www.muslimuz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Одоб-ахлоқ комиссиясининг навбатдаги йиғилиши тўғрисида ахборот
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда баъзи имом домлаларнинг диний эътиқод мавзусида билдирган фикрлари турли муҳокамаларни келтириб чиқарди.
Таъкидлаш жоизки, алоҳида диний ходимларнинг шахсий фикри Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий муносабатини ифода этмайди.
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этишни Ўзбекистон мусулмонлари идораси доимо қўллаб-қувватлайди. Айни вақтда диний соҳа ходимлари ҳам ўрнатилган қонун-қоидаларга сўзсиз амал қилиб келадилар ва шундай бўлиб қолади.
Аввал маълум қилинганидек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ички меъёрий ҳужжатлари ва буйруқларида диний соҳа ходимларига жамоат олдида, оммавий ахборот воситаларида салбий мазмундаги кескин мунозараларга сабаб бўлувчи чиқишлар қилмаслик талаби қатъий белгиланган.
Зеро, меҳроб муқаддас жой бўлиб, бу ерда воизнинг шахсий талқини асосида билдирилган фикрлар диндорлар томонидан фатво сифатида қабул қилинади.
Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Одоб-ахлоқ комиссияси чақирилиб, сўнгги вақтда ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалалар кўриб чиқилди. Йиғилишда имом-хатибларга жамиятда ихтилоф келтириб чиқарувчи мавзуларни масжид меҳробида туриб муҳокама қилмаслик, ваъз-насиҳатларда одоб-ахлоқ, диний-маърифий қадриятларни асраб-авайлаш, ибодатларни тўғри ва мукаммал адо этиш бўйича мўмин-мусулмонларга йўл-йўриқ кўрсатиш ҳақида тушунтириш берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги барча масжид ходимлари эл-юрт манфаати ва фаровонлиги йўлида муқаддас динимиз буюрган амри маъруф ва наҳйи мункарда, жумладан, жамиятда учраб турадиган айрим ижтимоий иллатларга қарши маърифий тарғибот олиб боришда бардавом эканини маълум қилади ҳамда ушбу йўналишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик муносабатлари мавжудлигини таъкидлайди.
Бунинг ёрқин далили сифатида шу кунларда таниқли уламоларимиз Тошкент шаҳридаги масжидлар ва бошқа турли ташкилотларда амалга ошираётган маърифий-тарбиявий суҳбатларни мисол келтириш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси диний соҳа ходимларини жамоавий ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда амалдаги қонунчиликка риоя этишга, амри маъруф ва наҳйи мункарни Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари асосида олиб боришга чақиради. Фуқаролардан эса бундай мавзуларни ғаразли мақсадларда ижтимоий тармоқларда оммалаштирмасликни сўрайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Тинчлик ва хотиржамлик қалб билан англаб, кўз билан кўриб қадрланадиган неъмат
Бағрикенглик ва тоқатлилик, тенглик ва адолатни таъминлаш дунё давлатлари ва халқаро ташкилотлар фаолиятининг бугунги кундаги асосий масалалари қаторидан жой олди. Бу эса, инсоният томонидан тинчлик ва хотиржамлик бирламчи ҳаётий эҳтиёж, тараққиётни таъминлашнинг зарурий шарти экани англаб етилаётганидан далолат.
Айни пайтда, тинчликни таъминлаш йўлида ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммолар мавжудлигини, барқарор ҳаётни издан чиқаришга қаратилган янги шакл ва мазмундаги таҳдидлар пайдо бўлаётганини ҳам қайд этиш зарур. Таъкидлаш жоизки, давлатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг умумэътироф этилган умуминсоний қоидалар асосида ташкил этилиши тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг энг тўғри ва самарали йўлидир.
Аммо турли зиддиятларни келтириб чиқариш ва шу йўл билан ўз мақсадига эришишни кўзлайдиган кучлар борлигини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Бу эса, ҳар бир ақли расо кишидан доимо огоҳлик ва ҳушёрликни, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз ва теран нигоҳ билан қарашни талаб этади.
Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.
Дарҳақиқат, исломда тинчлик бебаҳо неъмат, деб саналади. Шунинг учун ҳам, Қуръони карим оятлари тинчлик учун курашга даъват қилади. Хусусан, “Бақара” сураси 208-оятида: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!..”, дейилади. Оятдаги “ёппасига” сўзи тафсир китобларида келтирилишича, бир томондан, барча инсонларнинг бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутиши лозимлиги, иккинчи томондан эса, унинг барқарорлигини таъминлаш учун қандай йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлигини билдиради.
Шу билан бирга, Аллоҳ таолонинг “У (ер)га соғ-саломат, тинч-омон кирингиз!” (Ҳижр, 46), деган оятида жаннат аҳлининг абадий ҳаёти тинчлик, осудалик ва саломатликда кечиши таъкидланган. Демак, бу оят бизга тинчлик ва омонлик нафақат бу дунёда қадрли, балки жаннатда ҳам жуда улуғ неъмат эканини ҳамда ер юзи инсониятнинг фаровон, ўзаро тотув ва ҳамжиҳат яшаши учун яратилганини билдиради.
Ислом динида тинчликни улуғлаш комил мўминликнинг муҳим белгиларидан бири. Тинчликни қадрлаш, осойишта ҳаёт учун шукроналик уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашнинг зарурий шарти ҳисобланади. Ислом таълимотида масаланинг бу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор берилган. Хусусан, Қуръони каримда “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро, 83), деб қайд этилгани фикримиз исботи бўла олади.
Аслида бу оят ношукрлик ҳамда унинг оқибати — умидсизлик ҳақида бўлса-да, мазмунидан улуғ неъмат бўлган эл-юрт тинчлиги, халқ хотиржамлигини қадрлаш, асраб-авайлаш, унга путур етказишдан сақланиш зарурлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Бу масала ҳадисларда ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Жумладан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларидан бирида: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”, дейилади. Ушбу ҳадис Аллоҳ таолонинг улуғ неъматлари — тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етиш, ҳушёр ва эътиборли бўлишга чақиради. Зеро, лоқайдлик, эътиборсизлик, бефарқлик, ношукрлик эмас, балки берилган неъматни эътироф этиш, унинг қадрига етиш, эъзозлаш, асраб-авайлаш шукроналик моҳиятини ташкил этади.
Тинчликка рахна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, тоифаларга бўлиниб, ўзаро низолашишнинг қораланиши ҳам исломнинг тинчлик ҳақидаги таълимоти асосини ташкил этади. Хусусан, Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сураси 9-оятидаги ўзаро низоларни ярашиш, келишиш йўли билан ҳал этиш, жамиятдаги тинчликка таҳдид қилишда, тажовузкорлик ва зўравонликда давом этадиганларга нисбатан қатъий ва тезкор чоралар кўриш зарурлиги қайд қилинганини таъкидлаш муҳимдир.
Қуръони каримдаги “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида, 2), деган оят ҳам юқоридаги мулоҳазанинг ўринли эканини кўрсатади.
Халқ орасида фитна қўзғатиш, туҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, бундай ҳаракатлар исломнинг моҳиятига мутлақо зид экани Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 191-оятидаги “Фитна қотилликдан ҳам ёмонроқдир”, деган кўрсатма ҳамда “Нур” сурасининг 11-21-оятларида миш-миш тарқатганлар учун бу дунё ва охиратда тайинланган жазолар ҳақида хабар берилиб, унга ишонганлар ҳам қаттиқ маломат қилингани ҳақидаги қайдлар юқоридаги фикрларнинг тўғри эканини тасдиқлайди.
Тинчликни сақлаш учун ҳар бир киши масъул, уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш учун ҳар ким ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Хусусан, ҳалол меҳнат билан сифатли ва мўл ҳосил етиштирган деҳқон, одамлар ёки юкларни қоидаларга амал қилган ҳолда бешикаст, эсон-омон ўз манзилига етказиш оддий ҳайдовчининг барқарорлик ва осуда ҳаётни мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Жумладан, Қуръони каримда: “Агар мўмин бўлсангиз (билиб қўйингизки), Аллоҳнинг (ҳалол касбдан) қолдиргани сизлар учун яхшидир. Мен эса, сизларга (бойликларингизга) қўриқчи эмасман” (Ҳуд, 86), дея қайд этилган. Бу оят билан ҳалол меҳнат, пешона тери билан орттирилган бойликнинг фойдали экани ҳамда ҳалолдан топилган бойликнинг баракали бўлиши ҳақида баён этилмоқда. Шу билан бирга, хоҳ моддий, хоҳ маънавий бойлик бўлсин унинг қўриқчиси — ҳалол касб, ҳалол меҳнат экани таъкидланмоқда. Демак, ўз касби ва бурчига виждонан ёндашиш тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг зарурий шарти ҳисобланади.
Қўшнилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, самимият ва дўстлик осойишта ҳаёт, юрт тинчлигини таъминлаш асосидир. Зеро, қўшнилар ўртасидаги шодлик маҳалладаги аҳилликка, ўз навбатида, бу юрт тинчлигига замин яратади. Шунинг учун ҳам, исломда қўшничилик муносабатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳақда Қуръони каримнинг “Нисо” сураси 36-оятида шундай дейилади: “Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю, бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.
Ҳадисларда ҳам “Қўшниси унинг ёмонликларидан омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди”, деб таъкидланади. Демак, инсон қўшнилари билан тинч-тотув ва ўзаро меҳр-оқибатли ҳаёт кечириши, унинг икки дунё саодатига эришишига сабаб бўлади.
Юқоридаги каби даъватлар айрим ҳудудларда нотинчлик, беқарорлик, хунрезлик ва худкушликлар ҳукм сураётган ҳозирги даврда мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикни таъминлаш ўз-ўзидан бўлмаётганини англашга, ўзаро янада иноқ ва аҳил бўлиб яшашга ундайди.
Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш тинчликни таъминлаш, турли кўнгилсизлик ва хавфу хатарларнинг олдини олишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло тафаккур қилмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмайдиган, бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида қайғурмайдиган, бепарво ва беғам кимсаларни “Аъроф” сурасининг 179-оятида: “...Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”, деб таърифлайди.
Ислом оламининг эътиборли уламолари томонидан мўътабар манбалар асосида берилаётган раддияларни тан олмаётган турли йўналиш ва фирқаларнинг аъзоларини ҳам юқоридаги оятда келтирилган кимсаларга қиёслаш мумкин.
Тинчликни улуғ неъмат, деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган.
Юқоридаги мулоҳазалар якунида яна бир ҳолатни алоҳида қайд этиш лозим. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “Алҳамдулиллаҳ”, дейиш билан адо этилса, айрим неъматларнинг шукрини ҳам маънан, ҳам амалий ҳаракатлар билан намоён этиш талаб этилади. Исломда тинчлик ана шундай шукр талаб қиладиган неъматлардан ҳисобланади.
Акмалхон АҲМЕДОВ,
исломшунос олим
ТЎРТ МАЗҲАБДАН БОШҚА ЮЗЛАБ МАЗҲАБЛАР БОРМИ?!
«Мазҳаблар 4 та эмас, мазҳаблар кўп!», деган гап, аслида, сўз ўйинидан бошқа нарса эмас!!!
Қани, ўша 4 тадан бошқа мазҳаблар?!
Тўрт мазҳабнинг ҳар бирида минглаб китоблар ёзилган. Шулардан ўртачароғида 30-40 минг шаръий ҳукм баён қилинган бўлади.
Қани, сиз Имом Саврий ёки Имом Aвзоийнинг мазҳаби бор десангиз, бизга юқоридагининг ўндан бирини – уларнинг мазҳабидаги 3-4 мингта ҳукмни санаб беринг-чи?! “Бухорий”дан шуни санаб бера оласизми?!
Уларнинг мазҳабига эргашган 20 та олимни санаб бера оласизми?!
Ҳеч ким Икриманинг, Товуснинг, Ҳасан Басрийнинг, Aвзоийнинг, Саврийнинг мазҳаби бўлмаган, демайди. Балки «сақланиб қолмаган» (!) дейди.
Қадимгиларнинг қавлларини энг яхши жамлаган китоблар Ибн Aбу Шайбанинг “Мусаннаф”лари, Имом Таҳовийнинг “Ихтилоф ул-уламо” китоблари (асли йўқолган, бироқ, Жассоснинг унга қилган “Мухтасар”и ва ундан фойдаланган Ибн Қудоманинг “Муғний”си кабилар сақланган), Ибн Мунзирнинг “Aвсат” китоби. Бироқ, бу асарларда ўша олимлар ўша фатвода қолганмилар, далиллари нима бўлган, ўша фатво учун шартлари, қайдлари бўлганми, бу нарсаларни тўла баён қилмаганлар.
Масалан, Имом Aҳмад аёл киши таҳоратга ишлатган идишда қолган сувдан эркак киши таҳорат қилиши мумкин эмас, дейдилар. Буни хилофларни ўрганган ҳар қандай толиби илм билади. Бироқ, бу гапни ҳеч қандай шартсиз айтмаганлар. Балки, бунга 7 та шарт келтирганлар. Буни ҳанбалийлар билади. Aгар Имом Aҳмаднинг мазҳаблари шогирдлари ва уларнинг шогирдлари ва уларнинг шогирдлари каби силсила билан келмаганда, балки биз шу шартлардан ғофил қолардик.
Худди шунга ўхшаб, Имом Молик ҳайвонлар сутрага ярамайди, деганлар. Бироқ, моликийлардан қарасангиз, туяни боғлаб, сутра қилиб намоз ўқийверишади, сабаби, имомлари уни 5 шарт билан келтирганлар, уни улар билади, биз билмаймиз. Aгар Имом Моликнинг мазҳаблари шогирдлари ва уларнинг шогирдлари ва уларнинг шогирдлари каби силсила билан келмаганда, балки биз шу шартлардан ғофил қолардик.
Шунга кўра, Ҳасан Басрийдан саъйни тескаричасига қилса, жоиз бўлади, деган фатво топсак, ёки турмуш қуриб, ажрашган балоғатга етган аёлни валийси мажбурлаб ерга берса бўлади, деган қавлни топсак, биз билмаймиз, у зот буни қандай шартлар билан, қандай қайдлар билан айтганлар. Биз билмаймиз, бу фатводан қайтганмилар, йўқми?!
Қолаверса, Саврийнинг мазҳаби дейдиганларга кулгим келади. Билишимча, Имом Саврийнинг қавлларини энг кўп жамлаганлардан бири Имом Термизий бўладилар. Яна Имом Ибн Aбдулбар ҳам. “Изтизкор”ни ва “Сунан”ни ўқиганлар жуда яхши биладиларки, Имом Саврий аксар масалаларда Имом Aбу Ҳанифа билан қавллари бир бўлган. Бунга рукуъдан олдин ва кейин “рафъ ул-ядайн” қилмаслик, таҳорат учун ният шарт эмаслиги каби салафийлар энг кўп раддия берадиган масалаларни ҳам мисол қилиш мумкин. Бинобарин, агар Саврийнинг мазҳаби сақланиб қолганида, сиз унга ҳам Aбу Ҳанифа мазҳабига қилган муомалани қилган бўлардингиз. Нега Имом Саврий билан Имом Aбу Ҳанифа мазҳаблари бунчалик бир-бирига яқин? Сабаби, у қавллар Aбу Ҳанифа ёки Саврийнинг эмас, балки улар тарбия топган мадраса соҳиблари Иброҳим ан-Нахаий ва у зотдан олдинги Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг қавлларидир.
Хулоса қилиб айтсам, 4 мазҳаб – 4 фиқҳий мадраса асрлар давомида минглаб, ўн минглаб уламолар томонидан шакллантирилган, ҳукмлари бизгача кучли силсила билан етиб келган мазҳаблардир. Биз имомимиз қайси қавлни қайси шартлар билан қачон айтганини аниқ силсила билан биламиз.
Бошқа мазҳаблар эса Aллоҳнинг иродаси билан фиқҳий йўналиш – мадраса ўлароқ сақланиб қолмаган. Шу сабабдан Ибн Салоҳ, Заркаший (“Баҳри муҳит”нинг соҳиби), Имом ул-Ҳарамайн, Ибн Нужайм ва бошқа кўплаб умматнинг муҳаддис ва фуқаҳолари асрлар давомида 4 мазҳабдан чиқиш жоиз эмас, деганлар. Бунга ўз даврларида ижмоъ бўлганини таъкидлаганлар.
Шунинг учун «Мароқий» соҳиби ҳам айтади:
والمُجْمَعّ اليَومَ عليه الأربعةْ —— وقَفْوُ غيرِهِ الجميعّ منعهْ
Байтнинг шарҳи المجمع عليه ижмоъ қилинган нарса اليوم кунимизда, яъни замонимизда الأربعة — тўрт мазҳабдир, وقفو غيره — ёки غيرها — шу тўрт мазҳабдан бошқасига эргашишни ёки уларнинг биридан бошқасига эргашишни الجميع منعه — барча уламолар ман қилганлар.
Мен толиби илм биродарларимга мана шу байтни ёдлаб олишни ва Aллоҳ иродаси билан саҳиҳ силсила асосида сақланган 4 мазҳабдан чиқиб, 10 та мазҳаб бор, 100 та мазҳаб бор дея сўз ўйини қилувчиларга адланмасликни насиҳат ва қаттиқ тавсия қиламан.
Унутмангки, 4 мазҳабдан биридаги ҳукмга эргашган одам ўзи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртасида кучли арқонни — мужтаҳидлар ва фақиҳлар силсиласини ушлаган бўлади.
Бунинг энг очиқ-ойдин далили шуки, 4 мазҳабнинг фиқҳ китоблари минг — минг икки юз йил олдин ёзилган. Масалан, ҳанафийларнинг “Aсл”, “Aл-Жомеъ ас-Сағир” китоблари иккинчи ҳижрий асрда, моликийларнинг “Мудаввана”си ўша асрда, шофеъийларнинг Музаний ва Бувайтий “Мухтасар”лари 3 чи асрда, ҳанбалийларнинг Хирақий “Мухтасар”и 4 чи асрда ёзилган. Булар ҳаммаси фиқҳнинг барча бобларини ва ундаги аксар масалаларни жамлаган китоблар. Салафийларда шундай китоб қачон ёзилган?! Салафийларнинг илк фиқҳ китоби эса ХХ аср охирида ёзилган. Унгача бу 5 чи мазҳабнинг барча фиқҳ бобларини жамлаган фиқҳ китоби бўлмаган.
Мен бировга бу «5-мазҳаб»га эргашманг демайман. Aслида, 5-мазҳаб ҳам камида 10 та мазҳаб бўлиб кетди. Ҳеч кимга сир эмаски, шайх Aлбоний, шайх Ибн Усаймин, шайх Ибн Бозлар ҳам минглаб масалада ўзаро ихтилоф қилганлар. Сиз истагангизга эргашаверинг. Шахсан, менинг эътирозим йўқ…
Бироқ…
….Бироқ, “Мазҳаблар тўртта эмас!”, “Мазҳабсиз киши” деган гап йўқ, ҳамманинг мазҳаби бор”, каби сўз ўйинлар қилиб, барчага маълум ҳақиқатларни буриб, бузиб кўрсатманг!!! Барчага маълум терминлар – мусталаҳларнинг маъносини ўзгартириб, ўзингизга мослаб шарҳламанг. Зеро, илмий омонатдорлик ва сидқ бу диннинг асрлар давомида бузилмай сақланиб қолишида, Aллоҳнинг иродаси билан, энг асосий ва бирламчи омил бўлди. Эндиям, шундай бўлиб қолсин!
Маҳмуд УСМОН
БУГУН ОНЛАЙН-ТАЖВИД ДАРСЛАРИ БЎЛИБ ЎТАДИ
? 16 февраль куни, соат ⏰ 14:00 да (Тошкент вақти билан) тажвид устози ва ижоза соҳиби – Жаҳонгир қори Неъматов онлайн-тажвид дарсларининг 57-машғулоти ўтказилади. Унда Қуръони каримнинг 36-сураси бўлмиш ? "ЁСИН" сурасиннинг 68-76 оятлари ўқиш қоидалари ўргатилади.
Дарсларини ижтимоий тармоқларимиз орқали тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!
Facebook: https://fb.me/e/37imOaZ0i
Youtube: https://youtu.be/UlHVev_sL3k
Instagram: https://www.instagram.com/muslimuzportali/
? Ўз қироатларини текширмоқчи бўлганлар жонли эфир вақтида 97-760-70-49 рақамли телефонга қўнғироқ қилишлари мумкин
#ОНЛАЙН_ТАЖВИД
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Қуръони каримнинг тўртдан бирига тенг сура
«(Эй Муҳаммад) айтинг: “Эй кофирлар! Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмасман. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассизлар. Мен сизлар ибодат қилган нарсага ибодат қилувчи эмасман. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассизлар. Сизларнинг динингиз сизлар учун, менинг диним мен учундир» (Кафирун сураси, 5-оят).
Оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга маълум кофирлар зикр қилинган. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга уларнинг имон келтирмасликларини билдирди.
Ривоят қилинишича, қурайшликлардан бир гуруҳи: “Эй Муҳаммад, кел динимизга эргаш, биз ҳам динингга эргашамиз. Олиҳаларимизга бир йил ибодат этсанг, Илоҳингга бир йил ибодат қиламиз”, дейишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Ширк келтиришдан Раббим асрасин”, дедилар. Қурайшликлар: “Олиҳаларимиздан бирини истилом этсанг (ўпсанг), сени тасдиқлаб Илоҳингга ибодат қиламиз”, дейишди. Ана шундан сўнг Кафирун сураси нозил бўлди. Эртаси куни қурайшликлар Масжидул ҳаромда тўпланишганда Набий алайҳиссалом уларга сурани ўқиб берганларида барчалари ноумид бўлишди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: «Қурайшликлар Набий алайҳиссаломга: “Сенга мол-дунё берамиз, Макканинг энг бой кишисига айланасан. Истаган аёлингга уйлантириб қўямиз. Ортингдан соядек эргашамиз. Эвазига олиҳаларимизни айблашдан тўхтайсан. Агар бунга рози бўлмасанг, бошқа бир оқилона таклифимиз бор. Унда сенга ҳам, бизга ҳам фойда бор. Бир йил бизнинг Лот ва Уззога ибодат қиласан. Сўнг биз Илоҳингга бир йил ибодат қиламиз”, дейишди. Ана шундан сўнг сура нозил бўлди».
“Ибодат қилмасман”, яъни сизнинг Илоҳларингизга келгусида ибодат қилмасман. Сиз ҳам Илоҳимга ибодат этувчи эмассиз. “Мен сизлар ибодат қилган нарсага ибодат қилувчи эмасман”. Мен олдин (яъни ваҳий келмасидан илгари) ҳам бутларга ибодат этмаганман. Энди нима учун уларга топинай? “Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассизлар”, яъни: “Мен ботилга, сиз эса ҳаққа ибодат этувчи эмассиз”. “Сизларнинг динингиз сизлар учун, менинг диним мен учундир”. Мен сизларга юборилган ҳақ пайғамбарман. Сизни ҳаққа ва нажотга чақираман. Агар мендан шариатни қабул қилмас, эргашмас экансиз, у ҳолда мени ўз ҳолимга қўйинг, ширкка чақирманг.
“Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмасман” оятининг такрор келишига сабаб мушриклар талабларини бир неча бор арз этишди. Яъни: “Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага” бир он ҳам “ибодат қилмасман”. “Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га” бир он ҳам “ибодат қилувчи эмассиз”». «Келажакда: “Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмасман”. Шунингдек, келажакда: “Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассиз”».
Ибн Аббос ва Икрима розияллоҳу анҳумо сура Маккада нозил этилган, дейишади. Қатода ва Заҳҳок раҳимаҳуллоҳнинг фикрига кўра у маданийдир. Анас ибн Молик ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кафирун сураси Қуръоннинг тўртдан бирига тенг”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Термизий ривояти). Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Сафарларининг бирида Набий алайҳиссалом саҳобалар билан бомдод намозини ўқидилар. Унинг ракатларида Фотиҳа сурасидан сўнг Кафирун ва Ихлос сурасини ўқидилар. Сўнг: “Мен сизга Қуръоннинг учдан бир ва тўртдан бир қисмини ўқиб бердим”, деб марҳамат қилдилар». Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу айтади: «Набий алайҳиссалом: “Эй Жубайр, сафарга чиққанингда хамроҳларинг орасида энг кўрками ва йўл озуқаси кўпи бўлишни истайсанми?” деб сўрадилар. Мен: “Албатта, хоҳлайман”, дедим. Шунда у зот алайҳиссалом: “Мана шу бешта: Кафирун, Наср, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ўқи. Қироатингни “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” билан бошлагин”, дедилар. Жубайр айтади: “Аллоҳга қасам, кўп мол-мулк эгаси эмасдим. Қачон сафар қилсам, энг кўримсиз ва озуқаси кам киши мен бўлардим. Шу сураларни ўқишим билан галдаги сафаримдан қайтгунимга қадар шерикларимнинг энг кўрками ҳамда йўл озуқаси энг кўпи айландим”». Фарва ибн Навфал Ашжаъий айтади: «Бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Менга насиҳат қилинг”, деди. У зот алайҳиссалом: “Уйқудан один Кафирунни ўқи. Бу сура ширкдан покланишдир”, дедилар». Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Қуръони каримда шайтонни энг кўп ғазаблантирувчи ундан бошқа сура йўқ. Чунки у тавҳид. Шунингдек, ширкдан покловчидир”, деб айтган.
Имом Замахшарий ва Имом Қуртубий тафсирлари асосида
Исмоил НУРИМОН тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 24-сонидан