib, seni bu razolatdan qutqarsinki, sen g’aroyib namoz ixtiro qilibsan. Odamlar namozda egilib, ruku’ bilan Аlloh taologa ta’zim qilsa, sen egilib, yer o’pib, puldor, moldor olamlarga ta’zim qiladigan bo’libsan.
“Tengri yoringkim” degani – “Аlloh taolo yoru madadkoring bo’la turib” degan ma’nodadir. Yana: “Аlloh O’zi yoring bo’lib, seni odamlarga egilib ta’zim qilishdan qutqarsin”, degan ma’nodadir.
Boshqa bir g’azalda hazrat Navoiy bunday deydilar: “Bilurki, ro’ziy anga Haq berur, o’zidekning Bo’lur chu bandasi, bois erur razolat anga”. Ya’ni: “Inson biladiki, darhaqiqat, rizqu ro’zni berguvchi Haq taolodir. U yana o’zidek bir qulning quli bo’lib, o’z-o’zini xor qiladi. Bunga uning razolati – pastkashligi, tubanligi sababdir”.
Bu g’azalda ham “qilibsen xush namoze ixtiro’”, ya’ni: “ajablanarli namoz ixtiro qilibsan”. Deya qullarga qullik qiluvchi, bandalarga bandalik qiluvchi insonlarni ogohlantirmoqda.
Baytdan chiqadigan xulosa shuki, rizqni boshqadan kutish shirkdir, Аllohdan boshqaga qullik qilishdir. Tama haromdir, chunki bu Аllohdan boshqasidan bir narsani umid qilishdir. Rizq Аllohdan ekaniga qat’iy iymon keltirgan holda insonlar orasida bo’ladigan muomalalar bunga kirmaydi.
Mirzo Kenjabek,
“Navoiy muhabbati” kitobidan.
Қуръон илмлари: ТАФСИР ВА МУФАССИРЛАР
ТАФСИР ВА МУФАССИРЛАР
«Тафсир» сўзи луғатда «баён қилиш», «очиб бериш» ва «равшан қилиш» маъноларини англатади.
Уламолар истилоҳида бу илм қуйидагича таърифланади:
«Тафсир – Қуръони Каримдаги Аллоҳнинг муродини инсон қудрати етганича ўрганадиган илм».
Иккинчи таъриф:
«Тафсир бир илм бўлиб, унда азиз Китобнинг нозил бўлиши, санади, адо этилиши, лафзлари, лафзларга ва ҳукмларга боғлиқ маънолари ўрганилади».
Тафсир илми Улуми Қуръон соҳасининг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, тафсир ва тафсир уламолари ҳақида бир оз маълумот беришни лозим топдик.
Исломнинг дастури бўлган Қуръони Каримни чуқур ўрганишга боғлиқ бўлгани учун тафсир илми алоҳида аҳамиятга эгадир. Айнан тафсир илми Қуръони Каримнинг ҳидояти, таълимоти, сирлари ва кўрсатма ҳамда ҳукмларини ўрганишга хизмат қилади. Ушбу илмсиз мазкур нарсаларни билиш ва уларга амал қилиш мумкин эмас.
Бу улуғ илм Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида юзага келган. Чунки у зоти бобаракот одамларга Қуръони Каримнинг маъноларини ўз суннатлари билан баён қилар, саҳобаларнинг Қуръон оятлари маъноси тўғрисидаги саволларига жавоб берар эдилар.
Тафсир илми саҳобаи киромларга Пайғамбар алайҳиссаломдан мерос қолди. Лекин уларнинг бу илмдаги даражалари турлича эди. Шунинг учун ҳам улардан кимки ўзида баъзи оятларнинг маъносини англашда ҳожат сезса, ўзидан олимроқ бошқа саҳобалардан сўраб олар эди.
Саҳобалардан Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Алий ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб ва бошқалар тафсир илмида машҳур бўлганлар. Аллоҳ таоло уларнинг барчаларидан рози бўлсин.
Тобеъинлар эса тафсирни саҳобалардан ўргандилар. Улардан кўплари бу илмда шуҳрат қозондилар. Мужоҳид ибн Жабр Маккий, Икрима, Саъид ибн Жубайр, Ато ибн Абу Робоҳ ва бошқалар шулар жумласидандир.
Бу икки асрда, яъни саҳобалар ва тобеъинлар асрида тафсир оғзаки ривоят ва нақл шаклида бўлиб, китоб қилиб ёзилмаган эди.
Фазилатли шайх Муҳаммад Фозил ибн Ошур ўзларининг «Ат-Тафсир ва рижалуҳу» номли китобларида таъкидлашларича, тафсирдан биринчи китоб ёзган киши ҳижрий 149 йилда вафот этган Абдулмалик ибн Журайждир.
Мазкур китоб таълиф этилгандан бошлаб, тафсир илми янги даврга қадам қўйди. Бу давр китоблар таълиф қилиш давридир. Бу даврнинг аввалида Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий, Яҳё ибн Салом, Абу Бакр Найсобурий ва бошқа муфассирлар шуҳрат топдилар.
Исломда Қуръони Каримнинг лафзи, қироати ва расми-хати собит бўлиши қатъийлигига иттифоқ қилинганидек, унинг маъноси инсонларга нисбатан қатъий эмаслигига ҳам иттифоқ қилингандир. Яъни Қуръони Каримнинг тўлиқ маъносини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Инсонлар эса илмига, қобилиятига қараб, насиб қилганича биладилар. Бу, албатта, Қуръони Карим жумбоқ, тушунилиши қийин нарсадир, дегани эмас. Қуръони Карим очиқ услубдаги, батафсил баёнли, очиқ Китобдир. Лекин, шу билан бирга, Қуръони Каримнинг араб сўз усталарини ва бутун мавжудотни қиёмат қоим бўлгунча ўзига ўхшаган нарса келтиришдан ожиз қолдирувчи абадий, илоҳий мўъжиза экани бир он ҳам ёдимиздан кўтарилмаслиги лозим. Дунёга донғи кетган сўз усталари, олий даражадаги балоғат ва фасоҳат соҳиблари Қуръони Каримнинг баъзи оятларини эшитишлари билан: «Аллоҳга қасамки, бу башарнинг каломи эмас», дер эдилар.
Албатта, ана шундай даражадаги каломнинг ўзига яраша савияси бўлади. Мазкур савияга яроқли кишилар учун Қуръони Каримни англаб етиш жуда ҳам осон. Қолганлар эса савияларига қараб ўзлаштирадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврлари – саодат замонида Қуръони Каримни етарлича англаш савиясидаги кишилар кўпчиликни ташкил қилар эди. Улар соф араб табиати ва тилининг олий даражадаги намояндалари эдилар. Арабистоннинг турли жойларида доимий равишда сўз, хутба, шеър усталарининг мусобақалари ўтказиб турилар эди.
Бу маънодаги ишлар араблар ҳаётида қандай жой эгаллаганлигини яхшироқ тушуниб етиш учун шеър мусобақаси ғолибларининг шеърлари Каъбаи муаззама ичига осиб қўйилганлигини эслашнинг ўзи етарли. Лекин шундай бўлса ҳам, кўпчилик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзи яхши тушуна олмаган ояти карималарнинг маъносини сўраб олар эди. Шунингдек, саҳобаи киромлар ҳам бир-бирларидан Қуръони Карим маъноларини сўрашар ва билганлар айтиб берар эдилар. Демак, Қуръони Каримнинг маъносини айтувчи биринчи муфассир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўлсалар, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги ўринда илми ўткир саҳобалар турганлар.
Шубҳасиз, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларининг борликлари бу борадаги барча муаммоларни осонлик билан ҳал қилишнинг бош омили бўлган. Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқи Аълога интиқол қилганларидан сўнг Қуръони Карим маъноларини нотўғри тафсирлардан муҳофаза қилиш масъулияти Ислом уммати зиммасига тушди.
Бу улкан масъулиятни талаб даражасида адо этиш учун Қуръони Карим тафсири билан шуғулланадиган кишида бўлиши зарур шартлар ишлаб чиқилди. Қуйида ана шу шартлардан баъзиларини келтирамиз:
Биринчи шарт – тафсир билан шуғулланадиган киши соф эътиқодли бўлиши керак. Чунки эътиқод масаласи ўта нозик иш экани ҳаммага маълум. Эътиқод масаласида нуқсони бор киши тафсир қилса, тафсири ҳам нуқсонли чиқиши турган ran.
Шунинг учун ҳам эътиқодида Аҳли сунна ва жамоа мазҳабидан озгина оғиш бор бўлган шахсга тафсир қилишга изн берилмаган ёки ундай одам қилган тафсир йўқ қилинган, ёхуд нотўғри жойлари эълон қилинган. Бас, ran шундай экан, эътиқодсиз, бенамоз, баъзи гуноҳ ишларни содир этгани маълум бўлган кишилар ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.
Иккинчи шарт – ҳавои нафсга эргашишдан холи бўлиш. Бошқача айтганда, тафсирчи бўлиш ниятидаги одам тарафкашлик дардига чалинган бўлмаслиги керак. Акс ҳолда унинг ишида хиёнат содир бўлиши ҳеч ran эмас. Шунинг учун ҳам қадария, рофиза, мўьтазила каби тоифаларга мансуб кишиларнинг тафсирлари қабул қилинмаган.
Учинчи шарт – араб тилини жуда яхши билиши керак. Бу ҳеч қандай изоҳга ўрин қолдирмайдиган шартдир. Қуръони Карим араб тилида нозил бўлган, араб тилини яхши билмай туриб, Қуръони Каримни биламан, дейиш мутлақо ноўриндир.
Араб тили чексиз луғат уммони билангина чегараланиб қолмайди. Балки араб тили бундан бошқа яна бир неча улуғ илмларни ўз ичига олгандир. Наҳв, сарф, маоний, баён, бадиъ, фасоҳат каби илмлар шулар жумласидандир.
Бу борада улуғ тобеъинлардан бўлмиш Мужоҳид розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гапларини келтиришнинг ўзи кифоя қилса керак, деб ўйлаймиз:
«Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган киши учун араб тили олими бўлмай туриб, Аллоҳнинг Китоби ҳақида сўз айтмоқ ҳалол эмас».
Тўртинчи шарт – Қуръони Каримга боғлиқ илмларни яхши билиш. Мазкур шжларга, жумладан, қироатлар илми, тавҳид илми, сабаби нузул илми, носих ва мансух илми, ом ва хос илми, муташобиҳ илми ва бошқа бир қанча илмлар киради.
Бешинчи шарт – аввало, Қуръонни Қуръон билан тафсир қилмоғи шарт. Чунки бир маъно Қуръони Каримнинг бир жойида умумийроқ зикр қилинган бўлса, бошқа бир жойида батафсилроқ баён қилинган бўлади, бир оятда қисқа ишора қилиб кетилган нарса иккинчи оятда кенгайтириб тушунтирилади. Шунинг учун Қуръони Каримни яхши ва чуқур англашда унинг оятларини бир-бирига солиштириб ўрганиш катта аҳамият касб этади.
Олтинчи шарт – Қуръони Каримни суннати мутаҳҳара билан тафсир қилиш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Қуръони Каримнинг шарҳи ва татбиғи бўлиб келганлиги ойдек равшан нарса. Шунинг учун Қуръони Каримни тафсир қилмоқчи бўлган киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини жуда ҳам яхши билмоғи шарт.
Еттинчи шарт – тафсирни Қуръони Каримнинг ўзидан ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан топмаса, саҳобаларнинг гапларига мурожаат қилиш.
Чунки саҳобаи киромлар Қуръони Каримнинг нозил бўлишига шоҳид бўлган, ўша даврни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаган, Қуръони Каримни аниқ тушуниб етган кипшлардир.
Саккизинчи шарт – агар тафсирни юқорида зикр қилинган масдарлардан бирортасида ҳам топа олмаса, тобеъинларнинг тафсирига марожаат қилиш. Чунки тобеъинлар саҳобалардан дарс олганлар, саҳобалардан кейин Қуръони Каримни энг яхши биладиган авлод ҳам ўша кишилардир.
Тўққизинчи шарт – ўткир фаҳмли бўлиш. Бу сифат бир маънони иккинчисидан устун қўя билиш ва шариат мақсадларига мос маъноларни истинбот қилиш учун керак бўлади.
Ушбу шартларни ўзида мужассам қилган кишигина тафсир билан шуғулланиши мумкин, десак, бир оз шошилган бўламиз. Уламоларимиз муфассир бўлишдек улуғ бахтга эришиш учун ўзига яраша одобларга ҳам эга бўлишни шарт қилиб қўйганлар.
Мазкур одоблар қуйидагилардан иборат:
- Яхши ниятли ва соғлом мақсадли бўлмоқ. Муфассир фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ва охират савобини ҳамда дину диёнат равнақини ўйлаб иш қилмоғи лозим. Орага бошқа ғаразлар аралашса бўлмайди.
- Ҳусни хулқли бўлмоқ. Албатта, Қуръони Каримга боғлиқ одам қуръоний ахлоқ-одобларга эга бўлмоғи лозим. Бўлмаса, унинг қилган тафсиридан нима фойда бор?
- Илмига амал қилмоқ. Амалсиз илм бефойда экани ҳаммага маълум. Бу нарса Аллоҳ таолонинг Китобига боғлиқ бўлганда янада ўзгача маъно касб этиши ҳам турган гап.
Маъноларни нақл қилишда содиқ ва аниқ бўлиш. Муфассир ўзи аниқ ишониб етган маъноларнигина гапирмоғи ёки ёзмоғи ҳамда ҳар бир сўзида ростгўй бўлмоғи керак. Акс ҳолда гаплар бир-бирига аралашиб, ноаниқлик юзага келиши мумкин.
- Иззатини билмоқ. Муфассир ўзини хор қилмаслиги, пастга урмаслиги лозим. У турли бўлмағур ишлардан, бошқаларнинг ҳузурида ўзини паст тутишдан сақланмоғи керак.
- Ҳақгўй бўлмоқ. Аллоҳ таолонинг каломида ҳақгўй бўлмаса, нимада ҳам ҳақгўй бўлиши мумкин?!
- Виқорли бўлмоқ. Муфассир юриш-туришда, ҳаракату саканотда виқорли бўлиб, ташқи кўринишида ҳам ҳайбат касб қилмоғи лозим.
- Тавозеъли ва ҳалим бўлмоқ. Агар бу сифатлар бўлмаса, одамлар унинг илмидан фойда олишлари қийин бўлади.
- Вазмин ва салмоқли бўлмоқ. Муфассир тасарруфотларида ва гап-сўзида шошмасдан, аниқлик ва босиқлик билан тасарруф қилмоғи керак.
- Пешқадам олимларни ўзидан устун қўймоқ. Ўзидан
кўра пешқадам бўлган олимларнинг ҳурмат-эътиборини жойига қўя олган кишигина ҳақиқий муфассир бўла олади.
Ушбу шарт ва одоблардан Ислом уммати Қуръони Карим маъноларини муҳофаза қилиш учун қанчалик ҳаракат қилгани кўриниб турибди. Ушбу тариқа ҳаракат қилиб бориб, Қуръони Каримга маъно айтишга фақат етук кишиларгина саралаб олинган. Турли ғаразгўйлар учун ушбу мартабанинг эшиги маҳкам беркитилган.
Мазкур шартлар ва одобларни ўзида мужассам қилмаган кишиларнинг қилган тафсирларига ҳеч ким қулоқ ҳам осмаган, ёзганларини ҳеч ким ўқимаган ҳам. Шу тарзда тақволи, ҳақиқий илм соҳиби бўлган муфассирлар ўз-ўзидан ажраб, қадр топиб келаверган.
Ислом уммати ўзи ишонган тафсирчиларни ўзига хос услуб ила танлаб олган бўлса, ўша танланган тафсирчилар Аллоҳ таолонинг Китоби – Қуръони Каримнинг маъноларини мусулмонларга етказиш учун сидқидилдан хизмат қилиб келдилар.
Ислом маданияти гуллаб-яшнаган пайтларда тафсирчилик ҳам гуллаб-яшнади. Мусулмонлар тушкунликка юз тутганларида эса ишлар орқага кетди.
Тафсир илми келиб чиқиши ва ривожланиши жараёнида бир неча қисмларга бўлиниб кетган. Биз бу қисмлардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:
Биринчи қисм – «Ат-тафсир бил-маъсур».
Бу қисмдаги тафсирда муфассир Қуръон оятларини ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари билан тафсир қилади.
Бу услубда ёзилган тафсирларнинг машҳурлари қуйидагилар:
- Имом Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг «Жамиъ-ул-баян фии тафсирил-Қуръан».
Табарий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 224 йилда туғилиб, 310 йилда вафот этган. Бу киши ўз асрининг энг кўзга кўринган алломаларидан бўлган. Барча илмларда пешқадам бўлган.
Имом Табарийнинг тафсири «Ат-тафсир бил-маъсур» услубидаги энг машҳур ва энг ишончли тафсирдир. Унда тафсир бўйича саҳоба ва тобеъинлардан қилинган ривоятларнинг энг кўпи жамланган ва ривоятларшшг йўналиши ҳамда қай бири кучли экани баён қилинган. Шунингдек, калималарнинг эъроби ва оятлардан қандай ҳукмлар олиниши айтиб ўтилган. Кўпчилик мутахассислар «Бу тафсир беназирдир», дейишган.
Уламолар «Жамиъул-баян фи тафсирил-Қуръан» тафсири ҳақида ажойиб мақтов сўзларини айтганлар:
Имом Нававий: «Ибн Жарирнинг тафсирига ўхшаш китобни ҳеч ким тасниф қилмаган», деган.
Абу Ҳомид Исфиройини: «Агар бир киши Ибн Жарирнинг тафсирини олиш учун Чинга борса ҳам, кўп иш қилган бўлмацди», деган.
«Жамиъул-баян фи тафсирил-Қуръан»да жуда кўп маълумотлар жамланган. Муаллиф ўзи келтирган ривоятларнинг санадини ҳам баён қилган. Баъзилар у кишининг кучли бўлмаган ривоятларни ҳам келтирганини танқид қиладилар. Аммо муҳаққиқ уламолар: «Муаллифнинг даврида илмли кишилар бу нарсалардан хабардор бўлгани учун Ибн Жарир мазкур ривоятларни келтириб, заифлигига ишора қилмаган», дейишади.
«Жамиъул-баян фи тафсирил-Қуръан» ҳозирда ҳам қайта-қайта нашр қилинмоқда.
- Имом Абу Муҳаммад Ҳусайн ибн Масъуд ибн
Муҳаммад Бағавийнинг «Маъалимут-танзил» тафсири.
Имом Бағавий ҳижрий 516 йилда вафот этган. У киши Шофеъий мазҳаби фақиҳларидан бўлган. Бағавий тафсир ва ҳадис илмларида ҳам имомлик даражасига етган. Бағавийнинг «Маъалимут-танзил» тафсири жуда фойдали тафсирлардан ҳисобланади. Аммо унда келтирилган ривоятларнинг санади зикр қилинмаган.
Баъзилар бу тафсирни муалдифининг номи билан «Тафсирул-Бағавий» деб ҳам атайдилар.
- Имом Имодиддин Исмоил ибн Касирнинг «Тафсирул-
Қуръанил-азим» тафсири.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 701 йилда таваллуд топиб, 774 йилда вафот этган. У кишининг тафсирлари энг саҳиҳ тафсирлардан бири ҳисобланади. У киши Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва тобеъинлардан ривоят қилинган хабарлар ила тафсир қилган.
«Тафсиру Ибн Касир» «ат-тафсир бил-маъсур» услубида ёзилган тафсирлар ичида энг машҳурларидан бири бўлиб, имом Табарийнинг тафсиридан кейинги, иккинчи ўринда туради.
Имом Ибн Касир ўзининг бу тафсирига узун муқаддима ёзиб, унда Қуръони Карим ва тафсирга оид жуда кўп маълумотларни келтирган. У киши оятни келтиргандан сўнг уни осон сўзлар билан тафсир қилади. Агар бир оятни бошқа бири билан равшанлаштириш имкони бўлса, шундай қилади. Кейин мазкур икки оятни солиштиради. Сўнгра тафсир қилинаётган оятга боғлиқ ҳадисларни келтира бошлайди.
Уларнинг қай бирини ҳужжат қилиш мумкин, қай бирини ҳужжат қилиш мумкин эмаслигини ҳам баён қилади. Кейин саҳобалар, тобеъинлар ва ўтган уламоларнинг ўша оятга боғлиқ сўзларини келтиради. Мазкур қавллардан қай бири кучли ва қай бири кучсиз эканини ҳам баён қилади.
Имом Ибн Касир ўз тафсирида Ибн Жарир Табарий, Ибн Абу Ҳотим ва Ибн Атийянинг тафсирларидан фойдаланган.
«Тафсиру Ибн Касир»нинг энг кўзга кўринган тарафларидан бири исроилиёт қиссаларини танқид қилиши ва улардан одамларни огоҳлантиришидир.
«Тафсиру Ибн Касир»да фиқҳий муноқашалар ҳам мавжуд. Ҳукм оятларини тафсир қилиш жараёнида Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи фақиҳларнинг сўзлари ва тортишувларини ҳам келтиради.
Бу тафсир жуда кўп марта нашр қилинди ва қилинмоқда.
Шайх Муҳаммад Алий Собуний «Тафсиру Ибн Касир»ни мухтасар ҳам қилган. У ҳам бир неча бор нашр қилинди.
- Имом Жалолиддин Суютийнинг «Ад-Дурул-мансур фит-тафсир бил-маъсур» китоби.
Имом Суютий ҳижрий 849 санада Ражаб ойида туғилган. У кишининг отаси ўлимидан олдин ўғли Жалолиддинни бир неча кишига, жумладан, машҳур ҳанафий олим Камол ибн Ҳумомга топширди. Жалолиддин Суютий саккиз ёшидан Қуръони Каримни тўлиқ ва пухта ёд олди. Шу билан бирга, кўпгина матнларни ҳам ёд олди. У киши ўз замонасининг кўзга кўринган алломаларидан эллик бир кишидан дарс олди. Имом Жалолиддин Суютий кўп илмларда пешқадам бўлган. У кишининг ёзган китоблари беш юздан ортган.
Имом Жалолиддин Суютий ўта сермаҳсул муаллифлардан бўлган. У кишининг таълиф қилиш қобилияти ниҳоятда юқори даражада эди. Имом Жалолиддин Суютийнинг шогирдларидан бири Довудий: «Шайхнинг бир кунда уч дафтарни тўлдириб ёзиб, таҳрир қилганини ўз кўзим билан кўрганман», дейди.
Имом Жалолиддин Суютий ҳадис ва унга боғлиқ илмлар бўйича ўз замонасининг кўзга кўринган алломаси бўлган. У киши икки юз минг ҳадисни ёд билган ва: «Яна бўлса, ёдлар эдим», деган.
Имом Жалолиддин Суютий қирқ ёшга кирганида ибодатга ажралди. Дунё ва унинг аҳлидан юз ўгирди. Фатво ва дарс беришни ҳам тўхтатди. Умрининг охиригача «Равзатул-Миқёс» деган жойдан чиқмай яшади.
Имом Жалолиддин Суютий 911 ҳижрий санада жумодул аввал ойининг ўн тўққизинчиси, жума куни саҳарда вафот этди. Аллоҳ таоло у кишини раҳмат айласин.
Имом Жалолиддин Суютий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ўн мингдан зиёд ривоятни келтириб, тўрт жилдлик «Таржиманул-Қуръан» деб аталган тафсир ёзган эди. Кейинроқ, одамларнинг кўплаб ривоятларни санади билан ўқишга ҳимматлари етмаётганини кўрганидан сўнг мазкур китобни мухтасар қилиб, «Ад-Дуррул-мансур фит-тафсир бил-маъсур» деб атади. Ушбу тафсир фақат ривоятларгагина суянган ягона тафсирдир.
Уламолар «Ад-Дуррул-мансур фит-тафсир бил-маъсур»да заиф ривоятлар ҳам борлигини алоҳида таъкидлайдилар.
«Ад-Дуррул-мансур фит-тафсир бил-маъсур» тафсири нашр қилинган ва ундан аҳли илмлар фойдаланадилар.
Иккинчи қисм – «Ат-Тафсир бир-ратьй».
Бу қисмда муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди ила тафсир қилади ва мазкур қисм иккига – жоиз ва жоиз эмасга бўлинади.
Жоиз бўлган раъй билан тафсир қилишда муфассир ишончли масдарларга суянган ҳолда жаҳолат ва залолатдан узоқ туриб, тафсир қилади.
Жоиз бўлмаган қисмда эса муфассир жаҳолат, бидъат ва залолат билан тафсир қилади, шунинг учун ҳам барча алломалар бу навдаги тафсирни ман қилганлар.
Раъй билан қилинган тафсирнинг мақбул бўлиши учун уламолар қуйидаги шартларни қўйганлар:
- Муфассир тафсирида ҳавойи нафсига берилиб, тафсирни ўз мазҳаби ёки ақийдасига мослаштириб олмаслиги шарт.
- Тафсир араб тили қоидаларига хилоф бўлмаслиги керак. Зотан, бу ишда араб тили асосдир.
- Тафсир ояти кариманинг сиёқига – оқимига қарши бўлмаслиги шарт.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган саҳиҳ ривоятга хилоф бўлмаслиги шарт.
Жоиз бўлган раъй билан қилинган тафсирлардан машҳурлари қуйидагилар:
- Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Фахриддин Розийнинг «Мафатийҳул-ғойб» тафсири.
Имом Фахриддин Розий 554 ҳижрий санада, Рай шаҳрида туғилди. У кишининг отаси Зиёуддин олим киши бўлиб, «Рай хатиби» лақабини олган эди. Имом Фахриддин Розий дастлабки сабоқларни отасидан олди. Кейин замонасининг кўзга кўринган алломаларидан дарс олиб, олим бўлди ва шуҳрати етти иқлимга таралди. Имом Фахриддин Розий ўз асрининг пешқадам алломасига айланди. Тафсир, калом, ақлий илмлар ва луғат илмида «имом» деб тан олинди. Шу билан бирга, у киши ўта моҳир хатиб ҳам бўлган. Араб ва ажам тилларида ваъз қилар эди.
Имом Фахриддин Розий ўзидан кейин турли соҳаларга оид кўплаб асарларни қолдирди. У кишининг таълифотларидан жуда кўплаб одамлар фойда олдилар ва олмоқдалар.
Имом Фахриддин Розий 606 ҳижрий санада, Рай шаҳрида вафот этди.
Имом Фахриддин Розийнинг «Мафатийҳул-ғойб» тафсирида илмий, фалсафий масалалар, хусусан, илми ҳайъатга ва муаллифнинг ҳаётлиги даврида тарқалган бошқа турли илмларга оид маълумотлар ҳам келган. Катта ҳажмдаги бу китоб саккиз жилддан иборатдир.
Имом Розий тафсирни батафсил қилган. Сураи «Фотиҳа»нинг тафсирининг ўзини алоҳида бир китоб дейиш мумкин. Кейинги суралар ҳам шунга ўхшаб кетган. Баъзи сураларнинг тафсири охирида мазкур суранинг тафсири қачон ниҳоясига етгани ҳам қайд этилган.
Имом Фахриддин Розий ўз тафсирида оят билан оят ва сура билан суранинг бир-бирига боғланишини баён қилишга алоҳида эътибор берган.
Имом Розий ўз тафсирида фалсафага кенг ўрин берган. У киши Аҳли сунна мазҳабида бўлгани учун тафсирида бу мазҳабнинг қавлини қўллаб, мухолифларнинг, хусусан, мўътазилийларнинг фикрларини қаттиқ танқид қилган.
Бу зот ўз тафсирида кези келганда фиқҳ, усул, наҳв ва балоғат илмларига ҳам алоҳида аҳамият берган.
Имом Фахриддин Розийнинг танқидчилари у кишини кўп илмларга берилиб кетиб, тафсирни чўзиб юборганликда айблайдилар.
Имом Розий ўзининг «Мафатийҳул-ғойб» деб номланган тафсири билан тафсир ёзиш ишининг муҳаддис ва адиблар тоифасидан усули фиқҳ ва усули дин уламоларига ўтишини бошлаб берган. Шундан кейин тафсир илми янги йўналишга тушди ва ривожланиб кетди.
- Имом Насриддин Абдуллоҳ ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Алий Байзовийнинг «Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» тафсири.
Имом Байзовий форс диёрида туғилиб, ўсган. Турли илмларда пешқадам бўлган. Шерозда қозилик қилган. Ёзган асарлари кўпчшшк уламоларнинг таҳсинига сазовор бўлган. Имом Байзовий 691 ҳижрий санада Табриз шаҳрида вафот топган.
У киши ўз замонасида кенг тарқалган илмларда пешқадам бўлган. Имом Байзовий калом илми, усули фиқҳ, Шофеъий мазҳаби фиқҳи, хадис ва бошқа соҳаларда китоблар ёзган. Айниқса, усули фиқҳ бўйича ёзган «Ал-Минҳаж» китоби ва унинг шарҳи, усулуд-дин бўйича ёзган «Ат-Товалиъ» китоби ва тафсир бўйича ёзган «Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» китоби жуда ҳам машҳур китоблардир. Ушбу уч китобни кўпчилик уламолар ўқиганлар.
Имом Байзовийнинг «Тафсирул Байзовий» номи ила машҳур бўлган «Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» тафсири катта шуҳрат қозонган. Муаллиф ўзининг бу китобида араб тили қонуни асосида тафсир ва таъвилни жамлаган. Далилларни Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида келтирган. Ҳар бир суранинг тафсири охирида унинг фазли хусусида собит бўлган ривоятларни келтирган. Аммо бу борадаги келтирилган ривоятлар ичида саҳиҳ эмаслари ҳам мавжуд.
Мутахассис олимларнинг таъкидлашларича, имом Байзовий «Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» тафсирида ўзидан аввалги икки катта ва машҳур тафсирлар – Замахшарийнинг «Кашшоф» ва Розийнинг «Мафатийҳул-ғойб» тафсирларидан кенг фойдаланган. Кўпчилик уламолар ушбу китоб ила тафсирдаги илмий йўналиш чўққисига етганини таъкидлайдилар.
«Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» тафсири ўзидан ол-динги тафсирларнинг фазилатларини ўзида жамлаган, улардаги нуқсонларни четлаб ўтган бўлгани учун кўпчилик томонидан жуда яхши қабул қилинган ҳамда асрлар оша аҳли илмларнинг тақдири ва таҳсинига сазовор бўлиб келган.
Аҳли илмлар бу тафсирни катта аҳамият билан ўрганганлар ва уларнинг ичида «Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» тафсирига ҳошия ёзганлар ҳам кўп. Мазкур ҳошияларнинг сони қирқдан ортиқ бўлиб, уларнинг ичида Қозизода ва Хафочиларнинг ҳошиялари энг яхшиларидан ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «Анварут-танзил ва ас-рорут-таъвил» тафсири энг мўътабар тафсирлардан бўлиб, Аллоҳнинг каломини фаҳмлашда ва унинг сирларини англашда беқиёс хизмат қилгандир.
З.ймом Жалолуддин Муҳаммад Маҳаллий ва имом Жалолуддин Абдурраҳмон Суютийнинг «Тафсирул Жалалайн» тафсирлари.
Ушбу китобнинг номини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, «Икки Жалолнинг тафсири» деган маъно чиқади. Зотан, бу тафсирни икки олим ёзган. Биринчилари Жалолуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Маҳаллий бўлиб, у киши ҳижрий 791-864 йиллар орасида яшаб ўтган. У киши ўз асрининг кўзга кўринган алломаларидан бўлган.
Имом Жалолуддин Маҳаллий қатъиятли ва бир сўзли одам бўлган. Аллоҳнинг йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмаган. Пухта ва шиддатли ваъзхон бўлган.
Иккинчилари Жалолуддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий ҳижрий 849-911 саналарда яшаб ўтган. Ўзига тақдим қилинган мансабларнинг ҳеч бирини қабул қилмаган. Фақат дарс бериш ва китоб ёзиш билан машғул бўлган. Тафсир, фиқҳ, калом, балоғат, наҳв, усул ва мантиқ каби илмларда машҳур бўлган. У кишининг ёзган китоблари кўпчилик уламоларнинг таҳсинига сазовор бўлган.
Имом Жалолуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Маҳаллий тафсир ёзмоқчи бўлганларида ўзининг қариб қолганини эътиборга олиб, Қуръони Каримнинг иккинчи ярми – Каҳф сурасидан Наас сурасигача тафсир қилишни ният қилган ва уни амалга оширган. Сўнгра Фотиҳа сурасини ҳам тафсир қилганидан кейин вафот этган. Шунинг учун бу тафсирнинг баъзи нашрларида Фотиҳа сураси китобнинг охирида келади.
Кўпчилик имом Жалолуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Маҳаллийнинг бу тафсирларини ўқиб, қойил қолади ва унинг тўлиқ бўлишини таклиф қилади. Шу билан бирга, имом Жалолуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Маҳаллийнинг услублари сакданиб қолиши ҳам мулоҳаза қилинади. Бу ишга ўн саккиз ёшли олим Жалолуддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий раво кўрилади. У киши ўзининг муқаддимасида айтишича, тафсирнинг иккинчи ярмини қирқ кунда ёзиб битиради.
Шундан кейин бу тафсир «Тафсирул Жалалайн» (икки Жалолуддиннинг тафсири) деб номланади.
Бу тафсир жуда ҳам фойдали манбадир. Унда қисқа иборалар билан улкан маънолар ифода этилган. «Тафсирул Жалалайн» энг кўп тарқалган ва энг кўп фойда берган тафсир сифатда жуда ҳам машҳурдир. Бу китоб ҳозиргача турли ҳажм ва услубларда кетма-кет нашр қилиниб келмоқда.
- Алоуддин Алий ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Бағдодийнинг «Тафсирул Хозин» тафсири.
Бу киши ҳижрий 678 санада Бағдодда тугалган бўлиб, лақаблари Хозин бўлган. «Хозин» сўзининг маъноси «хазиначи» деганидир. Имом Алоуддин Алий ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Бағдодийга бундай лақаб берилишининг сабаби, у кишининг, Дамашқ шаҳридаги Симайсотия хонақоҳи кутубхонасининг хазинадори бўлганликларидир.
Имом Хозин ёшлигидан катта уламолардан сабоқ олди. Хусусан, Дамашққа кўчиб келганидан кейин катта уламоларнинг мажлисларида бўлиб, уларнинг илм булоқларидан фойдаланди. Ўз замонасининг кенг тарқалган илмларини эгаллади. Кейинчалик турли соҳаларда муҳим китобларни таълиф қилди. Имом Хозин ўзидан кейин ажойиб китобларни қолдирди. Бу улуғ олим 701 ҳижрий санада Ҳалаб шаҳрида вафот этган.
У кишининг тафсири «Тафсирул Хозин» номи билан машҳур бўлса ҳам, аслида китобнинг номи «Лубабут-таъвил фи маъанит-танзил»дир. Бу китоб машҳур тафсирлар сирасига киради. Унда муфассир кўплаб ривоятларни келтирган бўлса ҳам, санадини зикр қилмаган. Қиссаларга берилиб кетгани ҳам мулоҳаза қилинган. Аммо яхши жиҳати шуки, агар қисса ботил бўлса, кўп ўринда ортидан унинг ботиллигини ҳам қайд этиб қўйган. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, имом Алоуддин Алий ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Бағдодий ўз тафсирини ёзишда имом Бағавийнинг тафсиридан кенг фойдаланган.
Имом Хозин ўзининг бу тафсирига беш фаслдан иборат катта муқаддима ёзган.
Уламолар «Лубабут-таъвил фи маъонит-танзил»нинг тафсирида исроилиёт қиссалари ҳам борлигини афсус билан айтадилар. Шунингдек, бу тафсирда фиқҳий, тарихий масалаларга ва ваъзга алоҳида эътибор берилгани таъкидланади.
Учинчи қисм – «Тафсири ишорий».
Бу қисмда муфассир оятнинг зоҳирий маъносига қарамай, уни махфий ишоралари тақозоси билан тафсир қилади. Бу фақат сулук ва тасаввуф арбобларининг услубидир.
Уламолар бу турдаги тафсир ҳақида ихтилоф қиладилар. Улардан бирлари уни жоиз, десалар, бошқалари жоиз эмас, дейдилар. Гапнинг хулосаси, қуйидаги бешта шартни ўзида мужассам қилган ишорий тафсир мақбул, дейиш бўлган:
- Қуръони Карим назми сиртига хилоф бўлмаслиги.
- Зоҳирга хилоф ўлароқ, ушбудан бошқа мурод йўқ, дея даъво қилмаслик.
- Ҳақиқатдан узоқ, аҳмоқона таъвил бўлмаслиги.
- Ақл ва шариатга хилоф бўлмаслиги.
- Уни қўллайдиган шаръий далил бўлиши.
Бу қисмга доир тафсирларнинг машҳурлари қуйидагилар:
- Имом Низомиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Ҳусайн Хуросоний Найсобурийнинг «Ғороибул Қуръан ва роғоибул Фурқон» тафсири.
Чўлоқ Наззом лақаби билан ҳам машҳур бўлган имом Найсобурий асли Қум шаҳридан бўлиб, Найсобурда униб, ўсган. У киши ўз замонасида тарқалган барча илмлардан хабардор бўлиб, айниқса тафсир, фиқҳ, ақлий илмлар, араб тили, иншо каби илмларда ниҳоятда пешқадам бўлган. Шунингдек, у зот парҳезкорлик ва тақвода, зуҳд ва тасаввуфда донг таратган.
«Имом Найсобурий ўзининг бу тафсирини имом Розийнинг тафсиридан мухтасар қилиб олган», дейдилар баъзи уламолар. Шу билан бирга, «Кашшоф» тафсиридан ва бошқа тафсирлардан ҳам муҳим маълумотларни қўшган.
Имом Найсобурий Розий ва Замахшарийдан кўчирибгина қолмайди, балки иккисини таққослайди ва кези келганда, танқид ҳам қилади.
Имом Найсобурийнинг «Ғороибул-Қуръан ва роғоибул-Фурқон» тафсири ибораларининг осонлиги билан ажралиб туради. Муфассир ўзининг бу китобида икки нарсага алоҳида аҳамият берган. Биринчиси – қироат ва вақфлар Иккинчиси – ишорий маънолар.
Найсобурий «Ғороибул-Қуръан ва роғоибул-Фурқон» тафсирида оятнинг зоҳирий маъносини баён қилиб бўлганидан кейин «Аҳли ишора дейди», деб туриб, ишорий маънони айтади. Мисол учун, сигирни сўйишга буйруқ ҳақидаги оятнинг ишорий маъносида: «Бу ҳайвоний нафсни сўйишга амрдир», дейилади.
- Шиҳобуддин Маҳмуд Олусийнинг «Руҳул-маъаний» тафсири.
Имом Олусий 1217 ҳижрий санада Бағдоднинг Карх тарафида туғилган. У киши ёшлигидан барча керакли илмларни қунт ва тиришқоқлик билан ўрганди. Ўн уч ёшида дарс бериш ва таълиф қилишни бошлади. Бир неча мадрасаларда дарс берди. 1248 йили у зотга Ҳанафий мазҳаби бўйича фатво бериш масъулияти юклатилди. Сўнгра Расофадаги масжид ёнида жойлашган ҳовлисида турли илмлардан дарс берди. Охир-оқибатда Имом Олусий барча илм ва ишларда пешвога айланди.
Имом Олусий ҳижрий 1252 йили ражаб ойида туш кўради. Унда Аллоҳ таоло у кишига осмонлар билан ерни бирлаштиришни ҳамда уларнинг бўйи ва энидаги ёриқларни беркитишни амр қилади. Китобларни кўриб, бу тушнинг таъбири тафсир ёзишга амр эканини англайди.
1252 йили фатво бериш фаолиятини тарк қилиб, Қуръони Карим тафсирини ёзишга киришади. Бу иш ўша йили Шаъбон ойининг ўн олтинчи кечасида бошланади. Имом Олусий ўшанда ўттиз тўрт ёшда эди. Тафсирни 1267 йили Рабиъул-охир ойидан ўн тўрт кун қолганда битиради ва пойтахтга бориб, уни султон Абдулмажидхонга кўрсатади. Бу тафсир султонга ниҳоятда маъқул келади. Бош вазир Алий Ризо подшоҳнинг маслаҳати билан тафсирга «Руҳул-маъаний фи тафсири Қуръанил Азими вас-сабъил-масаний» деган номни ихтиёр қилади.
Имом Олусий 1269 йили пойтахтдан қайтди. У киши кўп илмларда пешқадам бўлса ҳам, Ҳанафий мазҳабига кўп эътибор берар ва имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига иқтидо қилар эди.
Имом Олусий «Руҳул-маъаний» тафсиридаўзининг барча имкониятини, илмини ва ақлу заковатини борича ишлатган. У киши ўзининг бу китобида одамларга салаф ва халаф уламоларининг барча қавлларини саралаб, олий даражадаги омонат ва иноят билан келтирган. Имом Олусий бу китобни ёзишда ўзидан олдин ўтган машҳур тафсирчиларнинг китобларидан унумли фойдаланган.
Ақийда масаласида Аҳли сунна ва жамоа мазҳабини қўллаш билан бирга, шиа ва мўътазилалар каби мухолифларни қаттиқ танқид қилган. Фиқҳий масалаларда эса Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабини қўллаган.
Имом Олусий ёлғон қиссалар ва исроилиётларни аёвсиз танқид қилган. Қироатлар, сабаби нузул, оятлар ва суралар ўртасидаги боғланишларга ҳам алоҳида эътибор берган.
«Руҳул-маъаний» тафсирида муаллиф ўтганларнинг ва кейин келганларнинг қавлларини жамлаган, шу билан бирга, унда ишорий тафсирни ҳам унутмаган. Шунинг учун ҳам баъзи мутахассислар у кишининг тафсирини ишорий тафсирлар қаторига қўшганлар. Аслида эса бу тафсирни кўпчилик раъй билан қилинган тафсирлар сирасига қўшадилар. Имом Олусий 1270 ҳижрий санада Бағдодда вафот этган.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Мовароуннаҳрда тафсир илми;
Янги тафсирлар.
ЛУТ АЛАЙҲИССАЛОМ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Лут алайҳиссаломнинг исми шарифларини Қуръони Каримда 27 марта зикр қилган. У зотга тегишли ояти карималар Ҳуд, Ҳижр, Ҳаж, Шуаро, Намл, Анкабут, Сод, Қоф, Қамар, Таҳрим, Анъом, Аъроф, Анбиё ва ас-Саффот сураларида келган. Аллоҳнинг пайғамбарларининг машҳурларидан бўлмиш Лут алайҳиссалом Ироҳим алайҳиссаломнинг акалари Ҳороннинг ўғли бўлганлар. Аллоҳ таоло у зотни ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг вақтларида пайғамбар қилиб юборган. Яъни, Иброҳим алайҳиссалом Лут алайҳиссаломга амаки бўладилар.
Дастлаб Лут алайҳиссалом ҳам Иброҳим алайҳиссаломга иймон келтириб, у зотнинг йўлидан юрганлар. Бу ҳақда «Анкабут сурасида: «Бас, унга Лут иймон келтирди ва: «Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман. Албатта, У азиз ва ҳакимдир», деди». (26 оят)
Яъни, Иброҳим алайҳиссаломга Лут иймон келтирди. Аввал айтилганидек, Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломга жиян бўлар эди. Лут алайҳиссалом амакилари Иброҳим алайҳиссаломга иймон келтирган биринчи одам бўлдилар. Шунингдек, ўша пайтда Иброҳим алайҳиссаломга хотинлари Биби Сора ҳам иймон келтирган эдилар.
Тафсирчи уламоларимиз оятдаги:
«Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман» жумласини ким айтгани тўғрисида икки хил фикр билдирганлар. Баъзилари, бу гапни Лут алайҳиссалом айтган, десалар, кўплари, Иброҳим алайҳиссалом айтган, дерлар.
Нима бўлганда ҳам, Аллоҳга ҳижрат қилиш, дунёдаги барча нарсани ташлаб, Аллоҳ таолога томон интилиш туйғуси Иброҳим алайҳиссаломда ҳам, Лут алайҳиссаломда ҳам кучли бўлган. Аллоҳ таолонинг азиз-ғолиб, барчадан устун эканлигига ва ҳар нарсани ҳикмат билан қилишига ҳам уларнинг ишончлари юқори даражада бўлган. Ҳамма нарсадан кечиб, фақат Аллоҳни деганлари учун ҳам Аллоҳ таоло уларга барча яхшиликларни кутганларидан зиёда қилиб берган.
Кейинчалик, Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг изнлари билан Урдуннинг Садум деган жойига кетдилар.
Ҳа, Иброҳим алайҳиссалом у кишини сўлим яйловлари бор жойларга, Урдун дарёсининг шарқига жойлаштирдилар.
Шундай қилиб, Аллоҳ изни билан улар Ўлик денгиз ўрнидаги Садум номли шаҳар ва унинг атрофидаги аҳоли яшайдиган жойларда истиқомат қилдилар ва ўша ерлар аҳолисига Пайғамбар этиб юборилдилар.
ЛУТ ПАЙҒАМБАР БЎЛДИЛАР
Аллоҳ таоло «ас-Саффот» сурасида: Албатта, Лут ҳам юборилган Пайғамбарлардандир»,(133 оят) деб узотнинг пайғамбарликларини тасдиқлайди.
Шуаро сурасида эса пайғамбарлик ҳақидаги хабар Лут алайҳиссаломнинг ўзлари томонидан айтилади:
«Лут қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди». (160 оят)
Улар Ўлик денгиз яқинидаги шаҳар-қишлоқларда яшаганлар.
Ўшанда уларга биродарлари Лут деди: «Қўрқмайсизларми?! Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар. Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийн зиммасидадир». (161-164 оятлар)
ҚАВМНИ ИНСОФГА ЧАҚИРИШ
Лут алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келган Садум шаҳари аҳолиси дунёдаги энг ёмон гуноҳлардан бирига мубтало эдилар. Улар баччабозлик ила шуғулланар эдилар. Уларнинг пайғамбарлари Лут алайҳиссаломнинг бош вазифаларидан бири уларни шу қабиҳ ишдан қайтариш бўлди.
Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасида бу ҳақда қуйидагиларни айтади: «Ва Лутни (ҳам юбордик). Ўшанда у ўз қавмига: «Албатта, сиз ўзингиздан олдин ўтгани оламлардан ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қилмоқдасиз». (28 оят)
Яъни, биз Лутни ҳам Пайғамбар қилиб юбордик. Ўшанда у қавмига улар дунёда ҳеч ким содир этмаган фоҳиша ишни қилишаётганини айтди.
Бу фоҳиша иш нима экани ҳаммага маълум. Бу қавм жинсий бузуқликка берилган эди. Ушбу оятда мазкур бузуқликни Лут қавмидан олдин инсоният тарихида ҳеч ким қилмагани ҳам таъкидланмоқда. Кейинги оятда Лут алайҳиссалом мазкур фоҳиша ишни очиқ баён этадилар:
«Сизлар эркакларга яқинлик қилиб, йўлни кесасизми ва тўплантиларингизда мункир иш қилурмисиз?!» деди. Унинг қавмининг жавоби: «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади». (29 оят)
Лут алайҳиссалом қавмга уларнинг хатолари нақадар катта эканини англатишда давом этиб: «Сизлар эркакларга яқинлик қилиб, йўлни кесасизми ва тўплантиларингизда мункир иш қилурмисиз?!» деди.
Лут қавмининг қилган фаҳш амали эр кишининг эр кишига шаҳват ила жинсий яқинлик қилишидан иборат эди. Пайғамбар Лут алайҳиссалом бу ерда ўша амални эслатмоқдалар. Оятдаги «йўлни кесасизми» ибораси бошқа маънодан олингандир. Аслида «йўл кесиш» маъноси қароқчилик қилиш, одамларнинг йўлини тўсиб, озор бериш, молу мулкларини тортиб олиш маъноларини ифодалашда ишлатилади. Бу ерда эса, кишиларнинг йўлини тўсиб, фоҳиша ишга мажбур қилганларини англатиш учун ишлатилмоқда. Лут қавми бу ишга ўта мубтало бўлганидан, йўловчиларни тўсиб, зўрлаш даражасига бориб етган эдилар.
«...ва тўплантиларингизда мункир иш қилурмисиз?!»
Лут қавми бу ишга муккаларидан кетганликларидан тўп-тўп бўлиб олиб, очиқчасига қилишар эди. Улар на ўзларидан, на бошқалардан уялишарди.
Бу ишлари оддий фаҳш эмас, балки ўтакетган ёвузлик, инсонийлик доирасидан чиқиб кетишдир. Бундай даражага етган одамлар дарҳол тавба қилиб, ўзларини ўнгламасалар, оқибати ёмон бўлиши аниқ кўриниб қолган эди.
Шунинг учун ҳам Лут алайҳиссалом қавмларини юқоридаги гаплар билан бу йўлдан қайтишга даъват қилдилар. Хўш, қавм бу даъватга қандай жавоб берди?
«Унинг қавмининг жавоби: «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади».
Табиати бузилиб, ҳирсга берилган бу фоҳиша қавмга ўзларидан чиққан Пайғамбар Лут алайҳиссаломнинг даъвати заррача ҳам таъсир қилмади. Балки туғёнга кетган қавм ўз Пайғамбарига истеҳзо билан, агар гапинг рост бўлса, бизга Аллоҳнинг азобини келтир, дейишди. Бу ҳол Лут алайҳиссалом учун катта синов эди. Шаҳвоний лаззатга берилган қавмнинг иймон ва дину диёнат билан ҳам, Аллоҳнинг амри ва Пайғамбарнинг даъвати билан ҳам ҳеч қандай иши йўқ эди. Улар қилаётган гуноҳлари учун азоб келишидан ҳам қўрқмай қўйган эдилар. Ана ўшанда Лут алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога ёлборишдан бошқа чоралари қолмади.
«У: «Эй Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди». (30 оят)
Бу бузғунчи қавмга ҳеч қандай насиҳат, даъват фойда бермади. Энди, уларга қарши Аллоҳнинг Ўзи нусрат бермаса, бошқа илож йўқ эди.
НОБАКОР ҚАВМ ИЛА ТОРТИШУВНИНГ ДАВОМ ЭТИШИ
Ўтган қиссалар мазмунидан Пайғамбарлар ўз умматларига бир хил даъват ила келганини ва қавмлар эса, уларни турли ҳийла ва баҳоналар ила инкор қилганларини билиб олган эдик. Лут алайҳиссалом қиссаларида, у зот дафъатан ўз қавмларининг улкан қабиҳ ишлари–баччабозликларини қоралашга бошлайдилар.
Анъом сурасида Аллоҳ таоло бу ҳолатни қуйидагича васф қилади:
«Ва Лутни (юбордик). Унинг ўз қавмига: «Сиздан олдин оламларда ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қиласизларми?!
Албатта, сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қилмоқдасизлар. Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!» деганини эсла». (80-81 оят)
Дарҳақиқат, улар қилаётган фоҳиша ишни, умуман, бирор-бир оламда одам зоти қилмаган эди. Улар, умуман, инсонлик, жонзотлик табиатига зид ишни қилишни ҳаммадан бурун бошлаган эдилар. Бу ҳолни Лут алайҳиссалом:
«Албатта, сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қилмоқдасизлар», деб таърифламоқдалар.
Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсида яратди. Ҳар бирига ўзига хос аъзолар ва хусусиятлар берди. Жумладан, инсон наслини бардавом этиш учун ҳар бирини ўзига хос таносул аъзолари билан яратди. Инсон наслини эркак ва аёлнинг қўшилиши натижасида пайдо бўладиган қилди. Бу қўшилишдан икковлари ҳам табиий лаззат оладиган бўлдилар. Бунинг учун уларда зарур аъзолар–ҳис-туйғу, ҳужайралар ва шу каби анвойи моддаларни халқ қилди. Ушбу қўшилишдан ҳосил бўладиган лаззат ва рағбатга нисбатан бўлган қизиқишни фарзанднинг ғоят қаттиқ азоб билан туғилиши, унинг тарбияси каби машаққатларни ҳам унутадиган даражада қудратга айлади.
Аллоҳ таоло инсон зотини жинсий яқинлик йўли билан яратиб, унинг насли покиза йўл билан кўпайиб туришини ирода ва ҳаётий зарурат қилди. Бу йўлдан тажовуз қилганлар ва Аллоҳ иродасига зид бориб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қиладиганлар ақидаси бузуқ ва тубан кишилар ҳисобланадилар.
Шу боисдан мазкур қиссада худди шу фоҳишалик бош масала қилиб кўтарилади. Бинобарин, Лут алайҳиссалом бу ёруғ оламда ҳеч бир зот қилмаган улкан гуноҳга биринчи бўлиб қўл урган қавмларини:
«Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!» деб таърифламоқдалар.
Хўш, бу пасткаш қавм ўз Пайғамбарининг бу гапига нима деб жавоб қилди?
«Қавмнинг жавоби: «Уларни қишлоғингиздан чиқариб юборинг, чунки улар жуда ҳам покиза бўлаверадиган одамлар экан», дейишларидан бошқа нарса бўлмади». (82 оят)
Инсофни кўринг. Инсон табиатига мувофиқ иш қилган, ҳалолу пок бўлиб, бошқаларни покизаликка чақирган кишилар юртларидан ихрож қилинар эканлар. Уларнинг «айблари» битта–жуда ҳам покиза одам бўлганликлари. Инсонийлик қиёфасини йўқотган қавм шу даражага етар экан-да. Ўзлари инсоният бўйнига тавқи лаънат бўлиб осиладиган амалларни тап тортмай қилаётганлари етмаганидек, уларга ўхшашни хоҳламаган, инсонлигини йўқотмаган, Аллоҳнинг амрида юришга ҳаракат қилганларни покизаликда айблайдилар.
Бу доимо рўй бериб келаётган ҳол. Ҳозир ҳам ана шундай покиза зотларнинг кўплари ё қамоқда, ёхуд сургунда, жилла қурса, тазйиқ ва таҳдид остидадирлар.
ЛУТ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДУОЛАРИ
Табиати бузилиб, ҳирсга берилган бу фоҳишачи қавмга ўзларидан чиққан Пайғамбар Лут алайҳиссаломнинг даъвати заррача ҳам таъсир қилмади.
Балки туғёнга кетган қавм ўз Пайғамбарига истеҳзо билан, агар гапинг рост бўлса, бизга Аллоҳнинг азобини келтир, дейишди.
Бу ҳол Лут алайҳиссалом учун катта синов эди. Шаҳвоний лаззатга берилган қавмнинг иймон ва дину диёнат билан ҳам, Аллоҳнинг амри ва Пайғамбарнинг даъвати билан ҳам ҳеч қандай иши йўқ эди.
Улар қилаётган гуноҳлари учун азоб келишидан ҳам қўрқмай қўйган эдилар. Ана ўшанда Лут алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога ёлборишдан бошқа чоралари қолмади.
«У: «Эй Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди». (Анкабут сураси 30 оят)
Бу бузғунчи қавмга ҳеч қандай насиҳат, даъват фойда бермади. Энди, уларга қарши Аллоҳнинг Ўзи нусрат бермаса, бошқа илож йўқ эди.
АЗОБ ФАРИШТАЛАРИНИНГ КЕЛИШИ
Аллоҳ Лут алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Фоҳиша қавмни ҳалок қилиш учун фаришталарни юборди. Ўша фаришталарга йўл-йўлакай Иброҳим алайҳиссаломга фарзанд кўришлари ҳақидаги башорат-хушхабарни етказиш ҳам топширилган эди. Шу мақсад ила улар аввал Иброҳим алайҳиссалом ҳузурларига келдилар.
Бунинг тафсилотини «Анкабут» сурасидан ўрганамиз:
«Бизнинг элчиларимиз Иброҳимга хушхабарни келтиришганида: «Албатта, биз ушбу шаҳар аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз. Албатта, унинг аҳли зулм қилгувчилардан бўлдилар», дедилар». (31 оят)
Иброҳим алайҳиссалом билан фаришталар орасида бўлиб ўтган суҳбат тафсилоти бошқа сураларда келган. Бу ерда эса, сиёққа мос жиҳатларигина келтирилади. Лут алайҳиссалом Аллоҳдан нусрат сўраб, дуо қилган эдилар. У зотнинг дуосини Аллоҳ таоло ижобат қилганини ушбу оятдан билмоқдамиз.
Фаришталар Иброҳим алайҳиссаломга: «Албатта, биз ушбу шаҳар аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз», дедилар.
Яъни, Лут қавми истиқомат қиладиган Садум шаҳрини ҳалок этамиз. Бунинг сабаби унинг аҳли зулм қилувчи бўлганларидир.
«Албатта, унинг аҳли зулм қилгувчилардан бўлдилар», дедилар».
Ҳа, Аллоҳ йўллаган Пайғамбарнинг гапига кирмай, гуноҳ қилишда бардавом бўлишдан ҳам катта зулм борми ўзи?!
Жияни Лут яшаб турган шаҳарнинг ҳалок этилиши ҳақидаги хабарни эшитган Иброҳим алайҳиссалом дарҳол ташвишга тушиб савол бердилар.
«У: «Унда Лут бор-ку?!» деди. Улар: «Биз унда ким борлигини яхши билурмиз. Биз, албатта, унга ва унинг аҳлига нажот берурмиз. Магар унинг хотини ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир», дедилар». (32 оят)
Иброҳим алайҳиссалом бутунлай ҳалокатга учраши лозим бўлган шаҳарда Лут алайҳиссалом бор-ку, сизларга барибирми, ҳалок қилаверасизларми, деган маънода фаришталардан:
«Унда Лут бор-ку?!» деди.
Бу гапда савол аралаш эътироз бор эди. Фаришталар буни тўла тушунган ҳолда қониқарли жавоб бердилар:
«Улар: «Биз унда ким борлигини яхши билурмиз. Биз, албатта, унга ва унинг аҳлига нажот берурмиз», дедилар.
Яъни, ўша Садум шаҳрида ким борлигини яхши биламиз. Жумладан, Лут борлигини ҳам яхши биламиз. Эй Иброҳим, сен уни ўйлаб, безовта бўлма, биз, албатта, Лутга ва унинг аҳлига, яъни, унга иймон келтирганларга ҳалокатдан нажот берамиз.
«Магар унинг хотини ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир», дедилар».
Чунки у хотин жиноятчи қавмнинг ёнини оларди, уларнинг жиноятларини инкор этмасди.
Иброҳим алайҳиссалом билан бўлган суҳбатдан сўнг фаришталар Лут алайҳиссалом томон жўнаб кетдилар.
ФАРИШТАЛАРНИ ЛУТ АЛАЙҲИССАЛОМ ҲУЗУРЛАРИГА КЕЛИШЛАРИ
Мазкур хушрўй йигитлар шаклидаги фаришталар Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳузурларига қандоқ қилиб меҳмон шаклида кириб келган бўлсалар Лут алайҳиссаломнинг ҳузурларига ҳам шундоқ ҳолда кириб келдилар.
Бу ҳолатни «Анкабут» сурасида қуйидагича васф қилинади:
«Элчиларимиз Лутга келишганида, у улар сабабли маҳзун бўлди ва келишларидан юраги сиқилди. Улар: «Сен хавфсирама ва маҳзун ҳам бўлма, албатта, биз сени ва аҳлингни қутқаргувчилармиз. Магар хотининг ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир». (33 оят)
Лут алайҳиссаломнинг Аллоҳ юборган фаришталарни кўриб хафа бўлишларига сабаб бор эди. Аввалло, элчи-фаришталар навқирон, ҳуснли йигитлар қиёфасида келган эдилар.
Қолаверса, Лут алайҳиссалом уларнинг элчи-фаришталар эканидан ҳали-ҳануз хабар топмаган эдилар. Ёш ва чиройли меҳмон йигитларга жиноятчи қавм тажовуз қилиб, мезбон Лут алайҳиссаломни шарманда этишлари мумкин эди.
Шу сабабли Лут алайҳиссалом уларни кўриб маҳзун бўлдилар ва юраклари сиқилди.
Бу ҳолни сезган фаришталар у зотга тасалли бериб:
«Сен хавфсирама ва маҳзун ҳам бўлма», дедилар.
Улар Лут алайҳиссаломни хотиржам этиб, нима иш қилишларини айтдилар.
«...албатта, биз сени ва аҳлингни қутқаргувчилармиз», дедилар.
Яъни, шаҳар аҳолисининг ҳаммасини ҳалок қиламиз, аммо сени ва сенинг аҳлингни ҳалокатдан қутқарамиз «Магар хотининг ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир», дедилар».
Яъни, у сенинг хотининг бўлса ҳам, ҳалок қиламиз.
Сўнгра фаришталар сўзларида давом этиб дедилар:
«Албатта, биз ушбу шаҳар аҳолиси бошига фосиқлик қилганлари туфайли осмондан азоб туширгувчимиз», дедилар». (34 оят)
Аллоҳ таоло бу қавмни қилмишига яраша жазолади.
ЖИНОЯТЧИ ҚАВМ ҲАЛОКАТИ
Жиноятчи қавмнинг жазоланиши қандоқ бошланганини «Қамар» сурасидаги ушбу ояти карима баён қилиб беради:
«Улар ундан меҳмонларини топширишни сўрадилар. Бас, кўзларини кўр қилдик. Менинг азобим ва огоҳлантиришларимни тотиб кўрсинлар». (37 оят)
Аввал ҳам айтилганидек, маълум ва машҳур бўлганидек, Лут қавми ўзларидан олдин ҳеч ким қилмаган қабиҳ жиноятни, эркакларнинг ўзаро жинсий алоқа қилиш жиноятини қилишга мубтало бўлган эди.
Бу борада иш шу даражага бориб етдики,
«Улар ундан меҳмонларини топширишни сўрадилар».
Жиноятчи қавм ўз Пайғамбарлари Лут алайҳиссаломдан у кишининг ҳузурларига меҳмон бўлиб келган ёш йигитларни фоҳиша иш қилиш учун ўзларига топширишни талаб қилдилар.
«Бас, кўзларини кўр қилдик».
Ана ўшанда Биз мазкур фоҳишачи қавмнинг кўзини кўр қилдик.
«Менинг азобим ва огоҳлантиришларимни тотиб кўрсинлар».
Аллоҳнинг амрига исён қилишнинг оқибати нима бўлишини билиб қўйсинлар.
Лут алайҳиссаломнинг хонадонларига ёш, хушрўй йигитлар билан баччабозлик қилиш ниятида у зотнинг уйларига ёпирилиб келган жиноятчи қавм меҳмонлари ўзларига топрилишларини талаб қилди. Пайғамбар алайҳиссалом қавмни бу жиноий мақсаддан қайтаришга кўп уриндилар, ҳеч фойда бермайди.
Йигитлардан бири ташқарига чиқди ва баъзи бир ҳаракатлар қилди. Шунда фоҳишакор қавмнинг кўзлари кўр бўлиб қолди ва тумтарақай бўлиб, келган жойларига қайтиб кетиш учун йўл ахтариб қолишди.
Ана шундан кейин меҳмонлар ўз ҳақиқатларини ошкор қилдилар:
Гап шу ерга етганда фаришталар ҳақиқатни ошкор қилдилар:
«Улар: «Эй Лут, биз Роббингнинг элчиларимиз, булар сенга ҳаргиз тега олмаслар. Бас, кечанинг бир бўлагида аҳлинг ила юргин ва сизлардан хотинингдан бошқа ҳеч ким ўгирилмасин. Чунки уларга етадиган мусибат у(аёл)га-да етгувчидир. Уларга тайин қилинган вақт, субҳдир. Субҳ яқин эмасми?!» дедилар». (Ҳуд сураси 81 оят)
Ёш йигитлар камқувват, ўзларини ҳимоя қила олмайдиган меҳмонлар эмас, балки Аллоҳнинг элчилари-мазкур жиноятчи қавмни ҳалок қилиш учун юборилган қувватли фаришталар эди.
Улар Лут алайҳиссаломга у киши мустаҳкам паноҳда-Аллоҳ таолонинг ҳимоясида эканликларини эслатдилар:
«Улар: «Эй Лут, биз Роббингнинг элчиларимиз, булар сенга ҳаргиз тега олмаслар».
Яъни, золим қавмдан ҳеч қўрқма, улар сенга ҳеч қачон заррача зарар еткиза олмайдилар. Буни сенга биз-Роббингни элчилари айтмоқдамиз, дедилар.
Сўнгра эса, у зот алайҳиссаломга қутулиш йўлини ўргатдилар:
«Бас, кечанинг бир бўлагида аҳлинг ила юргин ва сизлардан хотинингдан бошқа ҳеч ким ўгирилмасин».
Демак, кўрсатма бўйича Лут алайҳиссалом аҳлларини олиб, кечанинг бир бўлагида диёрларини ташлаб чиқишлари керак эди. Кечаси улардан ҳеч ким қолмай чиқиб кетиши керак эди. Тонггача улгуриш керак эди.
Лут алайҳиссаломнинг аҳлидан фақат бир киши-у зотнинг хотинлари қолиб кетади. Ё чиқмай, шаҳарда қолиб ёки кетаётиб ўгирилиб ортда қолиб, балога гирифтор бўлишига Аллоҳнинг ҳукми чиққан эди.
Бунинг сабабини ояти каримада:
«Чунки уларга етадиган мусибат у(аёл)га-да етгувчидир», деб баён қилинмоқда.
Шунинг учун у аёл қавм билан бирга ҳалок бўлади.
Бу аёл улуғ Пайғамбарнинг жуфти ҳалоли бўлишига қарамай, гуноҳкорлик қилгани учун золим қавмга қўшилиб ҳалок бўлишини Аллоҳ таоло ирода қилган эди. Ҳалок бўлиш вақти ҳам Аллоҳ таоло томонидан белгиланган.
«Уларга тайин қилинган вақт, субҳдир».
Эътибор ва мулоҳаза ила қараладиган бўлса, кўп ҳалокатлар субҳ вақтида юз бериши маълум бўлади. Бу пайтни Аллоҳ таоло баракали қилиб қўйган. Лекин гуноҳкор ва кофир қавмлар кечаси билан гуноҳ ишларни қилиб, айни тонг-субҳ чоғида ғафлат уйқусига кетган бўладилар.
«Субҳ яқин эмасми?!» дедилар».
Албатта, яқин.
«Амримиз келган пайтда у ўлкани остин-устун қилдик ва устидан кетма-кет сопол тошларни ёғдирдик.
Уларга Роббинг ҳузурида белги қўйилган эди ва улар золимлардан узоқ эмасдир». (Ҳуд сураси 82-83 оятлар)
Яъни, ўша золим қавм яшаган ўлкани ҳалок қилиш ҳақидаги
«Амримиз келган пайтда у ўлкани остин-устун қилдик».
Мазкур диёрнинг номи Садум бўлиб, ривоятларда келишича, Аллоҳнинг амри ила фаришталар Садумни борлигича кўтариб чаппа айлантириб қўйганлар. Яъни, ернинг остини устига айлантириб қўйганлар. Садум бутун аҳолиси ва бор-йўғи ила ер остига кўмилган. Фақиҳлардан, Лут қавмининг жиноятини қилганларни, яъни, баччабозлик ила шуғулланганларни ётқизиб туриб устидан деворни йиқитиш керак, деганлар ва бу ҳукмларига айнан шу ҳолатни далил қилиб келтирадилар.
Аллоҳ таоло яратган соф инсоний табиатга тамоман зид иш қилган бундай нобакорларга бу ҳам оз. Шунинг учун Аллоҳ таоло:
«ва устидан кетма-кет сопол тошларни ёғдирдик», демоқда.
Яъни, Садум остини устига қилиб туриб, яна устидан кетма-кет сопол тошлар ёғдирдик. Биз «сопол» деб таржима қилган маъно оятда «сажжил» лафзи ила келган. Бунинг маъносини бир сўз билан англатиб бўлмайди. Луғат уламолари бу сўзнинг маъноси ҳақида лойи қаттиқ қотиб қолган тош, ҳам деганлар. Баъзи уламоларимизнинг баён қилишларича, Лут қавми истиқомат қилган диёрлар беш шаҳар-қишлоқдан иборат бўлган, уларнинг каттаси Садум деб номланган. Аллоҳ таоло уларнинг барчасини остин-устин қилиб ташлаганидан сўнг, устидан лойи қотиб қолган тош ёғдирган.
«Уларга Роббинг ҳузурида белги қўйилган эди».
Яъни, тошларга белги қўйилган эди. Уламоларимиз айтишларича, ким ўлиши керак бўлса, ўша одамнинг исми ёзилган тош унга тегиб ўлдирар экан. Ўлка остин-устин қилинганида ўлмай тирик қолганларни ўша тошлар қувиб етиб уриб ўлдирган.
«ва улар золимлардан узоқ эмасдир».
Яъни, тошлар золим қавмларга жуда яқиндир. Золимлар у тошлардан қочиб қутула олмаслар.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳи ушбу тош билан ўлдирилганларни ҳужжат қилиб, Лут қавми амалини қилганларнинг ҳукми, олдин баланд жойдан улоқтириб, кейин тошбўрон қилишдир, деганлар.
Машҳур муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимни Лут қавмининг амалини қилаётган ҳолда топсангиз, қилувчини ҳам, қилинувчини ҳам ўлдиринг», деганлар.
Шу ерга келганда Иброҳим алайҳиссалом, Лут алайҳиссалом ва у кишининг қавми қиссаси охирига етади. Бу қисса ҳам, аввалгиларига ўхшаб, ваъз-насиҳат ва ибратларга бой.
Шунингдек, унда осий, гуноҳкорларга эслатма, таҳдид бор.
Мулоҳаза қилсак, бу қиссада аввалги қиссаларга ўхшаб гап бевосита иймон ҳақида, Пайғамбар, унга келган илоҳий ваҳийни инкор қилиш ва унинг оқибатлари ҳақида бормайди. Балки, иймонсизлик туфайли жамиятда тарқаладиган ижтимоий касаллик ва унинг оқибатлари ҳақида айтилади.
Бу касалликлар ҳам иймонсизлик оқибатида, Аллоҳнинг амрига, Пайғамбарининг кўрсатмаларига юрмаслик оқибатида келиб чиқаётган эди. Аллоҳ таоло уларни хоҳлаган пайтда ҳалок қилиши мумкинлигини эслатиб қўймоқда.
манба: islom.uz