www.muslimuz

www.muslimuz

Воскресенье, 09 Июль 2023 00:00

Ҳаждан кейин... (1-қисм)

 Шу кунларда Макка шаҳридаги “Рошидия” меҳмонхонасида ҳаж амалини адо этиб, тоату ибодат билан машғул бўлиб турган аёл зиёратчиларга фурсатни ғанимат билиш, она Ватанга қайтгандан сўнг ҳожилик мақомига муносиб бўлиш ва бошқаларга намуна кўрсатиш ҳақида суҳбатлар мунтазам давом эттирилмоқда.

Суҳбатларда Ишчи гуруҳ вакиллари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов, Фатво марказидан Ғуломжон домла Холбоев, Абдулатиф домла Турсунов, Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мудири Марям Абдуллаева ва Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова аёл зиёратчиларни ҳожилик мақомига муносиб бўлиш, ибодату зикрлар, яхши амалларни кўпайтириш ҳақида мавъизалар қилмоқдалар. Шунингдек, шаръий саволларга атрофлича жавоб берилмоқда.

Шунингдек, элликбоши, имом-домлалар томонидан зиёратчиларга Ватанга қайтгандан сўнг риё ва бидъат-хурофотга йўл қўймаслик, манманлик ва мақтанишдан узоқ бўлиб, исроф ва дабдабабозликдан сақланиб, жамиятдаги эзгу ишларда ўзгаларга ибрат ўлароқ ҳаёт кечириш ҳақида алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @Muftiy_Nuriddin_domla  | @mp3muslim | @diniysavollar

   Бугун, 7 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати имом" жоме масжидида жамоат билан жума намозини адо этиш ва жамоатга мавиъза қилиш учун ташриф буюрдилар.

Жума аввалида қориларнинг гўзал қироатлари йиғилганлари масрур этган бўлса, Шайх муфтий ҳазратларининг шукроналик ҳақидаги маърузаси барчани бир дам тафаккур қилишга ундади.

Шайх Нуриддин домла ўз сўзида Аллоҳнинг неъматлари чексиз эканини таъқидлаб, мўмин-мусулмонлар бу неъматлар ҳақида гапириши, эътироф этиши зарурлиги қайтди. Жумладан:
– Ислом таълимотида неъматларга шукр қилиш улуғ фазилатдир. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Шукр қилишлик имоннинг яримидир” деган. Бошқа бир ривоятда эса “Имон - сабр ва шукрдан иборат” дейилган.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барчамизни шукр қилишга амр қилиб, унинг зиддидан қайтарган, шукр айтувчиларга чиройли мукофотларни ваъда қилиб, Ўзининг фазилати, карами ва неъматларининг янада зиёда бўлишига шукрни сабаб этган ва Ўзининг гўзал исмларидан бирини шукр орқали ифода қилган.

Буюк бобокалонимиз Қаффоли Шоший эса ўзининг машҳур “Жавоми ул-карим” китобида келтирган Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг “Неъматлар ҳақида гапиришлик шукр қилишликдир” деганлар.

Яратган бизларга ато этган беҳисоб неъматларни ёдда тутиш, уни ўз вақтида қадрлай олиш ўша неъматларнинг давомийлигига сабаб бўлади. Шайх Саъдий айтганлар: “Бир нафасга икки марта шукр айтиш вожиб”, зеро, нафас кирсаю қайтиб чиқмаса ёки чиқсаю қайтиб кирмаса, инсон ҳалок бўлишини таъкидлаб, инсон тансиҳатлиги учун, хотиржамлиги учун Яратганга шукрона айтмоқлиги лозим деганлар. Яхшиликка фақат яхшилик билан жавоб қайтариш улуғ фазилатлардан ҳисобланади.

Шайх муфтий ҳазратларининг гўзал мавъизасидан сўнг жума намози адо этилиб, юритимиз ривожи ва элу юрт ҳаққига хайрли дуолар қилинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Аёллар саййидаси. Отасининг исми Хувайлид, онасининг исми Фотима бўлган. Жоҳилят даврида Хадижа онамизни Тоҳира деб чақиришар эди.  Умму Қосим деб куняланаган. Асли Қурайш қавмидан. Оқила, олийҳиммат, саховатли, меҳрибон жаннатий аёл бўлган.

Расулуллоҳга ўзи ҳаридор бўлган. Уйланишларини таклиф қилган. Расулимиз алайҳиссалом рози бўлганлар ва 25 ёшида уйланганлар. Маҳрига 20 туя берган. Хадижа онамиз Расулуллоҳдан 15 ёшга катта эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фарзандлари шу онамиздан туғилган. Ер юзида Расулуллоҳни биринчи бўлиб тасдиқлаган ва ҳаммадан олдин иймон келтирган энг бахтли аёл. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илк ваҳий келганда, амакиваччаси Варақа ибн Навфалнинг олдига олиб борган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа онамизни кўп тилга олардилар ва бошқа оналаримиздан афзал билардилар. Ҳаттоки Оиша онамиз шундай дегандилар:

ما غرت من امراءة ما غرت من خديجة

Расулуллоҳ Хадижани кўп эслагани туфайли, Ул зотни бирорта хотиндан Хадичадан рашк қилиб қизғонганимдек қизғонмаганман. (Бухорий).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа онамиз ҳаётлик чоғида бошқа аёлга уйланмаганлар. Кейинги оналаримиз билан Ул зоти шарифанинг вафотидан кейин турмуш қилганлар.

Сердавлат, ишбилармон аёл эди. Расулуллоҳга молиявий жиҳатдан кўп ёрдам қиларди. Расулуллоҳ Хадижа онамизнинг савдо ишларини юритар эди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссалом орқали Хадижа онамиз учун жаннатдан бир қаср барпо қилганлик башоратини етказган. (Бухорий ва Муслим).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча марта: “Эй Хадижа, сенга Жаброил салом айтди”  баъзида эса “Сенга Аллоҳ салом йўллади”—деганлар. (Бухорий).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннат аёлларининг саййидаси марям, Фотима, Хадижа ва Фиръавннинг хотини Осиёдир”—деб марҳамат қилганлар. (Ибн Абдулбар).

Оиша онамиздан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа онамизни кўп хотирлар эдилар. Ҳар доим ёдга олганда Хадижа онамизни мақтар, ҳаққига истиғфор айтиб дуо қилардилар. Бир куни Оиша онамиз рашки келиб: “Аллоҳ сизга ўша кампир ўрнига ёш аёлларни бердику?!”—деб юборади. Шунда Расулуллоҳнинг ғазаблари келади. Қилмишидан афсусланган Оиша онамиз “Эй Раббим, Хадижани қайтиб ёмонлик ила эсламайман” деб онт ичадилар. Расулуллоҳ: Эй Оиша, одамлар мени ёлғончига чиқарганда у менга ишонган, одамлар мендан юз ўгирганда у менга жой берган, у менга бола туғиб берган сизлар эмас—деб Хадижа онамизнинг фазлини эслатиб қўядилар.

Ҳижратдан 3 йил, Абу Толибнинг вафотидан эса 45 кун олдин, 65 ёшида Рамазон ойида, Исломда ҳали намоз фарз бўлмай туриб вафот этган. Ҳажун номли ерга дафн этилган.

Авазбек МЎМИНОВ

Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имоми

Бугунги кунга келиб адашган оқимлар томонидан ижтимоий тармоқларда инсонларни ўз мамлакатини тарк этиш ва қонли урушлар бўлаётган ҳудудлардаги жангари гуруҳларга қўшилишга даъват қилиб, бу амални «ҳижрат» эканини даъво қилаётганини кўриш мумкин. Аммо минг афсуслар бўлсинки, бу сохта ваъдаларга эргашиб, мўмай даромад ёки савоб умидида ўз оиласи ва тинч-тотув ҳаётини тарк этиб, ўзга юртларда хор бўлаётган юртдошларимиз ҳам мавжуд. Бунга сабаб уларнинг аксари диний тушунчаларнинг моҳиятини тўлиқ англамаслиги ёки сохта даъволарга «ихлос» қилиб, кўр-кўрона эргашиши ҳисобланади.
Ислом – илм-маърифат дини бўлиб, инсонларни гуноҳ бўлмаган барча нарсаларнинг моҳиятини англаш ва илм билан унга амал қилишга чақиради. Айниқса, диний масалаларда ўзбилармонлик ва шошқалоқликка йўл қўйилмайди. Ҳижрат ва унга тегишли масалалар ҳам шундай амаллар қаторига киради.
«Ҳижрат» сўзи араб тилида «ажрамоқ», «тарк этмоқ» маъноларини беради. Ҳижратнинг шаръий маъноси эса – Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида «Куфр диёри»ни тарк этиб «Ислом диёри»га кўчишга айтилади. Мусулмонларнинг аввал Ҳабашистонга, кейинчалик пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам раҳнамолигида 622 йил Маккани тарк этиб, Мадинага борганликлари ҳижратга мисол бўлади. Ушбу ҳижратга Аллоҳ таолонинг буйруғи билан бирга уларнинг жони, эътиқодлари ва мол-мулкларига нисбатан жисмоний ва бошқа шаклдаги тажовуз ўта кучайганлиги сабаб бўлган.
Демак, таърифдан маълум бўлмоқдаки, шариатда катта савоб ваъда қилинган ҳижрат мақомига етишиш учун Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида «Куфр диёри»дан «Ислом диёри»га кўчиш керак экан. Акс ҳолда бу шаръий ҳижрат бўлмайди, фарз ёки вожиблик касб қилмайди, балки оддий бир манзилдан бошқасига яшаш учун кўчиш бўлиб қолади.
Шу боис, ҳозирги кунда мусулмонларнинг бир жойдан бошқа ҳудудга кўчишлари диндаги ваъда қилинган ҳижрат мақомида эмас, балки яшаш, ўқиш ёки ишлаш учун қилинган ҳаракат саналади.
Аммо уламолар мусулмон инсон ҳижрат мақомини топиши мумкин бўлган «гуноҳларни тарк этиш» маъносидаги иккинчи амал борлигини ва ким агар бу ишни амалга оширса, савоб олишини таъкидланганлар. Бу ҳақида Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом шундай дейдилар: «Албатта, ҳижрат икки хислатдир; гуноҳлардан четланиш ҳамда Аллоҳ ва Расулига ажралиб келиш…» (Имом Аҳмад ривояти). Бошқа ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай деганлар: «Ҳижрат қилувчи – хато ва гуноҳлардан узоқлашган кишидир» (Имом Ибн Можа ривояти)
Имом Бухорий ривоят қилган бошқа ҳадисда: “Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганлар: «Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида ҳижрат қилган кишидир», дейилади. Уламоларни ҳадисни шарҳлаб, ундаги «ҳижрат»дан мурод «тарк қилишдир», деганлар.
Шунингдек, бу борада ислом фиқҳининг «Намоз китоби»да «Намозда имом бўлишга кимлар ҳақлироқ?» деган масалада мужтаҳид уламоларнинг ҳукми келтирилган. Намозда имом бўлишга кимлар ҳақлироқ? деган саволга фақиҳ Носируддин Самарқандий «ал-Фиқҳ ан-нофеъ» китобида: “Мусулмонлар орасида суннатни яхши биладигани, агар улар баробар бўлса, Қуръонни яхши биладигани, агар улар баробар бўлса, вараъ (парҳезкор) инсон деб жавоб беради. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қавмга Аллоҳнинг китоби (Қуръон)ни яхши биладигани имом бўлади. Агар улар баробар бўлса, суннатни яхши биладигани имом бўлади. Агар улар баробар бўлса, аввал ҳижрат қилгани имом бўлади. Агар улар баробар бўлса, ёши каттаси имом бўлади», деган ҳадисини келтиради. 
Носируддин Самарқандий мазкур ҳадисни шарҳлаб, «Аллоҳнинг китоби (Қуръон)ни яхши биладигани»лар сўзидан Қуръон оятларининг маъносини яхши билганлар ва уни тажвид қоидалари билан қироат қила оладиганлар тушунилса, «аввал ҳижрат қилгани» сўзидан Мадинага ҳижрат қилганларни назарда тутилганини таъкидлайди. Аммо 630 йилда Макка шаҳри мусулмонлар қўлига ўтганидан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Макка) фатҳидан кейин ҳижрат йўқ» деган (Имом Бухорий ривояти). Шу боис учинчи шарт фақиҳ уламолар томонидан ҳадисда зикр этилган «аввал ҳижрат қилганлар»дан «вараъ (парҳезкор) гуноҳларни тарк этган инсон»га ўзгартирилган. Чунки бошқа ҳадисда: «Вараънинг энг олийси гуноҳлардан ҳижрат қилган (киши)дир», дейилган. 
Демак, юқоридаги ҳадис ва улар асосида чиқарилган ҳукмдан маълум бўладики, бугунги кунда мусулмонларга амал қилиши лозим бўлган энг афзал ҳижрат вараъ (парҳезкор), яъни гуноҳ-маъсиятлардан ўзини сақлаш ва уларни тарк этишдир. Шу боис ислом уламолари бир овоздан агар инсон ўзидаги айб ва гуноҳларни тўғри англаган ҳолда уларни ислоҳ қилиб, яхши хулқларга ўзгартирса, тақводорлик мақоми билан бир қаторда ҳижрат мақомига ҳам эга бўлишини таъкидлаганлар. 
Бекзодбек МУХТАРОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги 
Малака ошириш маркази кафедра мудири,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Манба: iiau.uz
Страница 10 из 635

Янгиликлар

Top