www.muslimuz
Хорижлик тадқиқотчилар учун катта имконият ва рағбат
Аввал хабар берганимиздек, куни кеча Президетимиз “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади.
Марказнинг асосий вазифаларидан бири ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказишдир.
Эътиборлиси, қарор билан хорижий тадқиқотчилар ва изланувчилар учун Имом Мотурудий номидаги халқаро стипендия ҳам таъсис этилди.
Ушбу халқаро стипендияга номзодлар Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти билан боғлиқ изланишларни амалга оширувчи хорижий тадқиқотчи ва изланувчилар орасидан саралаб олинади.
Мазкур халқаро стипендия совриндорларининг Ўзбекистондаги илмий изланишлари халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантлари ҳисобига молиялаштирилади.
Ушбу халқаро стипендия хорижий тадқиқотчи ва изланувчиларнинг Имом Мотуридий бобомизнинг илмий меросини чуқур ўрганиб, динимизнинг асл таълимотларини бутун дунёга ёйишига ва провардида юртимиз нуфузини янада кўтаришига катта туртки ва рағбат бўлади, инша Аллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати
Хушхабар: Масжидлар сони 2071 тага етди
Шу йил 12 август куни Тошкент вилоят Адлия бошқармаси томонидан Олмалиқ шаҳри «Эвалак» МФЙ Фахрийлар кўчаси 50-уйда жойлашган «Ҳилол» масжиди давлат рўйхатидан ўтказилиб, унинг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома топширилди.
Таъкидлаш жоизки, шу кунга қадар 150 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Олмалиқ шаҳрида битта масжид фаолият кўрсатаётган эди.
Мазкур масжид очилиши билан Тошкент вилоятидаги масжидлар сони 225 тага , Республикамиздаги масжидлар сони эса 2071 тага етади.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни халқимизга муборак айласин, тоату ибодатларни бардавом қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Қалбаки тақвим харид қилишдан сақланинг!
Шу кунларда юртимизнинг айрим ҳудудларида ҳижрий 1442 йил учун (милодий 2020-2021 йил) мўлжалланган намоз вақтлари тақвим китобининг қалбаки нусхаси тарқатилаётгани кузатилган.
Таъкидлаймизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари томонидан шакллантирилган, соҳа мутахассислари ва астрономия институти билан мувофиқлаштирилган ҳақиқий намоз вақтлари тақвим китоби айни пайтда Диний идора ҳузуридаги “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этиш жараёнидадир.
Шу йилнинг 20 август санасидан тақвим китобини сотувга чиқариш режалаштирилган. Ушбу тақвим китобига Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси ҳам олинган.
Мўмин-мусулмонларни огоҳ этамизки, намоз вақтида фарз эканини инобатга олган ҳолда ҳақиқий намоз вақтлари тақвим китобини харид қилишингиз жуда ҳам муҳимдир. Шариатимиз таълимотида намоз вақтлари Қуёшнинг чиқиши, қиёмга келиши ва ботиши ҳолатлари билан боғлиқлиги алоҳида таъкидланган. Диний идора томонидан чоп этилаётган тақвим китобида айнан мана шу жиҳатларга катта эътибор қаратилган.
Қалбаки тақвимдаги намоз вақтларининг тўғри эканига ҳеч ким кафолат бермайди.
Эслатиб ўтамизки, Диний идора томонидан чоп этилган тақвим китобининг муқова қисмида ҳақиқийлигини ифода этувчи махсус ҳимоя белгиси мавжуддир.
Азиз ўқувчилар, ишончли, мазмундор ва ҳар томонлама сифатли тақвимни 20 августдан кейин республикамиздаги барча китоб дўконларидан харид қилинг.
Нашриётнинг ўзидан ҳам харид қилсангиз, янада қулай нархларда олишингиз мумкин.
Мурожаат учун телефон: 71-240-05-19
“Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди
Кейинги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам катта ўзгаришлар ва ислоҳотлар бўляпти. Буни биз сўнги уч ярим йил ичида муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан ташкил этилган илм-маърифат масканлари мисолида яққол кўришимиз мумкин. Улар қаторига Имом Бухорий ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказларини киритишимиз мумкин.
Бугун ҳам ана шу эзгу ишлар давом этмоқда. Жорий йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида ташкил этилди. Шунингдек, Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия таъсис этилди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш;
- ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг афкор оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш;
- Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси ва унинг тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялаш;
- “жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халқимиз, айниқса, ёшларга етказишдан иборат экани қайд этилди.
Ҳужжатда Марказ ҳамда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилоти (ICESCO)га аъзо мамлакатлар ва бошқа давлатларнинг махсус муассасалари, университетлари ўртасида самарали халқаро ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш бўйича аниқ чоралар белгиланди.
Шунингдек, Қарорда “Эл-юрт умиди” жамғармаси мунтазам равишда Марказ илмий ходим ва тадқиқотчиларининг хорижда амалиёт ўташи ва стажировкасини ташкил этиш бўйича амалий чораларни кўриши қайд этиб ўтилди.
Юртимизда бу каби нуфузли дорулфунуннинг ташкил этилиши орқали Имом Мотуридий ва унинг издошларининг мусулмон оламидаги машҳур асарлари ўзбек тилига таржима қилинади ва халқимизга етказилади. Юртимиз мотуридийшунос олимлари хорижий мамлакатларда ўтказиладиган халқаро конференцияларда иштирок этадилар. Марказ муассислигида “Мотуридийлик” маънавий-маърифий, илмий-адабий журнали нашр этилади.
Келгусида “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида конференция ва семинарлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, дунё қўлёзма фондларида сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид қўлёзма асарлар нусхалари жамланади ҳамда уларнинг каталоги яратилади. Йиғилган малумотлар асосида мотуридийлик таълимотига оид энциклопедия тайёрланади.
Яна қувонарлиси ўзбек ва жаҳон кино ихлосмандлари учун Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар тайёрланади.
Қайд этиш керакки, бугунги кунда дунёда мавжуд 1,9 млрд мусулмон аҳолининг 38% ёки 726 миллиони мотуридийлик таълимотига амал қилади. Улар Покистон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Россия каби 20 га яқин давлатда истиқомат қилади.
Бир сўз билан айтганда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичи сифатида улуғ аллома аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илми меросини чуқур тадқиқ этиш, халқимиз, хусусан, ёшларимизни эзгу умуминсоний ғоялар, муқаддас динимизнинг илм-маърифат, ҳалол-поклик, юксак ахлоқ ва эзгулик таълимоти асосида тарбиялаш имконини беради.
Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ёлғон хабар бўйича РАСМИЙ ХАБАРНОМА
Шу йил 8 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига гўёки номзодлар кўриб чиқилиб, Azon.uz сайти таъсисчиси Мубашшир Аҳмад маъқулланди, деган мазмундаги хабар сохта ва мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди.
Мазкур асоссиз хабар тарқалган заҳотиёқ, Azon.uz таҳририяти ушбу хабар нотўғри экани, унга кўр-кўрона ишониб кетмасликка чақириб, раддия эълон қилди.
Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида Усмонхон Алимов ҳазратлари фаолиятларини давом эттирмоқдалар.
Биз, фазилатли муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига узоқ йиллар мўмин-мусулмонларимиз хизматида бардавом бўлишларини Аллоҳ таборака ва таолодан сўраймиз.
Аҳоли орасида асоссиз ва ёлғон хабар тарқатиш Ислом дини таълимотларига кўра, қаттиқ қораланади, қонунчиликда эса жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтамиз.
Ўз навбатида мўмин-мусулмонларни мана шундай фитна ва иккиланишларга сабаб бўладиган ёлғон хабарларни тарқатмасликка чақирамиз.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати