muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Таиланд ҳукумати Таиланд ва Малайзия ўртасидаги мусулмонлар кўп бўлган чегара вилоятларида ҳалол саноатни ривожлантириш орқали Яқин Шарқдаги мамлакатларга ҳалол маҳсулотлар экспорт қилишга интилади.

Озиқ-овқат маҳсулотларига, хусусан, ҳалол маҳсулотларга глобал талаб ортиб бораётгани муносабати билан Таиланд ҳукумати мазкур йўналишдаги фаолиятни янада ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.

Бугунги кунга қадар Таиландда ҳалол маҳсулотлар экспорти 20 фоизни ташкил этади. Мамлакат 2021-2022 йилларда ҳалол маҳсулотлар экспортидан 6 миллиард доллар даромад олган.

Шу мақсадда Таиланднинг Ҳат Яй шаҳрида Малайзия ва Таиланддан ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компаниялар иштирокида ҳалол маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Икки мамалакат мутасаддилари фикрига кўра, ушбу кўргазма Малайзия ва Таиландда иқтисодий ривожланишни кенгайтиришга ёрдам беради.

Қайд этиш жоизки, ҳалол маҳсулотлар нафақат озиқ-овқатни, балки мода, кийим-кечак, фармацевтика маҳсулотлари ва туризмни ҳам ўз ичига олади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Понедельник, 18 Декабрь 2023 00:00

Покиза қалбларга доғ туширмайлик

Ота-оналар тортинчоқ, ўз фикрини айтолмайдиган фарзандини мактабга, боғчага берганида: “Болаларга қўшилса, яхши бўлиб кетади”, дейишади. Чиндан ҳам болалар мана шундай вазиятларда киришувчан бўлиб кетадими?

Болаларнинг мактабга боришни истамасдан турли баҳоналар қилиши кўпинча жаҳлимизни чиқаради. Бундай вазиятда фарзандимизга танбеҳ бериб, уни дангасаликда айблаймиз. Бироқ унинг ҳолатини тушунишни, ички оламини ўрганишни истамаймиз. Балки соғлиғида муаммо бордир.

Агарда эрталаб болангиз бош оғриғи ва қорин оғриғидан шикоят қилса, уйқуси ёмон, иштаҳаси йўқ ва ўйчан бўлиб, гапингизни баъзан эшитмай қолса, вазият ёмон эканини англатади. Айниқса, укаларига ғазаб қилиши, тез-тез жаҳли чиқиши унга сизнинг эътиборингиз камлигидан, муаммоларини ўзи ҳал қила олмаётганидан далолат беради.

“Мактабдаги муаммолардан қутулишнинг йўли бу – мактабни ўзгартириш”, дея шошилманг. Сабаби, бу вазият мактабдаги ҳолат билан эмас, болангиз билан боғлиқ.

Аслида, болалар билан катталар каби гаплашиб, муносабатни яхшилашга ҳаракат қилиш керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир гўдак, албатта, тоза фитратда (яъни Ислом фитратида) туғилади. Лекин ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилади. Бунинг мисоли шуки, чорва ҳайвони барча аъзолари мукаммал бўлган ҳайвонни туғади. Ёки сизлар қулоқ-бурни кесилган ҳолда туғилган ҳайвонни биласизларми?!” дедилар.

Бола тарбиясида оиладаги муҳитнинг ўрни катта. Суриштирсангиз, мактабда турли муаммоларга учраган, ўзлаштириши паст болаларнинг оиласида носоғлом муҳит бўлади. Ота-она боласига бақириб, ҳақорат қилса, урса, унинг руҳиятига салбий таъсир қилади. Унда қўрқув шаклланади. Оқибатда қўрқоқ бўлиб қолади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва болаларингизга адолат қилинглар», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Фарзандимиз олдида ўзимизни ахлоқсизларча тутишимиз мўминликдан эмас. Айниқса, аёллар кўп ҳолларда эри ёки қайнонасининг аламини боласидан олади. Қолаверса, эркаклар орасида ҳам болага заҳрини сочиш, уни камситиш ҳолатлари учрайди. Баъзилар эса “Менинг болам – истаганимни қиламан” деган тор тушунчани ўзларига дастак қилиб олишган.

Дарҳақиқат, бугун болаларимизга нисбатан қилаётган эътиборсизлигимизнинг жавоби, эртага уларнинг бизга бўлган меҳрсизлиги тарзида қайтмайдими? Вақтимизни телефон ёки телевизор қаршисида ўтказсак, дунёни билишга интилаётган боламизни “Жим ўтир, бор ўйна!” дея ўзимиздан узоқлаштирсак, унга меҳр бермасак. Эртага у ким бўлади? Бунинг ўрнига у билан бирга эртак ўқиб, кино, мультфильмлар кўриб, уларни таҳлил қилайлик. Вақтимизни фарзандимизга сарфлайлик.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло Қуръони каримда яхши бандаларни “аброр” деб мақтади, чунки улар оталарига яхшилик қилганларидек, болаларига ҳам яхшилик қилган эдилар. Сенинг бўйнингда отангнинг ҳаққи бўлганидек, болангнинг ҳам ҳаққи бор”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Барчамизга фарзандларимизнинг ҳаққини гўзал адо этиб, Аллоҳ ризосига эришиш насиб этсин.

Умида ХОЛОВА,
Навоий вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

"Ҳидоят" журналининг 12-сонидан олинди

Понедельник, 18 Декабрь 2023 00:00

Ваҳий ила покланган аёл!

Ҳикоя қилинишича, насроний руҳонийларидан бири мусулмонларга таъна етказиш учун мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо ҳақида “Одамлар уни ўта ёмон бўҳтон билан айблашганди, у ростдан ҳам покми ёки айбдорми, биз буни билмаймиз”, дебди. Шу ерда ҳозир бўлган мусулмонлардан бири жавоб бериб: “Эй бу, қулоқ сол!, бу ерда зино билан айбланган икки аёл бўлиб, иккисини ҳам Қуръони карим поклаган, бирининг эри бўлмаган ва у бола олиб келган, иккинчисининг эса эри бўлган ва униси билан бирга бола келмаган, – (бу иккисидан Марям ва Оиша оналаримизни назарда тутган) – қайси бирлари айбланишга муносиброқ?, дебди. Руҳоний лом-мим демай жим қолибди.

Баъзи муҳаққиқ уламолар айтганлар: “Юсуф алайҳис салом фаҳш билан айбланган пайтда Аллоҳ таоло уни бешикдаги гўдакнинг тили билан айбдан поклаб қўйди. Марям (онамиз) фаҳш билан айбланганда Аллоҳ таоло уни ҳам Марямнинг ўзининг ўғли Ийсо алайҳис саломнинг тили билан поклаб қўйди. Оиша онамиз фаҳш билан айбланганда эса Аллоҳ таоло уни Ўзининг Китобида (яъни, Қуръони каримда) айбдан поклаб қўйди. Аллоҳ таоло Оиша онамизни поклашда гўдакнинг ёки пайғамбарнинг поклашини ихтиёр қилмади, балки уни туҳмат ва бўҳтонлардан Қуръони каримда Ўзи поклади.

Қудратуллоҳ Сидиқметов таржимаси

 

Понедельник, 18 Декабрь 2023 00:00

“Меҳр ҳаракати” хайрия тадбири

Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалардан хабар олиш ва уларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган “Меҳр ҳаракати” хайрия тадбири давом этмоқда.

Пятница, 15 Декабрь 2023 00:00

Шаҳару қишлоқда динимиз бир хил

 Аллоҳ таоло бандаларига инъом этган катта неъмат муқаддас Ислом динини

мукаммал қилиб берганидир. Раббимиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳажжатул вадода турганларида нозил қилган ушбу оятда бундай дейди: “Бу кун динингизни камалотга етказдим, неъматимни тамом қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин деб рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят).

Ушбу диннинг мукаммал эканини Аллоҳ айтяпти. Бундан аён бўладики, динга ҳеч қандай қўшимчалар киритиш, уни такомиллаштиришга уринишга ҳожат йўқ.

Лекин, афсуски, ана шу ишга беҳуда ҳаракатлар кўп бўляпти. Биз ана шундай “янгиликлар” – бидъат-хурофотларни таниб,

билиб олишимиз ва улардан эҳтиёт бўлишимиз баробарида бошқаларни ҳам улардан огоҳлантиришимиз керак.

Вазият тақозоси билан туман марказидаги хонадонлардан бирига жаноза маросимига хизматга бордим. Мени маййит ётган хонага бошлаб киришди. У ерда 40–45 ёшлардаги хонадон соҳибаси, 60–65 ёшлардаги онаси,

90 ёшлардан ошган бувиси ўтирганди. Марҳум уй эгасининг 18 ёшли ўғли эди.

Йигитча туман марказидаги касб-ҳунар коллежларидан бирида ўқир, қон касалидан даволаниб юрар эди. Маййитнинг яқинларига таъзия билдириб, уларга сабр тилаб тургандим, хонага айюҳаннос солиб 50 ёшлардаги қўшни аёл кириб келди. У нуқул: “Вой-дод, дастингдан дод, бу ёшгина йигитда нима қасдинг бор эди?! Сенга нима ёмонлик қилувди, нега унинг жонини олдинг?!” деб тиззаларига муштлай

кетди. Табиийки, жисмининг бир парчаси – боласидан айрилиб, қалби изтиробга

тўлиб турган аёл ҳам, қариндошлари ҳам

унга қўшилиб қий-чув қилиб, уввос солиб йиғлай бошлашди. Вазият бошқариб бўлмайдиган даражага етди. Шунда ҳалиги

қўшни аёл: “Болажонга куёвлик насиб қилмади, йигит бўлиб бир қиз сочини силаёлмай кетди. Армон бўлмасин, ёр-ёр айтиб, уни “куёв” қилайлик. Чимилдиқ ва янги кийимларини олиб келинглар”, деди. Бир пасда қўшни хонадан хонадон соҳибаси ва синглиси чимилдиқ, янги оппоқ кўйлак,

қоп-қора костюм-шим, дўппи, туфли олиб чиқди. Ҳалиги аёл қўлида иккита мих ва болғача билан деворга чимилдиқ қоқишга киришиб кетди. Вазият ўта қалтис, бир оғиз ноўрин сўз азадорларнинг дилини ранжитиб қўйиши мумкин. 90 ёшлардан ошган, чайиргина бувига: “Онажон, умрингиз давомида келин ёки куёв бўлмай дунёдан ўтганларни кўрганмисиз?” деб юзландим. Онахон: “Икки нафар укам, бир қизим ҳам чимилдиқ кўрмай ўтиб кетишган”, деди. Мен: “Онажон, уларни ҳам кийинтириб, чимилдиққа киритиб, “келин-куёв” қилиб, ёр-ёр айтиб, кейин кўмганмисизлар?” деб сўрадим. Онахон: “Йўқ, болам, бу нимаси?!” деди. Фурсатдан фойдаланиб: “Нега унда чеварангизга бундай қилишларига йўл қўйиб беряпсиз?” дедим. Онахон: “Биз қишлоқда яшаймиз, шаҳарнинг удуми шунақа деб ўйлабман-да, болам”, деди.

Мен эса дин, шариат ҳукми ҳамма мусулмонларга бир хиллигини тушунтирдим.

Кийим кийдираман, деб маййитга озор бериш мумкин эмаслигини, бу ишнинг бидъатлигини, бидъат эса залолатга бошлашини тушунтирдим. Аллоҳга шукр, қалби очиқ инсонлар экан, тушунишди. Бидъат-хурофотга йўл қўйилмади, Аллоҳ тавфиқ берди. Ўзи барчамизни тўғри йўлда собит қилсин!

 

Нозбуви ТЕМИРОВА,

Самарқанд вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси

 "Мўминалар", 4-сон, 2023 йил

Страница 8 из 301

Янгиликлар

Top